1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Муташобиҳ насслар; Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги муташобиҳ оятлар (Салафийлик 9)

05:00 / 13.03.2017 5355 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз юқорида муташобиҳ насслар ҳақидаги собит ижмоьни баён қилиб ўтдик. Бу ижмоьга биноан, муташобиҳ нассларни тушунишда, уларни Аллоҳ таолони бирор махлуққа ўхшатувчи ёки тенглаштирувчи маьноларга бурмаслик ҳамда ўша нассларнинг собит луғавий далолатларини ҳам йўққа чиқазмаслик лозимдир.



Муташобиҳ насслар ҳақидаги сўнгги сўз сифатида: “муташобиҳ лафзларни, модомики улар Аллоҳ таолога ўхшашлик ва шериклик маьноларига далолат қилмас экан, зоҳирий маьноларда тушунмоқ керак” деб айтиш мумкин.  Бу қоида, Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги нассларни тафсир қилишда, Унга махлуқлардаги каби аьзо ва жисмият  маьноларини бермасликни ҳам ўз ичига олади. Ва бу қоидага биноан, У, ўзи айтганидек, ўзининг жалоли ва аҳадиятига муносиб тарзда аршига “استواء” (истиво, ўрнашди) қилди, дейилади. Унинг, ўзи айтганидек Унинг “يد”и (қўли) бор, аммо бу унинг улуҳияти ва жалолига муносибдир, дейилади. Ёки ушбу оятларни луғат қонунлари қабул қиладиган, араблар сўзлашувида маьруф бўлган ҳамда ишоралар тақозо этадиган мажозий маьноларда тафсир қилиш мумкин.  Бу қоидага кўра, оятдаги “истиво”ни “эгаллади, салтанатига  олди” маьноларида тафсир қилиш мумкин. Фатҳ сурасидаги يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ  (Аллоҳнинг қўли уларнинг қўли устидадир) оятидаги “يَدُ ” калимасини  “қувват” маьносида, Моида сурасидаги بَلْ يَدَاهُ مَبْسُوطَتَانِ يُنْفِقُ كَيْفَ يَشَاءُ (Аксинча, Аллоҳнинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилур) оятидаги “يَدُ ” (қўли) калимасини “саховат” маьноларида тафсир қилиш мумкин.


Аслида, мазкур ҳар иккала тафсир ҳам таьвилдан холи эмас. Биринчи тафсирда ижмолий таьвил, иккинчисида эса, тафсилий таьвил мавжуд.


 Ўзингиз кўриб турганингиздек, “қўл”, “юз”, “кўз” калималарининг луғавий маьноларига қарасангиз, уларнинг махлуқлар қўллайдиган машҳур бир аьзолар эканлиги маьлум бўлади. Ваҳоланки, бу каби сифатлар – ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳар иккала тафсирда ҳам-  Аллоҳнинг зотидан нафий қилинади.  Шунинг учун ҳам биринчи тафсирда “Унинг қўли бор, аммо у Ўзи айтганидек, унинг жалолига муносибдир. Унинг кўзи бор, аммо у Ўзи айтганидек, унинг жалолига муносибдир” дейилмоқда.


Гап шундаки, муташобиҳ оятларни таьвил қилишда, аксар салафлар каби,  ижмолий таьвил чегарасида тўхташ шартми? Ёки ижмолий таьвил чегарасидан Аллоҳнинг китоби ва Расулулоҳ с.а.в ҳадисларида кўплаб ишлатилган истиора ва мажоз каби маьруф йўлларга ҳам ўтса бўладими?


Биз танишиб чиққан ва қисқача маьлумотга эга бўлган манҳажимизда,  мусулмон кишини иккала мавқифдан фақатгина бирини лозим тутишга мажбурловчи ҳеч қандай нарса йўқдир.  Асосий муҳим бўлган нарса,  Аллоҳ таоло ўзига нисбат берган “қўл” калимаса орқали Аллоҳга махлуқлар аьзоси каби бир аьзони нисбат бермаслик билан бир вақтда Аллоҳни унинг каломида собит бўлган калималарнинг луғавий далолатидан маҳрум қилмасликдир. Баьзилар Аллоҳни ширкдан поклаш мақсадида, Унинг ўз каломида собит бўлган сифатларини мутлақо йўққа чиқарадилар.


Ўзларини “салафийлар” деб номловчи кишилар ҳудди мана шу масалада бизга мухолиф чиқадилар.  Бизга маьлумки, эьтиқодий ва шарьий сулукка доир асослар борасида уммат орасида муҳкам саналган муттафақ манҳаж мавжуддир. “Салафийлар” эса ўзларининг ана шу мансубликларини ўша муҳкам ва муттафақ бўлган манҳаж ўрнига қўйиб оладилар.  Улар бу хусусда бизга қарши “бу умматнинг салафлари, улар умматнинг энг хайрлилари бўлишига қарамай, ҳеч қандай тафсилий таьвилга оғмадилар. Улар бу тарздаги насслар тафсирида, Аллоҳ таоло ўзи ҳақида нассларда исбот қилган нарсаларни исбот қилишдан нарига ўтмадилар. Улар нассларда  ворид бўлган сифатлар ҳақида, бу сифатларни Аллоҳ таолонинг ўз рубубияти, улуҳиятига мос ва уни шерик ва ўхшашлардан улуғлаш маьносида тушуниш лозим, дейишдан бошқа нарсани зиёда қилмадилар,” деб далил келтирадилар. Улар шунингдек, бизга қарши “Аллоҳ таоло ўз зоти ҳақида исбот қилган лафзларни луғавий маьнодан мажозий, ёки истиора ва ёҳуд ташбиҳ маьносига ўтказишлик, таьтийлнинг кўринишларидан бири бўлиб саналади” дея иккинчи иддаони қиладилар.


Уларга жавобан биз-Аллоҳ тавфиқи ила- қуйидагиларни айтиб ўтамиз.  Авваломбор улар ўйлаётганидек, бизнинг ҳар иккала ҳужжатга ҳам амал қилиш мажбуриятимиз йўқ. Чунки бу иккала ҳужжат, бўлиши мумкин бўлмаган ғойри воқеь ҳужжатлар бўлиб, улар ҳақиқий ҳужжатлар эмасдир. Салафийларнинг, салафи солиҳ орасида сифат оятлари ёки унинг айримларини тафсир қилишда тафсилий тафсирга моил бўлганлари умуман бўлган эмас, сўзлари тўғри эмас..  Агар, салаф орасида будай қарашдагилар умуман бўлмаган деб фараз қилинган тақдирда ҳам, мазкур сифатларни араб тили қоидаларига мувофиқ, Аллоҳнинг китобида ишлатилган қорийналар, контекстлар тақозосига кўра таьвил қилиш Аллоҳнинг сифатларини бекорга чиқаришнинг бир тури, дейиш хато қарашдир.


 Уларнинг биринчи ҳужжатларига жавобан қуйидагиларни келтириб ўтамиз. Расулуллоҳ с.а.в  “хайрлилар” деб гувоҳлик берган бу умматнинг салафлари илк уч асрга мансуб эканликларини биз яхши биламиз. Зеро, бунинг баёни аввалги баҳсларимизда ўтди. Уч  асрга мансуб зотлар орасида кўплалари сифат оятлари ва  уларнинг иловалари ҳукмида бўлган Мустафо с.а.в ҳадисларини тафсир қилишда  тафсилий тафсирга бош урганлар. Ваҳоланки мазкурлар, бугун ўзларини “салафийлар” деб номловчиларга унчалик ёқмайди.


Тафсилий тафсир қилган зотлардан бири Имом Аҳмад р.а дир. Имом Байҳақий р.а нинг “ал Асмо ва ал Сифот” китоби; 292 саҳифасида  саҳиҳ тарзда ривоят қилинишича, имом Аҳмад р.а Аллоҳ таолонинг, Фажр сурасидаги وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا  (Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар) оятини Наҳл сурасидаги يَأْتِيَ أَمْرُ رَبِّكَ  (...Роббининг амри келишига...) каби “Роббинг амри келса” дея таьвил қилганлар.


Яна шу туркумдан бири Расулуллоҳ с.а.в нинг “ батаҳқиқ, Аллоҳ бу кеча (эр-хотин) иккингизнинг  ишларингиздан кулди” ҳадисларига доирдир. Аслида бу ҳадис, Расулуллоҳ с.а.в меҳмонини ҳурмат-икром қилиб уни тўйдирган, аммо ўзлари очлик билан тунни ўтказган Ансорий эр-хотин ҳақида айтилган. Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслим р.а ривоят қилганлар. Имом Бухорий р.а “ҳеч қандай кайфиятсиз ўтиб кетаверинглар” қоидасида тўхтаб қолмасдан, балки ҳадисдаги  ضحك  “кулиш” лафзини “раҳмат” дея таьвил қилганлар[1].


Яна мана шу туркумга оид таьвилдан бирини Байҳақий р.а “ал-Асмо ва ал-Сифот” китобида Ҳаммод ибн Зайддан нақл қилади. “Нузул ҳадиси” да ворид бўлган, Аллоҳ таолонинг дунё осмонига нозил бўлишини, Ҳаммод ибн Зайд, “Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига иқбол қилиши” дея таьвил қилган.


Ҳудди шундай таьвиллардан бирини, Ибн Таймийя р.а ўзининг “Мажмуату фатово” китобида Жаьфар Содиқ р.а дан ривоят қиладилар. Жаьфар Содиқ р.а Аллоҳ таолонинг Қосос сурасидаги “َ كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ” (Унинг важҳидан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир)  (кўпинча, одатда араб тилида “важҳ” калимаси ўзбек тилидаги юз-бет маьносида қўлланилади. таржимондан)  сўзидаги وَجْهَهُ калимасини “дийн” дея таьвил қилганлар.  Ибн Таймийя р.а ўзлари Заҳҳок р.а дан, айнан мана шу оятдаги мана шу калимани, “Аллоҳнинг зоти”, “жаннат”, “дўзах” ва “арш” маьноларида таьвил қилганларини нақл қилганлар. Аммо ўзлари эса, оятдаги وَجْهُ лафзини “жиҳат, тараф” деб таьвил қилишни афзал кўрганлар. Натийжада, Ибн Таймийя р.а таьвилларига кўра, оят “Аллоҳнинг жиҳати (тарафи) ирода қилингандан ўзга барча нарсалар ҳалок бўлгувчидир” маьносида бўлади. Ибн Таймийя р.а ушбу сўзларидан кейин: “ жумҳур салаф шундай деганлар” дейдилар[2].


Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги


 وَلِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ


(Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор) тафсиридаги мана шу тарздаги таьвилни имом Байҳақий ривоят қилганлар. Байҳақий р.а ёзадилар: “ ушбу оят ҳақида Шофеийнинг р.а “яьни, Аллоҳ билгувчироқдир, Аллоҳ сизларни унинг тарафига юзлантириб қўйган Юз бор” деганларини Музаний ҳикоя қилганлар. Бизга Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ва Абу Бакр ал-Қозийлар ушбу хабарни берадилар. Уларга Абул Аббос Муҳаммад ибн Ёьқуб, унга Ҳасан ибн Алий ибн Аффон,  унга эса, Абу Усома Назрдан, Назр Мужоҳиддан, унинг Аллоҳ таолонинг فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ  сўзи ҳақида “(وَجْهُ اللَّهِ  дан мурод,) “Аллоҳнинг қибласидир”.  Бас, шарқда бўлсанг ҳам, ғарбда бўлсанг ҳам, ўша тарафдан бошқага юз бурма” деганликларини ривоят қилганлар.”


 Ибн Ҳажар ўзининг “Ал Фатҳ” ида, Бағавий тафсир китобида Абдуллоҳ ибн Аббос ва кўплаб муфассирларнинг الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى оятидаги  اسْتَوَى ни “олий бўлди, кўтарилди”, дея таьвил қилганларини келтирганлар. Шунингдек, ибн Ҳажар, мазкур оятдаги  اسْتَوَى  маьноси ҳақидаги Ибн Баттолнинг анча гапларини нақл қилиб, “ اسْتَوَى нинг тафсири “олий бўлди”дир. Ва (мана шу тафсир саҳиҳдир. Бу(ндай тафсир қилишлик) ҳақ мазҳаб бўлиб, у Аҳли Суннат сўзидир.” деганларини ҳам ривоят қилганлар[3].


Аллоҳнинг китоби ёки Суннати Набавийя саҳиҳларида ворид бўлган Аллоҳнинг сифатлари ва афьолларидан айримлари мана шулардир. Салаф уламоларидан кўплари бу оят ва ҳадисларни тафсилий таьвил қилганлар. Улар бу оятларни тушунишда “зоҳирига кўра кайфиятсиз ўтиб кетаверинглар” сўзлари билан кифояланиб, ижмолий таьвил чегарсида тўхтаб қолмадилар. Биз келтирган мисоллар ва намуналардан ҳам кўпроқлари билан танишиб чиқиш имкониятингиз мавжуд. Бунинг учун сиз, Байҳақийнинг “ал-Асмо вас-Сифот”, Хоттобийнинг “Маолимус Сунан”, Бағавий тафсири ва бошқа китобларга мурожаат қилинг.


Сифат оятларини таьвил қилиш хусусида “халаф”ларни маломат қилувчиларга ён босадиган Ибн Таймийянинг Аллоҳ таолонинг كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ (26) وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ  оятидаги وَجْهُ калимаси маьноси ҳақида жоиз бўлган таьвилни қилганликлари ҳар қандай қайсарларни қайсарликдан тўхтатади, ҳар қандай хусуматнинг охирини кесади ва бу мавзудаги ҳар қандай ихтилофга нуқта қўяди.


Ибн Таймийянинг ушбу таьвилини бошқа таьвиллардан ажратиб, бошқа таьвиллардан фарқли ўлароқ унга афзалият  ва ҳақлиликни берган, мазкур оятдаги “важҳ”ни сифотлардан эмас, шунинг учун ҳам уни таьвил қилишликда зарар йўқ, дейдиган кишиларнинг Ибн Таймийя таьвилини оқлаш учун йўл қидиришга ҳеч қандай чоралари йўқдир.


Биз, бу каломни оқлашга ҳеч қандай чора йўқ, деймиз. Зеро,  бу матлуб нарсани, яьни шундоқ ҳам бўлиши лозим бўлган нарсани мусодара қилиб йўққа чиқазишдан ўзга нарса эмасдир. Аслида “Важҳ”ни Аллоҳнинг сифотлари туркумидан ташқарига чиқазиш эҳтимоли ҳам таьвил бўлиб, ушбу таьвил эшигини Ибн Таймийя очгандир.  Агар баҳс ва мунозара ўрни бўлган ушбу қараш таьвиллардан саналмаганида, “важҳ” калимасининг Аллоҳ таоло  исмлари сифатидан бири эканлиги ақлларга келмаган бўлар эди. Аллоҳ таоло эса ўз исмлари сифатларини ўзи хоҳлаганидек, ўз буюклигига муносиб, салатанати улуғлигига мос равишда , ўз зоти учун исбот қилгандир.


Агар сифат оятлари ва ҳадислари хусусида мана шу тарздаги таьвил маслагига таяниш жоиз бўлса, у ҳолда ушбу маслак таьвил қилгувчи ҳар бир кишининг қўлидага қуролга айланиб қолади. Ундан фақатгина ибн Таймийя фойдаланиши жоиз, аммо ундан ўзгалар бу маслакдан фойдаланишлари ножоиз, деган нарса эса номақбулдир.

Салафдан нақл қилинган ушбу таьвилларнинг луғатни англаш ва у билан муомала қилиш борасида ҳеч қандай таьтийл  ёки суистеьмолни тақозо этмаслигини мулоҳаза қилмоқ муҳимдир. Зеро, “важҳ” масаласида Ибн Таймийя қабул қилган таьвил ҳам шулар жумласидандир. Зотан, Ибн Таймийя ҳам салафлардан зикр қилинган раьйга эргашган ҳолда ўша таьвилни қабул қилганлар. Балки бу таьвиллар ақийда асослари ва шариат ҳукмлари соясида, араб тили қоидалари доираси ичида, унинг далолатига бўйсунган ҳолда қилинган таьвиллардир. Бу борада Имом Аҳмад р.а нинг Аллоҳ таолонинг “وَجَاءَ رَبُّكَ وَالْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا” (Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар) сўзидаги جَاءَ (келса) таьвили хусусида таянган далилдан кўра кучлироқ далил йўқдир. Имом Аҳмад р.а оятдаги جَاءَ калимасини امر ربك  جَاءَ (Роббингни амри келса) дея таьвил қилганлар. Бу таьвилда Аллоҳ таолонинг Наҳл сурасидаги هَلْ يَنْظُرُونَ إِلَّا أَنْ تَأْتِيَهُمُ الْمَلَائِكَةُ أَوْ يَأْتِيَ أَمْرُ رَبِّكَ (Улар ўзларига (ўлим) фаришталари ёки Роббингнинг (азоб) амри келишига интизор бўлиб турибдиларми?) оятини далил қилганлар. Қурьон муфассирлари орасида энг хайрлиси яна Қурьоннинг ўзидир.


Аллоҳ тавфиқи ила, буларнинг тафсилоти қуйида зикр қилинади.


Ана  энди уларнинг иккинчи ҳужжатининг асоссиз эканлиги баёнига ўтамиз. Уларнинг иккинчи ҳужжатларини яна такрор эслатиб ўтамиз. Унда айтилишича, гўёки Аллоҳ таоло унинг луғавий маьноларини ўз зоти учун собит қилган лафзларни мажоз, истиора ёки ташбеҳ каби маьноларга ўтказишлик мань қилинган таьтийл турларидан бири ҳисобланади.


Уларнинг бу эьтирозларига жавобан биз, биз келтирган мисол ва намуналар ушбу даьвонинг қанчалик асоссиз эканлигига далил бўлади, деймиз. Чунки, нассларни, биз зикр қилиб ўтганимиздек, ҳақиқатдан мажозга ўтказиб таьвил қилган салафлар  асло муаьттил бўлган эмаслар. Уларнинг бундай бўлиши умуман мумкин эмас. Борди-ю улар қилган таьвиллар тушуниш ва фаҳмлаш борасида таьтийл ёки суистеьмолга олиб борганида, улар умуман бунга қадам босмас эдилар.


Майли фаразан, юқорида биз эслаб ўтган таьвиллар мисолларини йўқ ва бу таьвиллар умуман ворид ҳам бўлмаган, деб билайлик. Фараз қилайлик, салафи солиҳ р.а дан ҳеч қайси бирлари ўзларига, Аллоҳ таоло ўз зоти учун исбот қилган нарсаларни, уларнинг маьноларини Унинг ўзига ҳавола қилишдан зиёд, ҳеч нарса исбот қилишга ижозат бермаганлар.  Ҳолат шундай бўлган тақдирда ҳам, билингки, бу нарса бошқаларнинг бу хусусда уларга мухолиф чиқишларини мутлақ ҳаромга айлантиролмайди. Салафи солиҳларнинг бундай лафз ёки сифатлар маьнолари хусусида чуқур киришмасликлари сабаблари бир нечта бўлиши мумкин. Салафлар ўзларининг бу хусусда чуқур кетишга тоқатлари етмасликларидан ҳайбат ҳис қилишлари, ўша сабаблардан бири бўлиши мумкин. Улардаги мавжуд ушбу ҳайбат, жаҳолат, илмсизлик ёки илмий малака етишмаслиги туфайли эмас, балки кўпинча уларнинг қалбларидаги Аллоҳ махофати асари кучли эканлигидан эди.  Сабаблардан яна бири, улар яшаган муҳит ва ҳолат шуни тақозо этар эди. Уларда бу нарсалар ҳақида бош қотириш эҳтиёжи бўлмаганидек, уларнинг атрофларида ҳам, уларни мана шундай хавотирларга, бош оғриқларга ундайдиган кимсаларнинг бўлмаслиги эди.  Учинчи сабаб, уларнинг бу каби лафзлар ва сифатларга бу тарзда ёндашишлари ижтиҳодий бўлиб, масалаларни ижтиҳодий жиҳатдан ечиш эса, ўзгаларни ҳам уларнинг ижтиҳоди каби ижтиҳод қилишга мажбурламайди. Айниқса, улар ижтиҳод ва мунозарага муносиб бўлган илмий малакадан келиб чиқиб ушбуларни қилаётган бўлсалар.  Ваҳоланки биз, саҳобалар мазҳабини мустақил ҳужжат, деб билмаймиз.  Шундай бўлгач, тобеьийн ва табаьа тобеьийнлар мазҳабини ўз-ўзидан мустақил мазҳаб дея эьтироф қилмаймиз. (Аммо ҳанафий мазҳабига кўра, маьлум бир шартлар асосида саҳобалар мазҳаби ҳам шарьий далил ҳисобланади)


Модомики, мазкур сабабларнинг барчаси салафларнинг тафсилий таьвилга кирмасликларига эҳтимоли бор экан, уларнинг қарашларини ҳужжат қилиб олиш нотўғри бўлади. Зеро бу, тавилнинг ҳаромлиги ва сифатларни поклаш ва ягона деб билиш ила зоҳирий маъносида тўхташнинг вожиблиги каби бошқа сабабнинг мавжудлиги эҳтимолига суянишдек ботил ҳужжатни тақозо қилади. Айни пайтда даьво қилинаётгандан умумийроқ нарсага эьтимод қилиш ҳам бўлади. Эҳтимолли нарсани далил сифатида келтириш эса жоиз эмаслиги, барчага маьлумдир.


 Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Аллоҳнинг китоби нозил бўлган, унинг воситасида Мутоҳҳара Суннати Набавийя етиб келган араб тилини ҳакам санашдан бошқа чора йўқдир. Араб тилини ҳакам санаш эса, унинг қоидаларини татбиқ қилиш  демакдир. Унинг қоидаларига ҳақиқат, мажоз, таьвилни тақозо қилувчилар ва уни мань қилувчилар каби кўплаб нарсалар киради. Бу борада ушбу тилни фаҳмлашда пишиб етилган, унда Ислом шариати ва ақийдаси асослари хусусида, ижтиҳод қила оладиган даражада, маьрифат малакаси ўсиб улғайган, шу билан бирга Аллоҳ тақвоси ҳамда дийнда сидқу истиқоматга эга бўлган кишиларгина беллаша оладилар. Ибн Таймийя р.а узоқ баҳс қилган, бунинг орасида “важҳ”ни араб тили, унинг иштиқоқлари ҳамда ундаги ҳақиқат ва мажоз важҳларига таянган ҳолда, жиҳат дея таьвил қилиши ҳам биз айтиб ўтган нарсанинг татбийқий кўринишидан ўзга нарса эмас. Маьлумки, биз бу ўринда Ибн Таймийя билан “важҳ” масаласида луғат ёки Қурьоний далолат жиҳатидан муноқаша қилиш, у кишининг раьйлари билан “важҳ”ни зот дея тафсир қилгувчилар орасини яқинлаштириш  мақсадида ҳам  эмасмиз. Мен айтмоқчиманки, - биз ҳозир бу борада баҳс юритмаётган бўлсакда - балки, бу мавқифда юқоридаги каби калималарни луғавий далолат ва қоидалар ҳудудида, Аҳли Сунна наздида муттафақ бўлган Исломий ақийда куллияси ҳамда асослари тақозоси доираси ичида таьвил қилиш борасидаги ижтиҳод мақбул эканлигини баён қилиб ўтмоқчиман холос. Бундай таьвилларнинг мақбул эканлиги сабаби, уларнинг муттафақ манҳаж доираси ичида ҳаракатланаётганлиги, уларнинг мана шу доирадан ташқарига чиқмаганлиги ёки ундан бўйин товламаганлигидир.


Ана шу манҳажга риоя қилинган бўлса, бунинг ўзи кифоядир. Ундан сўнг, салафи солиҳнинг сифат оятлари ва бошқалари хусусидаги ижтиҳодлари билан ҳарфий иттиффоққа келиш шарт ҳам, мажбурий ҳам эмас. Зеро, бир аср ва бошқаси орасидаги табиий ихтилофдан зиёд, бир мужтаҳид ва бошқаси орасидаги сабаблар ва ҳолатлар ўзгариб туради. Турли муносабатларга кўра Ҳаммод ибн Зайд, Хоттобий ва Байҳақий каби кўплаб имомлар бу нарсаларни зикр қилганлар.


