1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ибн Масъуд хусусида айтилган гап-сўзлар ва уларнинг рад қилиниши

09:36 / 22.03.2017 2927 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломга алоқадор барча ишларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган жамики ҳукмларни бир саҳобанинг илми қамраб ололмаслигини оқил кишилар тушунадилар, бу хусусда улар ихтилофга бормайдилар.

Шунингдек, улар дин ҳукмини фақат битта саҳобадан оламан деб, бошқасидан қабул қилиш имконини тарк этиш ҳам катта хато эканини англайдилар. Саҳиҳ назар ва соғлом мавқиф шуки, биз дин ҳукмларини саҳобаларнинг барчасидан олаверамиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам динни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабул қилган бўлиб, Исломда баробардирлар. Бири диққат қилмаган нарсага бошқа бири эътибор берган, бири унутган нарсани яна бошқа бири ёдда саклаб қолган. Мусулмонлар юрган ва ақл эгалари рози бўладиган тўғри йўл мана шудир.
Аммо саҳобалардан бирор кишида қандайдир қосирликни ёки бошқаси билган нарса унинг эътиборидан четда қолганини кўрсак, одоб тақозо қиладиган йўл шуки, бу хусусда баҳс юритишга шошмаслигимиз, унинг барча амалларини бекорга чиқариб, ўзимиз билмаган нарса ҳақида бемаъни гапларни валдирамаслигимиз лозим. Афсуски, баъзилар ўша азизларга тил теккизиб, уларнинг илми хусусида ҳар хил гап-сўзларни айтишга журъат қилади.
Келинг, шу ўринда, Ибн Масъуд ҳақида айтилган баъзи гапларни нақл қилиб, Аллоҳ таолодан ёрдам тилаган ҳолда, масалани ҳақ юзасидан баён этайлик. Сўнгра бу улуғ саҳобий ҳақидаги ноўрин гап-сўзларга нуқта қўйиб, уни туҳматлардан поклайлик, шубҳаю гумонлардан фориғ бўлайлик.
Аз-Зайлаъий «Насбурройи» китобида рукуга энгашиш ва рукудан тик бўлаётган вақтда «рафъул йадайн» (икки қўлни кўкрак баробарида кўтариб такбир айтиш) ҳақидаги ҳадис хусусида гапиради ва Ибн Масъуд «рафъул йадайн» қилмаганини нақл қилиб, «Ат-Танқих» асари соҳиби фақиҳ Абу Бакр ибн Исҳоқ (Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Аййуб Найсабурий «Сабағий» номи билан машҳур бўлиб, шофеъий фақиҳлардан) бу ҳақда шундай деганини айтади: «Бу эшитишга ҳам арзимайдиган сабабдир. Чунки «рафъул йадайн» қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин хулафойи рошидинлардан, кейин саҳоба ва тобеинлардан саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Ибн Масъуднинг «рафъул йадайн»ни унутган бўлишига ажабланмаслик керак. Чунки у мусулмонлар ҳали ихтилофга бормаган масалани, яъни «муъаввизатайн» (Фалақ ва Ан-Нос суралари) ҳам Қуръон сураларидан эканини ҳам унутган-ку! Татбиқнинг (рукуда бармоқлар орасини ёпиб туриш) насх (бекор) бўлганига уламолар иттифоқ қилишган, лекин Ибн Масъуд унутган-ку! Шунингдек, Ибн Масъуд имомга иқтидо қилувчи кишилар икки нафар бўлса, улар имомнинг орқасида қандай туришини ҳам унутган. Ибн Масъуд уламолар ихтилоф қилмаган масала — Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг наҳр (Қурбон ҳайити) куни бомдод намозини ўз вақтида адо қилганини ва Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккита намозни қандай жамлаганларини ҳам унутган. Яна Ибн Масъуд саждада тирсак ва билакларни ерга қўйиш каби уламолар ихтилофга бормаган масалани, Вал-лайл сурасининг, 3-оятини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай ўқиганларини ҳам унутган. Демак, Ибн Масъуд ушбу амалларни унутган экан, шунга ўхшаш намозда «рафъул йадайн»ни ҳам унутган бўлиши мумкин-ку!»
