1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сақифдан бир каззоб ва бир озорчи чиқади

14:03 / 17 июнь 1736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ الْمُنْكَدِرِ قَالَ: رَأَيْتُ جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَحْلِفُ بِاللهِ أَنَّ ابْنَ صَائِدٍ الدَّجَّالُ، فَقُلْتُ: أَتَحْلِفُ بِاللهِ، قَالَ: إِنِّي سَمِعْتُ عُمَرَ يَحْلِفُ عَلَى ذَلِكَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمْ يُنْكِرْهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Муҳаммад ибн Мункадир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жобир ибн Абдуллоҳнинг Ибн Соидни Дажжол деб ўйлаб, бунга Аллоҳ номи билан қасам ичаётганини кўриб, «(Шундай эканига) Аллоҳга қасам ичяпсизми?» дедим. У: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Умарнинг ҳам шундай деб қасам ичганини эшитганман, ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бундан қайтармаганлар», деди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ибн Сайёдни Дажжол деб қаттиқ ишонадиган саҳобалар ҳам бўлган экан. Аммо Ибн Сайёд ҳақидаги ҳамма маълумотларни солиштириб чиққандан сўнг унинг Дажжол эмаслиги, аммо Дажжолнинг баъзи сифатларига эга бўлган, бир вақтлар пайғамбарликни даъво қилган нохуш одам эканлиги ғолиб бўлади.

