1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу хушбичим, фақиҳ саҳоба эди

14:00 / 05.04.2022 4886 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс розияллоҳу анҳу 18 ёшларида Исломга кирдилар. Етмиш нафар мадиналик ансорлар билан бирга Ақаба байъатида иштирок этдилар. Кейинчалик Бадр ва ундан кейинги барча ғазотларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотларда қатнашдилар. Набий алайҳиссалом у кишини ўзлари миниб кетаётган хачирга мингашдириб олганлар. Табук ғазотидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Муозни Яманга Исломни ўргатиш учун устоз қилиб юборганлар. Юбораётганларида Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни уловга миндириб қўйиб, ўзлари пиёда кузатганлар.

Муоз розияллоҳу анҳу Расули Акрам алаҳиссолату вассаломнинг ҳаётлик чоғларидаёқ Қуръони Каримни ёд олган олти саҳобанинг бири эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Муоз ибн Жабал нақадар яхши киши!», деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Муозни саҳобаларнинг қориларидан деб эълон қилиб: «Қуръонни тўрт кишидан: «Ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси (озод қилган қули) Солимдан, Убай ибн Каъабдан ва Муоз ибн Жабалдан ўрганинглар», деганлар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламни, у зот Мадинага келганларидан бошлаб ўзларига лозим тутдилар ва Қуръонни, шариат аҳкомларини Набийдан таълим олдилар. Натижада саҳобаларнинг қорисига, шариат билимдонига ва уммат ичида ҳалол ва ҳаромнинг энг яхши билувчи зотга айландилар.

Расули Акрам алаҳиссолату вассалом воқеамиз қаҳрамонини Яманга юбораётганларида йўлга чиқиш олдидан насиҳат қилдилар. Ушбу насиҳат пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пиёда, ҳазрати муоз эса улов устида бўлдилар. Насиҳатни якунлагач, «Эй Муоз эҳтимол сен бу йилдан кейин мен билан учраша олмассан. Эҳтимол, мана бу масжидим ва қабрим ёнидан ўтарсан», дедилар. Бу гапни эшитган Муоз розиялоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилиб қолишларини ўйлаб қаттиқ йиғладилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини Мадина тарафга қаратдиларда: «Албатта аҳли байтим ўзларини менга одамларнинг энг яқини деб ўйлайдилар. Албатта менга одамларнинг энг яқини ким бўлсалар ҳам, қаерда бўлсалар ҳам тақводорлардир...» дедилар

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир», дердилар.

Ямандан бир гуруҳ элчилар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларига ҳақ йўлни кўрсатувчи устоз юборишни илтимос қилишди. Барча саҳобийлар бундай олий шарафга сазовор бўлишни истаб у зотдан ишора кутдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни жўнатдилар.

Уни кузатишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига саволлар билан мурожаат қилдилар:

– Эй Муоз! Ҳукм чиқаришда нимадан фойдаланасан?

– Аллоҳнинг китобидан.

– Агар Аллоҳнинг китобидан топа олмасанг-чи?

– Расулининг суннатидан қидираман.

– Расулининг суннатида ҳам топа олмасанг-чи?

– Унда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, – деб жавоб берди Муоз ибн Жабал.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида хурсандчилик аломатлари пайдо бўлди. Қувонганларидан: «Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳ ва Расули рози бўладиган ишларга мувофиқ қилиб қўйган Раббимизга ҳамд бўлсин», дедилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг икки аёллари бор эди. Аёллардан бирининг навбати бўлганда улуғ саҳоба нариги аёлларининг уйида таҳорат қилмас эдилар. Шомда вабо тарқалганда иккала аёллари ҳам вафот этишди. Одамлар ўша пайтларда жуда банд эди. Қабр тайёрлашга фурсат бўлмагани учун икки аёл ҳам бир қабрга дафн этиладилар. Қабрга қўйиш олдидан ўрталарида қуръа ташланди, яъни, қабрга қайси бирлари олдинроқ қўйилиши учун шу чора қўлланди.

Муоз ибн Жабар розияллоҳу анҳу қавмининг чиройли, кўркам, келишган энг яхши йигитлардан эдилар. Биров у кишидан бирор бир нарса сўраса, йўқ демасдан сўраган нарсасини берар эдилар.

