1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Сулаймон алайҳиссалом

16:12 / 06.04.2019 34887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сулаймон алайҳиссалом Бану Исроилга юборилган набийлардан бири бўлиб, Довуд алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Сулаймон алайҳиссаломга ҳам, худди оталарига берилганидек, подшоҳлик билан пайғамбарлик қўшиб берилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Намл сурасида қуйидагиларни айтади:

«Сулаймон Довудга ворис бўлди ва: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди» (16-оят).

Ушбу оятдаги «ворислик» отанинг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулкка нисбатан оддий ворислик эмас, балки илмга ворисликдир.

Сулаймон алайҳиссаломга оталаридан мазкур илм мерос қилиб берилган пайтда у киши ёш эдилар. Шунга қарамай, ўзларидаги Аллоҳ таоло томонидан ато этилган иқтидор ила оталарининг мулкини оқилона идора қила бошладилар. Подшоҳ бўлганларидан сўнг тўрт йил ўтгач, оталарининг васиятларига амал қилиб, Байтул мақдисни қуришни бошладилар. Катта миқдорда маблағ сарфлаб, бу қурилишни етти йилда ниҳоясига етказдилар. Шаҳар атрофига айлантириб қўрғон қурдилар.

У зот ёш бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло берган фазл ва ҳикмат ила оталарининг тириклик чоғидаёқ кўзга кўриниб қолган эдилар.

Бир куни ўз даврининг пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқарилишини сўраб келишди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар сурувининг эгаси эди.

Довуд алайҳиссалом қўйларнинг кечаси тарқалиб, экинзорни пайхон қилгани, еб битиргани ҳақидаги икки томоннинг гапини эшитиб бўлгач, қўйларнинг экинзор эгасига берилиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқардилар.

Пайхон қилиниб, йўқ бўлган экинзор ўрнига уни пайхон қилган қўйларни олиб бериш бир қарашда айни адолат эди. Ушбу ҳукм чиқарилгач, қўйларнинг эгаси уйига қайтаётиб, йўлда Сулаймон алайҳиссаломни учратиб қолди ва бўлган воқеани у зотга айтиб берди.

Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб: «Эй Аллоҳнинг набийси, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди?» деб сўрадилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйларни экинзорнинг эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса қўйларнинг эгасига беринг, уни тузатиб, асл ҳолига келтирсин. Сўнг ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келганидан сўнг қайтариб олади. Қўйларнинг эгаси ҳам ана ўшанда қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга бергани каби Сулаймон алайҳиссаломга ҳам кўпгина фазлларни берди. Бу фазллар Сулаймон алайҳиссалом учун мўъжизалар эди. Ўша фазлларнинг баъзилари ҳақида Сод сурасида шундай марҳамат қилинган:

«Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (36–38-оятлар).

Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазллар ҳақида Сабаъ сурасида қуйидагилар айтилади:

«...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тоттирамиз» (12-оят).

Яъни Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди.

«Улар (жинлар) унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир» (13-оят).

Ҳа, бу нарсалар Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга берилган фазлдир.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам, қушлардан ҳам лашкар берди. Албатта, у зотга дунёдаги ҳамма одамлар эмас, балки ўзлари яшаб турган жойдаги маълум бир кишилар аскар бўлишган. Шунингдек, жинлар ва қушлардан ҳам маълум миқдори у зотга аскарлик қилганлар.

Ушбу оятда ана шу аскарларнинг Сулаймон алайҳиссалом ҳузурларида саф тортиб, тизилиб турганлари васф қилинмоқда. Демак, улар муҳим бир сафар олдидан шу тарзда тизилиб, йўлга тушганлар.

Сулаймон алайҳиссаломга берилган фазллар ҳақида Намл сурасида ҳам сўз юритилгани юқорида айтилди. Ушбу сурада у зот билан бўлиб ўтган қуйидаги ҳодисаларнинг баёни келган.

Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг жин, инсон ва қушлардан иборат аскарлари билан юриб бораётган эдилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари билмасдан сизларни эзиб юбормасин», деди» (18-оят).

Одатда тўп-тўп аскарлар саф бўлиб ўтганларида унча-бунча нарсага эътибор бермай, дуч келган нарсани оёқости қилиб кетаверадилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида…»

Яъни чумолилар яшайдиган жойга етганларида...

Ўша чумоли, эҳтимол, чумолилар водийсининг хавф-хатардан огоҳлантирувчи масъули бўлгандир. Шу сабабли у уларга инларига кириб туришни маслаҳат берди. Унинг бу гапларини Сулаймон алайҳиссалом ҳам эшитдилар ва

«...унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимни насиб қилгин ва раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди» (19-оят).

Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар. Дарҳақиқат, кичик бир жонзотнинг шунчалик зийрак ва ҳушёр бўлиши, бошқаларининг бу бошлиққа итоат қилиши ажойиб ҳолат эди. Шу билан бирга, чумолиларнинг гапларини эшитиш, тушуниш яна ҳам ажойиб ва кишини қувонтирадиган иш. Бу Аллоҳнинг неъмати эди. Шунинг учун ҳам Сулаймон алайҳиссалом дарҳол шукр келтирдилар:

«Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимни насиб қилгин».

Шунингдек, Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амаллар қилишга муяссар бўлиш ҳам катта фазлдир. Унга ҳам Аллоҳга сидқидилдан шукр қила оладиганлар муяссар бўла оладилар, холос.

«...раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин».

Шундан кейин аскарлар яна саф тортишди. Сулаймон алайҳиссалом уларни бирин-кетин кўздан кечира бошладилар.

«У қушларни текширди-да, деди: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» (20-оят).

Сулаймон алайҳиссалом лашкарни текшириб келиб, қушлар бўлимига етганларида сафда Ҳудҳуд (попишак) йўқлигини пайқаб қолдилар.

«Нега мен Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» дедилар.

Сўнг Сулаймон алайҳиссалом қаттиқ оҳангда дедилар:

«Ё мен уни шиддатли азоб-ла азобларман ёки сўйиб юбораман, ё у менга очиқ-ойдин ҳужжат келтиради» (21-оят).

Бу қилган иши учун Ҳудҳудга албатта шиддатли азоб бераман. Бир йўла сўйиб юборишим ҳам мумкин. Ёки бўлмаса узрини тасдиқловчи арзирли ҳужжат келтириши шарт.

«Кўп ўтмай, у келиб деди: «Мен сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим» (22-оят).

(давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
14 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигитқизларга ўсмир, ўспирин сўзи ишлатилади.Аслида арабчада муроҳиқ, ўзбекчада ўсмир, ўспирин деб аталган сўз ғарб истилоҳи бўлиб, давоми...

1052 21:00 / 24.10.2022
Ҳатто мусулмон бўлмаганлар билан ҳам тузилган шартномага амал килиш. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб чиққан киши, ушбу саҳоба давоми...

2465 11:34 / 21.12.2021
Зулқаъда ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар.Зул Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, давоми...

2420 16:32 / 12.09.2021
Хоразм қозиси, муҳаддиси, ҳофиз Абдуллоҳ ибн Убай Хоразмий.Илм талабида юрт кезганлар.Аҳмад ибн Юнус Ярбувъий, Саъид ибн Мансур, Сулаймон ибн Абдурраҳмон, Исҳоқ давоми...

1886 16:10 / 02.04.2019
Аудиолар

137638 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57705 14:35 / 11.08.2021