1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Инсон ким ўзи?

17:19 / 27.03.2017 23869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олам ва борлиқ, дунёнинг яралиши ва инсонга тақдир этилган ҳаёт, туғилиш ва ўлим сирини билишга қизиқиш ҳар кимни ўйлантириши табиий. Бироқ, ақл-идрок қуввати чеклангани боис, бу олам ва борлиқнинг асл ва туб моҳиятига етиб бориш мушкул. Ўтган асрда юртимизда даҳрий тузум таълимоти ва мафкураси олам ва борлиқ моддиятдан иборат, одамзот босқичма-босқич маймундан яралган, деган ақидани одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қилди ва шу асосдаги тарғибот-ташвиқот орқали таъсир қилди. Бугунга келиб бу таълимотнинг пуч ва ёлғонлиги фош бўлиб, унинг уйдирма эканлиги маълум бўлиб қолди. Чунки махлуқнинг яъни ўзи яратилган кимсанинг ўзи яшаб турган оламни ярата олиши ақлга сиғмайди. Инсониятга нозил бўлган илоҳий китоблар – Забур, Таврот, Инжил ва Қуръони каримда бу олам ва борлиқнинг Яратувчиси борлиги, одамзотга ер юзида яшаш тақдир этилгани, бу олам мангу ва абадий эмаслиги ҳамда охират ва маҳшар куни бу дунёга келган кишилар яхши ва ёмон амалларидан ҳисоб бериши ҳақида хабар берилади. Бу илоҳий китобларнинг охиргиси Қуръони карим инсон онги ва тасаввурида узоқ асрлар давомида қотиб қолган нотўғри қараш – ширк, бидъат ва хурофотлардан халос бўлиб, дин, дунё ва инсон ҳақида соғлом ва тўғри фикр-мулоҳаза юритишга даъват этади: «Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар.  Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда  (динни маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз,  мушриклардан бўлмангиз» («Рум» сураси, 30-31-оятлар).

 Ислом оламининг етук мутафаккири Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Иҳё улумид дин»  асарида келтирилган ривоят ўқувчиларга бу дунё ва борлиқ тилсимини ўз ақл-идроки орқали ечиб ололмаслигига етарли далилдир: Уламолар оятлар маъносини тафаккур қилишни вожиб даражасига кўтаришган. Ушбу фикрга Ато ибн Абу Рабоҳнинг қуйидаги ривояти ҳам далил бўлади. У киши айтади: Убайда ибн Умайр билан Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирдик. Ибн Умайр: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзингиз кўрган ажойиб бир нарса гапириб беринг», – деди. Шунда Оиша йиғлаб юборди ва айтди: «У зот бир кечаси туриб: «Эй Оиша, мени холи қўй, Раббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизнинг ёнингизда бўлишни яхши кўраман ва сизни қувонтирган нарсани ҳам яхши кўраман», – дедим. Сўнгра у зот туриб, таҳорат олдилар, кейин намоз ўқишга қойим бўлдилар. Шунда тинимсиз йиғлайвердилар, ҳатто ер ҳўл бўлиб кетди. Кейин Билол намозга азон айтгани келди. У зотнинг йиғлаётганларини кўриб: «Эй Расулуллоҳ, сиз йиғлаяпсиз, ҳолбуки, Аллоҳ сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечирган-ку?» – деди. У зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми? Бу кеча менга шундай оятлар индирилдики, уларни ўқиб, улардаги нарсани тафаккур қилмаган одамга вайл бўлсин», – дедилар ва: «Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару  Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар): «Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан! Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» («Оли Имрон» сураси, 190-191 оятлар) оятларини ўқидилар» (Ибн Ҳиббон ривояти). Расулуллоҳ алайҳиссаломдек гуноҳлардан маъсум ва пок зотни тафаккур юритиб, йиғлашга мажбур этган оят ҳақида ўйлаб кўрмаслик ва фикр-мушоҳада юритмаслик мумкинми? Шунингдек, бу ояти каримада ақл эгаларига хитоб қилиниб, уларни фикр юритишга ундалаётгани ҳам Аллоҳ таоло наздида инсон зоти мукаррам ва эътиборли эканини билдиради. Аллоҳ таоло инсониятни фаришталар билан ҳайвонот олами ўртасида яратди. Шу боис, инсонда ҳам фаришталик, ҳам ҳайвонийлик хусусиятлари мавжуд. Инсон ҳам худди ҳайвон каби ҳар куни еб-ичади, жуфти билан қўшилади, болалайди ва роҳатланиб ухлайди. Бир қараганда, инсон бир умр шундай ҳаёт кечиришга маҳкумдек. Бироқ бундай ҳаёт унга улуғ ишларни амалга ошириш, бу дунё ва охиратда бахт-саодат манзилига эга бўлиш учун берилганини англамас экан, ўз ҳаётини тўғри асос устига қура олмайди. Буни тўғри англаб олиш учун эса аввало ўзининг қандай дунёга келиб қолгани, бу оламга беҳуда ва шунчаки келмаганини тушуниб етиши керак бўлади. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзи инсон қандай  яратилганини билдиради: «Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», – дедилар» («Аъроф» сураси, 172-оят).

