1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун саодатдир

15:28 / 22.04.2017 6089 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам ота онага яхшилик қилиш буюрилган. Уламоларимиз динимизда буюрилган амалларда бандалар учун албатта манфаатлар бордир, деганлар. Яъни, динимизда қайси бир ишни қилишга буйруқ келган бўлса, ўша ишни бажарган киши албатта ундан манфаат олади.  Демак уламоларимизнинг сўзларига кўра ота-онасига яхшилик қилган фарзанд бу ишидан албатта манфаат олади. Шу маънода ота-онасига яхшилик қилган фарзанд қуйидаги улуғ манфаатларга эришади:

1.    Ота-онасига яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг бошига тушган кулфатлари аритилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун ҳалокатдан қутулиш воситаси экани ҳақида шундай деганлар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ « بَيْنَمَا ثَلاَثَةُ نَفَرٍ يَتَمَشَّوْنَ أَخَذَهُمُ الْمَطَرُ فَأَوَوْا إِلَى غَارٍ فِى جَبَلٍ فَانْحَطَّتْ عَلَى فَمِ غَارِهِمْ صَخْرَةٌ مِنَ الْجَبَلِ فَانْطَبَقَتْ عَلَيْهِمْ فَقَالَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ انْظُرُوا أَعْمَالاً عَمِلْتُمُوهَا صَالِحَةً لِلَّهِ فَادْعُوا اللَّهَ تَعَالَى بِهَا لَعَلَّ اللَّهَ يَفْرُجُهَا عَنْكُمْ. فَقَالَ أَحَدُهُمُ اللَّهُمَّ إِنَّهُ كَانَ لِى وَالِدَانِ شَيْخَانِ كَبِيرَانِ وَامْرَأَتِى وَلِىَ صِبْيَةٌ صِغَارٌ أَرْعَى عَلَيْهِمْ فَإِذَا أَرَحْتُ عَلَيْهِمْ حَلَبْتُ فَبَدَأْتُ بِوَالِدَىَّ فَسَقَيْتُهُمَا قَبْلَ بَنِىَّ وَأَنَّهُ نَأَى بِى ذَاتَ يَوْمٍ الشَّجَرُ فَلَمْ آتِ حَتَّى أَمْسَيْتُ فَوَجَدْتُهُمَا قَدْ نَامَا فَحَلَبْتُ كَمَا كُنْتُ أَحْلُبُ فَجِئْتُ بِالْحِلاَبِ فَقُمْتُ عِنْدَ رُءُوسِهِمَا أَكْرَهُ أَنْ أُوقِظَهُمَا مِنْ نَوْمِهِمَا وَأَكْرَهُ أَنْ أَسْقِىَ الصِّبْيَةَ قَبْلَهُمَا وَالصِّبْيَةُ يَتَضَاغَوْنَ عِنْدَ قَدَمَىَّ فَلَمْ يَزَلْ ذَلِكَ دَأْبِى وَدَأْبَهُمْ حَتَّى طَلَعَ الْفَجْرُ فَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنِّى فَعَلْتُ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ وَجْهِكَ فَافْرُجْ لَنَا مِنْهَا فُرْجَةً نَرَى مِنْهَا السَّمَاءَ. فَفَرَجَ اللَّهُ مِنْهَا فُرْجَةً فَرَأَوْا مِنْهَا السَّمَاءَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Уч нафар киши кетиб боришарди. Ёмғирда қолишиб тоғдаги бир ғорга кириб олдилар. Шу пайт тоғдан бир қоя тош улар яширинган ғорнинг оғзига қулаб тушиб уларни ичкарига бекитиб қўйди. Шунда улар бир-бирларига: - Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингни ўйлаб кўринглар, ўшаларни восита қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шояд Аллоҳ сизлардан буни аритса, дейишди. Улардан бири шундай деди: - эй Аллоҳим, менинг ёшлари улғайган кекса ота онам, аёлим ҳамда ёш болаларим бор эди. Чўпонлик қилиб уларга озуқа келтирар эдим. Қачон молларни яйловдан қайтариб келсам сут соғиб олар ва болаларимдан олдин ота онамга сут берар эдим. Бир куни узоқдаги дарахтларга кетиб қолибман. Уйга кеч қайтдим, келганимда ота онам ухлаб қолишган эди. Одатдагидек сут соғиб олдим. Сут идишни олиб келиб уларнинг бошларида турдим. Уларни уйқуларидан уйғотишни хоҳламадим, улардан олдин болаларимга сут беришни ҳам истамадим. Болаларим оёқларим олдида йиғлаб туришарди. Мен ҳам, улар ҳам шу ҳолатда то тонг отгунча турган эдик. Агар ўша ишимни Сенинг розилигингни истаб қилганимни  билсанг бундан бизга бир тешик очгин ундан самони кўрайлик. Аллоҳ ундан бир тешик очди, улар у тешикдан самони кўрдилар. Муслим ривояти.          

