1447 йил 3 Рамазон | 2026 йил 21 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сиз ўзингиздан сўраласиз

13:27 / 18.12.2025 1977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо қавми уни мусулмон бўлишдан тўсиб турарди. Бу йўлда қаттиқ турганини билгач, қавми унинг бижодидан бошқа барча нарсасини тортиб олди. Бу билан уни ўзларида олиб қолишмоқчи эди. Аммо уларнинг бу иши Абдуллоҳни азму қароридан қайтара олмади. У қабиладошларини ғафлатда қолдириб, биргина кийимда Мадина сари йўлга чиқди. Мадинага яқинлашганда бижодини икки бўлак қилиб, эҳром сингари ўраб олди. Етиб келгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди ва мусулмон бўлганини эълон қилди. Ана шу кундан бошлаб Абдуллоҳ «Зулбижодайн» (икки бижод соҳиби) дея лақаб олди! (Бижод - йўл-йўл кийим).

Табук ғазотида Зулбижодайн розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқди. Бу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машаққатли ва энг узоқда бўлган ғазотларидир. Қиссанинг қолганини бизга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Табук ғазотида ярим кечаси ўрнимдан турдим. Кўшиннинг бир чеккасида шуъла кўрдим. Унинг нималигини билиш учун ўша ерга бордим. У ерда Зулбижодайн жонсиз ётган эди. Мусулмонлар унга қабр ковлашган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрга тушган эдилар. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога маййитни узатишларини айтдилар.

Улар маййитни қабр ичига узатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулбижодайнни ўз муборак қўллари билан қабрига қўйгач, шундай дедилар: «Аллоҳим! Мен ундан рози бўлдим, Сен ҳам рози бўл!»

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўшанда: «Қани энди қабрдаги маййит мен бўлсам эди», дея орзу қилган экан.

Кишининг нияти холис бўлса, Аллоҳ уни муродига етказади. Бу қонун. Бу қонунни Аллоҳ таоло еру осмонларни яратган кунида жорий қилган. Бу қонун қиёматгача ўзгармайди!

Зулбижодайн Аллоҳ ва Расулини истаб, бор дунёсини ортига ташлаб чиққан эди. Хизматнинг мукофоти ҳам охирида ниятига муносиб бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабрга қўйиб, шаҳидлик китобини ёпиб туриб: «Аллоҳим! Мен ундан розиман, Сен ҳам рози бўл!» дедилар!

Унинг танасини Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо қабрга узатишди. Бу қанақанги мукофот, эй Зулбижодайн?! Сени тутган охирги қўллар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакру Умар розияллоҳу анҳумонинг қўллари бўлди-я!

Аллоҳга олиб борадиган йўл қийин, машаққатли ва узокдир. Муҳими шу йўлда ўлмоғимиздир. Мана шунинг ўзи аслида йўл ниҳоясига етишдир!

Сиз ҳамма мусулмонлардан сўралмайсиз. Сиз ўзингиздан сўраласиз. Ибодатингиздан, парҳезингиздан, тақвойингиздан, садақангиздан, қизларингиз ва ахлоқингиздан, муомалангиздан, аҳлингиздан, уларнинг юриш-туришидан, ўғилларингиз ва уларнинг намозидан сўраласиз. Сизнинг муаммойингиз мана шу. Сизнинг Аллоҳга олиб борадиган йўлингиз мана шулар. Ким нимага асосан яшаса, шунга кўра ўлади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар .Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил ёшлигингни кексалигингдан, соғлигингни хасталигингдан, бойлигингни давоми...

2501 12:00 / 07.06.2022
Инсонлар жамоа бўлиб яшаш табиатида яратилганлар. Танҳоликда яшаш эса унинг тийнатига зид. Шу орқали улар бирбирларини ҳар томонлама тўлдириб, камчиликларини давоми...

1203 16:12 / 05.10.2025
Унинг турмуш ўртоғи 2016 йил вафот этгач, она фарзандларининг тарбияси устида қаттиқ меҳнат қилишга аҳд қилди. Ўша кезларда энг кенжа фарзанди атиги икки ойлик эди.7 давоми...

2791 09:00 / 20.10.2021
Мен автомашинамни телбаларча, оқибатини ўйламасдан жуда тез бошқарар эдим. Бир куни машинамга бир отахон чиқиб ўтирдилар. Йўлда кетар эканмиз, у киши менга бир давоми...

4087 17:00 / 22.08.2022