1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

«Жасади қутқарилган» Фиръавн

17:57 / 14.08.2020 2333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий мўъжизалар ёхуд Британия музейидаги уч минг йиллик топилма кимга тегишли?

Сизу биз яшаб турган бу кўҳна очунда ҳар қадамда Яратганнинг беқиёс мўъжизаларига дуч келамиз. Зотан, Шайх Саъдий айтганидек, ҳар бир япроқ Яратганнинг қудратидан дарак беради. Қуръони каримнинг нозил қилиниши ҳам ана шундай буюк мўъжизалардан биридир. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Қуръони карим оятларида кейинчалик ўз тасдиғини топган илмий далиллар ҳам беҳисоб. Бироқ мусулмонлар орасида катта шов-шувга айланган айрим «мўъжизалар» ҳақидаги баҳслар ҳамон тўхтагани йўқ. Улардан бири «лаънатланган Фиръавн» жасадидир.

«Ҳар Фиръавнга бир Мусо»

Халқимизда «ҳар яхшига бир ёмон» деган нақл бор. Бунинг акси ўлароқ, арабларда «ҳар Фиръавнга бир Мусо» дейишади.

Аллоҳ томонидан элчи қилиб жўнатилган пайғамбарлардан бири Мусо алайҳиссалом ҳақидаги маълумотлар Таврот, Инжил сингари самовий китобларда, шунингдек, Қуръони каримда ҳам келтирилган.

Ҳазрати Мусо алайҳиссалом милоддан аввалги 1200-йилларда яшаган. Ўша даврда Миср ҳудудида ҳукмронлик қилган Фиръавн худоликни даъво қилиб, фуқароларини ўзига сиғинишга ундаб келарди. Келгусида туғилажак бир ўғлон улғайгач, уни ўлдириши ва салтанатини йиқитиши тушида аён бўлгач, Фиръавн янги туғилган ҳамма ўғил чақалоқларни ўлдиришга буйруқ беради. Аммо Аллоҳ ўша пайтда туғилган ҳазрати Мусо алайҳиссаломни ўз ҳимоясига олади ва уни ўзига расул (элчи) этиб тайинлайди.

Фиръавнинг у зотга қаршилиги Мусо алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига кўтарилганидан кейин янада кескинлашади.

Фиръавн Мусо алайҳиссаломга ва унга эргашган Бани Исроил қавмига зулм ўтказа бошлаган бир пайтда Аллоҳ ўз расулига қавмини олиб, Мисрдан чиқиб кетишни амр қилади. Мусо алайҳиссалом қавми билан йўлга чиққанидан хабар топган Фиръавн катта бир қўшин билан уларни таъқиб этади.

Ҳазрати Мусо алайҳиссалом ўз қавми билан Фиръавн таъқибидан қочиб, Қизил денгиз қирғоғигача келади. Олдинда душмандек беомон денгиз, ортда эса денгиздек ҳайбатли душман. Шундай бир оғир вазиятда илоҳий ваҳийга биноан ҳазрати Мусо ҳассасини денгизга уради. Аллоҳнинг иродаси ила сув иккига бўлиниб, ўртада йўлак ҳосил бўлади ва Мусо алайҳиссалом одамлари билан бу йўлдан соғ-омон ўтиб олишади.

Фиръавн ва унинг қўшини денгизнинг иккига ажралганини кўриб даҳшатга тушади. Кейин денгизда очилган «йўл»дан таъқибни давом эттирадилар. Лекин қўшин «йўл»нинг ярмига етганда денгиз суви Аллоҳнинг амри билан қайтадан бирлашади ва тўлқин бутун бошли қўшин ва Фиръавнни ўз домига тортади.

Илоҳий китобдан дараклар

«Юнус» сурасининг 90-оятида бу ҳодиса қуйидагича баён этилган:

«Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму-зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш пайти етганида эса у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот — Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман —Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман"».

Лекин Аллоҳ ўзини худо деб даъво қилиб келган Фиръавннинг бу иймонини, тавба-тазаррусини қабул қилмайди.

Кейинги ояти каримада шундай дейилади:

«Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!».

Ва у денгизга ғарқ бўлади. Шу суранинг 92-оятида эса воқеанинг давоми бундай баён этилади. Яъни, сувга ғарқ бўлган Фиръавнга Аллоҳ: «Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат ололмайдилар)», —деб хитоб қилади.