2.    Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг гуноҳи кабираларига каффорот бўлади. Ота онага яхшилик қилиш фарзанд учун қанчалар муҳим экани ҳақида машҳур саҳобий Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:  

عن ابن عباس أنه جاءه رجل فقال : إني خطبت امرأة فأبت تنكحني وخطبها غيري فأحبت أن تنكحه فغرت عليها ، فقتلتها فهل لي من توبة ؟ قال : « أمك حية ؟ » قال : لا قال : تب إلى الله عز وجل وتقرب إليه فذهب الرجل ، قال عطاء : فسألت ابن عباس عن حياة أمه ، فقال : « إني لا أعلم عملا أقرب إلى الله من بر الوالدة »  رواه البخاري في الادب المفرد

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнларига бир киши келиб: мен бир аёлга совчи қўйдим. У мен билан никоҳланишдан бош тортди. Бошқа бир киши совчи қўйган эди у билан никоҳланишни маъқул кўрди. Рашким келиб у аёлни ўлдириб қўйдим. Менга бирор тавба қилиш (имкони) борми, деди. Шунда у зот: - онанг ҳаётми, дедилар. У:- йўқ, деди. У зот:- Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва Унга муқарраб бўл, дедилар. У киши кетди. Ато айтади: Ибн Аббосдан у кишининг онасининг ҳаётини нима учун суриштиргани сўрадим. У зот: мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳга муқарраброқ бирор амални билмайман, деб жавоб бердилар. Бухорий "Адабул муфрад"да ривоят қилган.

3.    Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узун бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ота онага яхшилик қилишнинг мукофоти қанчалар катта бўлиши ҳақида шундай деганлар:  

عن أنس بن مالك قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : من أحب أن يمد الله في عمره و يزيد في رزقه فليبر والديه و ليصل رحمه    رَوَاهُ الْبَيْهَقِي

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ким Аллоҳ таоло унинг умрини узун, ризқини зиёда қилишини яхши кўрса, ота онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин. Байҳақий ривояти. 

4.    Ота-онанинг дуосини олиш фарзанднинг дунё ва охирати обод бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандни отасининг хайрли дуосини олишга ундаб шундай деганлар: 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ « ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لاَ شَكَّ فِيهِنَّ دَعْوَةُ الْوَالِدِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ وَدَعْوَةُ الْمَظْلُومِ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: учта дуо мустажобдир улар(нинг ижобат бўлиши)да бирор шак йўқдир. Отанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси. Абу Давуд ривояти.  

5.    Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг қилган амаллари қабул бўлишига ва  гуноҳлари кечирилиб жаннатга киришига сабаб бўлади. Ота-онасига яхшилик қилувчи фарзандга жаннат ваъдаси берилган: 

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا وَحَمْلُهُ وَفِصَالُهُ ثَلَاثُونَ شَهْرًا حَتَّى إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَبَلَغَ أَرْبَعِينَ سَنَةً قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ (15) أُولَئِكَ الَّذِينَ نَتَقَبَّلُ عَنْهُمْ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَنَتَجَاوَزُ عَنْ سَيِّئَاتِهِمْ فِي أَصْحَابِ الْجَنَّةِ وَعْدَ الصِّدْقِ الَّذِي كَانُوا يُوعَدُونَ (16)

Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи, у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида : " Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман", деди. Ана ўшаларнинг энг яхши амалларини қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир . 

