1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Минг йиллик аломат сифатида...

09:36 / 22.03.2017 3027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ислом ва янги минг йиллик»: caveat lector . Биз мусулмон сифатида ишга киришишдан олдин камида иккита тараддудга эҳтиёж сезамиз.

Биринчидан, гарчи мустақил бўлмаган тамаддун аъзолари сифатида 2000 йилдан қочиб қутулолмасак-да, янги мингйиллик бизнинг мингйиллигимиз эмаслигини тан олишимиз керак. Бугунги кунда ҳар бир мусулмон давлати шошилинч бир тарзда милодни ва шунга асосан, авлиё Григорий тузган, христианлик асос қилиб олинган тақвимни тан олади. Ислом тарихининг Муҳаммад пайғамбар ҳижратидан ундан олдин ўтган пайғамбар таваллуди билан боғлиқ жорий тақвимга мослангани туфайли кўпгина исломий давлатлар янги аср бошланишини қайсидир даражада нишонлашни режалаштириб ҳам қўйди. Мусулмон мамлакатларидаги шошиб қолган ва дунёвийлашган аҳоли ушбу воқеа муносабати билан ғалати бир ҳаяжонга тушиб қолди: ҳатто Туркияда “Iki bin’e dogru” («Икки мингинчи йил сари») ҳафталик журнали ҳам чоп этила бошлади. Бундай асабий ҳаяжон бизга ғалати туюлиши табиий: биз мусулмон сифатида ўз тақвимимизга ва тарихий мезонларимизга эгамиз. Аслида 2000 йил ҳижрий 1420 йилда бошланди. Шундай экан, бу сана эътиборга молик дейишга арзийдими? Бу одамнинг ғазабини қўзғовчи ва номақбул Ғарб таъсирининг яна бир кўриниши эмасми?
Айрим замондош олимлар (Е.П.Сандерз, Жеза Вермес ва ҳк.) нинг тадқиқотларига асосан, Исо (а.с.) милоддан олдинги 6 йилда таваллуд топганини инобатга олсак, ушбу фикр янада қатъийлашади. Агар шу гаплар рост бўлса, қуёш тақвимига кўра, учинчи минг йиллик 2000 йилда эмас, 1994 йили бошланган бўлиб чиқади, 2000 йилни нишонлаш аслида беҳуда бир иш, яъни янги замон байрами экани маълум бўлади. Лондондаги Минг йиллик қуббаси сингари кинояомуз ва гуманистик лойиҳалар билан танишган киши бир нарсага амин бўлади: одамлар Исо Масиҳнинг таваллудини эмас, балки бемаъни факт – учта нолнинг ёнма-ён келишини нишонлашмоқда. Хуллас, бу воқеа бугунги кун христианлари учун беҳуда нарсалар тизими, бемаъниликлар юбилейи бўлди, холос.
Иккинчи, ташвишли ҳол бизнинг келажак хусусида ишонч билан гапириш қобилиятимизга дахлдордир. Мен ушбу боб ва бутун китоб давомида (ўқувчиларни) исломнинг Буюк мингйилликдан сўнг олиши мумкин бўлган йўналиши ҳақида бот-бот мулоҳаза юритишга даъват этмоқчиман. Бироқ Ашъарий ва Мотирудий нуқтаи назаридан қараганда, илоҳиётшунослик нозик масаладир: биз унга ҳалол йўл билан ечим топишимиз мумкинми? Келажак кўздан олис нарса, уни кўриб бўлмайди, у фақат ал-Қодир ал-Олим, яъни ягона билгувчи зот - Аллоҳгагина аён китобдир. Эҳтимол, бани башар ўз умрининг интиҳосига етиб бораётгани яхшидир. Қодир ва қаҳҳор Аллоҳ қиёмат кунидан олдин соатларни тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин. Биз - инсон болалари, илоҳий адолатнинг бир кўриниши сифатида бу ишда шунчаки восита бўлишимиз мумкин, холос: бундай пайтда, бир замонлар Россияга биринчи бўлиб ядровий зарба бериш керак, деб туриб олган президент Кеннедининг стратегик бомбардимон кучларига эга бўла туриб ҳам иккиланганини эслаш кифоя. Бироқ бу - мушоҳада юритишни талаб этадиган мавзу. Жаброил фаришта ҳақидаги ҳадисда у (Муҳаммад) пайғамбар (с.а.в.с.) нинг олдига келгани, Расулуллоҳ фариштадан, ўша соат қачон келади, деб сўрагани, у (Жаброил) эса «саволга тутилган ҳам савол берувчидан кўпроқ нарсани билмайди», деб жавоб бергани ривоят қилинади. Бироқ Қуръони каримда айтилганидай, «фалак шу саволга ҳомиладордир». Инсон қўли билан ёки ўзи келадиган офат сиз ушбу китобни ўқиб тугатмасингизданоқ рўй бериши ҳам мумкин.
Ислом тарихида қисман Қуръон каромати билан инсон ҳаётидаги асосий мавзуга айланган қиёмат қойимни кутиш ҳоллари янгилик эмас. Қизиғи шундаки, охират куни ҳақидаги гаплар ислом ташкил топганининг минг йиллиги олдидан ҳам пайдо бўлган эди. Мисрнинг ўрта асрлардаги буюк олими Имом ас-Суютий кўплаб мусулмонларнинг ҳижрий 1000 йилни қўрқув ва ҳаяжон билан кутиб олгани хусусида ташвиш билан ёзган эди. Хўш, бу ҳам кўплаб Қоҳира воизлари минбарлардан туриб таъкидлаганидай, охиратдан дарак берадими?
Ас-Суютий ўзининг эҳтиёткор ва нарсаларни атайлаб мураккаблаштиришдан йироқ машғулотига содиқ қолиб, ушбу умматнинг ҳаётига оид барча ҳадисларни синчиклаб ўрганиб чиққач, ҳеч қандай қўрқувга асос йўқ эканини аниқлаган. У бу ҳақда «Умматларнинг минг йилликдан омон-эсон ўтиб олиши исботи» деган кичик бир китоб ҳам ёзган. Ушбу китобда муаллиф, исломнинг илк минг йиллиги инсоният тарихининг интиҳоси деб ваҳима кўтаришга ҳеч қандай асос йўқ, деган хулосага келган. У ўзига маълум ҳадисларни ўрганиб чиқиб, уларда Исо (а.с.) ва Антихрист (ал-Масиҳ ад-Дажжол) нинг қайтиши исломий 15-асрда, яъни бизнинг кунларимизда рўй беради, деган тўхтамга келади. Бу фикр бизнинг замондошларимиз учун ҳам ўзига хос огоҳлантириш эмасми?
Бироқ Имом ҳазратларининг мазмунан тўла аниқ бўлмаган ҳадисларни талқин қилиши, келажакни Аллоҳгина билиши мумкин, пайғамбарларга эса фақат ваҳий келади, деган теологик тушунчаларига асосланган.
Мен ушбу китобнинг кейинги саҳифаларида тахминларга эмас, мавжуд далилларга таяниб мулоҳаза юритмоқчиман. Аллоҳ таоло тарих йўналишини бирор табиий офат, ҳалокатли урушлар ёхуд ҳарбий лабораториядаги микроб тўла идишни кимдир тасодифан тушириб юбориши орқали бутунлай ўзгартириши мумкин. Ул зот молики замон сифатида тарихни, гўё дарахтдан бир япроқни узиб олгандай, оёқлатиб қўйиш қудратига эга. Бордию, бу ҳол яқин ойлар ичида рўй берадиган бўлса, бу тахминларга ўрин ҳам қолмайди. Бу ўринда менинг вазифам – ҳозирги замон ҳақида сўзлаш. Модомики, мавжуд тамойиллар шу кунгача бирор фалокат туфайли барбод бўлмаган экан, улар келгуси йиллар ва ўнйилликларда исломнинг эҳтимол тутилаётган келажаги томон давом этиб бораверади.
