1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ё нажот, ё фалокат

12:00 / 07.06.2022 1854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ёшлигингни кексалигингдан, соғлигингни хасталигингдан, бойлигингни фақирлигингдан, бўш вақтингни машғул бўлишингдан, ҳаётингни ўлимингдан олдин ғанимат бил!» (Байҳақий ривояти).

Дарҳақиқат, вақт ё нажот, ё фалокат демакдир…

Вақт шундай нарсаки, бахтлилар унда саодатга, бадбахтлар эса ҳалокатга йўлиқадилар…

Руҳий тарбия уламолари ҳам: «Аллоҳ йўлидаги солик фойдаланиб қолишга интилиши шарт бўлган энг дастлабки нарса вақтдир. У уни зое кетказишдан тийилиши керак. Солик Аллоҳ йўлида эришадиган энг сўнгги нарса эса бирор нафасини Аллоҳнинг зикрисиз ёхуд бирон фойдали нарсасиз ўтказмаслигидир», деганлар. Ҳа, Ислом вақтга шу қадар катта аҳамият беради ва жиддий қарайди.

Абдулазиз ибн Раввод раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим ва у зотга:

«Менга васият қилинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: «Кимнинг икки куни бир хилда ўтса, зиёнга учрабди. Кимнинг бугуни кечаги кунидан ёмонроқ бўлса, лаънатга учрабди. Кимда-ким буни зиёда қилмас экан, нуқсондадир. Ундай кимсага ўлим яхшироқ», дедилар (Байҳақий ривояти).

Инсоннинг қандай умругузаронлик қилгани унинг ўз вақтини қанчалик ғанимат билганига қараб ўлчанади. Ер юзида яшаб, еб-ичиб, ухлаб ёки бедор, оила қургану қурмаган, сўнгра вафот этган қанча-қанча инсонлар ўтганки, уларнинг дин ва юрт хизматига қўшган ҳиссалари бирон нарсага арзигулик бўлмаган. Уларда на илм ва на мақтагулик бирон алоҳида фазилат бўлган. Уларнинг номларини вақт, изларини тупроқ ўчириб юборди!

Яна шундайлар ҳам ўтдиларки, улар ҳам юқорида зикр этилганлар каби яшадилар, аммо бундай ҳаётни улар илм, юксак фазилатлар, дин ва юрт хизмати ила безадилар. Натижада улар улкан қийматга эга ишларни амалга оширдилар, юксак мавқега сазовор бўлдилар. Жисмлари вафот этди, бироқ қилган ишлари ва номлари ҳамиша барҳаёт!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Мўминга вафотидан сўнг (савоби) етиб турадиган нарсалар: ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қолган солиҳ фарзанди, мерос қилиб қолдирган мусҳафи, қурган масжиди, карвонсаройи, қазиган дарёси ёки соғ-саломат ва тирик ҳолида молидан берган садақасидир», деганлар (Ибн Можа ривояти).

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Одам фарзанди вафот этса, учта нарсаси: садақаи жорияси, манфаат олинадиган илми ёки ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзандидан бошқа амаллари кесилади», дедилар (Муслим ривояти).

Ҳа, биздан олдин ўзлари эллик, олтмиш ёхуд етмиш йилгина умр кўрган, аммо қилган хайрли амаллари ўзларидан сўнг ҳам бир неча юз йиллаб яшаб келаётган инсонлар бор! Улар вақтларидан том маънода унумли фойдалана билишган:

Ҳаёт асли сонияю дақиқалар, бир неча соат,

Унда яхши ном қолдир, ола бил ибрат!

Дарвоқе, ҳаётдаги ҳамма нарсанинг қиймати ва қадри вақт ўтгани сари ортиб боради. Хўш, инсон ҳам ўз вақтидан самарали фойдалана билса қандай бўлар экан? Бунинг акси бўлса-чи?

