1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Аҳли фазллар имомликка ҳақлидирлар

05:00 / 09.01.2017 3874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Молик ибн ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир дўстим билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб жўнамоқчи бўлганимизда бизга:
«Намоз ҳозир бўлса, азон айтинглар, сўнгра иқомат айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар
».

Учовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг ривоятида: 

«Яхшиларингиз азон айтсин, аҳли Қуръонларингиз имом бўлсин», дейилган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Молик ибн ҳувайрис розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик. Молик ибн ҳувайрис басралик бўлиб, кунялари Абу Сулаймон эди. Бу зот ва қавмларидан бир неча кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида у зот уларга намоз ўқишни ўргатганлар, сўнг қавмларига қайтаётганларида, уларга ҳам намоз ўқишни ўргатишни буюрганлар. Шунинг учун бўлса керак, бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз хусусида кўплаб ҳадислар ривоят қилганлар.


Ушбу икки ривоятда бир неча муҳим масалалар баён қилинмоқда:

1. Икки киши бўлса ҳам азон, иқомат айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш кераклиги.

2. Фазлли икки кишидан каттаси имом бўлиши лозимлиги. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом иккингиздан каттангиз, деганлари фазли ортиғингиз, деганларидир.

3. Қавмнинг ичида яхшиси азон айтмоғи кераклиги. Чунки муаззинга ўз қавмининг ибодат вақтлари ишониб топширилган бўлади. Бундай нозик иш ҳар кимга ҳам ишониб топширилавермайди. Фақат ҳар қавмнинг ичида яхшиларигина бу ишончга сазовор бўлишлари мумкин.

4. Аҳли Қуръонлар имом бўлиши лозимлиги. 

Бунда фақат Қуръонни ёд олган киши эмас, аҳли Қуръон бўлган, Қуръонни ҳам, шариатни ҳам керагича билган, тақвода, ихлосда юқори мақомга етган зотлар кўзда тутилмоқда. Чунки ҳар бир қавмнинг имоми уларга Аллоҳ таолонинг йўлини танитувчи кишидир.

Имом Дора Қутний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Энг яхшиларингизни имом қилинглар. Чунки улар сиз билан Роббингиз орасидаги вакилларингиздир», деганлар.



Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса, майли», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ким имом бўлиши кетма-кет бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқелиги эътиборга олинмоқда.

Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.

Аввало, ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:

1. «Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади». 

Бу имом танлаш вақтида аввало, Қуръонни     билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир. 

Ислом жамиятида бу нарсага катта эътибор берилади. Чунки имом танлашлик мусулмонлар ичидан энг яхшисини танлаш демакдир. Мусулмон кишининг яхшилиги эса, энг аввало, Қуръонни билиши, уни тиловат қилиши, унга амал қилишига қараб бўлади.

2. «Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» танланади.

Намоз ўқиш учун ҳозир бўлган кишилар ичида имомликка лойиқ бир неча киши Қуръон қироати бўйича савиялари тенг бўлиб қолса, суннатни яхши билган, диний аҳкомларни тўлиқ тушунадиган киши имомликка ўтади.

Баъзи уламолар имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартибга риоя этиб, унда биринчи қори, иккинчи олим бўлади, деганлар. Улар ушбу ҳадиснинг зоҳирига қараб шундай хулоса қилганлар. 

Лекин жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, деганлар. 

Чунки олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши осон эмас.

Ушбу ҳадисда қорини муқаддам қўйилиши саҳобаи киромларнинг қорилари олим бўлганлиги эътиборидандир. Улар бир оятни ёд олганларидан кейин унга тўлиқ амал қилмагунларича иккинчи оятга ўтмаганлар.

3. «Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари» ўтади.

Имомликка танлашда эътиборга олинадиган сифатларнинг учинчиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг даврларига хосдир. Ўша пайтларда кишиларни ҳижратни эртароқ қилганларига қараб ҳурматлаш бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўпгина ҳолатларда саҳобалар орасидаги афзалликни уларнинг ҳижратлари қадимлигига қараб олганлари маълум ва машҳур.

ҳадиси шарифда ҳам қорилик ва олимлик сифатлари тенг келиб қолган кишилар ичидан имомликка аввалроқ ҳижрат қилганлари афзал кўрилиши таъкидламоқда. Чунки Аллоҳ, Расул ва Ислом учун ватанни, аҳли аёлни, молу давлатни ва бошқа имтиёзларни тарк этиб, муҳожирликни ихтиёр этиш улкан фазилатдир. Бу ишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Иймон ва Ислом йўлида фидокорликка фақат тақводор, мухлис ва муҳсин кишиларгина қодир бўладилар. Уларнинг ичида эса энг аввал ҳижрат қилганлари афзалроқ саналадилар.

4. «Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари» ўтади. 

Уламоларимиз тўртинчи ўринга Исломи аввал бўлган кишиларни қўйганлар. Чунки бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «ёшлари катта» ўрнига «Исломлари аввал бўлганлари», дейилган.

