1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Ҳаромни шифо мақсадида истеъмол қилиш жоизми?

05:00 / 09.03.2017 15931 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

● Шариати исломия ҳаётнинг барча жиҳатларига ўзининг эътиборини қаратган, ўзининг асосли ва қониқарли ҳукмини баён қилган буюк таълимотлар мажмуидир. Ана шундай таълимотлар орасида касалликларга шифо топиш мақсадида ҳаром нарсадан, ҳаром маҳсулотлардан истеъмол қилиш масаласининг жоиз ёки ножоизлиги ҳам бор бўлиб, бу ҳақида алоҳида шаръий ҳукмлар баён қилинган.

Халқ орасида баъзи кимсаларнинг "шифо учун", деб шариат ҳаром қилган нарсалардан бемалол истеъмол қилаётганларини кўриб ёки эшитиб қоламиз. Жумладан, улар шифо ниятида ароқ ичадилар, шифо ниятида бўрсиқ ёки ит ёғини ёхуд қорадорини истеъмол қиладилар. Айримлар эса "табиблар айтса, ҳаромни ишлатиш мумкин", деган фикр билан шифокор ва халқ орасидаги табиблар фикрига суяниб, ҳаромни истеъмол қилиш жоизлигини айтадилар. Бошқа бировлар эса "ҳаромдан шифо бўлмайди" деган қарашда қатъий турадилар.

Биз ушбу фикрларнинг қанчалик тўғрилигини текшириб, бу борадаги шаръий ҳукмларни бирма-бир ўрганиб чиқишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

● Билиб қўйиш ўринлики, ҳаромни шифо мақсадида истеъмол қилишнинг жоиз ёки ножоизлиги борасида ислом уламолари уч хил фикрга бўлинганлар:

1) Гўшти ейиладиган ҳайвонлар – туя, қорамол, қўй кабиларнинг сийдиги мутлақо пок. Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим ан-Нахаъий, Имом Молик, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал ва ҳанафийлардан Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний ва Имом Зуфар, шофиъийлардан эса ал-Истахрий ва ар-Рўёний кабилар бу фикрга келганлар. Бунга қуйида баён этиладиган "Урайналиклар ҳадиси" далил қилинган. Зоҳирийлар, жумладан, Ибн Ҳазм ҳамда Ибн Таймия  шу фикрни қўллаб-қувватлаганлар. Тобеъин ва салафи солиҳлардан аш-Шаъбий, Ато, ан-Нахаъий, аз-Зуҳрий, Ибн Сирин, Ҳакам, ас-Саврий кабилар ҳам шу фикрда бўлганлар.

2) Сийдик ва шунга ўхшашлар аслида ҳаром ва нажас, бироқ уларни шифо мақсадида ишлатиш мутлақо жоиз. Яъни, инсон шифо истаса, уни ишлатавериши мумкин, бировнинг, масалан, шифокорнинг фикрига асосланиши шарт эмас. Бу фикрга Имом Шофиъий, Абу Савр ва ҳанафийлардан Абу Юсуф келган. Имом Аҳмад бир гапида ушбу фикрга ҳам қўшилган. Бу фиқҳий қарашга сийдикдан сақланиш ҳақидаги қатъий ва умумий маънодаги ҳадислар ва "Урайналиклар ҳадиси" далил қилинган.

3) Сийдик ва шунга ўхшашлар аслида ҳаром ва нажас, уни шифо мақсадида ҳам истеъмол қилиш асло мумкин эмас. Бу Абу Ҳанифа Имом Аъзамнинг фиқҳий қарашидир. Бироқ, унинг фикрича, изтирор бўлганида, ҳозиқ табиб ва шифокорнинг қатъий ва кафолатли кўрсатмаси билан уни шифо мақсадида истеъмол қилиш жоиз. Бунга қуйироқда баён этиладиган сийдикдан сақланиш ҳақидаги қатъий ва умумий маънодаги ҳадислар ва Қуръони каримнинг "изтирор ояти" далил қилинган. Оятга кўра, ўлим ҳолати хавфи бўлганда, ҳаромни истеъмол қилиш мумкин. Абу Ҳанифанинг фикри ақлий ва нақлий далилларга мувофиқроқдир!

● Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги мутлақо ҳалол ва улардан шифо исташ мумкинлиги борасидаги фикрнинг далили "Урайналиклар ҳадиси"дир. Урайна қабиласидан тўрт нафар кимса ва уларга қўшилиб Укл қабиласидан уч нафар кимса, жами етти нафар киши Мадинага Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келган. Бир муддат турганларидан кейин ушбу кимсаларга Мадинанинг ҳавоси ёқмасдан, касал бўлиб қолганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни закотдан тушган ва бошқа туялар боқилаётган жойга жўнатганлар ва уларга:

وقال أشربوا من ألبانها وأبوالها

"Туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичинглар!" деганлар (Бухорий, 2/1501; Муслим, 3/1671; Термизий, 1/72; 4/1845; Насоий, 2/3491-3493; Ибн Можжа, 3/3503; Байҳақий, 9/17827; Дорақутний, 1/487; Аҳмад, 3/14093; Имом Термизий уни "ҳасани саҳиҳ" деган).

Бунга қўшимча равишда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ушбу ҳадиси шарифлари далил сифатида келтирилиши мумкин:

لاَ بَأْسَ بِبَوْلِ مَا أُكِلَ لَحْمُه

"Гўшти ейиладиган нарсанинг сийдигининг зарари йўқ!" (Дорақутний, 1/470-471; Байҳақий, 1/1234).

مَا أُكِلَ لَحْمُهُ فَلاَ بَأْسَ بِسُؤْرِه

"Гўшти ейиладиган нарсанинг қолдиғининг зарари йўқ!" (Дорақутний, 1/472; Байҳақий, 1/1234; 2/3950-3951).

Иброҳим ан-Нахаъий ҳамда Ато ибн Абу Рабоҳ бундай дердилар:

ما أكل لحمه فلا بأس ببوله

"Гўшти ейиладиган нарсанинг сийдигининг зарари йўқ!" (Бухорий, "Таърих ал-кабир, 6/3066; Ибн Абу Шайба, 1/1248; Абдурраззоқ, 1/1481; Таҳовий, 1/659).

● Сийдикнинг ҳаром эканлигига далиллар ҳам бор бўлиб, уларда Расулуллоҳ (с.а.в.) сийдикдан сақланиш кераклигини қатъий талаб қилганлар:

فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَذَّبَانِ وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ ثُمَّ قَالَ بَلَى كَانَ أَحَدُهُمَا لَا يَسْتَتِرُ مِنْ بَوْلِهِ وَكَانَ الْآخَرُ يَمْشِي بِالنَّمِيمَة

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган таниқли ҳадиси шарифда ул зоти шариф икки қабр олдидан ўтганлар. “Бу иккиси азобланмоқда, лекин улар катта гуноҳлар туфайли азобланмаяпти. Улардан бири сийдикдан сақланмагани учун ва яна бири эса чақимчилик қилиб юргани боис азобланмоқда” деганлар (Бухорий, 1/216; Муслим, 1/292; Термизий, 1/70; Абу Довуд, 1/20-21; Насоий, 1/27; Байҳақий, 2/3943; Доримий, 1/764; Ибн Хузайма, 1/32; Ибн Абу Шайба, 1/1313).

Мазкур ҳадис Ибн Аббос (р.а.) ва Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинган. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилган ҳадиснинг айрим йўлларида бу икки қабр “Бақеъ” қабристонида бўлгани зикр қилинади. Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисларнинг баъзи тариқларида бу воқеа Расулуллоҳ (с.а.в.) сафарга чиққанларида бўлиб ўтган. Зоҳирдан қараганда, ҳадислар бир-бирига зид келмоқда. Бадриддин Айний Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ушбу ҳадислари бир неча жойда бўлиб ўтганинини зикр қилган (Бадриддин Айний. Умдат ал-қори шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 181-183). Демак, икки воқеа бўлиб ўтганида ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) мана шундай гапларни айтганлар.

Ҳадис матнида “Улар иккиси катта гуноҳда азобланмаяпти” дейилган. Бошқа ривоятларда “балки, унда азобланаётгандир” деган жумла қўшилган. Бу ерда жумлалар боши билан охири бир-бирига мувофиқ бўмаяпти. Бироқ, сийдикдан сақланмаслик ва чақимчилик қилиш гуноҳи кабира гуноҳлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу гуноҳлардан сақланиш унчалик катта машаққат талаб қилмайди, деган маънода шу гапни айтганлар. Шу эътибордан у катта гуноҳ эмас, бироқ, маъсият жиҳатидан катта гуноҳдир.