Бундай гаплар шу нуқтада тўхтаса ва қўлдан-қўлга ўтиб юрувчи нодир китоб саҳифаларида ёпиқлигича қолса қанийди... Афсуски замондошимиз «Фиқҳус-сунна» китобининг соҳиби бу гап-сўзларни ҳеч бир изоҳсиз, ҳарфма-ҳарф нақл қилади. Устига устак, мазкур китоб кенг оммага мўлжалланган бўлиб, одамлар орасида тез тарқалди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ билан боғлиқ ўринларда ўзига хос ёрқин сувратда гавдаланган Ибн Масъуд ҳақида бундай гап-сўзларни ўқиган одамлар қандай хаёлларга бормайди дейсиз? Энди бу гапларга ишонган ўқувчининг қалбида бошқа саҳобаларнинг илмига нисбатан ҳам шубҳа уйғонмайди, деб ким кафолат бера олади? Албатта, Ибн Масъуд ҳам баъзи ҳукмларни назардан қочирган бўлиши мумкин, бу ажабланарли эмас. Чунки, бундай ҳолатлар аксар саҳобаларда воқе бўлган. Абу Бакр Сиддиқдан буви, яъни онанинг онаси қанча мерос олиши ҳақида сўралганида айтган эди: «Аллоҳнинг Китобида онанинг онаси бирон мерос олади, деган гап йўқ. Лекин одамлардан сўраб кўраман». Кейин у саҳобалардан сўради. Муғира ибн Шўъба ва Муҳаммад ибн Маслама Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Онанинг онаси мероснинг олтидан бирини олади», деганларига гувоҳлик беришди. Абу Бакр бу ҳукмни аёлга етказди.
Ҳазрати Умар хун ҳақи олинганида бармоқлар ўртасида фарқ бўлишини ирода қилди. Шунда баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бош бармоқ ва жимжилоқ баравардир, ҳар бир бармоқ учун унта туя хун ҳақи тўланади», деб айтганларига гувоҳмиз дейишди. Умарул Форуқ бу ҳукмни қабул қилди.
Саъд ибн Маржонадан ривоят қилинади: «Ибн Умарникида эдим. Ибн Умар: «Ичингиздаги нарсами хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади» (Бақара, 284), оятини тиловат қидди. Кейин: «Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ бизни ушбу (ҳисоб-китоб) билан ушласа, албатта, барчамиз ҳалок бўламиз!» деди. Сўнгра ҳўнграб йиғлади. Кейин мен Ибн Аббоснинг олдига бордим. Унга Ибн Умар айтган гапларни эслатдим. Ибн Аббос айтди: «Аллоҳ Абу Абдураҳмонни мағфират қилеин. Умримга қасамки, ушбу оят нозил бўлиши билан мусулмонлар нақадар саодат топдилар: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага хаклиф қилмайди» (Бақара, 286-оят )
Ҳазрати Али ва Ибн Аббос эри вафот этган, ҳомиладор аёл тўрт ойу ўн кун идда сақлашини айтишган. Ҳолбуки, ҳомиладорлик туфайли идда бу муддат билан ниҳояланмайди. Хуллас, бундай ҳолатлар бўлган. Ёки Ибн Исҳоқнинг айтишича, бу ҳам унутишмикан? Бу ўринда: «Битта саҳобийнинг ёлғиз ўзи Исломнинг жамъи илмларини қамраб ололмайди, ҳамманинг илми жамлансагина Ислом туда, бир бутун ҳодда гавдаланади», дейиш тўғрироқ эмасми?
Ҳақ гап шуки, на Ибн Масъуд ва на бошқаларнинг бундай «унутишлар»идан ажабланиш ноўрин. Чунки унутиш инсонга Одам Атодан мерос, Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, биз илгари Одам билан (жаннатдаги бир дарахтга яқин келмаслиги ҳақида) аҳдлашган эдик, у (аҳдини) унутдн ва Биз унинг қасд субутини кўрмадик» (Тоҳа, 115-оят).
