1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

ФИТНАЛАР ВА УЛАРНИНГ НАВЛАРИ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРИШ

05:00 / 06.01.2017 5482 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар. У зот ўша мақомларида қиёмат қоим бўлгунча бўладиган нарсалардан бирор нарсани қўймай зикр қилдилар. Уни ёдлаган ёдлаб олди, унитган унитиб юборди. Уни анави асҳобларим яхши билдилар

Албатта, ундан эсимдан чиқариб қўйган нарсам ҳам бўлиши мумкин. Уни худди бир киши бошқа киши ундан ғоиб бўлганда юзини унитиб қўйиб яна кўрганда эслагандек эслайман». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадису-шарифнинг ровийлари Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан фитналар ва қиёматнинг аломатлари ҳақидаги ҳадису-шарифларни яхши ёдлаб қолган саҳобийлардан бўладилар. Шунинг учун ҳам бу масалалардага ҳадису-шарифларнинг кўплари айнан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, мен одамлар ичида ўзим билан қиёмат қоим ўртасидаги бўлгувчи ҳар бир фитнани энг яхши билувчи одамман. Менга нима бўлибдики, Расулуллоҳ алайҳиссалом менга бу ҳақда сир қилиб айтган, мендан бошқага айтмаган нарсани унитсам. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссалом ичимизда туриб бизга фитналар ҳақида сўзладилар ва уларни санадилар:
«Улардан учтаси бирор нарсани тек қўймас. Улардан ёзнинг шамолига ўхшаганлари бор. Улардан кичкиналари ва катталари бор», дедилар.
Ҳузайфа яна: «Ана ўша тўпдагилар ҳаммаси, мендан бошқаси ўтиб кетдилар», деди».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом менга қиёмат қоим бўлгунча бўладиган нарсаларнинг хабарини бердилар. Ундан ҳеч бир нарсани қолдирмай сўраб ҳам олдим. Аммо у зотдан аҳли мадинани Мадинадан нима чиқаришини сўрамадим».

