
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фитнабошилар Мадинадан қайтиб боришлари билан халифага қарши чиқишига махфий равишда тайёргарликни бошлаб юбордилар. Улар ўзаро мактуб ёзишиб, ўзларини ҳажга бораётган қилиб кўрсатиб, Мадинада учрашишга ва ўша ерда режаларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Мисрликлар тўрт гуруҳ бўлиб чиқдилар. Уларнинг тўрт амири бор эди. Сонлари эса олти юз, минг атрофида эди. Уларнинг бош амири Ғофиқий ибн Ҳарб эди. Улар одамларга урушга кетаётганларини айтишга журъат қилолмай, ўзларини ҳажга кетаётган қилиб кўрсатдилар. Фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳам улар билан бирга эди.
Фитначилар ўз ишларининг ноҳақ эканини биладилар. Ниятларини халқ оммаси билиб қолса, уларнинг нафратига учрашларини ҳам яхши биладилар. Шунинг учун улар асл мақсадларини яшириб, савобли ишларни ниқоб қилиб оладилар. Тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳатто баъзи ўзлари билан кетаётганларга ҳам асл ниятни эмас, ниқоб қилиб олинган шиорни айтадилар. Уларга одам керак. Агар асл ниятни билса, одамлар айниб қолишлари мумкин. Шунинг учун олиб бораётган одамларига нисбатан ҳам алдамчилик қиладилар.
Куфалик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Куфаликларнинг бош амири Амр ибн ал-Асом исмли одам эди.
Басралик фитначилар ҳам тўрт гуруҳ бўлиб, тўрт амир билан йўлга чиқдилар. Уларнинг ададлари ҳам мисрликларнинг ададича бор эди. Басраликларнинг бош амири Ҳурқус ибн Зуҳайр Саъдий исмли одам эди.
Улар уч томондан Мадинаи Мунавварага яқинлашиб келиб, уч жойга тушдилар. Басралик фитначилар За Хушубга, куфаликлар ал-Аъвасга ва мисрликлар Зул Марвага тушдилар. Уларнинг ниятлари турлича эди. Мисрликлар «Али ибн Абу Толибни халифа қиламиз», дер эдилар. Басралик фитначилар Толҳани ва куфаликлар Зубайрни халифа қилиш ниятида эдилар.
Уларнинг ниятлари турли кишиларни халифа қилиш бўлса ҳам, ҳаммалари бараварига ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши эдилар. Хўш, бу фитначи тўдадаги одамлар кимлар эди? Улар ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчилармиди ёки бошқа одамлармиди? Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар.
Ана шундай уламолардан энг машҳури Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Авосим минал Қавосим» номли китобида қуйидагиларни ёзадилар:
«Явмуддор куни Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир:
1. Динда ғулувга кетганлар, яъни ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйдилар. Ўзлари эса уларни инкор қиламан, деб ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни қилдилар.
2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши яманликларга мутаассибчилик қилганлар. Уларнинг Исломда ўзиб кетган ерлари йўқ эди. Улар қурайшлик Исломда ўзиб, қилган хизматлари ва фатҳлари учун мукофот олганларга ҳасад қилдилар. Ўзларининг ўзишлари ва хизматлари бўлмаса ҳам, улар олган нарсани олишни хоҳладилар.
3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан аччиқлари чиққан. Ана шу сабабдан уларнинг қалблари ҳиқду ҳасадга тўлган эди.
4. Сабачилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб, фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган аҳмоқлар.
5. Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини билмай, ҳовлиққан кимсалар. Улар ўзларининг ҳақлари бўлмаган раҳбарлик лавозимларга тама қилиб, Усмоннинг яхшиликларига нонкўрлик қилдилар.
6. Ислом одобларига қарши ишлар содир этганлари учун Усмон томонидан таъзири берилганлар. Усмон жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам жимгина бўйинларини эгиб юрган эдилар.
7. Ўзлари муносиб бўлмай туриб, раҳбарлик лавозимларига эришишга шошилганлар. Ўзларида ҳикмат бўлмаса ҳам, зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Усмоннинг ўта раҳмли қалби меҳрга тўла экани кўпчиликни тамагир қилиб қўйган эди. Унинг меҳрибонлигидан ўзларининг ҳавои нафсларини қондиришга васила сифатида фойдаландилар».
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.