1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Истисқо намози қандай ўқилади?

12:10 / 27.11.2025 3085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёмғир (сув) сўраб ўқиладиган намознинг номи «истисқо» дейилади. Истисқо намози деб сувга муҳтож бўлиб қолинганда Аллоҳ таолодан бандаларининг ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намозига айтилади. Буни яшаётган жойларининг сувидан экинларию ҳайвонларини суғориб турган, дарё, анҳор ва булоқлари бўлмаган одамлар ўқишади. Мабодо, анҳор ва булоқлари бўлса ҳам, эҳтиёжларига етмаётгани сабабли ушбу намоз ўқилади.

Истисқо намози худди икки ҳайит намози каби адо қилинади, лекин бунда зоида такбирлар айтилмайди. Намоз ўқиб бўлингач, ерда ўзаро туриб иккита хутба ўқиш мустаҳаб амаллардандир. Аммо ҳайит намозларидек минбарга чиқиб хутба ўқиш макруҳдир. Ҳайит намозидаги хутба такбирлари ўрнига имом истиғфор айтади. Икки хутбанинг ўртасини бир оз ўтириш билан ажратади. Имомнинг хутба мобайнида қибла томонга юзланиб туриши мандубдир. Хутбадан бир оз кейин имом кийимини тескарисига ағдариб кийиб олади ва тасбеҳ айтиб, мўминлар ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтади. Лекин имомга эргашган инсонлар кийимларини тескарисига ағдариб киймайдилар. Кейин имом одамлар томонига юзланиб, тик турган ҳолида қуйида келадиган истисқо дуосини ўқийди, одамлар эса қиблага юзланиб ўтиришади ва имомнинг дуосига «омин» дейишади:

اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ أَغِثْنَا، اللَّهُمَّ سُقْيَا رَحْمَةٍ، وَلَا سُقْيَا عَذَابٍ، وَلَا مَحْقٍ وَلَا بَلَاءٍ، وَلَا هَدْمٍ. اللَّهُمَّ عَلَى الظِّرَابِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ، وَبُطُونِ الْأَوْدِيَةِ. اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا غَيْثًا مُغِيثًا، هَنِيئًا مَرِيئًا، غَدَقًا مُجَلِّلًا، سَحًّا، عَامًّا طَبَقًا دَائِمًا. اللَّهُمَّ اسْقِنَا الْغَيْثَ، ولَا تَجْعَلْنَا مِنَ الْقَانِطِيْنَ. اللَّهُمَّ أَنْبِتْ لَنَا الزَّرْعَ، وَأَدِرَّ لَنَا الضَّرْعَ، وَأَنْزِلْ عَلَيْنَا مِن بَرَكَاتِ الْأَرْضِ، وَاكْشِفْ عَنَّا مِنَ الْبَلَاءِ مَا لَا يَكْشِفُهُ غَيْرُكَ. اللَّهُمَّ اسْقِ عِبَادَكَ وَبَهَائِمَكَ، وَانْشُرْ رَحْمَتَكَ، وَأَحْيِ بَلَدَكَ الْمَيِّتَ. اللَّهُمَّ اَنْتَ اللهُ لَا إلَهَ إلَّا اَنْتَ، أَنْتَ الْغَنِيُّ وَنَحْنُ الْفُقَرَاءُ، أَنْزِلْ عَلَيْنَا الْغَيْثَ، وَاجْعَلْ مَا أَنْزَلْتَ لَنَا قُوَّةً وَبَلَاغًا إِلَى حِينٍ. اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْتَغْفِرُكَ إِنَّكَ كُنْتَ غَفَّارًا، فَأَرْسِلِ السَّمَاءَ مِدْرَارًا.

«Аллоҳумма ағисна, Аллоҳумма ағисна, Аллоҳумма ағисна. Аллоҳумма суқйа роҳматин вала суқйа азобин вала маҳқин вала балоин вала ҳадмин. Аллоҳумма ъалаз зироби ва манабитиш шажари ва бутунил авдийати. Аллоҳумма ҳаволайна вала ъалайна. Аллоҳуммасқина ғойсан муғийсан ҳанийъан марийъан ғодақон мужаллилан саҳҳан омман тобақан даиман. Аллоҳуммасқинал ғойса вала тажъална минал қонитийн. Аллоҳумма анбит ланаз заръа ва адирра ланад даръа ва анзил ъалайна мин барокатил арди вакшиф ъаннаа минал балои маа лаа йакшифуҳу ғойрука. Аллоҳуммасқи ъибодака ва баҳоимака ваншур роҳматака вааҳйи баладакал маййита. Аллоҳумма анталлоҳу ла илаҳа илла анта антал ғониййу ва наҳнул фуқароу анзил ъалайнал ғойса важъал ма анзалта лана қувватан ва балаған ила ҳийн. Аллоҳумма инна настағфирука иннака кунта ғоффаро, фаарсилис самаа ълайна мидроро».

Ёмғир талаб қилиб ўқиладиган намоз учун ўз масканларидан четроққа уч кун кетма-кет чиқиш мустаҳабдир. У ерга аҳли зиммийлар (яъни Ислом юртида яшаш эвазига товон тўловчи бошқа дин вакиллари) олиб чиқилмайди. Ҳар кун чиқишдан олдин мусулмонлар тавбаларини янгилаб, зулмларига тавба қилиб, бева-бечораларга садақа қилишлари ҳам мустаҳаб амаллардандир. Ҳар бир мусулмон ер юзидаги барча мусулмон биродарлари ҳаққига истиғфор айтади.

«Мўминнинг меърожи» - муфассал намоз китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/6543-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умму Фазл у кишининг .Вал мурсалати урфа,ни қироат қилаётганини эшитиб.Эй, ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат давоми...

4427 05:00 / 04.01.2017
Шарҳ .Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

11163 05:00 / 04.01.2017
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ёки, албатта, сафларингизни тўғри қилурсиз, ёки Аллоҳ юзларингизни давоми...

10769 05:00 / 04.01.2017
Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бирбирининг ўрнига алмаштирилиб давоми...

17775 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

230211 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148789 14:35 / 11.08.2021