Мазкур ояти карима инсон дастлаб қандай вужудга келишини ва ўша вақтдаёқ Аллоҳ таоло барча инсонларнинг Рабби ва Маликлиги ҳамда Ундан бошқа илоҳ йўқлигига ўз тилларида шаҳодат келтирганини  баён қилиб бермоқда. Қиёматга қадар дунёга келадиган ҳамма зурриётлар Одам Ато пуштикамаридан олиниб, «ўнг томон асҳоблари» ва «чап томон асҳоблари» деган икки қисмга ажратилиши ҳақида ҳадислар ворид бўлган. Ибн Жарир келтирган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло Одам зурриётини зарра шаклида пайдо қилди. Ваҳоланки, шу зарра сувдан ҳам ҳақирроқдир», деди. Шундан ҳам дастлаб инсон зотидан ному нишон бўлмаган, Аллоҳ таолонинг инояти туфайли вужуд оламига келтирилгани ва улардан мийсоқ-ваъда олиниб, инсон зотининг бу дунёга келиши тақдири азал китобида битиб қўйилганини билиб оламиз. Аслида ота пуштикамаридан она раҳмига ўтадиган бир томчи сувдан яралган инсон қандай қилиб гўзал шакл ва қадду қоматга эга бўлади? Ана шу ҳақир ва арзимас нарса то инсон шаклига келгунига қадар қанча босқич ва жараёнларни бошдан кечиради. Аслида лой ва сувдан таркиб топган инсон бир шаклдан бошқа шаклга, бир босқичдан бошқа босқичга сирли тарзда ўтишини фан-техника ривож топгандан кейин аниқланиб, бу хусусда илмий хулосаларга эга бўлинди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни лойдан яратган бўлса ҳам фаришталарни унга сажда қилишга буюриб, уларни азизу мукаррам қилгани ҳақида  хабар беради: 

«Эсланг, Раббингиз фаришталарга деган эди: «Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» Бас, фаришталарнинг барчалари жам бўлиб, (Одам учун) сажда қилдилар» («Сод» сураси, 71-73оятлар)

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ривоятида шундай дейилган: «Она қорнида қирқ кун турганидан кейин бир фаришта нутфани Аллоҳ таоло ҳузурига олиб чиқиб, ташлаб юбориш ёки мукаммал ҳолга келтириш ҳақида сўрайди. Аллоҳ нимани хоҳласа, шуни унга ҳукм этади. Фаришта: «Эй Раббим, у эркакми ёки аёлми?» – деб сўрайди. Аллоҳ унга ким бўлишини баён этиб беради. Фаришта: «У бахтлими ёки бадбахтми?» – деб сўрайди. Буни ҳам баён этади. Фаришта: «Эй Раббим, умри узунми ёки қисқа?» – деб сўрайди. Аллоҳ таоло қанчалигини баён қилиб беради. Фаришта: «Эй Раббим, унинг ризқини белгилаб бер», – дейди. Ажали етадиган кунга қадар ризқи қанча бўлишини белгилаб беради. Шундан кейин фаришта нутфани яна она қорнига қайтаради». Демак, тақдир белгиланиб, ҳатто олдиндан бахтли ёки бахтсиз бўлиши ҳам белгилаб қўйилса, у ҳолда инсон бунинг учун амал қилиш-қилмаслигида қандай маъно бор, деган савол туғилиши табиий.

    Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом дедилар: «Дунёга туғилиб келган бирон жон борки, албатта жаннатда ёки дўзахда бўладиган жойини Аллоҳ таоло (тақдирда) битиб кўйган ва албатта бахтли (жаннатий) ёки бахтсиз (дўзахий) эканини ҳам ёзиб қўйгандир». Шунда бир киши: «Ё Расулаллоҳ! (Ундай бўлса) амални тарк қилиб, (тақдир этиб ёзиб кўйилган) китобимизга таяниб, таслим бўлиб ўтиравермайликми?» – деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади», деб жавоб бердилар ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Бас ким ( закот ва садақотларни)  берса ва (Аллоҳдан) қўрқса,ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз. Аммо кимки бахиллик қилса ва (ўзини)  беҳожат (бой) санаса,ҳамда гўзал (нарса)ни ёлғонга чиқарса, бас, унга  оғирликни  муяссар қилурмиз!» («Лайл» сураси 5-10 оятлар) (Термизий ривояти).

      Бу дунёга келгандан то умрининг охирига қадар инсонга жузъий (маълум даражада) ихтиёр берилган, шу ихтиёр ва ҳаракат туфайли бу дунёда қилган яхшию ёмон амаллари ҳақида охират куни сўралади. Айни шу масалага жиддий эътибор бермаган фикри тор кишилар бу дунёда  умри давомида ҳисоб бериш ҳақида жиддий ўйламайди. Теранроқ мулоҳаза юритсак, дунёга келган инсон мўъжиза ҳамда сир-синоатга тўла эканига амин бўламиз. Инсон танаси ва қадди қомати нақадар чиройли, хушбичим ва бетакрор яратилганидан ташқари, ундаги танлаш ҳақ-ҳуқуқи бошқа мавжудотларда йўқ.

     Она қорнида тўққиз ой яшаб турган гўдак учун у жой тўққиз ойга қадар ватан ва қароргоҳ ҳисобланади. Онаси нимани еб-ичса, шуни еб-ичади, биз яшаб турган дунё билан алоқага киришиб, инсоний қиёфа касб этишга ўтади, гўдак жисми ва руҳиятида ажойиб аломат ва ўзгаришлар содир бўлади. Бир манбада, ана шу ҳомила она қорнини дунё деб ҳисоблаб, агар унга тил битиб сўралса, она қорнидан чиқишни, яъни туғилишни ўлим деб ўйлаши айтилган. Агар она қорнидаги ҳомила эгизак бўлса, бири туғилса, иккинчиси шеригини ўлди, деб ўйлар экан,  дунёга келган эгизакнинг оқ матога ўралганини кўриб, кафанланди деб гумон қилар экан ва худди она фарзандидан айрилганда йиғлаганидек, у ҳам йиғлар экан. Буни ўлимга қиёслайдиган бўлсак, одамзот ўлган одамда ҳамма нарса битди, уни одамни тупроққа топширдик, деб ўйлайди. Аслида, гўдак она қорнидан ёруғ оламга, яъни тор дунёдан кенг дунёга келиши, одамзотнинг ўлимига ўхшайди. Шундан келиб чиқиб биз бу оламнинг ибтидо ва интиҳосининг чексизлигини, инсон эса шу оламлар аро сафарга чиққан йўловчи эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Шу боис, кексалар инсон умрини сарҳисоб этганда, она қорнида кечган вақтни ҳам қўшиб ҳисоблашади. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққи рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳаққ ваъда олишга мушарраф бўлган зот – Расулуллоҳ алайҳиссалом мана бу ҳадисни айтиб бердилар: «Ҳақиқатда ҳар бирингизнинг яратилишингиз она қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин бир фаришта юборилиб, унга жон пуфланади. Сўнг фариштага шу инсон тақдири билан боғлиқ тўрт нарса – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш буюрилади...» (Бухорий ва Муслим ривояти).