Лекин Абу Бакр ибн Исҳоқ айтаётган «унутиш» ўта ажабланарлидир. Чунки бу ерда у «ёдда сақлаш» тушунчасининг зидди бўлган асл маънодаги «унутиш»ни ёки «умуман бехабарлик, билмаслик»ни ирода қиляпти. Қайси бирини айтмасин, бу жуда ажабланарлидир.
Аввало, Имом Шофъий раҳматуллоҳи алайҳнинг саҳобалар ҳақида айтганларини эслайлик. Токи олим ўзидан олимроқ ва фозилроқ устоз олдида қандай одоб сақлаши лозимлиги аён бўлсин. Имом Шофъий айтадилар: «Саҳобалар бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини олиб келдилар. Аллоҳнинг Расулига ваҳий нозил бўлаётган пайтда гувоҳ бўлдилар Улар умум ва хос жиҳатидан, азм этиш ва кўрсатма бериш жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нимани ирода қилганларини, яъни биз билмаган нарсаларни билар эдилар. Улар ҳар қандай илмда ижтиҳодда, тақвода, ақлда биздан устундирлар. Уларнинг раъйлари бизникидан авлороқ, мақтовга лойиқроқдир».
Энди Ибн Исҳоқ айттан масалалар хусусида алоҳида-алоҳида тўхталамиз.
1. «Рукуга энгашишдан олдин ва рукудан кутарилаётганда «рафъул йадайн»ни унутди», деган қавл хусусида.
Бу унутиш эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аҳли байтлари каби яқин бўлиб кетган, фарзу нафл намозларни доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга адо қилган, кечалари бедор бўлган, жамоат намозини тарк этмаган, аввалги сафда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилган, у зотнинг амали бўйича амал қилган Ибн Масъуддек бир саҳобий Расулуллоҳнинг рукуга энгашаётганларида ва рукудан тик бўлаётганларида, кейинроқ Абу Бакр ва Умарнинг ҳам «рафъул йадайн» қилганларини кўрса-ю, қўққисдан буларни унутса ёки булардан бехабар бўлса? Фараз қилинг, ҳар куни ҳар намозда бир амал эсга олинса, Ибн Масъуднинг олдида, ўнг ва чап томонида ҳам шу амал бажарилса, салкам йигирма йил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан уни адо қилган бўлса-ю, кейин бирдан унутса? Ажабо! Шундай мақомда бўлган саҳобанинг бирор амални қандай унутиши ёки ундан бехабар қолиши мумкинлигини бизга биров тушунтириб берса қанийди?..
Йўқ, бу унутиш эмас. Шунча йил ҳар куни бир неча марта қилинган амални унутиш фақатгина хотираси «занглаб», умуман йўқ бўлиб кетган кишидагина юз бериши мумкин. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақида, айниқса, Исломда энг аввалгилардан, доимо Пайғамбаримиз суҳбатларида бўлган, саҳобалар орасида Қуръонни билгувчироқ деб тан олинган киши ҳақида бундай ўйга борса, биз Аллоҳдан унга ҳидоят тилаймиз.
Яна шуни айтиш керакки, «рафъул йадайн» қилмаган биргина Ибн Масъуд эмас. Имом Термизий айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеинлардан бир қанча илм аҳллари ҳам «рафъул йадайн» қилмаслик раъйида эдилар. Бу Суфён Саврий ва аҳли Кўфанинг қавлидир». Ибн Абу Шийба ўз мусаннафотида фақат такбири таҳримада «рафъул йадайн» қилинганини Алидан, Ибн Масъуддан, Алқамадан, Шаъбийдан, Иброҳим Нахаъийдан, Ҳайсамадан, Райе ибн Абу Ҳозимдан, Абу Исҳоқ Сабиъийдан ривоят қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бу қавллардан маълум бўладики, «рафъул йадайн» қилиш ҳам, «рафъул йадайн» қилмаслик ҳам мумкин, иккаласи ҳам жоиз.
2. «Муъаввизатайн»нинг «унутилиши» ва Вал-лайл сураси учинчи оятини қандай қироат қилгани ҳақида китобнинг тўртинчи фаслида батафсил тўхталган эдик.