Хўш, ушбу тамойилларга шубҳа билан қараш нима учун фойдадан холи эмас? Чунки, биринчи навбатда, барча исломий дискурс да аҳли муслим 20-аср, аслида эса сўнгги уч аср мобайнида ўртага қўйган муаммоларни ҳал этиш борасида сусткаш ва муваффақиятсиз жавоб ҳаракати қилгани рўй-рост айтилиши керак. Ғарбнинг устунлиги билан рўбарў келарак, биз шу вақтгача қайси эврилишлар муқаррар ва уларнинг қайси бирига қаршилик кўрсатишимиз мумкин эканини аниқлай олмадик.
19-аср бошларида Усмонлилар салтанати Россияга қарши бир қанча ҳалокатли урушларда ютқазиб қўйди. Бунинг асосий сабаби Россия армияси Улуғ Пётр амалга оширган ғарблаштириш ва технократик ислоҳотлар туфайли эришган қурол-яроғлар ва темир интизом эди. Бироқ уламолар ва яничар ларнинг аксарияти ҳар қандай ўзгаришга қаршилик кўрсатар эди. Улар жангларда фақат эътиқод билан ғалабага эришиш мумкин, ўқотар қуроллар ва ўқув машғулотлари мусулмонларнинг самурайларникига ўхшаш футувватнинг – ҳар бир мусулмон жангчисининг индивидуал ясоғининг аҳамиятини пасайтиради, деб ҳисобларди. Уларнинг назарида душманнинг кўзига тик қараб, қилич савашиш ёки содда пилта милтиқ билан жанг қилиш ўрнига унга қарата олис масофадан ўқ отиш қўрқоқлик бўлиб туюлган. Шундан сўнг Усмонлилар салтанати яхши қуролланган христианлар армиясидан кетма-кет мағлубиятга учрай бошлади.
Матбаа масаласи бундан ҳам баттар аҳволда эди. Уламоларнинг аксарияти 18-асрга қадар матбаа – китоб чоп қилишни ҳаром иш деб ҳисоблаган. Динга тегишли ҳар бир матн муқаддас саналган, шунинг учун у хаттот томонидан аста-секин, меҳр билан кўчирилиши ва муқоваланиши керак бўлган. Уламолар айни китобларни осон йўл билан кўпайтириш ислом таълимотининг аҳамиятини пасайтиради, шунингдек, диний матнларни ёдлашда талабаларни дангаса қилиб қўяди, деб билган. Боз устига, саҳифаларни териш ва босиш жараёни бутун оламнинг яратувчиси номи битилиши эҳтимоли бўлган матнларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланган.
Асли можаристонлик бўлиб, исломни қабул қилган Иброҳим Мутафарриқа бундай қарашларнинг барчасини ўзгартиришга муваффақ бўлган эди. У дунёвий ва илмий китобларни чоп этиш учун султон Ғолибнинг рухсатини олган ва 1720 йили Истанбулда ислом оламидаги илк матбаа дастгоҳини ишга туширган. Мутафарриқа ҳамма нарсани дунёвийлаштириш тарафдори бўлган бадният киши эмасди, аксинча, мусулмонликни қабул қилган самимий инсон бўлиб, ўз таржимаи ҳоли ва диний эътиқодини «Рисолайи Исломия» китобида баён қилиб берган. Мутафарриқа Усмонлилар салтанатининг техник ва маъмурий қолоқлигидан қаттиқ ташвишда эди. Шундан сўнг у «Умматларни бошқаришда ақл-заковат билан иш юритиш усуллари» («Усул ул-ҳиком фи низом ул-умам») деган китоб ёзиб, 1731 йили чоп эттирган. Ушбу мўъжазгина дастурий асарида у Европада урф бўлган ҳукуматлар ва ҳарбий тизимларнинг тавсифини келтирган ва мустақил мусулмон давлатларини нафақат Европанинг ҳарбий технологиясини, қолаверса, маъмурияти ва илмий тадқиқотларидан ҳам зарурларини ўзлаштириш орқалигина омон қолиш мумкинлигини айтиб огоҳлантирган.
Аммо муаллифнинг Европа тамаддуни тараққиёти тўғрисидаги огоҳлантиришларига етарли эътибор берилмайди ҳамда Усмонлилар давлати ўз-ўзини ислоҳ қилиш ва шу билан биргаликда исломий ўзига хослигини сақлаб қолишдай бир-бирини истисно қиладиган ишларга қўл уради; шундай қилиб, янги шароитга мослашиш жараёни бугунги кунда ҳам кўпгина мусулмон давлатлари олдида турган долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Можаристонлик бу олимнинг ибратли ҳаёти доимо биз мусулмонларга асримизнинг глобал тамойилларини англаб етмай туриб, унинг технология ва ускуналарига мослашмай туриб, мағлублигимизча қолиб кетаверишимиз мумкинлигини эслатиб туради. Ўжар консерватизм сабаб вужудга келган руҳий устунлик мағлубият ва ҳаёт оқимидан четда қолиб кетиш тажрибаси келтириб чиқарадиган маънавий инқироз туфайли тезда барбод бўлади. Бугунги кунда ислом давлатларида яшайдиган мусулмонлар аксарият ҳолларда ўткинчи сиёсий масалаларга маҳлиё бўлиб қолиб, ҳаёт-мамотга дахлдор улкан тамойилларни ўжарларча писанд қилишмаяпти. Ваҳоланки, уларнинг олдида турган ўша сиёсий масалалар эрта-индин ҳеч нарсага арзимай қолади.
Бундай менсимаслик бъзан кишини ажаблантиради. Шу ўринда биз ўз-ўзимизга, бугунги замонга том маънода куч бериб турган ғоялардан ислом дунёсидаги уйғониш ҳаракатлари етакчиларидан қанчаси воқиф, деган савол беришимиз керак. Бундай етакчиларнинг қайси бири замонамизнинг ҳал қилувчи аҳамиятга молик интеллектуал тизимлари номини айтиб бера олади? Улар учун структурализм, постмодернизм, аналитик фалсафа, танқидий назария тушуниб бўлмайдиган мураккаб ва ёпиқ китоблардир. Улар бунинг ўрнига «Халқаро сионизмнинг масонларча фитнаси» ёки «Янги салб юриши» ва шунга ўхшаш уйдирмалар ҳақида сафсата сотишни афзал билишади. Агар биз дунёда нега бу қадар кўп исломий ҳаракатлар барбод бўлаётгани сабабини англаб етмоқчи бўлсак, ишни, эҳтимол, уларнинг раҳбарлари исломий бошқарувдаги тўсиқларни муваффақиятли енгиб ўтишнинг асосий шарти бўлган янги дунёни ақлий билиш қобилиятига эга эмаслигини тан олишдан бошлашимизга тўғри келади. Замонавий мафкуралар нима эканини билмайдиган бугунги ашаддий мусулмонлар аслида уларни енгиш тўғрисида хомхаёл қилишдан нарига ўтмайди.