Саъд ибн Муоз (ёки Муоз ёхуд умуман бошқа бир саҳоба) вафот қилиб, уни дафн қилинганидан сўнг, уни қабр сиққанини Расулуллоҳ (с.а.в.) бошқа саҳобаларга билдирганлар. Бунинг сабаби борасида унинг оиласидан суриштирганлар. Қабр сиққан саҳоба қўй боққанлиги, унинг сийликларидан сақлана олмаганлиги маълум бўлган. Демак, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ҳурмат қилган, унинг жанозасини шахсан ўзлари ўқиб, қўллари ила дафн қилган саҳобани ҳам сийдик сабабли қабр сиққанлигидан сийдикнинг нақадар ҳаром эканлиги ўз-ўзидан маълум бўлади (Суютий, "Жомеъ ал-аҳодис", 18/19130; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 15/42539). 

Сийдик томчиларидан сақланмаслик билан қабр азоби ўртасида қандай боғлиқлик бор. Бунинг ҳақиқатини Аллоҳ таолонинг ўзи билади! Бандалар бу борада фикр юритиб кўришлари мумкин. Хуллас, сийдикдан сақланиш таҳоратнинг биринчи қадамидир. Қабр эса барзах оламига биринчи қадамдир. Қиёматда илк савол намоздан бўлади. Таҳорат намознинг шарти сифатида ундан муқаддам туради. Шунинг учун охират манзилларининг биринчисида таҳоратнинг биринчисидан сўроқ бўлиб ўтади. Бунга далил сифатида “Мўъжам ат-Табароний”даги ушбу ҳадиси шарифни келтириш мумкин:

اتقوا البول فإنه أول ما يحاسب به العبد في القبر

“Сийдикдан сақланинглар, чунки қабрда банда энг аввал ундан ҳисоб-китоб қилинади” (Табароний, 8/7605).

Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

تَنَزَّهُوا مِنَ الْبَوْلِ فَإِنَّ عَامَّةَ عَذَابِ الْقَبْرِ مِنْه

"Сийдикдан покланинглар, чунки қабр азобининг кўпчилиги ундандир!" (Ҳоким, 1/654; Дорақутний, 1/469; Табароний, 11/11104; Таҳовий, "Мушкил ал-асор", 11/4518).

Юқоридаги ҳадиси шарифлар сийдикнинг ҳаромлигини тасдиқлайди. Бироқ, айнан гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги борасида фақиҳлар орасида аввалдан ихтилоф бўлгани боис Абу Ҳанифа уни нажосатларнинг "нажосати хафифа" – "енгил нажосат" турига киритади (Бу ҳақида матн китобларига қаранг: Абу-л-Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Қозон, 1916. – Б. 7; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 9).

Гарчи сийдик ҳаром бўлса ҳам шифо мақсадида ундан фойдаланиш мумкинлигига юқорида келтирилган "Урайналиклар ҳадиси" далил бўлади. Унда Расулуллоҳ (с.а.в.) касалларга шифо мақсадида туянинг сийдигини ичишни буюрганлар. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам ушбу фикрга мойиллик билдириб, Ибн ал-Мунзирнинг машҳур саҳоба Ибн Аббос (р.а.) томонидан марфуъ ҳадис ривоят қилганини зикр қилган (Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Мадина: Мактабат ас-салафия, 1390. – Б. 339):

انّ فى ابوال الإبل (او فى البان الإبل و ابوالها) شفاء للذربة بطونهم  

"Туянинг сутлари ва сийдикларида меъда бузилиши учун шифо бор!". Уни Имом Аҳмад ва Табароний ҳам ривоят қилганлар (Табароний, 12/12986; Аҳмад, 1/2677).

Табибларнинг буюк устози Абу Али ибн Сино ҳам туянинг сути ва сийдигида бир қанча касалликларга шифо борлигини кўрсатиб кетган (Батафсил қаранг: Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари. II китоб. Иккинчи нашри. – Т.: Фан, 1982. – Б. 154-156; 364-367). Абу Али ибн Синонинг айтишича, туя сути меъда учун фойдали; тиқилмаларни ҳосил қилмайди; қоринда бошқа сутларга нисбатан камроқ ивийди; туя сути баданда оқ доғларни ҳосил қилмайди; у нафас қисишга ва иситмага фойда қилади; туя сути сариқ касалига фойдали; туя сути талоқ ва жигардаги кўпгина касалликларга фойда қилади; у жигарни ҳўллайди; туя сути истисқо учун жуда фойдали, айниқса уни урғочи араб туясининг сийдиги билан қўшиб ичилса, иштаҳани оширади ва чанқатади, ични юмшатади; сийдикларнинг энг фойдалиси асл туялардан ҳисобланган араб туясининг сийдигидир; бошнинг кепакланганига туя сийдиги билан ювиш фойда қилади, буқа сийдиги билан ювиш ҳам шундай; одам ва туя сийдиклари, айниқса, сут бериб турган туянинг сийдиги билан биргаликда ишлатилгани, истисқо ва талоқнинг қаттиқлашганига фойда қилади.   

