1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Илонга айланган аёл бўлиши мумкинми?

05:00 / 09.03.2017 5123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирда интернет ва қўлтелефонларда илонга айланган аёлнинг қўрқинчли сурати тарқалиб кетди. Бундай бўлиши мумкинми?

Бундай қўрқинчли ва даҳшатомуз нарсаларни тарқатиш асло мумкин эмас!

Мусулмонларни бундай нарсалар билан чалғитиш, уларни қўрқув йўли билан Исломга чақириш ёхуд исломдан қайтариш асло мумкин эмас!

Бундай шов-шувли нарсаларни тарқатиш билан мол-дунё орттириш, бойлик тўплаш асло мумкин эмас!  

Бу гапларимизнинг исботини, шаръий далилларини қуйида баён қиламиз:

Биринчидан, илонга айланган аёл расмининг аслида ёлғон экани ўз исботини топиб улгурди. Мазкур лавҳа бундан бир неча йиллар аввал Индонезияда тарқатилгани интернет сайтларида эълон қилинди. Уни асло ўзбеклар ишлаган ёки “илонга айланган” ўзбек аёли эмас. Уни баъзи бир бепарво ва дунёқараши тор кимсалар тарқатдилар, холос. 

Бундай нарсаларнинг тарқатилишида мусулмонлар орасига ғулғула солиш, қўрқитиш, оммавий қўрқувни уйғотиш, одамларни ҳаждан чалғитиш, Каъбадан нафратлантириш, муқаддас жойларни зиёрат қилишдан қайтариш ва бошқа ғаразли мақсадлар ётмаганмикин?!

Бундай нарсаларнинг тарқатилишида мусулмонларни қўрқув йўли билан исломга даъват қилиш, уларни қўрқитиб “эсини киритиб” қўйиш, шу орқали аҳолини ўз таъсир доирасига тушириш, бу тарзда ношаръий ва ноқонуний йўл билан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориш каби ғаразли мақсадлар бор эмасмикин?!  

Иккинчидан, уни Фарғона водийсидан чиққан деган гапнинг аслида бўлмағур сўз эканини у ердагиларнинг ўзлари ҳам яхши англаб туришибди. Бировлар Андижондан чиққан десалар, бошқалар Марғилондан, Асакадан, Намангандан, Қўқондан чиқди, деган ҳар хил гаплар ва миш-мишлар оралаб қолди. Агар у ҳақиқатдан бўлганда эди, уни исботлаш осон бўларди, дарҳол одамлар қайси жойдан чиққанини, ўша бечора аёл ким эканини билган бўлишарди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ўз ҳадисларида мусулмонларни шов-шувларга ва миш-мишларга алданиб қолмасликка, уларнинг таъсирига тушиб қолмасликка, бир гап чиқса, уни дарҳол текшириб кўришга, фосиқнинг гапига ишониб кетавермасликка чақирганлар. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ {6}

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” (Ҳужурот, 6). 

Учинчидан, ўша “илонга айланган аёл”нинг нима учун бундай бўлиб қолгани сўралса, унинг сабаби аёл ҳажга бориб келганидан сўнг ҳаж таассуротларини гапира туриб, “Одамлар Каъба атрофида илондек айланаверишар экан” деганида эмиш. Мусулмон ҳолда туғилиб, мусулмон бўлиб, мусулмонлар юртида яшаётган, мусулмонликнинг бешта рукнини ҳам адо қилган, Аллоҳ таолонинг бирлигига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барҳақлигига имон келтирган, намоз ўқиб, рўза тутаётган аёл билар-билмас айтиб қўйган гапи учун, катта гуноҳлардан саналмаган сўзи учун, ҳеч бир уламо айбламаган “айби” учун даҳшатли илонга айланиши мумкинми?! Ундай бўлса, Аллоҳни йўқ деяётганлар, жонажон Пайғамбаримизни масхара қилаётганлар, Қуръони каримни ўтга ёқаётганлар, қирғинбарот урушлар қилиб, бегуноҳ мусулмонларни оммавий ўлдираётганлар нимага ва нима учун бирор жонзотга айланмаяпти экан-а?!

Тўртинчидан, бизнинг суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат ва марҳамат қилиб юборилган. Ул зоти шариф инсоният орасида турган экан, юқоридагидек даҳшатли ишлар ва қўрқинчи нарсалар содир бўлмагай, инша Аллоҳ! Зотан, Аллоҳ таоло бундай деган:

وَمَا كَانَ اللّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنتَ فِيهِمْ وَمَا كَانَ اللّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ {33}

“Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!” (Анфол, 33).