Тугаб бораётган 20-асрнинг мафкурадан холи тамойилларида ундан-да кам бўлмаган қайғули апория – муаммони ҳал этишдаги енгиб бўлмас зиддият устун келади. Бу тамойиллар янги мингйилликда ҳам устуворлик қилиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис европалик мусулмонлар, худди бундан уч аср илгари яшаб ўтган Иброҳим Мутафарриқа сингари, бошқа мусулмонларни дунёга ўзгача тартиб бераётган янги глобал воқеликлардан огоҳ қилишни ўз зиммасига олиши керак, акс ҳолда уларнинг анъанавий дискурслари ҳеч кимга керак бўлмай қолиши мумкин. Ушбу воқеликлар бизни четлаб ўтади, деб ҳисоблаш ўзингиз ўтирган шохга болта уриш билан баробар; биз ўртадаги масофалар тобора қисқариб бораётган ягона дунёда яшамоқдамиз, маданиятларнинг муштараклашуви кун сайин жадаллашмоқда. Бугунги кунда Жаҳон банкининг бош қароргоҳида масжид бўлганидек, Маккада Макдоналдс емакхонаси шохобчаси фаолият юритмоқда. Ўзининг тарихий ватанидан Ғарб мамлакатларига келган мусулмонлар эътиқод ва тушунчалар борасида ўзини эмин ҳис қилиши мумкин, бироқ ёшлар-чи? Америка университетида ўқиётган мусулмон толиби илмининг тафаккурида қандай ўзгаришлар юз беради? У постмодернизм ва постструктурализмни, ушбу мафкураларнинг замонавий Ғарбга, шунинг баробарида янги глобал тизимга таъсири катта эканини ўргана бошлагач, У ислом фаоллари раҳбарларига мурожаат этиб, унинг онгига ислом нуқтаи назаридан мутлақ ҳақиқат сифатида сингдирилган қарашларни рад этиш мумкинми, йўқми, деб сўрайди, улар бу қарашларни далиллар асосида рад этолмагач, толиби илм тараддудланиб қолади. Унинг Исломнинг вақт ҳукмига бўйсунмайдиган ҳақиқат экани хусусидаги ишончига путур етади. Бундай шароитда фақат ақл-заковати суст бўлган кишигина мусулмон бўлиб қолади: бу замонавий илмдан йироқ айрим фаоллар ишида кўзга ташланаётган дилни хира қилувчи саралаш жараёнидир.
Шунинг учун ҳам бизнинг атрофимизда ва бизсиз жадаллашиб бораётган глобаллашув жараёнларини тушуниш диний бурчимиз, яъни фарздир.
Ушбу бобда асримизга хос барча илғор тамойилларини ислом нуқтаи назаридан таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Шунинг учун ҳам биз бу ўринда фақат бир нечта масалага асосий эътиборни қаратамиз. Бунинг сабаби – уларни ечиш осонлигида эмас, аксинча, ислом умматларининг келгуси икки-уч ўнйилликда дуч келиши муқаррар бўлган муаммолар хусусиятини очиб беришда. Булар демография, диний ўзгаришлар ва атроф-муҳит масалаларидир.
Демография масаласи биринчи навбатда эътиборни талаб этади, чунки у муқаррардир. Аҳоли сонининг ўсиш тамойилини англаб олиш қийин эмас ва бу борада камида кейинги юз йиллик статистик маълумотлар тўлиб-тошиб ётибди. Лекин бундай ҳисоб-китоблар фақат бирор фалокат, дейлик, даҳшатли эпидемия, ёки атом, ёхуд биологик урушлар рўй бермагунча ишончли бўлиши мумкин.
Келинг, яхшиси, оддий рақамларга бир назар солайлик: 1880 йилда дунё аҳолисининг 13,7 фоизи мусулмонлар эди. 20-асрнинг 80-йилларига келиб бу кўрсаткич 16,9 фоизга, мингйилликнинг охирига келиб эса, тахминан, 21 фоизга етди. Бошқа динларга мансуб аҳолининг ўсиш даражаси барқарорлигича турибди ва, ажабланарлиси шундаки, 1970 йилдан бошлаб дунёдаги даҳрийлар миқдори бир оз камая бошлади.
Бу рақамлар муҳим аҳамиятга эга. Бир аср давомида дунё мусулмонларининг сони кескин ошиб кетди. Кўпчиликнинг ислом динига ўтгани ҳам бунга сабаб бўлди, бироқ энг асосий сабаб – табиий ўсишдир. Боз устига, мусулмон дунёсидаги бундай демографик портлаш бу динга эътиқод қилувчилар сони келгусида ҳам ўсиб боришини кўрсатади. Семюэл Ҳантингтон «Тамаддунлар тўқнашуви» номли машҳур рисоласида дунёда христианларнинг сони камайиб бораётгани ва 2025 йилга бориб, улар дунё аҳолисининг, тахминан, 25 фоизини ташкил этиши ҳақидаги маълумотни келтирган эди. Ўша вақтга бориб мусулмонларнинг сони дунё аҳолисининг 30 фоизини ташкил этар экан .
Нега айнан бундай ҳол юз бераётганини англаш қийин эмас. Америка ва Европа аҳолиси жадал суръатлар билан кексайиб бормоқда. Янги мингйилликнинг энг муҳим маънавий муаммоларидан бири кексаларни боқиш учун етарли маблағ топиш билан боғлиқ бўлиб қолади. Бугун кун тиббиёти эришган муваффақиятлар ўртача ҳаёт кечириш даражаси 70 ёшдан анча юқори бўлишига замин ҳозирлаб бермоқда, бироқ фаол ҳаёт кечириш муддати ҳали бу қадар тез ўсгани йўқ. Тасаввур қилинг, 20-асрнинг бошларида Ғарб кишиси ўртача 2 йиллик умрини оғир хасталик билан кечирар эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 7 йилга етди. Иван Ильич исботлаб берганидай, тиббиёт фақат умрни узайтириши мумкин, бироқ у одамнинг фаол ҳаёт кечириш муддатини узайтира олмайди. Оқибатда мункиллаб қолган бундай кишилар саломатлигини сақлаш жамият елкасидаги оғир ижтимоий-иқтисодий юкка айланади. Бундай аҳоли сони вақт ўтган сайин ошиб бораверади. Яқинда Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий соғлиқни сақлаш хизматидан Альцгеймер хасталиги ни даволай оладиган дорининг рецептини олиш мумкин, деган хабарни тарқатар экан, унинг нархини фақат айрим беморларнинг чўнтаги кўтариши мумкинлигини тан олди.
Ғарб аҳолиси кексайиб бораётган бир пайтда ислом дунёсида бунинг бутунлай тескарисини кўриш мумкин. Масалан, Ливия аҳолисининг ярмидан кўпи бугунги кунда 20 ёшга ҳам тўлмаган. Бундай манзарани бошқа ислом мамлакатларида ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, вақти келиб, ушбу ёш аҳоли ўз-ўзидан кўпаяди ва шу тариқа келгуси минг йилликда ҳам мусулмонларнинг сони янада ортиб кетади.
Шу ўринда Ҳантингтон тилга олган яна бир мисолга эътибор қилайлик. Мағрибда 1965 йилдан 1990 йилгача аҳоли сони 29,8 миллиондан 59 миллионга ўсган. Ўша вақт мобайнида Миср аҳолиси 29,4 миллиондан 52,4 миллионга кўпайган. Ўрта Осиёда 1970-1993 йиллар оралиғида аҳолининг йиллик ўсиши Тожикистонда 2,9 фоиз, Ўзбекистонда 2,6 фоиз, Туркманистонда 2,5 фоиз ва Қирғизистонда 1,9 фоиз бўлган. 20-асрнинг 70-йилларида Совет Иттифоқида демографик мувозанат кескин ўзгариб кетди, яъни русларнинг ўсиши 6,5 фоиз, мусулмонларники эса 24 фоиз бўлди. Бу ҳолни Россия империясининг инқирозига олиб келган сабаблардан бири дейиш мумкин: Москва мусулмонлар кўп яшайдиган минтақаларни улар сони христианларникидан кўпайиб кетмасидан бурун ажратиб ташлашга мажбур бўлди. Ҳатто Россиянинг ўзида ҳам мусулмонлар (татарлар, бошқирдлар, чувашлар, шунингдек, Ўрта Осиё ва Кавказдан бориб у ерда яшовчилар) анча кўзга ташланиб қолган, улар Москва ва Санкт-Петербург аҳолисининг 10 фоиз ини ташкил этади.
Бу ҳол бизга мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган жойларда аҳоли сонининг ўсиши мусулмонлар кам яшайдиган ҳудудларга ҳам таъсир этишини эслатиб туради. Танзания ва Македония сингари мамлакатларда мусулмонлар 20 йил ичида кўпчиликни ташкил этадиган бўлади. АҚШнинг мусулмон аҳолиси 1972-1990 йилларда асосан, кўчиб келиш эвазига олти марта кўпайди. Ҳатто кўчиб келишга йўл берилмаётган мамлакатларда ҳам ўсиш давом этмоқда. 1999 йили Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда дунёга келган чақалоқларнинг 7 фоизи мусулмонлар эди. Брюсселда бу рақам 57 фоизни ташкил этди. 1992 йилда Римдаги энг машҳур исм Жованни ёки Луижи эмас, аксинча, Муҳаммад бўлди. Ислом деярли барча Европа мамлакатларида (христианликдан сўнг) иккинчи ўринда турадиган динга айланди. Бундан аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил этадиган Озарбойжон ва Албания мустасно. Мабодо мавжуд тамойиллар давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб барча Европа мамлакатлари аҳолисининг 10 фоизини мусулмонлар ташкил этадиган бўлади.
Бундай глобал ўзгаришнинг қандай аҳамияти бор? У диний нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга бўладими? Абу Довуднинг Тоубан (Thawban)га асосланиб, шундай кун келадики, мусулмонлар «кўпчиликни ташкил этади, бироқ улар фавқулодда юз берган тошқин юзидаги кўпик ва хас-хашакка ўхшаб қолади», деган ҳадиси бор.
Шуни ҳам тан олиш кераккки, бугунги кунда миқдор устунлиги бундан икки аср олдинги ҳарбий ғалабалар технологиядан кўра миқдорга боғлиқ бўлгани сингари муҳим аҳамиятга эга эмас. Наполеонгина: «Худо кўпсонли батальонлар тарафида» деб айтиши мумкин эди, бироқ айни замонда сон-саноқсиз аскарларни қуролларнинг тугмачасини босиш йўли билан йўқ қилиб ташлаш мумкин, энди миқдор ғалабага сабаб бўлолмайди, бунга Саддам Ҳусайннинг 90-йилларнинг бошида Форс кўрфазидаги нефт заҳиралари назорати юзасидан келиб чиққан урушда аҳмоқона тарзда ўз кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлганини мисол қилиб келтириш мумкин.
Мусулмонларнинг сони кескин ўсишининг муҳим жиҳати ҳам бор. Бироқ БМТ 1994 йилги Аҳоли Конференциясини ўтказиш учун дунёдаги энг катта мусулмон шаҳар Қоҳирани фақат шунинг учунгина танламаган эди. Миқдорнинг ҳозир ҳам ишончлилик жиҳати бор. Бироқ аҳолининг руҳий-динамик хусусияти миқдордан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга. Кекса аҳоли пассив ва интроспекция – ўз-ўзини кузатишга, ёшлар эса серғайрат ва миллий-сиёсий қатъиятлиликни қўллаб-қувватлашга мойил бўлади.

