1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Бағрикенглик эмас, балки адолатдир!

05:00 / 13.03.2017 4951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динлараро муносабатларда кейинги пайтда ишлатиш урф бўлган “диний бағрикенглик” тушунчаси ва сўз бирикмасига бироз эътироз бор. Чунки бу сўз бирикмаси исломга ҳам инсоф қилмайди ва аҳли зимматга ҳам ҳурмат кўрсатмайди. Бу фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан. “Бағрикенглик” араб тилидаги “тасамуҳ” сўзидан олинган бўлиб, у мурувватли бўлиш, илтифот ва шафқат кўрсатиш асносида ҳақдан  кечиш маъносини англатади. Бундай ҳақдан кечиш Аллоҳнинг ҳақларига тегишли ҳукмларда мавжуд. Балки инсон ўзини Аллоҳнинг ҳақлари олдида бағрикенгликнинг, яъни Аллоҳнинг ўз бандаларидан фазли ва эҳсони ила ҳақларидан кечишлигининг кенг майдони узра тургандек кўради. Агар ибодатлар ҳукмларига қарасангиз уларнинг қанчадан қанча рухсат ва ҳақни кечиш билан иҳоталанганини кўрасиз. (Бунга касаллик ва мусофирликда жума намози фарз, ҳайит намозлари вожиб бўлмаслиги, мусофирликда намоз қаср ўқилиши ва рўза тутиш ихтиёрийлиги, маҳсига масҳ тортиш муддатининг з кунга чўзилиши, ёки сув топилмаганда таяммум қилиниши, киши вафот қилганда Аллоҳдан бўлган намоз, рўза каби қарзлари унинг қолидрган молидан адо қилинмаслиги каби ва булардан бошқа минглаб масалалар мисол бўлади.

Зеро Аллоҳ таоло:


      لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا                                  

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди). Бундан ташқари инсон бу ҳақларни адо қилишдаги хато ва камчиликларида афв ва кечириш умидларига доимо боғланган бўлади. Шундан фуқаҳолар: “Аллоҳнинг ҳақлари бағрикенгликка бино қилингандир”, дейишади.

Аммо бандаларнинг ҳақларини белгилаб берадиган ва ўрталарида адолат мезонини қўядиган аҳкомларда бағрикенглик асосларини ўрнатишда маъно йўқдир. Акс ҳолда томонлар ўртасида адолат мезони бузилади. Бунинг сабаби, бундай ҳукмлар ҳуқуқлар ҳимояси ва риояси учун адолатнинг нозик мезонига мувофиқ барпо қилинган. Агар томонларнинг биридан бағрикенглик топилса бунинг натижасида бошқа томондан ноҳақлик ва зулм топилиши керак бўлади.

Аҳли зиммат аҳкомлари бир меҳвар доирасида айланади. У ҳам бўлса мусулмон жамияти соясида мусулмонлар ва аҳли китоб ўртасидаги мумомалот ва муошаротда адолат кафолатларини мустаҳкамлашдир. Яъни, аҳли зиммат аҳкомларидан ҳар бир ҳукмда мусулмон ва китобийларнинг ҳар бири учун адолат қарор топиши риоя қилинган. Агар бу ҳукмларда мусулмонлар фойдасига бағрикенглик киритилса китобийларга ноҳақлик ва зулм қилинган бўлади. Агар уларда китобийлар манфаати учун бағрикенгликка риоя этилса, бу ҳолда мусулмонларга адолатсизлик қилинган бўлади.

Тўғри, бандаларнинг ўзаро ўрталаридаги ҳақларини белгилаб берадиган ҳуқуқларда бағрикенглик тушунчаси мавжуд. Бу тушунча битта маънодагина ворид ва маъқулдир. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ҳар бир шахснинг ўзга томон бўлган ҳуқуқида бағрикенг ва илтифотли бўлишга тавсиясидир. Аммо бу хусусда мажбурий аҳкомлар жорий қилмаган. Чунки бағрикенглик қачон ихтиёрий юзага чиққандагина ўзининг ҳақиқий маъносини ифодалайди. Аммо бу тўғрида мажбурий ҳукмларнинг жорий қилиниши айни зулмнинг ўзидир.

Сўзимиз тушунарли бўлиши учун мисол келтираман, шориъ олди сотди, қарздорлик масалаларидан иборат молиявий таомул доирасида мажбурий ҳукмларни жорий қилган. Бунда ҳамма томонга адолатни кафолатлаган ва бағрикенглик, ҳамда олийжаноблик асосларидан узоқда бўлган ҳуқуқлар мажмуъини машруъ этган. Лекин одамларга ахлоқий асосларни баён этганда барчага олийжаноблик ва мурувватли бўлишни тавсия этади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Сотганда мурувватли бўлган, олганда мурувватли бўлган, қарзни тўлаганда мурувватли бўлган ва қарзини ундирганда мурувватли бўлган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин”, дедилар. 