Саҳобаларнинг буюкларидан ҳамда Қуръони каримнинг илк муфассирларидан бири Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан “Сизни фақатгина оламларга раҳмат қилиб юборганмиз!” оятининг (Анбиё, 106) маъносини сўралган экан:

     عن ابن عباس { وما أرسلناك إلا رحمة للعالمين } قال : من تبعه كان له رحمة في الدنيا والآخرة ومن لم يتبعه عوفي مما كان يبتلى سائر الأمم من المسخ والخسف والقذف

Ибн Аббос (р.а.)дан “Ва ма арсалнока илло раҳматан ли-л-ъоламин” оятининг маъноси ҳақида сўралганида, у зот: “Кимки ул зоти шарифга (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга) эргашса, унга дунё-ю охиратда раҳмат бўлади. Кимки унга эргашмаса, бошқа умматлар учраган масх, хасф ва қазф сингари балоларга йўлиқишдан авф қилинади”, деб жавоб берганлар. (Табароний “Мўъжам ал-кабир”, 12/12358.)

“Масх”нинг маъноси инсоннинг бошқа махлуққа айланиб қолишидир. “Қазф”нинг маъноси эса осмондан тош ёғиб, аҳолини ҳалок қилиш офатидир. “Хасф” эса ер ютишидир.

Абу-л-Лайс ас-Самарқандий “Баҳр ал-улум” тафсирида “Бақара сураси”нинг охирги оятларида келган  وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا- “Бизлардан авф қил!” жумласини “Бизларни махлуқларга айлантиришдан авф эт!”, “Бизларни кечир!” жумласини эса “Бизларни ерга ютқазишдан кечиргин!”, “Бизларга раҳм қил!” жумласини эса “Бизларга самодан тош ёғдиришдан раҳм қил!” деган маънода тафсир қилганлар ва ушбу дуоларнинг ижобат бўлганлигини таъкидлаганлар. Ояти кариманинг мазкур ўринлари Абу-л-Баракот ан-Насафийнинг “Мадорик ат-танзил” тафсирларида ҳам шу тариқада изоҳлаб ўтилган. 

“Руҳ ул-баён” тафсирида: “Умматимдан хасф, масх ва ғарқ кўтарилган” деган ҳадиси шариф ҳам ривоят қилинган.  

Мажозий маънода уммати муҳаммадий ҳам ҳайвонга айланиб қолишининг эҳтимоли йўқ эмас. Бунда маънавий жиҳатдан инсон ҳайвонга айланиб қолиши мумкин. “Руҳ ул-баён” соҳиби қалбларнинг ҳайвонга айланишининг учта сабабини кўрсатади:

علامة مسخ القلب ثلاثة أشياء لا يجد حلاوة الطاعة ولا يخاف من المعصية ولا يعتبر بموت أحد بل يصير أرغب في الدنيا كل يوم

“Қалбнинг махлуққа айланишининг аломати уч нарсадир: у тоатнинг ҳаловатини топмайди; гуноҳ-маъсиятдан қўрқмайди; бировнинг ўлганидан ибрат олмайди, балки унинг ўрнига ҳар куни дунёга рағбати ортиб боради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги маънода қуйидагича хитоб қилганлар:

أَمَا يَخْشَى أَحَدُكُمْ أَوْ لَا يَخْشَى أَحَدُكُمْ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ قَبْلَ الْإِمَامِ أَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ رَأْسَهُ رَأْسَ حِمَارٍ أَوْ يَجْعَلَ اللَّهُ صُورَتَهُ صُورَةَ حِمَار؟ 

“Эй, сизлардан бирортангиз имомдан олдин бош кўтарганида, Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига ёки унинг суратини эшакнинг суратига айлантириб қўйишидан қўрқмайдими?”. (Бухорий 1/691; Муслим 1/427; Термизий 2/582; Абу Довуд 1/623; Насоий 1/902; Ибн Можжа 1/961; Доримий 1/1366; Байҳақий, 1/513; Табароний 3/3306; Ибн Хузайма 3/1600; Аҳмад 2/9885.)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Умматим орасида ипак кийишни, ароқ ичишни ва куй чалишни ҳалол дейдиганлар бўлади. Уларнинг баъзисида жирканчлик ва баъзисида масх бўлади” деган гаплари ҳамда ул зоти шарифнинг: “Умматим орасида айрим одамлар ароқни бошқа ном билан атаб ичадилар. Бошларида куй наволари ижро қилинади. Аллоҳ уларни ерга ютқазади ва улардан маймун ва чўчқаларни қилади”, деганлари ушбу маънодадир (Байҳақий “Шуаб ал-имон”, 7/4759.).  Зотан, Имом Бухорий ривоятида мазкур ҳадис давоми бу тарзда келган:

وَيَمْسَخُ آخَرِينَ قِرَدَةً وَخَنَازِيرَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَة 

“Охиргилари қиёмат кунида маймунга ва чўчқага айлантирилади” (Бу Имом Бухорийнинг 5589-5591 тартиб рақамли ҳадисларнинг орасида таълиқи (қўшимчаси)да келтирилган.).  