3. «Татбиқ» (рукуда бармоқларнинг орасини очмай, ёпиқ тутиш) амалининг насх этилганига уламолар иттифоқ қилган-у, лекин Ибн Масъуд буни унутган», Деган қавл хусусида:
Асвад ва Алқамадан шундай ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъудни ҳовдисида учратдик. У:
- Анавилар ҳам сизларнинг орқангизда туриб намоз Ўқидими? - деб сўради.
- Йўқ, — дедик биз. Шунда Ибн Масъуд:
- Туринглар, намозни ўқинглар, — деди-ю, лекин на азон ва на иқоматни бизга буюрди.
Намоз ўқиш учун Ибн Масъуднинг ортидан сафландик. Ибн Масъуд қўлимиздан ушлаб, биттамизни ўнг томонига, биттамизни чап томонига ўгказди. Рукуда бармоқларимизнинг орасини очиб, тиззага қўйдик. Шунда Ибн Масъуд қўлларимизга урди ва бармоқдари орасини ёпди. Кейин иккала кафгини сонларига қўйди. Бошқа бир ривоятда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилаётган пайтда гўёки мен бармоклари орасининг очикдигини кўрар эдим», дейди у.
Қаранг! Бу ерда қандай унутиш бўлиши мумкин? Бу ерда унутиш эмас, балки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «татбиқ» хусусидаги суннатини эсга солиш бўляпти. Фараз қилинг, Ибн Масъуд Пайғамбаримиз-нинг руку ҳолатида бармоклари ораси очиқ турганига назар соляпти ва натижада бир суннатдан бошқачароқ яна бир суннатни эслатяпти.
Кўпинча «татбиқ»нинг бекор бўлгани масаласида Мусъаб ибн Саъддан ривоят қилинган Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳадисига асосланилади: «Рукуда бармоқларим орасини ёпиб, қўлларимни сонимга қўйган ҳолда отамнинг ёнида намоз ўқидим. Отам мени бундай қилишдан қайтарди ва деди: «Биз рукуда шундай қилар эдик, кейин бундан қайтарилдик ва бармоқлар орасини очган ҳолда тиззага қўйишга буюрилдик».
«Татбиқ» борасида Ибн Масъуднинг ёлғиз ўзигина бу раъйда эмас. Ибн Абу Шийба Осим ибн Зумрадан ривоят қилишича, Ҳазрати Али шундай деган: «Агар хоҳласангиз, рукуда қўлларингизни тиззангизга, хоҳласангиз бармокларнинг орасини ёпган ҳолда сонингизга қўйинг».
Ибн Ҳажар бу хусусда айтади: «Бундан равшан бўладики, Али ихтиёрийлик раъйига борди. Балки унга наҳий қилинганининг хабари етмагандир, балки бир ёмонликдан сақланиш эътиборга олингандир. Умар ва «татбиқ»ни инкор қилган бошқа кишиларнинг «татбиқ» билан ўқилган намозни қайта ўқишга буюришмагани бу амалнинг ҳаром бўлмаганига далолат қилади». Ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб буни унутиши мумкинми? Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, сўнгра икки шайх — Абу Бакр ва Умар билан доимий ҳамсуҳбат бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бу нарсани «эътиборсиз ўтказиб юбориши» ажабланарли ва ҳақиқатдан йироқдир, гарчи бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тузатиш киритганлари сабабли бекор қилинган ишлардан бўлса ҳам. Ваҳоланки, Ибн Масъуд эрталаб ҳам, кечқурунлари ҳам Пайғамбаримиз ҳузурида эди, доимо хизматларида бўлди. Ҳофиз ибн Касир Алидан зикр қилгани каби, балки Ибн Масъуд икки ҳолатнинг ҳам жоиз эканлиги раъйига боргандир, валлоҳу аълам.
4. «Икки иқтидо қилувчи киши имомнинг ортида қандай қойим бўлишини Ибн Масъуд унутди», деган қавл хусусида.