عَنْ أَبِي نَوْفَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ الزُّبَيْرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ مَصْلُوبًا عَلَى عَقَبَةِ الْمَدِينَةِ، فَجَعَلَتْ قُرَيْشٌ تَمُرُّ عَلَيْهِ، وَالنَّاسُ حَتَّى مَرَّ عَلَيْهِ عَبْدُ اللهِ بْنُ عُمَرَ، فَوَقَفَ، فَقَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكَ أَبَا خُبَيْبٍ، وَكَرَّرَهَا ثَلَاثًا، أَمَا وَاللهِ، لَقَدْ كُنْتُ أَنْهَاكَ عَنْ هَذَا، وَكَرَّرَهَا ثَلَاثًا، أَمَا وَاللهِ، إِنْ كُنْتَ مَا عَلِمْتُ صَوَّامًا قَوَّامًا وَصُولًا لِلرَّحِمِ، أَمَا وَاللهِ، لَأُمَّةٌ أَنْتَ أَشَرُّهَا لَأُمَّةٌ خَيْرٌ، ثُمَّ نَفَذَ ابْنُ عُمَرَ، فَبَلَغَ الْحَجَّاجَ مَوْقِفُ عَبْدِ اللهِ وَقَوْلُهُ فَأَرْسَلَ إِلَيْهِ، فَأُنْزِلَ عَنْ جِذْعِهِ فَأُلْقِيَ فِي قُبُورِ الْيَهُودِ ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى أُمِّهِ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، فَأَبَتْ أَنْ تَأْتِيَهُ، فَأَعَادَ عَلَيْهَا الرَّسُولَ لَتَأْتِيَنِّي أَوْ لَأَبْعَثَنَّ إِلَيْكِ مَنْ يَسْحَبُكِ بِقُرُونِكِ، قَالَ: فَأَبَتْ، وَقَالَتْ: وَاللهِ لَا آتِيكَ حَتَّى تَبْعَثَ إِلَيَّ مَنْ يَسْحَبُنِي بِقُرُونِي، قَالَ: فَقَالَ: أَرُونِي سِبْتَيَّ فَأَخَذَ نَعْلَيْهِ ثُمَّ انْطَلَقَ يَتَوَذَّفُ حَتَّى دَخَلَ عَلَيْهَا، فَقَالَ: كَيْفَ رَأَيْتِنِي صَنَعْتُ بِعَدُوِّ اللهِ؟ قَالَتْ: رَأَيْتُكَ أَفْسَدْتَ عَلَيْهِ دُنْيَاهُ، وَأَفْسَدَ عَلَيْكَ آخِرَتَكَ، بَلَغَنِي أَنَّكَ تَقُولُ لَهُ: يَا ابْنَ ذَاتِ النِّطَاقَيْنِ، أَنَا وَاللهِ ذَاتُ النِّطَاقَيْنِ أَمَّا أَحَدُهُمَا فَكُنْتُ أَرْفَعُ بِهِ طَعَامَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَامَ أَبِي بَكْرٍ مِنَ الدَّوَابِّ وَأَمَّا الْآخَرُ فَنِطَاقُ الْمَرْأَةِ الَّتِي لَا تَسْتَغْنِي عَنْهُ، أَمَا إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَدَّثَنَا أَنَّ فِي ثَقِيفٍ كَذَّابًا وَمُبِيرًا، فَأَمَّا الْكَذَّابُ فَرَأَيْنَاهُ وَأَمَّا الْمُبِيرُ فَلَا إِخَالُكَ إِلَّا إِيَّاهُ، قَالَ: فَقَامَ عَنْهَا وَلَمْ يُرَاجِعْهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинага кетадиган йўлда Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг осиб қўйилганини кўрдим. Қурайшликлар ҳам, бошқа одамлар ҳам унинг олдидан ўтишар эди. Бир пайт унинг олдидан Абдуллоҳ ибн Умар ўтаётиб, тўхтаб, уч марта «Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деди. Сўнг уч марта «Аллоҳга қасам, мен сени бундан қайтарган эдим-ку?» деди. «Аллоҳга қасамки, мен сени кўп рўза тутувчи, кўп намоз ўқувчи, силаи раҳм қилувчи деб билганман. Аллоҳга қасамки, бир умматнинг энг ёмони сен бўладиган бўлсанг, демак, ўша уммат энг яхши умматдир!» деди-да, йўлида давом этди.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи етиб келгач, Ҳажжож одам юборди, уни (Ибн Зубайрни) осилган жойидан олиб, яҳудийларнинг қабристонига ташлашди. Сўнгра унинг онаси Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди. У киши унинг олдига келишдан бош тортди. Ҳажжож «Ё ҳузуримга келасан, ё сочингдан судраб келадиган одам юбораман» деб, яна одам юборди. У яна бош тортиб, «Аллоҳга қасамки, сочимдан судраб олиб кетадиган одамни юбормагунингча олдингга бормайман», деди. Шунда Ҳажжож «Кавушимни келтиринглар» деб, кавушини кийди. Сўнг гердайганча юриб келиб, унинг ҳузурига кирди-да: «Аллоҳнинг душманига қандай муомала қилганимни кўрдингми?» деди. «Кўрдим. Сен унинг дунёсини хароб қилибсан, у эса сенинг охиратингни хароб қилибди. Айтишларича, сен унга «Эй қўшбелбоғликнинг боласи!» дер эмишсан? Аллоҳга қасамки, ўша қўшбелбоғлик менман. Ўша қўшбелбоғнинг бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакрнинг егуликларини ўраб, ҳашаротлардан сақлар эдим. Бири эса аёл кишига керак бўладиган белбоғ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Сақиф қабиласидан битта каззоб ва битта қонхўр чиқади», деганлар. Каззобни кўрдик, қонхўр эса сен бўлсанг керак», деди. Ҳажжож индамай туриб, чиқиб кетди».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда Ислом тарихидаги энг қайғули воқеалардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Муовия розияллоҳу анҳу одамлардан ўз ўғли Язидга байъат олгандан кейин вафот этдилар. Аммо Маккада улуғ саҳобийнинг ўғли – улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Зубайр одамларни янги халифага эмас, ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Ҳижоз аҳли у кишига байъат қилди. Вақти-соати етиб, Язид ибн Муовия Ҳижозни ҳам ўзига бўйсундириш учун Бану Сақиф қабиласидан чиққан Ҳажжож бошчилигидаги лашкарни Мадина ва Макка томонга юборди. Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий умавий халифаларнинг амирларидан бири бўлиб, ўзининг золимлиги билан танилган, Ҳажжож золим деган ном олган одам эди.