Демак, мусулмонлар билан китобийларнинг алоқаларини тартибга соладиган ҳукмларни бағрикенглик сифати билан тавсифлаш ҳеч бир ҳолда тўғри бўлмайди. Агар шундай қилинса бу бир вақтнинг ўзида зулм ва ноҳақлик  деб ҳам аталади. Чунки баъзи бандаларнинг ҳуқуқларида мажбурий бағрикенглик бошқаларининг ҳақларини зоеъ қилиш эвазига юзага чиқади. Бизнинг “Аҳли зиммат аҳкомларини бағрикенгликда сифатлаш исломга инсоф қилмаслик”, деган сўзимизнинг тасдиғи мана шудир. 

Бу иборанинг аҳли зимматга ҳурмат кўрсатмаслигига келсак, эҳсон кийими кийдирилган ва олийжаноблик, мурувват бўёғи билан бўялган бундай муомалотдан, у қай даражада олий ва адолатли бўлмасин, уларнинг ҳам жирканиш ва хафа бўлишга ҳақлари бордир. Чунки инсон қандай бўлмасин иззат нафсли қилиб яратилган. Аллоҳ бу тўғрида шундай марҳамат қилади: 

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.” (Исро сураси, 70-оят). Аллоҳ азза ва жалланинг инсонни икром қилиши самараси бўлмиш энг муҳим мукаррамлик эҳсон миннатлари ва раҳмат

Фиқҳ ва ислом мероси китобларида ислом ҳукмлари ва қонунлари доирасида “бағрикенглик” истилоҳини қанчалик изламайлик бу йўналишда ҳеч қандай муваффақиятга эришмаймиз. Тўғри, исломнинг одамларга ихтиёрий бағрикенгликка бўлган тавсиялари ахлоқий асослар ва қадриятлар ҳақида сўзланганда кўп бор такрорланади. Фақат бугунга келибгина ислом ҳукм ва қонунларидаги инсонийлик маъноларини бўрттириш мақсадида айрим ёзувчи ва тадқиқотчилар тилларида ушбу калима такрорлана бошлади. Ваҳоланки, бу калима ёки бирикма инсон ҳуқуқлари, яъни инсонларнинг ўзаро адолатли ҳаёт кечириш усулларини белгилаб берган  ҳуқуқларнинг баёнини ўз ичига олган ҳукмлар доирасида ҳеч қандай маънони ифодаламайди. 

Унда Қонунлар эгаси Аллоҳнинг инсонларнинг инсонийлигига эҳтимоми, уларга ўта меҳрибонлиги намоён бўлган маълум ҳукмларни қандай ном билан атаймиз, деган савол туғилади. Бу ҳукмларни адолат деб номлаймиз, инсонийлик деб атаймиз. Чунки у ҳукмларнинг ҳақиқати ва воқеълигига ана шу васфлар мувофиқ. Чунки адолат – ҳамма бир хил даражада эришадиган ва унга эришиш асносида бир тараф бошқасига миннат ёки имтиёз даъвосини қилолмайдиган ҳақдир. 

Фикримизнинг хулосаси ўлароқ шундай деймиз: Аҳли зиммат ва улар ҳукмидаги кишиларга исломнинг олийжаноб муносабатларини бундан сўнг бағрикенглик деб эмас, балки адолат ёки инсонийлик деб номласак ҳақиқатга яқинлашган бўламиз. Масалан, Имом Косонийнинг “Бадаиус санаиъ” да зикр қилган: “Зикр қилганларимиздан хамр, чўчқа ва ҳочни сотишдан, гарчи аҳли исломдан кўпчилик яшасада, лекин мусулмонлар ери бўлмаган қишлоқ ёки мавзеларда қўнғироқ чалишдан манъ этилмайди”. (Бадаиъус санаъи”, 7/113) жумлалари ислом бағрикенглиги эмас, балки унинг адолати ёки инсонийлиги ифодасидир. 


***


Бу Самарқандда бўлганди

Шу кунларда Ислом оламида энг мўътабар бўлган сайтлардан бири onislam.netда “Бу Самарқандда бўлганди”, деган мақола билан танишиб қолдим. Муаллиф доктор Ашраф Нажм шундай ёзади:

“Айтсам баъзилар ишонмайди. Лекин бу қисса ҳақиқатда Самарқандда содир бўлган. Ибн Касир, Табарий, Балозурий каби муфассир ва муаррихлар китобларида ёзмасларидан олдин, ғайри мусулмонлар зикр қилишган. Бу қисса худди “Минг бир кечадаги”га ўхшаш ҳаёлийга ўхшайди. Аммо бу воқеа ҳақиқат эди.

