1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Яхшилар кимлардир?

12:26 / 15.03.2017 5854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Унинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматларидадирлар. Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг яхшиларга берадиган мукофотлари башоратини бундай зикр этилади: “Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидадирлар” (Инфитор, 13); “Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари шак-шубҳасиз Иллийундадир” (Мутаффифин, 18); 

Аллоҳ таоло айтади: «Тақволи зотларга: «Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?» дейилганида улар: «Яхшиликни», дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур» (Наҳл, 30). Аллоҳ таоло яхшиликни бундай баён этади: “(Яхшилик) бўйинни (қулликдан) озод этиш, ёки очарчилик кунида бирор қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом беришдир” (Балад, 13-16).

Кимлар “яхши” деб аталишга муносиб? Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшиларнинг бир неча сифатлари баён этилган:

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир” (Имом Бухорий);

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг яхшиларингиз, агар тушунса, ахлоқи гўзал бўлганингиздир”, деганларини эшитганман” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган);

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа);

Пайғамбар алайҳиссалломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшилар яна бундай сифатланишади: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амалда чиройли бўлганингиздир” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий); “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).

Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни  тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам – яхшилик. Қуръони каримда яхшиларнинг бир неча сифатлари зикри келган: “Ана энди ким (ўз молидан закот ва садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (жаннатни) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар этурмиз” (Вал-лайл, 5-7). “Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар – ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мукофоти – остидан анҳорлар оқиб турувчи мангу жаннатлардир, улар ўша ерда абадий қолишади” (Баййина, 7-8). 

Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам», деганлар (Имом Муслим). Фахри коинот яна бундай марҳамат қилганлар: «Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Яна бир ҳадиси шарифда «Ҳар бир яхшилик садақадир», дейилган (Имом Бухорий). 

Донишмандлардан бири айтади: «Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас, яхшилик кенг феълли, ахлоқли бўлиш, илм олиш ва Аллоҳга ибодатда бошқаларга ўрнак бўлишдир». Муҳаммад Зеҳний айтади: «Одамларнинг яхшироғи ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни, очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир». 

Яхшилик ва ҳилм дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик-надомат ҳосилини йиғиб олади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан пок бўлади, гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади, ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади.

Ҳусайн Воиз Кошифий айтадики, «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўнтадир ва буларнинг биринчиси бошқаларга яхшилик қилишдир». Яхшилик қилиш билан ҳеч нарса ютқазмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидай, «Бир шам бошқа бир шамни ёққани билан нуридан ҳеч нарса камаймайди». Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: «Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликни қилишга ундайди, ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чақиради».

Ислом дини ҳам, ахлоқимиз ҳам инсонларни фақат яхшилик қилишга, ёмонликлардан четда бўлишга буюради. Яхшилик энг аввало ота-онага, яқинларга, қўни-қўшниларга кўрсатилади. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради. 

Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: "Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди"; "Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир», " деган насиҳатлари бор. 

Яхшиликка чақирган киши ҳам уни қилганга тенглаштирилади. "Ўзгаларга озор беришдан сақланиш яхшилик аломатларидандир", дейишган улуғларимиз. Муҳаммад Зеҳний: "Одамларнинг энг яхшиси қалбида яхшиликка йўл очган, ёмонлик ва очкўзликни қалбидан ҳайдаб чиқарган кишидир", деган. Нақлларда келишича, ким бировнинг ғамини енгиллатса, охиратда унинг ғами енгиллаштирилади, қийинчиликда қолган бир кишига ёрдам қўлини чўзган киши ёрдамсиз қолмайди, ким бировнинг айбини беркитса, унинг айби ҳам беркитилади.

 Кўпларимиз яхшилик қиламизу дарров унинг мукофотини, биздан марҳамат кўрганларнинг миннатдорчиликларини кутамиз ёки яхшиликларимиз билан мақтанамиз. Аллома Умар ибн Ҳорис бундай деган: "Қадимда яхшиликларни кўп қилишарди, аммо гапиришмасди. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келишди, энди эса фақат гапиришяпти". Қандайдир манфаат кутиб қилинган яхшилик фазилат саналмайди.

Ваҳоланки, яхшилик холис Парвардигор учун, беғараз қилиниши керак. Буни тушунмаганлар яхшилик қилган кишиларидан ёмонлик кўришганига хафа бўлиб юришади. Эмишки, бир одам шогирдини ўғлидан ҳам аъло кўриб, бор ҳунарини ўргатиб одамлар қаторига қўшганида у устози юзига оёқ қўйиб кетибди. Ёки бошқасининг ҳасратига қулоқ солинг: «Жияним акамдан эрта етим қолди. Ўзим боқиб катта қилдим, ўқитдим, ҳунар ўргатдим, уйлаб-жойладим. Хотинчасининг сўзига кириб алоҳида яшайман, деганида рози бўлиб, бошқа ҳовлига чиқардим. Энди ҳамма ерда «дадамдан қолган пулни бермай ўзлаштириб юборди» деб гап тарқатиб юрганмиш. Инсон зоти ўзи яхшиликни билмайдиган ношукр бўлар экан».

«Савобнинг кети мушкулот» деган гап бекорга чиқмаган. Ҳақиқатан бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, аксинча кўп ҳолларда яхшилигингиз эвазига ҳатто ёмонлик кўрасиз. Бировга раҳм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унга душманга айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка қўйиб юборасиз, эвазига қуртдаккина «миннатдорчилик» сўзи эшитасиз. Биров билан дўстлашмоқчи бўласиз, аммо у «бир балоси бўлмаса менга нега суйкалади», деб сизни душманига айлантиради. Қийналиб қолган укангизга пул таклиф қилсангиз, орқаваротдан «бойваччалигини бошқаларга қилсин» деган нордонгина гап эшитасиз. Бунга асло ажабланманг, чунки Аллоҳ таоло инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда кимга бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини инсонлардан эмас, Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар камдан-кам яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришади, миннатдор бўлишади.  

Атоқли олим Ҳасан Басрийдан "Яхши инсон ким?" деб сўрашганида бундай жавоб берган: "Тўрт нарса кишининг яхши эканига даолат қилади: тилининг ростгўйлиги, дўстларининг хато-камчиликларини кечириши, замона аҳлининг таниқли кишисига саҳоват кўрсатиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши". Келинглар, ҳар ерда, ҳар кишига, ҳамиша яхшилик қилишга шошилайлик. Яхшилик ва эзгулик ёмонликни ёқтирмагани каби ёмонлик ҳам яхшиликдан қочади.


Абдуллоҳ НОДИРОВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунда марҳамат қилади Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурманrdquo Бақара, 152.Бу ерда ёд этиш зикрrdquo лафзи билан келган. Зикр давоми...

7492 12:09 / 15.03.2017
Оламларга раҳмат бўлмиш зот ndash расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари ислом умматининг ҳар бир давоми...

3054 05:00 / 14.03.2017
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари У зотга, тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда, деб одам юборди. У зот давоми...

4155 05:00 / 13.03.2017
Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу давоми...

2573 05:00 / 13.03.2017