Бу ҳам асло унутиш эмас. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир суннатини ёдга олишдир. Хуллас, бу масалада Ибн Масъуд ёдга олаётган суннатни бекор этган бошқа бир суннат ҳам мавжуд экан. Қанча намозхонлар борки, бундай вазиятга, яъни, бир киши иқтидо қилаётган имомга иккинчи иқгидо қилувчи бўлиб қўшилишга умри давомида дуч келишмаган. Балки Ибн Масъуд ҳам шулар жумласидандир.
Асвад ибн Язиддан шундай ривоят қилинади: «Мен ва амаким Алқама кун ярмида Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳузурига кирдик. У пешин намозини адо қилиш учун ҳозирланаётган экан. Биз унинг орқасида қойим бўлдик. Менинг ва амакимнинг қўлидан ушлаб, биримизни ўнг ёнига, биримизни чап ёнига ўтказди. Кейин ўзи ўртамизда турди. Биз унинг орқароғида бир саф бўлдик. Сўнг Ибн Масъуд деди: «Уч киши бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар...»
5. Уламолар ихтилоф қилмаган масала - Наҳр (Қурбон ҳайити) кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўз вақтида ўқиганларини Ибн Масъуд унутди» деган қавл хусусида. Ҳар икки «Саҳиҳ» ва бопща ҳадис китобларида ҳам Абдураҳмоннинг Абдуллоҳ ибн Масъуддан келтирган гапларига ишора қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни ўз вақтида ўқиганларини кўрганман. Фақат икки пайтда - шом билан хуфтонни қўшганларида ва тонгда бомдод намозини ўз вақтидан олдинроқ ўқиган эдилар».
Абдураҳмон ибн Язиддан шундай ривоят қилинади: «Абдуллоҳ билан Маккага йўл олдик. Кейин икки намозни жам қилиб, вақтидан муқаддам ўқидик. Абдуллоҳ бир азон, бир иқомат билан икки намозни, икки намоз орасида хуфтон намозини ўқиди. Сўнгра, тонг ёришган пайтда бомдод намозини адо қилди (баъзилар, «тонг ёришганди», баъзилар, «тонг ёришмаганди», дейишади). Кейин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва Саддам айтган эдилар: «Мана шу жойда шом ва хуфтон намозининг вақти ўзгартирилди. Бомдод намозининг вақти эса шу пайтдир», деди».
Имом Нававий Абдуллоҳ ибн Масъуднинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни ўз вақтида ўқиганларини кўрганман. Фақат икки пайтда -шом билан хуфтонни қўшганларида ва саҳарда бомдод намозини ўз вақтидан оддинроқ ўқиган эдилар», дегани ҳақида айтади: «Бунинг маъноси шуки, Ибн Масъуд Муздалифада иккита намозни жамлагани учун шом вамозини хуфтоннинг вақгида ўқиди. Ўша куни бомдод намозини эса одатдаги вақтидан илгарироқ ўқиди. Албатта, тонг отганидан кейин «ўз вақтидан олдинроқ», дейишдан мурод одатдаги вақтидан илгарироқ, демакдир. Кун ҳали оқармасдан аввал, дегани эмас. Чунки мусулмонлар ижмосига биноан кун ҳали оқармасдан туриб, бомдод намозини ўқиш жоиз эмас. Ибн Масъуднинг гапи мана шундай тушунилса, тўғри бўлади.
Бухорий «Саҳиҳ»идаги баъзи ривоятларда Ибн Масъуд бомдод намозини тонг отган пайтда ўқигани айтилади. Кейин Ибн Масъуд: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини мана шу соатда ўқидилар», яна бир ривоятда: «Тонг отган пайтда ўқидилар», дейди ва яна: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат мана шу намозни мана шу жойда, мана шу кун, мана шу пайтда ўқиди, валлоҳу аълам», дея таъкидлайди.