       Уламолар она қорнида бола белги бергандан кейин бир юз йигирма кун, яъни орадан тўрт ой ўтиб, бешинчи ойга етганда танасига руҳ пуфланиши, яъни, жон ато этилишига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритилган илмий ҳақиқат бўлиб, туғилажак фарзанднинг отаси кимлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча ҳукмларни чиқаришда шу муддатга қаралади. Имом Нававийнинг «Саҳиҳи Муслим» га ёзган шарҳида: «Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ ва латиф жисмдир», деб келтирилган. Имом Ғаззолий эса «Иҳё улумид-дин»  китобида: «Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир», деб ёзади. Демак, инсон фақат танадан иборат эмас, балки унга руҳ ҳам ато этилган. Бу руҳ ҳайвоний руҳдан мутлақо фарқ қилади. Инсоний руҳнинг моҳияти ва асли ҳалигача илм-фанга маълум эмас. Аллоҳ таоло инсонни яратибгина қолмай, унга ҳис этиш, таъм билиш, эшитиш ва кўриш каби қобилиятларни  ҳам ато этди. Аммо бу хусусиятлар онгсиз ҳайвонларда мавжуд бўлса ҳам, инсонга ато этилган аъзолардан эшитиш неъмати Аллоҳ юборган ваҳий-хабарларга қулоқ солиш, уларни англаш ва ўз ҳаётига татбиқ этиш, кўриш неъмати Аллоҳ таоло борлиқда яратган ҳамма нарсадан ибрат олиш, бу ҳақда тафаккур юритиш ва натижада Ҳақни таниш учун ато этилган. Аллоҳ таоло инсонни жамики махлуқларидан мукаррам айлаб, Ер юзидаги ҳамма нарсани унга бўйсундириб қўйди ва уни икки йўл: ҳидоят – имон йўли ва залолат – куфр йўлига йўллади. Бироқ инсоннинг ўзи аслини унутиб, кибр-ҳавога берилади ва тўғри йўлни танлашда адашади. Ҳикоя қилинишича, Муторриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххир Мулаҳҳаб ибн Абу Суфра кўйлагини ерга судраганча, гердайиб кетаётганини кўриб: «Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳнинг ва Расулининг ғазабини келтирадиган бу қандай юриш?» – деди.  Мулаҳҳаб: «Сен мени яхши танимайсанми?» – деди. У: «Сени жуда яхши биламан, дастлаб бир томчи ҳақир сув эдинг, охирида ҳам кераксиз сассиқ мурдага айланасан, бу орада эса ичинг тўла пешоб ва ахлатдан бошқа нарса эмассан»,– деб жавоб берди. Бу ривоят аслида ўзлигини унутувчи инсонга кимлигини танитиб, кибр-ҳаво ва манманлик ярашмаслигини эслатиб қўймоқда. Ўз аслини унутган одам ғурурга берилади, ҳаддидан ошади, бошқаларни менсимайди, ҳақ йўлга юрмайди, Яратган зотнинг амр-буйруқларини бажармайди, жавобгарликни ҳис этмайди, бу ҳақда ўйласа ҳам, уни жуда енгил ва осон билиб, бир куни шуларни деб ҳисобга тортилиши ва у вақтда эса кеч бўлиши ҳақида фикр юритмайди.  Тиббиёт мисли кўрилмаган даражада ривожланган ҳозирги кунда ҳам шу соҳа мутахассислари бу борада ўз ожизликларини тан олмоқдалар. Илм-фан тараққий этиши туфайли турли асбоблар воситасида она раҳмига тушган уруғнинг алақага айланиш ҳолатини кўриш имкони пайдо бўлди. Алақа она раҳми деворига зулукдек ёпишиб, ундан озуқа сўради. Бу ҳақиқатни англаб етган ҳомила илми олимлари Қуръони каримнинг илоҳий китоб эканига тан бердилар. Аслида ҳақир сувдан иборат бу нутфада бора-бора ундан суяк каби қаттиқ аъзолар ҳам вужудга келишини бир тасаввур қилиб кўринг. Инсон зотидаги жисм, руҳ, ҳис-туйғу, қувват ва бошқа хусусиятлар ҳам бошқа жонзотларда учрамайди. Инсоннинг яралиши ва бу дунёга келиши қанчалик ажойиб ва мўъжиза бўлса, бу оламда тақдир қилганича яшаб ўтиши ҳам бир мўъжиза. Аммо инсон ўзи буни билмайди, билса ҳам, тан олишни истамайди. Ҳа, инсон зоти ўзига бошқа жонзотларга қиёсланганда қандай улуғ мартаба ато этилиб, азизу мукаррам қилинганини ўйламайди ва ўзининг қай даражада мукаммал ва бенуқсон яратилганига қизиқмайди. Агар ўйлаб кўрган тақдирда ҳам, ўзига тегишли хулоса чиқармайди ва ибрат олмайди:

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик». («Исро» сураси, 70-оят).

     Яхши ният билан бир ёстиққа бош қўйган келин-куёв фарзанд кўрганларида қувониб, ўзларини бахтли ҳис этадилар. Аллоҳга шукрона айтиб, эл-юртга ош бериб, ўз қувонч ва хурсандликларини яқинлари ва дўст-биродарлари билан баҳам кўрадилар. Бироқ ота-оналар фарзанд ўзларига ато этилган улуғ неъмат ва омонат эканини асло унутмасликлари керак.

