
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Анвар қори Турсунов суҳбатларидан)
Ҳазрат Навоийнинг адабиётга, шеъриятга қўшган ҳиссаларини эътироф қилиб тугатиб бўлмайди. У зотнинг ижодидаги асосий мавзу, ўқ илдизи – иймон бўлиб, бу сиймонинг ҳар бир байти бевосита ёки билвосита шунга бағишланган.
Нақди жон чиққонда иймон гавҳарин кўнглумға сол,
Қил мени жондин жудо, лек қилма иймондин жудо.
Бу сатрлар билан шоир Навоий иймонни ҳар нарсадан устун қўймоқда. Чунки иймонсиз жоннинг мазмуни йўқ.
Навоий қалб ислоҳотчисидир. У ўзининг асарларида нафсни тарбиялашга диққат қаратганини яққол кўриш мумкин. Тасаввуф уламоларимиз айтганларидек, қалбни тозаламай туриб, бирор нарсага эришиб бўлмайди. Инсоннинг қалби ислоҳ бўлсагина, бутун жисми тоза бўлади, покланади.
Мосиваллоҳ хотиримдин салб қил,
Онда зикрингни ҳузури қалб қил.
Аллоҳ таоло Қуръонда «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (Раъд сураси, 28-оят) дея марҳамат қилган. Бу байтда қалб тарбия топишида мусулмон банданинг шаҳодат калимасини айтиб қўйиши кифоя қилмаслиги кўзда тутилган. «Салб қил» яъни «ўчир» сўзини қўллаш билан шоир Аллоҳга Ўзингдан бошқа нарсани қалбимдан чиқаргин, дея илтижо этмоқда. Шундан сўнг Уни эслаганда У Зот қалб ҳузурига ноил бўлишидан умидвор.
Ҳазрати Навоийнинг ижодида ишқ сўзи кўп маротаба қўлланганини учратамиз. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодида Аллоҳга муҳаббатни бу сўз билан ифодалаб бўлмайди. Аҳли тасаввуфнинг эса ишқ сўзини ишлатиши мажозандир. Луғатда келтирилишича, ишқда муҳаббат қилинадиган нарсага нисбатан шаҳват ҳам бўлар экан. Бироқ аҳли тасаввуф олий ишқни куйлайди, хусусан Навоийнинг ҳам бирорта байтида ишқнинг қуйи даражалари топилмайди. Тасаввуфда май – маърифат, иймон нуридир.
Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин
«Ишрабу, ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.
Яъни шоир Аллоҳ таоло бандаларига «Маърифатимни тўхтовсиз ичинглар (баҳраманд бўлинг)» деб амр қилгани ҳақида сўз юритган.
Ёки «Лайли ва Мажнун»да улуғ нозим бундай дейди:
Ошиқки, муроди ком раво бўлғай,
Ошиқлик анга ҳаром бўлғай.
Яъни бу дунёда кимки Аллоҳга етдим деса, унга ошиқлик ҳаром бўлади.
Давлати васл илтимоси не ҳикоятдур манго,
Буки ёдинг бирла жон берсам кифоятдур манго.
Васл – учрашиш. Байтда Аллоҳнинг васлини бу дунёда учратиш мумкинмаслиги айтилган. Чунки эътиқодимизда Оламлар Роббини бу дунёда кўриб бўлмайди. Бандалар жаннатда Аллоҳнинг жамолини кўришга муяссар бўлиши Қуръони карим ва ҳадислардан маълум. «Ёдинг бирла жон берсам кифоятдур манго» – яъни ҳазрат Навоий фақат Унинг номини зикр қилиб яшаса-ю, бу дунёдан ўтса, бас. У дунёда, иншааллоҳ Ёрининг васлига етади.
Ёки бу улуғ шоирнинг бошқа ғазалини олайлик. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тонгда, бомдодга бир соат вақт қолганда ошиқларнинг қалбида бир нур пайдо қилар экан. Мана шу нур бомдод намозини ўқигандан сўнг аста-секин йўқолиб боради:
Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.
Ёрнинг жилваси, табассуми – барчаси қалбдаги ҳолатларнинг акс эттирилиши. Демак, шоирга қалбдаги ўша нур соғинчи сабаб тун билан куннинг фарқи қолмаган. Бу байтларни нотўғри талқин қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Мавлоно Лутфий ушбу матлаъни тинглагандан сўнг агар имкони бўлганида, ўзининг 10–12 минг форсий ва туркий тилда битилган байтларини шу ғазалга алмаштиришини айтиб, шоирнинг истеъдодига юксак баҳо берган.
Май бирла юзинг тим-тим аҳмарму экин оё?
Ё шуъла аро бир-бир ахгарму экин оё?
Олимлар бу байтнинг мазмунини турлича шарҳ қилишган, биз икки маънони келтириш билан кифоялансак. Бири, у зотнинг устози Жомий ҳазратлари жазба ҳолатида турганларида юзлари қизариб, терлаб кетар экан. Бундан шоир таъсирланиб «Эй устоз, Аллоҳнинг ишқида юзингиз қизардими ёки шуълада куйиб кетдингизми?» деб ёзган. Иккинчиси, адабиётшунослар шоир тажоҳилул ориф – билиб-билмасликка олиш санъатини қўллаб, ўзига мурожаат қилган деб ҳисоблашади. Қалб яъни юрак ўзи қип-қизил қондан иборат. «Эй қалбим, Аллоҳнинг маърифатидан қизардингми ёки куйиб-чўғга айландингми?!»