Ҳудди шу маънони Байҳақий ўз китобида зикр қилади. Байҳақий р.а, икки Шайх марфуь ҳолда Анас ибн Молик р.а дан ривоят қилган


 "لا تزال جهنم تقول هل من مزيد حتي يضع رب العزة فيها قدمه فتقول قط قط و يزوي بعضها الي بعض ولا يزال في الجنة فضل حتي ينشئ الله خلقا فيسكنه فضول الجنة


“Токи Роббул изза жаҳаннамга қадамини босмагунича, жаҳаннам “зиёдаси (яна қўшимчаси) борми?” дейишдан тўхтамайди. Шундагина у: «етарли, етарли” дейди ва ўзи билан ўзи киришиб кетади. Жаннатда (ҳам), токи Аллоҳ бошқа халойиқни яратиб жаннатнинг ортиб қолган (жой)ларига жойламагунича, ортиқча (жой тўлмай) тураверади.” ҳадисини ривоят қилиб келтирганлар. Сўнгра Хоттобийнинг “қадам” ва бошқа ривоятлардаги “рижл” ҳақида ворид бўлган жумлаларни келтириб, : “Абу Сулаймон ал-Хоттобий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “қадам” ва “рижл”ни (шундоқ зоҳири бўйича) зикр қилганлар  ёки (уларни Аллоҳга) изофа (қилиш)ни тарк қилганлар, бу ишларни унинг (Зоти) ҳайбати  ва бу борада таьвил қилишда хато кетишдан саломат бўлиш мақсадида қилганга ўхшайдилар. Илм аҳли пешволаридан бўлган Абу Убайд айтар эдилар: “биз ушбу ҳадисларни ривоят қиламиз, аммо уларга маьнолар қидирмаймиз”. Абу Сулаймон айтадилар: “(Аслида,) бизнинг, илмлари кўп, замон ва ёш жиҳатидан (биздан) олдинда бўлган зотлар ортга чекинган нарсалар борасида, олдинга ўтмаслигимиз авлороқдир. Аммо биз яшаётган замон аҳли икки гуруҳга бўлиниб қолди. (биринчи гуруҳ аҳли)- бошиданоқ бу турдаги ҳадислар ривоятини инкор қилувчи, уларни аслиданоқ ёлғонга чиқарувчилардир.  Уларнинг бу қилмишида ушбу ҳадисларни ривоят қилган олимларни ёлғонга чиқариш бордир. Ваҳоланки, бу (олим)лар дийн пешволари, суннат етказувчилари ва биз билан Расулуллоҳ с.а.в ўртамиздаги воситачилардир. (Иккинчи гуруҳ аҳли)- ривоятга таслим бўлган, (аммо сўзларнинг) зоҳирий (маьноларини) ҳақиқатга чиқазиш учун мазҳаб тузиб олган, мана шу нарса уларни ташбиҳона сўзга олиб боришга яқинлаштириб қўйгандир. Биз эса, ҳар иккала ишдан юз ўгирамиз.  Улардан ҳеч қайси бирига мазҳаб ўлароқ рози бўлмаймиз. Бизга лозим бўлган нарса эса, нақл ва санад жиҳатидан саҳиҳ бўлган ушбу ҳадислар учун дийн асослари ва уламолар мазҳаби маьноларига асосланган, таьвиллар қидиришдир. Токи уламолар тарафидан санади қабул қилинган ва адолатли зотлар тарафидан нақл қилинган ривоятлар бошиданоқ йўққа чиқазилмасин.” Абу Сулаймон айтади: “ бу ўринда “қадам”нинг зикр қилинишидан мурод, Аллоҳ таоло тақдим қилган дўзахийлардан бўлган кимсалар бўлиш эҳтимоли бор. Ва натийжада, улар билан дўзах аҳли адади мукаммаликка эришади. Сен тақдим қилган ҳар қандай нарса “қадам”дир (яьни, “қадам” дейилади). Ҳудди, сен бузган  ҳар қандай нарсага “هدم”, ушлаган нарсангга “قبض” дейилганидек. Аллоҳ таолонинг Юнус сураси; 2-оятдаги أَنَّ لَهُمْ قَدَمَ صِدْقٍ عِنْدَ رَبِّهِمْ  (...Роббилари ҳузурида улар учун содиқлик тақдимоти борлигининг...)  قَدَم дан мурод,  улар тақдим қилган солиҳ амаллар, эканлиги ҳам шулар жумласидандир. Мана шу маьно Ҳасан (ал-Басрий) тарафларидан ривоят қилинган. Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисдаги “و اما الجنة فان الله ينشئ لها خلقا” (аммо жаннат эса, Аллоҳ унинг учун янги халқ иншо қилади) сўзлари ҳам ана шу маьнони қувватлайди.  Ҳар иккала маьно ҳам, жаннат ва дўзахнинг ҳар бири адади зиёда бўлиши билан кўпайтирилиши, ана ўшалар билан уларнинг аҳли мукаммал бўлиши, натийжада ана ўшандагина улар тўлиши хусусида муттафақдирлар[4].”


 Буларга қўшимча қилиб мен қуйидагиларни айтмоқчи эдим. Хаттобийнинг халафнинг салафга энг яқин кишиларидан, улардан унчалик узоқ бўлмаган даврда яшаган зотлардан эканлигини сиз яхши биласиз.  У зот ҳижрий тўртинчи асрнинг биринчи ярмида яшаган кўзга кўринган олимлардан бўлганлар. Шундай экан, у кишининг бу мавзудаги адолатли, инсофли сўзларни тааммул қилиб кўришингиз мумкин. У киши ўз сўзларида салафни муносиб тақдирлаш, уларни ҳурмат қилиш, уларнинг фазилатлари ва пешқадамликларини билиш лозимлигини айтиб ўтганлар. Шу билан бирга, ўзгариб бораётган замонни муносиб баҳолаш, мужтаҳидни, унинг таьбири билан айтганда, “дин асослари маьнолари ва уламолар мазҳаби”га таянган ҳолда, ҳолат тақозо қиладиган нарсага тобеь бўлишни лозим қилувчи янги-янги ҳолатларни ҳисобга олиш шартлигини эслатиб ўтганлар. Сўнгра ҳар иккала шартларни мувофақатга келтирганлар.


У киши баьзи ўринларда таьвилдан йироқ турувчилар билан билан бирга иттифоқдош бўладилар, айрим ҳолатларда эса, тамоман акси ҳолатда бўладилар. Хаттобий таьвил контексти топилмаган, балки таьвил қилмаслик контекстлари тақозо қилган пайтларда, Аллоҳ таоло ўз зоти учун исбот қилган нарсаларни, ҳеч қандай таьвил ва кайфиятсиз исбот қилувчилар, яьни, таьвилдан йироқ турувчилар билан бирга бўладилар. Каломни зоҳирига биноан тушунмасликни тақозо қилувчи кучли контекстлар  топилган пайтда эса, уларнинг мухолифлари билан сафдош бўладилар.  Аммо, Хоттобий ҳар иккала ҳолатда ҳам ўзининг ижтиҳодий басийратига таянадилар. Юқоридаги ҳолатлардан, у киши ўзининг таьбири билан айтганда, “дин асослари маьнолари” доирасида, ҳолат тақозосига тобеь бўлишлари яққол намоён бўлади.


Аллоҳнинг дунё осмонига “нузули” ҳақида кўплаб собит бўлган саҳиҳ ҳадислар қаршисидаги Хоттобийнинг мавқифи биринчи мавқиф турига киради.  У “Маолимус Сунан” китобида шундай дейди: “мен, ушбу нарсани, биз унинг зоҳирига иймон келтиришимиз, ботинини кашф қилмасликка буюрилган илмлар туркумидандир, дейман. Ваҳоланки, бу Аллоҳ азза ва жалла ўз китобида зикр қилган муташобиҳлар жумласидандир.”


Хоттобийнинг иккинчи мавқифига эса, қуйидаги ҳолат мисол бўлади. Абу Довуд санади билан ривоят қилишича, Расулуллоҳ с.а.в ҳузурларига бир аьробий келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Одамлар қийналиб қолди, аҳл-аёл сарсон, молу дунё расво, чорвалар ҳалок бўлди. Бас, Аллоҳдан бизни (ёмғир билан) суғоришини сўраб дуо қилинг.  Биз сизни Аллоҳга шафоатчи қиламиз, Аллоҳни эса, сизга шафоатчи қиламиз.”дейиши билан Расулуллоҳ с.а.в : “ҳолингга вой бўлгур! Нима деётганингни биласанми?” дедилар ва (зоҳиран ширкни ифодаловчи бу жумлалар қаршисида Аллоҳни ширкдан поклаб) тасбиҳ айта бошладилар. У зот с.а.в (бу жумлалардан норози эканлигидан) тинмай тасбиҳ айтар, токи саҳобалар юзидан ҳам ана шу нарса билиниб турар эди. Сўнгра ул зот с.а.в : “Ҳолингга вой бўлгур! Махлуқлардан биронтасига Аллоҳ шафоатчи қилинмайди. Аллоҳнинг шаьни ана шу нарса(лар)дан анча улуғроқдир.  Ҳолингга вой бўлгур! Аллоҳ(нинг шаьни, азамати) нима эканлигини биласанми?! Албатта, Унинг арши осмонлари узра мана бундоқдир” дедилар. Ровий айтади: “бармоқлари билан унинг узра  ҳудди қубба каби қилдилар.” Расулуллоҳ с.а.в (сўзларини давом этдириб,): “дарҳақиқат, у (яьни, арш) у (яьни, Аллоҳ) сабабли, йўловчи (оғирлиги) туфайли ғичирлаётган (туя устига қўйиладиган) кажава каби,  ғичирлаб туради.”, дедилар.”  . ибн Башшор: “Албатта, Аллоҳ аршининг устида, арши эса, самолари устидадир” жумлаларини зиёда қилган. Ушбу ҳадисни Бухорий р.а “ал-Тарих” китобларида зикр қилганлар.  “Албатта, Аллоҳ аршининг устида” жумласига таьлийқ қилган Хоттобий шундай дейди: “бу каломни зоҳирига биноан юритиладиган (тушуниладиган) бўлса, унда кайфиятни ифодалаш туридан бўлиб қолади. Ваҳоланки, кайфият Аллоҳ ва унинг сифатларидан нафий қилингандир. Тушунилган нарса шулки, бу жумлалардан ушбу сифатни ҳақиқий маьнода англаш ҳам, Уни мана шу ҳайьат билан чегаралаш ҳам мурод қилинмагани тушунилади. Бу жумлалардан Аллоҳ жалла жалолуҳу ва субҳанаҳу азаматини нафсларга тақрир қилдириш ирода этилган яқинлаштирувчи каломдан ўзга нарса эмас. Бу жумлалардан, (масалани) сўровчининг фаҳми етадиган даражада унга тушунтириш қасд қилингандир.  Зеро, сўровчи (фаҳми илм-маьрифатдан) бўм-бўш бўлиб, унда каломдаги дақиқ маьнолар, яширин (ишораларни) англаб етиш илми йўқ эди.”


Бу жумлаларга қўшимча қилган Хоттобий, яна шундай дейди: “Мазкур каломда ҳазф ва яширин сўз мавжуд. “Аллоҳнинг нима эканлигини биласанми?!” сўзи маьноси “Аллоҳ жалла жалолуҳу азамати, буюклиги нима эканлигини биласанми?!” деганидир. “Албатта, у ғичирлаб туради” сўзи маьноси “арш Унинг жалоли ва азаматидан ожиз қолади, токи У туфайли ғичирлаб (овоз чиқариб) юборади. Зеро, кажаванинг йўловчи туфайли овоз чиқариб ғижирлаб юбориши, ўша кажава устидаги нарсанинг кучлилиги ва кажаванинг эса, уни кўтаришдан ожиз эканлиги сабабли бўлишлиги маьлум ҳолатдир.  Расулуллоҳ с.а.в ўзлари тарафидан бўлган ушбу ўхшатиш орқали (инсонлар фаҳмига)  Аллоҳ азамати ва жалолини, Унинг арши юксаклигини  тушунтирмоқчи бўлганлар. Шунингдек Расулуллоҳ с.а.в бу билан шаьни олий, қадри улуғ, зикри ҳайбатли бўлган Зотни, қадрда Ундан паст, даражада Ундан қуйида бўлганларга шафоатчи қилинмаслигини билдириб қўймоқчи эдилар.”


Айни бир мавзуда, икки мавқиф орасидаги фарқга эьтибор беринг. Иккаласи ҳам, Аллоҳ Қурьонда зикр қилган муташобиҳлардандир. Иккаласи ҳам, бугунги кунда баьзи одамлар салаф мазҳаби ва халаф мазҳаби орасидаги тўсиқ, фарқ қилиб қўйган айни мавзудир. Ўша кимсалар, салаф мазҳаби деб номлаб олган ўша мазҳабни, нассларни тушуниш ва фаҳмлаш ҳақидаги муттафақ, ягона манҳаж ўрнига ўзлари учун манҳаж қилиб олганлар.


Аммо биз айримларинигина кўриб чиққан мавқифлардаги иш эса, бунинг тамоман аксига жорий бўлмоқда. Биз танишиб чиққан Имомнинг мавқифи бунга мисолдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, Хоттобий р.а халафдан кўра салафга яқинроқ бўлганлар. Аммо буларга қарамасдан, имом юқоридаги каби мавқифларда насслар ва лафзлардан истинбот қилиб олган “дин асослари маьнолари ва уламолар мазҳаби” дея номлаган нарсасини ўзи учун машьала қилиб олди. У кўплаб салаф уламолари ижтиҳод қилган ўша жузьий ижтиҳодларни ўзи учун имом қилиб олмади. Зеро, ишлар, унинг ўзи айтганидек, ҳолат ва шароит ўзгариши, иршод ва таьлим сиёсати  алмашуви билан боғлиқ қорийнларга алоқадор эди. Бу нарсаларнинг турлича бўлиши, аниқ эди. Гоҳида сиз саҳройи, илмсиз аьробийни муолажа этасиз. Баьзида анча илм ва маданиятдан бохабар тадқиқотчини муолажа қиласиз, бу кабилар эса ишларни араб тили илмлари меьзонлари, балоғат миқёслари билан суриштириб қабул қилади.  Зеро, бу асрда умумий маьнода маьрифат учун, хос маьнода насслар  тафсири учун лозим бўлган илмий манҳаж тадвини шаклланиб, мукаммал ҳолатга келиб бўлди. Биз бундай ҳолатларни фақатгина халафлар орасида мушоҳада қилмаяпмиз, балки биз салафлар мавқифларида ҳам бундай мослашувчанликнинг шоҳиди бўлиб турибмиз. Юқорида буни тушунтирдик ва унга кўплаб мисоллар келтириб ўтдик. Имом Табарий тафсирининг сифат оятлари ҳақидаги бўлимларига мурожаат қилган киши биз зикр қилгандан ҳам кўпроқ мисолларга дуч келади.


 Ушбу юқорида айтиб ўтган фикрларни ниҳоялар эканмиз, шуни айтиб ўтмоқчимиз.  Сифат оятлари ва муташобиҳ насслар тафсири ҳақида  салаф ёки халаф улмоларнинг ўзларига хос ижтиҳодлари мустақил равишда насс ҳужжати ёки барчани унга эргашишни вожиб қилувчи манҳаж ўрнида бўлолмайди. Албатта, мужтаҳидлар, салафнинг, уларнинг Расулуллоҳ с.а.в. асри саодатларига яқин эканликлари жиҳатидан, халафнинг, уларнинг эса илм, тараққиёт ва тадвин асри билан чамбарчас боғланиб кетганлиги жиҳатидан, ижтиҳодларига  муқайяд бўлмоқлари лозим. Салаф учун ҳам, халаф учун ҳам эргашишни бирдек вожиб қилувчи ҳужжат- бу далолат асослари, унга ижмоь қилинган эьтиқодий асослар куллиялари тақозо этадиган нарсалардир.  Мазкур ҳужжат, ундан бошқасига алмашиш имконсиз бўлган ҳужжат ҳисобланиб, ижтиҳодлардаги айрим ихтилофлар айнан мана шу ҳужжатга риоя қилиш доираси ичида содир бўлгандир. Бу тарздаги кўплаб ихтилофлар салаф орасида содир бўлгандек, халаф ичида ҳам содир бўлган.  Мен салафнинг  Аллоҳ таолонинг “َ كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُоятидаги  وَجْهَهُ маьносини тушуниш хусусида уч ҳил раьйга бўлинганларини кўрдим. Биринчи райь эгалари, такйийф ва таьвилсиз зоҳирга биноан гапирсалар, иккинчи раьй эгалари, уни зот деб таьвил қилганлар. Учинчи раьйга кўра,  وَجْهَهُ дан мурод, жиҳатдир. Ибн Таймийя р.а эса, юқорида кўриб чиққанимздек, учинчи раьйни таржиҳ қилган.


Салаф ва халаф уламолари ўзаро, ёки ҳар иккаласи бир бирлари билан бу мавзуга тааллуқли ижтиҳодий назарий таҳрирлар борасида кўплаб ихтилофлар қилишлари мумкин. Аммо муҳим бўлган нарса шулки, уларнинг ҳеч қайси бири, иккинчиси қолиб, ҳақ ва ботилни аниқлаб берувчи миқёс бўлолмайди. Улар ижтиҳодий раьйлар бўлганлиги учун ҳам, уларни ҳақ мазҳабни аниқлаб берувчи, Китоб ва Суннатга амал қилиб турган, бу жамоат иттифоқ қилган лафзлар далолати ҳамда маьрифат манҳажи асослари ҳақидаги муҳкам қоидаларга тобеь бўлиб турган жамоатни  парчаловчи, бўлиб ташловчи сифатида эьтибор қилиб бўлмайди.


Яхшилаб тадқиқ қилиб ўрганиб чиқилса, биз айтаётган ушбу сўзлар, ҳар иккала гуруҳнинг бирортаси раьйига, ёки улардан баьзилари қолиб, бошқаларининг мазҳабларига ён босмайди. Зотан, қорийна ва далолат усуллари шуни тақозо қилиб турган бўлса, ижтиҳоднинг иши, вазифаси шудир. Фақат бир шарт билан, яьни, ўша ижтиҳод ижмоь собит бўлган усул ва қоидалар доираси ичида бўлсин.


Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ушбу ижтиҳодий ихтилофларга мусулмонлар орасини ҳақ ва ботил йўлларга бўлувчи, уларни бир-бирларига тамоман мухолиф, бир-бирларига ёв сифатида қарайдиган жамоатларга бўлиниб кетишларига унвон сифатида қарамаслик керак.  Баьзи кишилар наздида, мана шундай қарашнинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини борасидаги бидьатлар орасидаги энг хатарли бидьатлардан бири  саналади.


Саҳиҳ ва ботил эканлиги очиқ билинмаган, аниқ бўлмаган ихтилофли масалалар асосан уч асосда бирлашишини айтиб ўтдик. Ана шу уч асосдан биринчисини баён қилиб чиқдик. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу турдаги хилофлар, ихтилоф қилувчи ҳар иккала тарафни ҳам залолатга тушишларига, ҳақ йўлдан оғиб кетишларига сабаб бўлмайди.  Бундай ихтилофлар, Аллоҳнинг фазли ила, тафриқа, мусулмонлар сафини бузувчи, уларнинг бирликларига раҳна солувчи ихтилоф ҳисобланмайди.


Иккинчи асос: бидьат; унинг таьрифи ва ҳукми


Ҳақ ёки ботил эканлиги қатьий бўлмаган масалаларни ўрганиш асносида билиш лозим бўлган иккинчи асос “бидьатдир”.  Бидьат ана шу уч асос ичида энг кенг қамровлисидир. Аслида биз бидьатни умумий, кенг маьнода тушунидак бўлсак, биринчи ва учинчи асослар ҳам унинг маньолари остига кириб кетганини кўрамиз.


Аммо биз бу ўринда, бидьатнинг Аллоҳнинг сифатлари ва уларнинг тафсири; муташобиҳот ва унинг таьвили ҳамда тасаввуф ва унга боғлиқ муаммолар ҳақидаги масалалардан мустақил равишда ўзига хос маьноларини ўрганиб чиқмоқчимиз.


Ишни, у ҳақида ижмоь собит бўлган ва муҳкам собит насслар унга далолат қилган қоида билан танишиб чиқишдан бошлаймиз. Бу қоидага биноан, бидьат ундан четланмоқлик лозим бўлган залолат саналади. Мусулмон киши ўзи ҳақида доимо ҳушёр бўлиши шарт бўлган энг хатарли маьсиятлардан бири бу- дийний масалаларда янгилик киритишдир ёки бошқача қилиб айтганда бидьатчиликдир.  Бидьатнинг нақадар оғир гуноҳлардан эканлигига, далил сифатида, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари кифоя қилади. Шууро сураси; 21-оятда


 “أَمْ لَهُمْ شُرَكَاءُ شَرَعُوا لَهُمْ مِنَ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَنْ بِهِ اللَّهُ”


(Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо) лари борми?!) дейилса,


 Наҳл сураси; 116-оятда


 “وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ”


(Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: “Бу ҳалол, бу ҳаром” деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар.) дейилади.


Мазкур далиллардан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в нинг қуйидаги муборак сўзлари ҳам мусулмонларни бу қабоҳатдан четлатиш учун  етарлидир. Икки шайх ривоят қилган ҳадислардан бирида, Расулуллоҳ с.а.в: (من أحدث في أمرنا هذا ما ليس منه فهو رد)) متفق عليه  “Кимки, бизнинг мана бу ишимизда, ундан бўлмаган нарсани янги киритган бўлса, бас у мардуддир.” дедилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “إن خير الحديث كتاب الله ، وخير الهدي هدي محمد ، وشر الأمور محدثاتها ، وكل بدعة ضلالة “Сўз(лар)нинг энг хайрлиси Аллоҳнинг китоби; сийрат(лар)нинг энг хайрлиси Муҳаммад (с.а.в) сийрати; ишларнинг энг ёмони эса унинг янги пайдо бўлганларидир.  Барча бидьат залолатдир.” дейилади.


Хўш, бидьат ўзи нима? Унинг таьрифи қандай?


 Бидьат ҳақида кўплаб таьрифлар берилган. Аммо ўша таьрифлар орасида муштарак, бидьатни бошқалардан ажратиб берувчи, қайта-қайта такрор бўлган умумий таьриф ҳам  бор. Бу таьриф, имомлар ихтилоф қилган бошқа таьрифларга ўзини қабуллантирган бўлиб, у барча имомлар тарафидан қабул қилинган муттафақ нуқталарни ўз ичига олгандир. Ана энди биз бу мақомда ўша ягона муштарак, бидьатни ўзгалардан ажратиб берувчи таьрифни баён қилишга киришамиз. Бундан мақсад, мана шу асосга тааллуқли бўлган ижмоь ва иттифоқ доираларини чегаралашдир.  Токи бу доира атрофидагиларни ва жузьий ихтилофларни ажратиб олиш биз учун қулайлашсин.


Бидьатга берилган таьрифлар ичида энг тор маьнолиси Имом Шотибий р.а ўзининг “ал-Эьтисом” китобида берган таьриф бўлса керак. Бу таьриф бидьатнинг у ҳақида ижмоь собит бўлган, Китоб ва Суннатда ундан қайтарилган маьноларинигина ўз ичига олади.  Имом Шотибий таьрифига кўра: “Бидьат- диний борадаги,  шариатга тенглаштирилмоқчи бўлган, янги ихтироь қилинган йўлдир. Бу йўлга юришдан, Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш хусусидаги муболаға қасд қилингандир.”  Имом Шотибий р.а бидьатга бундан бошқа таьриф ҳам берганлар. Аммо бу таьриф аввалги таьрифдан кенг қамровлироқ бўлиб, унга муттафақ бўлинмаган баьзи ихтилофли ишлар ҳам дохил бўлган. Бу таьрифда: “Бидьат-диний борадаги, шариатга тенглаштирилмоқчи бўлган, янги ихтироь қилинган йўлдир. Бу йўлга юришдан, шарьий йўл(га юриш)дан қасд қилинган нарса қасд қилинган бўлади.”


Биз бу мавқифда баҳсни биринчи таьрифдан бошламоқчимиз. Бу баҳсда ўша таьрифдаги ижмоь ва ихтилоф ўринларини таҳрир қилиб чиқмоқчимиз.


Демак, барча мусулмон имомлари ва уламолари наздида бидьатнинг ҳаром эканлиги шак-шубҳасиз  ҳақиқатлардандир. Шунингдек, уларнинг қатьий ишончи ва иттифоқига кўра, дин номи билан янги ихтироь қилинган ҳар қандай йўл, хоҳ у ақидага оид ёки ибодатга доир бўлсин, бидьат маьносига дохил бўлади.  Зеро, ақийда борасидаги қўшимчалар ёки ўзгартиришлар ҳудди ибодат масалаларидаги қўшимча ва ўзгартиришлар кабидир.  Одатда, ушбулардан кўзланган мақсад, Аллоҳга қуллик қилиш борасидаги муболаға ёки ихтироь бўлади.


