
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсонлар жамоа бўлиб яшаш табиатида яратилганлар. Танҳоликда яшаш эса унинг тийнатига зид. Шу орқали улар бир-бирларини ҳар томонлама тўлдириб, камчиликларини бартараф этадилар. Ижтимоий ҳаётда кимнингдир корига бошқаси ярагани жуда кўп марта кузатилган. Кимдир бадавлат, кимдир ўткир заковат эгаси, кимдир уста нотиқ, кимдир уддабурон ташкилотчи, кимдир жисмонан бақувват ва ҳоказо. Қўшнилар ҳам бир-бирларига елкадош бўлган ҳолда жамият ҳаётининг бирдамлигига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Улар яхши ва ёмон кунларда бир-бирларининг ёнида туриб, қувончли ва ташвишли кунларда ҳамнафас бўладилар. Ана шу жиҳатдан ҳам қўшнилар орасида бир қатор ҳақ ва вазифалар юзага келган. Мусулмон сифатида қўшнимизга, аввало, фойдамиз тегиши, ҳеч бўлмаганда зараримиз тегмаслиги биз учун асосий меъёр бўлмоғи лозим. Акс ҳолда қўшнининг дилини оғритиш ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қиёмат кунида биринчи бўлиб хусуматлашадига икки қўшнидир”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисга кўра қўшниларга дилозорлик қилиш, уларга моддий ва маънавий зарар етказиш ҳалокатга етаклашиш мумкин. Имкон қадар ёрдам бериш қўшнига бўлган икромдандир. Қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ бўлмаслик, Аллоҳ таоло берган ризқнинг ортиғига қўшнисини ҳам шерик қилиш, унга озор беришдан, жабру зулм ва у хушламаган нарсани қилишдан тийилиш шулар жумласидандир.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳадиси шарифда: “Жоним “қўли”да бўлган Зотга қасамки, қўшниси ёмонликларидан омонда бўлмаган банда жаннатга кирмайди”, дейилган.
Ҳикоя қилинишича, бир киши уйида сичқонлар кўпайиб кетганидан нолиб қолди. Унга: “Мушук боқсангиз-чи”, дейилди. Шунда у: “Бундай қилсам сичқонлар қўшниларимнинг уйига қараб қочишлари тайин. Ўзимга раво кўрмаган нарсани қўшниларимга раво кўришдан қўрқаман”, деди.
“Иҳёу улумиддин”да шундай келтирилган. “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Фалончи аёл (маълум аёлнинг номини айтишдан киноя) кечалари қоим (туриб ибодатлар билан бедор) бўлади, кундузлари (нафл) рўза тутади, (кўп) тоат-ибодат ва эҳсонлар қилади. (Бироқ) тили билан қўшниларига озор беради (Унинг ҳолати нима бўлади?)”- дейилди. Шунда у зот: “Унда хайр йўқ, у дўзах аҳлидандир”, дедилар”.
Демак, ўзаро муносабатлардаги озор беришнинг энг кам таъсирга эга бўлгани тилде шундай бўлса, зўравонлик қилиш, куч ишлатиш ва тан жароҳати етказиш каби ҳолатларда қанчалик ҳақлари поймол бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Қўшничиликда айнан мусулмонлик туфайли ҳосил бўлган ҳақлардан бошқа ҳақлар ҳам бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнилар уч (хил)дир: битта ҳаққа эга қўшни – у қўшнилардан ҳаққи энг кам бўлганидир. Иккита ҳаққа эга қўшни ва учта ҳаққа эга қўшни – у қўшнилар орасида ҳаққи энг юқори бўлганидир. Битта ҳаққа эга қўшни қариндош бўлмага мушрик қўшнидир. Унинг (фақат) қўшнилик ҳаққи бор. Иккита ҳаққа эга қўшни – қариндош бўлмаган мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик, ҳам қўшничилик ҳаққи бор. Учта ҳаққа эга қўшни эса қариндош мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қўшнилик ва қариндошлик ҳақлари бор. Қўшниликнинг энг паст ҳаққи (даражаси) қўшнингга қозонинг ҳиди билан озор бермаслигингдир. Акс ҳолда ўшандан (пишган овқатдан) унга ҳам сузиб берасан”.
Демак, бу қўшнида ҳам қўшничилик, ҳам мусулмонлик, ҳам қариндошлик ҳаққи бор экан.
Иккита ҳаққа эга бўлган қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унда фақатгина қўшничилик ва яна мусулмонлик ҳаққи бор.