Қиёмат куни аломатларидан бири сифатида инсонларни ер ютиши ёки бирорта махлуққа айланиши тўғрисидаги ҳадиси шарифларнинг барчаси заиф эканини муҳаддислар зикр қилиб ўтганлар. Имом Термизий ривоят қилган: “Ўша вақтда хасф ва масхни кутинглар!” маъносидаги ҳадиси шарифни унинг ўзи заиф эканлигини очиқ айтиб ўтган (Термизий, 4/2210.). Муҳаддислардан ал-Ҳоким “ал-Мустадрак”да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичиб, “Бу дунё одамларда хасф, масх ва қазф бўлмагунча тугамайди” деганларини ривоят қилган бўлиб, у ҳам заиф ҳадис, уларда қиёмат олдидан бўладиган ҳолат баён қилинган (Ҳоким, 6/8349; Байҳақий “Шуаб ал-имон”, 4/5466; Ибн Ҳиббон 15/6759.). Чунки, мана шу воқеалар бўлганидан сўнг тез ора дажжол чиқиши ҳадис матнида таъкидланган:

ثم يخرج الدجال على أثر ذلك قريبا

“Сўнг мана шунинг ортидан яқинда дажжол чиқади” (Табароний “Мўъжам ал-кабир”, 4/4270.).

Инсон зотининг бирорта махлуққа айланиши борасида, қандай махлуққа айланганлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралган. Мазкур ҳадисни Зубайр ибн Баккор, Ибн Мардвайҳ ва Имом Дайламий каби муҳаддислар ривоят қилган бўлиб, “Канз ал-уммол”да батафсил зикр қилинган (Ал-Муттақий ал-Ҳиндий “Канз ал-уммол”, 2/15254). Расули акрам алайҳиссалом ўн уч хил нарсага айланиши мумкинлигини ва унинг айрим сабабларини баён қилганлар: фил, айиқ, чўчқа, маймун, илонбалиқ, забб – калтакесак ва эчкиэмарга ўхшаш жонзот, кўршапалак, чаён, зулук, ўргимчак, қуён ҳамда суҳайл (юлдуз) ва зуҳра (юлдуз). 1) Қаерга борса, ҳўл-қуруқни топтаб, йўқотувчи золим кимса филга айланган; 2) Одамларни ўзига жалб қилувчи фоҳиша аёл айиққа айланган; 3) Дастурхон сўраганида, дастурхон тушганига қарамасдан куфр келтирган насронийлардан бири гуруҳи чўчқага айланган; 4) Шанба кунини менсимасдан, таъқиқларга риоя қилмаган яҳудийлардан бир гуруҳи маймунга айланган; 5) Эркакларни ўз хотинига чақирадиган даюс эркак илонбалиққа айланган; 6) Ҳожиларнинг нарсаларини ўғирлашни одат қилган аъробий забб – эчкиэмарга айланган; 7) хурмозорга ўғирликка тушиб, хурмо ўғирлашни одат қилган кимса ватвотга айланган; 8) Ҳеч кимни тилидан саломат қилмаган кимса чаёнга айланган; 9) Дўстлар орасини бузадиган чақимчи зулукка айланган; 10) Эрини сеҳрлаб, жодулаб қўйган хотин ўргимчакка айланган; 11) Ҳайз кўрганидан сўнг ювиниб, тозаланмаган аёл қуёнга айланган; 12) Яманлик бир солиқ йиғувчи суҳайлга айланган; 13) Ҳорут ва Морутни ҳам тузоғига илинтирган гўзал қиз зуҳрага айланган. 

Юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, инсоният орасида илонга айланиш ҳолатлари бўлган эмас, демак, ҳажга борган мусулмон аёли билар-билмас айтган гапи учун илонга айланиб қолиши асло мумкин эмас!

Демак, инсонлар, хусусан, мусулмонлар бу каби нарсаларга ишонмаслиги, уларга ишониб ўз дунёқарашлари ва ишларини унутишлари яхши эмас. Мусулмонлар ораларида бу хилдаги нарсаларни тарқатиш гуноҳ амаллардандандир.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир вақтлар фалсафа, мантиқ каби илмларни ўрганиш урф бўлиб, ҳар бир нарсага шу илмлар нуқтаи назаридан қараш одат бўлган эди. Кўпчилик ҳатто Қуръон ва ҳадисга ҳам давоми...

4427 05:00 / 09.03.2017
Мусулмонларга ола қарашини яширмайдиган инсонларни ҳеч учратганмисиз Бу ёқтирмаслик мушрикларнинг Қуръони Каримда .Ва улар мўминлардан ўта иззатли, ўта давоми...

7382 14:06 / 09.01.2018
Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчи бемазҳабларнинг ҳозирча унча тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Улар ақийда масаласида бир неча ихтилофни қўзиганлар, аммо давоми...

6095 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4517 10:25 / 31.12.2017