Шариатда собит ва муқайяд бўлган фарз ва нафл намозларга қўшимча янги намоз ихтироь қилиш;  Қурьон ва Суннатда ворид бўлмаган ҳолда баьзи бир кунларнинг ўзига хос фазилати туфайли, ўша кунлада рўза тутишни янги ихтироь қилиб олиш; ибодат маьносида дастурхондаги таом турини чегаралашни вожиб санаш; жанозалар олдидан баланд овоз билан зикр ва қасидалар айтиш; маййитни қабрга киритиш чоғида азон айтиш; маьлум вақтдан сўнг жаҳаннам тамом бўлиши ва кофирлар азоби интиҳосига етиши ёки кофирларга бўладиган азоб, фақатгина шармандалик ва надомат азоби бўлади  эьтиқодини ихтироь қилиш кабиларнинг барчаси мусулмонлар ижмоьсига биноан бидьат маьносига дохил бўлади.  Шунинг учун бундай бидьатларга ёки улардан айримларига амал қилиш, саййидимиз Расулуллоҳ с.а.в айтганларидек, залолат саналади.


Хўш, бу мавзудаги ихтилофлар қаерга яширинган?! Ихтилоф эгалари нима учун ихтилоф қилмоқдалар?!


Ихтилофлар асосан икки нуқтага яширингандир.


Биринчи нуқта: одатлар. Бидьат маьноси одатларни ҳам ўз ичига оладими?! Агар шундай бўлса, у ҳолда одамларнинг саҳобалар урф-одатлари ёки Расулуллоҳ с.а. в тарафларидан маьруф бўлган одатлардан бошқача бўлган барча кўникма ва урф-одатлари бидьат саналади. Ва натижада эса, уларнинг бундай урф-одатлари одамлар ундан четланишлари лозим бўлган залолат туркумига кириб қолади.


Салаф ризвонуллоҳи алайҳим ажмаьийн бу масала ҳақида аниқ бир раьйга иттифоқ қилмаганлар. Саҳобалар ва тобеьийнлар орасида Расулуллоҳ с.а.в дан сўнг пайдо бўлган одатларни қабул қилмайдиган ва қабул қилинишига рози бўлмаган зотлар бор эди. Ушбу янги пайдо бўлган одатлар таомланиш, кийиниш, турар-жой ёки бошқа нарсаларга тааллуқли бўлишининг бу хусусда ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.  Улар орасида яна шундай зотлар ҳам бор эдики, улар инсонлар ҳаёти давомида ривожланиб ўзгариб турадиган одатлар билан Шориь ундан қайтарган бидьат орасида ҳеч қандай боғлиқлик ва алоқа кўрмас эдилар.  Уларнинг наздида, мусулмон киши хоҳлаганича урф-одатлар пайдо қилиши мумкин, гарчи бу одатлар Расулуллоҳ с.а.в ва саҳобалари асри саодатларида ҳукмрон бўлган одатларга мухолиф бўлса-да. Уларнинг урф-одатларга бу тарзда ёндашишларининг сабаби, улар наздида одатлар мустақил шарьий далил ва шарьий масдар ҳисобланмас эди. Айниқса, биз сўз юритаётган феьлий одатлар ҳеч қандай шарьий масдар ҳисобланмайди. Биз ушбу китобнинг кириш қисмида салафлар р.а асрларида янги пайдо қилинган одатларга кўплаб мисол ва намуналар келтирдик. Шу билан бирга уларнинг бу тарздаги одатларга нисбатан тутган мавқифларини ҳам баён қилиб ўтдик. Чунки салафларнинг Расулуллоҳ с.а.в асрларидаги жорий амалий урфларнинг қадру қийматларига бўлган ижтиҳодий назарлари турлича эди.  Улар ўша урфларнинг Суннат маьносига кириши ёки кирмаслиги ҳақида турлича қарашга эга эдилар. Биз бу нарсаларни такрорламоқчи эмасмиз.


Ана шу ихтилоф давоми сифатида, кўриб турганимиздек, бидьат таьрифи борасида ҳам ихтилоф юзага келган. “Нубувват асрида ҳукмрон бўлган одатлардан озод бўлиш бидьат маьносига кирмайди”, дегувчилар юқорида биз зикр қилиб ўтган биринчи таьрифга суянадилар. Бу таьрифга таянадиганларга кўра, инсонлар, модомики Китоб ёки Суннат ёҳуд мусулмон имомлар ижмоьси орқали собит бўлган ҳукмларга қарши бўлмаса, хоҳлаган урф-одатларни танлашларида ҳараж йўқдир. Иккинчи таьрифга суянадиганлар наздида эса, Набий с.а.в тарафларидан иқрорга эга бўлган ва ул зот с.а.в ҳаётларида амалда бўлган одатлар шарьий масдарлардан бири ҳисобланади. Ана шу одатлардан қандайдир бошқа одатга оғишиш бидьат ва залолат эьтиборида бўлади[5].


Мана шу биринчи нуқтага тегишли бўлган ихтилоф салафлар асридаёқ юзага келиб бўлганди. Биз бу ҳақида китобнинг кириш қисмида батафсил ёритиб ўтдик. Бу масала кўплаб одамлар ўйлаганларидек, салаф ва халаф ўртасида пайдо бўлган тортишув кўриниши эмасдир.


Иккинчи нуқта: бидьат таьрифини воқеа ва жузьий масалаларга татбиқ қилиш. Кўпинча бидьат таьрифини амалга татбиқ қилиш ва уни жузьий масалаларга ҳукм қилиш тортишув ва қарашлар уфқини очиб юборади, эҳтимолий жиҳатларни ғалаёнга келтиради.  Натийжада, муттафақ бўлган таьрифлар ҳам татбиқ масаласига келганда ихтилоф ўчоғига айланиб қолади. Фикр ва тушунчалар фақат зеҳнда, каллада айланиб юрган чоғида бу қоидаларга ижмоь собит бўлган бўлади. Аммо кўпинча мусулмон имомлар ва уламолар ичида ихтилоф пайдо бўладиган пайт бу ўша зеҳндаги қоидаларнинг амалий татбиқоти чоғидир. Бу жараённи усул фиқҳ уламолари “танқийҳул манот”деб атайдилар.


Инсон ҳақидаги қазо-қадар тафсилоти, мажбурийлик ва ихтиёр масаласи хусусида савол бериш бидьат маьноси остига кирадими ёки йўқми?!  Бу иккала масалада савол бериш, чуқур кетиш сақланиш лозим бўлган бидьатдан саналадими?! Ёки улар ҳақида чуқур кетиш мумкинми?! Бидьат таьрифи ва маьноси уларга тўғри келадими ёҳуд улар ҳақида баҳс қилса бўлаверадими?!


Дин асллари ва Ислом ақоидини мудофааси учун илми калом, фалсафа истилоҳлари ва мантиқ қоидаларини қўллаш бидьат таьрифига мувофиқ келадими ёки йўқми?! Агар мувофиқ келса, ундан четланиш лозим. Агар мувофиқ келмаса, уларнинг барчасини ҳушёрлик билан, кўплаб ана шу қоида ва илм эгалари кириб кетган ботил йўлларга оғишмасдан, дин асллари ҳамда Ислом ақидаси мудофааси учун хизмат қилдириш керак.


Бидьатчилар билан уларнинг бидьатлари масаласида муноқаша қилиш, улар ушлаб олган ботил ишлари хусусида сўзлашиш бидьат амалдан ҳисобланадими, унинг мазмуни ва бўлакларига кирадими?!  Агар бу амаллар бидьат амаллардан саналса, у ҳолда бидьатчилар билан уларга раддия бериш учун сўзлашиш билан шуғулланиш ҳаром амал ҳисобланади ва бунга қадам босмаслик керак бўлади. Агар бу амаллар унинг маьноси остига кирмаса, у ҳолда ўша бидьатчилар мафкураси бузуқлигини исботлаш учун уларга қарши раддия бериш билан шуғулланишнинг ҳеч қандай зарари йўқдир.


Тадқиқотчининг Қурьон масаласида, Қурьоннинг нафсий маьнолар билан ўша маьноларни ифодалаш учун айтилган лафзлари, шу билан бирга сиёҳи, варағи ва ғилофлари орасини ажратиши  ҳам юқоридаги каби баҳсли мавзулар жумласидандир. Уламолар биринчисини қадимдир, у махлуқ эмас десалар, икинчисини янги пайдо бўлган ва махлуқдир, дейдилар. Аслида, Қурьон борасидаги мана шу тафриқа бидьат ҳисобланадими ёки йўқми?!    Зеро, Расулуллоҳ с.а.в асри саодатларида бундай тафриқа бўлган эмас эди. Шунинг учун ҳам умумий қилиб “Қурьон қадимдир. У махлуқ эмас” дея тафсилоти ва тафарруотга кирмай кетавериш керакми?! Агар бу тафриқа бидьат саналмайдиган бўлса, бу тафриқа илгари саҳобалар р.а ижмолан билган нарсаларнинг шарҳи ва баёни ҳукмида бўлади. Ана шу нуқтаи назардан, бундай тафриқа ва тафсилотнинг, айниқса таьлим соҳасида, ҳеч қандай зарари йўқдир.


Расулуллоҳ с.а.в вафотларидан, ёки салоҳият ва истиқомат билан маьруф ва машҳур бўлган зотлар ўлимларидан сўнг уларнинг ҳурматлари билан васила қилиш; бу амал бидьатлар туркумига кирадими?! Чунки бундай тавассуллар Аллоҳ унга изн бермаган динда янги пайдо бўлган  нарсалардан ҳисобланади. Бунақанги тавассуллар диннинг бирор асоси ва ҳукмларига дохил бўлмайди. Аксинча, у диннинг умуртқаси ҳукмида бўлган зот ва сифатдаги тавҳидни ўз ичига олувчи Аллоҳ ҳақидаги мукаммал тавҳидига зид келади. Ёки ушбу тавассуларни Расулуллоҳ с.а.в ҳоли ҳаётлик чоғларида, у зот ҳурмати билан қилинган тавассулларга қиёсланадими?!  Ваҳоланки, Расулуллоҳ с.а.в ҳаётлик чоғларида у зот ҳурматлари билан тавассул қилинганлиги саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган ҳақиқатдир. Бу нуқтаи назардан қаралса, тавассул билан бидьат орасида ҳеч қандай алоқа йўқдир.


Ибодатларни орттириш; хўш, бунинг қоидаси қандай? Унинг чегараси қаергача? Бу мавзуга оид кўплаб воқеа ва мисоллар борки, улар кишининг диққат назарини ўзига жалб қилади. Бир қарашда ибодатларни зиёдалаштириш динни орттириш ва янги ихтироьлар турига ўхшаб кетади.  Яна бир қарашда эса, бу амаллар ихтироь ва динга қўшимча киргизиш ҳолатига ўхшамайди.


 Мадина кенгайиб, унинг аҳли жумьа куни пешин вақти кирганлиги ҳақида олдинроқ билдирилишга эҳтиёж сезган пайтларида, Усмон р.а (Мадинадаги ўша даврдаги бозор ёнидаги) Заврода жойлашган ховлисида янги пайдо қилган азон масаласи;  Бу азон Расулуллоҳ с.а.в замонларида, ул зот  минбарга кўтарилган чоғларида масжид дарвозаси устида айтиладиган азон эмас эди. Ўша даврда мана шу азоннинг ўзи Мадина атрофига етар эди. Хўш мана шу азон бидьат амал саналадими? Ёки Исломий масолиҳлар тақозоси, жумьа ибодатини чиройли шаклда адо этиш зарурати ҳисобланадими?[6]


Ҳаж ва умра маносиклари учун эҳром боғлаш масаласи; бизга маьлумки, ҳаж ва умра маносиклари учун эҳром боғлаш шарт бўлган мийқот ўринларини Расулуллоҳ с.а.в ўзлари белигилаб берганлар. Муаммо шундаки, киши эҳромни белгиланган мийқотдан олдинроқ боғлаб олса нима бўлади? Киши бу амали билан бидьатчига айланиб қоладими? Чунки у, гўёки, Расулуллоҳ с.а.в белгилаб қўйган чегарага  хилоф қилаётибди ва натижада бу амали билан қайтарилган амалга киришиб кетмоқда.  Бошқа қарашга кўра эса, бу киши Суннатга амал қилганлардан саналади. Чунки мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетиш билан суннатга бўлган мухолафат юзага келади. У эса мийқотдан эҳромсиз ўтмади. У гўёки, ўша белгилаб қўйилган чегара олдида ўзига ўша буюрилган нарсани лозим тутди. Расулуллоҳ с.а.в тарафларидан Оиша р.а га : “Ажринг машаққатингга кўра бўлади” деганлари саҳиҳ тарзда ривоят қилинган.


Байрам намози масаласи;  агар байрам намози жомеь масжидда адо қилинса, намозхонлар бидьатчи саналадиларми? Зеро, Расулуллоҳ с.а.в одамларни байрам намозини Мадина ташқарисидаги намозгоҳда адо қилишга тарғиб қилар эдилар. Ёки, замонлар ва эҳтиёжлар ўзгариши ҳисобига, шариатдаги “ҳаражни кўтариш ва енгиллик излаш” каби қоидаларга биноан бу ибодат хусусида ҳукмнинг енгилига айланишига кўра, улар бидьатчилар тоифасига кирмайдиларми?


Мазкур мисоллар, бидьат таьрифига дохил бўлиш далолати аниқ бўлмаган татбиқотларга намуна ҳисобланганидек, унга дохил бўлмаслик далолати аниқ бўлмаган татбиқотларга ҳам намуна бўла олади.  Ва натижада, ушбу мисоллар ижтиҳод ва назарлар ҳукми остида қолиб кетади. Улар ижтиҳод ва назарларга бўйсунганлиги учун, айнан мана шулар борасида  қадимдан ихтилофлар пайдо бўлган. Ихтилоф қилувчи тарафлардан бири салафни, иккинчиси халафни тамсил  қилган эмас. Балки бундай ихтилофлар, саҳобалар асридан бошлаб учинчи аср ниҳоясига қадар яшаб ўтган, салаф имомларининг орасида ҳам бўлиб турган.


Ана энди, юқорида мужмал қилиб келтирилган  намуналар тафсилотига киришамиз.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг исмлари, сифатлари, каломи ва қазо-қадарга доир бўлган масалалар хусусида саҳобалар ичида беҳуда чуқур кетиш ҳолати бўлмаган. Чунки улар бу масалаларга, Қурьонда келган, Суннат баён қилинган тарзда, қатьий иймон келтирган эдилар.  Уларнинг аввалги ҳаёт тарзлари мана шундай эди. Аммо Расулуллоҳ с.а.в вафот этгач, Ислом диёрлари кенгайгач, футуҳотлар авж олиб, яҳудий, насроний, монавий, зардуштий ва бошқалар каби дин эгалари Ислом динини қабул эта бошлагач, омма мусулмонлар билан улар орасида, шу пайтгача саҳобалар чуқур кетмаган масалалар борасида, тортишувлар чиқа бошлади.  Бу пайтга келиб, саҳобалар икки гуруҳга бўлиндилар. Биринчи гуруҳ саҳобалар, бу каби масалаларда тортишувдан йироқ туришни, умуман сукут сақлашни афзал кўрдилар. Улар бундай ишлар билан шуғулланишни мункар бўлган бидьат амалдан санадилар. Бундай ижтиҳодга эга бўлган зотлар бошида Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит ва кўплаб саҳобалар р.а турар эди.  Бу каби масалалар хусусида ушбу саҳобалар ортидан эргашган тобьеийнлар ва имомлар бор эди. Буларга Суфён Саврий, Авзоий, Молик ибн Анас ва Аҳмад ибн Ҳанбал р.а ни мисол келтириш мумкин. Иккинчи гуруҳ саҳобалар, юқоридаги каби мавзуларда, шубҳалар эгалари ким бўлишидан қатьий назар, уларнинг шубҳаларини муолажа қилиш, шу мақсадда улар билан баҳслашиш ва мужодала қилишни афзал кўрдилар. Саҳобалар ичида бу гуруҳни Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масьуд каби зотлар тамсил қилар эдилар. Улар ортидан кетган тобьеийн ва имомларга Ҳасан Басрий, Абу Ҳанифа, Ҳорис Муҳосибий ва Абу Савр р.а ларни  мисол қилиш мумкин. Алий р.а бидьатчиларни, улар ёпишиб олган ботил йўллардан қайтариш учун, мужодала йўллари билан бўлса ҳам,  ҳақиқатга даьват  қилиш борасида  шижоат кўрсатар эдилар.  Бу зот р.а қадарий киши билан қадар масаласида мунозара қилганлар.    Алий р.а ҳатто, баьзи бидьатчи кимсалар билан мунозара қилиши учун Абдуллоҳ ибн Аббос р.а ни махсус юборганлар. Абдуллоҳ ибн Масьуд р.а иймон борасида Язийд ибн Умайра билан мунозара қилганлар. Ушбу саҳобалар бу ишлар билан машғул бўлган айни дамларда, кўплаб бошқа саҳобалар бидьатчилар билан муноқашага киришиш, кишининг ундан йироқ юриши вожиб бўлган, бидьат амалга киришиши, деб баҳолар эдилар.


Биз сизнинг эьтиборингизга, салафи солиҳ йирик намояндаларидан бўлган икки зотнинг бир-бирига зид  бўлган икки мавқифини ҳавола қилмоқчимиз. Улардан бири имом Молик ибн Анас р.а  бўлиб, у доимо мусулмонларни шубҳа эгаларига қулоқ солиш ва улар билан бу борада мужодала қилишдан қайтарар эди.  Молик р.а жумладан: “Бидьатлардан йироқ бўлинглар!” дер эдилар. Ул зотга: “Эй Абу Абдуллоҳ, бидьат нимадир?” дейилди. Бунга жавобан имом: “Бидьатчилар Аллоҳнинг исмлари, сифатлари, каломи, илми ва қудрати ҳақида сўзловчи кимсалардир. Улар саҳобалар ва уларга чиройли тарзда эргашган зотлар сукут сақлаган нарсалар ҳақида сукут сақламайдилар.”  дедилар[7]. Улардан иккинчиси Ҳасан Басрий р.а дирлар. Бул зот қазо ва қадар ҳақида рисола ёзиб, уни халифа Абдулмалик ибн Марвонга юборганлар. Бошқа ривоятда айтилишича, Ҳасан Басрий р.а ушбу рисолани Ҳажжожга юборганлар. Ўша рисолада қуйидаги сўзлар битилган: “Салафлардан бирон бир киши бу нарсаларни зикр қилмаган ва улар бу ҳақида мужодала ҳам қилган эмаслар.  Чунки улар ягона бир иш (яьни, дин) узра эдилар. Одамлар ана шу мункар ишни янги пайдо қилгач, биз ҳам бу ҳақида гапиришни янги пайдо қилдик. Динлари хусусида янгилик пайдо қилувчилар янги-янги нарсалар пайдо қилгач, Аллоҳ таоло ҳам ўз Китобини мустаҳкам ушловчиларга (дин борасидаги) бидьатларни ботилга чиқазувчи, ҳалокат ўринларидан огоҳ этувчи янги нарсаларни пайдо қилди[8]”.


Салафнинг илми каломга нисбатан тутган мавқифи, уларнинг шубҳа эгалари ҳамда ақийдавий ишларга оид бўлган мавзуларни ковлаб жунбушга келтирувчи кимсалар билан муноқаша қилишга бўлган мавқифларига боғлиқдир. Шубҳа эгалари билан тортишишни ёқтирмайдиган ва буни бидьат санаган зотлар одамларни илми каломдан ва уни ривожлантиришдан узоқ бўлишга чақирдилар. Улар билан муноқаша қилишда шижоат кўрсатган, уларнинг бузуқликларини ошкора қилган ва уларнинг каллаларига ўрнашиб қолган турли гумонларни даф қилмоқчи бўлган зотлар эса, модомики эҳтиёж бор экан, одамларни илми каломдан фойдаланишга чақирдилар. Эҳтимол, илми каломга берилган таьрифлар ичида энг чиройли ва кенг қамровлиси ибн Холдуннинг “Муқаддима” асарида берилган таьриф бўлса керак.  Унда  шундай дейилади: “У, ақлий далиллар ёрдамида иймоний ақийдалар ҳимояси учун ҳужжатлашиш ҳамда эьтиқодлар борасида салаф ва аҳли сунна мазҳаби мудофааси учун бидьатчи ва тўғри йўлдан оғиб кетганларга раддия беришни ўз ичига олувчи илмдир.”.


Мана бу таьрифдан келиб чиқиб, калом илмининг юнон фалсафаси ва мантиқ қоидаларига асосланувчи ёки улар билан аралашиб кетган қандайдир қоришмадан кўра умумийроқ илм эканлигини билиб олишингиз мумкин. Калом илми, бугунги кундаги баьзи жоҳиллар наздидаги, “Исломий ақийдага оид масалаларни фалсафий истилоҳ ва қоидалар нуқтаи назаридан ўрганиш”, дегани эмасдир. Мана бу уларнинг тасаввури бўлиб, улар буни шунчаки айтиш билангина кифояланмасдан, балки калом илмини бутунлай тарк этдилар, бу билан шуғулланишни эса бидьат амалдан санадилар.


Салаф уламолари орасида ушбу масала хусусида икки ҳил мавқифга эга бўлган, Абу Ҳанифа р.а ва имом Шофеьий р.а каби, зотларни кўриш мумкин.  Абу Ҳанифа р.а ҳаётларида шундай даврлар ўтдики, бу пайтларда у киши ақийда масалаларида калом илми услубига кўра ҳужжатлашиш ва ақлий далиллар орқали чуқур кетишни ёқтирмадилар. Сўнгра яна шундай кунлар келдики, энди Абу Ҳанифа р.а бу илмга мурожаат қила бошладилар ва бу илм манҳажи асосида ақийда ҳимояси мақсадида  жидду жаҳд кўрсатдилар. Мана шу саьй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Абу Ҳанифа р.а “ал-Фиқҳ ал-акбар”  китобини битдилар. Ҳудди мана шу мақсадда, Усмон ал-Баттийга ўша машҳур рисолаларини ёздилар. Абу Ҳанифа р.а нинг бу тарздаги икки ҳил мавқифда туришларининг сабаби, у зотнинг  инсонлар эҳтиёжи ва улар яшаётган замон шарт-шароитларини эьтиборга олишлари туфайли эди. У кишининг “ал-Олим вал-Мутаьаллим” китоби орқали ҳам мана шу сабаблар маьлум бўлади.


Ҳудди шу каби ҳолатни имом Шофеьий р.а ҳаётларида ҳам учратиш мумкин. У киши калом илмини мазаммати қилгани ҳақида кўплаб гап-сўзлар ривоят қилинган. Бунча ривоятларга қарамасдан, Шофеьий р.а халифа Рашид мажлисида Бишр ал-Марийсий билан калом илмига доир айрим масалалар ҳақида муноқаша қилганлар. Байҳақий Музанийдан исноди билан ривоят қилади. Музаний: “Мен билан бир киши орамизда гап айланиб қолди. У мендан шундай бир нарса ҳақида сўрадики, сал қолса ўша гап мени дийним борасида тараддудлантириб қўяёзди. Ўша заҳоти  Шофеьий ҳузурига келиб, унга: “Иш шундай, шундай бўлди”, дедим. Шунда Шофеьий: “Бу мулҳидларнинг саволидир. Унинг жавоби бундоқ, бундоқ бўлади.”, деди.” Имом Шофеьий р.а нинг юқоридаги каби икки ҳил тарзда мавқиф тутишлари сабаби ҳам одамлар эҳтиёжи ва давр тақозоси эди.


Қурьон масаласига оид нарсаларга келсак, имом Аҳмад р.а бу масалада тафсилот ва тафриқотларга киришишни ҳеч оқламаганлар. Имом Аҳмад р.а Қурьоннинг Аллоҳнинг каломи ва унинг қадим эканлиги ҳақидаги ишонч масаласида лафз билан маьно, нафсий калом билан уни ифодаловчи лафзлар орасини ажратмаганлар. Аксинча, бу нарсалар билан шуғулланишни, Расулуллоҳ с.а.в саҳобалари танимаган, билмаган бидьатлардан санаганлар. Шунинг учун ҳам, у ўзи ҳақ деб билган, қаноатланган ҳақиқат учун сабот йўлида ёки тақво жиҳатидан эҳтиёткорлик йўлида  бошларига келган оғир машаққат ва азобларга дучор бўлдилар.