Мусулмон дунёси устида янги минг йиллик тонги отганда унинг аҳолиси номутаносиб равишда ёш ва шаҳарлар салмоғи ўсиб бораётган бўлади. Тарихий нуқтаи назардан бундай вазият ҳамиша беқарорлик, тўс-тўполон ва ислоҳотни келтириб чиқаради. 16-асрда Германияда ёш аҳоли миқдорининг ҳаддан зиёд ўсиб кетиши Европада протестант ислоҳотларига ҳамда қишлоқ хўжалиги ва сиёсатда ўзгаришлар қилишга сабаб бўлган эди. 20-асрнинг 30-йилларида Марказий Европада фашизмнинг пайдо бўлиши ҳам қисман ёш аҳоли миқдорининг ўсиб кетиши билан боғлиқ. Ислом тарихига назар ташланадиган бўлса, Усмонлиларнинг янги ҳудудларни забт этишни тўхтатиши 16 –17-асрларда жалолийларнинг қўзғолонларига сабаб бўлганини кўриш мумкин, бу ҳол кўплаб ёшларни ишсиз қолдирди, натижада улар Анатолиянинг кўплаб ҳудудларини вайрон этган кичик ёки ижтимоий норозилик ҳаракатларини бошлаб юборди.
Кейинги бир-икки йил ичидаги исломий қайта тикланиш шу тамойилнинг тўғри эканини кўрсатди. Ҳантингтоннинг таъкидлашича, мусулмон мамлакатлари ичида биринчи бўлиб 20-асрнинг 70-йиллари охирида Эрон ёш аҳоли миқдорининг кескин ошиб кетишини ўз бошидан кечирди ва 1979 йили инқилоб рўй берди. Бошқа мамлакатларда бу ҳол кейинроқ содир бўлди, Жазоирда 1989 йили Исломни қутқариш жабҳасини қўллаб-қувватловчилар сони кескин кўпайиб кетди.
Келгуси мингйилликда кўпгина мусулмон мамлакатларида ёш аҳоли сонининг кескин ортиши кузатилади. Йигирма ёшнинг нари-берисидаги ёш аҳоли миқдори ўсиши Миср, Марокко, Сурия, Тунис ва бошқа мамлакатларда кузатилади. 1990 йилга таққослаганда 2010 йилда кўпчилик араб мамлакатлари меҳнат бозорига келиб ишловчилар миқдори 50 фоиз ўсади. Долзарб ишсизлик муаммоси ҳадди аълосига етади.
Аҳолининг тез ўсиши баъзи мамлакатлардаги бошқарув тизимига хавф туғдиради. Қоҳира ва Жазоирдаги режимлар шу пайтданоқ соф демографик, шунингдек, маънавий ва диний ўлчамларга эга бўлган исёнларга дуч келмоқда. Шундай қилиб, дунё келгуси мингйилликда қуйидаги кўринишга эга бўлади: Ғарбда кекса ва суст аҳолининг барқарор, ўз-ўзи билан овора сиёсий маданияти; ислом дунёсида демографик портлаш ва ҳар жойда ўрнатилган режимларнинг радикал кучлар исканжасида қолиши.
Навбатдаги кўзда тутилган савол режимларнинг омон қолиш-қолмаслиги хусусидадир. Гарчи ислом дунёсидаги кўпчилик олимлар қизиқиш билан бу саволга жавоб топишга уринган бўлса-да, уни шарҳлаш қийин. Янги даврдан олдин исёнчи деҳқонларнинг муваффақиятга эришиш учун яхши имкониятлари бор эди, чунки иш кучи ҳукмдорлар армиясига қарши иш ташлаши мумкин эди. Бироқ айни пайтга келиб, технологиянинг илдамлаб кетиши ҳарбий режимларнинг, аҳолининг ялпи норозилигига қарамай, анча вақтгача яшовчанлигини таъминлаб бермоқда. Етарли маблағи бўлган диктатор пухта ўйланган фитнани ёки минг-минглаб аҳоли иштирок этадиган исённи ҳам бостириши мумкин. Бу технология тобора арзонлашиб бормоқда ва кўпинча Ғарб ўзининг учинчи дунёдаги суюкли мижозларини ёрдам сифатида у билан таъминлаб келмоқда. Худди шунга ўхшаш сўроқ қилиш, қийноқ воситалари ҳам такомиллашиб бормоқда, бугунги кунда уларнинг дунёнинг турли бурчакларида яширин ҳаракатларга қарши самарали қурол экани аён ҳақиқат.
«Эмнести Интернешнл»нинг 1996 йилги йиллик маълумотномасида бир неча мисоллар келтирилади. Унда ёзилишича, АҚШ ҳукумати 1995 йилнинг январ ойида Саудия Арабистонига «тейзер» деб аталувчи қуролни ҳам ўз ичига олган бир қатор хавфсизлик асбобларини экспорт қилишга розилик берган. Ушбу қуроллар нишонга олинган одамнинг танасига 5 метргача бўлган масофадан найзага ўхшаш нарсани отиб киритади ва у орқали танага 40-50 минг вольтлик фалажловчи ток юборилади. Бундай қуроллардан фойдаланиш кўпгина мамлакатлар, шу жумладан, Буюк Британияда ҳам тақиқланган.
«Эмнести» маълумотномасида келтирилган яна бир мисол: 1990 йили Буюк Британиянинг бир компанияси Дубайдаги полициянинг махсус бўлинмаси қароргоҳига қийноқ камерасини экспорт қилади ва ўрнатиб беради. У Бирлашган Араб Амирликларида «Ажойиботлар хонаси» сифатида ном қозонган. У «Эмнести» маълумотномасида «ўта юқори даражадаги товуш системаси, шовқинли генератор ва одамни ҳолдан тойдирувчи частотада пульс берувчи синхрон ёруғлик лампаси билан жиҳозланган махсус хона» деб тавсифланади.
Бу режимларга етказиб берилаётган қийноқ воситаларининг тобора такомиллашиб бораётганига оид иккитагина мисолдир. Бошқа биров бу рўйхатга кескин равишда тараққий этиб бораётган телекоммуникацион назорат воситаларини ҳам қўшиши мумкин.
Сиёсий таҳлилчиларнинг технология билан биргаликда оммавий назорат системалари ҳам ривожланиб боришига, бу ҳол режимларнинг ҳар қандай ихтилофни фақат у қуролли кучлар сафларида тарқалмаслиги шарти билан бартараф этишига ишончи комил. Шоҳ кўчалардаги норозиликлар туфайли эмас, армия ўзидан юз ўгиргани учун ҳокимиятдан четлатилди. Жазоирда эса аксинча, радикал кучларнинг замонавий ҳокимиятни ҳарбийлар кўмагисиз ҳам ағдариб ташлашга кўр-кўрона ишонгани инқилоб бостирилишига сабаб бўлди.
Бугунги кунда бундай йўл билан бошқарилган мамлакатларга шу қадар оғир жароҳат ва маданий зарар етганки, биз уларни «зулмпаз маданиятлар» деб аташимиз мумкин. Инсонларга бу қадар зулм ўтказиш оқибатлари хатарлидир, айни пайтда ўзимиз мусулмон дунёсидаги одамлар табиатида бундан ўн йил олдин ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган тарздаги кескин ўзгаришларнинг шоҳиди бўлиб турибмиз.
Ушбу китобнинг кейинги бобларида диний «экстремизм», анъанавий исломда «ғулув» деб аталадиган муаммо хусусида фикр юритилади. Бироқ бу китобнинг асосий мавзуси экан, биз янги мингйилликда исломнинг гуллаб-яшнаши ва ҳатто устун мавқега эга бўлиши учун мутлақо ярамайдиган экстремизмнинг акс таъсир этишини ҳисобга олиб, ушбу муаммо миқёсини илк марта баҳолашга уриниб кўришимиз керак.
Исломнинг дастлабки даврларида Хорижийлик деб аталган ҳаракат мусулмон жамиятини соф кўриш учун хомхаёлларча курашган эди. Афсуски, бугунги кунда ҳам бундай ҳаракатлар ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг таркибий қисми бўлиб қолмоқда. Гарчи кўпгина мусулмонлар бундай ҳаракатларни номақбул куч сифатида рад этса-да, ўша кучларни юзага келтирган шарт-шароит таг-томири билан қўпориб ташланмагунча, улар қайта-қайта кўкариб чиқаверади. Асосий исломий ҳаракатлар ҳокимиятни қўлга ололмаганидан ҳафсаласи пир бўлган ёшлар радикал хатти-ҳаракатларни содир этмоқда. Мусулмон дунёсининг ва мусулмон ақл-идрокининг қутблашуви ўсиб бораётгани келгуси асрнинг асосий белгиларидан бири бўлиб қолади.
Хорижийлик ҳам барча тоталитар диний ҳаракатлар сингари амалда тарқоқ ва бўлиниш йўли билан кўпайиб бораётгани қизиқ, бироқ унинг бошқалардан ажралиб турадиган белгилари йўқ. Такфирга кўра эса, бошқа мусулмонлар чин мусулмон эмас, шунинг учун ўлимга лойиқ, деб ҳисобланади. Бу тамойил кўпгина классик ислом уламолари томонидан кескин танқид қилинган. Имом Ғаззолийнинг «Файсал ат-тафриқа байн ал-ислом вал-зандақа» («Исломни худосизликдан фарқлашнинг аниқ мезонлари») асарида дунёда «Ло илоҳа иллАллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган кишини мусулмон эмас, деб эълон қилишдан ҳам қийин ва мураккаброқ ишнинг ўзи йўқ, деб тушунтиради. Бугунги кунда эса кўпгина мамлакатлардаги сунний мактаб ўқувчилари имом ал-Лаққанийнинг «Жавҳарат ут-тавҳид» асаридаги қоидага айланиб кетган қуйидаги сатрларни ҳануз эслаб юришади:

ﺮﻔﻜﻠﺍ ﺮﯾﻏ ﻦﺍﺮﻔﻏ ﻦﻮﺯﺌﺎﺠ ﺫﺇ
ﺮﺯﻮﻠﺎﺒ ﺎﻧﻤﺆﻤﺮﻔﻜﻨ ﻼﻔ
(idh cå‘izün gufrånu gayri’l-küfri
fa-la nukaffir mü’minan bi’l-wizri)
Модомики, куфрдан бошқа барча гуноҳлар кечирилар экан,
Биз гуноҳ қилган кишини кофир дея олмаймиз.

ﻪﺑﻨ ﺬ ﻥﻤ ﺏﻮﺘﻴ ﻠﻡ ﻮ ﺖﻮﻣﻴ ﻦﻤﻮ
ﻪﺒﺮﻠ ﺾﻮﻔﻤ ﻩﺭﻣﺄﻔ
(wa-man yamut wa-lam yatüb min dhanbihi
fa-amruhu mufawwadun li-rabbihi)
Гуноҳига тавба қилмай ўлган кишининг
ишини Аллоҳнинг ўзи ҳисоб-китоб қилади.

Фиқҳдаги тафовутларни қонунийлаштириш ижтиҳодни тушунишга асосланади. Сўфийлар маънавиятлардаги тафовутларни al-turuq ila’Llah bi‘adadi anfås al-khalå’iq (Аллоҳга боришнинг йўли одамнинг нафас олишидай кўп) деган фикр билан оқлашади. Сарагоса (Испания)нинг таниқли сўфий шоири ибн ал-Баннаъ уни қуйидагича тушунтиради:

ﺪﺣﺍﻮ ﻚﻧﺳﺤﻮ ﺚﺸ ﺎﻧﺘﺍﺮﺎﺑﻋ
ﺮﻳﺳﻴ ﻞﺎﻣﺟﻠﺍ ﻖﺣﻠﺍ ﻲﻠﺇ ﻞﻜﻮ
(ibârâtuna shattâ va-husnuka vâhidun,
va-küllün ilâ lhak al-cemâli yusiru)
Бизнинг фикримиз ҳар хил, лекин сенинг ҳуснинг бир,
Барча ўша гўзаллик сари интилур.

