1447 йил 21 шаъбон | 2026 йил 09 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Навоийнинг «Насойим..»идан бир ҳикмат

16:19 113 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида ўнлаб ҳол соҳиблари, шариат олимлари, тариқат эгаларининг фазилатларидан сўзлайди. Навоийнинг назари тушиб, қаламга олган улуғ зотларнинг ҳалимлиги, тозалиги, саховати, собирлиги, содиқлиги ва бошқа гўзал  фазилатлари «кўпдурки, агар шарҳин қилса, яна бир китоб ясамоқ керак».

Ҳазрат Навоий ортиқча тафсилотларга, шарҳ ва изоҳларга берилмайди, жуда қисқа жумлаларда бу улуғ, табаррук тоифанинг ибратли ҳаётидан – шариат амрига ва тариқат одобига амал этишларидан сўзлайди. Бу муҳтарам тоифанинг ҳар дам ибодат ва итоат, зикр, фикр ва шукр билан машғуллигини таъкидлайди.

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарининг аввалида шундай улуғ зотлардан бири Ҳазрат Хожа Абулвафойи Хоразмий қоддасаллоҳу сирроҳу тўғрисида сўз юритади. Ўғри билан тўқнашувига оид қизиқ бир воқеа тасвирини келтиради. Хожа Абулвафойи ўз одатича кечқурун туйнукдан тушаётган ой ёруғида китоб ўқиб ўтиради. У зоти шариф яшаган замонларда ўғрилар кўпайиб, майдаю катта ўғриликлар авж олган бир пайтлар бўлган эканмикин? Ё одамлар очликдан шу йўлга кирганми ёки шу ўғриликни касб қилиб олганмикин? Баҳарҳол, бу икки ҳолдан бошқа сабаблар ҳам бордир. Хожа шундай мутолаага шўнғиган маҳалда бир ўғри пайт пойлайди. Шайх унинг қадам олишидан, шарпасидан ёнига етиб келмасидан сезди. Чора қанча? Одам бор жойга одам келади. Хожанинг ёнида лип этиб ғаройиб нусха пайдо бўлади. «Нияти тузукмикин? Оёқ олишлари бошқача. Мендаги нима нарса қизиқтирди экан буни?» Бошида шу фикр айланар-айланмас, ўғри келиб унинг бошидаги ўрама салласига осила кетади. Яхшиям кўксига тушиб турган дасторнинг бир учини шу орада ушлаб қолади. Бир учи ўғрида, бири эгаси қўлида. Бамисоли арқон тортқич ўйини-мусобақасидек шиддатли манзара. Икки одам икки томон, ўртада дастор сарсон. Гоҳ у томон, гоҳ бу томон. Хожанинг қадди эгилган, қарилик таъсирида қуввати кетган. Не қилсин? Қараса, ўғри зўрлик, беадаблик қилаётир. Шунда шайх айтадики: «Ҳе, валлоҳ, ҳов бола,  сенга бундан ҳеч наф йўқ. Бу эски бир дастор, кунингга ярамайдур. Қўйвор, бола!» Ўғри нима ҳам десин? Қасд этгани рост? Бас, ўғри учун ўз ишининг натижаси муҳим. Қариянинг гапига қулоқ солиш қайда? Нафси хуруж қилиб турибди. Тортишмада ғолиблик учун тиришиб ётибди; нафс ҳам ўғри томонга ўтган – ёрдамчи.  Бир оз вақт ўтиб-ўтмай дастор эгасининг қўли толиқади. «Мол кетса кетсин, жон оғримасин, бош омон бўлсин, салла топилгусидур». Аста-аста саллалик қўлдан сирғалиб чиқиб кета боради. «Ол, майли олақол, аммо айтиб қўяйин, бола, кунингга  ярамайдур. Йиртиқ, тешилган жойлари ҳам бор. Кўргин, барибир ташлаб кетасан». Ўғри ғолиб келади, мағрур ва мамнун бир-икки қадам босиб Хожадан узоқлашди. Қўлида дастор – наздида бениҳоя ноёб ўлжа. Ҳар қандай ўғри бурчак айланса, бас, айбини биров бўйнига қўя билмайди. Беадаб бу ўғри ҳам унча олис кетмади, нари бориб, дасторни ёйиб кўрди. Қараса, илма-тешик, пора-пора ҳақиқатан ҳам, Хожа айтганидек, кунига ярайдиган матоҳга ўхшамайди. Ялтиллаб, ғоятда гўзал кўриниб турганига кўзи учгандими? Шайтоннинг тузоғига илиндими? Нима бўлди, ахир?! Албатта, буни аниқлашнинг ҳам, ҳатто ўғрининг ўзидан сўрашнинг асло имкони йўқ. Бироқ иймон эгаси – уламо бошидаги салла гарчанд илма-тешик, йиртиқ бўлса ҳам, ўғри кўзига ёқут тождек, ҳайбату савлат билан тилло бўлиб кўринади. Асло заррин-қимматбаҳо  салла эмас, балки оқил бош илма-тешик дасторни кўркам қилади.

