1447 йил 24 ражаб | 2026 йил 13 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Аҳли суннанинг ўзига хос жиҳати

16:43 128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли суннанинг ўзига хос жиҳати ҳам шунда: фақат илмга мурожаат қилади. Илмда қоидалар, уламолар, манҳажлар ва ҳоказолар бор. Душманлар бизни тортаётган нарса эса жарликдир. Улар одамларнинг фикрига бу гапларни сингдиришади, гўё мазҳаблар орасида душманчилик, адоват бордек. Аммо тарихда бундай бўлган эмас.

Масалан, икки мазҳаб олими – мутааххир уламолардан Рамлий Ҳанафий билан Рамлий Шофеъий битта бинода яшашган, бирлари биринчи қаватда, бошқалари иккинчи қаватда. Икковлари ҳам ўз мазҳабларида сўзига мувофиқ фатво бериладиган даражадаги олим бўлишган. Уларнинг ораларида ҳеч қандай зиддият бўлмаган. Имом Шофеъийнинг ўзи имом Муҳаммаднинг, имом Моликнинг қўлида ўқиган. Имом Аҳмад имом Абу Юсуфдан таълим олган. У пайтдаги имомлар бир-бирларига ниҳоятда юксак ҳурматда бўлишган, бир-бирларини доим мақташган. Дўст бўлса ҳам, устоз-шогирд бўлса ҳам, муносабат бир хил бўлган. Анавилар айтаётганидек, ораларида адоват бўлмаган.

Кейинги асрларда яшаган уламолар ҳам бир-биридан дарс олишган, дарс беришган, бошқа мазҳаб имомининг фазилатлари ҳақида китоблар ёзишган.

Ҳанбалий, моликий ва шофеъий уламоларнинг имом Абу Ҳанифа ҳақида ёзган ўнлаб китобларини келтириб ўтиш мумкин. Масалан, Суютий Шофеъийнинг «Табйидус-саҳифа» деган китоби бор, шофеъий фиқҳида сўзига фатво бериладиган Ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг «Хойротул-ҳисан» (Гўзал яхшиликлар) деган китоби, Солиҳийнинг «Уқудул-жиман» (Марварид маржонлари) номли китоби, Ибн Абдулбарр Моликийнинг «Интиқо» деган китоби, Ибн Абдулҳодий Ҳанбалийнинг китоблари бор. Буларнинг барчаси имом Абу Ҳанифанинг фазилатлари ҳақидаги китоблар.

Китобларда зикр қилинган ихтилоф ва раддияларга келсак, булар мазҳабимиз ичида ҳам бор, масалан, имом Абу Юсуф ёки имом Муҳаммаднинг бирор сўзини айтиб, сўнг унга раддия берилган китоблар бор. Лекин бу ўша гапни хато дейиш эмас, балки фиқҳни ўрганиш, англаш йўли, холос. Абу Ҳанифанинг сўзини теран англаш учун унга қарши фикрларни ҳам ўрганиш керак. Илм йўли шундай. Уламолар бир-бирларига раддия сифатида кўпгина рисолалар ёзишган. Бу нарса масалани тиниқлаштиради, унга чуқур кириб боришга йўл очади.

Тўғри, баъзи аҳли илмлар орасида бирор дунёвий сабаб билан ёки ҳасад туфайли гап ўтган бўлиши мумкин. Бунинг зарари йўқ. Бир китобда масалалар ўз маромида таҳқиқ қилиб берилган бўлса, уларнинг орасидаги бир-иккита номақбул гаплар китобнинг қийматини тушириб қўймайди. Битта олим бошқа мазҳаб имомига қўполлик қилган бўлса, бунинг муқобилига бошқа олимлар минглаб жумлалар билан ўша имомни мақтаган бўлади. Аслида бировнинг сўзини келтириб, унга раддия бериш ҳам ўша одамнинг сўзини эътиборли ижтиҳод деб қабул қилиш дегани. Йўқса, унинг гапини келтириб ҳам ўтиришмас эди. Бу усул – фиқҳий малакани ошириш, мавзуни пухта ўзлаштиришнинг манҳажи ҳисобланади. Башарий одат шундай.

Бир масала билан мавзуга якун ясаймиз, уни кўп чўзиш ниятимиз йўқ. Бошқаларни мутаассибликда айблайдиган ташаддудчилар катта бир муаммога дуч келади – улар зонний, яъни катта гумонга асосланган хабарни қатъий хабар ўрнида қабул қилишади. Бу нима дегани? Аҳли суннанинг наздида зонний далил ўз ўрнига қўйилади ва бунда ихтилоф қилиш жоиз бўлади. Лекин улар тутган йўлнинг ёмон оқибати шуки, сиз уларга фиқҳий зонний масалада хилоф қилсангиз, сизга худди ақоиднинг катта масаласида хилоф қилгандек қарашади, хато бўлиш эҳтимоли бор нарсани аниқ нарса ўрнига қўйишади. Мутаассибликнинг негизи мана шудир. Шунинг учун уларда бировни бидъатда, залолатда, ширкда, куфрда айблаш роса урчиган.