Ҳофизул кабир Ибн Ҳажар Ибн Масъуднинг «бомдод намозининг вақти ўзгартирилди», деган қавли хусусида шундай дейди: «Вақти ўзгартирилди», яъни одатдаги вақти. Бунинг маъносини бомдод намозининг вақти тонг отмасдан аввалги пайтга кўчди, деб тушунмаслик керак. Балки бу ибора билан Ибн Масъуд ўша кунги бомдод намози шаҳарга яқин қишлоқда одатдаги вақтидан олдинроқ ўқилганини ифода қилди. Тонг отишига яқин бўладиган туннинг охирги зулматини инкор қилиб, ўша пайтда бомдод намозини ўқиса бўлаверади дея, юқоридаги қавлни ўзига ҳужжат қилиб олган одам адашади. Чунки намоз вақтлари ҳақида, хусусан, тонг отишига яқин бўладиган зулмат ҳақида Оиша онамиз ва бошқалардан ҳужжат собит бўлган. Демак, бу ўринда, айтилмоқчи бўлган гап — тонг отиши билан муаззин келган пайтда у уйида бомдод намозининг икки ракъат суннатини ўқиди. Кейин чиқиб, ғира-шира пайтда бомдоднинг фарзини адо қилди, деганидир. Дарҳақиқат, бу Муздалифада бўлди, одамлар жамланган пайт эди, тонг отаётган эди. Одамлар тонгнинг илк дақиқалари, уфқ оқараётган пайтдаёқ намозга шошилдилар. Ҳатто уларнинг баъзилари учун гўё ҳали тонг ёришмаган эди. Олдинроқ зикр қилинган Исроил ривоятида бу ҳақда баён қилинган эди: «Тонг отаётган пайтда бомдод намозини ўқиди». Баъзилар, «тонг отди», баъзилар, «тонг отмади», дедилар.
Бу икки гап ҳам шофеъий мазҳабидаги катта уламолар томонидан айтилган. Бунга имом Абу Абдуллоҳ Бухорий зикр қилган қуйидаги ҳадисни қўшимча қилиш мумкин: «Бомдод намозини вақтидан олдинроқ ўқиди».
Кейин бевосита бошқа бир ривоятни келтиради: «Тонг оқарган пайтда бомдод намозини ўқиди».
Демак, икки ҳофизул Қуръон - Нававий ва Ибн Ҳажар диққат билан эътибор қилган, лекин, айни пайтда Ибн Исҳоқ ва унга эргашган кишилар «илғамаган» ҳақиқатнинг хабари очиқ-ойдин-ку! Ахир улар Бухорийнинг айтганларига қарамайдиларми, бу иккала ҳадисни холислик ва адолат билан тўла кўриб чиқмайдиларми?
6. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда иккита намозни қандай жамлаганини Ибн Масъуд унутди», деган қавл хусусида.
Аён бўлдики, Ибн Масъуд шу икки намоздан бошқасининг вақти ўзгартириб ўқилганини кўрмаган: шом билан хуфтонни жамлаб ўқиш ва Муздалифада ўкилган бомдод намози. Бу ҳадисда Арафот зикр қилинмади, ҳолбуки, у ҳам вақтидан ўзгартирилган. Ибн Исҳоқ эса Ибн Масъуд буни унутди, деган гумонга боради. Балки Ибн Масъуд Арафотда ўқилган намозни ҳам билдиргандир, ровий унутгани сабаб бу ўринда зикр қилинмагандир. Ёки сўровчининг мақсадига тааллуқли бўлмагани ё бошқа бир сабаб туфайли ривоят қилаётганида эсламагандир. Саҳиҳ ҳадисда қуйидагича ирода қилинмоғи мумкин-ку: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнииг фақат икки намоз - Арофотдаги аср намозининг ва Муздалифадаги шом намозининг вақтини ўзгартириб ўқиганини кўрдим. Бу иккала намоз ҳам асл вақтидан ўзгартирилди». Кейин ровий Муздалифадаги бомдод намозини алоҳида зикр қилади. Лекин бу намоз ўз вақтидан ўзгартирилмади, фақатгина одатда ўқиладиган вақтидан олдинроқ ўқидди. Гарчи, бу ерда машруъ вақтидан ўзгариш содир бўлмаган эса-да, вақти ўзгартирилган икки намоздан кейин ўзгаришга дахли бўлгани учун бомдод намози ҳам зикр қилинди. Муслимнинг ҳадисида келгани каби: «Сизларга иккита нарсани қолдирдим», бу сўзлар билан Расулуллоҳ Китоб ва суннатни ирода қидди...» Сўнг ровий аҳли байтлари зикрига ўтади. Бундай ҳолат ровийларнинг қисқартиришлари туфайли ҳамиша содир бўлиб туради.