     Ота-она туғилган фарзандини деб эртаю кеч ишлайди, у нимани истаса, дарҳол муҳайё этади, бирон жойи оғриса, елиб-югуриб, уни дарддан фориғ этиш чорасини кўради. Бир парча эт ҳолидан парваришлаб, гард қўндирмай, учириб, бало келса, ўз жонларини фидо этишга тайёр бўлиш оддий ҳис-туйғудан иборат эмас. Бунда бир илоҳий сир ҳам борлигини унутмаслик керак. Айниқса, она меҳр-муҳаббатининг ифодасига қалам ожиз. Кечалари боласининг бешиги бошида ўтириб, уйқусини тарк этадиган оналар гўдагига фақат сут беради, десак, тўғри бўлармикан? Фарзанд қайси оилада дунёга келса, бир умрга ўша муҳитнинг ажралмас аъзосига айланади. Халқимизда «Онангга бошингни хам қил, Отангга гапингни кам қил», деган мақолда ота-онанинг қадри ва улуғлиги баён этилган.

      Илмий кузатиш ва тадқиқотларда инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши келтирилган. Бундан «Қуш уясида қўрганини қилади» деган доно мақол бежиз тўқилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Луқмон ҳакимдан: «Нега кўпроқ ёшларга насиҳат қиласиз, аммо ёши катталарга камроқ, бунинг сабаби нима?» – деб сўрашганида, шундай жавоб берди: «Боғбон ерни юмшатиб бир ниҳолни ўтқазиб, унинг атрофини хас-хашак ва ҳар хил зарарли ўтлардан тозалаб, керак вақтда сув бериб турса, яхшилаб парваришласа, тезда вояга етади, унумли ва серҳосил бўлади. Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола ўзига, ота-онасига бахт-саодат келтиради, жамиятнинг энг фойдали аъзосига айланади». «Равзаи хулд»  асарининг муаллифи Мавлоно Мажиддининг ёзишича, бир куни Язд шаҳрида ота-она ҳақида ваъз айтаётганида бир қария ўрнидан туриб, йиғлаганича: «Эй мавлоно, отасининг соқолидан тутиб, бошига калтак билан урган фарзанд ҳақида нима дейсан?», – деб сўради. «Отаси уни нима ишга ўргатган эди?», деб – сўрадим. «Эшакни ижарага беришга», – деб жавоб берди у. «Айб отасида, болани ёшлигидан илм ўрганишга жалб қилса ва яхши кишилар суҳбатига юборса, бундай иш содир бўлмас эди. Буни қилиш ўрнига эшакни ижарага беришга ўргатибти. Натижада бола эшак жиловидан тортиб, бошига чўп билан уришга ўрганиб қолган. У ўз отасининг соқолини эшакнинг жилови, деб ўйлаб тортган, бошига эса эшакнинг боши деб, ёғоч билан туширган», дедим». Шундан ҳам биламизки, инсон ҳақиқий инсон бўлиб вояга етишида дастлаб ота-онанинг хизмати катта.

       Шарқ мутафаккирлари бола тарбиясига таъсир қиладиган даврни уч гуруҳга ажратадилар. Биринчиси, оқ билан қорани танимайдиган бола. Бундай бола табиати ҳали ёмонлик ғубори билан булғанмаган, қалбини эса бузуқлик ва фасод эгаллаб олмаган бўлади. Бундай болага панд-насиҳат тез таъсир қилиб, уни тўғри йўлга йўллаш осон кечади. Иккинчиси, оқ билан қорани ажратадиган бўлиб қолган бола. Бу тоифадаги бола ўз нафсига асир тушиб яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билиб, ўз айб-нуқсонларини эътироф этади. Бундай одамни тарбиялаш биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо унга доимий тарбия берилиб, ҳар хил насиҳатлар ва танбеҳлар бериб борилса, албатта ёмонлик кўчасига кирмайди. Учинчиси, оилада ботил хаёл ва бузуқ фикрли бўлиб ўсиб-улғайган бола. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Бундай болани тарбия қилиш жуда оғир. Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оила муҳити билан боғлашади. Айтишларича, ёмон хулқли аёлдан туғилган ва ярамас ота тарбиясини кўрган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди, офтоб музни эритгани каби, чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларга барҳам беради. Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомийнинг фикрича, бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳилликдан қутқаришга ўргатилади, агар илм олишни истамаса, ортиқча мажбурланмайди ва бирорта яхши ҳунарга ўргатилади. У шундай деб таъкидлайди: «Агар молинг қанча кўп бўлса, фарзандинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу-давлатга ишониб бўлмайди, ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди. Илм ва ҳунар ўрганмайдиган кишилар ҳақида олимлар шундай дейдилар: Бундай кишилар ё зоҳид, ё танбал ёки такаббур кишилардир. Агар у зоҳид бўлса, тез кунда таъна балосига гирифтор бўлади. Агар танбал бўлса, гадолик йўлини тутади. Агар такаббур бўлса, ночорликдан қийналиб, ўғрилик йўлига киради. Кимки касб-корга эга бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади. Бир ҳадиси шарифда: «Ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ нарса беролмайди», дейилган  (Имом Термизий ривояти). Демак, одоб ва тарбия боланинг келажакда яхши инсон бўлишини таъминлайди. Яхши инсон бўлиб вояга етган бола, охиратда ҳам ота-онасига катта ажр-савоблар келтиради. Ота-она фарзанд тарбиялашда уни едириб-ичириш ва кийдиришдан ташқари илм ва одоб ҳам бериши нур устига нурдир. Шундан экан, боланинг одобли ёки одобсиз бўлиб улғайишига энг аввало ота-онаси сабабчи бўлса, дастлаб шу дунёда роҳатини кўради, сўнг ундан рози ҳолда дунёдан ўтади. Ҳофиз Абу Нуъайм ва бошқалар келтирган ривоятда Товус деди: «Бир кишининг тўрт ўғли бор эди. Бир куни ота оғир касал бўлиб ётиб қолди. Ўғилларидан бири: «Отамизга қайси биримиз касал вақтида қараб, то вафот этгунига қадар хизматини қилиб, дуосини олса, унинг мерос олиши шарт эмас. Чунки ота рози, худо рози», деди. «Меросдан умидвор бўлмасанг, майли, ўзинг отамизга қарайвер», дея қолган ўғиллар касал отани унга топширишди. Мерос олмайдиган ўғил отасини ювиб-тараб, хизматини қилди. Қазоси етиб, отаси вафот этди. Қолган болалари меросни бўлиб олишди, бу ўғил ўзи айтганидек, ҳеч нарса олмади.

