1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғафлатда қолган қалбнинг давоси

18:10 / 04.03.2019 5061 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон зоти Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида энг улуғи ва афзали ҳисобланади. Шундай афзаллик жиҳатларидан бири, унинг ҳар бир аъзосининг ўзига хос вазифа билан яратилишидир.

Бизга маълумки инсонда бўлган аъзо ҳайвонда ҳам мужассам бўлиб, улар аъзоларининг ҳам ўзига хос вазифалари бор. Мисол учун: юракни олайлик бу аъзо, азиз инсонда бўлиши билан бирга, ҳайвонда ҳам мавжуд. Бу аъзо инсон жасадида кўкрак қисмининг чап томонида жойлашган, конус шаклли бир парча гўшт бўлиб, зоҳирий жиҳатдан жон вазифасини ўтайди. Бу аъзо ботиний жиҳатдан қалб деб аталади.

Қалб, луғатда бир нарсан ағдариш маъносида ишлатилади. У бир хил турмай, у ёққадан-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам “Қалб” деб аталган.

Агар инсоннинг зоҳирий қалби (юраги) хасталикка чалинса, тиббий йўл билан даволаш мумкин. Лекин, ботиний қалб хасталикка чалинса, уни фақат руҳий ва маънавий йўллар билан даволаш мумкин. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг суннатларини ўрганиб, уларга амал қилиш орқали юзага чиқади.

Агар инсоннинг бирон бир аъзоси касалликка чалинса, қолган аъзолари ҳам шу касалликдан четда қолмайди. Қалбнинг ботиний жиҳатдан хасталаниши, қолган аъзоларнинг ҳам хасталанишига сабаб бўлувчи воситадир. Мисол учун: Бир киш ўғрилик қилишни қалбига тугади, уни қандай ва қачон содир этишини режалаштиради. Ушбу гуноҳни қилиш учун оёғи билан юриб боради, кўзи билан кузатиб туради ва қўли билан бажаради. Шунинг учун ҳам, қалб инсон жасадининг марказида жойлашган бўлиб, у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.

Ҳар бир киши ўзининг қалбини турли хил бузуқликлардан саломат сақлаши ва ҳимоя қилиши масъулиятлик вазифаларидан эканини унутмаслиги лозим ва лобуддир.

Энди ушбу мавзуга оид Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган муборак сўзлари билан танишб чиқайлик.

Аллоҳнинг дўсти Иброҳим алайҳиссалом қалби салим зотлардан бўлганлар. Бу хусусида Аллоҳ таъоло Қуръони каримнинг “Соффат” сураси 83-84 оятларида қуйидагича баён қилган:

“Албатта, Иброҳим ҳам унинг (Нуҳнинг) гуруҳидандир. Ўшанда у ўз Роббига соғлом (саломат) қалб билан келганди”, деб марҳамат қилган. Мазкур оятда Аллоҳ таоло ўзининг бандаларга Иброҳим алайҳиссаломни намуна қилиб кўрсатмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қалби салимдан мурод Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлигига гувоҳлик беришдир”, –деганлар.

Улуғларимиздан Муҳаммад ибни Сирийн раҳматуллоҳи алайҳидан қалби салим нима? деб сўраганларида:

“Албатта Аллоҳ таолони ҳақ деб билиш, қиёматнинг қоим бўлишига шубҳа қилмаслик, Аллоҳ таъоло ҳар бир қабрда ётган кишиларни тирилтишини ҳақ деб билишдир”, деб марҳамат қилганлар.

Бу маънолардан бизга маълум бўладики, инсон Аллоҳга бўлган ишончини токи қалби билан тасдиқламагунча у ҳақиқий ҳисобланмади. Чунки қалб масаласи нозик бўлиб, у фақат иймон, эътиқод, яхшлик ва ҳикматлар маскани ҳисобланади. Буларга зид бўлган ҳолатларда қалбни саломат сақлаб турилса, бузуқ иллатларни жойлашишига йўқ қўйилмаса, унга қарши курашиб турилса, қалбни руҳий томондан озуқаланириб турилса, ана шундагина ҳақиқий мақсад ҳосил бўлиб, унинг эгаси салим қалб соҳибига айланади.

Аллоҳ таоло “Исро” сурасининг 36-оятида қуйидагича марҳамат қилган:

“Албатта, қулоқ, кўз ва дил ана ўшалар масъулдирлар” деб, баён қилган. Қиёмат кунида ҳар бир инсон ушбу учта аъзоси орқали содир қилган гуноҳларидан сўралишга ишора қилинмоқда. Мазкур оятда “Фуадун” сўзи дил, яни қалб маъносида келмоқда.

Аллоҳ таоло “Иброҳий” сурасининг 37-оятида шундай марҳамат қилган:

“Бас, ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин”, деб марҳамат қилган.