Албатта, Исломга аввал кириш ҳам катта фазилат ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликдан бошқа ишларда ҳам Исломга аввал кирганларни устун қўйганлари маълум.

Бешинчи ўринда эса, аввал ўтган тўрт сифатда савияси тенг бўлиб қолса, ёши улуғи имомликка тақдим қилинади.

Кўриниб турибдики, имом танлашнинг ўзига хос ўлчови бор. Қолаверса, Исломда аслида имомлик касб ёки мансаб эмас, балки шараф ва масъулиятдир. Имом намозга тўпланган намозхонлар ичидан бирини танлаш билан бўлади. Яъни, бу нарсага ҳар бир мусулмон тавсия этилиши мумкин. Бошқа динлардагига ўхшаб алоҳида тарбия топган, турли диний поғоналардан ўтиб чиққан, маълум кийим кийган бўлиши шарт эмас.

Авваллари масжидларга алоҳида имом тайинлаш, имомликни касб қилиб олиш бўлмаган. Кейинчалик кишилар Ислом таълимотларидан узоқлашиб, дунёнинг орзу-ҳавасларига берилиб кетганларидан кейингина имом тайин қилиш одати пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида, турли муаммоларни келтириб чиқарди. Нолойиқ кишиларнинг имом бўлиб қолиш ҳоллари, имом ва қавм ўртасидаги келишмовчиликлар шу муаммолар сирасига киради.

Бу фаслнинг келгуси ҳадисларида имомлар ва уларнинг фаолиятига боғлиқ бошқа масалалар ҳам баён этилади. Бизнинг вазифамиз уларга амал қилишдир. Жумладан, имомлар ҳам, қавмлар ҳам бирдай амал қилишлари лозим.

Ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилиш борасида гап юритадиган бўлсак, имом танлаш вақтида унда зикр қилинган сифатларга ва уларнинг тартибига қатъий амал қилишимиз лозим. Айниқса, имом танлаш топширилган кишилар ҳам инсоф қилишлари керак. Агар қавмнинг ўзида бунга ҳақли кишилар бўлса, улар тавсия қилишлари лозим.

Ўрганаётган ҳадиси шарифимизда яна иккита муҳим масала муолажа қилинмоқда.

1. «Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин... Магар унинг изни ила бўлса, майли».

«Салтанатида» дейилганида ҳокимлиги, волийлиги, бошлиқлиги, имомлиги, уй соҳиблиги каби нарсалар кўзда тутилади. Ундоқ пайтларда салтанат эгаси имом бўлишга ҳақлидир. У бор жойда меҳмон одам имомликка ўтиши мумкин эмас. Чунки бу иш салтанат эгасига нисбатан ҳурматсизлик, уни атбоълари олдида камситиш билан баробардир. Агар салтанат эгасининг ўзи рози бўлиб ўтказса, мумкин.

2. «ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин... Магар унинг изни ила бўлса, майли».

Бу тасарруф ҳам одобсизликка, бир қавмнинг бошлиғини ҳурматини жойига қўймасликка киради. Агар салтанат эгаси ўзи рози бўлиб, ўз жойига ўтказса, мумкин.


Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Молик ибн ҳувайрис бизнинг намозгоҳимизга келиб ҳадис айтиб берар эди. Бир куни намоз пайти бўлди. Биз унга: 

«Олдинга ўтинг», дедик. 

«Сизлардан бирингиз ўтсин, мен нима учун ўтмаслигимни айтиб бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир қавмни зиёрат қилса, уларга имом бўлмасин, улардан бири имом бўлсин», деганларини эшитганман», деди».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ровий Абу Атийя розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Молик ибн Омир Абу Атийя куняси ила машҳур бўлганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлганлари тўғрисида ихтилофлар бор. Баъзилар тобеинлардан дейишади. 

Бу зот ривоят қилган ҳадисларни «Сунан» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Бу ривоятда бир қавмга меҳмон бўлиб келган киши уларга дарс берадиган даражадаги олим бўлса ҳам имомликка ўтмагани маъқул эканлиги ҳақида сўз бормоқда. 

Чунки унинг имомлиги қай даражада бўлса ҳам бориб-бориб қавмнинг ўртасида гап-сўз чиқади. Яхши бўлса, қавмнинг имоми ёқмай юрганлар      фалончи келиб бизга имомликка ўтди, зўр одам экан, деб гап тарқатиб ўз имомларига ишончсизлик билдиради. Имом тарафдорлари билан ораларида гап қочади. Агар имомлиги пастроқ савияда бўлса-чи, аксинча бўлади. Шунинг учун ҳар ким ўзини билгани, қавми олдидаги обрўсини сақлагани, бошқаларнинг ишига аралашмагани маъқул.


Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч кишининг намозлари қулоқларидан юқори кўтарилмайди: хожасидан қочган қул, токи қайтиб келмагунча, эрини ноҳақ ғазабнок қилган хотин ва қавми ёмон кўрган имом», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, намози қулоғидан кўтарилмайдиган, яъни, қабул бўлмайдиган кишиларнинг тоифаси уч хил бўлар экан.

