1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Имом Абу Ҳанифа ҳадис илмида ҳофизлардан деб зикр қилинган

15:09 / 12 август 640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Ҳанифага ҳадис илми борасида қилинган таъна мавзусида гаплашамиз. Мутааххир китобларда имом Абу Ҳанифа ҳақида «ҳадиси заиф бўлган» деган ибораларга кўп дуч келамиз. Лекин биз у зотнинг ҳадис илмидаги даражалари энг юқори даражалардан бўлганига ишонамиз. Шунинг учун имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа ҳадис имомларини у зотдан ҳадис борасида устун демаймиз. Бирор олимни у зотдан устун демаймиз. Бу зотларнинг барчалари ижтиҳод аҳлидан бўлган катта уламолардир. Бироқ уларни имом Абу Ҳанифадан олдинга қўймаймиз, чунки мутлақ мужтаҳиднинг мужтаҳид эканига далил нима эди? Мутлақ мужтаҳид барча илмларда олий даражага эга бўлиши керак эди. Мужтаҳид луғат жиҳатидан ҳам, усул жиҳатидан ҳам, ҳадис жиҳатидан ҳам – барчасида олий даражада бўлиши керак.

Биз мутлақ мужтаҳид деб билган одам бошқаларга тақлид қиладиган бўлса, бундай одам мутлақ мужтаҳид бўлишга лойиқ ҳисобланмайди. Бу уммат имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳни мутлақ мужтаҳид бўлган, деб эътироф қилади. Бунинг маъноси – у зот ижтиҳодда олий даражага эришганлар, деганидир. У зот ижтиҳодда олий даражага эришган бўлсалар, демак, ҳадис илмида ҳам, бошқа илмларда ҳам у зотга бирор киши тенг келмайдиган даражада бўлганлар.

Уммат у зотнинг ижтиҳодларини эътироф қилар экан, демак, у зотнинг бошқаларга тақлид қилиши тасаввур қилинмайди. Бундан бошқа гапларни тарқатиш эса фақат бу умматни адаштириш бўлади, холос, чунки барча Ислом давлатлари ёки умумий Ислом давлатлари Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига биноан ҳукм чиқаради. Ижтиҳоднинг асосий моддаси ҳадис ҳисобланади. Агар у зот ҳадис илмида юқори даражага эришмаган бўлсалар, у зотнинг ижтиҳодлари мукаммал бўлган, деган гапга шубҳа аралашиб қолади. Қарабсизки, аббосийлардан то усмонийларгача узлуксиз давом этган барча Ислом давлатлари адашган уммат бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай сўзларни айтишдан мақсад мусулмонларни адаштириш, деяпмиз.

Бу асло қабул қилиб бўлмайдиган нарса!

Демак, биз Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳадис илмида юқори даражада бўлганлар, деймиз.

Энди бу сўзимизга далолат қиладиган бир қанча далилларни айтиб ўтамиз.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ рижол илми борасида энг биринчи сўз юритган зотлардан ҳисобланадилар. Абу Ҳанифа ҳадис илмини ўрганганлари билан машҳурдирлар. Имом Аъмаш у зотни илм мажлисида энг олдинги сафга ўтирғизар эдилар. Ўша замонда машҳур бўлган энг катта ҳадис илми уламолари ҳам буни эътироф қилишган. Масалан, жарҳ ва таъдил илмида энг кўзга кўринган, муҳим зотлардан бири имом Шуъба ҳам Абу Ҳанифа ҳақида яхши гапларни айтар эди, жарҳ ва таъдил илмининг асосчиси бўлган Яҳё ибн Саъид ал-Қаттон эса Абу Ҳанифанинг сўзи билан фатво берар эдилар. Яҳё ибн Маъийн раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ҳанафий мазҳабида бўлганлари машҳурдир.

Жарҳ ва таъдил борасида ҳадис илмига оид энг мўътабар китобларга қарайдиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганларини, у зотнинг қарашларини ривоят қилганларини, Абу Ҳанифанинг сўзига кўра тахриж қилганларини кўрамиз. Хуллас, ўша даврнинг энг катта, улуғ зотлари бунга гувоҳлик беришган.