Ҳажжож бу муқаддас ерларга келиб, мисли кўрилмаган зулмлар қилди. Маккаи Мукарраманинг ҳарамлигини ҳам бузиб, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ва у кишининг одамларининг бирортасини қўймасликка қарор қилиб, шафқатсиз уруш олиб борди. Иложи қолмагач, Ибн Зубайр ва у кишининг одамлари Масжидул Ҳаромга кириб олдилар. Ҳажжож эса манжаниқдан тош отиб, Каъбаи муаззамани ҳам парчалаб ташлади. Ёлғиз ўзи қолган Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қариб, икки кўзи кўрмай қолган оналари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, «Онажон, ёлғиз ўзим қолдим, нима қилай?» деди. «Ишинг ҳақ бўлганидан кейин ёлғизлигинг узр бўлмайди. Чиқиб, душман билан курашни давом эттир!» деди она. «Ўлганимдан кейин мени қиймалармикан, деган хавфим бор», деди ўғил. «Сўйилган қўй терисининг шилинганини сезмайди. Қўрқма, чиқ!» деди она.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жангни ёлғиз ўзлари давом эттириб, ниҳоят, Ҳажжожнинг одамлари қўлида ҳалок бўлдилар. Золим Ҳажжож у кишининг муборак жасадларини Маккадан Мадинага кетадиган йўлдаги хурмо дарахтига осиб қўйишни буюрди. Биз ўрганаётган ривоятнинг ровийси Абу Навфал гапни ўша ердан бошламоқда:

«Мадинага кетадиган йўлда Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг осиб қўйилганини кўрдим. Қурайшликлар ҳам, бошқа одамлар ҳам унинг олдидан ўтишар эди. Бир пайт унинг олдидан Абдуллоҳ ибн Умар ўтаётиб, тўхтаб, уч марта «Ассалому алайка, эй Абу Хубайб!» деди».

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо дарахтда осилиб турган мурдага салом бердилар. Бундан мурдага салом бериш жоиз эканлиги келиб чиқади. Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу ўликка эҳтиром кўрсатиб, унинг кунясини айтиб мурожаат қилмоқдалар, бир эмас, уч марта салом бермоқдалар.

«Сўнг уч марта «Аллоҳга қасам, мен сени бундан қайтарган эдим-ку?» деди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумога Бану Умайяга қарши чиқмаслик, улар билан тўқнашмаслик ҳақида насиҳат қилган эдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо бу насиҳатга қулоқ осмаган эдилар.

«Аллоҳга қасамки, мен сени кўп рўза тутувчи, кўп намоз ўқувчи, силаи раҳм қилувчи деб билганман».

Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп фазилатлар соҳиби эдилар. У зотнинг оталари жаннат башорати берилган ўн кишининг бири – Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу, оналари эса Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Мадинада муҳожирлардан биринчи бўлиб туғилган фарзанд бўлган, Расулуллоҳ алайҳиссалом бунга жуда ҳам қувонган эдилар, унинг танглайини ўзларининг муборак туфуклари билан кўтарган эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо кўплаб яхши фазилатларга эга инсон эдилар, лекин кўп рўза тутишлари, кечалари кўп нафл намоз ўқишлари, силаи раҳмни кўп қилишлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар.

«Аллоҳга қасамки, бир умматнинг энг ёмони сен бўладиган бўлсанг, демак ўша уммат энг яхши умматдир!» деди-да, йўлида давом этди».

Бану Умайяликлар ўз лашкарбошилари Ҳажжож орқали Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумони ёмон одам деб эълон қилишган эди. Аммо Абдуллоҳ ибн Умар уларнинг бу эълонини ўзларининг ушбу сўзлари билан чиппакка чиқардилар.

Абдуллоҳ ибн Умарнинг қилган иши ва гапи Ҳажжожга етиб келди, чунки ҳамма ёқда Ҳажжожнинг жосуслари изғиб юрар, катта-кичик ҳар бир гапни дарҳол унга етказиб туришар эди. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодек буюк зотнинг бу иши ва гапи одамларга таъсир қилиб, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумонинг жасади кишиларга таъсир қилишидан қўрқди.

«Ҳажжож одам юборди, уни (Ибн Зубайрни) осилган жойидан олиб, яҳудийларнинг қабристонига ташлашди».

Маккаи Мукаррамада яҳудийлар қабристони бўлмаганлигини эътиборга оладиган бўлсак, жасад анча узоқ жойга олиб борилганлиги келиб чиқади. Ҳажжож ўзининг бу номардлиги билан кифояланмади. У ўз рақибининг ўлимидан сўнг унинг кексайиб, кўзи кўрмай қолган онасини ҳам хорламоқчи бўлди.

«Сўнгра унинг онаси Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг олдига одам юборди».

