1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Оила - муқаддас қўрғондир

14:06 / 24.03.2017 10779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир. Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир. Умр йўлдошини танлашда ҳар икки томон ҳам тенг ҳуқуққа эгадир.

Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли қадриятларидан ҳисобланади.

Инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Аллоҳ таолонинг ягона холиқлигининг далили ва белгиларидан ҳамда неъматларидан бири оила асосида турмушимизни жорий қилиб қўйганидир.

Насл қолдириш вазифаси ҳам ўзининг андоза ва қоидалари асосида амалга оширилиши керак. Бунда жуфтларнинг ҳар бири ўзида хотиржамлик, сокинлик, нафсоний роҳат ҳосил қилиши билан бирга, иккинчи томонга нисбатан ўз зиммасидаги бурч ва вазифаларини ҳам идрок этиши лозим. Айниқса, иккисидан дунёга келадиган наслнинг истиқболи тўғрисида кўпроқ қайғуришлари талаб этилади. Зеро инсоният насли оёққа туриб кетишида бошқа ҳайвонот насли билан тенглаштирилмайди. Ҳайвонот насли туғилган куни оёққа туриб кетади. Унга кийим-бош ҳам керак эмас. Мактаб, таълим, касб-ҳунарга ҳам уларнинг эҳтиёжи йўқ. Лекин инсон боласи туғилган кунидан она сутига, оқ ўраб, оқ тарашига, отасининг таъминотига ва бошқа ҳаёт талабларига эҳтиёжлидир.

Энди никоҳ маросимларида бўладиган харажатларга келсак, унда шариатимиз кўрсатмасига биноан, асосий харажат маҳр ҳисобланади. Маҳрни куёв беради. Маҳрнинг миқдори қатъий эмас, ҳар қайси юртда, одатда ўша келинга ўхшаш дугоналарига қанча маҳр берилса, бунга ҳам шу миқдорда берилади, дейилган.

Эр ва хотин никоҳланиб оилали бўлгандан кейин уларнинг ҳар бири иккинчиси олдида бир қанча вазифани зиммасига олади. Турмуш қураётган йигит ва қизларимизнинг бир-бирига никоҳ қилиб қўйгандан кейин уларнинг ҳаққига дуолар қилиш учун қавму қариндошларни тўплаб Аллоҳга шукрона дастурхонларини ёзамиз. Никоҳ тўйи ҳар бир миллатнинг ўзига хос турмуш тарзи, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар феъл-атвори урф-одати бор. Пайғамбаримиз (с.а.в.) никоҳни эълон этишни ва одамлар орасини ёйишни буюрганлар. Тўйда куёв ёки келин тарафга ортиқча харажатлар бўлиши оилада келишмовчиликларга олиб келади. Бундай ҳолатларда икки тараф келишиб олиши лозимдир.

Оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган.

Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“...Улар билан тотув турмуш кечирингиз...”.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аҳлу аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деб марҳамат қиладиларки:

“Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади. Пайғамбармиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар:

“Ҳеч бир мўмин ўз мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Ислом шариати ҳар қандай шароитда ҳам аёлни кийинтириш, таомлантириш, бошпана билан таъминлаш ва бошқа харажатларни эрнинг зиммасига юклаган. Булар Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида ҳам зикр қилинган. Қуръони каримда:

“...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...”, - деб айтилган.

Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?”, - деб сўрашганда, У зот (с.а.в.):

“Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, - дедилар (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда, Абу Масъуд ал-Ансорийдан нақл қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, - деганлар.

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида:

“Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, - деб марҳамат қилганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, баъзилар чет элга жўнатиб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай холатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

Маълумки, мамлакатимизда аёллар ҳуқуқи давлатимиз томонидан қонун асосида тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир. Аёллардан катта ва кичик раҳбарлар, тадбиркорлар, фан докторлари ва Ўзбекистон қаҳрамонлари мавжудлиги дилимизни қувонтиради, албатта.

Юқорида эрнинг вазифаларнинг зикр қилиб ўтдик. Энди аёлларни ҳам эрлари олдидаги вазифаларини қисқача зикр қиламиз.

Умму Сулайм (рз.)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда ўлса, жаннатга киради” (Ибн Можа ривояти).

Аёл, демак, эрининг итоатида бўлиши туфайли Парвардигорнинг розилигига эришади. Ўзини, эрини ва фарзандларини ҳам бахтли қилади. Уйини эса тўлиқлигича муҳаббат, соғлом турмуш роҳат-фароғат, омонлик ва барқарорлик билан таъминлайди.

Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.

Яна эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири эрининг мол-¬мулки ва обрўсини сақлаши ва уйига бирор кишини эрининг рухсатисиз киритмаслигидир. Набий (с.а.в.) айтганлар: “Сизларга эркак кишида бўладиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдирки, агар эри унга қараса хурсанд бўлади, буюрса итоат қилади ва бирор жойга чиқса, унинг мол--мулкини муҳофаза қилади” (Абу-Довуд).

Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму-ҳаё, меҳру-оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланган. 

Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттириб, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар. Шунинг учун ҳам ўзбек халқида “қуш ўз уясида кўрганини қилади” деб, бежизга айтилмаган, бунда чуқур маъно-мазмун бор.

Оила жамиятнинг асосий негизи. Соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантириш эса соғлом келажак демакдир. Оила ҳақида гапирар эканмиз, авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз даркор.

Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир.

Мустақиллигимиз йилларида ҳукуматимиз томонидан оилага аҳамият қаратилиб, “Оила”, “Она ва бола”, “Соғлом авлод”, “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Баркамол авлод” йиллари эълон қилинди. Буларнинг моҳиятини ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, оилага эътиборимизни тубдан ўзгартириш, оилаларни аввало ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш, эъзозлаш, қўллаб-қувватлаш – бугунги кунимиз учун ва эртанги истиқболимиз учун нақадар муҳим ва долзарб эканлигини яхши тушунишимиз ва англашимиз даркор.

Аллоҳ таоло эл-юртларимизни ёмон кўздан асрасин, ёру-биродарлар, қон-қариндошларимиздан айирмасин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват ва ғайрат, хонадонларимизга қут-барака берсин. 


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсонда қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида ўзўзидан, биров ўргатмаса давоми...

146044 14:02 / 15.03.2017
Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у албатта ёмон ва келажакда зиён давоми...

3892 14:07 / 24.03.2017
1. Ибодат маъносидаги муҳаббат.Бу турдаги муҳаббатда банданинг қалбида Маҳбубни улуғлаш, ўзини эса, хор ва заиф деб билиш ва бунинг натижасида Маҳбубнинг давоми...

2459 10:15 / 27.03.2017
Ақл неъматиБу олам ва борлиқда ҳар бир нарса мезон ва ўлчов билан яратилган. Мабодо ана шу мезон ва ўлчовга путур етказилса, олам ва борлиқ мувозанати бузилиб давоми...

2746 17:21 / 27.03.2017