Бу борада улар мисли кўрилмаган даражага чиқиб кетишди, чунки уларда фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб деган нарсалар йўқ, ҳаммаси қатъий. Бармоқни қимирлатишда хилоф қилиб қўйсанг ҳам залолатда айблашади. «Субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ», деб тасбеҳ ўгирсангиз ҳам шундай. Ахир бу нарсалар Ислом тарихида бўлган-ку! Имом Лакнавий тасбеҳ ишлатиш жоиз экани ҳақида «Нузҳатул-фикр фий субҳатиз-зикр» (Зикр тасбеҳи борасида соф фикр) деган рисола ҳам ёзган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Ҳафса онамизнинг олдиларига тошчаларни териб қўйиб, улардан тасбеҳ сифатида фойдаланганлари ривоят қилинган, Расулуллоҳ бундан қайтармаганлар. Тобеъинлар ҳам тасбеҳдан фойдаланишган. Бу ибодатга восита, холос. Лекин масжидга машина ҳайдаб борсак, «Бу нарса жоиз эмас», дейишмайди! Машина жоиз экан-да, тасбеҳ ножоиз экан. Охирги йилларда электрон тасбеҳлар ҳам чиқди, улар бундай тасбеҳга ҳам қарши эмас экан. Уларнинг мақсади – тасаввуфга қарши курашиш экан, шунинг учун донали тасбеҳ ишлатишни қоралашади, чунки тасаввуф аҳли шундан фойдаланган.

Хуллас, бу душманларнинг режаси. Бундай ишга биз кўриб юрган одамларнинг ақли етмайди, бу режаларни уларнинг орқасида турган катта кучлар тузиб беради.

Нима бўлганда ҳам, тасбеҳ ишлатсангиз, сизни бидъатчига, адашганга чиқаришади, чунки улар зоннийни қатъий ўрнига қўйиб олишган. Мутаассиблик ҳам айни шу манҳажни тутишдан келиб чиқади. Ҳанафий ёки шофеъий мазҳабидагилар сал нарсага бировни залолатда айблайвермайди. Тўғри бўлса тўғри дейди, бўлмаса нотўғри, дейди. Ташаддудчиларга хилоф қилганлар эса шу заҳоти залолатда бўлиб қолади. Энди айтинг-чи, кимни мутаассиб дейиш тўғрироқ бўлади? Албатта, ўшаларни, чунки улар фиқҳий масалада уларга хилоф қилган ҳар қандай одамни залолатда деб айблашади.

Масалан, васила қилиш масаласи жуда машҳур масала. Уламолар наздида бу фиқҳий масала, эътиқод китобларида бу ҳақда айтилмаган. Фиқҳда ҳаж китобида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш бобида келади. Бу ихтилофли масала ҳам эмас, барча мазҳаблар бир овоздан жоиз дейишган. Имом Термизий ва имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда Усмон деган кўзи ожиз саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўзи очилишини сўрайди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўша машҳур дуони ўргатадилар: «Аллоҳим, Пайғамбаринг, раҳмат пайғамбари Муҳаммаднинг шаънини васила қилиб Сенга юзланаман. Эй Аллоҳнинг Расули...» деб бошланадиган дуо. Бу машҳур, саҳиҳ ҳадис.

Қолаверса, «Саҳиҳул Бухорий»да Умар ибн Хаттоб ҳам Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилгани ҳақида ҳадис бор. Далиллар талайгина. Тўрт мазҳаб ҳам василани жоиз деган. Яна айтаман: бу фиқҳий масала. Лекин ташаддудчилар буни жоизмас деб, ўзига қарши чиққан ҳаммани залолатдаю бидъатда айблашади.

Қандай қилиб бидъат бўлсин? Аввало, фиқҳий масаладаги ихтилоф бидъат саналмайди. Яна ҳамма буни жоиз деган. Бу биргина мисол, бундай мисоллардан яна кўплаб топса бўлади.

Хулоса шуки, душманлар таассуб ҳақида гапираётган барча гаплар асоссиз чўпчакдир. Деярли ҳаммасини ўзлари тўқиб олишган. Таассубга тайинли таъриф ҳам бера олишмаган. Айтган гаплари саҳиҳ эмас, қабул қилиб бўлмайди. Фахрулисломнинг ҳамда Тафтазонийнинг таърифларини таҳлил қилсак, ҳақиқий мутаассиблар бизни шу айб билан айблайдиганларнинг ўзи бўлиб чиқди.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан давоми...

1161 12:17 / 15.01.2025
Фақиҳлар ҳукмларни татбиқ қилишади. Бу ҳукмлар эса мужтаҳидларнинг сўзларидан олинган бўлади. Шундан келиб чиқадики, бу борада иккита илм бор ҳукмни чиқариб олиш давоми...

1489 16:35 / 02.01.2025
.hellipҲақиқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қай бирларининг мазҳаби тарқалган бўлса ва давоми...

6171 09:49 / 29.03.2017
Аҳли сунна наздида бу фиқҳ тўрт мазҳабдан ташкил топган. Тарихда эътиборли, сўзига қараладиган, гапи гап бўлган биронта олим бўлса, шу тўрт мазҳабдан бирига давоми...

1158 13:05 / 08.11.2025