1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Сир сақлаш карамли зотларнинг хислатидир

09:52 / 12 август 1163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сир омонатдорлари, мол омонатдорларидан камроқдир, демишлар қадимда. Агар бу сўзни молингизга омонатдорлар ҳам ниҳоят даражада ноёб бўлиб қолган бугунги воқелигимизга ўгирсак, сир омонатдорлари умуман қолмаган бўлиши керак.

Молу-мулк ва пулларнинг хазиначилари, сақловчилари кўпайган сари уларни муҳофаза қилиш осонлашади. Шунинг учун ҳам бадавлат кишилар ўз молларини турли хил банкларда, сейфларда сақлайдилар. Аммо, сирларингиз хазинабонлари қанчалик кўпайса, улар шунчалик тезроқ зое бўлади.

Олийжаноб одамлар ўзгалар сирига омонатдор бўладилар. Тўғри, киши ўз сирига биринчи ўринда ўзи соҳиб чиқмоғи лозим. Аммо, баъзан инсон кимгадир сирини айтиб маслаҳат сўрагиси, дардини айтгиси келади. Шу ҳолатда сир айтилган киши мазкур сирни сақлаш омонати юкланган кишига айланиб қолади. Шундай ҳолатда эшитувчи бу суҳбатнинг сир эканлигини ҳолат тақозоси бўйича билиши лозим. Барчага айтилавермайдиган нарсалар ҳам сир ҳисобланади. Кўпчилик орасида сизни алоҳида чақириб айтилган нарсалар ҳам ҳолат тақозоси бўйича сир ҳукмини олади. Яъни, ҳаммага ҳам айта олмайдиган бирор дардини сизга айтар экан, «бу нарсаларни ҳеч кимга айтманг!», дея очиқ-ойдин омонат қилмаслиги мумкин. Бу ўринда киши ўз фаросатидан келиб чиқиб вазиятни тушуниб кетиши лозим.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Қачонки, киши (биродарига) бирор нарса сўйларкан, ўнгу сўлга қараб қўйса, ўша омонатдир».

Имом Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис.

Ушбу ҳадиси шариф икки киши танҳо сўзлашаётганда сўзлаётган киши эҳтиёткорлик юзасидан ҳатто, ўнгу сўлга ўгирилиб қўйиши ҳам мазкур гапнинг эшитувчи ҳузурида омонат эканлигини билдиради. Омонатлар эса топширилган кишилар зиммасида сақлаш вожиб бўлган нарсалардир.

Аллоҳ таоло омонатларни фақат ўз аҳлига адо этишга буюрган. Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадисларида омонатдорликка чақирганлар. Мунофиқларнинг сифатларидан бири ҳам омонатга хиёнаткорликдир. Шундай экан, ўзганинг сизга ишониб топширган сирини ёйишингиз шаръан жоиз эмас. Бу пасткашлар хислатидир.

Олийжаноб кишилар доим ўзгаларнинг сирини сақлаганлар ва ҳеч қачон кишиларнинг сирларини билишга ошиқмаганлар. Улар ўз фарзандларини ҳам ўзгалар сирини муҳофаза қилиш муҳимлигини амалий тарзда ўргатиб, гўзал тарбия берадилар. Аксинча, патскаш ва тубан кимсалар ўзгалар сирини билиш учун ўз фарзандларини ҳам қурол қиладилар. Боласи қайсидир қариндошиникига бориб-келса уйга келгандан сўнг, ўша уйда нималарни кўргани, уларнинг нима иш қилиши, кимлар билан учрашаётгани, нималарни режалаштираётгани ҳақида сўроққа тутиб, ўзганинг уйидаги барча нарсани билиб олишга ҳаракат қилади. Бола мажбур ота-онасига бўйсунишга. Нима ҳам қила олади? Бу ҳолатда энг ачинарли нарса мурғак гўдакларнинг тубан хислатга ўргатилиб, ўрганиб қолишлари бўлади. Бу - болага нисбатан ота-она тарафидан содир қилиниши мумкин бўлган энг манфур жиноятлардан биридир.

Ўзини ҳурмат қилган, нафсини зиллатдан юқори тутувчи киши ўзгалар сирига қизиқмайди. Иши бўлмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, кишининг ўзига тааллуқли бўлмаган нарсалар билан шуғулланишни тарк этиши Исломининг гўзаллигидан далолат қилади.

Бир куни машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу уйга кеч қолиб келадилар. Шунда она-бола ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтади:

- Нега ушланиб қолдинг?

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир иш бўйича жўнатгандилар.

- Нима иш экан?

- Бу сир!...

Шунда Анас ибн Моликнинг онаси нима дедилар деб ўйлайсиз?...

У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирини зинҳор бировга айтма!»

Шу билан суҳбат тугади.

Донишмандлардан бири ўғлига шундай васият қилди:

«Эй суюкли фарзандим, ҳақ ўринларда молингни ҳеч кимдан аямасдан саховат қил. Ўзгалар сирини эса жамики халойиқдан қизғаниб, бахиллик қил. Зеро, молни эзгулик йўлида инфоқ қилиш, сирларга нисбатан эса бахил бўлиш мана шу энг кучли саховат ва карамдир».

Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади.Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган, дедим. У зот .Масжидул Ҳаром,, дедилар. .Кейин қайси, дедим. У зот давоми...

4618 12:40 / 24.05.2021
КИТОБ ndash ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоийсиёсий, илмий, эстетик карашларни шакллантириш воситаси билимлар тарғиботи ва давоми...

7055 11:39 / 13.10.2021
Маҳаллада ёшлар етакчиси бўлиб ишлайдиган Сардорбек шанба куни эрталабдан бозорга тушди. Биринчи галда таътилда болалар зерикиб қолмасин деб, уларга китоблар давоми...

6868 11:26 / 14.11.2023
Абу Толибга ўлим соати яқинлашгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Абу Толибнинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. давоми...

2615 15:00 / 08.03.2021
Аудиолар

213035 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132256 14:35 / 11.08.2021