Сўз мулкининг султони меросини маҳбубага аталган деб айтиш ижодга юзаки қараш демакдир.
Бақосиздир жаҳон раъноси, валлоҳ,
Жаҳон раъноси йўқким, мосиваллоҳ.
Бу ўринда Ҳазрат Навоий жаҳон раъноларининг барчаси фоний экани, боқийлик фақат Аллоҳга хослиги ва У зотнинг ўзигина жамики нарсадан Гўзали эканини айтмоқда.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар ўз Роббингизни худди манави ойни кўраётганингиздек, аён кўрурсизлар», деганлар. Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан: «Бас, ҳижоб очилур, уларга Робблари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч бир нарса берилмагандир», деганлар:
Қўйинг борида қилмон жаннатга гузар ҳаргиз,
Қаддинг қошида салмон тўбига назар ҳаргиз.
Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган неъматлар бўлиши хабари мўминларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган. Ҳазрат Навоий бу ўринда Яратган пардасини кўтариб ўз васлига муяссар қилса, у неъматларга ҳаргиз назар солмаслигини изҳор қилмоқда.
Буюк нозимнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам муҳаббатлари бўлакча бўлганига ушбу байтлар ёрқин мисол бўлади:
Кеча келгумдир дебон, ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Навоий ҳазратлари етти ёш чоғларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрган. Тушларида у зот алайҳиссалом яна қайтиб келиш(кириш)ларини айтганлар. Шоирнинг кўзлари йўл қараб, Набий алайҳиссаломнинг дийдорларига муштоқ бўлиб тунларни бедорликда ўтказган. Навоийшунос олимлар интизорликдан ушбу ғазал яралганини шарҳлайдилар.
Ёки:
Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,
Қоби қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур.
Мазкур байтлар устида тадқиқ қилаётган ёки мустақил ўқиётган киши, шубҳасиз «Лайлатул меърож» ва «қоби қавсайн» каби жумлаларни тушуниш учун ҳадис ва сийрат китобларига мурожаат қилади. Шунинг ўзи Навоийнинг тасаввуф билан бирга бошқа илмларни ҳам чуқур ўзлаштирганининг ёрқин исботидир. Саҳиҳ ривоятларда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нур ёғилиб турган, кўча-кўйда у зот алайҳиссаломни шу хислатлари билан таниб олишган. Ҳатто бу нурафшонликдан тунда масжидда намоз ўқиб бўлган саҳобалар Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан ушлаб, уйларига олиб бориб қўйишларини сўрашар экан. Шоир кимки Аллоҳнинг Расули Меърожга чиққанини – Оламлар Робби билан учрашганини кўрмоқчи бўлса, у зот алайҳиссаломнинг сочларига боқсин, демоқда. Аллоҳга қанчалик яқин бўлганларини эса қошларига боқиб билса бўлади.
Адабиётда лирик қаҳрамон тушунчаси бор. Мен бу улуғ сиймонинг барча асарларидаги лирик қаҳрамон Навоийнинг ўзи, барча асарларида у ўзининг дардлари, ўзининг ишқи, ўзининг орзу-армонларини куйлаган деб ўйлайман:
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.
Шоир кимларга интилган-у, аммо кўпинча кимлар орасида юргани ҳақида мушоҳада юритмоқда.
Юқорида бир нечта ғазаллардан мисол келтириб, мухтасар шарҳини эътиборингизга ҳавола қилдик. Навоий ҳазратларининг ижод олами шу қадар бойки, ҳар бир каломдан олам-олам маърифат ва маъно-мазмун англашилади. Улуғ нозимнинг асарлари руҳ озиғидир, у панд-насиҳатга, ахлоқни сайқаллашга ва ўзликни англашга йўғрилган. Бизнинг миллат ҳар замондан ҳам бугун буюк бобокалонимизнинг китобларига муҳтождир. Одамлар, айниқса ёшлар ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб, қалб қовжираб қолган бир даврда улар зам-зам каби шифо ва дармон бўла олади.
Кичиклигимизда момоларимиз тонг маҳали биз болаларни теваракларига тўплаб, Навоийдан ўқиб, маъноларини тушунтириб берар эдилар. Улғайган сари шоҳбайтларга муҳаббат зиёда бўлиб, шунинг сабабидан динни ўргандик. Бугунги давр ёшлари учун ҳайратланарли туюлар, бироқ бу сиймонинг «Лисон ут-тайр»ини еттинчи синфдаёқ ўқиб чиққан эдик. Унутилган анъаналарни тиклаш вақти келди. Фарзандларимизга ушбу асарларни ўқиб, шарҳлаб беришни одат тусига киритишимиз керак. Иншааллоҳ, ёш авлодга бу ҳиссиёт ўтиб, динга муҳаббат ортади, салим қалбга эга бўлишади. Гўзал натижа ўлароқ жамиятимиз ва юртимиз янада ислоҳ бўлади.
Флюра Умурзоқова оққа кўчирди
«Ҳилол» журнали 6(75) сон
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 24 декабрдаги 03-07/8262-сонли хулосаси асосида тайёрланди.