● "Урайналиклар ҳадиси"да Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сийдик ичишга буюришлари уни ким қачон хоҳласа ичаверишига эмас, балки маҳоратли ҳозиқ табибнинг кўрсатмасига биноан дори сифатида қўллашга, масалан баданга суртишга ишора бўлишининг эҳтимоли бор. Бунда ароқнинг шифо ниятида ишлатилишига ҳам далил бор. Аллоҳ таоло ароқда манфаатлар борлигини айтган:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا {219}

"Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир" (Бақара, 219).

Ароқдаги ёки сийдикдаги манфаатлардан бири уни касалликларда баданга суртиш ила амалга оширилиши ҳам мумкинлигидир.

Абу Али ибн Сино "Тиб қонунлари" асарида: "Одам сийдигини ток кули билан қўшиб, қон оқиб турган ерга қўйилса, қонни тўхтатади; сийдик теридаги доғни кетказади; тери шилинишига, қичима ва песга фойда қилади; одам сийдигининг эскиргани қулоқдан йиринг оқишини тўхтатади; эшакнинг сийдиги буйрак оғриғига даво бўлади; одам сийдигининг эскиргани ҳамма заҳарларга қарши тура олади; оқма тешикларни, шунингдек, "сутли яра"ларни шароб билан ювилса ҳам фойда беради; асалли шароб бачадон оғриқларига фойда қилади; эски шароб билан ювиниш ҳамма газандаларнинг чаққанига фойдалидир", каби даво турларини ёзиб қолдирган (Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари. II китоб. Иккинчи нашри. – Т.: Фан, 1982. – Б. 154-156; 604-605).

Ибн Обидийн "Радд ул-муҳтор" асарида буюк фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг "ат-Тажнис ва-л-мазид" асаридан "Агар "Сураи фотиҳа"ни қон билан ёзилса, ёки сийдик билан ёзишга тўғри келса, шифо мақсади учун жоиз. (Бурундан қон келиши тўхтамаса, пешонага бурун қони билан "Сураи фотиҳа"ни ёзиш уни тўхтатиши тажрибада кўрилган экан). Лекин бу ўтган уламолардан нақл қилинмаган. Шифо ниятида ҳаромлик соқит бўлиши ўлиб қолиш мумкин бўлган очлик ва чанқоқлик вақтида ўлмагудек миқдорда ароқ ёки ўлимтикни ейишнинг жоиз эканидан келиб чиқади" дейилганини зикр қилиб келтирган (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 365).

Ибн Обидиннинг “Сураи фотиҳа”ни қон билан ёзиш ўтган уламолардан нақл қилинмаган, деган гапига қўшимча қилиб, кейинги даврларда ҳам бу ишни ҳеч ким қилмаганлигини, уни қилиш сеҳр ва фолбинликнинг бир тури бўлгани боис асло мумкин эмаслигини таъкидлаш лозим.   

Юқоридаги оят мазмунида ароқнинг бир нави фойдаси борлиги мулоҳазасидан келиб чиқиб, ҳозирги давр уламоларининг тиббий мақсадларда махсус спиртни баданга суртишнинг жоиз эканлигига берган фатволарига қўшилиш керак бўлади.

Абу Юсуфнинг Абу Ҳанифадан қилган ривоятига қараганда, бармоқ жароҳатланганда ўт ёки ўт пуфагини унга боғлаб қўйиш жоиз (Бурҳониддин ал-Бухорий. Муҳит ал-бурҳоний. www.almeshkat.net/books 1/234).

● Ҳаром нарсалардан шифо талаб қилиш мумкин эмаслиги борасидаги Имом Абу Ҳанифанинг фикрига сийдикдан сақланиш ҳақидаги ҳадиси шарифлар далолат қилади. Улар қатъий бўлиб, у барча сийдик турларини қамраб олади. Инсоннинг сийдиги, жами ҳайвонлар сийдиги шулар жумласидандир. Шунинг учун Ибн Нужайм ал-Мисрий "Баҳр ар-роиқ" ҳамда Имом ал-Ҳаскафийнинг "Дурр ал-мухтор" асарларида ҳанафийликнинг зоҳири мазҳабига кўра гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги ҳаромлиги боис ҳаром нарсани даво сифатида қўллаш мутлақо жоиз эмас, дейилган (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 3-жилд. – Байрут: Илмия, 1300. – Б. 239; Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаскафий. Дурр ал-мухтор. 1-жилд. ("Радд ул-муҳтор" билан бирга). – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 365).

Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаромдан даво истамасликни буюриб, бундай деб марҳамат қилганлар:

إنَّ اللَّهَ أَنْزَلَ الدَّاءَ وَالدَّوَاءَ وَجَعَلَ لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءً فَتَدَاوَوْا وَلاَ تَدَاوَوْا بِحَرَام

"Шак йўқки, Аллоҳ дард ва давони туширган ва ҳар бир дард учун даво ҳам қилган. Бас, даволанинглар, лекин ҳаром билан даволанманглар!" (Абу Довуд, 4/3876; Байҳақий, "ас-Сунан ал-кубро", 10/19465; "ас-Сунан ас-суғро", 3/4326; Табризий, "Мишкот ал-масобиҳ", 2/4538).

Бу фикр эгаларининг "Урайналиклар ҳадиси" борасида бир нечта жавоблари бор:

1)                      Урайналиклар ҳижратнинг олтинчи йили жумодий ал-охир ёки шаввол ёки зулқаъда ойларида Мадинада бўлган бўлиб, сийдикдан сақланиш ҳақидаги ҳадислар ушбу воқеадан сўнг ворид бўлган. Яъни, сийдикдан сақланиш ҳақидаги ҳадислар "Урайналиклар ҳадиси"ни мансух қилади. Ибтидойи исломда ҳатто итларнинг масжидларга кириб юраверишлари, масжидга сийиб, булғаб  кетишлари ҳам мумкин бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)нинг бундай деган хабари бор:

 كانت الكلاب تبول وتقبل وتدبر في المسجد في زمان رسول الله صلى الله عليه و سلم

فلم يكونوا يرشون شيئا من ذلك

"Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг замонида итлар масжидга сийиб кетар, у ёқдан бу ёққа бориб-келиб юришаверарди. Унга ҳеч бир нарса қуйиб, тозалаб ўтирмасдилар (Бухорий, 1/172; Байҳақий, 2/4041). Кейинчалик масжидларни озода сақлаш ҳамда итларнинг ҳаром қилиниши натижасида бу нарса қатъий таъқиқланган. 

2)                      "Урайналиклар ҳадиси"да айнан ичиш назарда тутилаётгани йўқ. Чунки, одатда икки феълни бирданига айтилмоқчи бўлса, уларнинг биринчиси тилга олинади, холос. Жумладан, арабларда бундай гап бор: علفتها تبنا و ماءً باردا "Ҳайвонга сомон ва муздек сувни озуқа қилиб бердим". Бу ерда сув алаф-хашак эмас, бироқ, умумий маънода хашак билан бирга сув ҳам ишлатилгани боис, у биргаликда қўлланилган. Шунга қараганда, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичинглар!" деганларида, сийдикни ичишни эмас, балки уни дори сифатида қўллашни назарда тутган бўлсалар керак. Бу билан сийдикни фақат баданга суртиш мумкинлигининг ҳам эҳтимоли бор. Буни Ибн Сино ҳам "Тиб қонунлари"да тасдиқлаган.

3)                      Мавлоно Али ал-қори айтишича, "Урайналиклар ҳадиси"да Расулуллоҳ (с.а.в.) касалларга сийдик ичишни тавсия қилганлари уларнинг ўзига хос буйруқдир. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга сийдикнинг шифо бўлишини ваҳий ёки туш орқали билиб олганлар (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 75).

4)                      Гарчи "Урайналиклар ҳадиси" саҳиҳ бўлса-да, бироқ, унга қўшимча қилинган "Гўшти ейиладиган нарсанинг сийдигининг зарари йўқ!" деган маънодаги ҳадисларнинг заиф эканлигини ушбу ҳадисни ривоят қилган муҳаддисларнинг ўзлари айтиб ўтганлар.

5)                      Имом Таҳовий ақлий далил келтириб айтадики, одамнинг гўшти пок бўлгани билан унинг сийдиги нажас ҳисоблангани каби туянинг гўшти ҳам пок бўлиши билан унинг сийдиги нажас ҳисобланади (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Б. 109-110).