Демак, биринчидан, Абу Ҳанифа ҳадис илмини чуқур ўрганганлар, у зот мадрасавий нақл соҳиби ҳам эдилар. Иккинчидан, ўша замоннинг улуғ зотлари бунга гувоҳлик берганлар. Учинчидан, аксар уламолар «Тобақотул-ҳуффоз» («Ҳофизлар табақаси») ҳақида китоблар ёзган бўлиб, уларни ёзган зотларнинг аксарияти ўз китобларида Абу Ҳанифани умматнинг ҳадис илмидаги ҳофизларидан эканлигини айтишган. Мутлақ мужтаҳид ҳадис илмида ҳофиз бўлиши табиий. Бу даражага эришмаган киши ижтиҳод қилишга лаёқатли ҳисобланмайди. Имом Абу Ҳанифани эса ҳадис илмида ҳофизлардан, деб зикр қилишган.

Ишончлилик масаласига келсак, бирор кишини ишончли деб айтиш учун унда забт ва адолат сифатлари жамланганлигини аниқлашимиз керак бўлади. Абу Ҳанифада адолат сифати борлигига халифа Язид у зотни қозиликка мажбур қилганида бош тортганлари далолат қилади. У зот охиратни дунёдан устун қўйганлари учун шундай қилганлар. Абу Жаъфар Мансур ўз замонининг энг кучли ҳокимларидан бўлган. У ҳам Абу Ҳанифани қозиликка тайинламоқчи бўлади, аммо у зот бош тортадилар. Машҳур ривоятга кўра, Абу Ҳанифа қозиликдан бош тортгани учун аббосийлар қамоқхонасида заҳарланган ҳолда вафот этганлар. Дунёдан юз ўгирган киши фосиқ бўладими?! Ахир аслида фисқ дунёга ружуъ қўйишдан юзага келади-ку! Буни умавий, аббосий халифалар мисолида кўрганмиз.

Энди у зотнинг забт сифатларига келсак, бугун ўз кўзимиз билан кўриб турганимиз – Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг чиқарган фиқҳий масалалари бунга етарли далил эмасми? Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳадис қабул қилишда жуда қаттиқ эдилар. Ровийдан ҳадисни қабул қилишда ҳадисни қабул қилганидан то адо қилгунича ҳифзида сақлаган бўлишини шарт қилган эдилар. У зотнинг бу борадаги шартлари жуда қаттиқ, оғир бўлган ва у зот айнан шу жиҳатлари билан машҳур бўлганлар. Масалан, Яҳё ибн Маъин «сиқо» ва «лаа баъса биҳи», деганларида у зотнинг наздларида ровийнинг ишончли экани назарда тутилган.

Биз Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг «Тобақотул ҳуффоз» асарларида зикр қилингани, у зотнинг ҳадис илми билан шуғулланганлари, бунга рағбатлари кучли бўлганини айтиб ўтдик. Шунингдек, у зотдан ривоят қилинган ҳадислар ўнлаб «муснад»ларга тақсим бўлган.

Хўш, унда китобларда Абу Ҳанифага айтилган таъналар қаердан пайдо бўлди? Китобларда у зот ҳақида келган таъналар борасида жуда кўп муноқаша-баҳслар бўлган. Ким бу мавзуга батафсил тўхталмоқчи бўлса, имом Кавсарийнинг «Таънибул-хотиб» асарига мурожаат қилсин. Жуда гўзал китоб. Шунингдек, каминанинг «Имамул фуқаҳо Абу Ҳанифа Нуъмон» номли китобимга ҳам мурожаат қилишингиз мумкин. Бу каби шубҳаларга қисқа ёки батафсил раддиялар ёзилган китоблар жуда кўп. Лекин мен ҳозир бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман.

