1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Валид ибн Абдулмалик давридаги вазият

16:11 / 21 июль 1047 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Ислом оламидаги барча вилоятларда сокинлик, кенгчилик, фаровонлик, тинчлик-омонлик ва барқарорлик ҳукм сурди. Хаворижларнинг ишлари заифликка юз тутди. Бу даврда жиддий салбий ҳаракатлар бўлмади.

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида жуда катта ва улуғ фатҳлар амалга оширилди. Фатҳ ишлари ҳар тарафга кенгайиб борди, шарқу ғарб, Андалус, Франция ерларида фатҳлар бўлди.

Рум юртларида қўмондон Маслама ибн Абдулмалик Анқарагача етиб борди. Ҳижрий 89 (милодий 708) йилда Ҳирақла (Ираклия) номли жойни ҳам фатҳ қилди. Мусулмонлар Қустантиния кўрфазига етиб боришди. Озарбойжонни ҳам фатҳ қилишга уринишди. У ерликлар аҳдларида турмайдиган аҳоли бўлиб чиқди. Ҳижрий 93 (милодий 712) йилда бу жойларда фатҳ ишлари ва ғазотлар кўпайди.

Ҳижрий 89, милодий 708 йилда мусулмонлар Ўрта ер денгизида Сиқиллия (Сицилия) ва Мийруқа оролларини фатҳ қилдилар. Африкада эса Мусо ибн Нусайр ўзининг фатҳларини яна ҳам мустаҳкамлади. Барбарлар орасида Ислом динини тарқатишда кўпгина ишларни амалга оширди.

Қўмондон Мусо ибн Нусайр бўғоздан кечиб ўтиб, Европа юртларида Исломни тарқатишга, у ерларни ҳам Ислом давлати қаторига қўшишга аҳд қилди. У ўзининг барбар миллатига мансуб лашкарбошиси Ториқ ибн Зиёдни денгиздан ўтиб, Андалусга бориш учун юборди. Ривоят қилишларича, Ториқ ибн Зиёд бўғоздан ўтиб бўлгандан кейин аскарлари орқага қайтиш ёки қочишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари учун ўзлари миниб ўтган барча кемаларни ёндириб юборган ва машҳур маърузасини сўзлаган. Унда: «Эй одамлар, қочар ер қайда, орқангизда (душман мисоли) денгиз, олдингизда (денгиздек) душман бор. Сизларга энди садоқат ва сабр-матонатдан бошқа ҳеч нарса қолмади», деган.

У кўп урушларда қатнашди ва Ислом динини тарқатишга ҳаракат қилди. Ҳижрий 92 (милодий 711) йилда эса Андалусни фатҳ қилди.

Ториқ ва Мусо Жабали Баронисгача етиб бориб, у ергача бўлган барча минтақаларни Ислом давлати ҳудудига қўшишга муваффақ бўлишди.

Испанияда авваллари Голлдан келган кельтлар ҳамда келиб чиқиши унчалик маълум бўлмаган ибер ва лигур номли халқлар истиқомат қилиб келарди. Кейинчалик ушбу ерлар финикияликлар, юнонликлар ва карфагенликларнинг мустамлакасига айлантирилди. Иккинчи пунликлар[1] урушидан кейин ҳудуд римликлар қўлига ўтди. Улар Испанияда V асргача ҳукмронлик қилишди. Худди Рим каби, Испания ҳам инқирозга учраши керак эди. Шимолдан келган вандаллар, аленлар, суевлар ва бошқа шу каби олмон қабилалари Голлни вайрон қилгандан сўнг мамлакатга бостириб киришди. Аммо улар ҳам кейин келган истилочилар – визиготлар томонидан мағлубиятга учрадилар. Булар Испанияни VIII асрда забт этиб, то мусулмонлар келгунича тўлақонли ҳукмдор бўлиб турдилар. Ижтимоий табақаланиш, доимий можаролар, ўзаро жанжаллар, ҳарбий нўноқлик, ерга ишлов бериш нафақат асосий машғулоти, балки миллий хусусияти бўлган қишлоқ аҳолисининг лоқайдлиги – мусулмонлар келишидан олдин визиготлар ҳукмронлигининг хусусиятлари шулардан иборат эди. Давлатни ичдан бузаётган рақобат шу даражада кучли эдики, ҳатто ўша даврнинг икки обрўли шахси – граф Юлиан ва Севилья епископи фотиҳлар келишини маъқулладилар.

Мазкур фатҳ эса Арабистондан то Атлантика океанигача довюрак ва қўрқмас амир Ториқ ибн Зиёд бошчилигида бутун Шимолий Африкани шиддат билан босиб ўтган мусулмонлар милодий 711 йилда Шимолий Африкани Европадан ажратиб турувчи бўғозни кесиб ўтиб, Испаниянинг жанубига келиб тушганларида бошланди. Ўша пайтдан буён ушбу бўғоз афсонавий амирнинг исми билан, яъни «Гибралтар» дея аталиб келмоқда. Бу араб тилидаги «Жабалу Ториқ» – «Ториқ тоғи» иборасининг бузилган шаклидир.

Барбарлар Африкасини фатҳ этиш учун араблар эллик йил сарфладилар, насронийлар Испаниясини забт этиш учун эса бир неча ой кифоя қилди. Илк йирик жанг готтлар қироллигининг тақдирини ҳал этди. Бу жангда Севилья епископи мусулмонлар тарафида чиқди. Қирол ҳам, Испаниянинг ўзи ҳам бир кунда тор-мор қилинди. Мусулмонлар қўшинининг амири Ториқ ибн Зиёд бундай тезкор ғалабадан таажжубланди. Африкани фатҳ этиш қанчалик узоқ чўзилгани унинг ёдида бўлиб, у европаликларда ҳам худди барбарлардаги каби довюраклик ва мустақилликка интилиш бўлади, деб ўйлаган эди. Ториқ ибн Зиёд йигирма минг аскардан (улардан саккиз минги барбарлар эди) иборат қўшин билан фатҳини давом эттириш учун ушбу мамлакатга кириб келди.

Мамлакат жуда тез суръатлар билан фатҳ қилинди. Фотиҳлар олдида энг йирик шаҳарлар ўз дарвозаларини очар эди. Кордоба, Малага, Гренада, Толедо ва бошқалар деярли қаршиликсиз таслим бўлдилар. Насронийлар пойтахти бўлмиш Толедода араблар йигирма беш нафар готтларнинг қиролларига тегишли тожларни топдилар.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди

[1] Иккинчи пунлар уруши – шунингдек, Ганнибалга қарши уруш деб ҳам номланган (римликлар томонидан), Карфаген ва Рим ўртасидаги Ўрта Ер денгизи ҳудудида ҳукмронлик учун олиб борилган уруш. Римликлар карфагенликларни пунлар (Poeni) деб атаганлари учун шундай номланади.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижрий 36, милодий 656 йил Муовия ибн Абу Суфён Шомнинг волийси ўлароқ ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилмади. У киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўчи давоми...

2239 12:59 / 04.12.2024
Пайғамбарларнинг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли эдилар. Яъни Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга давоми...

7583 18:00 / 14.02.2019
Муртадларга қарши лашкар тайёрлашАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юқорида зикр қилинган юришлардан кейин Мадинага қайтиб келдилар. Усома розияллоҳу анҳунинг давоми...

2250 14:12 / 14.01.2024
Изоҳ Ислом тарихига умавийлардан кейин қадам қўйган сулола номи .Аббосийлар, деб аталади. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб давоми...

2782 11:00 / 06.08.2021
Аудиолар

205079 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

124464 14:35 / 11.08.2021