1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (18-қисм)

21:59 / 20.04.2017 4557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар  

«ПАЙҒАМБАР ЙЎЛИДАН ЧЕКИНИШ ЙЎҚ!»

(18-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили, касалланмасларидан бир кун олдин румларга қарши урушмоқ учун эндигина йигирмадан ўтган Усома ибн Зайд бошчилигида бир қўшинни тайёрлаб, Сурия чегараларига жўнатишни режалаб қўйдилар. Санжоқни унга топширар эканлар:

—  Отанг шаҳид бўлган ерларга бориб, душманингни отлар оёғи остида мағлуб қил! Зафардан кейин у ерларда кўп турма! Йўлда далилсиз кетма! – дедилар.

Усома байроқни олиб Мадинадан чиқди. Бир соатлик масофани юриб Журуф деган жойга боришганида Расулуллоҳнинг хасталиклари хабари етиб бориб, қўшин ўша ерда у зотнинг соғайишларини кутиб қолди. Усома бир вақтлар Мута фожеасида шаҳид бўлган Расули акрамнинг озод қилган қуллари ва тутинган ўғиллари Зайд ибн Ҳорисанинг ўғли эди. Ёш бўлишига қарамай, жасур, шижоатли, эътиқодли, ишончли саркарда эди, асҳобнинг киборларидан бир неча киши қўшин таркибига киритилган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Ислом давлати раҳбари этиб сайланган Абу Бакр Сиддиқнинг биринчи қилган ишлари Усома қўшинини жангга жўнатиш бўлди. Аммо халифанинг бу нияти саҳобийлардан айримларининг қаттиқ эътирозига дуч келади. Абу Бакр шунда Фахри коинот иртихолларидан сал олдинроқ имомликка ўтганларини, намоздан сўнг хутба ўқиб Усома ҳақида айтган қуйидаги гапларини эсга олдилар: «Эй инсонлар! Усома қўшинини йўлга чиқарингиз! Усома каби жуда ёш бир зотни қўмондонликка тайинлаганим учун бир нималар деганингизни эшитдим. Илгари отаси Зайднинг амирлиги ҳақида ҳам эътироз этган худди шу сўзларни айтган эдингиз. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Усоманинг отаси қўмондонликка муносиб одам эди. Уни жуда севардим. Зайд қўмондонликка қанчалик лойиқ ва менга суюмли бўлса, отасидан кейин Усома ҳам севимли кишиларимдандир. Унга итоат этингиз!»

Қўшинни жўнатмаслик тарафдорларининг фикри ишочлидай туюларди. Ҳақиқатан аҳвол нозик, вазият таҳликали эди. Атрофдаги қабилалар закот беришдан бош тортиб, Ислом давлатига қарши чиқиб турган, янги пайдо бўлган ёлғончи пайғамбарлар Ислом бирдамлигига жиддий хавф солиб турган бир пайтда Мадина давлатининг асосий қўшинини чет ўлкаларга урушга юбориш ақлга тўғри келмаётгандек туюларди. Аммо Абу Бакр Сиддиқ ҳеч қандай тараддудга тушмай, ўзларига хос қатъият билан:

—  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаган ишларини ҳеч сўзсиз охирига етказаман. Агар мени йиртқичлар тилка-тилка қилсалар ҳам, Усома қўшинини Расулуллоҳ буюрганларидай румларга қарши муҳорабага юбораман, – дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ қўмондон Усома аскарларини дарҳол Журуфдаги ҳарбий қароргоҳда тўпланишга буюрдилар. Қўшин тўпланиб бўлгач, Усома аскарлар сафида бўлган ҳазрат Умарни халифа ҳузурига вакил қилиб жўнатди ва:

—  Абу Бакрга айтинг, асосий кучни жангга олиб кетиб, Мадинаи мунаввара мудофаасини таҳлика остида қолдириш яхши бўлмайди. Борди-ю, қўшин барибир бориши керак бўлса, ўрнимга бирон номдор саҳобани қўмондонликка тайинласинлар, – деб уқтирди Усома.

Ҳазрат Умар ҳазрат Абу Бакрга Усоманинг илтимосини етказдилар. Аммо Абу Бакр қатъий суратда:

—  Усома қўшини албатта жангга юборилади, – дедилар.