Маълумотларга кўра, ўртача 60 йил яшаган инсон умрининг 20 йилини уйқуга, 4 йилини овқат тановул қилишга, 6 ойини ҳаммомга, 10 йилини телевизор қаршисида (!), 1 ойини телефон рақамларини теришга, яна бир ойини сартарошхонада навбат кутишга сарфлаб юборар экан! Эҳтимол, охирги пайтларда телефонга бундан анча кўпроқ вақтимиз сарф бўлаётган бўлиши мумкин (Бугунги кунда бу ҳақда ҳеч иккиламай телефон асосий вақтимизнинг қотилига айланган деб бемалол айтиш мумкин).

Агар ҳар куни бир соатдан вақт ажратсак, бир йилда 365 соат бўлади. Бу эса қайсидир янги тилни ўрганиш ёки Қуръони Каримдаги бир неча жузни ёд олишга кифоя қилади!

Уламоларнинг вақтни қанчалик ғанимат билганларини қуйидаги мисоллардан ҳам англаб олишимиз мумкин:

Буюк муфассир, муҳаддис, усулий олим Муҳаммад ибн Жаъфар Табарий раҳимаҳуллоҳ жуда кўп бебаҳо китоблар муаллифи бўлганлар. У зотнинг «Жомеъул баён» номли тафсирлари 30 жилддан, тарихга оид машхур асарлари «Тарихур-русул вал-анбиё» 10 жилддан иборат. Уламолар «Фаразан киши фақат у зотнинг тафсирларини дарс қилиб ўқиш мақсадида Хитойга сафар қилса, бу иш арзирли иш бўлган бўлади», деганлар.

Айтишларича, имом Табарий умрининг бирон дақиқасини зое қилмаганлар. Бир шогирдларининг ҳикоя қилишича, у зот вафот этиш чоғлари яқинлашган пайтда ҳам ҳузурларида зикр этилган маълумотни ёзиб қўйиш учун қоғоз-қалам сўраган эканлар.

Аммо бугун баъзи ёшларимизнинг йўл четига ўтириб олиб, беҳуда гапларни сўзлаб, азиз ва ғоят қимматли вақтларини соатлаб зое қилишларини кўриб, ачинмасликнинг иложи йўқ! уларнинг ана шу исроф бўлаётган вақтларига, шу вақтларда бажарилиши керак бўлган хизматларига бугун барча мусулмонлар, Ватан ва халқ муҳтож эмасми?!

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳар биримиз бу мавзуда сўз кетганда қуйидаги тавсияларга амал қилмоғимиз зарур:

1) Вақтимизни хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ диний бўлсин, ўзимизга келгусида зарар келтирадиган ишларга сарфлашдан сақланиш;

2) Вақтимизни оз бўлса-да, фойдали бирон ишга сарфлаш;

3) Дам олиш ва истироҳатда меъёрни сақлаш, чунки бу борада ҳаддан ошиш бора-бора вақтни исроф қилишни одатга айлантиради;

4) Махсус кун тартиби тузиш ва унга амал қилиш. Масалан, бир кунлик, ҳафталик ёки бир ойлик ишлар изчиллигини тузиб олиш;

5) Кун тартибига амал қилишда жидду жаҳд қилиш.

Аллоҳ таоло барчамизни вақтдан унумли ва самарали фойдаланиб, дину дунёмизни беҳуда ишлардан муҳофаза қилишга муваффақ этишини сўраймиз!

Шайх Муҳаммад Хойр Шаъол

«Исломда ёшлар тарбияси»

«Ҳилол» журналининг 4(37) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вақтдаги барака.Аллоҳ дўстларининг вақтлари баракали бўлади,, деган гап жуда машҳур бўлиб, мушоҳад, яъни кўз билан ҳам кўрилгандир. Улар қисқа вақт ичида жуда давоми...

2298 11:00 / 04.03.2023
Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири ndash меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида давоми...

1023 16:00 / 25.05.2023
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўради Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг савоби кўп Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

977 16:47 / 24 октябрь
Ишларимизни режалаштирар эканмиз, режага киритилаётган ишлар фақат шу дунёнинг ўзи билангина чегараланиб қолмасин.Режани каттароқ ва кенгроқ олишимиз лозим. давоми...

2261 11:30 / 19.03.2022