1. «Хожасидан қочган қул».

Қулнинг хожасидан қочиши катта айб ҳисобланган. Бунинг орқасидан турли ёмон оқибатлар келиб чиққан. 

Исломда қул билан хожанинг орасидаги алоқалар ўзаро тушуниш, ҳамкорлик ила ва, ниҳоят, қулликдан озод қилишдан савоб топиш асосига қурилгани маълум. Шунинг учун хожасидан қочган қулнинг намози ўз ихтиёри ила қайтиб келмагунича қабул бўлмайди, дейилган.

2. «Эрни ноҳақ ғазабнок қилган хотин».

Эр-хотин орасидаги алоқа ҳам нозик экани ҳаммага маълум. Бу алоқалар ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиш, шариат ҳукмига биноан, ҳар бир тараф ўз бурчини адо этиб, бир-бирларининг ҳурматларини қозониш асосида бўлади. Муслима аёл доимо эрининг розилигини олиб юриши керак. Уни ғазабнок ҳолга тушишига сабаб бўлиши керак эмас. Чунки бу кўплаб ёмон оқибатларга олиб келади. Иш туфайли ўз хотинидан ғазабнок бўлган одам ҳар нарса қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам эрини ноҳақ ғазабнок қилган хотиннинг намози қабул бўлмайди.

3. «Қавми ёмон кўрган имом».

Қавм ўз имомини ахлоқи, амаллари ёки намози яхши эмаслиги учун ёмон кўриши мумкин. Бу эса ўз навбатида мусулмонлар ичида турли келишмовчилик, тушунмовчилик ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлади. 

Шунинг учун динида, тақвосида ва ахлоқида нуқсони бор киши имом бўлмагани маъқул. Қавми ҳақли равишда ёмон кўриб қолган имом, намози қабул бўлмай юрганидан кўра, тезроқ имомликдан кетгани маъқул.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч киши қиёмат куни мушк тепаликларида бўлурлар. Уларга аввалгилару ва охиргилар ҳавас қилурлар. ҳар кеча-кундузи беш намозга азон айтадиган одам. Бир қавмга имом бўлиб, қавми ундан рози бўлган киши ва ҳам Аллоҳнинг, ҳам хожаларининг ҳаққини адо этган қул», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Қиёмат куни мушку анбардан бўлган тепаликка чиқиб туриш, аввалгилару охиргиларнинг ҳавасини келтирадиган даражага эришиш улуғ бахтдир.

Ажабо, улкан бахтга кимлар эришар экан?

Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича, бу улкан бахтга уч тоифа мусулмонлар эришар эканлар:

1. «Ҳар кеча-кундузи беш намозга азон айтадиган одам».

Бу муаззинлар учун улкан башоратдир. Уларни шарафловчи ва айни вақтда уларга улкан масъулият юкловчи хабардир. ҳар бир муаззин ана ўша башоратга муносиб бўлишга, тақво ва ихлос ила яшашга, ўз ишини қойиллатиб адо этишга ҳаракат қилмоғи лозим.

2. «Бир қавмга имом бўлиб, қавми ундан рози бўлган киши».

Юқорида зикр этилган улкан мақомга эришишга номзод бўлган кишиларнинг иккинчи тоифаси имомлар экан. Бу ўта нозик ишда одамларнинг ишончи ва эътибори туфайли уларга ҳам қиёмат куни олий мақомга эришиш имкони берилар экан. 

Имом бунинг учун ўз қавмини рози қилиши керак. Албатта, Аллоҳ рози бўладиган ишларда. Қавмни Аллоҳнинг розилигини топишдан бўлак ишларда рози қилган имом жаннатдаги мушку анбар тепалигига эришиш уёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмаслиги турган гап. 

3. «Ҳам Аллоҳнинг, ҳам хожаларининг ҳаққини адо этган қул».

Бу қадим вақтнинг таомили экани маълум. Ислом қул озод қилишни, қулдорликни йўқотишни ҳар тарафлама қўллаган. Керакли барча чораларни кўрган. Лекин ҳаммаси ўз йўли ва қонун-қоидаси билан бўлиши керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда дуо қилиб .Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан қабр азобидан дўзах давоми...

5581 05:00 / 04.01.2017
4543. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн давоми...

24285 21:12 / 08.11.2017
Оталардан бири айтади .Мен отамонам, опам ва акаларим билан бирга кўп қаватли уйда яшар эдик. Бир куни квартирадан масжидга шошилиб чиқдим. Йўлда мени ранжитадиган давоми...

1250 14:00 / 07.02.2023
Масжид шундай мўътабар маскандирки, эвазига жаннатда қасрлар бино бўладиган табаррук манзилдир. Шунинг учун динимизда масжидларга оид махсус одоблар, ҳуқуқ ва давоми...

8795 16:36 / 02.12.2017