Ислом маданиятларига, ўрта асрлардаги кўплаб христиан маданиятлари ранг-барангликни қисувга олганидан фарқли ўлароқ, бу хусусият ҳамиша хос бўлиб келган. Бироқ бугунги кунда мусулмонлар ўртасида исломнинг тоталитар шаклларини қўллаб-қувватлаш тамойили юзага чиқмоқда. Исломнинг ёш фаолларидан бири: «Кимки менга қарши бўлса, гуноҳга ботади ва жаҳаннамга тушади», деб ҳайқиради.
Бундай кўзқараш хорижийлик намояндаларининг такфирини эсга солади, бироқ бу нега айнан бугунги умматлар орасида кўпайиб бораётганини тушуниш учун нафақат тарихнинг ўзини, қолаверса, ушбу вазиятимизнинг руҳий тарихини ҳам англаб етишимиз керак. Диний ҳаракатлар нафақат доктриналар ва муқаддас китобларнинг, шунинг баробарида жамоаларнинг умидлари ва қўрқувлари ифодаси ҳамдир. Ўзаро ишонч ҳукм сурган вазиятда илоҳиётшунослик фанлари бағрикенглик ва тинчликсеварликка мойил бўлади. Бироқ диндошлар жамоасига бирор хавф туғилгудай бўлса, кескин ҳаракатлар вужудга келади. Умматлар ўзини ҳеч қачон бу қадар хавф-хатарли ҳолда ҳис қилмаган эди.
Ҳатто Европанинг мусулмонлар яшайдиган геттоларида ҳам такфир феномени аста-секин илдиз отиб бормоқда. Сизу биз яшайдиган шаҳарларда ҳам, фақатгина биз жаннатга тушамиз, дегувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Уларнинг наздида, ўзини мусулмон деб ҳисобловчи кишиларнинг 99 фоизи гўё илоҳий ахлоқий тушунчани бемаъниларча ҳақорат қилаётгани туфайли мусулмонликка мутлақо нолойиқдир.
Биз ушбу руҳий ҳолат универсал тарзда мавжуд эканини инобатга олсак, уни осонгина тушунишимиз мумкин. Фақатгина ислом динида эмас, қолаверса, христианлик, иудаизм, ҳиндуизм ва буддизмда ҳам айрим гуруҳларнинг ўзини бошқалардан устун қўйиш тамойили кўзга ташланади. Бундан 3 йил олдин христиан динига мансуб Дэвид Корешнинг Давидийлар шўъбасининг Техасдаги ранчосини АҚШ қўшинлари забт этмоқчи бўлишгани эди. Ўша пайтда шўъба аъзоларидан 89 киши ҳалок бўлганини эсга олиш кифоя. Давидийлар ўзларини ҳақиқий христианлар, бошқалар эса жаҳаннамда куйиб кул бўлади, деб билишган. Оклаҳома шаҳридаги Алфред Мерра биносини портлатиб юборган христиан фундаменталисти Тимоти Маквей ҳам сўзсиз шу фикрда бўлган.
Биз янги мингйилликка теранроқ кириб борганимиз сари режимларнинг репрессияси оқибатида йўқ бўлиш ўрнига ривожланиб кетган исломий кўринишдаги ушбу тамойилнинг аҳамияти ортиб боришини тахмин қилишимиз мумкин. Гарчи у сўзда бўлмаса-да, амалда мингйиллик довондан ошаётгандай иш тутмоқда. Режимларни ҳолдан тойдириш ўрнига баттар қутуртирадиган сайёҳларга ўқ отиш ёки кичик нишонларга игнали бомбалар билан ҳужум қилиш сингари бундай хатти-ҳаракатлар ислом номини булғайди. Бу ҳол исломий ҳаракатни бўлиб юборишидан ташқари, режимлар қўлига жамиятдаги динни таъқиб қилишга ва уни бир четга суриб қўйишга баҳона туғдириб беради.
Исломга бундай хавф туғдираётган неохорижийликнинг хато қарашлари бугунги кунда реал кучга айланди. Китобнинг кейинги бобларидан бирида бу хавф тадқиқ қилинади. У, доимий ташвишга соладиган ўзгаришларга қарамасдан, яшаб қолади.
Энди мавзуларимизнинг учинчиси: бугунги куннинг улкан исломий масалаларидан бири, баъзан энг муҳим деб юритилаётган табиий муҳитнинг бузилиши муаммосига назар ташлаш вақти етди. Қуръонда осмонлар ва уммонларнинг қўзғалиши охир замон белгиси сифатида талқин этилади ва бу ҳол узоқ асрлар давомида инсонни боқиб келган экосистеманинг айни пайтдаги бузилишининг поэтик ифодасига ўхшаб кўринади.
Бу ерда жавоб берилиши лозим бўлган кўплаб саволлар бор. Биз тарк этаётган иккинчи мингйилликда сайёрамиз 1000 йил билан солиштирганда анча қашшоқлашган жисмоний кўринишга эга бўлиб қолди. Инсоннинг маърифий фантазия туфайли жисмоний тартиб устидан ҳукмронлик қилишига йўл очиб берган материализм, протестантлар капиталистик ахлоқининг маълум бир кўриниши, Шарқда эса саноатлаштиришни илоҳий мақомга кўтарган коммунизм она заминнинг жинояткорона зўрланишига олиб келди. Ҳамма жойда Ер юзи яра-чақа бўлиб кетди. Минг-минглаб тонна заҳарли ахлат океанларда у ёқдан-бу ёққа сузиб ёхуд стратосферада айланиб юрибди. Ҳар куни 12 та маълум (биологик) тур йўқолиб кетмоқда. Ўз ҳаётимиз ва айрим уй ҳайвонларини ҳисобга олмаганда, ҳар бир шаклдаги ҳаёт янгиланиш ёнғинидан зарар кўрмоқда. Қорамолларнинг қутуриш касали ҳалокати келгусида нималар рўй бериши мумкинлигига бир ишорадир: Буюк Британия ҳукумати таҳлилчилари зарарланган гўштни истеъмол қилиш оқибатида 30 минг нафар британиялик қутуриш хасталигини юқтириши мумкинлигини қайд этишган. Технология тўхтовсиз ривожланиб бораётган бир пайтда қўпол бир илмий хато инсониятнинг каттагина қисмининг ҳаётига зомин бўлмаслигига кафолат йўқлигини инкор этиш бемаънилик бўлур эди. Тараққиёт, ҳар доимгидай, улкан қимор ўйинидир.
Бироқ биз янги минг йилликка олиб ўтаётган ўта муҳим ва рад этиб бўлмас атроф-муҳит муаммоларидан бири об-ҳавонинг ялпи исишидир. Биз неча юз йиллар давомида парник газларини ҳавога чиқариб келдик, фақат бугунги кунга келибгина, ўша фаолият учун товон тўлашимиз муқаррарлигини тушуниб етяпмиз. Мусулмонлар ушбу масалага, унинг Ғарбдан кўра мусулмон мамлакатларига кескин таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳисобга олиб, жиддий эътибор қаратиши даркор. Мусулмонлар орасида ушбу масалага жуда оз кишилар қизиқиш билдираётгани ташвишли ҳолдир.
Узоқ йиллар давомида ҳукумат синчилари об-ҳавонинг ялпи исиши фикрига панжа остидан қараб келишди. 1992 йили Рио-де-Жанейрода атроф-муҳит масаласига бағишлаб ўтказилган саммит дунёда вужудга келган вазият ташвишли эканини илмий далиллар билан исботлаб берди. Атмосферага чиқарилаётган саноат газлари сайёрамизни газ камераси ва печкага айлантирмоқда.
Англияда ҳозирги кунда оддий фуқаролар ҳам об-ҳавонинг ялпи исиб бораётганини қайд этишмоқда. Об-ҳаво ҳарорати 300 йилдан бери ёзиб борилади, бироқ энг иссиқ 10 йил 1945 йилдан сўнг, шулардан энг иссиқ 3 йили (1989, 1990 ва 1995 йй.) сўнгги 12 йил мобайнида қайд этилган. Ёмғир ёғиши ҳам бундан-да ғалати, 1997 йилнинг январ ойи сўнгги 200 йилдаги ёмғир энг кам ёққан ой бўлди. Океанлардаги тўфонлар шиддат тобора ошиб, нефт ташувчи кемалар учун хавфли бўлиб бораётгани туфайли Шимолий денгиз нефт саноати нефт қувурларини сув остидан ўтказишга мажбур бўлмоқда.
Аниқ рақамларнинг ниҳоятда камлиги ажабланарлидир. Ҳисоб-китобларга қараганда, 1990-2050 йилларда Ер юзидаги ўртача ҳарорат Целсий шкаласи бўйича 1,5 градусга кўтарилади. Бироқ сўнгги муз давридан то бугунги кунгача, яъни 4 минг йил мобайнида ўртача ҳарорат, бор-йўғи, 0,5 градусга кўтарилган эди. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, қутблардаги муз қалпоқлари эрий бошлаган, шунинг учун ҳам ҳар йили денгиз сатҳи 5 мм кўтарилиб бормоқда. Европа Иттифоқи Шимолий Норфолк қирғоғи сингари жойларда денгизни ўз жойида ушлаб туриш учун керак бўладиган темирбетон тўсиқларга миллионлаб фунт стерлинг маблағ сарфламоқда, шу билан биргаликда, қасоскор табиатга қарши энг мукаммал тўсиқлар қачонгача чидаб бериши қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ғарб учун бундай нохуш хабарнинг яхши жиҳати ҳам бор. Кўпчилик аҳоли ҳароратнинг кўтарилишидан хурсанд бўлади. Орадан 30 йил ўтиб, Жанубий Англиянинг баъзи бир туманларида апелсин ўстириш имкони пайдо бўлади. Фермерлар иссиқ ёз ва қуруқ қиш мавсумларини мўлжаллаб ҳосил етиштириш учун уруғ сотиб олишмоқда; улкан фалокат хавф солаётганга ўхшамайди.
Ислом дунёси учун умумий манзара ташвишлироқдир. Рио-де-Жанейро саммитида ислом мамлакатлари ушбу масалага бефарқ эканини намойиш этишди; атроф-муҳит назоратига қарши бўлган мамлакатларнинг кўпчилиги Форс кўрфази мамлакатлари, Бруней ва бошқа мусулмон мамлакатлари эди. Бунга сабаб бўлган ҳол улар иқтисодиётининг нефт ва газга боғлиқлиги эди. Ғарб мамлакатлари йўлларида заҳарли газлар ажралиб чиқишини камайтириш ёки электр ишлаб чиқаришда шамол, денгиз сувининг кўтарилиши сингари анъанавий манбалардан фойдаланишга ўтиш ўша мамлакатлар иқтисодиётини бир зумда барбод қилади.