Имом Шофеьий р.а эса, кишини Қурьон масаласи тафсилоти ва тафриқотига киришдан ҳеч қандай монеълик кўрмаганлар.  У зот наздларида, Қурьоннинг лафзлари ва варақларига янги пайдо бўлган махлуқ ҳукми берилади. Аммо унинг “Каломи нафсий” дея номланувчи маьноларига эса “қадийм” ҳукми берилади. Қурьон масаласида бу тарздаги тафсилотга кириш орқали имом Шофеьий р.а Аҳмад ибн Ҳанбал р.а бошларига тушган машаққатлардан омон топдилар.


Биз, Аҳмад ибн Ҳанбал р.а нинг Қурьон лафзлари, у битилган сиёҳ, унга битилган варақлар янги пайдо бўлган, улар қадийм эмас, деган эьтиқодлари хусусида  ҳеч қандай шак йўқ эканлигига шубҳа қилмаймиз. Бироқ у зот, эҳтиёткорлик ёки илмий қаноат нуқтаи назаридан, мазкур тақсимот ва тафриқотга Китоб ёки Суннат далили, ёҳуд  кибор саҳобалар амалидан бирон йўл қидирмадилар.


Расулуллоҳ с.а.в ҳурматлари ёки у зотдан бошқа солиҳ ва муқарраблар ҳурмати билан тавассул қилиш масаласига келсак, бу ҳақида, фазилат гувоҳлиги берилган уч аср яъни, салафлар асрида бирон бир баҳс ёҳуд мунозара бўлганлигини биз билмаймиз. Аксинча, бу мавзуда саҳобаларнинг Расулуллоҳ с.а.в муборак терлари, сочлари ва таҳорат сувларини тавассул ҳамда табаррук қилганликлари ҳақида собит бўлган саҳиҳ ҳадислар ҳадис китобларимизда мавжуддир. Бу мавзуда икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида ҳам ҳадислар келтирилган. Термизий ва ибн Можалар саҳиҳ санад билан Усмон ибн Ҳунайф р.а дан ривоят қиладилар. “Кўзи ожиз бир киши Набий с.а. ҳузурларига келиб: “Аллоҳга, менга шифо бермоқлигини сўраб, дуо қилсангиз.” деди. Набий с.а.в: “Хоҳласанг дуо қиламан. Агар (ўзинг) хоҳлаб (бу дардга) сабр қилсанг, бас, бу сен учун хайрлироқдир”, дедилар. (Бояги киши): “Ундан дуо қилиб (сўра)нг!”, деди. Шунда (Пайғамбар а.с) уни чиройли тарзда таҳорат қилиш ва “Аллоҳим, мен Сенинг набиййинг- раҳмат пайғамбари бўлмиш- Муҳаммад ҳурматидан Сендан сўрайман ва Сенга таважжуҳ қиламан. Албатта, мен сизнинг ҳурматингиз ила, мана бу ҳожатим борасида, уни мен учун раво қилинмоғи мақсадида Роббимга таважжуҳ  қиламан. Аллоҳим, уни мен учун шафоатчи қилгин!”, дея дуо қилишга буюрдилар.”. Имом Бухорий р.а.нинг саҳиҳларида, Умар р.а нинг ёмғир сўрашда Аббос р.а ни тавассул қилганликлари ҳамда унга ҳеч ким қарши чиқмаганлиги ҳақидаги ривоят собитдир. Ривоят қилинишича,  амирул мўьминийн Умар р.а замонларида инсонларга қаҳатчилик келди. Ўшанда бир киши Набий с.а.в қабрларига келиб: “Ё Расулаллоҳ! Умматингиз ҳалок бўлаёзди, улар учун ёмғир сўранг.”, деб (нидо) қилди. Уйқудалик чоғда Набий с.а.в унга келдилар ва уларнинг суғорилажакларининг хабарини бердилар. Ва шундай ҳам бўлди.”  Бошқа ривоятда эса, “Набий с.а.в ўша кишига: “Умарга бориб, мендан унга салом йўллагин ва унга уларнинг суғорилажакларини хабарини бергин. Унга: “Юмшоқ бўл, юмшоқ бўл” деб қўйгин.”, дедилар. Бояги киши Умарга бориб (айтилган) хабарни етказди. (Бу хабарни эшитган Умар р.а): “Эй Роббим, кучим етганича ҳаракат қилмоқдаман”, дея йиғлай бошладилар[9].”


Биз юқорида зикр қилиб ўтган ҳадислар бу мавузга оид бўлган ҳадисларнинг айримлари холос.  Бу ҳадислардан ташқари яна кўплаб ҳадислар борки, улар Набий с.а.в ҳаётлик чоғларида, ул зотни  тавассул қилиш жоиз эканлигига далолат қилади. Пайғамбар с.а.в, ул зот с.а.в ни ёшлик пайтларида боқиб тарбия қилган Алий р.а нинг онаси Фотима бинт Асад р.а вафот қилганларида: “Аллоҳим, онам Фотима бинт Асадни мағфират қилгил! Набиййинг ва мендан аввалги набийлар ҳаққи-ҳурмати унинг кирадиган ўрнини (яьни, қабрини) кенг қилгил!”, дея дуо қилганлар.  Одам а.с машҳур хатони содир этганларидан сўнг, “Эй Роббим, мен Сендан, албатта унинг ҳурматидан Сен мени мағфират қиладиган Муҳаммад ҳаққи-ҳурмати сўрайман!” деганлар. Бу турдаги ҳадисларни ривоят қилувчилар орасида саҳиҳ дегувчилар ҳам, заьиф дегувчилар ҳам  мавжуд. Аммо биз бу ўринда буларнинг тафсилотига кирмоқчи эмасмиз.


Муҳим бўлган нарса шулки, тавассул ҳақида Расулуллоҳ с.а.в,  асҳоблари ва бошқа салафлар тарафидан бизга етиб келган нарсалар мана шулардир.  Имом ибн Таймийя р.а келиб, набийлар ва солиҳларни тириклик чоғларида васила қилиш билан уларни ўтиб кетганларидан сўнг васила қилиш орасини ажратгунларига қадар, иш шу ҳолатда давом этиб келди. Ибн Таймийя р.а биринчи ҳолатга ижозат бериб, икинчисини эса ҳаром санадилар. Аммо бу ажратишнинг салаф асрига боғлиқ бўлган ҳеч қандай асоси йўқдир. Аксинча, юқорида айтиб ўтганимиздек, биз салафлар орасида бу хусусда бўлиб ўтган бирон баҳс, тортишув ёки муноқашага дуч келмадик. Ҳузуримизда турган, биз зикр қилган мана бу воқеалар эса машҳур ва маьруфдир. “Мутлақ келган нарса, токи уни муқайяд қилувчи далил келгунига қадар, ўша мутлақ ҳолатда давом этаверади” қоидасига биноан, мутлақ ҳолда зикр қилинган ушбу воқеаларнинг биронтасида ҳаёт ва мамот орасидаги бўлиниш ҳамда тафриқага далолат қиладиган нарса йўқдир. Муҳим бўлган нарса, васила Расулуллоҳ с.а.в ёки солиҳларнинг Аллоҳ наздидаги макони, ҳурмати билан қилинаётган бўлсин.  Аллоҳ асрасин, васила ҳеч қачон уларнинг жисмониятлари, моддий қудратлари билан қилинмайди.


Аслида, ибн Таймийя р.а, сўнгра унинг ортидан эргашган кишилар танлаган ўша тафриқанинг илмий қийматини ёритиб бериш учун, бу мавзуда муноқаша ва тортишув эшикларини очсак бўлар эди. Аммо биз ушбу тортишувли, ёки ибн Таймийя р.а дан кейин тортишувли бўлиб қолган масала ҳақида муноқаша қилмоқчи эмасмиз. Биз мазкурларни, тадаббурли китобхон бу масалалар аҳли суннат вал жамоат орасини иккига бўладиган, уларнинг ҳар бирига ўзига хос шахсият қозонтирадаган тўсиқ, парда ва бўлувчи омил бўлолмаслигини тушуниб етсин учун келтириб ўтдик. Бу масалалар ягона Исломий жамоатни, салафий ва халафий дейилувчи икки мазҳабга бўлиб юборишга кучи етмаслигини, бундай бўлинишга асос бўлолмаслигига қатьий ишонч ҳосил қилдиришни қасд қилдик. Бу масалалар, биз юқорида мулоҳаза қилган ва яна мулоҳаза қилмоқчи бўлган, ижтиҳодий нуқталар бўлиб, уларнинг асоси “таҳқийқул манот” борасидаги ижтиҳодга қайтади.  Бу нуқталарда халаф келишидан олдин салафлар ўзлари ҳам ихтилоф қилганлар. (Аслида салаф орасида васила масаласида ихтилоф содир бўлганлигини биз билмаймиз.). Салафнинг бу хусусдаги ихтилофига келсак, фаразан ибн Таймийя р.а ни ҳам салафдан деб қабул қилайлик. У ҳолда ибн Таймийя р.а нинг ўзлари тарафларидан бу масалада ихтилоф юзага келиб бўлди.  Бу масала жузьий масала бўлиб, бундаги ихтилоф  “таҳқийқул манот” га тааллуқлидир.  Бу масала мусулмонлар ягона сафини бузиб ташлашга ёки уларни икки мазҳаб ёҳуд гуруҳга айлантиришга кучи етмайди. Афсуслар бўлсинки, ўша гуруҳлардан бири иккинчисини, айнан мана шу ихтилоф туфайли, ширк, диндан чиқиш билан айблаш ёнида, фосиққа чиқазмоқда ёки уларга бидьатчилик ва залолатни нисбат бермоқдалар.


Ваҳоказо, ўша хатарли бидьатчилик, улар ўйлаётганларидек, набийлар ва солиҳларни васила қилиш амалида яширинган эмас.  Балки у, васила қилиш салафлар йўлидан четга чиқиш, ўз эгасини ягона Исломий жамоат доирасидан чиқазиб ширк ва залолат доирасига  киритувчи бидьатчиликдир, дея гумон қилиш ортига яширингандир. Зеро бу тасаввур, кўриб турганингиздек, ҳеч қандай ҳужжатга асосланмаган.


Ана энди, ибодатларга тааллуқли бўлган  ишлар, унга қўшимчалар қилиш ёки баьзи ўзгартиришлар киритиш  масаласига келсак. Улардан, очиқдан-очиқ бидьат эканлиги маьлум бўлганлардан ташқарилари, яна ўша “таҳқийқул манот”га оид бўлган ижтиҳодлар доирасига дохил бўладиганлари ҳам бор. Бу масалалардаги “таҳқийқул манот” борасида салафнинг раьй ва ижтиҳодлари турлича бўлган ва улар замонасида бу тарз ижтиҳодлар кўплаб содир бўлган.


Бу туркумдаги амаллардан бири, Усмон р.а нинг жумьа куни пешин вақти учун Завродаги ҳовлиларида айтилган азонни янги пайдо қилишлари эди. Масжид эшиги ёнида, хатийб минбарга кўтарилиш пайтида айтиладиган азон, Мадина шаҳри кенгайгач, атрофга эшитилмай қолди. Ана шу сабабли Усмон р.а ижтиҳод қилдилар ва раьйларига биноан мана шу азон янги пайдо қилинди. Бизга етиб келишича, ҳеч ким бунга эьтироз билдирмади.


Шу туркумга оид амаллардан бирини яна Усмон р.а замонларида содир бўлганлигини кўрамиз. Усмон р.а халифалик замонларида, Хуросон фатҳ бўлгач, Абдуллоҳ ибн Омир: “Албатта бу- Аллоҳ тарафидан бўлган нусратдир. Бунинг учун мен Унга шукр келтирмоғим лозим.  Мен мана шу ўрнимдан эҳром боғлаган ҳолда (ҳаж сафарига) чиқмоқни Аллоҳга бўлган шукрим маьносида  кўраман.”, деди ва Хуросонга Аҳнаф ибн Қайсни ўринбосар қилиб қолдириб Нишопурдан эҳром боғлади. У умра амалини адо қилиб бўлгач, Усмон р.а ҳузурларига келди. Шунда Усмон р.а унга: “Сен Нишопурдан эҳром боғлаган чоғингда умрангни бузиб қўйдинг.”                                                     дедилар[10]”.  Усмон р.а раьйларига кўра, умра ёки ҳаж қилгувчи кишининг белгиланган жойга етмасдан олдин эҳром боғлашлигини  кераксиз ва савобсиз бидьат амалдан саналади. Кўплаб саҳобалар эса, бунга мухолиф чиққанлар.


Алий р.а нинг косибнинг зомин бўлиши (тўлаб бериши) ҳақидаги раьйлари ҳам мана шу турдаги амаллардан ҳисобланади. Алий р.а, буюртма олган косиб ўша буюртма олган молини бузиб қўйса, унга зомин бўлиши ҳақида: “Инсонларни фақат шу (зоминлик) ислоҳ қилади.”, деганлар. Бу масалада ҳам кўплаб саҳобалар мухолиф чиққанлар. Одатда одамлар косибларга буюртма бериб эҳтиёжлари учун турли нарсалар ясатадилар. Кўпинча ўша буюртма берилган буюм буюртма берилаётган пайтда ҳали тайёр бўлмайди. Ундан ташқари ўша косиблар орасида баьзиларининг омонатдорлиги ва ўша буюмни қай сифатда тайёрлаши масаласида ноаниқликлар мавжуд эди.  Яна айримлари буюртма берилган нарсани сақлашда бепарволикка йўл қўяр эдилар. Халқнинг эса  буюртма беришдан бошқа чоралари йўқ эди. Одамларнинг мана шу эҳтиёжини қондиришнинг ягона йўли, Алий р.а наздларида, косибдан ўша буюм учун кафолат талаб қилиш эди.  Борди-ю косибдан ўша кафолат талаб қилинмаса, ҳолат икки йўлдан бири билан тугаши аниқ эди. Биринчи йўлга кўра, буюртма бериш деган муомалани тамоман тўхтатиш лозим. Иккинчи йўлга биноан, буюртмалар берилаверади, аммо кафолат йўқлиги сабабли, косиблар орасида ёлғончилик, ҳийлакорлик ва одамлар молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш каби ишлар авж олиб кетади. Бу икки муаммодан қутулиш ягона чораси, Алий р.а айтганларидек, косибдан кафолат олиш эди. Саҳобалар ва тобеьийнлардан кўплари бу мазҳабга рози бўлмадилар. Уларнинг бундай ижтиҳод қилишларининг сабаби, бундай кафолатнинг Расулуллоҳ с.а.в замонларида бўлмаганлиги эди[11].


 Саҳобалар ва тобеьийнлар фиқҳини диққат билан ўрганиб чиққан киши улар орасида содир бўлган кўплаб ихтилофларга рўбару келади. Ҳа албатта, улар салафлар эди, буни унутмаслик лозим.  Аммо ихтилоф қилган тарафлардан ҳеч қайси бири иккинчисини бидьатчилик ёки залолат билан инкор этмади.  Уларнинг бу тарздаги турлича ихтилофларга киришлари, ўша масалаларнинг бир неча жиҳатдан ўзаро боғлиқ эканлигидан эди.  Салафлар тарафидан содир бўлган ихтилофлар Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ с.а.в суннатларига амал доираси ичида воқеь бўлган. Қурьон ва суннатга амалнинг миқёси ва мезони эса, биз юқорида таништириб ўтган, уммат якдиллик билан Китоб ва суннатни тўғри тушуниш борасида ҳакам санаган ўша манҳажга риоя қилишликдир. 


Ибн Таймийя р.а нинг илми калом ҳақидаги қарашларига бир назар[12]


Иккинчи асос ҳақидаги сўзларимизни ниҳоялашдан аввал, китобхон билан бирга, ибн Таймийя р.а тарафларидан ворид бўлган, мана шу асосга алоқадор бўлган, айрим ажойиб каломлар ва беқарорликларга тўхталиб ўтсак.


Ибн Таймийя р.а калом илми хусусида, уни ўрганиш, у билан шуғулланиш ва Исломий ақийдавий масалаларда у билан ҳужжат келтириш ҳукми ҳақида анча узун баҳс юритганлар. Ва бу баҳснинг сўнгида ибн Таймийя р.а, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, агар киши фосид далиллардан фойдаланишни қасд қилмаса ёки ботиний гап-сўзларга асосланмаса бу илм билан шуғулланиш бидьат эмас, шу нуқтаи назардан Исломий Ақийда мудофааси учун калом илмига таянишлик ҳам ҳаром саналмайди, деган хулосага келганлар.  У кишининг наздларида, эҳтиёж тақозо қилган пайтларда бошқалар истилоҳидан фойдаланишнинг ҳеч қандай зарари йўқдир. Бу ҳақида Ибн Таймийя р.а: “маьнолар саҳиҳ бўлиб, бунга эҳтиёж тушиб турган бўлса, истилоҳ эгаларининг истилоҳлари ва луғатлари ёрдамида,  улар билан сўзлашиш макруҳ эмасдир. Бу  ҳудди рум, форс ва турклардан бўлган ажам билан уларнинг тили ҳамда урфлари асосида сўзлашиш (мумкин бўлганига) ўхшайди. Албатта, бу эҳтиёж учун бўлса, чиройли саналган жоиз ишдир. Имомлар бундай (амални), унга эҳтиёж сезилмаган чоғларда, кариҳ кўрганлар...”, деганлар.


Бошқа ўринда ибн Таймийя р.а яна: “салафлар ва имомлар калом (илми)ни, унда “жавҳар”, “араз” ва “жисм” лафзлари каби янги пайдо бўлган истилоҳлар бўлганлиги учунгина кариҳ кўрган эмаслар. Балки (уларнинг бу илмни кариҳ кўришлари сабаби),  бу лафзлар нафий ва исбот қилишда мужмал маьноларни ўз ичига олганлиги сабабли, ана шу иборалар билан таьбир қилинаётган маьноларда, гоҳида далиллар ва ҳукмларда, ундан тийилиш лозим бўлган мазмум ботиллар бўлиб қолиши мумкин эканлигидир...”, дейдилар.


“Ибн Таймийя фатволари мажмуаси”; 3-жузь; 306-307 саҳифаларда юқоридагилар билан бирга қуйидагилар ҳам келтирилади.


“уларнинг мана бу иборалар мисолидагилар билан қасд қиладиган маьнолар аниқ билинса, (ўша маьнолар) Китоб ва Суннат (тарозусида) тортиб кўрилса, яьни (улардаги маьнолар) Китоб ва Суннат исбот қилган ҳақиқатни исбот қилса, Китоб ва Суннат нафий қилган ботилни нафий қилса, у ҳолда бу нарса ҳақ ҳисобланади.”


Бунга қўшимча қилиб мен ҳам: “илми калом билан шуғулланувчи Аҳли Сунна вал жамоага мансуб бўлмиш ҳозириги-ю қадимги барча кишилар ҳудди мана шу нарсага иттифоқ қилганлар. Зеро, улардан ҳеч қайси бири фалсафа ва юнон мантиғининг мазмунларини ўзларига асос қилиб олмаганлар. Аммо, омма орасида ана ўшаларнинг истилоҳ ва миқёслари кенг тарқалган асрларда илми калом билан шуғулланувчилар ўшаларнинг истилоҳлари ва лафзий миқёсларини қўллашдан бошқа имкон топмадилар. Фақатгина, мўьтазила, жаҳмий ва уларга ўхшаган анавиларнинг фитнасига тушиб қолган кимсаларгина ўша истилоҳлар мазмунлари фитнасига қурбон бўлдилар.


Файласуфлар истилоҳи ва фикрий қарашлари билан яқиндан танишиб чиққан олимлар сирасига Имом Ғаззолий р.а ни мисол қилиб келтирса бўлади. Имом Ғаззолий уларнинг истилоҳларини икки мақсадда ишлатдилар.  Биринчи мақсад: Аллоҳнинг китоби ва расули суннати орқали ворид бўлган ҳақиқат баёни. Иккинчи мақсад: файласуфларнинг кўплаб фикр ва тушунчаларига аралашиб-қоришиб кетган ботил  баёни. Имом Ғаззолий  р.а мусулмон олимларини файласуфлар қоидалари ва истилоҳлари билан танишиб чиқишга чақирдилар. Бундан мақсад, токи мусулмонлар, ана ўша файласуфларнинг ташқариси ялтироқ истилоҳлари ортига яширинган нуқсонлардан огоҳ бўлсинлар. Улар, мўьтазила ва улар ортидан кетган кимсалар каби, фалсафанинг таши ялтироқ, ичи қалтироқ сохта гўзалликларига алданиб қолмасинлар.


Аммо ибн Таймийя р.а, имом Ғаззолий р.а ни ўша истилоҳ ва миқёсларга шўнғиб кетишда айблаш йўлига мойиллик билдирдилар. Аслида, Ибн Таймийя р.а ўзларининг Қурьон ва суннатда келган ҳақиқат таҳқиқи учун калом илми билан шуғулланиш мабрур амал, бу ишда ҳеч қандай зарар ва монеьлик йўқ эканлиги ҳақидаги сўзларидан келиб чиқадиган бўлсак, имом Ғаззолий р.а га ташаккур айтишлари лозим эди. Аммо у киши бунинг ўрнига имом Ғаззолийни кўпинча маломат қилдилар[13].


 Ибн Таймийя р.а мантиқ, унинг миқёслари ва истилоҳларига қарши ҳужум қилишда қаттиқ эҳтиросларга берилиб кетдилар. Ҳолат шу даражага бориб етдики, бу эҳтирос “ғайрати”, ҳатто ўзлари “ҳақиқат баёни йўлида илми калом билан шуғулланиш ва мантиқ истилоҳлари ва услубларидан истифода қилиш жоиз” дея берган қарорларини ҳам унутдириб қўйди. Энди у аввалги сўзларига зид ўлароқ, “калом аҳлидан бўлмиш тадқиқотчилар таянадиган ақлий далиллар, у билан шуғулланиш кераксиз ва беҳуда бўлган нарсалардир. Зеро, Қурьон ундан беҳожат қиладиган нарсалар билан келиб бўлган” қарорини бера бошлади.


Ушбу сўзларга мисол сифатида, Ибн Таймийя р.а нинг “ал-Родду алал Мантиқиййийн” китобидаги қуйидаги жумлаларни келтириб ўтмоқчимиз. Китобда шундай дейилади: “Бас, маьлум бўлишича, калом ва фалсафа аҳлидан бўлмиш тадқиқотчилар ҳузурида Илоҳий матлаблар хусусида ақлий далиллар мавжуд. Аммо Қурьони карим эса (шундай) ҳақиқат билан келдики, у анави (фалсафа ва мантиқ билан шуғулланувчилар) ҳузурида мавжуд бўлган кўплаб ғалатиликлардан муназзаҳ бўлиш билан бирга, (фалсафа ва мантиқ илмидаги ақлий далиллардан) кўра ўта чиройли бир тарзда балоғатлироқ ва  мукаммалроқдир. Шунинг учун ҳам Абу Абдуллоҳ ал-Розий умри сўнгида, ўзининг “Ақсом ал-Зот” китобида: “Мен каломий тариқатлар ва фалсафий манҳажларни яхшилаб тааммул билан ўрганиб чиқдим.  Ва натижада, уларнинг хасталикка шифо бўлганини, чанқоқликни кетказганини кўрмадим. (манзилга олиб борувчи) йўлларнинг энг яқини Қурьон йўли эканлигини кўрдим”, дедилар.


Ибн Таймийя р.а сўзларидаги бу каби беқарорликлар, у кишининг китобларини сабрсизларча ёки шунчаки юзаки ўқийдиган кўплаб китобхонлар зеҳниятида ҳам ўз аксини топган.  Бундай китобхонлар, ҳужжат ва далил сифатида, у киши тарафларидан, у кишининг калом илми билан шуғулланишни инкор қилганликлари, ундан йироқ бўлишга чақирганликлари, ҳамда бу илм билан шуғулланганлар ва китоб таьлиф қилганларни ақли пастликда айблаганликларини ривоят қиладилар. Аслида эса, Ибн Таймийя р.а тамоман бунинг аксига қарор берганлар. Балки у, ўзининг фатволар мажмуаси китоби 3-жузьида фалсафий миқёсларга биноан каломий баҳсларга шўнғиганлар. Шўнғиганда ҳам шундай шўнғиганларки, “салафийлар” ҳар куни уларга ҳақоратомуз ҳужумлар уюштирадиган, уларни бидьатчиликда айблаётган ўша калом илми устунларидан ҳам анча олдинга ўтиб кетдилар.  Ибн Таймийя р.а ўша китобда “вужуд ва мавжуд” орасидаги алоқа (яьни, фалсафадаги “пантеизм” ва “монизм” каби тушунчалар) ва  бандадаги Аллоҳнинг салуҳий ва танжийзий қудрати (яьни, содир бўладиган жараёнлар барчаси Аллоҳнинг қудрати ва илми билан бўлишлиги жиҳатидан азалий, аммо амалга ошиш жиҳатидан азалий эмас эканлиги); Аллоҳнинг қудрати феьллари  содир этилган чоғдагина топиладими ёки ундан олдин ҳам мавжуд бўлганми; инсон қазо ва қадарга нисбатан мажбурийми ёки ихтиёрийми; “махлуқларнинг тур жиҳатидан қадимлиги ва жузь жиҳатидан эса янги пайдо бўлишлиги”  каби масалалар ҳақида сўз юритганлар.  Ибн Таймийя р.а бу каби мавзуларда шунчаки баҳс юритмаганлар. Балки бу баҳслар давомида Ибн Таймийя р.а, ўзи айтиб ўтган ва уни бир неча муносабатлар билан такрорлаган иқрорлар тақозоси бўлган Ислом ақийдаси баёни хусусидаги Қурьон манҳажи ва йўлидан анча четга чиқиб кетганлар.


