
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Турли бўлган-бўлмаган гаплар кўпайиб кетгандан кейин ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу вилоятларга «Мадина аҳли менга баъзи одамлар ҳақоратланаётган ва калтакланаётганликларини етказишди. Мен ҳар ҳаж мавсумида ўз омилларимдан ҳисобот оламан. Кимнинг даъвоси бўлса, мавсумда иштирок этсин. Албатта, мендан ёки омилларимдан ўз ҳаққини олади ёки садақа қилиб, кечириб юборинглар. Албатта, Аллоҳ садақа қилувчиларни мукофотлайди», деган мактуб юбордилар.
Кейин волийларга ҳажга келишларини амр қилдилар. Улар келишди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларни жамлаб, кенгаш ўтказдилар. Кенгашда Абдуллоҳ ибн Омир, Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Саъд, Саъийд ибн Осс, Амр ибн Осс розияллоҳу анҳум иштирок этдилар.
Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларга қараб:
«Сизларга нима бўлди ўзи?! Бу шикоят нима!? Бу миш-мишлар нима!? Аллоҳга қасамки, сиз ҳақингиздаги бу гаплар рост бўлмаса, деб қўрқаман. Бу нарсага мендан бошқа жавобгар йўқ», дедилар.
Дарҳақиқат, фитначилар ҳамма тарафни гапга тўлдириб ташлаганларида худди шундай тасаввур пайдо бўлади. Ҳамма томондан бир-бирига ўхшаш хабарлар келаверганидан кейин ҳар қандай одамда эҳтимол, бу гапларда ҳам жон бўлса керак, шамол бўлмаса, теракнинг учи қимирламас, деган хаёл пайдо бўлиши турган гап. Шунинг учун ҳам фитнабоши яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўз гумашталарига: «Амирларингизни тинмай ёмонланглар», деб топшириқ берган эди. Фитначиларнинг ишлари ўз самарасини берган эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ўз омилларига юқоридаги гапни айтишга мажбур бўлдилар. Бу гапга жавобан:
«Улар: «Сиз одамлар юбордингиз-ку, улар сизга хабар олиб келди-ку! Уларга бирорта киши бир оғиз гап айтмади. Аллоҳга қасамки, улар (фитначилар) рост гапирмайдилар. Бу ишнинг ўзи асли йўқ. Бунинг учун бировни ушлай ҳам олмайсанки, бирор нарсанинг тагига етсанг. Бу миш-мишдан бошқа нарса эмас. Миш-миш асосида бировни айблаб бўлмайди. Унинг охирига ҳам етиб бўлмайди», дедилар».
Ҳақиқатда ҳам шундай бўлади. Фитнанинг хатарлилиги ҳам шунда. Ҳамма томонни фисқу фасодга тўла гап босиб кетади, аммо бу гапларни ким тарқатганини аниқлаб бўлмайди. Кимдан сўрасанг, «Билмадим, одамлар айтяпти», деб жавоб беради. Фитначилар фаоллик билан ишлаб, ҳамма тарафдан бир хил гап чиқаришади. Гапнинг учи кимга бориб тақалишини ҳеч ким билмайди. Оқибатда жамият ичида фитначилар ҳужумига учраган бир бечора ҳақида салбий фикр кучаяверади.
Нима қилиш керак? Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бошларини ҳам ана шу савол қотирар эди. У киши кенгаш қатнашчиларига ҳам мана шу саволни бердилар:
«Менга маслаҳат беринглар», дедилар.
Шунда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу гап бошлади:
«Бу уюштирилаётган иш. Уни махфий равишда уюштирмоқдалар. Кейин уни билмаганларга тарқатишади. Улар эса қаерда бўлса, гапираверадилар», деди у.
«Бунинг давоси нима?» дедилар ҳазрати Усмон.
«Ўша одамларни излаб топиш ва гап тарқатаётганларни қатл қилиш керак», деди Амр ибн Осс.