Мовароуннаҳрни Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ қилган ноёб қобилиятли мусулмон қўмондон Қутайба ибн Муслим бу сафар нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб қолди. У яшил яйловларга, чўққили тоғларга ва улкан бойликларга эга Самарқанд остонасида эди. Ҳа, шаҳар аҳли бутпараст бўлишига қарамай, унинг шаҳарни ҳимоя этадиган кучли қўшини ва ғалабали тарихга эга ғозийлари бор эди. Қутайба буни яхши биларди. 

Лекин нодир қобилиятли Қутайбадек қўмондан ҳийлалар устаси эди. Жойни атрофлари билан яхшилаб ўрганди. Сўнг қўшинини бир неча бўлакка ажратиб, шаҳарни ўраб турган улкан ва виқорли тоғлар томон юборди. Мусулмонлар душман кўзидан пана пистирмалар қўйдилар. Тонг чоғи шаҳар эшиклари очилиб, деҳқон ва савдогарлар зироатгоҳ ва тижоратгоҳларига чиққан пайтларида мусулмон қўшини улар томон худди селдек йўлидаги ҳамма нарсани оқизиб келиб, бир томчи ҳам қон тўкмай тезликда шаҳар ўртасида учрашди. Самарқанднинг таслим бўлмасдан иложи қолмаганди. Шаҳар ҳоким, аъён ва қўмондонлари тоғлар томон қочди. Одамлар ғозийлардан қўрқиб, уй уйларига кириб кетишди. Фавқулодда бу ҳолат уларни эсанкиратиб қўйган, мусулмон қўшин эса ҳеч қандай қаршиликка йўлиқмаганди.

Фурсат ўтиб Самарқанд аҳли секин аста уйларидан чиқа бошладилар ва ғозийлар билан эҳтиёт ва ҳазирда бўлиб муомала қила бошладилар. Кунлар ўтиб улар мусулмонларнинг ёмонлик истамасликлари ва “янги нав ғозийлар” эканини билиб қолдилар. Ғозий қўшин кичикларга раҳм қилар, заифларга ёрдам этар, ёлғиз Илоҳ ибодатига даъват этар, уларда ўғирлик, қароқчилик ва қотилликдан асар йўқ эди. Балки тинчликни ва тартибни ҳимоя қилишар, тижорат қилганлар омонатдорликларига гувоҳ бўлишар, алдов ё ёлғон, зулм ё ҳийла ишлатишмас эди. Хуллас улар ҳали айтганимиздек “янги нав ғозийлар” эди.

Бир кун бозорда ёш самарқандлик ва мусулмон аскар ўртасида қаттиқ жанжал кўтарилди. Одамлар қўрқинч ва ҳадик билан йиғилишди. Улар ҳозир мусулмон қўшин ҳар томондан етиб келиб, ғозийларга қарши чиқадиганларга ибрат бўлсин учун, бу йигитга умр бўйи эсдан чиқармайдиган “дарс” беришига шубҳа қилишмасди. Дарҳақиқат бир қанча аскар етиб келиб, бир жойга йиғилди ва жанжалкашларни ўраб олди. Ҳаммани даҳшатга солган ҳолда даъвогарлар ва гувоҳларни қози ҳузурига етаклашди. Ҳозирлар бўлган иш муҳокама этилишини кутишмаганди. Қози мусулмон аскарни бутпараст йигит ёнига турғизиб қўйиб ҳодисани яхшилаб, холис ўрганиб чиқди. Ва мусулмон аскарга қарши ҳукм чиқарди!

Ажойиб қисса мана шуми? Йўқ, бу фақат бошланиши эди.

Хабар шаҳарнинг бўйи энига ёйилди. Бу ғозийларнинг одил қозилиги бор экан. Бу томонда самарқандлик бир йигит қочқин аъён ҳузурида ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлган ҳодисани ҳикоя қиларди. Аъён ҳикоянинг тўғрилигини ўргангандан кейин, ҳали ҳеч ким қилмаган “мажнунона” қарорини берди; Қутайба ибн Муслим устидан амирул муъминийнга шикоят аризаси ёзиб, элчи орқали жўнатди. Учқур отга минган ёш самарқандлик халифалик маркази Димашққа қараб чопди. У ҳаёлида муваффақияти иложсиз бўлган вазифаси ва тарих унингдекни кўрмаган давлатни бошқараётган, шарқдан Чин, ғарбдан эса Атлантик океанигача бўлган ҳудуд ҳукмдори  бўлган амирул муъминийн ҳузурига киришдаги машаққатларини ўйлаганича Димашққа кириб келди. Мулкида Кисро ва Қайсардан ўтадиган бу улуғ подшоҳ ҳузурида қандай сўзлайди? У энг кучли қўмондонларидан бири устидан қилинган шикоятни қандай қабул қилади? Ва ниҳоят давлати душманларидан бўлган ўзига қандай муомала қилади?