Амр ибн Ахтоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Бамдод намозини ўқиб бердилар ва минбарга чиқдилар. У зот бизга Пешин ҳозир бўлгунча хутба қилдилар. Сўнгра тушдилар ва намоз ўқидилар. Кейин минбарга чиқиб бизга Аср ҳозир бўлгунча хутба қилдилар. Сўнг тушиб намоз ўқидилар. Кейин минбарга чиқиб бизга қуёш ботгунча хутба қилдилар. Бас, у зот бизга бўлган нарсанинг ва бўладиган нарсанинг хабарини бердилар. Кўп билувчимиз кўп ёдловчимиздир».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, токи одамлар бошига қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайдиган кун келмагунича бу дунё кетмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули Ул қандоқ бўлур?» дейилди.
«Ҳараж. Қотил ҳам, мақтул ҳам дўзахдадир», дедилар».
Шарҳ: Ҳараж-фитна ва одам ўлдиришнинг кўплиги.
Қиёматнинг аломатларидан бири одам ўлдиришнинг кўпайиши ва одам ўлдирган одам нима учун ўлдирганини ва ўлдирилган одам ҳам нима учун ўлдирилганини била олмай қоладиган ҳолатнинг пайдо бўлиши экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Қаҳатчилик сизларга ёмғир ёғмаслигида эмас. Қаҳатчилик сизларга ёмғир ёғиши, ёмғир ёғишига қарамасдан ер бир нарсани ўстирмаслигидир», дедилар».
Ушбу бештани Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу дарҳақиқат катта офат бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, билмайман, шерикларим унитдиларми ёки ўзлари унитганга солмоқдаларми. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ алайҳиссалом бу дунё тугагунча фитнага бошлиқ бўладиган ва унинг уч юзта ва ундан ортиқ одами бўладиганларни исмини ҳам, отасининг исмини ҳам, қабиласи номини ҳам номма ном айтиб чиққанлар».
Шарҳ: Бундан, ортидан уч юз киши ва ундан ортиқ одамни эргаштира оладиган фитначи, хавфли фитначи бўлишини билиб оламиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ушбу умматда тўртта фитна бўлади. Уларнинг охиргиси фанодир», дедилар». Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадису-шарифда Ислом уммати ичида бўладиган тўртта катта фитна ҳақида сўз кетмоқда. Уламолар ўша тўрт катта фитнани қуйидагича таърифлайдилар:
1.Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
2.Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини ва молини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
3.Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини, молини ва фаржини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
4.Дажжолнинг фитнаси бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида эдик. Бас, у зот фитналарни зикр қилдилар. Уларни зикр қилишни кўпайтирдилар. Охири Аҳлос фитнасини зикр қилдилар. Шунда бир киши:
«Эй Аллоҳнинг расули Аҳлос фитнаси недир?» деди.
«У қочишдир ва талон-тарождир. Сўнгра ас-Сарро фитнаси. Унинг тутини менинг аҳли байтимдан бўлган, ўзини мендан деб даъво қиладиган. Ҳолбуки, мендан бўлмаган бир кишининг қадамлари остидадир. Албатта, фақатгина тақводорларгина менинг дўстларимдир. Сўнгра одамлар бир киши узра худди қавурғага илинган болдир каби сулҳ қилурлар. Сўнгра кўр-кўрона қора фитна бўлади. У ушбу умматдан бирортани қўймай шапалоқ ила шапатилайди. Энди тугади деганда яна чўзилиб кетади. Унда киши мўмин бўлиб тонг отдириб, кофир бўлиб кун ботдиради. Охири оқибат одамлар икки чодирга бўлинадилар. Иймон чодирига, унда нифоқ йўқ ва нифоқ чодирига унда иймон йўқ. Қачон ўшанингиз бўлса, ўша куни ёки эртасига Дажжолга интизор бўлаверинглар», дедилар».
Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин умматлари ичида чиқадиган катта фитналардан учта фитна ҳақида батафсилроқ ахборот бермоқдалар.
1. Аҳлос фитнасини зикр қилдилар. Шунда бир киши:»Эй Аллоҳнинг расули Аҳлос фитнаси недир?» деди.
Пайғамбар алайҳиссалом фитнанинг номини айтганлар аммо тингловчилар бу номдан бирор нарса тушина олмаганлар шекилли улардан бири бу фитна нималигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан сўраган.
«У қочишдир ва талон-тарождир».
Аҳлос фитнасида иштирок этганлар адоватлари кучли бўлганидан нафрат қилиб бир-бирларидан қочар эканлар. Кейин ўша фитна давомида кишилар молу мулки талон-тарож қилинар экан.
«Сўнгра ас-Сарро фитнаси».
Бу фитнанинг номини луғавий таржима қилинадиган бўлса «Хурсандлик фитнаси» бўлади. Аммо унинг ўзини Пайғамбар алайҳиссалом қуйидагича баён қиладилар:
«Унинг тутини менинг аҳли байтимдан бўлган, ўзини мендан деб даъво қиладиган. Ҳолбуки, мендан бўлмаган бир кишининг қадамлари остидадир».
Демак, бу фитнага ўзининг аҳли байтдан эканлигини даъво қиладиган бир одам бош бўлар экан. Аммо уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларидан ҳисоблаб бўлмас экан.
«Албатта, фақатгина тақводорларгина менинг дўстларимдир».
Ҳалиги фитнабоши насаб жиҳатидан аҳли байтдан бўлса ҳам тақводорлардан бўлмагани учун, фитнабоши бўлгани учун Расулуллоҳ алайҳиссаломга дўст бўла олмайди.
«Сўнгра одамлар бир киши узра худди қавурғага илинган болдир каби сулҳ қилурлар».
Бу жумладан мазкур сулҳ худди эгри нарсага илинган сирпанчоқ нарсага ўхшаш бақосиз бўлишига ишора қилинмоқда.
«Сўнгра кўр-кўрона қора фитна бўлади».
Бу фитнанинг номи ҳадису-шариф матнида «Дуҳаймоо» деб аталган. Энди мазкур фитнанинг тафсилоти келади.
«У ушбу умматдан бирортани қўймай шапалоқ ила шапатилайди».
«Дуҳаймоо» фитнаси кенг кўламли бўлганидан ундан зарар кўрмаган мусулмон банда қолмас экан.
«Энди тугади, деганда яна чўзилиб кетади».
Бу фитна узоқ давом этар экан.
Унда киши мўмин бўлиб тонг отдириб, кофир бўлиб кун ботдиради».
«Дуҳаймоо» фитнаси авжига чиққанда иймон ва куфр масалаларида одамларнинг тутириғи қолмас экан. Эрталаб мўмин бўлиб турган одам кечки пайтга бориб кофирга айланиб қолаверар экан.
«Охири оқибат одамлар икки чодирга бўлинадилар. Иймон чодирига, унда нифоқ йўқ ва нифоқ чодирига унда иймон йўқ».
Дунё иккига; мўминлар тўпига ва мунофиқлар тўпига тақсимланар экан.
«Қачон ўшанингиз бўлса, ўша куни ёки эртасига Дажжолга интизор бўлаверинглар», дедилар».
Демак, бу фитна охири замонда бўлар экан.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, токи имомларингизни қатл қилмагунингизча, қиличларингиз ила бир-бирингизга ташланмагунингизча ва дунёнгизга ёмонларингиз меросхўр бўлмагунича қиёмат қоим бўлмас», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёматнинг аломатларидан ушбу ривоятда келган учтаси ҳам қисман воқеъликда бўлиб ўтгани маълум.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Холид ибн Суфён Ҳузалий исмли одам Мадинага бостириб бориш ниятида лашкар тўплади. Ҳузайл қабиласи Маккага яқин жойда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2069 18:00 / 11.12.2020
Ҳабашистон подшоҳи .Нажоший, деб аталган. Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилади. Ҳабашистон дунёдаги энг қадимги давлатлардан ҳисобланади. Пайғамбар давоми...

2998 15:40 / 31.07.2021
Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир.У давоми...

5985 17:00 / 15.06.2019
Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан кейин Бану Исроилнинг ишини Ҳизқил алайҳиссалом давом эттирдилар. Аммо у кишининг фаолиятлари узоқ давом этмади. Ҳизқил давоми...

2656 19:45 / 29.03.2019
Аудиолар

137651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021