Шу пайт Абдуллоҳ ибн Саъд гап бошлаб:
«Одамлардан уларнинг зиммасидаги нарсани олинг. Сиз берсангиз, оладилар-ку! Улар ҳам адо қилсинлар. Уларни тек қўйиб қўйгандан кўра, шундай қилган яхши», деди.
Гапга Муовия ибн Абу Суфён аралашди:
«Мени волий қилдингиз. Мен волий бўлган қавмдан сизга фақат яхшилик келади. Бошқалар ҳам ўз ноҳияларини ўзлари яхши биладилар. Нима қилиш керак?» деди.
«Ҳусни адаб керак. Сен нима дейсан, Амр?» деди Усмон.
«Менимча, уларга юмшоқлик қилдингиз. Бўш қўйиб қўйдингиз. Умар қиладиган нарсага зиёда қилдингиз. Менимча, икки соҳибингизнинг йўлини тутмоғингиз керак. Қаттиқ туриш керак бўлган жойда қаттиқ туриш лозим. Юмшоқ бўлиш керак бўлган жойда юмшоқ бўлиш лозим. Одамларга ёмонлик қилаётганларга қаттиқ туриш керак. Одамларга яхшилик қилаётганларга юмшоқ бўлиш керак. Сиз иккисига ҳам юмшоқликни ошириб юбордингиз», деди Амр».
Барча вилоятларнинг волийлари фитначиларга нисбатан қаттиқ туриш керак, деган фикрда эканликлари равшан кўриниб турибди. Улар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бир овоздан ўзларининг ниятларига эришиш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмаётган нобакорларни бўғизларидан олиш кераклиги ҳақида маслаҳат бердилар. Аммо ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўз фалсафалари, ўз тушунчалари ва ўз услублари бор эди. У киши волийларнинг фикрларини эшитиб бўлиб, уларга қараб:
«Менга берган маслаҳатларингизнинг ҳаммасини эшитдим. Ҳар бир ишнинг ўз эшиги бор. Унга фақат ўша эшикдан кирилади. Уммат бошига етишидан қўрқилаётган ушбу ишнинг бир марта бўлиши бор. Унинг ёпадиган ва ушлаб турадиган эшиги юмшоқлик, муроса ва фақатгина Аллоҳ белгилаган жазолар чегарасида чора кўришдир. Ана шунда биров айблай олмайди. Ўша нарсани тўсса, фақат юмшоқлик тўсиши мумкин. Ана ўша, Аллоҳга қасамки, фатҳ қилиши мумкин. Бировнинг менинг зиддимга ҳақ-ҳужжати йўқ. Аллоҳнинг Ўзи билади, мен одамлар ҳақида ҳам, ўзим ҳақимда ҳам камчиликка йўл қўймадим. Аллоҳга қасамки, фитнанинг тегирмони айланмоқда. Уни ҳаракатга келтирмай туриб ўлса, Усмонга қандай ҳам яхши бўлар эди. Одамларни тўсинглар. Уларга ҳуқуқларини беринглар. Уларни кечиринглар. Агар Аллоҳнинг ҳаққи поймол қилинадиган бўлса, унда муросага борманглар», дедилар.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларидан кўп нарсалар келиб чиқмоқда. Аввало, у кишида, албатта, фитна бўлишига тўлиқ ишонч бор эди. Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари фитналар ҳақидаги эшитган ҳадислари у кишига қаттиқ таъсир қилган бўлса керак.
Иккинчидан, у киши фитначиларнинг тирноқ остидан кир ахтараётганларини ҳам ҳисобга олган кўринадилар. Аллоҳ таолодан қўрқмай ёлғондан бўҳтон тўқиётган нобакорлар ўзларига қарши кўрилаётган чоралардан бирортаси шариат чегарасидан қилча четга чиқса, дод солиб, ҳамма ёқни бузиб юборишлари турган гап эди. Фитначи халқи ўзини мазлум қилиб кўрсатиб, кўпчиликни ўзига қаратишга уста бўлади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волийларга фақат шариат чегарасидагина чора кўришни тавсия қилган бўлсалар керак. У кишининг мақсадлари бирор хатога йўл қўйиб, Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлмасдан вафот этиш эди. Яна бошқа фақат ўзларигагина аён бўлган сабаблар бўлса керак.