Бу йигит ҳали амирул муъминийн рошид халифаларнинг бешинчиси ҳисобланишини ва дунёни адолатига тўлдирган зот Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг набиралари, зоҳиду обид Умар ибн Абдулазиз эканини билмасди. 

Йигитнинг сафари Димашқнинг оддий маҳаллаларидан бирида, лойдан қилинган эски уй олдида ниҳоясига етди. Унга амирул муъминийнни шу жойда топасиз дейишганди, лекин асло бунга ишонмади. Зеро, дунёга молик бўлиб турган одамнинг уйи қандай қилиб бундай жойда бўлсин. Йигит уйга яқинлашиб келиб қараса бир киши деворни тузатиб турар, унинг қўли ва кийимлари лой эди. Олдидан ўтаётган ҳар бир киши: “Ассаламу алайкум, эй амирул муъминийн”, дейиши йигитни саросимага солганди. Дунёни бўйсундириб турган подшоҳ мана шуми? Ажаб иш бўлдику!

У шундай ўйлар ичра ҳаёлга шўнғиган пайтда, бир аёл боласи билан амирул муъминийндан “Байтул мол”дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул муъминийннинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амир муъминийнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби амирул муъминийнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб ярасини боғлади. Кейин аёл ва боласига бақира кетди. 

Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абудулазиз нима қилдилар?

Умар аёл ва боласининг юзига боқдилар. Уларни қўрқинч чулғаб олганди, тинчлантирдилар. Ўғилларидан ўйинчоқни олиб боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиганига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларини юзидан ўпиб уни ҳам тинчлантирдилар. Сўнг хотинларига боқдилар ва: “Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар (с.а.в.) айтганлар: “Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади”, дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар. 

Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб амирул муъминийнга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага  келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: “Хўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз сизларнинг уч кун душманга муҳлат беришингиз ва ислом, ёки жизя ёхуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш одатингиз эканини билардик”. 

Умар: “Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва   Расулининг (с.а.в) суннатларидир”, дедилар. Шунда йигит: “Қутайба бундай қилмади”, деди. Умар озгина ўйлаб турдилар, сўнг котибни чақириб бир нималарни ёздирдилар ва муҳр қўйиб йигитга узатдиларда: “Буни Самарқанд волийсига бер, Худо хоҳласа у устингиздан зулмни кўтаради”, дедилар. Яна деворни тузатишга қайтдилар. 

Самарқанд волийси амирул муъминийннинг хатини очди ва ўқиди. Кейин йигитга: “Амирул муъминийнинг амри бош устига! Сизнинг муаммоингизни ечиш учун қози таъйинлашимни буюрибди. Буни тезликда бажараман. Икки кундан кейинга келишамиз. Ўғлим, боргинда қавминг улуғларини келтир. Биз уларга омонлик берамиз”, деди. Сўнг Қутайба ибн Муслимни излаб одам жўнатди. 

Одамлар масжидга йиғилишди. Унда муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқазди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ёки жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди. 

Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”

Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?”, деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ унда олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”. 

Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшининг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари (с.а.в.)нинг суннатининг татбиқи бўлади”. 

Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланишди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди. Иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳли ҳаммалари исломни қабул қилганди.

Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган ва тарихимиздир!.. 



Мубашшир Аҳмад


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўлим онлари. Ушбу онларда бизга тотган ҳамма лаззатларимиздан ва кўтарган машаққатларимиздан нима қолди..Албатта барча мўмин тавба қилишни, Аллоҳга қайтишни давоми...

4316 05:00 / 13.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймДоктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг Ҳикамул атоийяrdquoга қилган шарҳ ва таҳлиллариБиринчи ҳикмат Адашиш топилган пайтда ноумид давоми...

5059 05:00 / 13.03.2017
Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини давоми...

257148 05:00 / 09.03.2017
Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали бемазҳаб фитначи оқим аъзолари томондан жума кунга нисбатан бўлган ҳурматнинг сусайишига сабаб бўлувчи, жума куннинг давоми...

17297 05:00 / 09.03.2017