Айни чоғда оятлар ва уларга берилган тафсирлар моҳияти ҳам ҳодисанинг ҳақиқат эканлигини очиқлайди. Масалан, Замахшарий (1144 йилда в.э.) «Юнус» сурасининг 92-оятини қуйидагича тафсир қилади:

«...Сени денгиз қирғоғидаги бир гўшага отамиз... Жасадингни ҳеч бир нуқсонсиз ва бузилмаган, яланғоч ва кийимсиз ҳолда сендан бир неча аср кейин келадиганларга ибрат бўлсин деб қўриқлаймиз» (Кашшоф тафсири, 2-жилд, 251-252-бетлар).

Оят ва тафсирда Фиръавн жасадининг бус-бутун қолишининг таъкидланиши унинг мўмиёланмаган ҳолда эканини кўрсатади. Чунки одатда жасадлар мўмиёланса, ички аъзолари олиб ташланади. Демак, музейдаги жасаднинг ҳолати оят ва тафсирларга бу жиҳатдан ҳам уйғун келаяпти.

Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб кўп диний нашрлар бугунги кунда дунёнинг энг йирик музейларидан саналган Британия музейидаги бир жасад худди мазкур оятларда тасвирланган Фиръавннинг жасади эканини таъкидлаб келади. Мазкур нашрларда ёзилишича, жасад ҳодиса бўлиб ўтган Мисрнинг Жабалайн деган мавзесидан топилган ва инглиз тадқиқотчилари уни қизиган қумлар орасидан чиқариб, ўз ўлкаларига олиб кетганлар.

Жасаднинг ёшини аниқлаш учун олиб борилган тадқиқотлар натижасида бу жасад энг камида уч минг йиллик тарихга эга экани аниқланди. Бу эса у одам ҳазрати Мусо алайҳиссалом даврларида яшаб ўтганини кўрсатади.

Музейдаги жасад кимга тегишли?

Чиндан ҳам мазкур музейнинг «Қадимги Миср» бўлимида ЕА32751 инвентар рақами остида мўмиёланмаган, ёши 3000 йилларга тенг дея тахмин қилинган сажда ҳолатидаги қадимий жасад сақланади.

Қадимги Мисрда фиръавнлар вафот этгач, уларнинг ички аъзолари алоҳида оғзи ёпиқ идишларга солинган, жасаднинг устки қисмлари мўмиёланиб, махсус тобут – саркофагларда дафн қилинган. Бу жасад эса мўмиёланмаган, дориланмаган, барча аъзолари ўз ҳолича сақланган. Ҳатто жасаднинг сарғайган сочлари ва соқолларини ҳам кўриш мумкин.

Жасадларнинг бир неча ҳафтадаёқ батамом бузилиши маълум ҳақиқат, бироқ орадан уч ярим минг йил ўтган бўлишига қарамай бу жасад нега чиримаган, бузилмаган? Ҳатто мўмиёланган жасадлар ҳам маълум вақт ўтгач бузила бошлайди — буни фан исботлаган. Унда бу жасаднинг бузилмагани сири нимада?

Наҳотки, бу ўша Қуръони каримда «кейингиларга ибрат учун жасади сақланиши» ваъда қилинган малъун Фиръавн бўлса?

Баҳслар тўхтагани йўқ

Албатта, кўпгина мутахассислар Британия музейидаги бу жасад айнан Қуръонда тилга олинган жасад эканига шубҳа қилмайдилар.

Айрим манбаларга кўра бу жасад Рамзес Иккинчининг ўғли Мернептахга (эр. ав. 1212—1202-й.) тегишли деб қаралади. Чунки тарихий маълумотлар Қуръонда тилга олинганидек яҳудийларнинг Мисрдан қувғин қилиниши айнан ушбу Фиръавн даврига тўғри келишини тасдиқлайди.

Аммо, муаммо шундаки, Мернептах денгизга ғарқ бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аксинча, у ўз ажали билан вафот этгани айтилади. Унинг мўмиёланган жасади эса 1898 йилда Қоҳира яқинидаги Шоҳлар водийсида археолог Виктор Лоре томонидан топилган бўлиб, айни пайтда у Қоҳира музейида сақланмоқда. Қолаверса, айрим манбалар Мернептах яҳудийлар Мисрдан қувғин қилинганидан кейин яна беш йил яшагани ҳақида маълумот беради.