● Ҳаром нарсалардан шифо талаб қилиш мумкин эмаслиги борасида яна бир ҳадиси шариф бор. Ҳадисдаги воқеа Умму Салама онамиз (р.а.) уйларида бўлиб ўтган. Уйда шароб шарбати қайнатилаётганини кўриб қолган Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг сабабини сўраганлар. Умму Салама онамиз (р.а.) жория касал бўлиб қолганлиги сабабли унга шаробдан дори сифатида фойдаланмоқчи эканларини айтади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

إن الله تعالى لم يجعل شفاءكم فيما حرم عليكم

"Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг шифойингизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!" (Абдурраззоқ, 19/17097; Табароний, 23/749; Байҳақий, 10/19463-19464; Таҳовий, 1/652). Гарчи Ибн Ҳазм мазкур ҳадисни ботил деган бўлса-да, бироқ, уни Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб ўз саҳиҳ ҳадислар тўпламида зикр қилган (Ибн Ҳиббон, 4/1391).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)га бир киши қорни оғриётганини, унга шароб шифо бўлади, дейишаётганини айтганида, у ҳам худди Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган гапни такрорлаган (Бухорий, 4/5614 олдидан таълиқан келтирган; Ҳоким, 4/7509; Табароний, 9/9714, 9716).

Саҳобалардан яна бири шаробдан даво сифатида ишлатмоқ мақсадида тайёрлаётганини айтганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга бундай деганлар:

إنه ليس بدواء ولكنه داء

"Ароқ даво эмас, у дарддир!" (Муслим, 3/1984; Аҳмад, 4/18882; Таҳовий, 1/650).

إنها ليست بدواء ولكنها داء

"Албатта шароб даво эмас, бироқ, у дарддир!" (Термизий, 4/2046; Абу Довуд, 4/3875; Доримий, 2/2148; Табароний, 22/15; Байҳақий, 10/19460; Ибн Ҳиббон, 4/1390; Ҳоким, 7/8260; Баззор, 2/4473).

Мазкур маънодаги ҳадисларда гап фақат ароқ устида кетаётгани боис Имом Таҳовий ва Имом Байҳақий ароқдан умуман ва мутлақо шифо талаб қилиб бўлмайди, деган қарорга келганлар (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Б. 109; Байҳақий, "ал-Одоб", 1/703).

Шунинг учун ҳам Ойша онамиз (р.а.) айнан ароқдан даво исташдан қайтарган эдилар (Абдурраззоқ, 19/17099) ва "Эй, Аллоҳим, ароқ билан шифо истаган беморга шифо бермагин!" дея дуои бад қилгандилар (Таҳовий, 1/653).

Ҳанафий олими Имом ал-Ҳамавий чўчқа гўштини ҳам шифо ниятида истеъмол қилиш агар уни шифо десалар ҳам мутлақо жоиз эмас, деган (Иқтибос бундан: Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 366).

Илон гўшти шариатимизда ҳаром экани кўпчиликка маълум. Демак, унинг савдоси ҳам ҳаром. Бироқ, Абу-л-Лайс ас-Самарқандий илонларни дори сифатида фойдаланиш мақсадида сотиш ва илон гўштини ишлатиш жоиз, деган. Аммо, таъкидлаш керакки, Абу Бакр Косоний ўзининг машҳур "Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ" асарида: "Илон шаръан ҳаром бўлгани боис уни даво сифатида ишлатиш жоиз эмас. Абу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг жоиз деган гапи тўғри эмас. Чунки, у ароқ каби даво эмас, дарддир. Демак, илонни сотишга ҳам эҳтиёж йўқ" деган (Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 5-жилд. – Байрут: ал-Мактабат ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 144; Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаскафий. Дурр ал-мухтор. 7-жилд. ("Радд ул-муҳтор" билан бирга). – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 480).

Ибн Обидин кўз оғриғига номаҳрам чўрининг сутини ишлатиш борасида икки хил фиқҳий қараш борлиги, улардан бири мутлақо жоиз эмаслиги борасида эканини зикр қилган (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 264).

Саҳиҳ ривоятда айтилишича, бир табиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қурбақа, бақани даво сифатида ишлатиш ҳукми борасида сўраганида, ул зоти шариф ундан қайтарган эдилар:

أَنَّ طَبِيبًا سَأَلَ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- عَنْ ضِفْدَعٍ يَجْعَلُهَا فِى دَوَاءٍ فَنَهَاهُ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- عَنْ قَتْلِهَا

"Бир табиб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қурбақа тўғрисида даво сифатида ишлатиш жоизми, деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни ўлдиришдан қайтардилар" (Абу Довуд, 4/3873; Байҳақий, 9/18783; Аҳмад, 3/16113).

Демак, Абу Ҳанифанинг фатвосига далил бўлган ҳадиси шарифларга кўра сийдик, ароқ ва бошқа ҳаром нарсалардан даво исташ асло жоиз эмас!   

