1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Эҳтиросга берилавермайлик!

05:00 / 06.03.2017 4583 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда гўё Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин «содир бўлган» бир воқеа бирдан тарқалиб кетди. Бу «таъсирли» воқеани ўқиб, кўпчилик кўзига ёш олди.

Бундан сал аввал Рамазон ойининг қайси куни бошланишини ҳаммага айтган одамга ҳам бир олам яхшиликларни Набий алайҳиссаломнинг номларидан ваъда қилиб юборишди. Аммо у зот алайҳиссалом бундай демаган эканлар.

 

Набий алайҳиссалом ҳақларида рақоиқ, яъни мўмин одамнинг қалбига етиб борадиган, инсоннинг ҳиссиётларини жўштириб юборадиган ибратли ҳикоялар тарқалгани яхши, аммо улар ёлғон бўлса-чи? Кимдир томонидан қандайдир мақсадда ўйлаб топилган тўқима хабар бўлса-чи? Аллоҳ асрасин…

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нима деган?

«Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ сизларга хабар келтирса, аниқлаб кўринглар! Билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» деган эмасми? (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муҳаммад ибн Сирин роҳматуллоҳи алайҳи: «Бу илм – диндур. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар», демаганмилар? (Буни имом Муслим ривоят қилган).

 

Алҳамдулиллаҳ, халқимиз илмга чанқоқ, маърифатга ташна халқ. Бироқ, илмни кимдан олишга ҳам кўп нарса боғлиқ. Айниқса, турли бузуқ ақийдалар, адашган оқимлар урчиб, илмсиз, тажрибасиз ёшларни йўлдан уриб турган бир пайтда мазкур оят-ҳадисларнинг долзарблиги янада ортади.

Аллоҳ таолонинг ҳукмига, амр-фармонига қатъий итоат қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мўминликнинг асосий белгисидир. Охиратимизнинг яхши ёки ёмон бўлиши динимизни тўғри тушуниб, унга тўғри амал қилишга боғлиқ экан, диний таълимотларни, шаръий ҳукмларни, фатволарни кимдан, қайси манбадан олаётганимизга ҳушёр бўлайлик. Айни пайтда, ўзимиз кимгадир мазкур таълимотларни етказмоқчи бўлсак, ниҳоятда эҳтиёт бўлайлик, омонатдор бўлайлик. Яхшилик қиламан деб, ўзимиз ҳам адашиб, бировларни ҳам адаштириб қўймайлик. Аслида бундай ишларни ўз аҳлига, яъни олимларга қўйиб берилса нур устига нур бўларди.

 

Мақоланинг бошланишида зикр қилинган, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган нарса «Ўқиб йиғладим... Ибратли воқеа!» деб бошланади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан уч кун кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан бир савол сўраганлари, онамизнинг жавоблари ва ҳоказолар ҳақида ҳикоя кетади.

Ҳикояни тарқатган одам ўпкаси тўлиб, кўзи жиққа ёш бўлиб ёзган ҳикояси, имловий ва услубий хатоларга тўлиб-тошган ҳикояси «Қаранг Азизлари Бизлар қандай улуғ умматларимиз!» деган ногирон жумла билан тугаган (муаллифнинг савиясини кўрсатиш учун жумлани атайлаб асл ҳолича келтирдик).

Бунга ўхшаш тўқималар, уйдирмаларни ёзиб тарқатишдан мақсад нималиги билан ишимиз йўқ. Бизнинг бу раддияни ёзишга мажбур қилган нарса ҳикоя охиридаги «Ҳадис ва Ҳаёт китобидан» деган жумла бўлди.

Афсуски, баъзи туппа-тузук саводи бор, илми бор азизларимиз ҳам бу уйдирмага чиппа-чин ишониб, уни жума мавъизасидек масъулиятли минбардан туриб айтиб беришибди. Авом халқни-ку бир амаллаб тушунса бўлар, аммо аҳли илмларни-чи? Демак, «Ҳадис ва ҳаёт» туркумини тўлиқ ўқиб чиқмаганлар орамизда ҳали кўп экан-да?

 

Бу гапларни сиз азизларга етказишдан мақсад – бу тарқалган гапнинг мутлақо ёлғон, тўқима гаплигини маълум қилиб қўйишдир. Нафақат саҳиҳ ҳадисларда, ҳатто Ислом уламолари, буюк муҳаддисларимиз аниқлаган тўқима ҳадисларда ҳам бундай воқеа айтилмаган. Фурсатдан фойдаланиб, мўмин-мусулмон юртдошларимизни, қалби илмга чанқоқ, иймони пок биродарларимизни яна бир огоҳликка чақирмоқчимиз:

Азизлар! Динимизни ўрганишда дуч келган манбадан фойдаланавермайлик, муқаддас динимизни ҳар касу нокасдан эмас, эл-юртнинг назарига тушган, нафақат юртимиз уламолари, балки бутун Ислом олами эътироф қилган улуғ алломаларимизнинг расмий чоп этилган асарларидан, интернетдаги расмий манбаларидан ўрганайлик.

Бу каби эҳтиросга тўлдирилган, одамларнинг кўнглини эритиб, йиғлатиш учун тўқилган, ялтироқ сўзларга ўраб-чирмалган сафсаталарни ёзиб, тарқатиб юрганларга айтар сўзимиз йўқ. Уларга айтиладиган сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб қўйганлар, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эса сизу биз учун таржима қилиб, «Ҳадис ва ҳаёт» туркумининг «Яхшилик ва ахлоқ китоби» номли 34-жузидаги 4387-ҳадисда етказиб қўйганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади», дедилар.