  Бир куни тушида отаси: «Фалон жойга борсанг,  ўша ерда юз динор бор, шуни олгин», деди унга. У тушида отасидан: «Юз динорда барака борми?» –  деб сўради. Отаси : «Йўқ», деди. Тонг отгач, йигит буни хотинига айтиб берганида: «Дарҳол боринг, унга ўзимга кийим-кечак сотиб оламан», деди. У кулиб қўйди, аммо ҳеч қаерга бормади. Бир кеча отаси яна тушида келиб, фалон жойга бориб, у ерда ўн динор бор, шуни олгин, дея тайинлади. У: «Шу ўн динорда барака борми?» – деб сўради. Отаси: «Йўқ»  деди. Тонг отгач, тушини яна хотинига  айтиб берганида, у аввалгидек бориб олишга ундади. Лекин эри индамай қўя қолди. Яна бир кечаси отаси тушида пайдо бўлиб: «Фалон жойда бир динор бор, шуни олгин», деди. У: «Шу динорда барака борми?» – деди. Отаси: «Ҳа»  деди. У эртасига ўша жойга бориб бир динорни олиб бозорга йўл олди. Қўлида икки дона балиқни кўтариб, сотмоқчи бўлиб турган кишига дуч келди. У билан савдолашиб, иккита балиқни бир динорга сотиб олди ва уйига қайтди. Хотини балиқлар қорнини ёрганида, ҳар биридан бир дона дур чиқди. Бунга ўхшаш дурни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган эди. Иттифоқо, подшоҳ бир дона  дур сотиб олиш учун бозорга одам жўнатди. Подшоҳ одамлари сўраб-суриштириб, подшоҳга маъқул келадиган дурни ҳалиги йигитдан ўттиз хачир юкка тенг олтин баҳосига сотиб олишди. Подшоҳ ажойиб дурни кўриб: «Бу нарса фақат жуфти билан янада чиройли бўлади ва унинг жуфтини изланглар, агар топилса, баҳосини икки бараварга оширинглар», – деди. Шунда подшоҳ  одамлари йигитнинг олдига бориб: «Бу дурнинг жуфти борми? Биз сенга олдин берганимиздан икки баробар кўпроқ тўлаймиз», дейишди. Йигит уларнинг гапига ишонч ҳосил қилганидан кейин, ўзида яна бир дона дур борлигини маълум қилди. Подшоҳ одамлари сотиб олинган дурнинг жуфти учун олдингисидан икки баравар кўп ҳақ тўлашди.  Қиссадан ҳисса шуки, одобли ва тарбия кўрган бола ота-онасига хорлик келтирмайди, ўзи ҳам шараф гултожини кияди ва ота-онаси шаънига мақтовлар олиб келади. Чунки кўз олдида вояга етиб бораётган болага тўғри тарбия бермай, вақт ўтгандан кейин айбни бошқалардан қидириш танбал ва ялқов ота-оналарнинг баҳонасидир. Биринчи навбатда ота-она ўзи одоб ва тарбия кўрган бўлиши керак. Ўзи эга бўлмаган нарсани боладан кутиш ва уни одобли бўлишга ундаш ҳеч бир ақлга тўғри келмайди. Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳар бир бола фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади», дедилар. Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Демак, инсоний соф табиатнинг бузилиши биринчи навбатда уни едириб-ичирадиган ва тарбия берадиган ота-онасига боғлиқ. Кайковуснинг «Қобуснома»  асарида фарзанднинг ақлли бўлиши давлатманд бўлишидан кўра улуғроқ саналиб, шундай дейилган: «Агар молсизликдан қашшоқ бўлсанг, ақл жиҳатидан бой бўлмоққа ҳаракат қил, чунки мол ила бой бўлмоқдан ақл ила бой бўлмоқ яхшироқдур. Ақл ила мол жам этса бўлур, аммо мол ила ақл ўрганиб бўлмас. Билгил, ақл бир қимматбаҳо нарсаки, уни ўғри ололмас, у ўтда ёнмас ва сувда оқмас». Демак, бола тарбиясида мол ва бойликни танлашга тўғри келиб қолса, ақлни танлаш келгусида катта самара беради. Ота-она фарзандига меҳри баландлигидан уни ўз вақтида тергамайди, унча-бунча қилиғини ва айбларини яширади, шўхлик ва қайсарлик қилса, эркатойликка йўйиб, индамай қўйишади.