Ибн Таймийя р.а нинг калом илми ва масалаларига бу қадар шўнғиши, унинг ҳақнинг таҳқиқи ва ботилнинг йўқ қилиниши учун бу илм билан шуғулланиш жоиз эканлигини ўз ичига олувчи қарорлари билан тамоман мувофиқ келишлиги шубҳасиздир. У кишининг калом илми билан қай мақсадларда шуғулланиш жоиз эканлиги ҳақидага берган қарорларини биз юқорида келтириб ўтдик. Айни мана шу ишлари, яна ҳудди ўша Ибн Таймийя р.а нинг ўзи турли ўринларда, турли муносабатлар билан калом илми билан мантиқ услублари ва фалсафа тушунчаларидан фойдаланган ҳолда шуғулланувчиларни қаттиқ ва ғаройиб тарзда танқид остига олишлари билан сира ҳам мувофиқ келмайди.  Ваҳоланки, аҳли сунна вал жамоа доирасига кирувчи уламолар ичида, Ибн Таймийя р.а дан кўра кўпроқ мантиқ ва фалсафа қоидалари ва истилоҳлари билан калом баҳсларига киришган олимлар камдан кам учрайди.


Ибн Таймийя р.а мантиқ ва фалсафа илмларига қарши кўп гаплар айтади. Ишнинг сўнгида, кўплаб муносабатлар ва рисолаларда, узундан узун гап-сўзлар ортидан, энди бу илмни ҳақорат қилиш ва ундан одамларни йироқ бўлишга ундашга, ва бунинг таькиди маьносида бу илм билан шуғулланганларни, бу илмга эьтибор берганларни қараши ва мунозараси бузуқ, илми ва баёнини таҳқиқ қилишда ўта ожиз кимсалар, дейишгача боради. Бир қанча ўринларда, бу илмга юз бурганларни ҳақорат қилишда меьёрдан анча ошириб юборади.  Унинг калом илмини мазаммат қилишдаги мавқифларини чуқур ўрганиб чиқишга эҳтиёж йўқ. Зеро бу нарса маьруф ва машҳурдир.


Аммо бу ишдаги энг ҳайратланарли нарса шундаки, ибн Таймийя р.а калом илми ҳақида ўта ҳақоратомуз сўзлар сўзлайди. У калом илми ва аҳли каломни таҳқирлашдан сира тўхтамайди. Аммо ўзи эса, ўзининг юқоридаги муносабатларига қарамасдан, аллақачон фалсафий меьзонлар ва миқёслар билан олди-берди қилиш водийсига ғарқ бўлиб кетади, фалсафий қоида ва унинг тушунчалари билан муомала қилишда олис-олис масофаларга кетиб қолади.


Мен, ибн Таймийя р.а бу илмга ғарқ бўлган, дейиш билан у киши мантиқ ва фалсафа илмини қўллаб қувватловчи бўлган ёки бу илмларни танқид қилувчи бўлганлар демоқчи эмасман. Муҳим бўлган тарафи,  ибн Таймийя р.а мантиқ ва фалсафа илмларини ўрганишга жиддий бел боғлаган эди. Шу сабабдан, мантиқ ва фалсафа илмлари соҳиби бўлган ибн Таймийя р.а бу соҳа эгалари билан, бу борада ўта билимдонларча, ўта моҳирона муноқаша ва мубохаса  қилганлар.


Ибн Таймийя р.а ушбу ишлардан сўнг қандай қилиб одамларга, ҳудди унинг риоясига одамлар топшириб қўйилган волий ва васиятчи каби, умумий қилиб: “Мен сизлар учун ҳам фалсафа ва мантиқни ўрганиб қўйдим. Уларнинг миқёслари ва тушунчалари билан танишиб чиқдим. Ва билдимки, уларнинг кўпи ботил каломлар ва асоссиз сўзлардан иборат экан. Шунинг учун бу нарсалар таьлимига вақт исроф қилманглар, кераксиз шаклда уларга эга бўлиш учун куч сарфламанглар. Зеро, сизларга бу илм билан шуғулланиш ҳаромдир ва ман қилингандир!”, дейиши мумкин.


Борингки, биз ибн Таймийя р.а ни, унда ундан кейин келадиган одамларга намуна бўлишига лойиқ қиладиган даражада сухандонлик, ўткир раьй ва Аллоҳ динида истиқомати мавжуд, деб билайлик. У ҳолда, одамларнинг унинг феьлига иқтидо қилишлари, унинг ўша феьлига зид бўлган сўзларига иқтидо қилишдан кўра хайрлироқ эмасми?!


Ибн Таймийя р.а танлаган услубдан зиёда Имом Ғаззолий р.а бошқа услубни танладилар. Уларнинг орасида асосан бир фарқ бор эди. Имом Ғаззолий р.а ўзига мубоҳ билган нарсани ўзгаларга ҳаром қилмади. Ибн Таймийя р.а эса, фалсафа дастурхони устига чордана қуриб ўтириб олиб, ундан истаганича тановул қилдилар. Фалсафа таомини лагани билан кўтариб олиб хоҳлаганича истеьмол қилган ибн Таймийя р.а, айни вақтда атрофидагиларга бақир-чақир қилиб уларни мазкур дастурхондан қувиб солдилар. У одамларни, бу дастурхондаги таомлар эскирган, зарарли ва бефойда бўлганлиги учун ундан тотмасликка буюрар эдилар.


Имом Ғаззолий р.а ўзининг илмий муҳокама ва баҳсларида мантиқ ва фалсафа истилоҳларидан фойдаланди ва уларни бу баҳсларга керакли ўринларда қориштирди. Бу эса, ибн Таймийя р.а ҳам инкор қилмаган нарса эди. У бу нарсани нафақат инкор қилмаган,  балки бизга ундан нақл қилинган насслардаги каби, бу нарсаларга ҳатто изн ҳам берган. Аммо ибн Таймийя р.а нинг услубига келсак, файласуфларнинг асоссиз айрим қарашлари унинг устидан ғолиб келган ёки у ҳам ўша файласуфлар адашиб кетган қайсидир ботил водийларида оёқлари тойиб кетганлигини кўрамиз. Бас, бутун дунё унинг зиддига гувоҳлик берган ҳолат мана шудир. Балки бу нарсанинг зиддига ибн Таймийя р.а ўзи ҳам гувоҳлик берган.


Имом Ғаззолий р.а нинг хато, саҳв ва унутишлиги жоиз бўлган бир башар туркумидан эканлиги маьлумдир. Аммо бундан қатьий назар, фалсафа тарихи, у каби, фалсафий гумонларни ўша фалсафий миқёслар қуролларининг ўзи ёрдамида парчалаб ташлаган, Аллоҳ азза ва жалла Китоби далолат қилган ҳақиқатга ўша фалсафа истилоҳлари ёрдамида ғалаба келтирган бирон кишини танимади.


Таажжубланарли яна бошқа бир жиҳат шундаки- фалсафа гумонлари ва лойларидан эҳтиёт бўлишни такрор-такрор айтиб турган ибн Таймийя р.а нинг ўзи ҳудди ўша нарсалардан нажот топмаслигидир. У бошқаларни ундан огоҳлантириб келган ўша фалсафа балчиқлари у кишининг ўзига ҳам сачраб кетган. Сачраганда ҳам энг ноҳушлари сачраган.  Бу ҳолат билан бир вақтнинг ўзида у фалсафани асос қилиб олмади, унинг асос бўлолмаслигига қатьий илмий тадқиқотлар орқали эьтиқод қилди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, у бу борада беқарор одам каби қўнимсиз юраверди. У, бир муаммога тушиб қолган ва ундан қутулиш йўлини тополмасдан ҳайрат водийсида кезиб юрган киши каби, сўзларида ўзига ўзи қарши чиқаверди.


Мен, фалсафа ва унинг касаллигидан ибн Таймийя р.а ўзига ҳам юқиб ўтган иккита масалани зикр қилиб ўтмоқчиман.


Биринчи масала: ибн Тайимйя р.а нинг ибн Ҳазм р.а нинг “Маротиб ал-Ижмоь” китобига битган таьлийқотида келган нарсалар борасида. Ибн Таймийя р.а ушбу таьлийқотни “Нақд Маротиб ал-Ижмоь” деб номлаган. Ибн Таймийя р.а ибн Ҳазмнинг “Эьтиқодий масалаларга доир ижмоьлар” бобидаги “(Мусулмонлар), албатта, Аллоҳ азза ва жалланинг якка-ягона ва Унинг шериксиз эканлиги; Ўзидан бошқа барча нарсаларнинг холиқи эканлиги; албатта, Аллоҳ таоло ягоналиги бардавом эканлиги ва (аввалда) У билан бирга Унинг ўзидан ўзга ҳеч ким йўқ эканлиги ва сўнгра барча нарсаларни, ўзи хоҳлагандек, яратганлигига иттифоқ қилганлар” сўзига таьлиқ битган. Ўша таьлиқда шундай дейилади: “Мен айтаманки, : “Барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ таоло эканлигига аҳли сунна вал жамоа иттифоқ қилганлиги ҳақдир. Ва лекин, улар бунга мухолиф чиққан кимсанинг кофир бўлиши ҳақида иттифоқ қилмаганлар. Зеро, “ҳайвонлар феьлларини Аллоҳ яратмаган”, дегувчи “қадарийлар”ни, саҳобалар асри охирларида “қадарийлик” пайдо бўлган даврдан бошлаб токи бу тарихгача, зикр қилиб ўтиш имконияти жуд ҳам кўпдир”. Бу сўзлар ортидан ибн Таймийя р.а яна: “ (Ибн Ҳазмнинг) “албатта, Аллоҳ таоло ягоналиги бардавом эканлиги ва У билан бирга Унинг ўзидан ўзга ҳеч ким йўқ эканлиги ва сўнгра барча нарсаларни, ўзи хоҳлагандек, яратганлигига” қарши чиққан кимсанинг кофир бўлиши ҳақидаги ижмоьни ҳикоя қилиши бундан ҳам ажабланарлироқдир. Маьлумки, ушбу ибора Аллоҳнинг китобида ҳам йўқ, ва у Расулуллоҳ с.а.в га ҳам нисбат берилмайди. Балки, ул зот с.а.в тарафларидан  “Саҳиҳ”да (ворид бўлгани) Имрон ибн Ҳусойн р.а орқали Набий с.а.в дан қилинган: “Аллоҳ (доимий) бўлган эди, ваҳоланки Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди. Унинг арши сув узра эди. Зикрда барча нарсани битиб қўйди ҳамда осмонлар ва ерни яратди”, бошқа лафзда “сўнгра осмонлар ва ерни яратди” ривоятидир. (“Саҳиҳул) Бухорийда ушбу ҳадис уч ҳил лафз билан ривоят қилинган.  (Бир ривоятда) “Аллоҳ (доимий) бўлган эди, ваҳоланки Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди”, дейилса, бошқасида “ваҳоланки Ундан ўзга нарса йўқ эди”, дейилади. Учинчи ривоятда эса, “У билан бирга бирон нарса йўқ эди” дейилади. Ваҳоланки қисса биттадир. Демак, Набий с.а.в мана шу лафзлардан бирини айтганликлари маьлум. Қолган иккиси эса, маьно жиҳатидан ривоят қилинган. У ҳолда (қиссага) муносиб бўладигани бошқа саҳиҳ ҳадисда собит бўлган “Сен аввалсан, сендан олдин ҳеч нарса йўқ. Ва Сен охирсан, сендан кейин ҳеч нарса йўқ...” лафзидир. Зеро Пайғамбар с.а.в дуоларида ҳудди шундай дер эдилар. Набий с.а.в нинг ушбу дуоларидаги “Сен аввалсан, сендан олдин ҳеч нарса йўқ” сўзлари ул зотнинг “Аллоҳ (доимий) бўлган эди, ваҳоланки Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди” сўзларига муносиб келади.”, дейди.


Сўзини давом этдирган ибн Таймийя р.а: “Бу ўринда, баьзи инсонлар ижмоьдан деб ўйлаётган нарсаларга қарши сўз юритмоқ қасд қилингандир. Бас, ушбу лафз Аллоҳнинг китобида йўқдир. Бу ҳадис, гарчи ўша зикр қилинган мавзуга доир бўлса ҳам, аммо у мутавотир эмас. Қанчадан қанча саҳиҳ ҳадислар борки, уларнинг маьнолари ҳақида кўплаб тортишувлар мавжуд. Бас, у қандай қилиб (ижмоь қилинган бўлсин), ваҳоланки ҳадиснинг мақсуди зикр қилинганидан бошқадир. Биз ушбу иборанинг на  саҳобалар, ва на тобьеийнлар ва на мусулмонлар имомлари тарафидан (айтилганлигини) билмаймиз. Бас шундай экан, қандай қилиб бу борада ижмоь даьво қилиниши мумкин. (Ибн Ҳазм) бу нарсага мухолиф чиққан кимсаларнинг кофир саналиши ҳақида ижмоьни даьво қилмоқда. Аммо (барчага) маьлум бўлган ижмоь  қилинган нарса эса, Аллоҳ Қурьонда баён қилган, уммат билган нарсадир. Яьни, ҳудди Қурьонда бу ҳақида бир неча ўринларда хабар берилганидек, Аллоҳ осмонлару ер ва улар орасидаги нарсаларни олти кеча-кундузда яратганлигидир. Бас, қачонки даьво қилувчи (киши) бу нарса(нинг ҳақ эканлигига) ва унга мухолиф чиққан кимсани эса кофирга чиқазилишига  ижмоь (қилинганлигини) даьво қилса унинг (бу) сўзи нохолис бўлади. Аллоҳнинг осмонлару ер ва улар иккиси орасидаги нарсаларни олти кеча-кундузда яратганлиги ҳақидаги хабарида у иккисидан олдин (ўзга) яратилмиш махлуқ бор эканлигини йўққа чиқазадиган нарса йўқдир.  Ҳудди шунинг каби, Аллоҳ таоло, ўзининг инсон ва жинни яратганлигини; инсонни бир моддадан, яьни сополга ўхшаган қуриган лойдан, жинни ўт-алангадан яратганлиги ҳақидаги хабарда айтилганидек, бу хабар ҳам Аллоҳ таоло бу иккисини улардан илгари мавжуд бўлган моддадан яратганлигини инкор қилувчи  ҳеч нарса йўқдир. Бас, (бу) қанақаси, ахир, Китоб, Суннат ва тортишув бўлганлиги маьлум бўлмаган салафнинг ижмоьсида,  Аллоҳнинг осмонлару ер ва у икки орасидаги нарсаларни олти кеча-кундузда яратганлиги,  ваҳоланки бундан олдин сув узра Унинг арши бўлганлиги собит-ку. Демак, арш бу воқеадан илгари мавжуд экан; бундан олдин сув ҳам бор бўлган экан.[14]”


Юқоридаги сўзлар, Ибн Таймийя р.а нинг ибн Ҳазм р.а ижмоь қилинган дея келтирган, “Аллоҳ таоло ягона ва танҳоликда тўхтамади; У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди; сўнгра, У ўзи хоҳлаганидек, барча нарсаларни яратди”, деган ақидага нисбатан инкор ва таьлийқи маьносида айтган сўзлари эди.


Юқоридаги сўзлар ортидан ибн Таймийя р.а калом уламолари ва файласуфлардан баьзи тоифаларнинг бу масала хусусида иқрор қилган мазкур қарашларини тасдиқлаш ва баён қилиш учун узун баҳс юритадилар. Файласуфларда муқаррар бўлган нарса шулки, нарсалар жузьийлик ва аниқ бир борлиқ эканлигига кўра янги пайдо бўлган, аммо тури ва бир-биридан пайдо бўлиш силсиласига кўра эса қадимдир. У ўзининг бу қарашларини таькидлаб: “ва лекин муайян бир нарсанинг пайдо бўлиши билан нарсаларнинг бирин кетин пайдо бўлишининг фарқи бор”, дейди. Яьни, у кишининг таьбирига биноан, муайян бирон нарса аввалдан бўлмаган нарса бўлиб у янги пайдо бўлгувчидир. Аммо ҳодисаларнинг эволюцион бирин кетин жараёни жиҳатидан нарсалар қадим ва давомлидир.


Ибн Тамийя р.а ибн Ҳазм р.а нинг  “(Мусулмонлар), албатта, Аллоҳ азза ва жалланинг якка-ягона ва Унинг шериксиз эканлиги; Ўзидан бошқа барча нарсаларнинг холиқи эканлиги; албатта, Аллоҳ таоло ягоналиги бардавом эканлиги ва (аввалда) У билан бирга Унинг ўзидан ўзга ҳеч ким йўқ эканлиги ва сўнгра барча нарсаларни, ўзи хоҳлагандек, яратганлигига иттифоқ қилганлар” дея нақл қилган ижмоьларига узундан узун раддия берганлар. У кишининг ана шу узундан узун раддияларидан воқиф бўлган одам, унинг мазкур гаплар асносида иккита ажойиб тушунмовчилик ва мубҳамликка кириб қолганлигига шоҳид бўлади. Сиз, салафи солиҳлар ўзлари яшаб ўтган уч асрда, ҳам шаклан, ҳам мазмунан  бундай фалсафий можаролардан Аллоҳга сиғинган фалсафий можароларга, ибн Таймийя р.а ни  кириб қолишга нима ундаганлиги биломайсиз. Ваҳоланки Ибн Таймийя р.а нинг ўзи ҳам доимо бизни фалсафа залолатлари ва бидьатларидан узоқ туриш ва ҳар қачон Китоб ва Суннат нассларини мустаҳкам ушлашга тавсия қилганлар.


Айрим ижтиҳодий мавқифлардагина унга қарши чиққан рақибларини қўрқмай кофир санайверган Ибн Таймийя р.а нинг наздларида, “барча нарсанинг яратувчиси ягона Аллоҳгина эмас” деб эьтиқод қилган кимсанинг кофир бўлиб қолишига  салаф ҳамда аҳли суннат вал жамоатнинг ижмоьси йўқ экан. Уларнинг бу борадаги ижмоьлари йўқ эканлигига ибн Таймийя р.а нинг далили-ибн Таймийя р.а нинг ўз сўзига кўра- “қадарийлар” “ҳайвонлар феьлларини Аллоҳ яратган эмас” дея эьтиқод қилганликларидир.


Бунга жавобан мен: “аксинча, диндан эканлигини билиш зарурий бўлган масалаларни инкор қилиш, мусулмонлар ижмоьсига биноан, куфрга чиқазувчи нарса эканлигини биз қатьий ишонч билан биламиз. Аллоҳ таолонинг


 اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ[15]


“Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир” сўзини куллий ёки жузьий инкор қилиш,  диндан эканлиги маьруф бўлган зарурий масалани инкор қилиш саналиши шубҳасиздир” дейман.


Қадарийларми, ёки улардан бошқа қайси гуруҳ бўлишдан қатьий назар, Аллоҳдан ўзга биронтасини яратувчи деб билса ва уни Аллоҳнинг мададисиз, мустақил ўз қудрати билан бирон нарсани йўқдан бор қилди, деб эьтиқод қилса, у шубҳа ва ихтилофсиз кофирдир.


Фақатгина, мен бугунгача қадарийларнинг “ҳайвонлар феьлларини  Аллоҳ яратмаган” деб эьтиқод қилишларини на эшитдим, ва на кўрдим. Мана, бизнинг ҳузуримизда фирқалар, оқимлар ва йўналишлар ҳақидаги китоблар мавжуд. Аммо уларнинг ҳеч қайси бирида бу каби нақлни учратмадим. Сўнгра кўрсамки, мендан аввалроқ ушбу ғаройиб нақл ва унинг асли ҳақидаги баҳсни аллома, муҳаққиқ, шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий р.а ҳазратлари қилиб, бу ҳақида таьлиқ ҳам битган эканлар. Таьлийқда: “Биз қадарийларнинг, ўз китобларида бу ҳақида очиқ гапирган ва бу гапдан бошқа нарсага мажбурлайдиганларини кўрмадик.” дейдилар.


“Албатта, Аллоҳ барча нарсанинг (ҳам) яратувчиси эмасдир” дегувчи кимсанинг кофир бўлишлигига, ибн Таймийя р.а қатьий далил йўқ, деб биладилар.  Хўш, у ҳолда бу сўзни қандай тушуниш мумкин?


Бу сўз иккита тафсирдан бошқа тафсирни қабул қилолмайди.


Биринчиси: Аллоҳнинг шериги борки, у ушбу коинотдаги айрим мавжудотни яратган. Яратишлик, умумий маьнода, Аллоҳнинг ўзигагина эмас, балки уларнинг иккалаларига мансубдир.


Иккинчиси: мавжудот ичида шундайлари борки, унга яратиш қўли асло етмаган. Улар, Аллоҳ таолонинг қадиймлиги каби, қадиймдирлар. Шунинг учун ҳам, улар ҳақида “Албатта, Аллоҳ барча нарсанинг (ҳам) яратувчиси эмасдир” таьбири қўлланади.


Мана шу ҳар иккала тафсир ҳам, кишини куфр ёки ширк маьноларининг энг хунук жиҳатларига олиб боришини исбот талаб қилмайдиган даражада билмайдиган бирон мусулмон бўлиши мумкинми?! Ахир, ақидага оид бўлган Қурьон насслари, шу каби сўзларни сўзловчиларни кофирга чиқазиш ҳамда бундай сўзлардан диққатли бўлишга ундаш учун нозил бўлмадими?! Булардан ташқари, ибн Таймийя р.а фатволарида тадвин қилинган нарсалар билан танишиб чиқинг. Ҳудди ана шу фатволар мажмуасида, ибн Таймийя р.а ушбу гумонлар ортидан кетган кимсаларни кофирга чиқазиш ҳукмини такрор такрор тилга олганлигини кўрасиз.  Ҳар қандай муносабатда ҳам, ҳар қандай кўринишда ҳам, ибн Таймийя ўз сўзларига ўзлари зид гапирмоқдалар. Инша Аллоҳ, бироз кейин ана шу насслардан баьзиларини келтириб ўтамиз.


Сўзини давом этдирган ибн Таймийя р.а: “(Ибн Ҳазмнинг) “албатта, Аллоҳ таоло ягоналиги бардавом эканлиги ва У билан бирга Унинг ўзидан ўзга ҳеч ким йўқ эканлиги ва сўнгра барча нарсаларни, ўзи хоҳлагандек, яратганлигига” қарши чиққан кимсанинг кофир бўлиши ҳақидаги ижмоьни ҳикоя қилиши бундан ҳам ажабланарлироқдир. Маьлумки, ушбу ибора Аллоҳнинг китобида ҳам йўқ, ва у Расулуллоҳ с.а.в га ҳам нисбат берилмайди” дейди.


Ибн Таймийя р.а нинг ушбу сўзига жавобан, мен: “ибн Ҳазмнинг юқоридаги сўзларни мусулмон уламоларидан нақл қилишлари таажжубланарли эмас. Зеро бу масала, диндан эканлиги билиниши зарурий бўлган масалалардандир.  Аксинча, ҳақиқий таажжубга сабаб бўладиган нарса, фалсафа ва файласуфларни ақли пастликда айблаб юрган, доимо ўзини салафга мансубликда ва уларнинг йўлида юришликда, фалсафадан узоқликни даьво қилиб келган ибн Таймийя р.а нинг ўзига фалсафа лойларидан тегиб кетишлигидир. У кишига, фалсафа лойлари нафақат сачраб кетди, балки унинг ўзи уларнинг “асосий навларнинг қадимлиги, жузьий муайян нарсаларнинг эса янги пайдо бўлганлиги” ҳақидаги раьйларини шахсан мудофаа қила бошладилар.