Ушбу улуғ мукофотларга динимизда буюрилганидек ота-онага яхшилик қилиш орқали эришилади. Шунга кўра ота-онага яхшилик қилиш аслида фарзанднинг ўзи учун улкан саодат ҳисобланади. Шу маънода айтиш мумкинки, динимиз таълимотлари фарзандларни ота-оналарига яхшилик қилишга буюриш орқали барчани ана шу бахту саодатга чорлаб туради:      

•    Кимки бошига тушадиган кулфатлардан халос бўлишни хоҳласа, албатта ота-онасига яхшилик қилсин;

•    Кимки қилиб қўйган гуноҳлари мағфират қилинишини истаса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин;

•    Кимки ризқи кенг ва умри узун бўлиши учун ҳаракат қилаётган бўлса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин;

•    Кимки дунёси ҳам, охирати ҳам обод бўлиши учун интилаётган бўлса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин;

•    Кимки қилган амаллари қабул бўлиши,  гуноҳлари кечирилиши ва жаннатга кириши учун уринаётган бўлса, албатта ота-онасига яхшилик қилсин.

Шу ўринда қайси ишларни бажариш ота-онага яхшилик қилиш ҳисобланиши ҳақида ҳам савол пайдо бўлиши табийдир. Уламоларимиз ота-онага яхшилик қилиш асосан қуйидаги ишларни адо этиш билан бўлишини баён қилганлар: 

1.    Ота-онага холис ният билан яхшилик қилиш; Яъни улар дунёга келишларига сабаб бўлганлари учунгина эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун яхшилик қилиш.  

2.    Ота-онани яхши кўриб улуғлаш;

3.    Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ўринларда уларга итоат этиш;

4.    Ота-онага тавозеъли бўлиш;

5.    Ота-она хурсанд бўладиган ишларни қилиш;

6.    Ота-онадан олдин овқатланмаслик;

7.    Ота-онанинг ҳузурига киришда ҳам, чиқишда ҳам салом бериш;

8.    Ота-онанинг олдида овозини баландлатмаслик;

9.    Ота-она учун молини сарфлаш; 

10.     Ота-она яхши кўрадиган кишиларга ҳам яхшилик қилиш;

11.      Сафарга ота-онанинг дуоларини олиб чиқиш;

12.     Ота-она шариатга мувофиқ қасам ичган бўлсалар уни адо этиш учун ҳаракат қилиш;

13.      Ота-онанинг жаҳллари чиқадиган ишларни қилмаслик;

14.     Ота-онани исмлари билан чақирмаслик;

15.     Ота-онани камситадиган ишлардан сақланиш;

16.     Ота-она вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақларини сақлаш.

Вафот этиб кетган ота-оналарнинг ҳақларини сақлаш қуйидаги ишлар билан амалга оширилади:

•    Улар ҳаққига хайрли дуолар қилиб юриш;

•    Васиятларини адо этиш;

•    Уларнинг дўстларига яхшилик қилиб юриш;

•    Улар орқали бўлган қариндошлик алоқаларини сақлаш;

•    Улар номидан садақа қилиб туриш;

•    Уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш. 

Аллоҳ таоло бизларни ҳам, фарзандларимизни ҳам ота-онага яхшилик қилиш бахтига муваффақ қилсин. 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.


Абдулқодир Абдур Раҳим 



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният давоми...

8579 10:31 / 24.03.2017
Келинкуёв никоҳ вақтида бирбирларининг қўлларига узук тақиш одатини халқимиз ўрислардан ўрганган. Бунинг христианликка алоқаси борми Нима учун узук айнан давоми...

5428 14:21 / 15.03.2017
...Қумсоатга ўхшаб ўтиб бораётган умримиз бирор лаҳза ҳам тўхтаб турмайди. Бу қумсоат яшаётган ҳаётини мангу деб ўйлайдиганлар устидан куладиган соатдир. Бу соат давоми...

4458 09:59 / 24.03.2017
Аллоҳ Таоло қудсий ҳадисда бундай марҳамат қилган Мени бандам қандай гумон қилса, Мен шундайман. Мени зикр қилганида, у билан биргаман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, давоми...

2721 11:48 / 27.03.2017