Тўғри, ҳар доим фарзандни қаттиқ қистовга олиб, жуда бездириб юбормаслик керак. Аммо одоб ва тарбия беришда қаттиқ турилмаса, вақт ўтгач ниҳолни эгиб олиш қийин бўлганидек, болани ҳам тўғри йўлга солиш осон бўлмайди. Айниқса, отадан кўра она болани дунёга келтириб, тарбиялашда кўпроқ жабр-ситам тортгани сабабли фарзандини ҳаддан зиёд яхши кўриши амалда исботини топган. Шу боис, оналар қалби фарзандга бениҳоя юмшоқ ва меҳри зиёда бўлади. Мана шу хизматлари учун мукофот ва ҳақларини адо этиш маъносида оналарга  кўпроқ меҳр-муҳаббат ва илтифот кўрсатишга буюрилди. Аллоҳ таоло яхшилик қилишда ота-онани тенг ва баробар кўришни, ҳар иккисига ҳам яхшилик қилишни қаттиқ тайинлади. Айтишларича, қадим-қадим замонда бир подшо кошона қурдиришни ихтиёр қилибди. Машҳур ҳунарманд усталарни ҳузурига чақириб, мақсадини айтибди. Усталар режа тузиб, тўғри ва кам-кўсти йўқ устун ахтаришиб, шаҳар ва қишлоқларни кезиб чиқишибди. Ниҳоят, ёлғиз яшовчи кекса аёл ҳовлисидаги азим теракни танлашибди. Кампирга тилла тангалар бериб, теракни олиб кетибдилар. Саройнинг ўртасига ўрнатилган теракка зарҳал нақшлар билан ишлов берилибди. Устун эса сарой чиройини яна ҳам очиб юборибди. Сарой битгач, одамлар уни томоша қилгани келишибди. Саройни кўриш учун келган кампир ҳам устунга қараб: «Тўғри ўсганинг учун мана шундай безаниб, эл эътиборини тортиб турибсан. Агар эгри бўлиб ўсганингда ўтиндан бошқага ярамай ёниб кул бўлардинг. Тўғрилик сенга шунчалар иззат-икром ато этди. Шу туфайли мен ҳам йўқчиликдан қутулиб, турмушим яхшиланиб кетди», деган экан.

Демак, бу дунёда ва охиратда бахт-саодат қозониш учун дастлаб ота-она ва фарзандлар муносабатини тўғри йўлга солиш ва уни имон-эътиқод тақозосига кўра барпо этиш кўзланган натижани беради. Энг аввало инсон ўзининг қаердан келгани ва бу дунёда нима учун яшашини теран англаб олмоғи керак. Ана шунда у ўзига нима фойдаю нима зиёнлигини тўғри ажратиб олади, яхши-ёмонни фарқлайди, ўзи мустақил ҳолда ҳаёт йўлидан юришни уддалайди. Шундан кейин у яхши амалларни қилиб, ёмон амалларни қилишдан тийилади. Шунинг учун оқу қорани ажратадиган ёшга етган йигит-қизларга кўпроқ насиҳат қилиниб, уларни ҳаётнинг ҳою ҳаваслари ўткинчи эканидан огоҳлантирилади. Айрим фарзандлар улғая боргани сари ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан бадахлоқ ва тарбиясиз бўлиб вояга етишади. Айниқса, интернет асрида болалар хулқи ва табиатини айнитадиган кўнгилочар ўйинлар кўплигини инобатга оладиган бўлсак, ота-она янада ҳушёрроқ бўлмаса, вақт бой берилганидан кейин афсус-надоматдан фойда бўлмайди. Ўзбек халқи дунёга не-не алломаларни етказиб бермаган дейсиз. Маълумки, юртимиз тарихда дунё илм-фани, маданияти ва маърифати бешикларидан бири сифатида ном қозонган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Алишер Навоий, Ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа кўплаб аллома ва мутафаккир зотларнинг ҳаёти билан танишсак, бу сўзимиз янада ўз исботини топиши аниқ. Чунки у зотлар ёшлик пайтидан муайян илм соҳасига қизиқиб, шу соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишганлар. Бу зотлар Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, ўша давр тақозо этадиган илмлар билан шуғулланганлари манбаларда зикр этилган. Шарқда илмга бундай эътибор унинг қадри ва мартабаси юқорилигини билдиради. Инсон учун илм ва одобдан ортиқ нажот йўлини кўрсатувчи омил бўлмаса керак. Бу дунё ва охиратнинг бахт-саодати ва банданинг нажот топиш йўли ҳар иккисини мукаммал ва етарли даражада эгаллаш билан боғлиқлигини тўғри англаб олмоқ лозим. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Дунёда илмдан ортиқ нажот борлигини билмайман», деганлар. Инсониятга нозил этилган Қуръони каримнинг илк оятларида ҳам бутун башарни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюрилган. Ҳадиси шарифларда ҳам илм, унинг қадри ва мартабаси улуғлиги эътироф этилган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёяди. Олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир.  Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмадилар. Улар илмни мерос қолдирдилар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим» (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг фаришталари илм йўлига кирган талабага қанотларини ёзиб, илтифот кўрсатиб, улуғлашлари хабарини бераяптилар. Шунинг учун, фарзанд дунёга келган онидан бошлаб унинг келгуси тақдири ҳақида қайғуриш, илмга ва бошқа фойдали меҳнатга муҳаббат уйғотмоқлик фойдадан холи эмас. Саҳобаи киромлар ва бошқа улуғлардан илмга доир ривоят қилинган жуда кўп ҳикматлар бор. Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Илм олинглар ва одамларга таълим беринглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозеъли бўлинг. Уламоларнинг жабборлари бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди». Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтди: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади». Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» («Бақара» сураси, 201-оят) деган ояти каримани: «Дунёдаги яхшиликдан мурод илм ва ибодат, охиратдаги яхшилик эса жаннатдир», деб тафсир қилган. Дарҳақиқат, намоз, рўза, закот, ҳаж, тасбеҳ, таҳлил каби ибодатлар улкан савобларга васила бўладиган улуғ ибодатлар саналади. Лекин бу ибодатлар тўхташи билан савоби ҳам тўхтайди. Илм аҳли вафот этса ҳам, одамлар унинг илмидан фойдаланар экан, йиллар ўтса ҳам савоби уларга етиб туради. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Инсоннинг илмга бўлган эҳтиёжи ичимлик ва таомга бўлган эҳтиёжидан кўпроқдир».