Файласуфларнинг ушбу раьйлари мудофааси учун, ибн Таймийя р.а  “албатта, Аллоҳ таоло ягоналиги бардавом эканлиги ва У билан бирга Унинг ўзидан ўзга ҳеч ким йўқ эканлиги ва сўнгра барча нарсаларни, ўзи хоҳлагандек, яратганлигига” қарши чиққан кимсанинг кофир бўлишлигига ижмоь йўқдир, дея эьлон қила бошлади. Яьни, ибн Таймийя р.а бу сўзлари билан: “бизнинг, коинотнинг илк моддалари қадимдир, улар янги пайдо бўлган эмас.    Ўша илк моддалар қадимликда Аллоҳ таоло билан зотий шерикдирлар, дея иқрор қилмоқлигимизда ҳараж йўқдир” демоқчилар.


Бундан-да таажжубланарли ва ғаройиби, ўша гапларни айтган кимсани кофир санаш ҳақида, ибн Таймийя р.а, бу ҳақида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ с.а.в суннатларида очиқ далил йўқ, дейишларидир.


У ҳолда, Аллоҳ азза ва жалланинг Раьд сураси; 16-оятидаги  اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْء “Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир” сўзининг маьноси қандоқ бўлади?! Юнонлилар ва иллюминатлар каби ҳар иккала файласуфлар гуруҳи тасаввурига биноан, нарсалар ундан пайдо бўладиган деб биладиган моддалар ҳам ўзларининг навь эьтиборларига кўра, умумий барча нарсалар туркумига дохил бўлишлигини сиз яхши биласиз. Албатта, Аллоҳнинг холиқлиги ўзининг иродаси ва ихтиёри биландир, ниманингдир сабабияти, кимнингдир файзи ёки нимадандир чорасизлиги туфайли эмас. Демак, нарсалар бир биридан қанчалик олдин ёки кейин бўлишидан қатьий назар, барчаси янги пайдо бўлган ҳисобланади. Кўплаб баробар нарсалар орасидан, афзалини ажратиб берувчи нарса топилмагунга қадар, улардан ҳеч қайси бирига қадимлик сифатини бериш мумкин эмас.    Ва бу тарзда, улардан бири қолиб бошқасига қадимлик сифатини бериш ақл уни тан олмайдиган ботилдир.


Аллоҳ таолонинг Анкабут сураси 20-оятдаги


 قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانْظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ


(“Сен: “Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал бошдан қандай яратганига назар солинглар...””) сўзларининг маьноси нимадан иборат?! Биз, нарсаларнинг бошланиши унинг йўқликдан орқада эканлигини ифодалашини яхши биламиз. Агар бордию, модданинг асли Аллоҳнинг вужудияти билан бирга қадим вужудиятга эга бўлганда, у ҳолда унинг ибтидоси бўлмас эди, Аллоҳ таоло уни ўз муҳкам китобида бир неча маротаба такрорлаганидек, Аллоҳнинг унинг яратишини бошлаш, деб сифатламас эди.  Ояти каримадаги “الخلق” (яратилмиш) калимаси умумий бўлиб, у инсон ва Ундан ўзга барча мавжудоту махлуқотни ўз ичига олади.


Бузғунчи файласуфларнинг ташқариси ялтироқ, аммо ичи пуч бўлган, “юқоридаги оят фақатгина инсон яратилиши ҳақида ҳикоя қилади”,  деган сўзлари сизни алдаб қўймасин. Уларнинг фикрича, юқоридаги оят, диққатларни Аллоҳнинг инсонни лой, сўнгра унинг ачитилмаси, кейин эса кўза каби қуритилган лой ҳолатидаги яратиш кайфиятларига қаратмоқчи. Хўш, ҳолат улар айтаётгандек бўлса, яьни, эьтиборларни қаратиш фақатгина инсоннинг яратилишига махсус бўладиган бўлса, у ҳолда ер юзида сайр қилишнинг нима кераги бор!?  Инсоннинг яратилишини ўрганиб билиш учун ер юзида сайр қилиш шартми!? Аксинча, оят диққат эьтиборларни умум коинот яратилиш қиссасига қаратмоқда.


Холиқ азза ва жалланинг Ҳадид сураси; 3-оятдаги


 هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآَخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ


(“У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир”)  сўзларидаги Аллоҳ таолонинг الْأَوَّلُ (Аввал) исмининг маьноси қандай бўлади? Бизнинг орамизда,  ْأَوَّل нинг исми тафзил эканлигини, ва у аслида افعل вазнидаги اوءل эканлигини билмайдиган киши бўлмаса керак. الْأَوَّلُ нинг тақдирий мазмуни “фалон нарсалардан аввалроқдир”, яьни, “борлик жиҳатидан фалон нарсадан илгарироқдир” бўлади. Исми тафзил қоидасига биноан таҳлил қиладиган бўлсак, Аллоҳ азза ва жалланинг  الْأَوَّلُ исмига кўра, Аллоҳ улардан аввалроқ бўлган ўша нарсалар нималардир? Аллоҳ борлик жиҳатидан нималардан аввалроқ, деб эьтиқод қилинади? Бирон мусулмон киши, “الْأَوَّلُ нинг тақдирий маьноси,  У барча нарсалардан аввалроқдир; яьни, борлик жиҳатидан ҳамма нарсадан муқаддам” эканлигини билмаслиги мумкинми? Қайси мусулмон: “йўқ, الْأَوَّلُ нинг тақдирий маьноси “Аллоҳ баьзи нарсалардан аввалроқдир. Нарсаларнинг асли ва аввалги турлари бундан мустаснодир.” бўлади. Бас, шундай экан ўша нарсалар ҳам, Аллоҳнинг қадиймлиги каби, қадиймдир” деб айтишга журьат қила олади.  Мана бу иккинчи қавл Аллоҳ таолога الْأَوَّلُ исми борасида ширк маьносини ифодалайди.


Сиз, юнон мантиқидаги “нарсалар муқоясаси”ни далил қилиб келтираётганларга қулоқ солманг. Улар: “Аллоҳнинг “Аввал” исми муҳмал (умум ёки жузьийликни аниқ билдирмайдиган) хабар ҳукмидадир. Бундай хабарлар эса, жузьийликка далолат қилувчи хабар ҳукмидадир. Бас, бу қоида эса, Аллоҳ азза ва жалланинг, борлик жиҳатидан, махлуқларининг кўпларидан илгарироқ эканлигини билдириб, Унинг барча нарсалардан аввалроқ бўлишини шарт қилмайди” деган сўз ўйинини қиладилар.


Ўйлаб кўринг, биз ибн Таймийя р.а нинг зеҳниятига ёпишиб қолган ушбу асоссиз гумонга қарши, ибн Таймийя р.а нинг ўзи бизга ўргатган манҳаж ёрдамида муноқаша қилмоғимиз ажабланарли эмасми?! Бизга манҳаж ўргатган ибн Таймийя р.а, ушбу масалада файласуфларнинг, энг хатарли гумроҳликларидан бири устига қурилган асоссиз гумонларини, улар билан бирга туриб мудофаа қилмоқдалар.


Биздаги таажжуб, ибн Таймийя р.а ўзини Аллоҳ азза ва жалла китобидаги очиқ-равшан нассларни билмасликка солишлари ҳолатини кўргач, янада зиёда бўлади. У кишининг ҳатти-ҳаракатлари орасида, янада ғаройиб ҳолат  мавжуд. Ибн Таймийя р.а юқоридаги мавзуга оид, Пайғамбаримиз с.а.в тарафларидан ворид бўлган, уч саҳиҳ ривоят орасида ўз раьйларига яқинроғини танлаш учун, уларни ўрганиб чиқишга беҳуда, керагидан ортиқ куч-ғайрат сарфлаганлар.  Ва натийжада, улар орасидан ҳеч қайси бирини устун қўйишга эҳтиёж бўлмай туриб, ўша уч уривоятдан бирини қолган иккитасидан устун қўйиб, қолган иккаласига ноҳақ ва асоссиз жароҳатлар етказган. “Саҳийҳул Бухорий” нинг “Яратилмишнинг бошланиши” китобида “Аллоҳ (давомли) бор эди, ваҳоланки Ундан ўзга нарса йўқ эди” дейилади. Ҳудди шу китобда, Абу Муовия ривоятида “барча нарсадан олдин Аллоҳ таборака ва таоло (давомли) бор эди” дейилса, “Тавҳид” китобида “Аллоҳ (доимий) бор эди, Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди” дейилади. Дастлабки икки ривоят, “аввали бўлмаган янги пайдо бўлган нарсалар мавжуд” (яьни, тур жиҳатидан нарсалар қадим) дегувчи файласуфларга қарши аниқ-равшан  далилдир. Ибн Таймийя р.а эса ушбу икки ривоятга жароҳат етказиб, учинчи ривоятни, яьни “Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди”  ривоятини улардан устун қўймоқчи бўлди. Аслида ибн Таймийя р.а, усули фиқҳ уламолари барчасига маьлум бўлган, нассларни жамлаш қоидасини яхши билар эди. Бу қоидага кўра, насслар орасида зиддият пайдо бўлса-ю, улар орасини жамлаш имконсиз бўлгандагина таржийҳ қоидасига бош урилади. Модомики ривоятлар орасини жамлаш мумкин экан, аслида улар орасида зиддиятнинг ўзи йўқ, ўша ривоятларнинг барчасига бирдек мурожаат қилиш, улардан ҳеч қайси бирини амалсиз ташлаб қўймаслик, улардан бирини бошқасидан афзал кўрмаслик лозим.  Мазкур уч ривоят бир-бирларига жуда мутаносиб, улар орасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Ҳақиқатан ҳам “Аллоҳ таоло (бардавом) бор эди, ваҳоланки У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди; Ундан ўзга ҳеч нарса йўқ эди; Ундан олдин ҳеч нарса йўқ эди.” Модомики умумий маьно мавжуд экан, ривоятлардан бирини устун қўйиш, унга суяниб, бошқа икки ривоятни амалсиз ташлаб қўйишга, ибн Таймийя р.а ни ундаган нарса нима?!    Мазкур усулий қоида борасида тортишув ва ихтилоф йўқ. Ибн Таймийя р.а дан зиёд бошқалар ҳам бу қоидани жуда яхши биладилар.


Ибн Таймийя р.а тасарруфларини мақтагувчи ва танқид қилгувчи гуруҳлар орасида, унинг фикрларини тўғрилаб туришда мўьтадиллардан бўлган ибн Ҳажар р.а, ибн Таймийя р.а нинг айнан мана шу кераксиз тасарруфини  хунук санаган.


Ибн Ҳажар р.а ўзининг “Фатҳул Борий” асарида шундай дейди: “ “Яратилмишнинг бошланиши” (китоби)да “ваҳоланки Ундан ўзга нарса йўқ эди”, Абу Муовия ривоятида “Аллоҳ барча нарсадан олдин (бардавом) бор эди” лафзлари (зикр қилиниб) ўтди. Бу, “У (бардавом) бор эди, У билан бирга (ҳеч) нарса йўқ эди” маьносида бўлиб, бу ушбу боб ривоятидан “яратилган нарсаларнинг аввали йўқ” дегувчиларга қарши аниқ ва равшан раддиядир.  (Ҳудди) мана шу (даьво) ибн Таймийяга мансуб бўлган хунук саналадиган масалалардандир. Мен ибн Таймийянинг мазкур ҳадис атрофидаги сўзларини ўрганиб чиқдим. У бу бобдаги бошқа (ривоятлар)дан кўра мана шу ривоятни устун қўяди. Аслида эса, ривоятлар орасини жамлаш қоидаси ушбу ривоятни  “Яратилмишнинг бошланиши” (китоби)даги бошқа (ривоятлар)га ҳамл қилишни тақозо қилар эди, бунинг аксини эмас.


Ваҳоланки, (уламолар) иттифоқига кўра, (ривоятлар орасини) жамлаш (улардан бирини бошқасидан) таржиҳ қилишдан муқаддам туради.[16]”


Ибн Таймийя р.а ни, бир қанча бир-бирини тўлдиручи ҳукмида бўлган ривоятлар ичидан бошқаларига мухолиф бўлмаган “Ундан илгари (ҳеч) нарса йўқ эди” ривоятини ихтиёр қилишга нима ундаганлигини сиз яхши биласиз.  Албатта, ибн Таймийя р.а нинг бу ихтиёри насслар тафсири борасида муттафақ бўлган қоидага зид эди. Биз ўша зиддиятни юқорида зикр қилиб ўтдик. Ибн Таймийя р.а, файласуфлар айтадиган “нарсалар бир-биридан давомий пайдо бўлиши жиҳатидан ниҳоясиздир” сўзларига қарши бирон сўз тополмади.  У ўзича, бу мушкулотдан қутилиш чораси сифатида ўз таьбири билан айтганда “муайян нарсалар пайдо бўлиши билан нарсаларнинг бирин-кетин пайдо бўлиши орасини ажратиш” йўлини танлади. У кишининг сўзларининг маьносига кўра, муайян нарсалар ҳақида қадим деб бўлмайди; аммо нарсалар умумий бирин-кетин пайдо бўлиши ҳақида эса,  уларни Аллоҳ  азза ва жалла билан бирга қадим, дейиш жоиз!


Ибн Таймийя р.а даьволари орасида энг ғаройиби “муайян, жузьий нарсаларнинг янги пайдо бўлганлигини билган ҳолда нарсаларнинг навь жиҳатидан қадимлигини айтган кимсанинг кофир бўлиши ҳақида ижмоь йўқдир” даьвосидир.


Дейлик-ки, Қурьони каримдан бўлган юқорида зикр қилинган оятлар ва ушбу саҳиҳ Набавий баёнлар бу масалани Исломий ақийда заруратларидан қилмайди. Мусулмон имом ва уламолари ҳам “модда ёки унинг аслий навьининг қадимлигига эьтиқод  қилган” кишининг кофир бўлишига ижмоь қилмадилар. У ҳолда, ўша уч сабаб нимадан иборат эдики, улар билан шуғулланган файласуфларнинг кофир бўлишларига мусулмон имомлари ижмоь қилдилар?


Юқоридаги гап-сўзларга қарамасдан, ибн Таймийя р.а нинг ўша ботил даьволарига қарши энг муносиб раддияни яна ўша  ибн Таймийя р.а нинг ўзи беради! Ибн Таймийя р.а нинг ўзи, оламни (хоҳ умум навь, хоҳ муайянлик жиҳатидан) қадим деган кишининг кофир бўлишини исбот қилади ҳамда бир қанча ўрин ва муносабатлар билан ўз рисоласи ва китобларида бу ҳақида ижмоьни нақл қилади.


У ўзининг “Ал-Родду алал-Манотиқа” рисоласида, яратилмишларнинг аввалсиз бор эканлиги ҳақида сўзловчилар гапларини ботилга чиқазувчи далилларни бирин-кетин келтириб ўтади. Ва ундан сўнг “зеро (барча) пайғамбарлар Аллоҳдан ўзга барча нарсанинг аввал бўлмасдан сўнгра янги пайдо бўлган яратилмиш эканлигига; Аллоҳнинг қадимлиги ёнида У билан қадим бўлган бирон нарса йўқ эканлигига муттафақдирлар” дейди[17].


Шунингдек, у “истиво” ва Аллоҳнинг сифатларига доир баьзи оятлар ҳақидаги рисолаларидан бирида “сўнгра уларга қарата: “агар сизлар самолар ва ернинг қадим ҳамда доимийлиги хусусида сўзлайдиган бўлсаларингиз, (билиб қўйингларки) бу куфрдир ва бу оламнинг қадимлиги хусусидаги сўздир...” дейилади” дейди[18].


Ахир, Ибн Таймийя р.а ўзи айтаётган сўз каби сўзни айтаётган ибн Ҳазм р.а ни  айблаяпди-ку! Ибн Ҳазм р.а мусулмонлар тарафидан нақл қилган ижмоь билан ибн Таймийя р.а омма пайғамбар ва расуллар с.а.в дан нақл қилаётган мувофақатнинг нима фарқи бор?!


Биз ибн Таймийя р.а нинг бу ўриндаги айтган сўзлари тақозоси билан бошқа ўринда “нарсалар навьларининг қадимлиги” хусусида файласуфлар мазҳаби тарафида туриб айтган сўзларини мувофиқлаштирмоқчи эмасмиз. Агар ўша гапларини эьтиборга оладиган бўлсак, ўзи берган ҳукмга биноан уни кофир санашимиз лозим бўлади. Аммо ибн Таймийя р.а ҳақида бундай ёмон гумонга борилмайди. У кишининг шаьнини ҳимоя қилишнинг энг чиройли йўли, унинг бир-бирига зид ажойиб ва ғаройиб сўзларининг сабабчиси бўлган ҳолатларни ўрганиб чиқиш орқали зоҳир бўлади. Ибн Таймийя р.а, табиатан кўплаб имом ва уламоларни танқид қилишга ўч бўлган.  У ҳатто бу орқали лаззат олиб, бундан бахтиёр бўлган.  Унинг юқорида ўтган сўзларига қарасангиз,  унинг ушбу масалада файласуфлар тарафида турганлигини, зоҳиран қаралганда улардан куфр маломатини  даф қилишга ҳаракат қилаётганлигини кўрасиз, гўё. Аслида эса, ибн Таймийя р.а улардан эмас, фақатгина уларга куфр нисбати ижмоьсини даьво қилаётган киши ибн Ҳазм р.а бўлганлиги ва ибн Таймийянинг эса уни танқид қилишга бўлган иштиёқининг кучли бўлганлиги уни тортишилаётган ҳукмларни ҳали яхшилаб ўрганмасдан туриб баҳсга киришиб кетишига сабаб бўлган. Демак ибн Таймийя р.а нинг файласуфлар тарафига ўтиб олиши ва моддаларнинг навь жиҳатидан қадимлик даьвосини қилиш ҳақидаги қавлни енгил санашлигининг асосий сабаби шу эди. Унинг назди ва шуьурида ибн Ҳазмнинг хатоларини фош қилиш ва жоҳиллигини баён қилиш учун энг кучли далил ўша нарсалар бўлган. Аммо унинг ўзи билган-билмаган ҳолда бу сўзлари билан файласуфлар тарафига ўтиб қолган.


Менимча, ибн Таймийя р.а нинг биз у ҳақида шубҳа қилишни ҳеч ҳам истамайдиган Исломий ақийдаси мудофааси учун энг муносиб узр ва оқлов мана шудир.  Акс ҳолда, ушбу масала хусусида ибн Таймийя р.а тарафидан бир-бирига зид бўлган ғаройиб қарама-қаршиликлар мавжуд. Бордию, ўша сўзлари учун у кишини оқлашнинг бошқа йўллари бўлса, бизга бу йўлларни билганлар ўргатсинлар, биз улардан миннатдор бўламиз.


Иккинчи масала:  (қуйидаги жумлалардаги “сабаб” ва “мусаббаб”лардан мурод, бир нарсанинг бўлишига иккинчи нарсанинг топилиши шарт қилиб қўйилишидир. Гўёки, атрофнинг ёришишига қуёш сабаб. Агар қуёш бўлмаса атроф ёришмайди, каби. Яьни, сабаб бўлмаса натийжа ҳам бўлмайди. қуёш бўлмаса атроф ёришиши мутлақо мумкин эмас, тушунчаси каби нарсалар.) ибн Таймийя р.а нинг “нарсаларда зотий сабаблар яширинган”ми  (яьни, ташқаридан эмас, балки ўз зотида мавжудми) масаласида аҳли суннат оммасига мухолиф чиқиб, аксинча файласуфлар тарафига ўтиб олиши. Қадимги файласуфларнинг барчаси ёки уларнинг кўпчилиги сабаблар нарсаларга ташқаридан келмайди, балки улар уларнинг ўз табиатида мавжуд эканлигига иқрор бўлганлар. Аммо Форобий, ибн Рушд каби исломий файласуфлар эса, сабаблар Аллоҳ уларга омонат қилиб бериб қўйган қувват ёрдамида бўлишлигига келишганлар. Ҳар иккала фирқада ҳам бирдек муштарак бўлган нуқта, нарсалардаги “иллат” ёки “сабаб” деб номланувчи фаолият ташқи эмас, балки уларнинг ўз ичига яширинган дейишларидадир.  Ушбу тасаввур аҳли суннат вал жамоат ақийдасига зид ҳисобланади. Аҳли суннат вал жамоат ақийдасига биноан, нарсалар бир-бирига яқинлашган ёки йўлиққан чоғда биз гувоҳи бўладиган натийжа  ва асарларни ҳам, бошқа барча нарсалар каби,  Аллоҳ таолонинг ўзи яратади. Биз бу нарсаларни “сабаблар” ва “мусаббаблар” деб атаймиз. Аслида “сабаб” дейилаётган нарса ҳақиқий сабаб эмас.  “Сабаб” калимаси, биз сабаб ва мусаббаб деб ўйлайдиган нарсаларнинг яқинлашиши пайтларида қайта-қайта такрорланавериб одат ва доимийлик кўринишига эга бўлиб қолган нарсанинг нафсларда қолдирган ҳиссиётини ифодалаш учун ишлатилган сўздан иборат холос.


Аммо ибн Таймийя р.а. эса, ушбу ақийдани кескин рад қилади. У бу масалада, ҳақиқат исломий файласуфлар  айтганлари кабидир, дея туриб олади. Юқорида эслаб ўтганимиздек, исломий файласуфлар наздида, Аллоҳ таоло нарсаларга омонат қилиб бериб қўйган қувватлар тимсолида уларда яширин сабаблар мавжудки, ана ўша нарсалар натийжа ва мусаббабларнинг юзага келишида зотий омил ва муассир (таьсир қилувчи) ҳисобланади. Бу ҳақида ибн Таймийя р.а шундай дейди: “Кимки: “Аллоҳ (мева ҳосилларини сабаблар ҳукмида бўлган ёмғир ёғган) чоғда қилади (яратади), (ўша сабаблар, яьни ўша ёмғир) воситасида эмас” деса, бас у Қурьонда келган нарсага хилоф қилган ва Аллоҳ яратган қувватлар ва табиатларни инкор этган бўлади. Ва у, банданинг қудрати мисоли, ҳайвонлар унинг ёрдамида бирон фаолият қиладиган ҳайвонлардаги Аллоҳ таоло яратган қувватларни инкор қилганга ўхшайди[19].”


Шунингдек, у ўзининг “Ал-Родду алал-Манотиқа” рисоласида: “бас, биз, оловда қайнатишни тақозо этадиган қувват; сувда совутишни тақозо қиладиган қувват; кўзда кўрсатишни тақозо қилувчи қувват ва тилда таьм сезишни тақозо қиладиган қувват бор эканлигини биламиз”, дейди.


“Мажмувь ал-фатово” асарининг 9-жилд; 287-бетида эса, “инсонлардан баьзилари, Абу Ҳасан ал-Ашьарий қавли ва унга эргашган Молик, Шофеьий, Аҳмад асҳоблари ва бошқалар каби, қувват ва табиатларни инкор қиладилар. Қувватлар ва табиатларни инкор қилган ана ўшалар, сабабларни ҳам инкор қиладилар. Улар: “Аллоҳ (бирон-бир ҳодисани сабаблар топилган) чоғда қилади, (сабаблар) воситасида эмас”, дейдилар.  Улар яна: “Аллоҳ нон воситасида тўйғизмайди; сув воситасида чанқоқни қондирмайди; ўсимликни сув билан ўсдирмайди, балки улар (яьни, нон ва сув кабилар топилган) чоғда (тўйдиради; чанқоқни қондиради ва ўсимликларни ўстиради), ўша нарсалар воситасида эмас”, дейдилар. Улар бу гаплари билан Китоб, Суннат ва салафнинг ижмоьсига(!), шу билан бирга ақлнинг очиқ далолатига ҳам мухолиф чиққан бўладилар.” деб ёзади ибн Таймийя р.а.


Ўз сўзларига Қурьони карим  оятларидан далил келтиришга ҳаракат қилган ибн Таймийя р.а сўзини давом этдириб шундай дейди: “барча инсонлар ақллари ва ҳиссиётлари билан, баьзи нарсаларнинг баьзи нарсаларга сабаб эканлигини, яхши биладилар. Улар бу нарсаларни, овқатланиш билан тўйилиши, санаш билан  эмас; Аллоҳ таоло қавлидаги وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ (“...сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни...” ; Анбиё сураси; 30-оят) каби, сув ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаёти учун сабаб эканлигини билганларидек биладилар. Ҳа, ҳайвонларнинг чанқоқлари сув ичиш билан қонади, юриш билан эмас.”