Қисман бундай қисқа муддатли манфаатни ўйлаб иш кўраётгани туфайли мусулмон доиралар келгуси мингйилликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ рўй бериши мумкин бўлган улкан талофатларни деярли ҳис қилмаётганга ўхшайди. Бироқ фалокатнинг айрим аломатлари пайдо бўлганини бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Африканинг аҳолисининг 90 фоиз дан ошиғи мусулмонлар бўлган Чад, Мали, Нигер каби мамлакатларида ёғингарчилик ҳар 10 йилда 10 фоиз камайиб бормоқда. Саҳройи Кабирнинг қум океани кенгайиб бормоқда, қум барханлари саҳронинг жанубий чеккаларидаги яйлов ва экин ерларига босиб келаётир. Иқлим бошқа томонлама ҳам ёмонлашиб бормоқда: 20-асрнинг 80-йиларида Суданни ҳалокат ёқасига келтириб қўйган қурғоқчилик бундан ҳам баттар сув тошқини билан ҳамаёқни вайрон қилди.
Ҳар қандай иқлимий харита кўпгина мусулмон мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг жуда оз қисмини ташкил этишини кўрсатиб беради. Ҳисоб-китобларга қараганда, Жазоирда ёғингарчиликнинг 15 фоиз қисқариши деҳқончилик қилинаётган ерларнинг ишдан чиқишига ва шаҳарларга кўчиб келувчилар сонининг ошишига сабаб бўлади. Шунга ўхшаш вазиятни Мароккода ҳам кўриш мумкин. У ерда 1995 йилдагина барҳам топган қурғоқчилик ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Яман эса Ҳинд океанидаги муссонлар структураси ўзгаргани туфайли катта зарар кўрди, бу ҳам об-ҳавонинг ялпи исиши билан боғлиқдир. Бангладешда эса муаммо сув етишмаслигидан эмас, аксинча, унинг ҳаддан зиёдлигидан келиб чиқмоқда. Бу ерда ҳар 3-4 йилда рўй берадиган тошқинлар, муссонларнинг структураси ўзгаргани баробарида, Ҳимолай тоғларидаги улкан ҳудудларда тупроқдаги намликни тутиб қоладиган ўрмонларнинг аёвсиз кесилиб кетиши билан ҳам боғлиқдир.
Оксфорд университети муаллими Норман Майернинг башорат қилишича, 2050 йилга бориб, «денгиз сатҳининг кўтарилиши ва қишлоқ хўжалигида юз берадиган ўзгаришлар оқибатида 150 миллион киши ўз яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Бундай кишиларнинг 15 миллионини бангладешликлар ва 14 миллионини мисрликлар ташкил этади.
Бироқ бу рақамлар иқлим ўзгаришининг иккиламчи оқибати келтириб чиқарадиган мигрантларни акс эттирмайди. Инсониятнинг бундай улкан тўлқинлари ҳукуматларни беқарор қилади ва урушларга сабаб бўлади. Ҳеч бир ҳозирги давлат миграцияга шарт-шароит яратиб бера олмайди: бангладешликлар 1948 йилгача Ҳиндистоннинг бошқа қисмларига кўчиши мумкин эди, бироқ бўлинишдан сўнг улар ўз мамлакати чегарасидан четга кўча олмайдиган бўлиб қолди. Эпидемияларнинг кенг тарқалиш хавфи бор. Денгиз сатҳининг кўтарилиши оқибатида Малдив ва Коморос сингари мусулмонлар яшайдиган ороллар сув остида қолиб кетади, ороллар аҳолиси эса бошқа жойдан бошпана қидиришга мажбур бўлади.
Яна бир нарсани унутмаслигимиз керакки, бу башоратлар қиёмат куни сценарийси эмас, балки ундан ҳам баттардир. Юқорида келтирилган рақам ва мисоллар илм-фан далилларига асослангандир, улар Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда атроф-муҳитга тегишли ахборотномалардан олинган. Шуни ҳам тан олиш керакки, парник газларининг атфосферага чиқишини чеклаш бўйича баъзи бир тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ бундан буён атмосферага умуман газ чиқарилмаган тақдирда ҳам унда айланиб юрган газларнинг ўзи ҳароратнинг камида юз йилда кўтарилишига сабаб бўлади.
Дастлабки боб юқорида қайд этилган учта мавзуга оид бир неча мулоҳаза билан поёнига етади.
Биз бир-бирига қарама-қарши бўлган ушбу ҳолларни некбинлик ёки қўрқувга сабаб деб билишимиз керакми? Биламизки, жаноби пайғамбаримиз (с.а.в) некбинликни хуш кўрар эди, шунинг учун ҳам ул зот таваккул – Аллоҳнинг иноятига суянишга даъват қилар эди. Ул зот яна ўз туянгни боғлаб қўйгандан сўнг ҳам уни Яратган измига топширишинг лозимлигини таъкидлар эди. Биз келгуси ўн йилликларда қайси туяни боғлашимиз керак?
Бу ерда яна бир неча масала бор. Улардан энг муҳими ҳамма нарсадан хабардор бўлган раҳбариятни тарбиялаш бўлса ажаб эмас. Мен олдинроқ мусулмон раҳбарларнинг аксарияти ёшларга бугуннинг муаммоларини ҳал этишда зарур бўлган йўл-йўриқни кўрсатишга қодир эмаслигини айтиб ўтган эдим. Муқаддас китоблардан хабардор ва уларга эътиқод қилган ўртача мусулмон фаолидан пост-модернистнинг фикри нотўғри эканини қандай исбот қиласиз, деб сўрасангиз, бирор нарса деб жавоб қайтариши гумон. Бошларимиз қумга тиқилган. Бироқ бундай гуруҳлар кўриб кўрмасликка олаётган нарсалар фақат интеллектул тамойилларгина эмас. Атроф-муҳитнинг бузилиши ҳам бизнинг ерни зўрлашдаги гуноҳларимиз учун яқинлашиб келаётган, бироқ эътибор қилмаётганимиз рўзи Маҳшардир. Эҳтимолки, фаолларимиз ўз мамлакатидаги сўнгги кислороддан нафас олаётиб, ҳали ҳам ибодат пайтида қўлни қандай ушлаш тўғри экани, соқолнинг узунлиги қанча бўлиши кераклигидан баҳс қилиб, томоқ йиртаётгандир.
Уларнинг аҳволи кулгили бўлгани каби устувор қарашлари ҳам тепса тебранмасдир.
Булар барчаси ўзгариши керак. Ислом дунёсига саёҳат қилган ҳар бир сайёҳ ёшлар ўртасида исломни ўрганишга бўлган муаззам ғайратни ва ўша мамлакатлар раҳбариятига нисбатан шундай хавотир ҳақида гапириб бериши мумкин. Анъанавий уламолар бизга зарур бўлган хушхулқлик ва мўътадиллик фазилатларига эга; бироқ динамизмдан йироқ; радикал гуруҳлар пешволари эса ўзини ҳаммадан устун қўйиш, таассуб ва такфир тузоғига илинган; айни пайтда аксарият қайта тикланиш ҳаракати пешволари, очиғини айтганда, ўз ўрнига муносиб эмас. Иккаласи ҳам оғиркарвон ва омонат; исломга мафкуравий нуқтаи назардан қарашга одатланиб қолган, улар бугунги дунё мураккабликларини тушунмайди – серғайрат ёшлар эса буни жуда яхши кўриб турибди.
Шунинг учун биринчи навбатда йигит-қизларга ҳам анъанавий шаръий илмларни, ҳам бугунги дунё маданий ва интеллектуал тилини ўргатадиган муассасалар ташкил этилиши лозим. Шунга ўхшаш саъй-ҳаракатлар ўтмишда ҳам бўлган: Бағдоддаги Низомия мадрасаси Ғаззолий туфайли машҳур бўлиб кетган эди, ўша мадрасада фиқҳ билан бир қаторда юнон анъаналари асосидаги фалсафий илоҳиётшунослик ҳам ўқитилар, шунингдек, ўша вақтдаги раҳнамоларни рақиб мафкураларнинг оёғини осмондан қиладиган зарур қурол билан таъминлар эди. Бизга янги мингйилликда мужаддид, мўътадил, бағрикенг, руҳоний кўзқарашга эга, дунёвий тафаккурни танқид қилибгина қолмасдан, уни тушунадиган ва у билан баҳсга кириша оладиган даҳо Ғаззолий керак. Хусусан, бундай шахс янги замонга ўз ҳукмини ўтказаётган маънавият, санъат ва атроф-муҳит масалаларини пухта билиши даркор.
Ғарб кишисига нима таъсир этиши ва уни нима ҳаракатлантираётганидан хабардор ғарблик мусулмон мутафаккирлар биладики, мабодо ислом дискурси ушбу масалаларга эътибор қаратиб, муваффақиятга эришадиган, экстремизмнинг ёвуз руҳини қувадиган бўлса, динимиз нафақат гуллаб-яшнаши, қолаверса, янги асрнинг диний курашларида марказий ўринни қайта эгаллаши ҳам мумкин. Фақатгина Аллоҳ келажакни билгувчидир. Бироқ биз чорраҳада турганимиз равшан, шунинг учун ҳам мингйиллик фавқулодда рамз сифатида айни муддаодир. У ё интеллектуал ва маънавий жиҳатдан бой анъаналарга эга бўлишига қарамасдан, аҳолиси тобора кўпайиб бораётган ва бошбошдоқлик зонаси бўлмиш исломнинг осонгина рўй берган сўнгги инқирозидан дарак берувчи нуқта бўлади. Ёки мусулмонлар ўз фаолиятини танқидий баҳолаб, бефойда мутаассибликдан воз кечишади ва дунёда ўзига хос бўлган ахлоқий ва маънавий намуна ролини ўйнай бошлайди.