Ҳар бир банда Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни мукаммал адо этиши учун диний илм қаторида ўзи яшаётган жамиятга фойдали бўлган дунёвий илмларни ҳам пухта эгаллаши фарздир. Баъзилар  илм деганда фақат диний илмларни тушуниб, мусулмончиликда дунёвий фанлар ўрни ҳақида тўғри мулоҳаза юритмайди. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг яратган илми бўлиб, бир-биридан асло ажралмайди. Саҳобаи киромларнинг ҳаётларига назар ташласак, Пайғамбаримиз диний билимларни ўрганиш қаторида, оиласини боқиш учун касб-ҳунарни тарк этмаганларини кўрамиз. Пайғамбаримиз алаҳиссалом диний таълим бериб, уларни дунёси учун фойдали ишлардан қайтармаганлар, аксинча илм билан бирга турли касб-ҳунар соҳаларини пухта эгаллашга ундаганлар.  Али  розияллоҳу анҳу ҳам бу борада: «Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар», деди. Шундай экан, илм олишга интилиш ва унга амал қилиш лозим. Дунёдаги энг ёмон нарса жаҳолатдир. Бундан-да ёмонроғи ўзининг билимсизлигини тан олмасликдир. Зеро, илм кишини зулмат қаъридан ёруғлик сари етаклайдиган маёқдир. Шунинг учун айтиш мумкинки, балоғат даврини ҳар бир йигит-қизга ҳаётда ўз йўлини топиб олиш ва келажакда қийналмаслиги учун берилган қимматли ва бебаҳо муҳлат деб қараш керак. Ўз қимматли вақтини бекорчи ва ҳавойи ишларга сарфламаган йигит-қизлар ҳаётда қоқилмайди. Аниқки, бу вақтни ўйнаб-кулиб, давру даврон суриб қолиш керак, деб ўйлаш калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас. Вақт бой берилганидан кейин айбни атроф-муҳитдан қидиришга одатланиш эса жуда хунук одатдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки исломда қирқ йил умр кечирса, Аллоҳ таоло ундан уч хил балони кеткизади, жиннилик, мохов ва пес касалига чалинмайди. Агар эллик ёшга етса, Аллоҳ таоло унга ҳисобни енгил қилади. Агар олтмиш ёшга етса, Аллоҳ таоло Ўзи яхши кўрган нарсага қайтариш билан ризқлантиради. Агар етмиш ёшга этса, Аллоҳ таоло ва осмон аҳли уни яхши кўради. Агар саксон ёшга етса, Аллоҳ таоло унинг яхшиликларини қабул қилиб, ёмонликларини кечиради. Агар тўқсон ёшга этса, Аллоҳ таоло аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ҳамда  «Аллоҳнинг ердаги асири» деб номланади. Аҳли байтини шафоат қилади», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Мана шу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, бу дунёда Аллоҳ таолонинг буюрганларини қилиб, буюрмаганларини қилмаслик билан инсоннинг умри зиёда бўлиб, улкан ажр-савобларни қўлга киритиб боради. Бунинг учун дастлаб тамал тошни тўғри қўйиб, амал иморатини илм ва одоб асосига қуриш лозим бўлади.  Олдинроқ айтиб ўтганимизга кўра, Аллоҳ таоло кимга қанча умр беришини олдиндан билиб бўлмайди. Бунинг сири ва ҳикмати инсон зотидан сир тутилган. Шунинг учун банданинг ҳали кўп яшайман, фалон вақтда фалон ишларни бажараман, ҳозирча бузуқ ва фаҳш ишларни қилиб юрган бўлсам, тавба қилиб олишимга вақтим етарли, менга ҳам инсоф бериб, солиҳ ва яхши амалларни қилишга ўтаман, деб ўйлаши катта хатодир. Чунки инсоннинг қанча ҳаёт кечириши ҳеч кимга маълум эмас. Бугун бор одам эртага йўқ. Шунинг учун улуғ зотлар умрнинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланиб, уни яхши амаллар билан безаб боришни тавсия этадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Яхшиларингиз ҳақида хабар берайми?», – дедилар. Улар: «Ҳа, Аллоҳнинг Расули», – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сизларнинг яхшиларингиз умри узунларингиздир, агар яхши амал қилган бўлсалар», – дедилар. Мана шу ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, узоқ умр кечиришни хоҳламайдиган инсон йўқ. Аммо фақат узоқ яшаш ҳақида ўйламасдан уни мазмунли ва ибратли кечиришни ҳам ўйлаб кўриш ва унга жиддий эътибор қаратиш керак. Агар бир кишига узоқ ҳаёт кечириш насиб этган бўлса-ю, уни ёмон амаллар билан тўлдирган бўлса, бундай яшалган узоқ умрдан унга нима фойда етади? Бундай умр унга яхшилик эмас, балки охиратда азоб-уқубат ва лаънат олиб келиши тайин. Агар узоқ умр кечириб, уни яхшилик ва солиҳликда кечирган бўлса, одамлар ва жамият ундан манфаат кўрган бўлса, бундай кечирилган умр ўз эгасига бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам катта ажр-савоб ва мақтовлар келтиради. Шунинг учун, бу дунёдан ўтган одамни қабрга қўйишдан олдин қанча умр кўришидан қатъи назар, йиғилган халойиқдан: «Бу қандай одам эди?» – деб сўралади. Демак, бу дунё яхши ва солиҳ амаллар қилишга берилган имкониятдир. Шунинг учун инсонга берилган умр ва ҳаёт бир синов ва имтиҳон, деб айтилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни қорнида қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Эй, Раббим!  Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», дейди». («Аҳқоф» сураси, 15-оят). Мазкур ояти каримада ота-она ва фарзанднинг ўзаро муносабатлари, бир-бирининг ҳақларини адо этишлари ҳақида сўз боради. Дастлаб ота-онанинг фарзанд дунёга келгунига қадар чеккан заҳмати ва изтироблари тилга олиниб, ундан кейин фарзанд ҳақига қилган дуолари билдирилмоқда. Ота-она фарзанд ҳақини ўз вақтида чиройли ва хуш ҳолда адо этганидек, фарзанд ҳам ота-онаси ҳақини худди шу суратда, балки ундан ҳам зиёдароқ ҳолда адо этиши икки дунё саодатига мушарраф этади. Бунинг қай даражада улуғ ва савобли иш эканини кўпчилик англамайди, англаган тақдирда ҳам, лоқайдлик ва бепарволик туфайли эътибордан четда қолдиради. Фарзанд ота-онасига бирор оғиз ёқимсиз сўз айтмаслиги, ота-онаси дилига озор етказмаслик учун олдиларида ўзининг ғам-ташвиши борлигини билдирувчи «уфф»  деган овозни ҳам чиқармаслиги лозим. Ҳатто ота-онага нисбатан қўпол муомала қилиш ва юзларига тик қараш шариатимизда қораланган. Ота-онага доимо мулойим муносабатда бўлиш, ширин сўзларни айтиш фарзанд учун вожибдир.  Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут…» («Исро» сураси, 24-оят).

