1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Гиёҳвандлик балоси – аср вабоси!

10:11 / 24.03.2017 4139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.

Гиёҳвандликнинг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, унга бағишлаб кўп мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ва офат манбаи ҳануз ўз ишини қилиб келмоқда.

Ислом дини барча кўрсатмалари одамлар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик, одоб-ахлоқ ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамият равнақига ўз ҳиссасининг қўшишга катта эътибор беради. Афсуски, ҳозирги кунда бутун ер юзи бўйлаб “гиёҳвандлик балоси – аср вабоси” сифатида кенг тарқалиб бормоқдаки, гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани учун инсоннинг имони ва динига зиён етказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз (сав)ни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади: 

 “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Саҳобалардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Пайғамбар (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”. 

 Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани, бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:

 “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”.

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик эса, охири ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки:

“Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳримон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар (сав) марҳамат қилганларки:

“Исломда ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир”.

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шундек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол дунёсини исроф қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишидан ва беҳуда бўлишидан сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.

Дунёда гиёҳ моддаларини кўплаб инсонлар томонидан истемол қилиниши, ундан моддий даромад орттириш мақсадида тижорат қилиниши ва кўплаб ёш авлоднинг унинг қурбони бўлаётгани ҳам ўта ачинарли ҳолдир.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни ўша заҳарни топиш учун ҳеч нарсани аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Ушбу оятга кўра, маблағларини мана шундай ноўрин жойларга сарфлаётганларни шайтоннинг биродари дейиш мумкин. Чунки уларга шайтондан бошқа ҳеч ким дўст бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп тадбир-чоралар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари орқали ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб борилмоқда.

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:

“Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу қабиҳ иш билан тез бой бўлиб қолишни эстаган одамлар қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас. 

Бу разолат манбаи саналмиш гиёҳлар олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, бошланғич ва ўрта таълим олаётган ёшларгача, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб фалак ёзаётганлиги ақл-идрокли кишиларни, албатта, бефарқ қолдирмаслиги керак. Алҳамдулиллоҳ, бизнинг ўлкамизда гиёҳ моддаларини тарқалишини олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилиб, бу борада Божхона ходимларининг ҳам хизмати эътиборга моликдир.

Бинобарин, биз ҳам ушбу мухтасар мавъизамиз орқали гиёҳвандликнинг ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий ва жисмоний зарарларини ислом дини нуқтаи назаридан исботлаб ушбу оламшумул муаммони ҳал этишдек умумий ҳаракатга озгина бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшишликни ният қилдик.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”.

Бошқа бир оятда эса:

“...ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга нисбатан раҳм-шафқатлидир...”

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликка, шунингдек ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса, охири ўлимга олиб келадиган нарсаларни истемол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади.

Гиёҳвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ва жамиятга иқтисодий зарар келтириши билан бирга у исрофгарчиликка киради. Исрофгарчилик эса, Қуръон ва ҳадис билан ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“...енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди” – деб марҳамат қилган.

Ҳадиси шарифда айтиладики: “Аллоҳ таоло сизларни молу давлатларингизни исроф ва зое қилишликдан манъ этади” (Имом Бухорий, Муслим ва Ибн Ҳайён ривоятлари).

Гиёҳвандлик моддалари ифлос ва исқирт нарса саналади. Бу моддалар кўпгина бошқа зарарлари билан бир қаторда маст қилиш хусусиятига ҳам эгадир. Ҳазрат Ойиша (рз.) айтганларки: “Аллоҳ таоло ароқни ароқ деган номи учун ҳаром этган эмас, балки уни истемол қилгандан кейин рўй берадиган кўнгилсиз воқеалар учун ҳаром қилган. Қайси бир нарсанинг охир-оқибати ароқ каби салбий бўлса у ҳаромдир” (Дорилқутний, Қуртубий тафсири, 37-48-бет).

Мабодо гиёҳвандлик моддалари ароқ каби маст қилмайди деб эътироз билдирувчилар чиқадиган бўлса, уларга жавоб шуки, Умму Салама онамиз ривоят қиладилар:

“Жаноб Расулуллоҳ (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан манъ этганлар”.

Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Гиёҳвандлик моддаларининг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи эканлигида эса шубҳа бўлмаса керак.

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги кўраётган чора-тадбирларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари орқали ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб борилмоқда. Ҳар йили 26 июнь кунини гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида белгиланганлиги ҳам шу хусусда қилинаётган хайрли ишлардан саналади.

Гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи ҳаммаларимизга мададкор бўлсин! 


Раҳматуллоҳ қори САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азиз УстозимАллоҳ жойингизни Фирдавс жаннатидан қилсин, висолига меҳмон айласин Бу дунёда Расулингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ уммат, чин давоми...

2955 16:44 / 27.03.2017
Фотиҳа сурасида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бештаси Аллоҳ, АрРобб, АрРаҳмон, АрРаҳийм, АлМалик зикр қилинган. Шунингдек, ушбу сурада АлҲамийдrdquo ҳамду санога давоми...

6283 14:10 / 24.03.2017
Энг афзал касблар Кишининг ризқ топадиган касбу ҳунари, иши ва хизматининг тури қанақалигидан қатъи назар, ҳалол бўлиши, юритаётган касби корида ҳалоллик ва давоми...

8798 21:42 / 21.04.2017
Аллоҳ таоло жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо сав воситалари орқали сиз билан бизга жорий қилган шариати исломия таълимоти бўйича бизлар Ҳақ таолога барча давоми...

3101 15:36 / 24.03.2017
Аудиолар

133417 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53763 14:35 / 11.08.2021