Сўнгра ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волийларни ўз ишларига қайтариб юбордилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам Мадинаи Мунаввара томон йўл олдилар. Шомга бориладиган йўл шу томонда бўлганлиги учун Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳам у киши билан бирга кетдилар.
Мадинаи Мунавварага келганларида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу катта саҳобаларни жамладилар. Ҳамма тўплангандан сўнг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтди ва:
«Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва халойиқнинг яхшилари ва ушбу умматнинг валийи амрлари – ишбошиларисиз. Уни сиздан бошқа ҳеч ким тама қилмайди. Ўз шерикларингизни ғолиблиги ёки тамаси бўлмаса ҳам, ихтиёр қилиб сайлагансизлар. Мана, қариб, ёши ўтиб қолди. Агар унинг жуда кексайишини кутсангиз, у ҳам яқин. Умид қиламанки, унчалик бўлгунча Аллоҳнинг Ўзи карам қилар. Батаҳқиқ, тарқалган гаплардан сизларга зарар етармикан, деган хавфдаман. Менинг қўлим сизлар билан. Одамларни ўз ишингизга тама қилдирманг. Аллоҳга қасамки, агар тама қилиб қолсалар, унда ишнинг орқага кетишидан бошқани кўрмай қоласизлар», деди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уни жеркиди. Шунда Усмон:
«Биродаримнинг ўғли тўғри айтади. Мен сизларга ўзимнинг ва эга бўлган ишимнинг хабарини берайин. Мендан олдинги икки соҳибим ўзларига ҳам, улар билан бир йўлда бўлганларга ҳам савоб умидида қийин қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларига атолар берар эдилар. Мен олиймақом ва маишатлари оз одамлар ичидаман. Бир оз қўлимни очиқ қилдим. Агар уни хато десангиз, рад қилишингиз мумкин. Менинг ишим сизларнинг ишингизга мувофиқ бўлади», дедилар.
«Тўғри қилдинг, яхши қилдинг. Холид ибн Усайдга эллик минг, Марвон ибн Ҳакамга етмиш минг бердинг», дейишди тўпланганлар. У улардан ўша маблағларни қайтариб олди. Ҳаммалари рози бўлиб, тарқалишди.
Бу мажлисдан кўриниб турибдики, саҳобаи киромлардан бирорталарининг ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга эътирозлари йўқ эди. Уларнинг ҳаммалари у кишини рози бўлиб халифаликка сайлаганлар ва олиб бораётган ишларидан рози эдилар.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳуни «Ишлар орқага кетади» деган маънодаги гаплари учун жеркиб юборган бўлсалар керак. Чунки саҳобалар бор гапни очиқ айтар эдилар. Агар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақларида баъзи мулоҳазалари бўлса, албатта, айтар эдилар.
Саҳобаи киромларнинг ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга: «Холид ибн Усайдга эллик минг, Марвон ибн Ҳакамга етмиш минг бердинг», дейишлари эса ўшани ҳам фитначилар гап қилишмасин, деган андиша билан айтилган эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ўзи билан Шомга олиб кетишни таклиф қилган эди, кўнмадилар ва: «Агар бўйнимнинг томирини узса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшниликларини ҳеч нарсага алмаштирмайман», дедилар. Шунда у ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга: «Шомдан аскар юборай, сизни Мадинада қўриқлаб турсин», деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшниларига улар билан яшаб, ризқларига шерик бўладиган лашкарнинг кераги йўқ. Аҳли ҳижрат ва нусратга торлик бўлмасин», дедилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.