     Ота-она ўз фарзандининг бу дунё ва охиратда бадбахт бўлиб қолмаслиги учун ўз роҳати ва оромидан кечиб, туну кун шу йўлда меҳнат-машаққат чеккан бўлса, фарзанд учун ота-она ҳақини таниб, уларнинг хизматини бажо келтириш ва қалбига сурур улашиш ҳар икки дунё саодатини қозонишда жуда катта имкониятдир. Дунёга келишига сабабчи бўлган ва бу йўлда машаққат юкини кўтарган ота-она меҳнатларини мукофотлаш, ҳақларини адо этиш бахтли ҳаёт кечириш омилларидан биридир. Бу бахт бу дунё учунгина эмас, балки охиратга ҳам татийди. Ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, фарзанд ота-она ҳақини тўлиқ адо этиши қийин. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: «Абу Ҳурайра икки кишини кўриб, бирига: «Бу киминг бўлади?», – деди. «Отам», деди у. «Ундай бўлса, исмини айтиб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан олдин ўтирма», – деб насиҳат қилди»  (Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган).

      Фарзанд ота-онасига ҳурмат билан «отажон», «онажон», дея ёки бошқа эҳтиром маъносидаги сўзлар ила мурожаат қилиши лозим. Бошқаларнинг исмини айтгандек, ота-онаси исмини айтиш мусулмончилик одобига тўғри келмайди. Шунингдек, кўча-кўйда кетаётганда ота-онадан олдинга ўтиб кетиш, ўтирганда ҳам ота-онадан олдин ўтириб олиш одобдан эмас. Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади: «Мадина ҳокими Марвон ибн Ҳакам исмли киши бир жойга кетса, ўз ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ҳоким қилиб қўйиб кетар эди.  Онаси бир уйда, ўзи бир уйда яшар эди. Уйидан чиқмоқчи бўлса, онаси олдига бориб: «Ассалому алайки ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу, онажон!» – дер эди. Онаси ҳам: «Ва алайка ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу, ўғилгинам!» – дерди. «Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!», – дерди. Онаси ҳам: «Кексайганимда қилаётган яхшиликларинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!», дер эди. Уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди» (Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган). Ўша улуғ саҳобий, катта обрў эгаси бўлган, ҳузурида амирлар таъзим қиладиган зот онаси олдида ўзини қандай хокисор тутишини кўриб қўйинг! Уйидан ҳар чиқишида онаси остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди. Унинг бу гўзал одати асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг ҳам одатига айланганлиги фахримиз боисидир. Эрталаб ишга кетишда ота-онасидан хабар олиб, дуоси ва ижозатини олиб ишга кетадиганлар, шуни ўзига одат қилиб олганлар ишларида унум ва барака бўлиб, ҳаётда турли бало-офатлардан омонда юрадилар. Ота-онанинг дуоси ўқдек етиб боради, дейилгани ҳақиқатдир. Бундай одоб намунасини фақат мусулмон фарзандлари, башарият муаллими таълим берган «мадрасаи Муҳаммадия»нинг талабалари қилишлари мумкин, холос. Абу Бурда ибн Абу Муҳаййид ал-Ашъарий айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар яманлик бир кишининг ўз онасини елкасига опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибди. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юрар экан:

Онаизорим учун бўйнини эгган теваман,

Минган онам ҳориса-да, мен ҳоримасман.

Буни ўқир экан, Абдуллоҳга қараб: «Эй, Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан онам ҳақини адо қила олдимми?» – деб сўрабди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Йўқ, бу хизматинг онанг сени туғиш пайтида бошидан кечирган тўлғоқлардан биттасига ҳам тенг бўлолмайди»,– дебдилар». (Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Раббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Раббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар» (Термизий ривояти).  Бу ҳадиси шарифдан Раббнинг розилиги ота-она розилигига, У Зотнинг норозилиги ота-она норозилигига боғлиқлиги англанади. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса-ю (уларга яхшилик қилиб), савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини келтирган бўлса, ундан рози бўлмагунларича Аллоҳ рози бўлмайди», – деди. «Ота-она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?» – дейишди. «Зулм қилган бўлсалар ҳам»,– деди». Бухорийнинг «Адабул муфрад» ида ривоят қилинган.

 

“Боқий дунё  саодати”
Дониёр Файз

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимАраб тилида психология илмун нафсrdquo, яъни нафсни ўрганиш илмиrdquo деб аталади. Инсон жасад, руҳ ва нафсдан ташкил топади. Ҳозир давоми...

10011 13:56 / 24.03.2017
Баъзи уламолар айтади халқ уч нарса билан Аллоҳдан тўсилади.1. Дунёни яхши кўришлик билан2. Раисликни бошлиқликни талаб қилиш билан3. Аёлларга итоат қилиш давоми...

2789 09:55 / 25.03.2017
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин, У Зот бандаларига ҳалол касбни ва ҳаромдан қочишни амр қилди.Ҳалол яшаш йўлларини умматларига давоми...

2656 10:10 / 24.03.2017
Каттаю кичик, барча гуноҳларнинг асллари учтадир 1. Қалбнинг Аллоҳдан бошқага боғланиши.2. Ғазаб. 3. Шаҳват.Булар ширк, зулм ва фаҳш ишлардир. Аллоҳдан бошқага давоми...

3006 16:45 / 27.03.2017