Гап шундаки, ким Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга таъна қилган бўлса, бу таъналарнинг асли мазҳабга ёки ақийдадаги таассубига бориб тақалади. Сал олдин иржоъ масаласини гаплашдик. Ўша замонда ҳам айнан шу сабабдан, яъни мазҳабга ёки ақийдага таассуб сабабидан қаттиқ ташаддуд бўлган. Ўша замонда ақийдавий жиҳатдан ташаддудлар ҳам, фиқҳий жиҳатдан ташаддудлар ҳам жуда кўп бўлган. Масалан, Дорақутний, Ибн Ҳиббон ва бошқалар қилгани каби. Бу зотларнинг даражалари ўзларидан олдинги имомларнинг даражаларига нисбатан бироз қуйироқдир.

Бу масаланинг биз учун муҳим жойи шуки, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ кўприкни ошиб ўтганлар, яъни илмда шундай даражага эришганларки, Аллоҳ таоло у зотдан уни қабул қилиб, одамлар амал қиладиган мазҳаб қилиб қўйди. Ислом динининг тўрт мазҳабидан бирида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига биноан амал қилинадиган бўлди. Рози бўлишадими, рад этишадими, лекин бу ҳақиқат! Бу иш Қиёматга қадар давом этади. Тўғри, бу гап кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. «Қандай қилиб? Бўлиши мумкин эмас!» дейишлари мумкин, лекин бу воқеликдир. Жуда кўп давлатлардаги қонунлар Абу Ҳанифанинг фаҳмига, қарашига биноан ёзилган. Асрлар оша кетма-кет келган давлатлар ҳам у зотнинг қарашларига асосан идора қилинган. Мусулмонларнинг жуда катта адади бугунги кунда ҳам Абу Ҳанифанинг қарашларига биноан яшаб келяпти.

Бу Аллоҳ таолонинг «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» деган сўзига амал қилишдан бошқа нарса эмас. Абу Ҳанифа энг катта зикр аҳлларидан бўлиб, у зотдан саволлар сўралган, у зот жавоб берганлар. У зотнинг берган жавоблари Аллоҳ таоло Каломининг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатларининг тафсири бўлган. Бу гаплар бироз ғаройиб туюлиши мумкин, лекин озгина фикр қиладиган бўлсангиз, бунинг ҳақ эканига ишонч ҳосил қиласиз.

Аллоҳ таоло Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодини қабул қилди, у зотни одамларга имом қилди. Тожуддин Субкий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким умматга тўғри манҳаж билан имом бўлса, у кўприкдан ошиб ўтганлардандир», деганлар. Шунинг учун Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳга таъна қиладиганлар айтган гапларнинг аҳамияти йўқ. Ким у зот ҳақида ёмон гапирса, унинг гапи ўзига қайтарилади. Бу дуч келган уч-тўртта одамнинг тазкияси эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган тазкиядир. Аллоҳ таоло у зотни одамларга яхши кўрсатиб қўйди, шунинг учун аксар мусулмонлар у зотнинг мазҳабларига амал қилдилар. Натижада бу кўпчиликнинг ҳам тазкиясига айланди. Шунча одам тазкия қилганидан кейин бир-иккита кимса гапирган гапларнинг ҳеч бир қиймати қолмайди. Демак, бундай гапларнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби ҳақида гапирсак, мусулмонларнинг 43 фоизи ҳақида гапирган бўламиз. Тарих ҳақида гапирсак, 90 фоиз мусулмонлар яшаётган давлатлар ҳақида гапирамиз. давоми...

578 12:15 / 11 сентябрь
Айтингчи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача давоми...

1331 15:34 / 25.12.2024
.Фиқҳ, сўзи .фаҳмлаш,, .англаш, деган маънони билдиради. Бу ерда .фаҳм, сўзи жуда муҳим, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турган давоми...

1279 16:50 / 14.12.2024
Ташаддуд йўналишида ижтиҳод қилиш ман қилинган, яъни ижтиҳод қила олмайсиз. Ҳукмни фақат Қуръон ва Суннатдан олишингиз мумкин. Лекин улар, яъни ташаддудчилар давоми...

1477 09:24 / 02 март
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130125 14:35 / 11.08.2021