1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Аллоҳнинг “Раҳмон” ва “Раҳийм” сифатлари

14:10 / 24.03.2017 7168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фотиҳа сурасида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бештаси (Аллоҳ, Ар-Робб, Ар-Раҳмон, Ар-Раҳийм, Ал-Малик) зикр қилинган. Шунингдек, ушбу сурада “Ал-Ҳамийд” (ҳамду санога энг муносиб Зот), “Ад-Дайён” (қиёмат куни бандаларни ҳисоб қилиб, улар устидан ҳукм чиқарувчи Зот), “Ал-Маъбуд” (ибодат қилинувчи Зот), “Ал-Мустаъон” (ёрдам сўралувчи Зот), “Ал-Ҳаадий” (ҳидоят қилувчи Зот) ва “Ал-Мунъим” (неъматлар берувчи Зот) каби исмларининг маъноси мавжуд.

Суранинг аввалида басмала таркибида ушбу икки исм келган бўлса, бу ерда яна такрорланмоқда. Бу эса “бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” Фотиҳа сурасининг биринчи ояти эмаслигига далилдир.

Ўзбек тилига таржима қиладиган бўлсак, “Раҳмон” сўзи “раҳмати чексиз”, “Раҳийм” эса “ўта меҳрибон” маъносини англатади .

Муҳаққиқ уламолар ушбу икки сўз бир маънони англатмаслигини, балки ҳар бири ўзига хос мазмунга эга эканини, “Раҳмон” муболаға сийғасида бўлиб, “раҳмати ўта чексиз”, “Раҳийм” эса “раҳмати давомий” маъносини англатишини таъкидлашган. Улар иккисини жамлаб “Раҳмати улуғ ва давомий бўлган Зот” деб маъно беришган.

Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сифати У Зотнинг барча махлуқотларига – мўминга ҳам, кофирга ҳам ва бошқа турли мавжудотларга ризқ берувчи, улардан инъоми ва яхшиликларини аямайдиган, ўта карамли Зот эканини англатади. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло ушбу дунёда Ўз карами ва раҳматини ҳеч кимдан аямайди. Ўзига имон келтирган итоаткор мўминлар бандаларни ҳам, куфр йўлини ихтиёр этиб, осийлик қиладиган, Аллоҳни тан олмай, У Зотнинг ғазабини қўзғайдиган саркаш бандаларни ҳам баробар ризқлантираверади, неъматлар ато этади, уларни кўзлаган мақсадларига эриштиради. Чунки моддий неъматларга эришиш имон ёки куфрга боғлиқ нарса эмас. Иккала тоифага ҳам моддий неъматлар тенг миқдорда бераверилади.

“Ар-Раҳмон” сўзи Қуръони каримда 57 марта такрорланган. Олти ўринда “Ар-Раҳийм” сифати билан ёнма-ён келган .

“Раҳмон” сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Ундан ўзгаси бу сифат билан аталиши мумкин эмас.

“Раҳийм” сифати “Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “охиратда фақат мўминларгагина шафқат қилувчи” маъносини билдиради. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 43-оятида:

“У мўминларга Раҳимлидир”, деган.

Бошқа оятда У Зот шундай деган:

“Бас, имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга келсак, уларни Парвардигорлари (Аллоҳ) Ўз раҳматига дохил қилади. Бу очиқ бахтнинг ўзидир!” (Жосия, 30).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, улардан (фақат) битта раҳматни жин, инсон, ҳайвон ва ҳашоратлар орасига туширган. Шу сабаб улар ўзаро шафқатли бўладилар ва меҳр кўрсатадилар, ваҳший ҳайвон боласига шафқатли бўлади. Аллоҳ тўқсон тўққиз раҳматини (заҳира қилиб) олиб қўйди ва у билан қиёмат кунида (мўмин) бандаларига раҳм қилади” (Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Мана шу ҳадис бизларга “Раҳмон” ва “Раҳийм” сифатларини шарҳлаб бермоқда. Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва раҳмати чексиз бўлиб, ундан бир қисмини ушбу дунёга туширган. Ана ўша бир қисм раҳмат туфайли инсонлар бир-бирига раҳм-шафқат қиладилар, ваҳший ҳайвонлар боласига меҳр кўрсатиб, уни минг машаққат билан боқиб катта қилади, унга зарар етказишдан тийилади. Агар Аллоҳ махлуқотлари қалбига раҳмат ҳиссини солиб қўймаганида, дунёнинг низомини бузилиб, ҳаёт ўз тизгинидан чиқиб кетган бўлар эди!

