Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Тақлид» сўзи араб тилида бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган бўлиб қолган.
Усулул фиқҳ уламолари таърифида: «Тақлид» – сўзи ҳужжат бўлмаган шахснинг гапини ҳужжатини билмасдан қабул қилиб, амал қилишдир».
Бунда Тақлид қилувчи кимса ўзи билган, илмига, тақвосига ўта ишонган, олимнинг дийндаги амали ва гапини бўйнига белги аломати сифатида илиб олди, деган маъно бордир.
Таърифдаги «сўзи ҳужжат бўлмаган шахс» деган калом ила Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан хориж бўлмоқдалар. Чунки, у зот алайҳиссаломнинг амаллари ва гаплари ҳужжатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қилинмайди, балки эргашилади.
Тақлиднинг ҳукми
Аввал айтиб ўтилганидек, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилади ва мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Худди шу ишнинг ҳукми ҳақида уч турли фикр айтилган.
1. Ибн Ҳазм ва унга ўхшаш баъзи кишилар: тақлид қилиш мутлақо жоиз эмас, балки ҳар ким ўзи ижтиҳод қилиши лозим, дейдилар.
Уламолар бу гапни ақл кўтармайдиган гап сифатида инкор қиладилар. Зотан, ҳар бир одам мужтаҳид даражасига етиши мутлақо мумкин эмас.
2. Тақлид қилиш вожибдир. Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мужтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас.
Бу гапнинг эгалари ҳижрий учинчи асрдан кейин ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақида уламоларнинг қарори чиққанини далил қилиб келтирадилар.
Ушбу гап узоқ муддат ҳукм сурган қарор сифатида танилган ва унда қаттиқ турилган.
3. Мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимлардан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиш керак бўлади. Бу йўналишнинг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:
– Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида айтади: «Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» (43-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло билмаган билгандан сўрашига амр қилди. Бу эса, одамлар ичида билимлиги ва билимсизи бўлиши муқаррарлигига далолат қилади. Бас, билмаган биладигандан ўзи билмаган масалани сўраши лозим бўлади. Бу эса, ўз навбатида, билимсиз киши олимга Тақлид қилиш вожиблигини англатади.
Ушбу оятга биноан, «ҳаммага тақлид вожиб» деган гап ҳам, «ҳаммага ижтиҳод вожиб» деган гап ҳам тўғри эмаслиги чиқади.
– Саҳоба ва тобеъийларнинг даврида мужтаҳид бўлмаган кишилар ўзлари билмаган масалаларни мужтаҳид бўлган саҳоба ва тобеъийлардан сўрашар эдилар. Мазкур мужтаҳид саҳоба ва тобеъийлар сўровчиларга ҳеч қандай инкор қилмай жавоб берар эдилар. Агар ҳаммага ижтиҳод қилиш лозим бўлганда, сўровчилар савол бермас ва сўралганлар уларга «Ўзингиз ижтиҳод қилинглар», деб айтар эдилар.
Ушбу ҳолат ижтиҳодга илми ва қурби етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилиши кераклиги ҳақида саҳоба ва тобеъийларнинг ижмоъи собит бўлганига яққол далилдир.
– Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас.
Агар қудрати етмайдиган кишини ижтиҳод қилишга амр этилса, уни қудрати етмаган ишга таклиф қилинган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» (286-оят).
– Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади?
– Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича:
Тўғри, баъзи уламолар ўз замонларида шариат ва ижтиҳод ишларида тутуриқсизлик авж олгани, ким кўринган ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қиладиган бўлиб кетгани учун ҳижрий учинчи асрнинг охирида «Ижтиҳод эшиги ёпилган» деган гапни тарқатишган ва шу йўл билан ҳар хил ғаразгўйларнинг шариатни ўйин қилишларига чек қўйишган.
Аммо бу нарсани фиқҳий ижтиҳод қилиш шариатда маълум замонга ва шахсларгагина фарз бўлган деган тушунчага айлантириб қўймаслик керак.
– Ҳозирги даврда Абу Ҳанийфа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма иттифоқ қилган. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши қийин ҳам. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳамда фатвода ижтиҳод содир бўлиб турибди.
– Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассасалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди.
Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди.
Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи Академиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Баъзи бир уламолар кейинги пайтларда якка шахслар ижтиҳод даражасига етиши имконсиз бўлса ҳам, жамоъий ижтиҳод имкони борлигини худди шу Ислом Фиқҳи Академиялари фаолиятидан олиб айтмоқдалар.
Фиқҳий мазҳабларга тақлид қилиш
«Тақлиднинг ҳукми» сарлавҳаси остида айтилган уч хил фикр: «тақлид қилиш жоиз эмас», «тақлид қилиш вожиб» ва «мутлақ мужтаҳид бўлмаганлар тақлид қилиши керак» деган фикрлар ҳозирги кунда фиқҳий мазҳабларга эргашиш масаласи бўйича турли услуб ва иборалар ила такрорланиб туради.
Бир тоифа кишилар фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қиладилар. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳаблар кишиларни Қуръон ва Суннатдан узоқлаштиради. Баъзи бир ҳаддидан ошганлари айтганидек, мусулмонлар Абу Ҳанийфа ва унга ўхшаганларнинг гапига эмас, Қуръон ва Суннатга амал қилишлари керак.
Фиқҳий мазҳаблар илмий меросидан фойдаланган ҳолда, уларнинг ижтиҳодлари самарасидан истаганимизни олсак бўлаверса керак, деган хаёлда юрадиганлар ҳам бор.
