1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Мусулмонни сўкиш фосиқликдир

09:17 / 20 февраль 1747 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зоҳиридан динга амал қилувчи, тақводор бўлган, айрим зоҳирий суннатларга амал қилишда маҳкам бўлган баъзи-бир одамларнинг ўта қабиҳ, фаҳш сўзлар билан бир-бирларини сўкаётганларини, ҳамма куч ва ғазабини мўмин биродарларига йўналтираётганларини кўрсам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга айтган сўзлари ёдимга тушаверади. "إنك امرؤ فيك جاهلية" яъни, «Сенда жоҳилият хислати бор экан. Ўзида жоҳилият сарқити мавжуд бўлган одам экансан!» Худди шу сўзлар билан Набий алайҳиссалом Абу Зарр розияллоҳу анҳугага танбеҳ берган эдилар. Бу танбеҳдан анча вақтга қадар мазкур саҳобий ўзларига келолмай юрганлар. Ҳатто, бу сўзлар у зотга жуда оғир келган. Чунки, оламларни зулматлардан нурга олиб чиқиш учун юборилган Ислом қофиласига биринчилардан бўлиб қўшилган, умрини Ислом нурининг ёйилишига бахшида айлаган улуғ саҳобий ёши бир жойга етганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қадар қаттиқ танқидни кутмаган эди. Ўшанда Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир киши билан уришиб қолиб, ғазаб устида унинг онасига тил теккизган эдилар. Унга «Эй, қора хотиннинг боласи!», дея онаси билан орлантирган эдилар. Бу ҳам онадан сўкиш бўлади. Сўкиш деганда фақат уятсиз сўзлар, фарж ва жинсий аъзолар аралаштириб айтиладиган сўзларнигина тушунмаслик керак. Аслида, кишининг юзига айтилувчи ва унинг кароматини ерга урувчи ҳар қандай ёмон сўз шаръий ўлчовда сўкиш бўлади. Зотан урфда ҳам шундай. Шунинг учун ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом Абу Зарр розияллоҳу анҳуга "أفنلت من أمه؟" яъни, «Онасини сўкдингми?! Наҳот, онасини сўксанг?!» дея савол берадилар. Араб тилида сўкиш маъносини англатувчи сўзлар жуда кўп. Улардан бири "نال" феълининг "من" ҳарфи билан ишлатилишидир. Бу сўз "شتم" ва "سب" сўзлари каби кишининг ирзига, обрўсига тажовуз қилиш, кароматини ерга уриш маъноларига далолат қилади. Сўкилган саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб боради. Набий алайҳиссалом Абу Зарр розияллоҳу анҳудан сўрадилар: "أساببت فلاناً؟" «Фалончи билан сўкишдингми?».


Саҳобий: «Ҳа», деди.
Пайғамбаримиз яна сўрадилар: "أفنلت من أمه؟" яъни, «Онасини сўкдингми?! Наҳот, онасини сўккан бўлсанг?!»...


Абу Зарр розияллоҳу анҳу ўз ишларига узр топиш учун "يا رسول الله، من سبّ الرجال سبّوا أباه وأمه" яъни, «Ё Расулаллоҳ, инсон ўзгаларни сўкса, унинг отасини ва онасини сўкадилар», дедилар. Яъни, «Ё Расулаллоҳ, одамларда одат шундай. Кимдир, ўзгани сўкса, ёмон гапирса, албатта, унинг отаси ёки онасини сўкишади. Менда ҳам шундай бўлди. Ёмон гапирган эди, онасини сўкдим» деган маънода жаранглади бу сўзлар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен, жоҳилият хислати бор бўлган одам экансан!» деган сўзларини яна бир бора қайтардилар. Зеро, Аллоҳнинг динида бу каби «узр» ўзганинг онасини ҳақоратлаш учун узр ўрнига ўтмас эди. Агар одамлар бир-бирлари билан уришиб қолганларида бир-бирларининг онасидан сўксалар бу ҳолат ўзига ёмон сўз айтган кимсанинг онаси шаънига тил теккизишга асос бўла олмас эди Исломда. Абу Зарр розияллоҳу анҳуга бу сўз қаттиқ таъсир қилди. "على حين ساعتي هذه من كبر السن ؟" «Ё Расулаллоҳ, ёшим шу жойга етганда-я?!», дедилар. Яъни, менки, умрини Исломда ва Ислом учун курашда ўтказган инсон ҳаёти давомида фақат жоҳилиятга қарши курашган инсон... Наҳот, менда жоҳилият иллати қолган бўлса?!» 