Эътибор берсангиз, фарзанд гўдаклигида, ҳатто кейинчалик ёшлик чоғларида ҳам ота-онасига турли инжиқлик ва хархашалар билан эркалик қилади. Аллоҳ таоло ота ва она қалбига раҳмат неъматини солиб қўйганки, улар фарзандларининг турли инжиқликлари ва тўполонларини кенг қалб билан қабул қиладилар. Ҳатто уларнинг шўхликлари ота-она учун ёқимли туюлади. Аллоҳ таоло оналар қалбига шундай меҳрни, раҳматни солиб қўйганки, муштипар волидалар тунни кунга улаб уларни парвариш қилишга ҳам шайлар. Аллоҳ таоло оталар қалбига фарзандларига нисбатан меҳр ва раҳмат ҳиссини солиб қўйганки, у энг оғир меҳнатларни бажариб бўлса ҳам, болаларини боқишга, уларни едириб-ичиришга, бир сўз билан айтганда, уларни қаровсиз қолдирмасликка мудом интилади.

Аллоҳ таоло мана шу раҳмати ва меҳрибонлигининг бир қисмидан махлуқотларига улуш ажратган ва бу билан, айтиб ўтганимиздек, ҳаёт бир маромда давом этади, унинг низоми бузилмай туради.

Ҳадиснинг давомида Раҳийм сифати билан Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳамманинг ҳоли танг ва оғир бўлиб турган бир паллада, фақат ҳақиқий имон келтирган ва Ўзининг розилиги йўлида солиҳ амалларни ихлос билан адо этган мўмин бандаларигагина раҳм қилиши, уларнинг гуноҳларини кечириб, раҳматига эриштириши айтилмоқда.

Аллоҳнинг Раҳмон сифати сабабли дунёда керагича ризқлантирилган, турли неъматлардан фойдаланган, аммо У Зотга имон келтирмаган, яхши амаллар қилмаган, гуноҳ ва маъсият ботқоғига ботиб кетган бандалар энди охиратда У Зотнинг марҳаматидан бебаҳра қоладилар.

Юқорида “Раҳмон” сифатини Аллоҳ таолодан ўзгага ишлатиб бўлмаслигини айтиб ўтгандик. Лекин “Раҳийм” сифати Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қўлланиши мумкин .

“Ар-Раҳийм” исми Қуръони каримда 115 марта такрорланган.


Тошкент шаҳари "Шайх Зайниддин" жомеъ
 масжиди имоми хотиби Одилхон Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга давоми...

4172 14:05 / 24.03.2017
Инсон қалби фитратан ҳидоятни қабул қилувчи, ундаги шаҳват ва ҳавои нафс эса уни бундан бурувчидир. Шу боис қалбдаги фаришталар ва шайтонлар қўшини ўртасидаги давоми...

3242 10:17 / 27.03.2017
Азизлар Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай дейилган Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, давоми...

3816 14:01 / 24.03.2017
Сенда саломатлик ва фаровонлик барқ уриб турибди.Кўзларинг нақадар ажойиб порлайди, юзинг бахмалдек, қўлларинг ҳар доим илиқ ва майинhellip Бизга ҳам давоми...

2848 09:49 / 24.03.2017