Одамлар Ҳажжожнинг исмини эшитганда зир титрар эдилар. Унинг амридан бош тортиш бирор инсоннинг хаёлига ҳам келмас эди. Аммо Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо бошқача иш тутдилар.

«У киши унинг олдига келишдан бош тортди».

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг бу ишидан Ҳажжожнинг ғазаби ғалаён қилиб, таҳдид қилишга ўтди.

«Ё ҳузуримга келасан, ё сочингдан судраб келадиган одам юбораман» деб, яна одам юборди».

Ҳажжожнинг бу таҳдидидан кейин ҳар қандай одам шаштидан тушиши турган гап эди. Аммо Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо бошқача иш тутдилар.

«У яна бош тортиб, «Аллоҳга қасамки, сочимдан судраб олиб кетадиган одамни юбормагунингча олдингга бормайман», деди».

Ҳажжож золимнинг шармандаси чиқди. Аммо у ишни шундайлигича қолишини истамади. Нима қилиб бўлса ҳам, Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳони хорламоқчи, қилган нобакорлиги билан мақтанмоқчи бўлди.

«Шунда Ҳажжож «Кавушимни келтиринглар» деб, кавушини кийди. Сўнг гердайганча юриб келиб, унинг ҳузурига кирди-да: «Аллоҳнинг душманига қандай муомала қилганимни кўрдингми?» деди».

Бу золимнинг фикрича, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Аллоҳнинг душмани эмиш. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо ўзининг баҳодир ўғли ҳақидаги бундай аҳмоқона саволга ажойиб жавоб берди.

«Кўрдим. Сен унинг дунёсини хароб қилибсан, у эса сенинг охиратингни хароб қилибди», яъни «Сен уни ўлдириб, бу дунёсига зарар етказдинг. Аммо у ўзининг ўлими билан сенинг охиратингни бузди. Уни ўлдирганинг учун охиратда жавоб берасан, дўзахга тушасан».

«Айтишларича, сен унга «Эй қўшбелбоғликнинг боласи!» дер эмишсан?»

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг лақаблари Зотуннитоқайн – «икки белбоғли аёл» эди.

«Аллоҳга қасамки, ўша қўшбелбоғлик менман. Ўша қўшбелбоғнинг бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакрнинг егуликларини ўраб, ҳашаротлардан сақлар эдим. Бири эса аёл кишига керак бўладиган белбоғ эди».

Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга ҳижратга чиққанларида Асмо розияллоҳу анҳо уларга йўл учун таом бериб юбормоқчи бўлди. Шошилинчда таомни солгани нарса топа олмай қолди. Шунда ўйлаб ўтирмай, белидаги белбоғни ечиб, иккига бўлди-да, бир бўлагига таомни тугди, иккинчи бўлагини яна белига боғлаб олди. Шу ондан бошлаб Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Зотуннитоқайн – икки белбоғли аёл номини олдилар. У киши Ҳажжожга қаратилган гапларда давом этдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Сақиф қабиласидан битта каззоб ва битта қонхўр чиқади», деганлар. Каззобни кўрдик, қонхўр эса сен бўлсанг керак».

Каззоб – Сақиф қабиласидан чиқиб, пайғамбарлик даъвосини қилган Муҳтор ибн Абу Убайд ас-Сақафий деган нобакор эди. Қонхўр эса ҳозир Зотуннитоқайн – икки белбоғли аёлнинг олдиларида хўшшайиб ўтирган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бўлди. Бу гаплардан кейин унинг шармандаси чиқди.

«У индамай туриб, чиқиб кетди».

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сонсаноқсиздир. Биз буларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз.1. Ҳаё иймон давоми...

1676 09:02 / 08.08.2021
Вақтига барака киришини истаган ҳар бир инсонга тавсияБиринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг сизнинг устингиздаги ҳақлари борасида фикр юритинг.Аллоҳ таоло сизнинг давоми...

2193 15:52 / 17.01.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади.Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтинни давоми...

2103 16:00 / 26.01.2023
Сизга айтар сўзларим бор эди. Бугун .Қирқдалигингизда, ёшлигингиз энди бошланаётганига ишонтиришнинг тўрт услуби, номли мақолага кўзим тушиб, энди айтмасам давоми...

3011 09:30 / 15.03.2022