Вақти ўзгартирилган иккита намоз деганида Арафотда ўқилган аср ва Муздалифада ўқилган шом намозлари ирода қилинганига ушбу ривоят далолат қилади, ўзгаришга муносабати борлиги учун бу ерда бомдод намози ҳам айтиб ўтилган. Насоий ривоят қилишича: «Арафотда пешин ва аср намози жамланди». Абдураҳмон ибн Язид Абдуллоҳдан шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини ўз вақтида ўқирдилар, фақат Арафотда жамлаб ўқилган намозлар бунга кирмайди».
Ҳофиз Валийуддин Абу Заръа Ироқий буни қуйидагича баён этади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шубҳасиз пешин ва аср намозини Арафотда жамлаб ўқидилар. Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда бу очиқ-ойдин ворид бўлган».
Ҳавою ҳавасдан узоқ, фақат ҳақни гапирувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнииг: «Ибн Масъуд сизларга нимани гапирса, уни тасдиқланглар», «у муъаллам, яъни, таълим берилган бола», десалар; Умар уни «Илмга лиқ тўла кўзача» деб сифатласа-ю, биз қандай қилиб илму таълимга дахддор масалада бу устозни «унутган»га чиқариб қўя оламиз.
7. «Сажда қилганида тирсак ва билаклар ҳолатини Ибн Масъуд унутди» деган қавл хусусида.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ушбу гапи хотиримизга келади: «Одам фарзандининг суяклари сажда учун мосланган. Бас, тирсакларга қадар сажда қилинглар».
Бу ҳам унутиш эмас. Саҳиҳ суннатни унутди, дейишимизга асос йўқлиги шундаки, Ибн Масъуд бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламдан ривоят қилаётгани йўқ. Балки бу — ўзининг раъйи. Бу ерда Ибн Масъуд одамларнинг саждага бўлган эътиборини кучайтиряпти. Чунки сажда — ибодатнинг энг афзал бир қисми. Кейин бундай сажда қилишнинг жоизлигини баён қиляпти. Шунингдек, шогирдларидан маълум бўлганидек, бундай сажда қилишда тунлари бедор бўлиб, узоқ вақт намоз ўқилганида чарчоқ кўп сезилмайди.
Дарҳақиқат, саждада тирсаклар ердан кўтарилиб туриши, пешона бурун билан бирга, кафтлар, тиззалар, оёқ панжалари каби аъзоларшшг ерга тегиб туриши ҳақида саҳиҳ ҳадис борлигига шак-шубҳа йўқ. Лекин «тафриж, яъни тирсак ва қўлтиқ орасини очиб туриш вожиб бир амал эмас. Бу ҳақда Ибн Ҳажар айтганидек, Табароний ва бошқалар Ибн Умардан саҳиҳ иснод билан ушбу ҳадисни ривоят қилади: «Ибн Умар айтади: «Саждада ҳайвонларга ўхшаб ерга ялпайиб олма, кафтларингга суян, билакларинг кўриниб турсин. Агар мана шундай қилсанг, барча аъзоларинг сажда қилган бўлади». Муслим Оиша онамиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилишганда тирсакларни ёввойи ҳайвонларга ўхшаб ерга тўшашдан қайтардилар». Абдуллоҳ ибн Арқамдан келтирилган мана бу ҳадисни Термизий ҳасан деб топтан: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. Сажда қилаётган пайтда у зотнинг қўлтиқлари оқлигига кўзим тушди». Ибн Ҳузайма Абу Ҳурайрадан ушбу ҳадисни ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сажда пайтида тирсакларингизни итники каби ерга тўшаманг, сонларингизни жиле тутинг».