Мазкур ояти каримада қалб ёки диллар бўлиб кўплик маъносида келмоқда. Ислом тарихидан ҳаммамизга маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўз зурриётлари Исмоил алайҳиссалом ва жуфти ҳалоллари Ҳожар онамизни Каъбатуллоҳ, яъни Байтул Ҳаром ёнига, ўсимликсиз водийга жойлаштириб, мазкур дуони қилганликлари маълум ва машҳурдир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу дуоларида ўз зурриётларини ташлаб кетган Каъбатуллоҳга то қиёматгача келадиган мусулмон умматининг қалбини унга талпинадиган, ошиқадиган, доимо унга етишни орзу қиладиганлардан қилгин демоқдалар. Юқорида келган оятда ҳам, инсон қалбини яхшилик томон буриш ва талпинтириш маъноси бор. Зеро, қалб айнан шу мақсад йўлида ҳизмат қилиш учун инсонга берилгандир.   

Нўъмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким (ушбу нарса қалбдир)”, деганлар”.

Мазкур ҳадисда қалбнинг инсон ҳаётида тутган ўрни муҳим эканлиги баён қилинмоқда. Агар янада диққат билан эътибор берадиган бўлсак, инсоннинг аъзоларини адади қанча бўлишидан қатъи назар, қалб агар турли иллатлардан саломат бўлса, қолган аъзолар ҳам саломат бўлади, акс ҳолда, у бузуқ бўлса, қолган аъзолар ҳам бузилиб ҳолакатга учраши ҳақиқат эканлигини унутмаслигимиз керак.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги дуоларни айтиб юришимизни ўргатар эдилар: “Аллоҳим! Албатта мен Сендан ишда собитликни сўрайман ва рушдда (тўғри юришда) азму қарорни сўрайман. Мен Сендан неъматинга шукур қилишни, ибодатингни гўзал қилишни сўрайман. Мен Сендан содиқ тил ва солим (соғлом) қалб сўрайман. Мен Сендан ўзинг билган нарсаларнинг шарридан (ёмонлиги) паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсаларнинг хайридан (яхшилиги) сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсалардан истиғфор сўрайман. Албатта, Сен ўзинг ғайбларни ўта яхши билгувчидирсан”, деганлар”.

Мазкур  машҳур дуони мавзумизга тегишли бўлган қисмига эътибор берадиган бўлсак, “Аллоҳим мен Сендан, содиқ тил ва солим қалб сўрайман”, деган қисмидир.

Содиқ тил дегани ишончли, яхши сўзларни сўзлагувчи деганидир. Қачон тил содиқ бўлдаи агар қалб солим (соғлом) бўлса, тил содиқ бўлади. Халқимизда “Қозонда бори чўмичга чиқади” деган мақол бежизга айтилмаган.

Агар инсоннинг оёғи хасталанса, юриш вазифасини бажаролмай қийинлашади. Қолган аъзолар ҳам, шундай. Лекин инсондаги (ботиний) қалб хасталанса, албатта жасаднинг барча аъзолари маънавий жиҳатдан хаста ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу маънавий хасталикдан тузалиш йўлини бандаларига бундан қарийб ўн тўрт аср илгари таълим берган.

Инсонларнинг қалби “Ғофил қалб” ва “Кўр қалб” бўлади. Ҳар иккиси ҳам инсонларнинг дунё ва охиратдаги бахт саодатига зид бўлган хислатлардан ҳисобланади. Ғофил қалб, бу инсонларнинг ўзларига хайрли бўлган нарсалардан ғафлатда қолишдир. Мисол учун: бандаларнинг Бомдод намозига ухлаб қолишлари. Кўр қалб эса, бандаларнинг дунё ва охиратдаги Аллоҳ таоланинг розилиги ва бахт саодатларига бўлган эътиборсизликларидан бўлади. Аллоҳ таола бундай қалблардан барчамизни сақласин.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрийқамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг давоми...

4307 09:00 / 03.02.2023
Иборали дуо ва феълий дуоАллоҳ ер юзида юзага чиқарган барча воқеаларни маълум сабабларга боғлаган. Дунёдаги ва атрофдаги барча воқеалар Аллоҳнинг низоми давоми...

4692 19:00 / 03.03.2019
Диний ёки дунёвий бўлсада, бир инсонга берилган неъматнинг қўлидан кетишини истаб ҳасад қилиш динимизда ҳаром қилинган. Қуръони каримда ҳасад ҳақида шундай давоми...

2756 14:05 / 29.11.2018
Амр ибн Атабанинг мавлоси айтади .Саратоннинг иссиқ куни эди. Бир куни уйғониб, Амр ибн Атабани қидирдик. Қарасак, у тоғда саждада турар, устига эса бир булут соя давоми...

1941 07:10 / 16.09.2019