Битта ҳаққа эга бўлган қўшни эса мусулмон бўлмаган (зиммий) қўшнидир. Унинг фақатгина қўшнилик ҳаққи бор, холос.
Хулоса шуки, ҳар қандай ҳолатдаги қўшничиликда ҳам барчамиз қўшни сифатида ўз бурч ва вазифаларимизни тўкис бажармоғимиз даркор. Одатда кишининг қандайлиги унинг қўшнилари билдирган муносабатга кўра аниқланган. Буни Умар розияллоҳу анҳунинг “Агар бир одамни қўшниси, қариндоши ва дўсти мақтаётган бўлса, унинг солиҳ эканига шубҳа қилмангиз” деган сўзлари ҳам тасдиқлайди.
Азиз диндошим! Буни асло унутмангки, қўшничилик фақат яшаш жойи билан боғлиқ эмас, сиз билан ҳаммаслак бўлган барча инсонга қўшни сифатида қарамоғингиз лозим. Мисол учун ишхонада, бозорда ва ҳоказо. Ён хонадаги, ён дўкондаги ёки ён дастгоҳдаги барчага нисбатан ана шундай хайрихоҳлик барчамизда бўлмоғи керак. Ана шунда биз бир бутун жамият ҳолида яхлитликни ҳосил қиламиз. Эътиборингизга Тақий Усмоний гувоҳи бўлган юксак “қўшничилик” намунасини ҳавола қиламиз:
“Маккаи мукаррамада бозорга кириб, бир матони сўрадим. Дўкондор ўша матони топгунга қадар олдимга йигирматача ўрамдаги газламаларни ёйиб қўйди. Уларнинг ичидан биттаси менга маъқул тушиб, шуни сотиб олмоқчи бўлдим. Нархиям маъқул келди. Сотувчи: “Сизга шу маъқул келди-а?”-деди. “Албатта маъқул келди”, дедим мен. “Унда йўлнинг у томонига ўтсангиз, ҳув анави дўконда ҳам худди шу газламадан бор. Ўша ердан сотиб олинг”, деди. Мен ҳайрон бўлганча: “Ие, нега энди? Ахир шу ерда савдолашдим, сизнинг ҳам ача вақтингизни олдим. Нега энди ундан сотиб оларканман. Бунинг сабаби нимада?”-дедим. “Тўғридаги сотувчи менинг қўшним, кўряпманки эрталабдан бери ҳеч нарса сотмади. Мен эса анча нарса сотиб қўйдим”, деди дўкондор.
Қўшни ҳақлари ва одоби
Мавзуни умумлаштирган ҳолда яна қуйидагиларни келтириш мумкин: мусулмон киши қўшнисини кўрганда салом бериши, уни бездирадиган гап-сўзларни айтмаслиги, аҳволини суриштириб кўп савол сўрамаслиги, бетоб бўлганида бориб кўриши (унда ҳам юқорида айтиб ўтилган зиёрат одобларига риоя қилиши), бошига иш тушганда “бардам бўлинг”, “кўрмагандек бўлиб кетинг”, “бошингиз омон бўлсин”, “биздан нима ёрдам” каби тасалли берувчи сўзларни айтиши, яхши кунларда қутлаши, хурсандчилигига шерик бўлиши, ундан содир бўладиган каттаю кичик хато-камчиликларини кечириши, ҳеч ким билмайдиган салбий жиҳатлари ҳақида суриштириб излаштирмаслиги, билиб қолганларини эса ҳеч кимга айтмаслиги, уйига олиб келган нарсаларига қарамаслиги, айбини дарҳол беркитиши, йўғида уйидан бохабар бўлиб туриши, оиласига ёмон кўз билан қарамаслиги, қўшниларнинг болаларига мулойим муомала қилиб, дин ва дунё ишларидан билмаганларини ўргатиши, ёрдам сўраганларида дарров ёрдамларига шошилиши, қарз сўраганларида бериб туриши, ночор аҳволга тушиб қолганларида саховат кўрсатиши, ҳақларига яхшилик тилаб дуо қилиши, жанозаларида қатнашиши, жаноза намозини ўқиши, рухсатисиз иморатидан баланд иморат қуриб ҳавони тўсиб қўймаслиги, мева-чева олганида қўшнисига ҳам илиниши, бера олмаган тақдирда иложи борича уйига билдирмасдан олиб кириши, болалари қўшнининг болаларига кўрсатиб емаслиги, овқат қилганда ҳиди чиқса қўшнига ҳам илиниши ва ҳоказо…
Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида нашрга тайёрланди