—  У ҳолда қўшинга бирор номдор саҳобани бош қўмондон этиб тайинлаш лозимга ўхшайди, – деб маслаҳат солдилар ҳазрат Умар.

Бу гапни эшитиб Абу Бакр ўринларидан сапчиб турдилар ва ҳазрат Умарнинг соқолларидан ушлаб:

— Онанг боласиз қолгур, Умар, ҳали гапингга кириб Расулуллоҳ ҳазратлари шахсан тайинлаган қўмондонни ишдан олайми? – дедилар.

Жоҳилият одатига кўра, номдор ва мартабали кишиларни эъзозлаш каби ярамас ҳолатни асҳоби киром орасида тугатишга қарор берган Абу Бакр ҳатто ҳазрат Умар каби биродарининг маслаҳатига юрмай, Усомани яна қўмондон этиб тайинладилар. Пиёда ҳолда қўшинни анча ергача кузатиб ҳам қўйдилар.

Абу Бакр Сиддиқ пиёда, Усома эса отда кетишаётган эди. Абу Бакрнинг пиёда кетаётганидан хижолат бўлган қўмондон у кишига:

—  Сиз отга миниб олинг, мен эса яёв кетай, – деб эгардан тушмоқчи бўлди.

— Сен ҳам яёв бўлмайсан, мен ҳам отга минмайман. Аллоҳ йўлида бир неча қадам пиёда юрсам, нима қипти?! – деб жавоб бердилар Абу Бакр.

Кейин йўлда Усомадан:

— Умарни қолдириб кетсанг, яхши бўларди, давлат ишларида ёрдам бериб туриши лозим, – деб илтимос қилдилар.

Бу ўтинчдан Усоманинг ҳайрати ошди. Раҳбар қўл остидаги қўмондондан бир кишини қолдиришни сўраб ўтирса-я!

— Буни сўраб ўтирганингиз нимаси, олиб қолишга ҳаққингиз бор?!

—  Йўқ, ҳар бир киши қўмондонга итоат этиши зарур, – дедилар Абу Бакр.

Абу Бакр қўшинни кузатар эканлар, видолашув пайтида аскарларга ўзларининг машҳур хутбаларини ўқидилар:

— Хиёнат қилманг ва аҳдларингизни бузманг! Бировни қийнаб ўлдирманг. Ёш болаларни, қарияларни, аёлларни ҳалок этманг! Мевали дарахтларни суғуриб ташламанг ва ўт қўйиб ёқманг! Қўй, мол ва туяларни фақат ейиш учун сўйинг! Черковларда ибодат билан машғул бўлган кимсаларни ўз ҳолига қўйинг, уларга тегманг! Елкаларига шайтон миниб олган ёвуз кимсаларни кўрсангиз, уларнинг бўйинларини қилич билан узиб ташланг. Аллоҳ номи билан мадад тилаб иш юритинг!

Кейин Усомага Расулуллоҳ амрларини қаттиқ тутишликни таъкидладилар. Қўшин жўнаб кетди. Усома аскарлари икки ойдан ортиқроқ юриб, зафар ва ғаниматлар билан Мадинага эсон-омон қайтиб келишди. Кутиб олгани Мадина ташқарисига чиққан асҳоблар сафида ҳазрат Абу Бакрнинг ўзлари ҳам бор эдилар. Халифа музаффар Ислом лашкарининг шавкатли жангчиларини такбир ва таҳлил билан қарши олди.

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намозини ўқидилар, сўнг .Фалончи келдими, давоми...

2370 11:00 / 06.01.2022
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайноталари, саҳобалари, ашараи мубашшаранинг бири, пешқадам саҳобаларнинг бири давоми...

2858 16:30 / 17.09.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у саҳоба ҳақида .Бу мендандир ва мен унданман, дедилар.Бу саҳобани кўпчилигимиз танимаймиз. Моддий жиҳатдан фақир, аммо давоми...

3470 09:02 / 14.09.2021
.Эй Аллоҳ, уни мол ва фарзанд билан ризқлантир ва унга барака бер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга онаси давоми...

2942 11:00 / 22.05.2023