Ва ҳоказо, ибн Таймийя р.а ўзининг юқоридаги сўзлари билан Арастунинг иллат назариясини очиқ эьтироф қилаётган бўлади. Ундан ташқари, моддага мустақил, зотий фоилият (иш-ҳаракат содир этиш) қобилиятини берувчи фалсафий маьнодаги “ғариза” назариясини ҳам тан олаётган бўлади. Янада нозикроқ таьбир билан айтганда, ибн Таймийя р.а ўзининг юқорида зикри ўтган сўзлари орқали сабабга, аслида эса сабабнинг мусаббиби (яьни, сабабни келтирувчиси) бўлган нарсага “моҳият” мақомини беради. Ана шу сўзлари орқали, у исломий мазҳаб руҳиятидан ташқарига чиқиб кетади. Ҳудди ана шу сўзлари орқали, доктор Алий Сомий Нашшор айтганидек, Арасту мантиқининг энг муҳимларидан бўлган асосий фикрларни тан олган бўлади[20].


Энг таажжубланарли жиҳат шундаки, ибн Таймийя р.а Арасту мантиқининг асоси бўлган ўша фалсафий фикр Қурьон иқрор қилган нарсанинг айнан ўзидир, бас кимки унга мухолиф чиқса, демак Қурьонда келган нарсага мухолиф чиққан бўлади, маьносидаги сўзида қатьий туриб олишидир.


У назарда тутган “Қурьоний далил”дан мурод, Аллоҳ таолонинг Аьроф сураси; 57- оятдаги  فَأَنْزَلْنَا بِهِ الْمَاءَ فَأَخْرَجْنَا بِهِ مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ ( “ундан сув тушириб, ўша ила турли мевалар чиқарамиз”),  Намл сураси; 60-оятдаги فَأَنْبَتْنَا بِهِ حَدَائِقَ ذَاتَ بَهْجَةٍ ( “Бас, Биз у (сув) билан гўзал боғлар ўстирдик.”), Исро сураси; 12-оятдаги وَلِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ ( “ ...йиллар ададини ҳамда ҳисобини билсангиз.”),  Ғофир сураси; 80-оятдаги وَلِتَبْلُغُوا عَلَيْهَا حَاجَةً (“дилларингиздаги ҳожатларга етишингиз учундир.”) ва шу каби бошқа оятлардаги بِ (сабабият “бо”си) ва َلِ(сабабият “лом”и) дан олган тушунчаларидир.


Бу мазкурларга жавобан биз: “ агар ибн Таймийя р.а, ушбу оятлар ва шу кабилардаги بِ “бо”лар ҳақийқий сабабиятга далолат қилади, деб назарда тутаётган бўлса, билиб қўйиш лозимки, бу нарса бутун Ислом миллати иттифоқи ва Қурьоний қатьий насслар далолатига биноан куфр ва Аллоҳга ширк келтириш саналади. Ибн Таймийя р.а фикрича, Аллоҳ таоло ўсимликни ўстириш учун сувни, ёмғир ёғдириш учун булутни воситачи қилган. Бу эса, Аллоҳ азза ва жалла ожизки, бошқадан қувват олади ва У барча нарсанинг яратувчиси эмас, деган маьноларни ифодалайди.


Борди-ю ушбу ب “бо”лар аҳли суннат вал жамоат оммаси тушунадиган маьнода тушунилса, у ҳолда  бу ب “бо”лар ҳақийқий эмас, балки суньий сабабликка далолат қилади. Яьни, Аллоҳ таоло булут билан ёмғирни бир-бирига шу қадар доимий яқинлаштириб қўйганки, ташқаридан қаровчига, гўёки биринчиси сабаб, иккинчиси эса мусаббаб каби, ва улар орасидаги алоқа эса ҳудди табиийдек кўрина бошлайди. Аслида иш кўринганидан бошқачароқ, яьни биринчиси билан иккинчиси орасини Илоҳий боғлиқлик боғлаб туради холос. Аҳли суннат вал жамоат иқрор қилган, Қурьон ва Суннат насслари билан муттафақ бўлган ҳақийқат мана шудир.”, деб айтамиз.


ب “Бо” ҳарфи, одатда биз сўзлашувларимизда ишлатаётган ҳақийқий сабабийятга далолат қилмаслигига бўлган иттифоқ давомли экан, у ҳолда ب “бо” ҳарфини юқоридаги каби маьнолар учун ҳужжат сифатида ишлатиш ботилдир.  Зеро ب “бо” ҳарфининг ҳақийқий сабабийятга далолат қилишини билдирадиган бирон далил йўқдир. Юқорида зикри ўтган ب “бо” ҳарфларининг маьноси ҳақийқий сабабиятни эмас, балки мажозий сабабиятни ифодалаши эса муттафақдир.


Мазкур маьнони ихтиёр қилиш боиси, айнан мана шу маьно Аллоҳ таоло сифатлари ва исмлари билан муттафақ ҳамда Қурьоний собит далолатлар билан мувофиқ келганлигидир.


Хўш, ибн Таймийя р.а, файласуфлардан иқтибос олиб, улар ортидан кетиб қабул қилган маьнолари Аллоҳнинг собит ва маьлум исмлари, сифатлари ҳамда очиқ далолатга эга бўлган Қурьоний нассларга мувофиқми?!


“Аллоҳ таоло нарсаларга (турли) табиатлар ва таьсирли қувватлар бериб қўйди” сўзи, Аллоҳнинг улуҳий сифатлари ва собит Қурьоний насслардан маьлум бўлган жумлалар билан мувофақатга кела оладими?!


Аллоҳ таоло исмлари орасида “الْقَيُّومُ” (“ал-Қойюм”) исми мавжуд. Унинг маьноси “махлуқлар ишини доимий ва узлуксиз тадбирини кўриб турувчи қоим зот” деганидир. Ушбу маьнонинг тафсилоти қуйидаги оятларда ҳам зикр қилинади. Фотир сураси; 41-оятда “إِنَّ اللَّهَ يُمْسِكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ أَنْ تَزُولَا” ( “Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур.”), Рум сураси; 25-оятда “وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ تَقُومَ السَّمَاءُ وَالْأَرْضُ بِأَمْرِهِ” (“ Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир.”) дейилади. Аллоҳ таолонинг осмонлар ва ерни ушлаб туриши, бу Унинг уларни бошқариб туриши, уларнинг Илоҳий таквийний амрларни бажаришларига ҳидоят қилиб туриши, маьносида эканлигини биз яхши биламиз. Бу нарсалар эса, агар таьбир жоиз бўлса, сония-сония янгиланиб, доимий узлуксиз давом этиб туради. Биз “сония” вақт ўлчов бирлигини, бизга маьлум бўлган энг қисқа вақт бирлиги ҳозирча ана шу бўлганлиги учун келтирмоқдамиз. Маьлумки يُمْسِك  ва تَقُومَ феьллари тинимсиз янгиланиб туришга далолат қилиб,  улар биз айтаётган маьнога оид насслардан ҳисобланади.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “الْقَيُّومُ”  исмига оид мана бу Илоҳий баён билан файласуфлар сўзлаётган, ибн Таймийя р.а уни тасдиқлаган сўзлар тўғри келадими?! Уларнинг фикрича, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага (ўзига хос) табиат ва қувватлар берган. Улар ўша нарсалар билан асарларни юзага келтиради, ўша нарсалар билан натийжаларга эришади.


Агар биз ишни улар айтгандек тасаввур қилсак, у ҳолда Аллоҳ таолонинг зоти хусусидаги қайюмийят сифати йўқ бўлиб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг  اللَّهَ يُمْسِكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ أَنْ تَزُولَا (“Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур.”) сўзининг маьнолари ҳам йўққа чиқиб қолади. Фаразан, нарсаларга, улар ўйлаётгандек, қувватлар бериб қўйилса, энди улар ўз ишларини мустақил равишда уддалай оладиган бўлиб қолади. Энди уларга ҳеч қандай ташқи узлуксиз кўмак шарт бўлмай қолади. Ва натийжада улар, ҳудди бугунги кунда маьлум бўлган программалаштирилган ақлли жиҳозларга айланиб, уларга маьлум бир программани киритиб қўйишнинг ўзи кифоя қилади. Бу тарздаги мосламалар узлуксиз ташқи ёрдамларсиз ҳам, ҳатто ўша жиҳознинг ихтирочиси назоратисиз ҳам ўз вазифасининг уддасидан чиқаверади!


Ундай бўлса, Қурьон нассларининг очиқ далолатлари, ибн Таймийя р.а уларни Молик, Шофеьий, Аҳмад асҳоблари ва бошқалар, деб айтган аҳли суннат вал жамоат сўзини қўллаб қувватлайди. Улар Аллоҳнинг каломи ва Расулуллоҳ с.а.в суннатлари тақозосидан юз ўгирувчи ёки унга мухолиф чиқувчи кимсалар эмас, балки уларга ўта қатьий риоя қилган кишилар саналади.


Дарҳақиқат, Илоҳий Баёнда сабабийят ва иллат ҳарфлари қўлланилгани ростдир. Аммо, ушбу ҳарфларни, мавзу Аллоҳ ҳақида бўлганда, ҳақийқий маьнода тушунмаслик керак эканлиги хусусидаги очиқ насслар Каломуллоҳда жуда кўп учрайди. Аллоҳ таоло Муьминун сураси; 22-оятда وَعَلَيْهَا وَعَلَى الْفُلْكِ تُحْمَلُونَ (“Ва уларга ва кемаларга юкланурсизлар.”) дейди.  Аммо, оятдаги “ҳомил-юкловчи”дан мурод кема экан ёки кемага қувват берилган эканки, ўша қувват билан у сув юзида сузиб юрар экан, деган маьно нотўғри хаёл тасаввурингизга келиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло зудлик билан унинг ортидан Ёсин сураси; 41-оятда وَآَيَةٌ لَهُمْ أَنَّا حَمَلْنَا ذُرِّيَّتَهُمْ فِي الْفُلْكِ الْمَشْحُونِ (“Улар учун Биз уларнинг наслларини тўла кемада кўтарганимиз (юклаганимиз) ҳам бир оят-белгидир”), дейди.


Аллоҳ таоло ҳудди мана шу маьнони таькидлаш маьносида, Қамар сураси; 13-14-оятларда


 وَحَمَلْنَاهُ عَلَى ذَاتِ أَلْوَاحٍ وَدُسُرٍ (13) تَجْرِي بِأَعْيُنِنَا جَزَاءً لِمَنْ كَانَ كُفِرَ


( “ Ва у (Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига кўтардик. У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила юрадир.”),


Ҳуд сураси; 41-оятда эса Аллоҳ таоло Нуҳ а.с кемаси ҳақида эслатар экан, Нуҳ а.с нинг


  بِسْمِ اللَّهِ مَجْرَاهَا وَمُرْسَاهَا إِنَّ رَبِّي لَغَفُورٌ رَحِيمٌ


(“...унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур.”) деб марҳамат қилган. Демак, кемадагиларнинг ҳақийқий ҳомили, кўтарувчиси-юкловчиси Аллоҳдир; уни сув сатҳида юргизувчи, уни ва ундагиларни ғарқ бўлиб кетишдан сақловчи зот ҳам Аллоҳ азза ва жалладир.


Ҳеч бир араб тараддуд қилмайдиган ушбу Баёни Илоҳий қаршисида, нарсалардаги гумон қилинган ўша сабабийят ва бериб қўйилган қувватлар қаерда қолди?!


Саййидимиз Нуҳ а.с ўғли, отаси билан бирга кемага минмасликдан узр сифатида:


 سَآَوِي إِلَى جَبَلٍ يَعْصِمُنِي مِنَ الْمَاءِ


(“ У (ўғил): “Тоққа жойлшиб олсам, мени сувдан сақлайдир”), деди. Нуҳ а.с эса, Роббул изза тарафидан бўлган ваҳий ва илҳом орқали унга жавобан:


 لَا عَاصِمَ الْيَوْمَ مِنْ أَمْرِ اللَّهِ إِلَّا مَنْ رَحِمَ


(“Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)”, деди.


Ҳақиқатдан ҳам, Нуҳ а.с нинг ўғли масалани нотўғри баҳолади. У ўзича, денгиз суви тошмоқда, денгиз унга бериб қўйилган табиий қуввати билан борлиқни ғарқ қилмоқда, дея тасаввур қилди. Ўша бузуқ тасаввурига биноан, у ўзича бир “табиий қувват”дан бошқа “табиий қувват”га қочмоқчи бўлди, яьни, тоғ тепасидан паноҳ топмоқчи бўлди. Ўша онда унга Илоҳий раддия келди. Унга кўра, бу тўфон сувга бериб қўйилган қувват эмас, балки Аллоҳнинг салтанати ва амри билан содир бўлмоқда эди. Сув эса, Аллоҳнинг амрини сонияма-сония ижро қилаётган аскарлардан бири эди холос.


Ваҳоказо, сиз Қурьони каримда икки нарса орасини боғлаб турувчи “сабабият ҳарфлари”ни учратасиз. Ҳақиқат шулки, улар ўша икки нарса орасидаги пайдо ва зоҳир бўлиш борасидаги тартибу танзимни ифодалашдан бошқа мақсадда келган эмас.  Токи инсонлар ана шу тартиб ва интизом асосида коинот ва ҳаёт ўртасидаги муомала ва муносабатларни қурсинлар. Инсонлар елкаларига олишлари вожиб бўлган Аллоҳ белгилаган шарьий аҳкомлар ва масьулиятлар билан Аллоҳ таоло иродаси ва ҳукми ила, нарсалар орасидаги кетма-кетлик, яқинлик тартибларини ҳам мана шу интизом ва тартиб асосида мувофиқлаштирсинлар. (Қисқача қилиб айтганда, инсон Аллоҳнинг бандаларига нисбатан бўлган таклифлари ва Аллоҳнинг табиатда жорий қилган қонунлари ҳар иккаласига риоя қилишда ана шу тартиб ва интизомга эьтибор берсин.) Акс ҳолда, ибн Таймийя р.а ва унинг файласуф тарафдорларининг Аллоҳ таолонинг


 وَهُزِّي إِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَبًا جَنِيًّا


(“Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади” (Марям сураси; 25 оят)) ояти сўзлаётган “сабабият” маьносини қандай тушуниш мумкин?! Ҳа, ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло янги хурмо меваси туширилишини, тартиб жиҳатидан, Марямнинг хурмо дарахти танасини силкитиши ортидан  рўй беришини билдирмоқда. Аммо бу сўзлардан, Аллоҳ таоло  Марямнинг қўлига мустақил табиий қувват бериб қўйдики, у ана шу қувват билан хурмо дарахти танасидан янги мевалар тўкдирди, деган маьно тушунамизми?!


Эҳтимол сиз, қуруқ хурмо дарахтини силкитган қўл билан ердаги оддий ўсимликдан ҳосилни узиб олган қўлнинг фарқи бор, демоқчидирсиз. Билиб қуйингки, биринчи қўлга ҳеч қандай таьсир қилувчи қувват берилмаган, фақатгина у одатда учрамайдиган ишни қилди. Аксинча, иккинчи қўл эса, унга таьсир қилувчи қувват бериб қўйилгандек, кўриниши шубҳасиздир, зоҳиран. Биз залолатдан, балки очиқ-ойдинлик даражасига етган ушбу ширкдан Аллоҳга сиғинамиз!


Аслида, ушбу сўзлар моддий воқеьлик мезонида ҳам ботил ҳисобланади. Зеро, ҳар иккала қўл ҳам, силкитиш ва узишга боғлаб қўйилган натийжа билан келмоқда. Марям хурмо дарахти танасини силкитди ва натийжада янги мева тушди. Унинг бу ҳолати, ҳудди иккинчи қўлнинг бир мевага узалиши ва натийжада  уни узиб олиши кабидир.  Хўш, сиз нима учун, “Аллоҳ таоло Марямнинг қўлига, хурмо дарахти танасини силкитишига сабаб бўлган, табиий қувват берди” деб айтмайсизу, аммо одамлар кўз ўнгида ҳар куни жараён этаётган иккинчи қўлга оид ҳатти-ҳаракатни эса, бошқача баҳолайсиз. Яьни, “Аллоҳ унга табиий қувват берди”, деб айтасиз. Агар иккала ҳолатга диққат билан эьтибор бериб қаралса, улар орасида фақатгина битта фарқни илғаш мумкин холос.    У ҳам бўлса, иккинчи ҳолат ҳар куни такрорланаверганидан одамлар бунга одатланиб қолганларини, одамларга бундай ҳолат таниш ҳисобланганлини сезиш мумкин. Аммо биринчи ҳолат эса, одамлар одатида учрамайдиган, улар наздида ғариб саналадиган ҳолат бўлганлигидир. Кимки, фақатгина зоҳирий ҳолатга қараб, одатда кўзлар ўнгида такрор-такрор  учраб турадиган сабаб ва натийжа яқинлигига “бу нарсаларда уларга бериб қўйилган табиий қувват бор”, деса қатьий хато қилган бўлади. Бундай қараш очиқдан очиқ гумон ва хом-ҳаёл бўлиб, ҳеч қандай илмий асосга эга эмас.


Ҳақийқат асли шундай бўлса ҳам, ибн Таймийя р.а ушбу масала борасида, файласуфлар мазҳабига биноан бу сўзлар илмий далил дея ишонганлари сабабли, уларга алданиб қолдилар, дея фараз қилайлик. Ибн Таймийя р.а бу масалада уларнинг сўзларига ишониб, Қурьон насслари ва далолатларига эьтибор бермадилар ва натийжада файласуфлар тушунчаларини ўзларига асос қилиб олдилар.


Менимча, мазкур баҳсталаб масала ҳақида ойдинлик киритиш учун илм тасдиқлаган қуйидаги мухтасар сўзларга қулоқ солишда хайр бор.


Баьзилар, “оловга, ёниши мумкин бўлган нарсаларга яқинлашган чоғда, уларни ёндирадиган табиий қувват бериб қўйилган”, дейдилар. Уларнинг фикрича, ана шу ёндирувчи зотий қувват оловда яширинган. Бу фикр эса, оловнинг ўзи мустақил ёндирувчи ҳусусият ва моҳиятга эга, деган маьнони ифодалайди.  Бу ўринда ҳақли савол пайдо бўлади. Бу сўз эгалари “олов жавҳаридаги яширинган мустақил хусусиятлар”ни қандай қилиб кашф қилдилар? Оловга бундай қувват нисбатини нимага асосланиб бермоқдалар?


Мазкур тасаввур эгалари ушбу саволга жавоб беришда одатда кўрган ҳолатларини далил қилиб келтирадилар холос. Улар оловга, ёнувчи ҳар қандай нарса яқинлашганда, ёниши каби одатий ҳодисани ҳар доим шоҳиди бўлиб турадилар. Бу ҳодиса уларнинг кўз ўнгида содир бўлаётган зоҳирий, такрорий ва умумий яқинлашиш ҳодисасидир.  Мана бу умумий такрорий яқинлик давомийлиги, улар наздида, ушбу ҳолат ортида доимий узвий боғлиқлик бор, деган қаноатни келтириб чиқазади. Натийжада улар, “мана шу узвий боғлиқлик, оловдаги унга берилган ёндириш қуввати сабабидандир”, деган хулосага келадилар. Улар олов ва ёндириш ҳақидаги фикрларини бошқа нарсалар ҳақида ҳам айнан такрорлайверадилар.


Файласуф ва уларнинг тобеьлари ўз ақллари ва фикрларида мустаҳкам ўрнашиб қолган тасаввурлари далили сифатида келтирадиган нарсалар мана шундангина иборатдир.


Модомики ушбу даьволар ботил экан, у ҳолда уларнинг, зоҳири ҳатто баьзи ақлларни ҳам ўзига жалб қилиб оладиган ушбу каломларининг хато ва янглиш жиҳати қаерга яширинган?


Уларнинг мазкур тасаввурларидаги хато “олов ва ёниш орасидаги давомий яқинлик, уларнинг ҳар бирини иккинчисига узвий ва қатьий боғлиқлигига далолат қилади”, тушунчаларидадир. Бу дегани, олов билан ёнувчи нарса яқинлашдими, бас, олов уни ёндириши аниқдир, деганидир. Ҳа, хато айнан мана шу тушунчададир!


Иккита иш орасидаги яқинлик давомийлигининг фақат ўзигина, ана шу иккала нарса орасидаги узлуксиз боғлиқликнинг илмий далили бўлолмайди. Ушбу яқинлик, ҳатто юз йил давом этса ҳам. Шунинг учун ҳам, бу боғлиқликни юзага келтирувчи қандайдир махфий, табиий кучнинг бор эканлигини далил сифатида келтириш нотўғри далил келтиришдир. Зеро бу масалада доимий яқинликни далил санаш даьво қилинаётган матлабдан анча умумий нарсадир.


Файласуфларнинг ушбу каломлари анча-мунча саёз қараш эгаларини ўзига жалб қилишини, мен яхши биламан.


Гоҳида улардан баьзилари: “ахир, олов ва ёниш орасидаги ана шу узвий боғлиқликка оловга бериб қўйилган табиий қувватдан ҳам кучлироқ ва ёрқинроқ далил борми? Олов ва ёнувчи нарса яқинлашган заҳоти, ҳеч қандай истисносиз ёниш ҳодисаси рўй бермоқда-ку. Биз ҳар қандай ёнувчи нарсани оташ ёндираётганини, қайнаш таьсири ортидан сувнинг буғга айланаётганини, ернинг тортишиш кучи таьсири остида жисмларнинг юқоридан пастга тушишини ва шу каби нарсаларни ҳар доим кўриб турибмиз. Ва ушбу ҳодисалардан бизга маьлум бўлмоқдаки, ана шу икки бир-бирига узвий боғлиқ нарсалар орасидаги алоқалар давомли ва собит алоқалардир. Бас шундай экан, нима учун ўз ортидан натийжасини эргаштириб келадиган ушбу собит, доимий алоқа нарсаларга ўша натийжани муҳаққақ келтириб чиқарадиган сабаб тимсолидаги табиий қувватнинг бор эканлигига далил бўлолмайди?!”, дейдилар.


Авваломбор шуни эслатиш ўтиш лозимки, ушбу саволнинг жавоби “илм маьлумга тобеьдир” дейилувчи илмий қоида ортига яширингандир. Бу қоидага биноан, тадқиқотчи ёки изланувчининг миясига ўрнашган тасаввур, ўша ўрганилаётган нарса воқеьлигидаги ҳолатининг  рўйи-рост ишончли суврати бўлмоғи керак. Ана шундагина бу тасаввур “ҳаққоний илм” номини олиши мумкин. Инсон ақли қабул қилган ҳар қандай қарор реал воқеьликнинг ишораси орқали, нафақат ишораси, балки унинг очиқ баёноти орқали бўлиши лозим. Одатда, аввало, “маьлум” келиши шарт. Ана унинг ортидан “илм” келмоғи керак.  “Маьлум”дан мурод, борлиқда лафзнинг маьносига уйғун бўлган мушоҳада қилиб турилган воқеьликдир. “Илм” эса, ақлларда “тушунча” деб номланувчи, тасаввур ёки тасдиқдир. Бордию, мазкур қоида тескари тарафдан қабул қилинсачи?! Яьни, “маьлум” нарса “илм” га тобеь бўлиб қолсачи. Билингки, у ҳолда илм ва жаҳолат орасини ажратиб берадиган ҳеч қандай чегара ва тўсиқ қолмайди. У ҳолда тадқиқотчи ўз хаёлида ўзи хоҳлаган нарсасини тасаввур қилаверади, воқеьлик эса унинг истакларига тобеь бўлиши ва унинг тасаввурлари ҳамда сўзларини тасдиқлашга мажбур ҳолатга тушиб қолади! Бундай бўлиши эса мумкин эмас. (“Инсон” деган лафз ҳақидаги сизнинг тасаввурингизга қараб инсон ўзгарадими ёки воқеьликдаги инсонга қараб сизнинг ақлингиздаги “инсон” ҳақидаги тушунча ва тасаввурингиз ўзгарадими?!  Воқеьликдаги инсон “маьлум”дир, сизнинг тасаввур ва тушунчангиздаги инсон эса “илм”дир. Тасаввурингиздаги инсон воқеьликдаги инсонга тобеь бўлмоғи керак.)