Бу сўзлар Абу Зарр розияллоҳу анҳу томонидан Набий алайҳиссаломга эътироз эмас, балки, умрини жоҳилиятга қарши кураш билан ўтказган инсон сифатида ҳали-ҳануз ўзида жоҳилият сарқитлари қолганлигидан афсус-надомат қилган инсоннинг сўзи эди. Бунга ишонолмасди...


Кўп аҳли илмлар наздида мазкур воқеада сўкилган киши Билол розияллоҳу анҳу бўладилар. Аммо, мазкур сўзларнинг кўпи жазм эмас балки, тамриз сийғасида ворид бўлган. Яъни, «қийла» (айтиладики) каби гумонни ифода қилувчи сўзлар билан нақл қилинган. 


Гапнинг қисқаси, инсоннинг онасини эмас ўзини ноҳақ сўкиш ҳам ҳаром ишлар сирасига киради. Балки, бу фосиқликдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "سِباب المسلم فسوقٌ، وقتاله كفرٌ" «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан (силоҳ ила) жанг қилиш эса кофирликдир».
(Бухорий, Муслим ва Насоий ривоятлари).


Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон кишини ноҳақ сўкиш фосиқлик эканлиги айтилган. Баъзан, бир инсон билан тортишиб қолганингизда у сизни ноҳақ сўкса, сиз ҳам уни ёмон сўзлар билан жавоб қайтариш ҳуқуқига эга бўласиз. Лекин, бунда чегарадан чиқмасдан ота-онасини аралаштирмасдан сўкиш мумкин. Сўкиш бу юқорида айтилганидек, бирор кимсанинг юзига обрўсини туширадиган сўз айтишдир. Агар ўзи йўқлигида бўлса бу иш ғийбат бўлади. Юзига айтилса сўкиш бўлади.


Лекин, шунда ҳам унга жавобан сўкишга ҳақли бўлган ҳолингизда уни кечириб, афв қилишингиз, у билан тенглашишдан юз ўгиришингиз афзал ва савобли ишдир. 


Бордию ўзгани ноҳақ сўксангиз қаттиқ гуноҳкор бўласиз. Бу ишингиз фосиқлик бўлади. Агар бу билан ҳам кифояланмасдан мусулмон билан урушсангиз, масалан, пичоқлашсангиз, бирор қурол билан жисмига зарар етказсангиз ёки Аллоҳ асрасин, уни ўлдирсангиз бу ишингиз шу қадар кабира гуноҳ эканлиги туфайли ҳадис шарифда "куфр" дея ифода қилинган. Бу иш ўта оғир гуноҳ эканлиги учун ва ундан шиддат билан қайтариш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур сўзни ишлатганлар. Ваҳоланки, бир мусулмон билан шу тариқа урушган мусулмон диндан чиқиб қолмайди. Балки, унинг бу иши Ислом таълимотига зид эканлиги, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирларига нисбатан содир этишлари мумкин эмаслиги туфайли бу иш «куфр» деб аталди. Ҳадиси шарифда «куфр» сўзи ишлатилишининг яна бир сабаби мўминнинг қонини оқизиш яъни ўлдиришни ҳалол санаш куфр эканлигига ишорадир, дейди баъзи олимлар. 


Дарвоқе, Абу Зарр розияллоҳу анҳу мазкур хатоларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, онасининг шаънига тил теккизганлари кишидан буюк узр сўраганлар. Ерга юзларини қўйиб, юзларига оёқ босишини қаттиқ туриб талаб қилганлар. Ва унинг афвини қозонганлар.

Алишер Султонжоджаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМУНОСИБ ФАРЗАНД 15қисмАллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрга яна бир илоҳий давоми...

4622 16:16 / 21.04.2017
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

4829 19:35 / 21.04.2017
олтинчи мақола . . Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ куни одамларни давоми...

1325 16:00 / 01.08.2023
Динимиз ndash Ислом наслнасабни пок сақлаш, шармуҳаё, бировга нопок назар билан боқмаслик каби гўзал маънавий ахлоқ ва одобларга чорлайди. Бугунги фаровон давоми...

2247 09:00 / 12.08.2023
Аудиолар

135338 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55591 14:35 / 11.08.2021