1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусулмонларга бошпана берган шоҳ

05:00 / 06.01.2017 4125 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асҳима ибн Баҳр ан-Нажоший Ҳабашистон подшоҳининг ўғли бўлган. Худди Мисрда "фиръавн", форсларда "кисро", Византияда "ҳирақл" дейилгани каби Ҳабашистонда "нажоший" сўзи подшоҳларга нисбатан ишлатилган.
Асҳима отасининг ёлғиз ўғли бўлади. Амакисининг эса ўн иккита ўғли бор эди. Амакиси сарой аъёнлари билан келишиб, отасини ўлдиришади. Асҳима вояга етгач, амакисига ёрдам бериб, давлат ишларини бошқаради. У жуда ҳам ақлли ва фаросатли йигит эди. Сарой аъёнлари бир кун келиб сирлари очилиб қолишидан қўрқиб, подшоҳдан уни ё ўлдиришни, ёки бўлмаса, давлатдан бадарға қилишни талаб қилишади. Подшоҳ бадарға қилишга рози бўлади. Улар Асҳимани бир савдогарга сотиб юборишади.
Шоҳ ёмғирли тунда сайрга чиқади ва яшин уриб ўлади. Унинг болалари нодонлигидан бирортаси шоҳликка лойиқ кўрилмайди. Аъёнлар Асҳимани топиб, шоҳ этиб сайлашади. Асҳима адолатли ҳукм юрита бошлайди.
Айнан мана шу даврда Макка шаҳрида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар қилиб юборилган эдилар. Исломнинг илк даврлари, мусулмонларга қаттиқ тазйиқлар кўрсатилаётган паллалар... Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига фақатгина Исломни қабул қилганлари учунгина кўрсатилаётган бундай тазйиқлардан қутулиш, динларини сақлаб қолиш учун Ҳабашистон диёрига ҳижрат қилишга рухсат берадилар. 615 йили ўн бир эркак ва тўрт аёл биринчи марта Ҳабашистонга паноҳ излаб боришади. Улар ичидан илк йўлга чиққанлар Усмон ибн Аффон билан аёллари Руқаййа (розийаллоҳу анҳо) эдилар. Уларни Ҳабашистонда яхши кутиб олишади. Иккинчи ҳижратда энди саксон икки киши бўлиб боришди. Макка мушриклари бундан хабар топиб, Ҳабашистонда тансиқ бўлган совға-саломлар олиб Нажошийнинг ҳузурига Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Робиани юборишади. Улар Нажошийдан мусулмонларни уларга топширишини сўрайди. Нажоший адолатли ҳукм чиқариш учун саройга мусулмонларни чақиради. Орада қизғин мунозара бўлиб ўтади. Мусулмонлар номидан Жаъфар ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) гапиради. Суҳбат асносида мушриклар Исо (алайҳиссалом) ҳақларида сўраб қолишади. Жаъфар (розийаллоҳу анҳу) Марям сурасининг 1—4-оятларини ўқийдилар. Нажошийнинг кўзи ёшга тўлади. Ҳатто соқоллари ҳам ҳўл бўлиб кетади. Руҳонийлар ҳам йиғлашади. Нажоший, бу нарса Мусо келтирган китоб билан бир манбадан келган, уларни сизларга топширмаймиз, деб мушрикларга қатьий рад жавобини беради.
Бу воқеа Қуръони каримнинг Моида сураси 82—83-оятлари нузулига сабаб бўлган эди: "Имон келтирганларга (нисбатан) энг ашаддий адоватда бўлувчилар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Имон келтирганларга нисбатан дўстликда яқинроқлар "Биз насронийлармиз" дейдиганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби улар (насронийлар) ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир. Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларида кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар: Эй Раббимиз! (Биз Муҳаммадга) имон келтирдик. Бизни шаҳодат билан бирга ёзгин!"
Нажоший Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам) замонларида имон келтирган бўлса ҳам, у зотни кўра олмагани учун, Вайсул Қороний каби муҳадрам2 даражасига эришган эди. Аллоҳ таоло ўз каломида у зотни ва роҳибларни мақтаб оят нозил қилди.
Нажоший (раҳматуллоҳи алайҳ) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳабибага (розийаллоҳу анҳо) уйланганларида у зотга валийлик қилди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларидан тўрт минг дирҳам маҳр берди. (Абу Довуд, "Никоҳ"). Ямандан Расулуллоҳни излаб кемада йўлга чиқиб адашиб Ҳабашистонга келиб қолган Ашъарий қавмига ҳам бошпана берди. Улар орасида машҳур саҳоба Мусо ал-Ашъарий ҳам бор эди. Юртида бирор киши мусулмонларга азият берадиган бўлса, унга жарима солар эди. Жаъфар (розийаллоҳу анҳу) бошчилигидаги мусулмонлар жамоаси Хайбар фатҳ этилгунча Ҳабашистонда эмин-эркин яшадилар. Хайбар фатҳи арафасида Нажошийдан (раҳматуллоҳи алайҳ) рухсат сўраб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтишди. Нажоший (раҳматуллоҳи алайҳ) улар билан ҳадялар бериб юборди ва хизмат қилиши учун қариндоши Зу Нуҳтарони ҳам қўшиб беради.3 Русулуллоҳ ундан жуда мамнун бўладилар ва келган элчиларига ўзлари хизмат қиладилар.
Хандақ ғазотидан кейин Амр ибн Ос бир неча қурайшлар билан Ҳабашистонга Нажоший ҳузурига боришади. Уларнинг мақсади агар мусулмонлар Қурайш устидан қалаба қозонса, Ҳабашистонда жон сақлаб қолиш эди. Амр ибн Ос Нажоший билан дўст эди. Нажоший ҳузурида у Расулуллоҳнинг элчилари Амр ибн Умайяни кўриб қолади. Нажошийдан уни қатл қилишга рухсат беришини сўрайди. Нажошийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) бу гапдан жаҳли чиқиб кетади. Унга қаттиқ танбеҳ бериб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг пайғамбари эканларини, тез кунларда ғолиб бўлишларини айтиб у зотга эргашишни, Исломни қабул қилишини тавсия қилади. Амр ибн Ос Нажоший (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурида Исломни қабул қилади, сўнг Мадинага келиб, Расулуллоҳга байъат беради.
Нажоший (раҳматуллоҳи алайҳ) 9 ҳижрий йил ражаб ойида вафот этган. Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) Нажошийни (раҳматуллоҳи алайҳ) айнан вафот этган куни (саҳобаларга) хабар бердилар. Бирга масжидга боришди. Саҳобалар сафга туришди. Тўрт такбир билан Расулуллоҳ имомликларида намоз ўқишди" (Бухорий, "Жаноза" ).
Ойиша (розийаллоҳу анҳо) ривоятларида келишича, Нажошийнинг қабри устидан анча вақтгача нур чиқиб турган экан (Абу Довуд, "Жиҳод", 29).

Жалолиддин АҲМЕДОВ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ китобларининг бирида Амир Темурнинг Ислом динига муносабати ҳақида ажойиб бир ривоятни давоми...

3377 16:00 / 25.12.2020
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар. У зот ўша мақомларида қиёмат қоим бўлгунча бўладиган давоми...

5482 05:00 / 06.01.2017
Яман аҳлидан бўлган ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ давоми...

5630 05:00 / 11.03.2017
Ҳабашистон подшоҳи .Нажоший, деб аталган. Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилади. Ҳабашистон дунёдаги энг қадимги давлатлардан ҳисобланади. Пайғамбар давоми...

2998 15:40 / 31.07.2021
Аудиолар

137650 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021