Шарққа ҳам, Ғарбга ҳам қараб, анъанавий умматларнинг пароканда бўлиб кетаётганини кўриб, биз бунинг имкони борми, деган саволни берамиз. Бироқ биз яшаётган замонда келажакни бемалол муҳокама қилиш мумкин. Илгари исломга қаршилик кўрсатган ёки уни таъқиб қилган христианликнинг муросасиз қаноти, миллатчилик ва коммунизм сингари мафкураларнинг умри тугаб бормоқда. Шафқатсиз ва ҳарбий-фашистик дунёқарашлар 20-асрнинг ўрталарида тарих култепасидан жой олди. Кембриж университетининг антропологи Эрнест Желлнер исломни «сўнгги дин» деб атаган эди. II бобда ўша «сўнгги дин»нинг фавқулодда вужудга келган тармоқларини унинг энг янги давр – постмодернизмга жавоби контекстида тадқиқ қилишга ҳаракат қиламиз.
Некбинлигимиз ўзимиз мерос қилиб олган ёки танлаган нарсанинг асосий талабларига ишонсаккина ўзини оқлайди. Мусулмонлар бўлар-бўлмасга асабийлашавермаса, рақиблари чизиб берган дунёвийлашиш йўлидан ва реакцион хорижийликга кўр-кўрона иттифоқчиликдан қочса, дунё империяларига қайта эгалик қилиши ва Аллоҳ лашкарлари деган муборак номни қайта тиклаши мумкин. Умматлар янги замон дискурси билан боғлиқ мавжуд тангликка қарамасдан, дунё миқёсидаги мавҳумликдан келиб чиққан парокандаликка йўл бермай, «ва калиматуллоҳи ҳийаал-улйа» - «Аллоҳнинг каломи ҳамма нарсадан устундир» деган вақтга бўйсунмайдиган ва даъваткор сўзларини яна бир карра тасдиқлашига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Тимоти Ж. Уинтер

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу кўрсатув жуда манфаатли бўлибди. Негаки ҳазратнинг умр йўлларини эшитиб биз ёшлар ғайратимиз, шижоатимиз ошди. Мен ҳазратнинг умр йўллари ёзилган .Исломга давоми...

1353 11:12 / 20.10.2023
Морис Букай 1920 йил 19 июлда Франсиянинг Бун Лифийк шаҳрида туғилди. 1945 йилдан Париж дорулфунунида табиб, 1952 йилдан эса жарроҳлик бўлими мудири бўлиб ишлаб келмоқда. давоми...

32465 14:07 / 15.03.2017
1961 йилда нашр қилинган Шу ҳафтада менга оқил кишилардан келиши мумкин бўлган саволларнинг энг ғариби келди. Савол соҳиби унинг мўмин кишининг уйида улғайган, давоми...

2687 11:22 / 27.03.2017
МУҚАДДИМАОламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.Бизга маълумки, Қуръони давоми...

10537 09:40 / 22.03.2017