1447 йил 25 ражаб | 2026 йил 14 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Ҳомиланинг мерос олиш ёки олмаслик ҳолати

15:06 155 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомиланинг мерос олиш ёки олмаслик ҳолати бештадан ортиқ ҳам, кам ҳам бўлмайди:
 
1. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўғил ёки қиз бўлсин, меросхўр бўлмайди.
 
2. Қиз ёки ўғил ҳолатининг фақат бирида меросхўр бўлиб, иккинчисида меросхўр бўлмайди.
 
3. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўғил ёки қиз бўлсин, меросхўр бўлади.
 
4. Қиз ёки ўғил ҳолатида ҳам мероси ўзгармайди.
 
5. У билан бирга асло меросхўр бўлмайди ёки у билан бирга меросхўр бўлса ҳам, унинг сабабидан маҳжуб бўлади.
 
Биринчи ҳолат. Бунда ҳомиланинг туғилишини кутиб ўтирмай, меросни бошқа ҳақдорлар орасида тақсим қиламиз, чунки ҳомила ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, меросга ҳақдор бўла олмайди. Бунинг мисоли қуйидагича:
 
Бир киши вафот этиб, ортидан хотини, отаси ва отасидан бошқа кишидан ҳомиладор онаси қолган. Агар бола туғилса ҳам, она бир биродар бўлиб, ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, ота сабабли ҳажб бўлади. Шундай экан, тарика хотин ва ота-она орасида тақсимланади. Хотинга тўртдан бир, онага қолган молнинг учдан бири ва отага қолган мол тегади. Масала тўртдан дуруст бўлади.
 
Иккинчи ҳолат. Бунда тарикани ҳақдорлар орасида тақсимлаймиз. Фақат ҳомилани меросхўр деб, унинг улушини туғилгунга қадар ушлаб турамиз. Агар туғилган бола меросхўр бўлса, ўз улушини олади. Агар у меросхўр бўлмаса, ушлаб турилган мол ҳақдорларга қайтадан тақсимлаб берилади. Унинг мисоли қуйидагича:
 
Бир киши вафот этиб, ортидан хотини, амакиси, туғишган акасининг ҳомиладор хотини қолди. Хотинга тўртдан бир берилиб, қолган тўртдан уч ҳомила туғилгунга қадар ушлаб турилади. Агар туғилган чақалоқ ўғил бўлса, ушбу ушлаб турилган тўртдан учнинг ҳаммасини олади, чунки туғишган аканинг ўғли амакидан муқаддамдир. Агар у қиз бўлса, ушлаб турилган тўртдан учни амаки олади, чунки туғишган аканинг қизи бу ўринда мерос ола олмайди, чунки у завул-арҳомдир.
 
Бошқа бир мисол: Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, онаси, она бир учта синглиси ва отасининг ҳомиладор хотини қолди. Агар отанинг ҳомиладор хотини ўғил туғса, шу ўғил марҳумга ота бир ука ҳисобланади. Бу ҳолатда фарз эгалари тариканинг ҳаммасини олиб қўйишгани учун туғилган чақалоқ мерос ола олмайди.
 
Агар хотин қиз туғса, у ота бир сингил бўлади ва меросдан яримга ҳақдор бўлади. Масала 6 дан 9 га авл бўлади. Биз ҳомилани қиз деб фараз қиламиз ва шунга кўра фарз эгаларига ўз фарзларини бериб, қизнинг улушини олиб қўямиз. Дарҳақиқат, ҳомила қиз бўлса, олиб қўйилган улуш унга берилади. Агар у ўғил бўлса, олиб қўйилган улуш қайтадан фарз эгаларига тақсимланади (1-жадвал)
 
1-жадвал
 
6 9
Эр ½ 3
Она 1/6 1
Учта она бир сингил ⅓ 2
Ҳомила (фаразан ота бир сингил ½) 0
 
Учинчи ҳолат. Агар ҳомила икки ҳолатда ҳам турли миқдорда мерос олса, унга иккала миқдор белгиланади ва кўпроқ миқдор олиб қўйилади. Агар ўғил бўлганда, қиздан кўра кўпроқ улуш олса (гоҳида бунинг акси ҳам бўлади), ушбу кўпроқ улушни ҳомилага ажратиб қўйилади. Масала икки йўл билан ечилади ва меросхўрларга улушдан озроғини берилади. Бунинг мисоли қуйидагича:
 
Бир киши вафот этиб, ортидан ҳомиладор хотини, отаси ва онаси қолди. Ушбу суратда ҳомила ўғил бўлса, у марҳумнинг ўғли бўлади. Шунда хотинга саккиздан бир, отага олтидан бир ва онага ҳам олтидан бир тегади. Қолган мол асаба ўлароқ фараз қилинган ўғил ҳомилага қолади. Масала 24 дан бўлиб, хотинга 3, отага 4, онага 4 тегса, қолган 13 ўғилга олиб қўйилади.
 
