1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жамал воқеъаси ҳақида сўз

05:00 / 06.01.2017 5406 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитначиларнинг иғвоси туфайли ҳазрати Али ва Оиша онамиз бошлиқ икки мусулмон тараф ўртасида улар ярашиб бўлганларидан кейин кечаси уруш чиқарилди. Одамлар орасида уруш чиқиб кетганидан кейин Басранинг қозиси Каъб ибн Сур Оиша онамизнинг олдиларига бориб, одамлар урушиб кетдилар, сиз орага тушсангиз, тўхтасалар ажаб эрмас, деди. У кишининг ҳавдажларига ўқ ўтмайдиган қилиб тўсиқ ясадилар. Оиша онамиз одамларни тинчитиш ниятида чиқдилар. Урушда икки бошлиқлари майдонни ташлаб чиққанидан кейин енгилган Басраликлар қайтиб кетаётиб Оиша онамизга дуч келдилар ва у кишини ҳимоя қилиш мақсадида ўраб олдилар. Уруш тўхташидан қўрққан фитначилар Оиша онамизни кўриб ўзларига қулай фурсат келганини билдилар ва бузуқ ниятларини амалга оширишга киришдилар.
Фитначилар Оиша онамизга қараб ҳужум бошладилар. Уларни кўрганлар Алининг одамлари дер эди. Нариги тараф Оиша онамиз ўз ҳавдажлари ила устида ўтирган туяни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Жанг асосан ўша туянинг атрофида борар эди. Арабларда туяни жамал деб аталади. Тарихда жамал-туя уруши номи ила машҳур бўлган бу уруш ҳақида ҳам иккита ривоят келтирилган. Ўшаларни қўлдан келганича шарҳлашга ўтамиз.

Абдуллоҳ ибн Зиёд ал-Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Толҳа, Зубайр ва Оишалар Басра томон юрганларида Али Аммор ибн Ясир ва Ҳасан ибн Алини Куфага одамларни қўзғалишларини сўрашга юборди. Бас, Ҳасан минбарнинг устига, энг юқорисига чиқди. Аммор Ҳасандан пастда турди. Икковлари жам бўлди. Мен Амморнинг «Албатта, Оиша Басра томон юрди. Аллоҳга қасамки, албатта, у бу дунё ва охиратда набийингизнинг жуфти ҳалолидир. Лекин Аллоҳ у ила сизларни У зотга итоат қиласизларми ёки унгами синамоқда», деганини эшитдим».
Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни қатл қилганларидан кейин кўпчилик мусулмонлар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилдилар. Аммо Бани Умайя бошлиқ ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари у кишининг қаттолларини жазоламай туриб ҳеч кимга байъат қилмасликларини эълон қилдилар. Орада ихтилоф чиқди. Одамлар иккига бўлиндилар. Катта саҳобийлардан Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳумолар ҳам ҳазрати Алига қарши тарафга ўтдилар. Кейинчалик Оиша онамиз розияллоҳу анҳу ҳам уларга қўшилдилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Шомга бориб тушунмовчиликни ўз ўрнида ҳал қилишга тайёргарлик кўриб турганларида, кутилмаган бошқа хабар келиб қолди. Унда айтилишича Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумлар бошлиқ кўпчилик Маккаликлар Басрага қараб кетишаётган эдилар.
Бу хабар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни аввалгисидан ҳам қаттиқроқ ташвишга солди. У киши Шомни қўйиб ана ўша гуруҳга ҳақиқатни тушунтириш лозимлигини англаб етиб улар томон юришга қарор қилдилар.
Аслини олганда Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумолар ва уларга ўхшаган яна бир қанча саҳобалар тезроқ Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларидан ўч олиш керак. Бўлмаса иш жиддийлашиб, фитна кучайиб кетади, деган фикрда эдилар. Бу фикрларини ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга айтиб ўз хизматларини, Кўфа ва Басрадан лашкар олиб келишлари мумкинлигини таклиф қилганларида, у киши шошилмаслик кераклигини, бу ишни пухта тайёргарликдан сўнг амалга ошириш зарурлигини айтган эдилар.
Шундан сўнг икки тараф ҳам; шошилиш тарафдорлари ҳам, шошилмаслик тарафдорлари ҳам ўзларича масалани ҳал қилишга киришиб кетган эдилар. Ҳар икки томон ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўчларини олишда ўзининг йўлини тўғри деб билар эди. Ана ўша қасос олишнинг тезлатиш тарафдорлари Басра аҳлига масалани англатиб улардан қотилларни жазолашда ёрдам сўраш мақсадида йўлга чиққан эдилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шу билан бирга қўшимча чоралар кўриб ўз ўғиллари имом Ҳасан ва буюк саҳобий Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳумоларни ўша пайтдаги катта марказлардан бири бўлган Кўфа шаҳрига юбориб одамларни ўзларига қўшилишга даъват қилишни топширган эдилар. Ушбу ривоятда ана ўша иш қандай амалга ошгани ҳақида сўз кетмоқда. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг вакиллари Оиша онамизни ҳурматларини жойига қўйган ҳолда у киши қилаётган иш тўғри эмаслигини одамларга тушинтирмоқдалар.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жамал (туя уруши) кунлари Аллоҳ менга Набий алайҳиссаломга форслар Кисронинг қизини подшоҳ қилганлари хабари етганда «Ишларга аёл кишини валий қилган қавм, зинҳор нажот топмас» деган гаплари ила менга наф берди».
Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятнинг соҳиби Абу Букра розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ишларга аёл кишини валий қилган қавм, зинҳор нажот топмас» деган гапларини ўйлаб Оиша онамиз бошлиқ бўлган гуруҳга қўшилмаган эканлар.
Бу икки ривоятда ишораси келаётган ҳодисаларнинг тафсилоти «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга бағишланган йигирма тўртинчи жузида ва «Нубувват хонадони хонимлари» номли жузнинг Оиша онамиз разияллоҳу анҳога бағишланган қисмида келган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мужоҳиддан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизга суиқасд уюштирилди. Хизматкори унинг таомига заҳар солган эди. Умар ибн Абдулазиз мени чақириб, .Одамлар мен давоми...

1571 08:35 / 13.04.2020
Ушбу саволга ойдинлик киритишга Нельсон Мандела хотирасиrdquo фонди, Жанубий Африка Республикасининг Мусулмон уламолар кенгаши ҳамда ушбу мамлакатдаги ҳукмрон давоми...

4081 15:02 / 15.01.2019
Мунофиқ кофирдан ҳам хатарли бўлиб, унинг зарари кофирникидан кўра хавфлироқдир. Шунинг учун охиратда унинг азоби кофирникидан кўра қаттиқроқ бўлади. Қуръони давоми...

3838 14:52 / 28.04.2017
Ҳусайн муаллим раҳимаҳуллоҳ деди .Муҳаммад ибн Сийрин гаплашиб, куларди. Агар ҳадис келиб қолса айтиб қолинса, қўрқиб, хушуъ билан турарди,.Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ давоми...

1072 15:30 / 03.11.2020
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021