1447 йил 24 ражаб | 2026 йил 13 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ота-онангнинг уйида ўтирганингда ҳам ҳадя келармиди?

18:25 209 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лутбийя деган кишини Бани Сулайм қабиласидан закот йиғишга юбордилар. У закотларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтиргач, деди:

Мана булар сизнинг молингиз. Мана бу эса, менга ҳадя қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабландилар ва унга шундай дедилар:

- Агар ростгўй бўлсанг, айт-чи, ота-онангнинг уйида ўтирганингда ҳам сенга ҳадя келармиди?! Сўнгра минбарга чиқиб Аллоҳга ҳамд ва сано айтдилар-да, шундай дедилар:

- Аммо баъд...

Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ мени тайинлаган закотни йиғиб келиш ишига қўйган эдим. У келиб: «Мана булар сизнинг молингиз, мана бу эса, менга ҳадя қилинди», демоқда. У ота-онасининг уйида ўтирганида унга бу ҳадя келармиди?! Аллоҳга қасамки, сизлардан бирортангиз ноҳақдан бир нарсани олса, қиёмат куни уни елкасида кўтарган ҳолда Аллоҳга йўлиқади. Ўшанда мен, албатта, сизлардан қай бирингизнинг Аллоҳга елкасида бақироқ туя билан, додлайдиган сигир билан, марайдиган қўй билан йўлиққанини кўряпман!

Сўнгра қўлларини юқорига кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг ости кўриниб кетди. Сўнг: «Аллоҳим! Етказдимми?» дедилар. Бугун мусулмонлар мубтало бўлган нарсалардан бири порахўрликдир. Уни бошқа ном билан номлаб олишган. Бири «ҳадя» дейди. Бошқаси «эҳсон», яна бири «ёрдам», бошқаси «саховат» дейди.

Амалдорга ҳалол нарса фақат маошидир. Мурожаат қилаётган кишилардан оладиган ҳар қандай нарсаси, гарчи сўрамаса-да, ҳаром ва хиёнатдир.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Биз бир кишини вазифага қўйиб, унга бир нарса берсак, бу унинг маошидир. Бундан бошқа оладиган нарсаси хиёнатдир».

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ «Муснад»ларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Амалдорларга берилган ҳадя хиёнатдир!»

Ўзаро ҳадя улашиш кишилар ўртасида муҳаббатни зиёда қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадяларни қабул қилганлар. Ҳадя берган кишини мукофотлаганлар. Ўзлари ҳам кўп ҳадя берганлар. Аммо иш мансабга боғланса, ўзгача тус олади. Ўртага манфаатлар кирса, иш бузилади. Бунда ҳадя ҳадяликдан чиқиб, порага айланади. Мансабдорларга ҳадя асосан юзхотир қилиб, ишларни йўлга қўйиш учун берилади. Хусусан, савдо-сотиқ ишларида шундай бўлади. У пора бериш ва олиш эвазига ривожланиб, мустаҳкамланиб боради. Агар савдо ва тижорат ишларида халақит бериб турган амалдор мавжуд мансабида бўлмаганида унга ҳеч ким бир тийин ҳам бермас эди. Демак, унинг мансаби учун пора бериляпти, шахси учун эмас.

Порахўрликнинг энг ёмон нави шуки, фуқаролардан ким мансабдорга пора берса, иши битади. Пора бермаганнинг иши эса, унутилади. У эшик олдида сарғайиб ўтираверади.

Одатда порахўр маоши етмаётганини баҳона қилади. Бу ҳол ҳаром ейиш ва виждонни ухлатиш учун далил бўлишга ярамайди. Сен ишга жойлашар экансан, маошинг миқдорини яхши билгансан. Истасанг, уни шу маош муқобилида қабул эт, истамасанг, қабул этма. Маоши кўпроқ иш топ. Сенга мурожаат қилиб келадиганлар чўнтагидан сенинг маошингга қўшиладиган пуллар сен учун ҳаром. Буни фарзандларингга едирсанг, улар ҳам ўзинг каби ҳаромхўр қароқчи бўлиб етишади. Ҳаромдан унган гўшт эса дўзахда куйишга муносибдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий .Бидоятул ҳидоя, номли китобида қуйидагиларни айтадилар.Вақтинг ndash ҳаётинг, умрингдир. Умринг сармоянгдир. Ўша билан тижорат давоми...

3161 16:01 / 05.06.2021
Бир неча йил аввал, тақрибан 2002 ёки 2003 йиллар эди. Дубай шаҳрида истиқомат қилардим. Бир куни маҳалламда Туркиялик нуроний отахон билан танишиб қолдим. Ёши давоми...

2678 14:07 / 18.12.2023
Titan Титанndash ушбу инсонлар томонидан ихтиро қилинган янги ва юқори технологияли сув ости кемаси батискаф 3000 метр чуқурликда кучли босимга дош беролмай портлаб давоми...

2550 09:00 / 03.08.2023
Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қарзини сўраб келди. Ҳатто Оламлар сарварига қўпол гапирди .Агар қарзимни бермасанг, сени машаққатга соламан,, деб давоми...

2656 12:59 / 30.08.2025