Археолог, Британия музейининг «Қадимги Миср» бўлими мутахассиси Дерек Уэлсбининг айтишича, бу экспонат айнан Фиръавн жасади эканига оид далил-исботлар йўқ. Аммо жасад чиндан ҳам табиий усулда (мўмиёсиз), деярли чиримаган ҳолатда сақланиб қолган.

Унда бу ким бўлди?

Кўпгина ғарб мутахассислари бу жасад оддий инсонга тегишли деб иддао қиладилар. Зотан, табиий шарт-шароитлар юзага келганда (иқлим, намлик, ҳарорат, босим ва ҳоказо) ҳам жасад қўшимча ишловсиз ҳам мўмиё ҳолига келиши мумкин. Дейлик, жасад иссиқ қумга кўмилганда юқори ҳароратда бадандаги сув қисқа муддатда буғланиб кетади, тана эса табиий мўмиёга айланиб қолади. Бундай жасадлар Мисрда, шунингдек Перунинг Наска саҳросида ҳам топилган. Бу сингари «табиий мўмиё»лар дунёнинг бошқа музейларида ҳам учрайди.

Бу жасад Қадимги Мисрнинг Янги подшолик даври(эр.ав. 3500-3250-й.)га тегишли бўлиб, Қизил денгиз қирғоқларидан 300 чақирим узоқликдан топилганига ишонадиган бўлсак, уни ўша Фиръавнга тегишли деб ўйлашимиз мантиққа зид бўлур эди. Бундан ташқари, жасад атрофида лойдан ясалган оддий рўзғор буюмлари топилган. Бу эса қадимги мисрликлар учун хос одатлардан саналади. Фиръавнлар қанчалик дабдаба, беҳисоб бойликлар билан дафн этилгани тарихдан яхши маълум.

Тўғрисини Аллоҳ билгувчироқдир

Унда ўз-ўзидан савол туғилади: ахир Қуръони каримдаги «Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз» оятини қандай тушуниш мумкин?

Албатта, муқаддас Каломуллоҳнинг ояти карималарини ўзимизча талқин қилиш фикридан мутлақо йироқмиз. Аммо Ибн Аббос ва бошқа муфассирларнинг тафсир қилишларича, Бани Исроилдан айрим кишилар Фиръавннинг ўлимига ишонишмаган. Шунда Аллоҳ денгизга Фиръавннинг жасадини қирғоққа чиқариб ташлашни амр этган. Дарҳақиқат, Бани Исроил қавми Фиръавннинг жасадини эгнидаги совутдан таниб, унинг ўлимидан ибрат олишган экан. Тафсирга кўра бу оятда «ўзингдан кейинги кишилар» дейилганда айнан Бани Исроил қавми назарда тутилган бўлиши мумкин.

Албатта, бу фикрлар билан одамлар ишониб улгурган бир «мўъжиза»га нисбатан шубҳа уйғотиш ниятимиз йўқ. Аксинча, одамлар орасида тарқалган турли шов-шувларга сал бўлса-да ойдинлик киритмоқчи эдик, холос. Зотан, иймони мустаҳкам инсонлар учун ҳеч қандай мўъжизанинг кераги йўқ. Ахир бу ҳаётда мўъжиза бўлмаган бирор нарсани топиш мумкинми?

Манба: xabar.uz

Журналист Рустам Жабборов


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломдаги амаллар ибодатлар оз ва енгилдир. Уларда ортиқча машаққат ва қийинчилик йўқдир.Бу амаллардан биринчиси, тонгда Раббисига муножот қилиш учун икки ракат давоми...

3451 05:00 / 13.03.2017
Зикр аҳлидан сўрангrdquo ёки muslim.uz сайтида қўйиб бориладиган саволжавобларни ўқиганимда эътиборга молик бўладиган бир нарсани кузатаман. Саволга берилган давоми...

4752 19:05 / 11.02.2018
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4516 10:25 / 31.12.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсинИлмий майдон кенгайиб, инсонларнинг таълифга эҳтиёжлари туша бошлагач илк таснифотлар давоми...

4276 05:00 / 09.03.2017