Муоз розияллоҳу анҳу кечаси таҳажжудни адо қилсалар: «Аллоҳим, кўзлар ухламоқда, юлдузлар шуъла сочмоқда, Сен Ҳайй, Қоййумдирсан. Эй Аллоҳим, менинг жаннат сари бўлган ҳаракатим жуда секин, дўзахдан қочишим жуда заиф...», дея дуо қилардилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида илми ва фаросати билан ҳам ажралиб турарди. Ушбу воқеани ибн Абдуллоҳ зикр қилади:

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларига бир неча саҳобалар билан кирдик. Ўттиз нафардан ортиқ одам суҳбатлашиб ўтирган мажлисга қўшилдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини эслашарди. Ораларида қорачадан келган, ширинсухан истарали йигит ўтирарди. Менимча, у қавмнинг орасидаги энг ёши эди. Саҳобалар ҳадис айтишса, ўша йигит шарҳлаб, фатво берар эди. Сўрамасалар жавоб бермасди, яъни ортиқча гапирмас эди. Мажлис тугаганидан кейин унга яқин бордим ва:

– Эй Аллоҳнинг бандаси! Сиз кимсиз? – деб сўрадим

У:

– Мен Муоз ибн Жабалман, – деб жавоб берди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу барча соҳада Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан иш кўрар, унинг фатвосига таянар эди. Саҳобийга ҳурмати сабабли «Агар Муоз ибн Жабал бўлмаганида, Умар шак-шубҳасиз ҳалок бўларди», дерди.

Бир киши Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга «менга насиҳат қилинг», деди. У зот насиҳатимга юрасанми дедилар.

У киши сизни насиҳатларингиз ва тавсияларингизга амал қилишни жуда хоҳлайман деди. Шунда улуғ саҳобий «Рўза тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин, намоз (таҳажжуд) ўқи, ухлагин ҳам, касб-кор қил, гуноҳга қўл урма, фақат мусулмон ҳолингдагина вафот этгин ва мазлумнинг дуойибадидан сақлан!», дея насиҳат қилдилар.

Кейинчалик Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қариндош-уруғлари билан Шомга кўчиб ўтадилар ва у ерда илм билан шуғулланадилар. Бир қанча муддат ўтганидан сўнг Шомнинг амири Абу Убайда ибн Жарроҳ вафот этади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабални Шомга бошлиқ этиб тайинлайди.

Ўлим тўшагида ётган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кимни ноиб қилиб кетишини сўраганларида, «Агар Муоз ҳаёт бўлганида уни албатта ўзимдан кейинги халифа қилиб қолдирардим. Раббимнинг олдига борганимда у мендан: «Муҳаммаднинг умматига кимни бош қилиб қолдирдинг?» деса, Раббимга: «Уларга Расулуллоҳнинг: «Қиёматда олимларнинг бошлиғи Муоз ибн Жабал бўлади», деганларини эшитганим учун Муоз ибн Жабални қолдирдим», дер эдим», деб жавоб берган экан.

Шомда вабо тарқалди. Тарихчилар Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шомдаги «Амвос» вабоси натижасида ҳижрий 18 санада вафот этганларига иттифоқ қилишган. Ёшлари борасида икки хил фикр бор. Баъзи тарихчилар у киши 38 ёшда вафот этганлар десалар, баъзилари 33 ёшда вафот этган деганлар.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у саҳоба ҳақида .Бу мендандир ва мен унданман, дедилар.Бу саҳобани кўпчилигимиз танимаймиз. Моддий жиҳатдан фақир, аммо давоми...

3474 09:02 / 14.09.2021
тўртинчи мақола Кейин Уҳуд уруши бўлди. Мусулмонлар учун ғоятда оғир кечган бу урушда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мислсиз жасорат ва мардлик намуналарини давоми...

1778 06:00 / 21.06.2023
Улуғ саҳобий Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу форс қўшини ҳақида маълумот олиб келиш учун етти нафар аскарни душман қўшини томонга юбордилар ва имкон давоми...

2068 11:00 / 03.04.2022
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб .Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни, ё Ўзининг давоми...

14316 20:06 / 21.04.2017