
2026 йил 1 феврал куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яқин сафдоши ва сирдоши, дин ва миллат фидоийси, марҳум устоз шайх Зоҳиджон домла Қодиров хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Хотира мажлисида юртимизнинг таниқли уламолари, муҳтарам устозлар, шайх Зоҳиджон домланинг яқин дўстлари, муҳиблари, шогирдлари ҳамда фарзандлари иштирок этдилар. Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланиб, шайх Зоҳиджон домланинг руҳларига ва барча ўтганлар ҳаққига бағишлаб, хайрли дуолар қилинди.


Хотира тадбирини устоз Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, иштирокчиларга ташаккур изҳор қилдилар. У киши шайх Зоҳиджон домла раҳимаҳуллоҳнинг халқимизга қилган хизматларини келажак авлодга танитиш муҳимлигини таъкидлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотларидан кейин у зотга яқин бўлган устозларни йўқлаш мақсадида «Зиёрат» лойиҳаси бошланганини, бироқ баъзи сабабларга кўра тўхтаб қолганини, келгусида ушбу лойиҳа давом этишини айтиб ўтдилар.
Тадбирда шайх Зоҳиджон домла Қодиров ҳаётига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Умрини илм-маърифат, яхшилик тарқатишга бахшида этган устоз, шайх Зоҳиджон Қодиров 1951 йилнинг қаҳратон қишида, 28 декабр куни Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Сайрам туманидаги Самарқанд қишлоғида дунёга келдилар.
Шайх Зоҳиджон ҳазратлари ёшликданоқ қалбидаги илмга бўлган муҳаббати билан пухта билим эгаллашга, чин маърифат даргоҳларида таҳсил олишга ҳарис бўлди. Ўрта мактабни тамомлаб, у киши мадрасага киришга чоғланди ва тақдирнинг йўли уни Бухорога етаклади. Ислом оламининг мўътабар даргоҳларидан бири «Мир Араб» мадрасасига ўқишга кириб, асрлардан бери хизмат қилиб келаётган бу илм масканида 1969-1973 йилларда таҳсил олди. Мадрасадан кейинги манзил — Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадида ҳам 1975-1979 йилларда билимларини чархлаб, ушбу даргоҳни имтиёзли диплом билан якунладилар. Устознинг билим доираси фақат юртимиз билан чекланиб қолмади. У киши 1979-82 йилларда Тароблусдаги «Исломга даъват» дорилфунунида таҳсил олиб, шариат факультетини имтиёзли якунлаб, халқаро миқёсдаги олим даражасига кўтарилдилар. Ватанга қайтгач, бор куч-ғайратларини илм ёйишга, бўлажак соҳа мутахассисларининг тарбиясига қаратдилар. Ишни ўқитувчиликдан бошлаб, 1987 йилгача Ислом олий маъҳадида талабаларга дарс бердилар. 1987 йилдан Олий маъҳад проректори, 1989 йилдан эса ректор лавозимига тайинландилар. 1990-1992 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида раис муовини сифатида бутун минтақа диндорларининг маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнадилар. 1993 йилдан яна Тошкент Ислом олий маъҳади ректори лавозимида хизматни давом эттириб, тафсир, ислом тарихи ва адабиёт фанларидан дарс бердилар. Бундан кўринадики, шайх Зоҳиджон Қодиров шунчаки раҳбар эмас, балки чуқур билимли педагог эдилар. У кишининг дарслари талабалар учун илм булоғи бўлди. Ўша пайтда устоздан таълим олган шогирдлар бугунги кунда диний соҳанинг мутахассисига айланиб, салмоқли хизматларни қилмоқдалар. 2001 йилдан бошлаб, устознинг ҳаётида янги саҳифа очилди. У киши Кувайт давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида таржимон бўлиб фаолият юритдилар, икки халқ ўртасидаги дипломатик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга 20 йилдан ортиқ вақт давомида 2022 йилгача муносиб ҳисса қўшдилар.
Хулоса қилиб айтганда, шайх Зоҳиджон домла Қодиров миллат ва маърифат фидоийси бўлиб, ўзларидан хайрли ишлар, олим шогирдлар, солиҳ фарзандлар қолдириб, ибратли умрни яшаб ўтдилар.
Хотира тадбири давомида сўзга чиққан устозлар, жумладан, Абдулҳаким қори Матқулов, улуғ устоз Мўминжон домла Усмонов, Ғуломиддин домла Эргашев, Исҳоқжон домла Бегматов, Эргашали домла Мирзаев, Абдуллоҳ домла Исмоилов, зоом платформаси орқали устоз Зокиржон домла Исмоилов, Муҳаммад Карим домла Ибаев, Муҳаммад Айюб домла Косоний, Муҳаммад Шокир домла Турдибеков, Муҳаммад Нофеъ домла Миркомилов, Мансур Али домла Тожимуҳаммад, Жалолиддин домла, Ғайбуллоҳ қори дада, Муроджон домла ва бошқа нотиқлар шайх Зоҳиджон домланинг ҳаёт йўллари, илмий мерослари ва юртимизда ислом маърифатини ёйиш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф қилиб, хотирладилар.
Хусусан, у зотнинг илмга бўлган муҳаббатлари ва шогирдлар тарбиясидаги заҳматлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги фидокорликлари, инсоний фазилатлари ва ибратли одоблари ёдга олинди.
Маросим жараёнида шайх Зоҳиджон ҳазратлари ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлаб, халқимизга у кишига оид янада кенгроқ маълумотлар тақдим этиш режалаштирилди.
Тадбир сўнггида хатми Қуръон тиловат қилиниб, шайх Зоҳиджон домла Қодировнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди. Бу каби хотира мажлислари аждодлар меросини асраш ва устозларнинг ибратли ҳаётини келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Устоз, шайх Зоҳиджон домла роҳимаҳуллоҳ фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сафдоши, сабоқдош дўсти, узоқ йиллар дин хизматида бирга қоим бўлган қадрдонлари эдилар.
Аллоҳ таоло шайх Зоҳиджон домланинг динимизнинг ривожи, Ватанимизнинг равнақи йўлида қилган хизматларини ҳусни қабул қилсин, барча солиҳ амалларини садақаи жория ўлароқ мақбул айласин, барча саҳву хатоларини кечирсин, жаннати Фирдавсдан жой ато қилсин, Ўзининг шомил мағфиратига, бениҳоя раҳматига олсин.