Хожа қараб-кўриб туради. Ўғри бирор учига тилло танга тугилган хаёли билан дасторни ағдар-тўнтар қилади. Ҳеч вақо йўқ, умиди пучга чиқади. Турган жойида дасторни бир бута шохига илади-да, йўлида кетади. Шунда Хожа аста бориб дасторини қўлига олади, бошига чирмайди ва ўзича гапиради: «Одамларга ҳайронман. Айтсанг, гапирсанг, тушунтирсанг, англамайди, ишонмайди, тушунмайди. Аммо қўлларига олиб, кўзлари билан кўргандан кейингина бошқа бир ҳолга тушадилар, эҳтимол, ишонадилар». Хожа ўғрини сўкмайди, изидан тош отмайди, югурмайди, додламайди, зорланмайди.

Дарҳақиқат, одамлар ўз кўзлари билан кўриб, қўлига ушламаганча кўпинча ҳеч бир гапга инонмайди. Аллоҳнинг элчисидан мўъжиза кўрсатишни сўраган қавм, ҳатто ойнинг иккига бўлинганини кўриб ҳам ишонмаган, иймонга келмаган эди. Бундай ҳол – кўнгил иллати. Ишонч эса  бебаҳо неъмат, кўнгил қиймати. Шубҳа-гумон иймондан айиради. Ўғри кимсага ишонч туйғуси бегона. Аслида ҳақ гапга ишонганида ҳалиги кимса Хожани безовта қилмаган ҳам бўларди.

Эй дасторпараст, мулойим сўзлар билан ҳақиқатни айтаётган олим сенга ёмонликни раво кўрмайди. Сен дунё талашиб, унга етишдинг. Охири мол яроқсиз эканини ҳам кўрдинг. Агар кўнглинг тўғри бўлганида, ҳол эгасини холи қўйган, саллага осилмаган, қўлга олмасдан ҳам айтганига ишонган бўлардинг.

Эй дастор ўғриси, аслида сен эл учун ўзингдан  йиртиқ дасторни эмас, улкан бир ҳикматни ёдгор қолдирдинг. Кўрмасдан ишониш – иймон белгиси. Иймон эгаси эса дунёнинг ўткинчилигига ҳам, салланинг эскилигига ҳам айтилган заҳоти, албатта,  ишонади.

 Ҳайҳот, аҳли уламо сизни ғафлат босмасин, бошни эҳтиёт қилинг, дастор эса ҳалигача бутага илиниб турибди!

Профессор Баҳодир Карим
«Ҳилол» журнали 6(75)сон

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 24 декабрдаги 03-07/8262-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казоказоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, оҳвоҳ ва дийдиёлар эмас. Балки шеър эзгулик, давоми...

8757 05:00 / 07.03.2017
Сўз бошиТажвид Қуръоний илмларнинг энг зарурийсидир. Чунки бу илмни ўрганишга Аллоҳ таолонинг ўзи буюрган. Ҳадисларда ҳам Қуръонни маҳорат билан тиловат давоми...

5164 05:00 / 07.03.2017
Эй сен мўмин, эй мўмина, эй подшоҳ, эй ғуломБугун шундай улуғ кунки, еру осмон титрамиш,Яратгувчи Парвардигор, ҳамду сано Ўзингга,Ибодатга бошин эгиб, мўминларинг давоми...

4195 05:00 / 07.03.2017
ЕТТИНЧИ БОБ МУНОЖОТАллоҳим, Ўзингга бош эгган бандаБошқалар наздида энг кучли одам.Аллоҳим, исломла улғайган тандаКибруу риё бўлмас зарра бўлса ҳам.Аллоҳим, Сен давоми...

8019 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

229314 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147938 14:35 / 11.08.2021