Бас, мазкур қоидани қисқача бўлса ҳам билиб олдик. Ана энди мавзумизни ўша қоидага солиб кўрайлик. Моддалар ҳамда табиатдаги аввалги ва кейинги нарсалар орасидаги яқинлик алоқалари бизнинг юқоридаги қоидамиздаги “маьлум” нарса ҳукмидадир. Ҳақийқатан ҳам биз, ушбу воқеьликдаги яқинлик алоқаларининг бевосита гувоҳ бўлиб турамиз.  Аммо масаланинг иккинчи жиҳати борки, унга кўра, бизнинг тушунча ва тасаввурлармиз “ҳақийқий маьнодаги илм” ҳудуди ичида бўлиши учун, биз ўз тушунчаларимизни воқеьликдан омонат тарзида олинган мулоҳазалар чегараси ичида тутишимиз ва ундан ташқарига чиқмаслигимиз лозим. Мазкур мавзумиздаги реал воқеьлик эса, иккита муайян нарса орасидаги собит яқинлик ёки кетма-кетликдангина иборатдир. Дарҳақиқат, воқеьликда бундан зиёд ҳеч қандай ҳолат йўқ.  Аслида, “ҳақийқий илм” деб номланадиган илм мана шудир.


Биз, “маьлум” ҳукмида бўлган воқеьликни кузатишни ҳар қанча давом этдирсак ҳам, табиатдаги бу яқинлик ҳар қанча давом этса ҳам, илмимизда таькиддан ўзга бирон нарса зиёда бўлмайди. Яьни, воқеьлик таькиддан ўзга бирон маьно касб қилмайди. Таькиднинг танҳо ўзи эса, ҳеч қандай янги маьно ҳам пайдо қилмайди.”, деб айтамиз.


Баьзан айрим файласуфлар сизга: “биз ўзимизда, нарсалар орасидаги яқинлик ва кетма-кетлик давомийлиги ҳодисасидан, биринчи нарсада, иккинчи нарсанинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи, яширин табиий қувват мавжуд,  деган тушунча пайдо қиламиз. Ваҳоланки, биз ушбу тасаввур ва тушунчамиз билан “илм маьлумга тобеьдир” дейилувчи қоидадан ташқарига чиқганимиз йўқ. Зеро, ушбу тушунча, мушоҳада оламидаги реал воқеьликдан олинган ақлий тушунчадир. Ахир, сиз реал воқеьликда сабаб ва мусаббаб (натийжа) орасидаги доимий яқинлик ва  кетма-кетликни мушоҳада қилмаяпсизми?!”, деб айтишлари мумкин.


Уларнинг эьтирозига нисбатан бизнинг жавобимиз шундай бўлади. “Тўғри, ақлнинг соғлом илмий манҳаж асосида мушоҳада оламидаги воқеьликлардаги яширин натийжаларни қидириб топишилиги бор ҳақийқатдир. Зотан, ақлнинг ушбу фаолияти унинг соғлом фаолиятлари орасида энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Ақл ўзининг ушбу фаолияти асносида “илм маьлумга тобеьдир” қоидасига бўйсунаётганлиги ҳам аниқ. Аммо, улар айтаётган ақлий тушунчалар натийжанинг соғломлигини ва унинг “илм” доирасига мансуб бўла олишини кафолатлайдиган даражада соғлом илмий манҳажга асосланганми?!  Муаммонинг асл илдизи, айнан мана шу  саволга бериладиган жавобга кўра бўлади.


Аммо, ҳақийқат шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг ақлларида пайдо бўлган тушунчалар гумондан ўзга нарсага асосланган эмас. Бундай дейишимизнинг боиси, мушоҳада қилинаётган табиат, сизга, воқеьликдаги икки нарса орасидаги яқинликдан ўзга нарсани тақдим қилолмайди.  Икки нарса орасидаги яқинлик ҳар қанча бардавом бўлса ҳам, ушбу яқинлик ўзидан бошқа бирон тушунча ёки тасаввур беришга яроқли эмас. Ҳа, улар айтаётганларидек, ушбу яқинлик ҳодисасини оқилона яхшилаб, синчиклаб ўрганиб чиқилса, бизнинг олдимизга кўплаб эҳтимолларни тахлаб қўяди. Улар айтаётган “сабаб” деб номланаётган табиий қувватнинг мавжудлиги ҳақидаги фараз эса, ана шу эҳтимоллардан биридир холос. Бир қанча фаразлар орасидан айнан мана шу фаразни, ҳеч қандай далилларсиз бошқа фаразлардан устун санаш  асоссиздир ва ботилдир. Эҳтимолларга нисбатан бу тарзда нохолис ёндашув  “илм маьлумга тобеьдир” қоидасига мухолифдир.


Уларнинг наздида “оловда яширин, ёндирувчи зотий қувват мавжуд”. Улар ўз иддаоларини асослаш учун “олов билан ёниш орасидаги доимий, узлуксиз алоқанинг бардавомлигини” зикр қиладилар. Аслида, уларнинг бу иддаолари илмий асосланган бўлиши учун, уларда, энг камида, икки далилдан бири топилмоғи керак.


Биринчи далил: ақл оловдаги ўша яширинган ёндириш қуввати ва унинг моҳиятини аниқлаб етиши ҳамда уни кашф қилиши лозим. Ваҳоланки, бугунгача бирон олим ёки тадқиқотчи бунинг уддасидан чиққанлари йўқ.


Иккинчи далил: оловни яратган Холиқ а.ж, ўзининг оловга ёндирувчи зотий қувват берганлиги хабарини бериши лозим. Бу ҳақида Холиқимиз а.ж бизга ҳеч қандай хабар берган эмас. Аксинча, Холиқ а.ж такрор-такрор бу фаразнинг том тескарисини баён қилади. (Биз бу ҳақида, юқорида, айтиб ўтдик.)


Аллоҳ таолонинг барча нарсалар устидан доимий бўлган қойюмийяти, уларнинг ана шу асоссиз гумонларига қарши қатьий раддиядир. Жумладан, бир қанча Набавий Ҳадисларда собит бўлган “لا حول ولا قوة الا بالله”  (“Аллоҳнинг ёрдамисиз, на бир муҳофаза ва на бир қувват бор”) калимасининг ўзиёқ улар қилаётган ўша гумонга қарши кескин эьтироздир.


Модомики бу иккала далилни ҳам келтириш имконсиз экан, қаршимизда “доимий яқинлик”дан бошқа биронта ҳам далиллик даьвоси қилувчи нарса қолмайди.  “Доимий яқинлик” эса, бошқа нарсанинг юзага келишига сабаб бўла олиш ёки унга таьсир ўтказиш каби, нарсалардаги табиий зотий қувватга илмий далил бўлолмайди.   Балки “доимий яқинлик” ушбу даьводан  кўра умумийроқ бўлган нарсадир.


Илмий асосланмаган мазкур гумонларнинг барчасининг манбаи инсон ичидан ўтган ҳомхаёллар ва далилсиз ҳиссиётлардир. Инсон нарсалар орасидаги узлуксиз доимий яқинликни кўргач, унинг ақлига “бу нарсаларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, уларни ажратиш амри маҳол”, деган ҳомхаёл келади. Бунинг ортидан, “модомики уларни бир-биридан ажратиш имконсиз экан, демакки, шубҳасиз улардан бирида ўзгаларга таьсир ўтказувчи, яширинган қандайдир қувват бор”, деган гумон ҳам унга эргашиб келади.  Бир тарафдан ўйлаб қарасангиз, уларнинг бу гумонларида асос бордек. Кўзлар ва  фикрлар нарсалар орасидаги доимий яқинликни  мушоҳада қилмоқда, бу мушоҳада эса ҳали ҳануз гумонда бўлиб турган хаёл эгасини “шартли рефлекс” қоидасига бўйсундиради.  “Шартли рефлекс” қоидаси эса, қадимги ва ҳозирги олимлар орасида баҳс қилиниб келаётган  мавзудир. (“Шартли рефлекс” қоидасини рус олими Павлов ўз тажрибалари орқали исботлашга ҳаракат қилган.)


Энди мен сиздан сўрамоқчиман: “сизлар айтаётган “доимий яқинлик” билан Павлов тажрибасидаги итнинг сўлак безлари ишга тушишига сабабдек кўринган қўнғироқ чалиниши ва овқатнинг келтирилиши орасида қандай фарқ мавжуд. Итга овқати келтирилиши олдидан қўнғироқ чалинган пайтда итнинг сўлак безлари ишга тушиши, ўша қўнғироқда қандайдир яширинган қувват борлигига далолат қила оладими?! Ёки бу “шартли рефлекс”ми?  Хўш, инсон кўз олдида ҳар доим, олов билан ёнувчи нарса яқинлашган пайт, ўша ёнувчи нарсанинг ёнишлиги, оловда (уларнинг тасаввуридаги) қандайдир яширинган қувват бор эканлигига далолат қила оладими?


Павлов тажрибасидаги, овқат келтирилиши олдидан чалинган қўнғироқнинг жиринглашида табиий қувват бор, дейиш қанчалик асоссиз бўлса, ёнувчи нарса ёниши олдидан келтирилган оловда табиий, яширин қувват бор, дейиш ҳам шу қадар асоссиздир.


Агар итларнинг инсонлар каби сўзлай олиш қобилияти бўлганида эди, улар: “нарсаларда табиий, зотий қувват бор” дегувчи файласуфлар билан, улар ўзлари келтирган ҳужжатлар асосида, баҳсу мунозара қилган бўлар эдилар.


Ҳа, ушбу масала хусусида илмнинг мантиқи мана шудир. Биз юқорида, Аллоҳнинг рубубийят, улуҳийят сифатлари тақозоси ва қурьоний насслар қатьий далолати ҳақида эслаб ўтдик. Улардан олинган умумий хулосага кўра, “барча нарсанинг бажарувчиси Аллоҳ”дир. Коинотдаги мушоҳада қилинаётган барча қувват, барча ҳолатлар Аллоҳ азза ва жалланинг қуввати, идораси, риояси ва тақдири билан  юзага келади. Аллоҳнинг қуввати ва риояси таьсири коинотда бирон лаҳза ҳам танаффусга чиқмайди. Аҳли Суннат вал Жамоат сўзининг маьноси мана шудир. Натийжалар ва мусаббаблар, биз “сабаблар” ёки “табиий иллатлар”, деб номлайдиган нарсаларга йўлиққан ёки яқинлашган чоғда юзага келади. Уларнинг таьсири ёки мустақил фаолияти билан эмас. Аҳли Суннат вал Жамоат уламолари бу ибораларини қисқача қилиб: “(натийжалар) уларнинг (яьни, “сабаб” ва “натийжа” дейиладиган нарсаларнинг учрашган) чоғида (Аллоҳнинг қуввати ва қудрати билан юзага келади), уларнинг (яьни, сабабларнинг) ёрдамида эмас”, деганлар.


  Айтиб ўтганимиздек, иккинчи масала хусусида Ибн Таймийя р.а нинг сўзларида беқарорлик мавжуд. Маьлумки, ибн Таймийя р.а “нарсаларда уларга бериб қўйилган табиий қувват бор”, сўзларида файласуфлар тарафга оғиб кетган ва у бу ҳақида бир неча ўринларда, бир қанча муносабатлар билан ўз сўзларини таькидлаб ўтган. Аммо бир қанча  ўринларда эса, ибн Таймийя р.а ўзининг юқоридаги сўзларидан қайтади. Ибн Таймийя р.а, шоир Лабийд ибн Робийьанинг الا كل شيء ماخلا الله باطل (“огоҳ бўлингким, Аллоҳдан ўзга (барча) нарса ботилдир”) сўзи маьносига тааллуқли саволга жавобан битилган рисолаларида қуйидагиларни битганлар. Унда шундай дейилади: “ Иккинчиси: дарҳақиқат, Аллоҳдан ўзга барча нарса зотий жиҳатдан йўқликдир. Уларнинг зотий жиҳатдан на вужуди, на ҳаракати, на амали ва на ўзгаларга етказа оладиган манфаати бордир. Демак бу ҳолатларнинг барчаси Аллоҳнинг яратиши; ўз бобида мислсиз халқ этиши ва тасвиридир. Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўйган барча нарса беҳудадир. Уларнинг йўқликка юз тутиши ва зоеь бўлишларига, Аллоҳнинг уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, уларни яратиш ва ризқлантириш масалаларида қоим бўлмаслигининг ўзи кифоя қилади. Модомики улар ўзлари хусусида асоссиз, беҳуда эканлар,  демак (шоир)нинг   (“огоҳ бўлингким, Аллоҳдан ўзга (барча) нарса ботилдир”) сўзи тўғридир. Ҳақиқат шулки, (барча нарса) фақатгина Аллоҳникидир; Аллоҳнинг ёрдами биландир; Аллоҳдандир.[21]” 


Ибн Таймийя р.а бу сўзлардан сўнг, мазкур маьно баёнини анча чўзиб юборади. Ўша баёнда шундай сўзлар зикр қилинадики, агар бу сўзлар ибн Арабий каби олимлардан нақл қилинганида борми?! У ҳолда кўплаб одамлар бу сўзларни танқид қилар ва “бу сўзлар куфр ва “ваҳдатул вужуд” гумонларини такрорлашдан ўзга калима эмас”, деган бўлардилар.


Ҳудди шу мавзу хусусида, Ибн Таймийя р.а, яна бошқа ўринда: “Лабийднинг “الا كل شيء ماخلا الله باطل” сўзи шоир айтган энг тўғри сўздир.  Яьни, барча нарсанинг зотига қарасанг, унинг йўқликка мансуб бўлиб, (уни доимо) Ҳаййу Қойюмга фақир (ва муҳтож) ҳолатда топасан. У(лар)га (диққат назар билан) қарасанг, барча нарсага (ўзига муносиб) хилқат ато қилган, сўнгра (ўша нарсани ўзига мос йўлга) йўллаб қўйган Зот (бўлмиш Аллоҳ)нинг ўзи тарафидан бўлган ўлчов ила (Ўзининг) иноят қўли билан бошқараётган ҳолда, фазлу эҳсон либослари ила кийинтирилган борлигини кўрасан.”, дейди[22].


Тавҳид маьноларига лиммо-лим ушбу ажойиб калом билан бошқа ўринларда турли муносабатлар билан қайта-қайта такрорлаган “дарҳақиқат, оловда қайнатишни тақозо қиладиган қувват, сувда совутишни тақозо қиладиган қувват мавжуд. Аллоҳ (қайнаш ва совуш каби нарсаларни олов билан ёнувчи нарса, сув билан совуйдиган нарса йўлиққан) чоғда қилади, улар воситаси билан эмас, дейдиганлар хато кетувчилар ва ақл ва Қурьонга мухолифлардир.” сўзларини таққослаб кўринг. Бу сўзлар орасида нақадар ажойиб зиддият кўрасиз!


Ибн Таймийя р.а айтиб ўтган биринчи сўзга биноан, оловга ҳақиқатан ҳам ёндириш ва қайнатиш қуввати бериб қўйилган бўлиб- у энди Аллоҳнинг ёрадамисиз ҳам-  ўша бериб қўйилган қувват ёрдамида ўз вазифасини қилаверади. Чунки у ўша бериб қўйилган қувват ёрдамида, ўша пайтда Аллоҳдан беҳожат саналади.


Яна айнан ўша зот тарафидан, бошқа ўринда, зикр қилинган қавлга кўра эса, Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўйган барча нарса беҳудадир. Аслида, аҳли Суннат вал Жамоатнинг ақийдасига биноан ҳам, ҳақиқат шундайдир. Ушбу сўзга биноан, Аллоҳнинг ёрдами ва иноятисиз барча нарсалар бўм-бўш ва таьсирсиздир.  Зоҳиран, нарсаларнинг қуввати ва таьсир кучи бўлиб кўринаётган ҳолатлар Аллоҳнинг инояти ва мадади биландир. Шунингдек, мазкур Илоҳий иноят нарсаларни бирон лаҳза ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Ибн Таймийя р.а нинг ўзи бу ҳақида: “(Нарсалар)да кўзга кўринаётган фаоллик, ҳудди қоп-қора деворга қуёш тарафидан тушаётган ёғдуга ўхшайди. Бордию, қуёш ундан бир лаҳза тўсиб қўйилса, у яна қоп-қоронғу зулматли ҳолатига қайтади. Хўш, бирон киши: “деворга ёруғлик мавжлари бериб қўйилган бўлиб, қуёш ундан тўсиб қўйилган чоқда ҳам, у ташқарисига балқиб чиқаверади” дея айта оладими?!”.


Аввалги калом ҳам ибн Таймийя р.а нинг сўзи эди. У таьлиф қилган китоб ва рисолаларининг кўплаб ўринларида мана шу тушунчани келтирган.


Иккинчи калом ҳам  ибн Таймийя р.а нинг сўзи саналади. Бу сўзларни, яна ўзи, бир қанча ўринларда бот-бот такрорлаган.


Айтингчи, бу бир-бирига зид бўлган икки тушунчани қандай изоҳлаш мумкин?


Шахсан мен бу зиддиятли сўзларга ҳеч қандай изоҳ ва сабаб тополмайман. Аммо шуни биламанки, бизнинг ким бўлишимиздан қатьий назар, сўзларимиз қабул қилиниши ёки рад қилиниши мумкин. Рад қилиниши мумкин бўлмаган, аксинча сўзсиз қабул қилинмоғи шарт бўлган ягона зот, бу Маьсум с.а.в дирлар. Умид қиламизки, ибн Таймийя р.а нинг сўнгги, қарорлаштирилган сўзлари шоир Лабийд мисралари шарҳида айтган сўзларидир. Умид этамизки, у зот файласуфлар тушган хатолардан қайтганлар ва -инша Аллоҳ- мағфур ва мажурдирлар.


      *************************************************


Ушбу баҳсим сўнгида шуни эслатиб ўтмоқчиман. Мен бу баҳс орқали ибн   Таймийя р.а нинг хатоларини излаб топишни қасд қилмадим. Ушбу ғаразли мақсадда китобдан фасл ажратмадим. Менинг юқоридаги мазкурларни  эслатиб ўтишдан кўзлаган бошқа бир мақсадим бор. Бугунги кунда ўзларини “Салафийлар” деб атайдиганлар раҳбар санайдиган ибн  Таймийя р.а айтиб ўтилган икки масалада, (шу каби айрим бошқа масалаларда ҳам) салафларга эргашмади. Салафларнинг ақийдаларига зид бўлганлиги учун дея, ўз қарашларидан қайтмади. Умумий ҳолат барчамизга маьлум, “хайрли, саодатли уч аср”га мансуб салафларимиздан бирортаси: “олам навь жиҳатидан қадим, аммо айний жиҳатдан эса ҳодисдир, (янги пайдо бўлгандир)” деб айтмаганлар. Шунигдек, улар тарафидан: “нарсаларга, натийжаларга таьсир ўтказадиган, қувват бериб қўйилган” деган сўз ҳам айтилмаган.


Ибн Таймийя р.а ўзининг аввалги иккала қарашларидан салафларнинг сўзларига мувофиқ бўлмаганлиги учун эмас, балки, ўз наздларида, биз бу китобнинг биринчи бобида айтиб ўтган манҳажга тўғри келмаганлиги учун қайтганлар.    Ибн Таймийя р.а масалалар ечимида тўғрими ёки хато кетдими, бу алоҳида масала. Аммо бу ўринда муҳим бўлган нарса, унинг ўша манҳажга риоя қилишлигидир.


Демак, салафларнинг- уларнинг ўзларининг салаф бўлишларига қарамасдан- далил келтириш ва мубохаса борасида Аллоҳнинг китоби, Расулуллоҳ с.а.в суннатлари ҳамда уммат ижмосидан бошқа манбаьлари йўқ эди. Китоб ва Суннатни тўғри англаш ва уларга итоат қилиш масаласида эса, нассларни тафсир қилишда қатьийлаштирилган араб тили қоидаларига эргашишдан  ўзга услублари йўқ эди. Ўз навбатида Қиёс ана шу қоидалар жумласига киради.


Муқаррар араб тили қоидалари асосида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ с.а.в суннатларига амал қилмоқлик салафу халаф барча мусулмон табақа ва жамоалар учун шарт бўлган миқёс ва ҳужжатдир. Мусулмонлар ёки қайсидир табақанинг воқеьлиги Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ с.а.в суннатларига қарши ҳужжат бўлолмайди.  




[1] “фатҳул борий” китоби 7жилд, 82бетига, Байҳақийнинг “ал-Асмо ва ал- Сифот” китоби 470 бетга қаранг

[2] Ибн Таймийя р.а ўзларининг “Мажмуату фатово” китоби; 2-жузь; 456-саҳифасида

[3] (“Фатҳул Борий”; 13 жузь; 315 саҳифага қаранг)

[4] (“Маолимул Сунан ала Сунани Абий Довуд”)

[5] (борди-ю бу икки мазҳаб орасидаги фарқларни янада батафсил ўрганмоқчи  бўлсангиз, Шотибийнинг “ал-Эьтисом” асарига мурожаат қилинг)

[6] (Имом Бухорий р.а нинг саҳиҳларидаги “Жумьа кунидаги азон боби”га қаранг)

[7] Завовийнинг “Маноқибул имом Молик” асарига қаранг

[8] Устоз Яҳьё Ҳошим Фарағлнинг “Авомил нашьати илмил калом фил Ислам” асарига қаранг

[9] Ушбу ривоятларни Табарий ва ибн Асийрлар лафзлардаги айрим фарқлар билан ривоят қилганлар. Ибн Касийр р.а эса, мазкур хабарни бир неча йўллар орқали келтириб, уни “саҳиҳ” санаганлар. “ал-Бидоя вал-Ниҳоя”га қаранг

[10] Ушбу ривоятни Байҳақий, ибн Абу Шайба ва Бухорий р.а лар ўз китобларида келтириб ўтганлар.

[11] Имом Шофеьий р.а нинг “ал-Умм” асарига қаранг.

[12] (Бизнинг қуйидагиларни зикр қилишдан мақсадимиз ибн Таймийя р.а ни, у кишининг баьзи душманлари каби, фосиққа ёки бидьатчига чиқариш эмас. Балки бундан кўзланган мақсад, у киши тарафларидан йўл қўйилган айрим хатолардан ўзгаларни огоҳлантириш ва сўнгра у кишини маьзур кўришликдир. Чунки ибн Таймийя р.а ўзлари йўл қўйган хатоларни бошқа нассларга дуч келган ўринларида ўзлари яна зиддини айтиб тўғрилаб кетганлар. Зеро, Исломий танқид манҳажи, ундан яхшиликдан ўзга нарса маьруф бўлмаган тадқиқотчи ҳақида доимо чиройли гумон қилиш қилиш, у ботил узра доимий қолиб кетмасдан шунчаки ўтиб кетган ва ҳақиқат узра мустаҳкам ўрнашган, дейишни афзал санашни тақозо қилади.  Ибн Таймийя р.а билан бир лаҳза учрашиб ўтиб кетишдан кўзлаган асосий мақсадимиз ҳам мана шудир. Аслида, улар ҳақида яхши дея гувоҳлик берилган мусулмон уламолардан бўлган ҳар қандай тадқиқотчи ва ёзувчи билан шундай муомала қилмоғимиз шарт. Имкон борича  улар ҳақида чиройли гумон қилмоғимиз, бордию улар тарафидан икки ҳил бири бирига зид маьлумотларга дуч келсак, у ботилдан шунчаки ўтиб кетган, ҳақиқатга эса ўрнашиб олган, деб билишимиз керак)    

[13] (“мажмуьул фатово; 9 жилд; 184 бет)

[14] (Ибн Ҳазмнинг “Маротибул ижмоь” асари ҳошиясига битилган “Нақд маротибул ижмоь”нинг 167 бети).

[15] (Раьд сураси, 16 оят; Зумар сураси, 62 оят)

[16] “Фатҳул Борий” асари. 13-жилд; 318-319 бетлар

[17] “Мажмувь ал-фатово”. 9-жилд; 280-281 бетлар.

[18]  “Мажмувь ал-фатово”. 2-жилд; 188 бет

[19] Мажмувь ал фатово. 3-жилд; 112-бет

[20] доктор Алий Сомий Нашшорнинг “Ислом мутафаккирлари наздидаги изланиш манҳажлари” китоби; 218-бетига қаранг.

[21] (Мажмувьул фатово; 2/425)

[22] (Мажмувьул фатово; 1/312)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи биродарларимдан .Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган, деб сўрайман. Улар .Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган,, дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин давоми...

1031 12:45 / 06 ноябрь
Ушбу боб аввалида бир нарсани эслатиб ўтмоғимиз лозим. Бу меьзон қоидаларининг барчаси ҳам ушбу соҳа уламолари тарафидан бирдек қабул қилинган эмас. Ушбу соҳа давоми...

3204 05:00 / 13.03.2017
Биз бу уммат билан фахрланамиз, бошқа ҳеч бир умматнинг бундай шарафли тарихи йўқ деб биламиз. Улар эса тарихга шубҳа билан қарашади, дин пешволари ҳақида нолойиқ давоми...

511 09:41 / 05 декабрь
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст давоми...

1081 15:05 / 31 октябрь