● Ҳозиқ табибнинг кўрсатмасига кўра ҳаром нарсадан шифо мақсадида фойдаланиш мумкинлигига "изтирор ояти" далил бўлади. Ихтиёр ҳолатида ҳаромни истеъмол қилиш асло мумкин эмас. Оятга кўра, мажбур ва зарурат вақтидагина ҳаром нарсани истеъмол қилиш мумкин:

وَمَا لَكُمْ أَلاَّ تَأْكُلُواْ مِمَّا ذُكِرَ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ وَإِنَّ كَثِيراً لَّيُضِلُّونَ بِأَهْوَائِهِم بِغَيْرِ عِلْمٍ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِالْمُعْتَدِينَ {119}   

"Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, Магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта, Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билгувчидир" (Анъом, 119).

Ўлимтикни ва чўчқа гўштини мазкур ояти каримада айтилганидек зарурат вақтида истеъмол қилинишига Қуръони карим рухсат берган. Жумладан, қуйидаги ояти каримлар ҳам шу ҳақидадир:

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلاَ عَادٍ فَلا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {173}

"У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Aллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса гуноҳкор бўлмайди. Албатта Aллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир" (Бақара, 173).

فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {3}

"Бас, кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Оллоҳ кечирар). Зеро, Оллоҳ мағфиратли, меҳрибондир" (Моида, 3).

Юқоридаги учта ояти каримага кўра зарурат вақтида ҳаром нарсани истеъмол қилиш мумкин. Очлик вақтида, жонни асраш мақсадида ҳожат миқдорида ҳаромни истеъмол қилишга рухсат берилган (Мулла Жеван. Ат-Тафсирот ал-Аҳмадиййа. – Қозон, 1323. – Б. 36).

Шунинг учун Имом Абу Ҳанифа касалликка ҳаромдан бошқа шифо бўлмайдиган бўлса, ҳозиқ табиб мазкур ҳаром муайян бир касалликка шифо бўлишига кафил бўлса, унда зарурат бўлгани боис ҳаромни истеъмол қилиш жоиз, деган. Бунда ҳозиқ табиб тажрибасининг аксар вақти, гумонининг ғолиби эътиборга олинади.

Ҳанафийликнинг "ан-Ниҳоя", "ал-Хония" фатво тўпламларида юқоридаги ҳолатларда ҳаромдан зарурат бўлган вақтда истеъмол қилиш жоиз, дейилгани "Баҳр ар-роиқ", "Радд ал-муҳтор" асарларида келтириб ўтилган (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 264; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 3-жилд. – Байрут: Илмия, 1300. – Б. 239).

Зотан, ҳаром нарсаларга зарурат вақтида ижозат берилишига қуйидагиларни ҳам мисол келтириш мумкин:

1) Эркакларга ипак кийими кийиш ҳаром бўлгани билан уни бурга кўпайиб кетган вақтларда, қичима ва қўтир касалликларида кийиш мумкин экан. Чунки, ипак кийимлар бургани ва қичимани йўқотар экан (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал-Ашбоҳ ва-н-назоир. – Миср: Водий ан-Нил, 1289. – Б. 159).

2) Қаттиқ совуқ бўлиб, бошқа кийим топилмаган вақтда ипак кийим кийиш мумкин. Шунинг учун Имом Таҳовий айрим иллатларга шифо бўлгани боис зарурат вақтида ҳаром қилинган ипакнинг мубоҳга айланиши мумкинлигини қайд қилган ва зарурат вақтида сийдикдан ҳам шифо исташ шу қабилдадир, деган (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1994. – Б. 109).

3) Кўз оғриғида кўзга ипак боғлаш ҳам нафъ берар экан, бу ҳолатда уни ишлатиш жоиз (Шамсиддин Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 2-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 303).

4) Олтин ҳам эркакларга ҳаром, бироқ, тиш тушганда олтиндан қоплатиш жоиз. Чунки, кумуш ёки бошқа металлар оғиз сасишига олиб келиши мумкин (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 4-жилд. – Деҳли: Форуқий, 1327. – Б. 441).

