1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Аёлларнинг масжидларга боришлари

05:00 / 09.01.2017 7303 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Мазкур ҳадисларни ўрганган одамда бу масалада икки хил йўл тутиш мумкинлиги ҳақида хулоса қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга боришларига рухсат берганлар, лекин қаттиқ шартлар ила. Хотин киши масжидга борганда бегоналарга кўринмасин, ҳидли нарса ҳам сурмасин...

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни қоронғироқ пайтда ўқир эдилар. Бас, мўминларнинг аёллари қоронғида танилмай қайтиб кетар эдилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёл кишиларнинг жамоат намозида иштирок этганлари.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёлларнинг масжидга келишларидан фитна чиқмаслиги учун барча чоралар кўрилгани. Қоронғида намозни ўқиб, қоронғида уйларига қайтиб олишлари таъминлангани.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, сиздан аёлларингиз кечаси масжидга бориш учун изн сўраса, уларга изн беринг», дедилар». Иккосини икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аёллар масжидга ҳам эрларининг изни ила бориши кераклиги.
2. Хотин масжидга бориш учун изн сўраса, кечаси бўлса, изн бериш кераклиги.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар», дедилар». Икки шайх ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда:
«Лекин ҳидсиз бўлган ҳолларида чиқсинлар»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

1. Аёлларни масжидларга боришдан ман қилмаслик.
2. Аёллар масжидга борсалар хушбўй нарсалар суртмай боришлари шарт эканлиги.

Эътибор берадиган бўлсак, биринчи ҳадисда аёл киши масжидга борса эркак киши кўзига кўринмаслиги зарур эканлиги тушунтирилган эди. Бу ҳадисда эса масжидга борган аёл кишининг ҳиди эркак кишининг димоғига кириши дуруст эмаслиги таъкидланмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларга кечаси масжидларга боришга изн беринглар», дедилар. У(Ибн Умар)нинг Воқид, деган ўғли: «Ундоқ бўлса, у(аёл)лар буни фасод этиб тутурлар», деди. У киши, анинг кўксига бир уриб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, дейман-у, сен йўқ, дейсанми?!» деди». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:

1. Аёлларга кечаси масжидга боришга изн бериш.
2. Бу маънога баъзи кишиларда мулоҳаза бўлгани.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага қарши чиқмасликни оталар болаларга доимо таъкидлаб туришлари лозимлиги.
Мазкур ривоятларда аёл кишиларнинг шартлар билан бўлса ҳам масжидларга боришлари мумкинлиги ҳақида сўз юритилса, энди келадиган ривоятларда уларнинг масжидларга бормаганлари маъқуллиги таъкидланади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У киши: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар нимани пайдо қилганларини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари ман қилинганларидек, албатта, масжиддан ман қилган бўлур эдилар», деди.
Мен Амрага: «Улар ман қилинганмидилар?» дедим.
«Ҳа!» деди». 
Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийсидан бири ўзларига бу ҳадисни айтиб берган Амра розияллоҳу анҳудан: «Бани Исроилнинг аёллари масжиддан ман қилинганмидилар?» деб ҳадисда келган маънони таъкидлаш учун сўраганда, у киши, ҳа, деб жавоб берган эканлар.
Демак, Бани Исроил аёлларига бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, эркакларга кўринишлари содир бўлгандан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган экан.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг муслима аёлларда содир бўлган салбий ўзгаришларни кўриб афсус қилиб, агар мазкур салбий ўзгаришларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билсалар, уларни, албатта, масжидга боришдан ман қилишларини таъкидламоқдалар.
Дарҳақиқат, бу фикр, ривожланиб бориб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аёлларни масжидга боришдан ман қилганлар ҳам.

Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Қачон сизлардан бирортангиз масжидга ҳозир бўлса, ҳеч хушбўй суртмасин», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Қайси бир аёл хушбўй суртган бўлса, биз билан Хуфтон намозига ҳозир бўлмасин», деганлар.
Шарҳ: Аввало Абдуллоҳ ибн Масъуднинг завжалари ушбу ҳадиснинг ровиялари Зайнаб розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик.
У кишининг исмлари Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия. Лекин бу саҳобия розияллоҳу анҳо машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёли эканлиги билан шуҳрат топганлар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шариф санадида «Абдуллоҳнинг аёли Зайнаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади» дейилмоқда.
Зайнаб розияллоҳу анҳо илмга қизиққан саҳобиялардан бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг илмий мажлисларида фаол қатнашганлар. Ўзлари ҳам саволлар билан у зот алайҳиссаломга мурожаат қилиб турганлар.
Айниқса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эрлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўз закотларини бериши ёки бермаслиги ҳақидаги саволлари жуда ҳам машҳур. Бундан у киши ўз эрларидан кўра бой бўлганлари аён бўлади.
Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳо бевосита Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзларидан бир қанча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шунингдек, у киши ўз жуфти ҳалоллари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Умар ибн Хаттоб ва бошқалардан ҳам ривоят қиладилар.
Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан эса Буср ибн Саъид, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ҳорис, ўз ўғиллари Абу Убода ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқалар ривоят қиладилар.
У кишининг ҳадисларини Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ўз китобларида келтирганлар.
Энди Зайнаб бинти Муовия ас-Сақафия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганишга киришайлик.
Аслида муслима аёл уйидан ташқарига хушбўй нарса суртиб чиқиши ҳаром. Масжидга борганда ўзига хушбўй нарса суртиши яна ҳам қаттиқ гуноҳ бўлар экан. Чунки бу иш ибодатга келган эркакларнинг кўнглини бузиб, фитнага сабаб бўлиши мумкин. Аёл киши эркакларнинг кўнглини бузилишига сабаб бўлиб масжидга боргандан кўра, бормагани маъқул.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл кишининг ҳужрасидаги намози ҳовлисидаги намозидан, қазноғидаги намози ҳужрасидаги намозидан афзалдир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Аёлларингизни масжидлардан ман қилманг, зотан, ҳужралари улар учун яхшироқдир», деганлар. Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда аёл киши намозни қанчалар сатр ила ўқиса, шунчалар яхши бўлиши таъкидланмоқда.
Ҳатто, аёл киши ўз уйида намоз ўқиганда тўсиқроқ жойда ўқишга ҳаракат қилиши лозимлиги уқтирилмоқда.
Аёл киши намозни ҳовлида, айвонда ўқиганидан кўра, ичкари уйга кириб ўқигани афзал экан. Ичкари уйдан кўра, қазноққа, яъни, турли нарсалар қўйиладиган омборхонага ўхшаш жойда намоз ўқигани афзал экан.
Чунки намоз ўқиётган вақтида баъзи бир кишилар кириб келиб қолиши ёки кўнгли бузуқ фосиқлар қасддан томоша қилиши эҳтимоли бор.
Иккинчи ривоятда агар аёллар изн сўрасалар уларни масжидга боришдан ман қилмасликка чақириш билан бирга, уларнинг масжидга бормаганлари яхши экани уқтирилмоқда.
Аёл кишининг масжидга бориши ёки бормаслиги ҳақидаги бошқа ҳадислар ҳам худди шу руҳдаги ҳадислардир.
Мазкур ҳадисларни ўрганган одамда бу масалада икки хил йўл тутиш мумкинлиги ҳақида хулоса қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга боришларига рухсат берганлар, лекин қаттиқ шартлар ила. Хотин киши масжидга борганда бегоналарга кўринмасин, ҳидли нарса ҳам сурмасин.
Лекин бормагани маъқул. Аёл киши уйда намоз ўқиганда ҳам тўсиқроқ, кўздан нарироқ жойда ўқигани яхши. Бу чораларнинг ҳаммаси мўмина-муслималарнинг обрўларини, иззатларини, фосиқ ва фожирларга ўйин бўлмасликларини таъминлаш чораларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида тақво, ихлос ва поклик қанчалар даражада экани ҳаммага маълум. Ўшандоқ пайтда ҳам аёлларнинг масжидга боришларига қаттиқ шартлар қўйиш ҳам бежиз эмас. Бунинг устига дўст бор, душман бор, деганларидек, кофир ва мунофиқлар айнан аёллар масаласини доимо Исломга қарши ишлатиб келганлари ҳам эътиборга олинган.
Ҳазрати Оиша онамизнинг даврларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бироз кейин, тақво, ихлос ва поклик қай даражада бўлгани ҳам ҳаммага маълум. Аммо у кишининг аёлларни масжидга боришига нисбатан бўлган муносабатлари ва айтган гапларидан бу масала замон ўтиши билан ўта нозиклашиб кетганидан дарак беради.
Ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳунинг аёллари масжидга боришдан ман қилишлари эса вақти келганда ана шундоқ чора кўриш ҳам мумкинлигидан далолат беради. У кишининг бу тасарруфларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган изндан вақти келганда фойдаланиш, дейишимиз мумкин.
Ҳазрати Умар бу масаладаги ҳадиси шарифлардан шу маънони англаб етганлари учун шу ишни қилганлар. У зотдек киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилиши мутлақо мумкин эмас.
Кейинги пайтларда замон ўзгаришини эътиборга олган уламолар, аёл кишиларнинг масжидга бормаганлари маъқул экани ҳақида фатво берганлар.
Демак, ҳар замонда ўзига қараб, вазиятни атрофлича ўрганиб туриб тасарруф қилинган экан. Ҳадиси шарифларда бутунлай бир томонга ҳукм қилинмагани ҳам шуни англатади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари аёлларнинг масжидга боришларига мутлақо қарши турганлар.
Уларнинг мутааххирлари (кейинги келганлари) фатво берган мазҳабга кўра, «аёлларнинг жамоатга ҳозир бўлишлари, жума бўлсин, ийд бўлсин, ваъз бўлсин мутлақо макруҳдир. Агар қари кампир кечаси ҳозир бўлса ҳам. Бу замоннинг фосид ва фисқнинг зоҳир бўлгани учундир».
Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида, қари кампирлар жамоатга чиқса майли лекин уйи афзал ёш аёллар фитна бўлиши хавфи мавжудлиги учун масжидга боришлари жоиз эмас, деган атрофидаги гапларни айтганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
... Мусулмон инсон яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўминмусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб давоми...

6553 05:00 / 04.01.2017
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят .У чошгоҳ намози ўқиётган қавмни кўриб қолиб .Булар намоз ушбу соатдан бошқасида афзал эканини билмасмикинлар Расулуллоҳ давоми...

10884 05:00 / 04.01.2017
Шарҳ .Саҳв, сўзи луғатда .унитиш, маъносидадир. Намозда маълум бир амалларни унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш ила тўғрилаб олиш имкони бор. давоми...

6079 05:00 / 04.01.2017
Оталардан бири айтади .Намоз ўқимайдиган фарзандимга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида даво топдимИмом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

4271 15:00 / 27.11.2021