Агар ҳомила қиз бўлса, у марҳумнинг қизи бўлади. Шунда хотинга саккиздан бир, онага олтидан бир, қизга ярим тегади. Қолган мол отага фарз ва асаба юзасидан берилади (2-жадвал).
 
2-жадвал
 
  24   24 24  
Хотин ⅛ 3 Хотин ⅛ 3 3  
Ота 1/6 4 Ота асаба 5 4 1 олиб қўйилади
Она 1/6 4 Она 1/6 4 4  
Ҳомила ўғил бўлса 13 Ҳомила қиз бўлса, ½ 12 12 1 олиб қўйилади
 
 
Тўртинчи ҳолат. Агар ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, улуши ўзгармаса, бундай пайтда биз ҳомиланинг меросдан бўлган улушини асраб қўямиз ва бошқа меросхўрларга ўз улушларини комил ҳолда берамиз. Бунинг мисоли қуйидагича:
 
Бир киши вафот этиб, ортидан туғишган синглиси, ота бир синглиси ва бошқа эридан ҳомиладор бўлган онаси қолди. Ҳомила ўғил ёки қиз туғилишидан қатъи назар, унинг улуши олтидан бир бўлади, чунки у она бир ука ёки она бир сингил бўлади. Икки ҳолатга кўра ҳам масала олтидан бўлиб, онага 1/6, туғишган сингилга ½, ота бир сингилга 1/6 ва ҳомила она бир ука ёки сингил бўлса ҳам, 1/6 улушга эга бўлади (3-жадвал).
 
3-жадвал
 
  6   6
Туғишган сингил ½ 3 Туғишган сингил ½ 3
Ота бир сингил 1/6 1 Ота бир сингил 1/6 1
Ҳомиладор она 1/6 1 Она 1/6 1
Ҳомила (она бир ука) 1/6 1 Ҳомила (она бир сингил) 1/6 1
 
 
Бешинчи ҳолат. Агар ҳомила билан бирга меросхўр асло йўқ бўлса ёки меросхўр бўлса-ю, лекин маҳжуб бўлса, бундай ҳолатда биз мероснинг ҳаммасини бола туғилгунга қадар тўхтатиб қўямиз. Агар бола тирик туғилса, меросни олади. Агар ўлик туғилса, уни меросхўрлардан ҳақли кишиларга берилади. Мисол учун, бир киши вафот этиб, ортидан ўғлининг ҳомиладор хотини, она бир акаси қолса, агар ҳомила ўғил ёки қиз деб фараз қилинганда ҳам, у марҳумнинг фаръи бўлиб, она бир акани ҳажб қилади. Агар ўғил туғилса, ўғилнинг ўғли бўлади ва молнинг ҳаммасини олади. Аммо қиз туғилса, ўғилнинг қизи бўлиб, фарз улуши ўлароқ яримни, радд билан эса қолган молни олади. Табиийки, шу ўринда асаба бўлмаслиги лозим.
 
Шунингдек, бир киши вафот этиб, ортидан ҳомиладор хотини, туғишган акаси қолса, хотинга ⅛ берилиб, туғишган акага ҳомила бор экан, ҳеч нарса бермай турилади. Бунга барча иттифоқ қилган, чунки ҳомила ўғил бўлган тақдирда туғишган ака у билан бирга бўлганлиги учун ҳеч нарса ола олмайди. Агар ҳомила қиз бўлган тақдирда унга ярим берилиб, қолган мол туғишган акага берилади.
 
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
 
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.
Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авлнинг таърифи Авл қачон воқе бўлган Илк авл ҳодисаси Авл бўладиган ва бўлмайдиган асллар. Олти нечага авл бўлади Ўн икки нечага авл бўлади Йигирма тўрт нечага давоми...

1233 12:01 / 07.05.2025
.Радд, сўзи луғатда қайтариш, қайтиш, буриш деган маъноларда келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Аллоҳ куфр келтирганларни ғазаблари ила ортларига давоми...

1038 15:10 / 11.06.2025
bull бир киши вафот этиб, ортидан биттагина она бир акаукаси ёки она бир опа ёки синглиси қолса, олтидан бирни олади bull бир киши вафот этиб, унинг ортидан биттадан давоми...

2107 14:23 / 18.04.2024
тамосул, тадохул, тавофуқ, табоюн Масалаларни тўғрилаш жараёнида биз тўрт хил адад ўртасидаги нисбатни билишимиз лозим бўлади. Улар .тамосул,, .тадохул,, .тавофуқ,, давоми...

1009 09:03 / 15.07.2025