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ бўлади. Чунки кишилар ўртасида турли асоссиз гаплар юриши маълум ва машҳур. Уларнинг кўпи ёлғон бўлади. Эшитган гапини одамларга гапиравериш ёлғончиликка олиб бориши шундан. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлишдан қўрққан банда эшитган гапини гап экан, деб гапиравермаслиги лозим.

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу иш ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақиқий эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилмай туриб, ҳадис айтиш яхши эмас».

Биродар, мана бу гапнинг тагига «Ҳадис ва ҳаёт китобидан» десангиз, ёлғончи бўлмас эдингиз, Набий алайҳиссалом айтмаган гапни, қилмаган ишни айтиб, гуноҳга ботмаган бўлар эдингиз, шайх ҳазратлари ёзмаган нарсани у кишининг китобидан деб, ҳаммани адаштирмаган бўлар эдингиз.

Диний илми, маълумоти бор одамлар сиз тарқатган нарсани ўқиб, унинг асли йўқлигини дарҳол билишлари аниқ, лекин «Наҳотки ҳазратнинг китобида шундай нарса бор экан» деб, нотўғри гумонга ҳам бориб қолишлари мумкин.

Сиз одамларни ўз ҳолига қўйинг, улар аввал «Ҳадис ва ҳаёт»да бор гапларни ўқишсин! Иложи бўлса, бу қилган ишингизга тавба қилгач, каффоротига ўзингиз ҳам бир ўқиб чиқинг, ўзингизга ҳам, қолганларга ҳам яхши бўлади.

Аллоҳ таоло – Азиз, Ҳаким Зотдир. У Зот биз учун раво кўрган диннинг масдари Қуръони Карим ҳамда саҳиҳ ҳадислардир. Агар инсоннинг қалбини Исломга мойил қилиш учун яна бирор воситанинг кераги бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳам ояту ҳадислар каби яратиб, Ўзининг мутлақ ҳифзу ҳимоясида сақлаган бўлар эди. Бинобарин, Ислом дини юқорида айтилган уйдирмага ўхшаган нарсаларга муҳтож эмас. Биз ўтмай қолган молимизни ялиниб ўтказмоқчи бўлаётганимиз йўқ. Шунинг учун одамларнинг кўнглини бўшатиб, кўзини ёшлатиш учун бўлар-бўлмас ёлғон-яшиқларни тўқиш ўрнига Аллоҳнинг мўъжизаси ўлароқ ўн тўрт асрдан буён узилмай келаётган мунаввар силсилага уланайлик, динимизни асл манбалардан, шак-шубҳа, гумон аралашмаган муборак манбалардан ўрганайлик.

Шайх ҳазратларининг мана шу сўзлари доим ёдимизда турсин.

Кези келганда шайх ҳазратларининг, юртимиздаги ва бутун дунёдаги Ислом уламоларининг мухлисларига яна бир эслатиб қўймоқчимизки, уламоларнинг сўзлари, овозлари ёки видеотасвирларидан иқтибос келтирганда уларнинг қаердан олинганини кўрсатиш, манбасини келтириш лозим. Жумладан, иқтибосларнинг қайси китобдан олингани, қайси нашриётда, қайси йилда чоп этилган китобнинг нечанчи бетидан олингани кўрсатилиши керак. Шунда тушунмовчиликлар, турли ихтилофлар барҳам топади.

Юқорида айтиб ўтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, шайх ҳазратларининг китоблари ёки улар асосида тайёрланган медиамаҳсулотлардан иқтибос келтирмоқчи бўлганлар аввало муаллифнинг меросхўрлари билан боғланиб, бу борада маслаҳатлашишлари, ижозат олишлари талаб қилинади.

Бу талаб устозимизнинг улкан илмий меросларини қизғаниш ёки шунинг устидан бирор манфаат олиш эмас, балки юқоридаги каби беҳуда гап-сўзларнинг олдини олиш, ҳақ йўлни, пок ақийдани, шаръий илмларни ўрганаётган азизларимизни адаштирувчилардан ҳимоя қилишдир. Ҳаммамиз ҳам шу оддий, аммо муҳим қоидага амал қилсак, мана бундай уйдирмаларга ҳеч ким ишонмайди, асоссиз, манбасиз, шубҳали маълумотлари олиб, ҳар ёққа тарқатавермайди.

Буни айтишдан мақсад илмни беркитиш ёки уни ўрганишга тўсқинлик қилиш эмас, балки илмий омонатга вафо қилиш, муаллифга, муаллифлик ҳаққига ҳурмат кўрсатишдир. Қолаверса юқоридаги каби тушунмовчиликларга барҳам беришдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик давоми...

9720 05:00 / 03.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддима олдидан кириш сўзиУшбу китоб салафийларнинг раьйлари ва уларни машҳур қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз давоми...

3106 05:00 / 13.03.2017
Сақийфда каззоб ва озорчи борАбу Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Мадинага кетадиган йўлда осилган ҳолида кўрдим. давоми...

2637 16:05 / 11.08.2020
19савол. Ислом ndash уруш, жиҳод динидир. Сизлар китобларингиз ва тарихларингиз бу тўлалигича жиҳоддан иборат бўла туриб қандай мунофиқларча ўз тинчликсеварлигингиз давоми...

14441 20:46 / 22.04.2017