1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

ИЛМ ИЙМОНГА ДАЪВАТ ЭТАДИ

05:00 / 13.03.2017 3041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда илм ўз эгасини худосизликка олиб бормаган. Ҳақиқий олим тўғри илмий ишлар олиб боргани сайин ўзи чексиз бир оламда яшаётганини билади. Бу оламда ажойиб тартибли интизом ҳукм сураётганини, ҳеч бир нарса тартибсиз ёки беҳуда эмаслигини тўла тушунади. Буларни тўғри идрок этиш Аллоҳга ишонишга олиб келади.

Олмониялик олим Динард охирги IV асрда яшаб, инсоният маданиятига улкан ҳисса қўшган 290 нафар олимнинг фикрини ўрганиб чиқиб, қуйидаги натижалар тўплаган: 290 кишидан 20 киши ҳеч бир аниқ эътиқодга эришмаган, 242 киши Аллоҳга ишонувчи, фақат 20 кишигина дин билан қизиқмаганликларини айтганлар.
Агар дин билан қизиқмаган кишиларни (олимларни) атеист деб атасак, дунё миқёсидаги ушбу 290 нафар улкан олимдан 92 фоизи диндор бўлиб чиқади. Шундан кўриниб турибдики, илмли киши диндор бўлиши ажабланарли ҳол эмас, қолаверса, илм билан дин бир-бирига зид ҳодиса эмас экан. Ўтган асрнинг машҳур олимларидан бири Пастор шундай деб ёзади: «Иймон ҳеч қандай тараққиётга тўсқинлик қилмайди. Чунки ҳар бир тараққиёт худонинг яратган нарсаларидаги ажойиботларни очиб беради. Агар мен бугун кечагидан кўра илмлироқ бўлсам, Аллоҳга бўлган ишончим ҳам кечагидан мустаҳкамроқ бўлади».
Кимёгар олим, Париждаги тиббиёт куллиясининг декани Витос шундай дейди: «Агар мен иймоним бир оз бўлса-да сустлашганини сезиб қолсам, уни қувватлаш учун Фанлар академиясига шошиламан».
Фай исмли машҳур академик ўзининг «Оламларнинг асли» номли китобида: «Илм ўз эгасини Аллоҳни тан олмасликка олиб боради» деган фикр мутлақо нотўғридир», дейди.
Машҳур геолог, Сарбон дорилфунунининг олими Эдмон Герберт: «Илм динсизликка ёки иккиланишга олиб бориши мумкин эмас», деб айтади.
Машҳур тарихчи олим Фабер: «Ҳар бир даврнинг ўзига хос телбалиги бўлади. Худога ишонмаслик давримизнинг телбалигидир. Мендан Аллоҳга бўлган ишончимни тортиб олганларидан кўра, теримни шилиб олсалар, шунга рози бўламан», деган эди.
Бу табиий илмларнинг улкан олимлари айтган фикрлардир. Машҳур доктор Андрей Кунавиндан бир киши: «Эшитишимча, кўпгина олимлар динсиз бўлар эмиш, шу тўғрими?» деб сўрабди.
Доктор: «Менимча, бу фикр тўғри эмас. Аксинча, мен илмий ишларим жараёнида, баҳсларда шуни тушуниб етдимки, илм майдонида шуҳрат қозонган улкан олимлардан ҳеч бири динсиз бўлмаган. Лекин одамлар уларнинг гапларини нотўғри тушунганлар».
«Худосизлик, бошқача қилиб айтганда, моддий худосизлик илм кишисининг фикрича, ишига ва ҳаётига тескари нарсадир. Олимларнинг фикрича, ҳар бир нарсанинг яратгувчиси бор. У бир нарсанинг ҳақиқатини билиш учун ақлни ишга солади. Ишхонасига умид билан, қалби тўла ишонч билан киради. Ҳақиқий олимларнинг кўпчилиги ўз ишларини маърифатга, инсонларга ва Аллоҳга бўлган муҳаббатлари туфайли ўрнида бажо қиладилар», дейди.
Доктор Алғберт Макоб шундай деган эди: «Илмий ишлар билан шуғулланишим Аллоҳга бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Ҳаттоки аввалгидан кўра мустаҳкамроқ, асослироқ бўлишга олиб келди. Ҳеч шубҳа йўқки, илм албатта инсонда Аллоҳнинг қудратини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Инсон ўз илмий ишларида янгилик кашф қилган сари Аллоҳга бўлган Иймони ҳам кучайиб бораверади».
Лорд Каллифан шундай дейди:
«Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, илм албатта сени Аллоҳнинг борлигига ишонишга мажбур қилади».
Машҳур Эйнштейн шундай деган: «Аллоҳга бўлган Иймон илмий изланишларнинг энг улкан самарасидир».
Машҳур инглиз файласуфи Франсис Бэкон айтадики: «Инсон фалсафадан озгина хабардор бўлса, динсизликка яқинлашади. Аммо фалсафани чуқур ўрганган киши эса динга қайтиб келади».
Шу эътирофлардан кўриниб турибдики, илм фақат ҳақиқий илмгина улкан олимларнинг худога ишонишига сабаб бўлган. Қуръон бу ҳақиқатни 15 аср аввал айтиб ўтган.
Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ.
Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос.
Қуръони Каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган.
Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган.
Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда, умр бўйи ўзини толиби илм ҳис қилиб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири, Ислом умматини бутунлигича мадрасага қатнайдиган уммат, деб васф қилган.
Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ўша-Ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққан.
Айрим дин душманлари аййуҳаннос солаётганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлсалар, бошқа динлар вакиллари томонидан қилинган бу Исломнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ислом-илм дини эканини фақат жоҳилларгина инкор қилишлари мумкин. Ким Исломнинг илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, дин душманларининг бўҳтонларини бир тарафга йиғиштириб қўйсину Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин.
Ким Исломнинг илмга муносабатини аниқ билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Исломга амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан маданият мисилсиз ривожланганини билиб олсин!
Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган.
Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, улардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.
Яна У зот: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» деган.
Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.
У зот яна: «Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар», деган.
Мана шу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.
Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, уни улуғлмайди ҳам. Тажриба ушбу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис олимлар Аллоҳни танишларини эълон қилиб, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини айтдилар ва айтмоқдалар.
Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.
Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради», дедилар. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Илмга тарғиб қилиш учун бундан ортиқ, тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.
Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар оят ва ҳадисларда зикр этилган илмдан мурод, диний илмлар, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Диний илмлар албатта биринчи ўринда туради. Аммо, бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейишлик мутлақо нотўғридир. Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.
Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.
Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу-менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.
Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади.

Биринчиси, фарзи айн.
Иккинчиси фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариш лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқаси адо этгани билан бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам гуноҳкори азим бўлади.
Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол, жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо, фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.
Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам ишга тушади.
Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шартдир. Қилмаган одам гуноҳкори азим бўлади.
Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарз кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган. Ақлли жонзот ўлароқ у бахтсаодат сари интилади ва бир умр бахтиёр бўлишни орзу қилади. Лекин ҳамма нарса ҳам давоми...

3498 12:14 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло ўз бандаларига жуда меҳрбон эканлиги барчага маълум. Бисмиллоҳ...rdquoнинг маъносида ҳам бу таъкидланган. Парвардигори олам бандаларига қилган давоми...

3613 12:16 / 15.03.2017
Аллоҳни зикр қилар эканмиз, уни кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳни зикр қилингларrdquo ояти билан Аллоҳни кўп зикр қилингларrdquo ояти ўртасида давоми...

109251 10:35 / 18.07.2020
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизникига меҳмонга келиб қолсаларhellipАгар замин узра қадам босган зотларнинг энг улуғиhellip дунёнинг энг буюк давоми...

2539 05:00 / 14.03.2017