1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир

18:03 / 05.03.2020 2571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсимизни поклайдиган ва ахлоқимизни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири Қуръон тиловатидан сўнг энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир.

«Зикр» сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, сўзлаш, тилга олиш, баён этиш, шарҳлаш, тавсифлаш каби маъноларни англатади.

Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш.

Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам ёдидаги нарсани хотирлаш.

Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.

Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларда биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрни кўп қилиш ва бунда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб, бошқа нарсани эслайдиганларнинг ҳасрат-надоматда қолишини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (124-оят).

Демак, инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни зикр қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи душманлик қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда ночор ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишидан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз»

Бу ҳам дунё ҳаётида қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганини тушуна олмайди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда «У мени кузатиб турибди» деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ берган бандаларига: «Мени зикр қилинг», демоқда.

Хўш, Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қаерда-ю, оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қаерда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар биримиз бир кун келиб вафот этамиз.Вафот этганимизда бизни стадион, театр ёки бирор академияга эмас, балки масжидга олиб боришади.Жанозамизни ўқиш, ҳаққимизга давоми...

1995 09:00 / 09.12.2023
Манманлик ижтимоий разолатлардан бири бўлиб, инсонлар орасига айрилиқ ва адоват солади. Уларнинг орасидан ҳамкорлик ва муҳаббатни кетказибгина қолмай, балки давоми...

3697 15:30 / 07.10.2018
Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Ҳазратимиз Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлдилар. Минбарга давоми...

1513 13:06 / 13 ноябрь
Бир киши шайхнинг ҳузурига бориб .Эй шайх, нега мен доим яхшилик қилиб юрадиган кишилардан ўзимга нисбатан ёлғон ва хиёнатни кўраман,, деб сўради. Шайх саволга давоми...

1597 16:00 / 05.01.2023