● Имом Абу Ҳанифа зарурат вақтида касалликда ҳаромни истеъмол қилишнинг жоиз бўлишлиги учун ҳозиқ табибнинг кўрсатмасини шарт қилиб қўйган. Ҳозиқ табибнинг кимлиги ва қандай бўлиши борасида мазҳаб доирасида турлича фикрлар бор. Ҳозиқ табибнинг фикри рўза тутса, касаллиги кучайиб кетиш хавфи бўлганда, рўзани очиш учун ҳам инобатга олиниши фиқҳий манбаларда ўз аксини топган. Бу ҳолатда табиб мусулмон, фосиқлиги мастур (яширин), адолатли бўлиши шарт қилинган. "Баҳр ар-роиқ" ва "Наҳр ал-фоиқ"да кофир табибларга ҳам ишониб даволатиш мумкинлигидан келиб чиқиб, унинг мусулмон бўлиши шарт эмас, уларнинг ибодатни ботил қилиш нияти бўлмаса, тиббий маслаҳатига амал қилиш мумкин, дейилган. Бироқ, "Радд ул-муҳтор"да ушбу фикрга қўшилинмаган (Қаранг: Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б.404).

Ҳозиқ табиб деганда ўз ишига маҳоратли, ўз юртида тан олинган, муайян тажрибага эга, бугунги кун тили билан айтганда, профессор, фан доктори ёки фан номзоди бўлган, олий тоифали шифокор бўлиши шартдир. Шунингдек, у фосиқ бўлмаслиги, яъни диний шаръий ҳукмлар ва амалларни ошкора инкор қилувчи бўлмаслиги лозим. Шариатдаги ҳаром ва ҳалолни билувчи ҳам бўлиши керак. Яъни, шариатда ҳаром дейилган нарсаларни охирги чора сифатида ишлатиш лозимлигини яхши англамоғи даркор. Акс ҳолда, ҳалол нарса бўлса ҳам ҳаромни тавсия қилиши мумкин.  

Хуллас, маҳоратли шифокорнинг фикри инобатга олиниши учун у қуйидаги қатъий фикрларнинг бирига келган бўлиши лозим: 

1) Шифокор муайян шаръан ҳаром нарсада даво бор, ундан бошқа давоси йўқ ёки ундан бошқа давоси қолмади, дейиши керак.

2) Шифокорнинг кафолати ўз тажрибасидан келиб чиққан ва ҳаромни истеъмол қилинганда касаллик тузалишига гумони ғолиб бўлган бўлиши керак.

3) Шифокор: "Мана шу ҳаромни истеъмол қилсангиз, касалингиз тузалиши тезлашади", деса, унда икки хил фатво бор: истеъмоли жоиз ва ножоиз.

● Хулоса шуки, Имом Шофиъий таъбири билан айтганда, "ислом оламининг жами фақиҳлари унинг боқимандалари" бўлган зот – буюк фақиҳ Абу Ҳанифа Имом Аъзамнинг фиқҳий қарашига кўра ҳаромдан тўғридан-тўғри шифо ниятида фойдаланиш асло жоиз эмас. Инсон ўзича шифо экан, деб ҳаромни истеъмол қилавермайди. У ўз юртида тан олинган маҳоратли шифокор билан маслаҳатлашади. Бу фатвога асосли ва саҳиҳ далиллар етарлидир. Охирги чора сифатида, ўлим хавфи туғилганда, касалликнинг кучайиб кетиши хавфи бўлганда, маҳоратли шифокорнинг ишончли қатъий кўрсатмасига биноан зарурат миқдорида ҳаромдан шифо ниятида фойдаланиш мумкин бўлади. Бунга "изтирор ояти" далил бўлади. Ҳаромни истеъмол қилгандан кейин касаллик чекина бошлаши билан, бошқа ҳалол дорилар наф берадиган бўлса, энди дарҳол ҳаромни тўхтатилади ва ҳалол дориларни ишлатишга ўтилади.

Иложи борича ҳаромдан фойдаланмасликка, ҳалол йўл билан қилинган барча чораларни кўришга ҳаракат қилиш лозим. Зотан, зарра миқдори ҳаромдан сақланиш бутун дунё ибодатидан яхшироқдир!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зикр аҳлидан сўрангrdquo ёки muslim.uz сайтида қўйиб бориладиган саволжавобларни ўқиганимда эътиборга молик бўладиган бир нарсани кузатаман. Саволга берилган давоми...

4753 19:05 / 11.02.2018
Инсон зоти борки, бахтли бўлишни хоҳлайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл давоми...

3200 05:00 / 09.03.2017
Эй дўстим. Эй тушкунликдаги биродарим. Ноумид бўлманг. Тушкунликка тушманг. Чунки эрта бизларникидир. Барча хушхабарлар биз биландир. Бу машаққатлар эса сизнинг давоми...

3108 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом ва саловотлар бўлсинАллоҳ таоло бандаларини ҳалолпокиза ҳаёт кечиришга буюриб, қабиҳ ва давоми...

7884 05:00 / 09.03.2017