Ҳоким ҳам Абдуллоҳ ибн Арқамдан келтирилган ҳадисга ўхшаш ҳадисни Ибн Аббосдан қуйидагича нақл қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида (оппоқлигидан) қўлтиқларининг ости ёришгандек кўринарди». Ҳоким ва Муслим Баррадан келтирган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят қилади: «Сажда қилган пайтингда кафтларингни ерга тираб, тирсакларингни кўтар». Бу ва Маймуна ривоят қилган ҳадислар Муслимда келган: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саждада иккала қўлининг оралари очиқ ҳодца бўларди. Шу даражадаки, агар бир кичикроқ ҳайвон иккала қўл оралиғидан ўтмоқчи бўлса, бемалол сиғарди».
Ибн Буҳайнадан нақл этилган ҳадиснинг зоҳири «тафриж» (саждада тирсак ва қўлтиқ орасини очиқҳолда тутиш) вожиблигига далолат қилса ҳам, Абу Довуд чиқарган ҳадисда унинг мустаҳаб эканига далил келтирилади. Абу Ҳурайрадан шундай ривоят қилинади: «Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга узоқ вақт сажда қилган ҳолда тирсак ердан узилиб турса, чарчаб қолишларини айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тиззага суянинглар», дедилар. Бу шундай шарҳланади: «Демак, рухсат бор экан, яъни, «тафриж»-ни тарк қилса ҳам бўлади».
Ровийлардан бири Ибн Ожалон: «Бу сажда чўзилиб кетиб, чарчатсагина, тирсакларни тиззага қўймоқдир», денди.
Биз деймиз: Бу Абу Ҳурайра! У ёдида сақлади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у ҳақда қилган дуоси баракоти туфайли унутмади, тирсакни ерга қўймаслик ҳақида ҳам, сажда чўзилиб кетганида тирсакларни ерга қўйиш ҳақида ҳам ҳадис ривоят қилди. Охирги ривоят Ибн Масъуднинг бу хусусдаги раъйини қувватлайди.
Абу Бакр ибн Исҳоқ Абу Ҳурайра ҳақида нима дейди? У ҳам унутдимикан ё ривоятда зиддият борми?
Балки бу эслатма ва баёнлардан сўнг, Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ҳақидаги нотўғри қавллар ўз баҳосини олар ва Ибн Масъуд фиқҳда имом ва муқтадо эканлиги аён бўлар...
Кошки эди, Абу Бакр ибн Исҳоқ ва унинг тобелари шошма-шошарлик қилмасдан, бир муддат кутсалар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан қурган бу бинога ҳужум қилишга журъат этолмаган бўлсалар! Кошки эди, Ибн Исҳоқ у ҳадисларга атрофлича назар солса-ю, Ибн Масъуд мавқифининг тўғрилигини кўрса! Кошки эди, Ибн Масъуд ҳақидаги бундай гаплар ўша қадимий, эски китоблар ичида қолиб кетса-ю, уларни яна янгидан «тирилтирадиган» киши чиқмаса! Лекин, афсуски, олим деган номга эришиш осон бўлиб қолди. Улар ҳақиқатига етмасдан ўқийдилар ва текшириб тадқиқ этмасдан накл қиладилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига, ҳатто саҳобаларнинг ҳам энг илмли ва фақиҳларига нисбатан ҳар хил гапларни айтишга журъат қилиш уларга осон.

"Абдуллоҳ ибн Маъсуд" китобидан, Абдусаттор Шайх

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз давоми...

3712 21:05 / 21.04.2017
Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У Луғат бойлиги, қоидаларининг турлитуманлиги, бир калимани бир неча давоми...

9218 20:16 / 22.04.2017
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки Дунё вақтинча фойдаланиладиган матодир, унинг хайрли матоларидан бири солиҳа аёлдирrdquo. давоми...

6005 14:29 / 27.03.2017
Агар банда тонг оттирганда ва кеч киргизганда, барча ғами ёлғиз Аллоҳ бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча ҳожатларини Ўз зиммасига олади. Уни қийнаб турган барча давоми...

2548 16:47 / 27.03.2017