Кўпчилик мўминлар фиқҳий мазҳабларга эргашиш зарурлигини ҳис қиладилар, бу фикрни қўллайдилар, аммо бу ишнинг ҳукми қандай экани ва мазкур ҳукмнинг асоси нимадан иборатлигини ҳам билгилари келади. Ана шу тоифадаги кишиларимиздан бирлари камина ходимингизга савол йўллаган эди. Кейинчалик, худди шу саволни бизнинг доирамизда йилнинг энг яхши саволи деб топилган ҳам эди.
Қуйида ўша савол ва унинг жавобини эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.
Савол: Ассалому алайкум,
Хазрат, фиқхий мазхабларнинг (Ҳанафия, Шофеъийя, Ҳанбалийя, Моликийя) ҳаммасининг ҳам тўғрилигини ва фойдали еканлигини тан олдик. Мазҳаб имомларининг фатволари Қуръон ва Ҳадисга зид эмаслигини биламиз. Баъзи фатволарда мазҳаб имомларининг фикрлари орасида тафовутлар бўлсада, ҳар бирлари ўз усуллари билан чиқарган фатволарини ҳадис ва оят билан исботлаб беришган. Масалан, «Вафот қилган хотинини, эри ғусл қилдирса бўладими?» деган саволга ҳанафийлардан бошқа мазҳаблар «бўлади!» деб жавоб беришган ва барчалари фатволарини чиройли ва олимона исбот қилишган (гарчи ҳанафийлар «чиройлироқ» исбот қилган бўлсалар-да, бу бошқа масала). Ёки намоздаги тафовутлар ҳам мисол. Эътиқодимиз буйича эса, «4 та мазҳаб ҳам тўғри. «Илло, битта мазҳабга риоя қиласан!» деган гап борми? бўлса, шариатдаги ҳукми қандай, яъни вожибми, мустаҳабми ёки бошқами? Кишининг фақатгина битта мазҳабга риоя қилиши бор бўлса, қандай сабабларга кўра борлигини, илтимос, айтиб берсангиз. Яна қандай ҳолатларда ҳанафийга риоя қилиб келган киши, шофеъий мазҳабига ҳам риоя қилган ҳолда амал бажара олади, масалан, намоз ўқий олади? Саволга яна аниқлик киритаман, масалан, Ҳанафийларда мусофирликда пешин ва асрни, шом ва хуфтонни бирлаштириб ўқиса бўлмайди, бошқа мазҳабда эса мумкин. Ҳанафияга риоя қилиб келган киши, зарурат юзасидан, мусофирликда пешин билан асрни бирлаштириб ўқиши жоизми?
Савол беришда xатолар бўлса, ҳақимизга дуо қиласиз.
Ассаламу алайкум...
жавоб:
«Бу масала бўйича уламолар турлича жавобларни берганлар. Кўпгина китоблар ва компютер маълумотларини ўрганиб чиққандан сўнг Аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг «Эълоус-сунан» номли китобидан қуйидаги иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим:
«Муайян мазҳабни лозим тутиш ҳақидаги таҳқиқ.
«…Ҳақийқатни айтганда, дийнда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оммий – ижтиҳод даражасига етмаган – киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки, бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фаҳм этинг. Иншоаллоҳ, ҳақийқат бундан бошқада эмас.
Агар юртлардан бирида барча мазҳаблар тарқалган ва машҳур бўлган бўлса, ҳамда ҳар мазҳабнинг уламолари ҳам етарли бўлса, оммийга истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади. Унинг учун барча мазҳаблар баробар бўлади. У муайян мазҳабни тутмасдан, мазҳабларнинг уламоларидан, бир сафар биридан, иккинчисида бошқасидан фатво сўраса, жоиз. Салафи солиҳ розияллоҳу анҳум шундай қилганлар. Фақат шарт шулки, бир амалда икки мазҳабдан «талфиқ» қилмасин, ҳавойи нафсига эргашиб фақат рухсатларнинг ортидан тушмасин. Чунки, бундай қилиш далил ва ижмоъ ила ҳаром қилингандир». (20-жуз, 290-бет.)
(Талфиқ бир масалада икки мазҳабдан енгил нарсани жамлаб олишдир. Мисол учун, бир тоҳаратли одамдан қон чиққанда, шофеъий мазҳаби бўйича, «тоҳаратим синмади» деб, бир оздан сўнг номаҳрам аёлга қўли тегса, ҳанафий мазҳаби бўйича, «тоҳаратим кетмади» дейиши.)
«Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтиш ҳақидаги таҳқиқ:
«… Ҳанафийлардан «Жомеъул фатавий»нинг соҳиби айтади: «Ҳанафийга Шофеъий мазҳабига ўтиш жоиздир. Акси ҳам шундай. Аммо ўтиш бир йўла бўлиши шарт. Биргина масалада ўтиш мумкин эмас. Мисол учун, ҳанафийнинг баданидан қон чиқса ва оқса, тоҳарати синади ва уни ювмасдан туриб, тоҳарат олмай бу масалада Шофеъий мазҳабини тутиб намоз ўқиши жоиз эмас. Чунки, тоҳарат ва намознинг бошқа ҳукмларида Шофеъий мазҳабига амал қилмаган.
Баъзилар, оммий одам ҳанафий бўладими, шофеъий бўладими, бир мазҳабдан бошқасига ўтиши мумкин эмас, деганлар». (20 - жуз, 193 - бет)
«…Хулоса килиб айтиладиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оммий бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши мутлақо манъ қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ибн Жарир Тобарий даъво қилганда, қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганда ҳам рад қилганлар…» (20 - жуз, 195 - бет)».
Мазкур жавобга қуйидаги маълумотларни илова қилишга ҳам ижозат бергайсиз.
«Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан, қабилида иш тутиш ҳам манъ қилинган. Ҳатто, баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, ўзи учун фатво чиқариб олса, майли-ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган».