1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Байтуллоҳ тарихи

05:00 / 27.06.2018 9421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَنْ لَا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ (26) وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ (27)

“Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар” (Ҳаж 26-27).

 

ЗОЛИМ ПОДШОҲ ВА ҲАЗРАТИ СОРА БИЛАН ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом золим Намруднинг зулм ва ситамлари сабабли туғилиб-ўсган ватани Ироқни ташлаб, аёли Сора онамиз ва жияни Лут алайҳиссаломларни олиб, ҳижрат қилиб кетдилар. Дастлаб, улар Шом давлатининг машҳур шаҳри Ҳарронга, сўнг Ҳалабга ва сўнг у ердан Қуддусга, сўнг Мисрга бордилар. Ўша пйтда Мисрнинг подшоҳи ниҳоятда золим ва жирканч ишлари билан донг таратган эди. Чунки у, шаҳарга келган барча меҳмонларнинг чиройли аёлларини зўравонлик билан тортиб олиб, ўзини жирканч ишини амалга оширар, аёлнинг эрини эса ўлимга маҳкум қилар эди. Бухорий шарифда Миср подшоҳи билан Сора онамиз ўртасида бўлиб ўтган воқеани олтита ўринда келтирилган. Воқеани қисқа тарзда бу ерда баён қиламиз. Подшоҳнинг қўл остидагилар Иброҳим алайҳиссаломдан бу сенга ким бўлади?, деб сўрашди. Иброҳим алайҳиссалом синглим деб жавоб бердилар. Сўнг Иброҳим алайҳиссалом Сора онамизга: “Эй, Сора! Ер юзида мен ва сиздан ташқари бирор мўмин йўқ. Манави мендан сиз ҳақингизда сўраган эди, мен унга синглим деб жавоб бердим. Қаранг, яна мени яолғончига чиқариб турманг” дедилар. Чунки, Сора онамиз ҳақиқатда Иброҳим алайҳиссаломнинг диндаги сингиллари эди. Маълум бўлишича, Миср подшоҳи бирор киши онаси ёки синглиси билан Мисрга келса, у эркакни ўлимга ҳукм қилмас, агар аёли билан келса, хотинини тортиб олиб эрини қатл қилдирар эди. Нима бўлдики, аскарлар Сора онамизни сарой ичкарисига олиб киришиб, подшоҳга тақдим қилишди. Подшоҳ Сора онамизни ҳусни-жамолини кўриши билан нияти бузилиб, ўзини қинғир ҳаракатлари учун тайёрлана бошлади. Сора онамиз таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқиб: “Эй, Аллоҳим! Расулингга иймон келтирганлигим ва шаримгоҳимни эримдан бошқа барчадан сақлаганлигим Сенга маълум. Бугун энди исматимни кофир, золим поймол қиладими? Эй Аллоҳим, золимнинг ҳаракатидан мени сақлагин” деб дуо қилувдилар Сора онамизни дуолари ижобат бўлиб, подшоҳ ҳушидан кетиб йиқилиб, типирчилаб, қўлини ерга ура бошлади. Бу ҳолатни кўрган Сора онамиз Аллоҳ таолога дуо қилиб: “Эй Аллоҳим! Агар бу ҳозир ўлиб қолса, барча жавобгарлик мени зиммамга тушади. Шунинг учун уни тузатгин” деди. Сора онамизнинг дуоларини барокатидан подшоҳ ҳушига келиб, яна бадбахт Сора онамиз томонга қўл чўзди. Сора онамиз иккинчи бор дуо қилган эдилар, яна у ерга йиқилиб, типирчилай бошлади. Шу ҳолат уч бор такрорлангач, подшоҳ ғазаб билан ҳузурига ёрдамчиларини чақириб: “Мени олдимга шайтонни олиб кирдингларми? Уни қаердан олган бўлсаларинг, ўша жойга қайтаринглар” деди. Подшоҳ зоҳиран Сора онамизга нисбатан шайтон лафзини ишлатган бўлсада, лекин қалбан Сора онамизни тақводор, солиҳа аёл эканига амин бўлиб, у кишига нисбатан қалбида улуғ бир эҳтиром пайдо бўлиб, Сора онамиз хизматларига қизи малика Ҳожар онамизни берди. Ҳадисни арабий матни узун бўлгани боис, бу ерда ҳадис хулосаси келтирилди[1].

 

ҲАЗРАТИ ҲОЖАР ЧЎРИ БЎЛГАНМИ ЁКИ МАЛИКА?

Бу ўринда бир савол пайдо бўлади, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар чўри бўлганми ёки маликами? Ҳақиқат шуки, Ҳожар онамиз Миср подшоҳининг қизи бўлганлар. Подшоҳ Сора онамизга ёмон ниятда қўл чўзган эди, бирдан ҳушидан кетиб йиқилди ва бу ҳол уч бор такрорланди. Шундан сўнг подшоҳ Сора онамизни нақадар тақводор ва соҳиби каромат аёл эканига амин бўлди ва Сора онамизни ҳайбати подшоҳ қалбини эгаллади. Шунинг учун подшоҳ ўз қизи Ҳожарни Сора онамиз хизматига бериб, хизматкорларига: “Уни қаердан олган бўлсаларинг ўша жойга қайтаринглар” деди. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз ва унинг хизматкори Ҳожарни олиб Қуддусга қайтди. Шу тарзда маълум бир вақт ўтди. Шу вақт оралигида Сора онамиз фарзанд кўрмай, ўзларини бепушт деб ўйладилар. Бу вақтда Ҳожар онамиз ҳам балоғат ёшига етиб қолган эдилар. Шунда, Сора онамиз ўзларининг хизматкорлари малика Ҳожарни никоҳ учун эрлари Иброҳим алайҳиссаломга тақдим қилдилар. Иброҳим алайҳиссалом малика Ҳожар онамизга уйландилар ва у иккалаларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар[2].

Баъзи одамлар Ҳожар онамизни чўри бўлган деб ўйлайдилар. Бунга сабаб Бухорий шарифнинг беш-олти жойида Миср подшоҳи Сора онамиз хизматига Ҳожар онамизни беришини турли лафзлар билан келиши бўлган.

قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَالَتْ اللَّهُمَّ إِنْ يَمُتْ فَيُقَالُ هِيَ قَتَلَتْهُ فَأُرْسِلَ فِي الثَّانِيَةِ أَوْ فِي الثَّالِثَةِ فَقَالَ وَاللَّهِ مَا أَرْسَلْتُمْ إِلَيَّ إِلَّا شَيْطَانًا ارْجِعُوهَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَأَعْطُوهَا آجَرَ فَرَجَعَتْ إِلَى إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَام فَقَالَتْ أَشَعَرْتَ أَنَّ اللَّهَ كَبَتَ الْكَافِرَ وَأَخْدَمَ وَلِيدَةً.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 “У (Сора онамиз):

“Эй, Аллоҳим! Агар у ўлса, у (аёл) ўлдирди дейишади” деб дуо қилди. Шунда иккинчи ёки учинчисида уни қўйиб юборилди ва у:

“Менга шайтонни юборибсизлар. Уни Иброҳимга қайтариб, унга Ҳожарни беринглар” деди. У (Сора онамиз) Иброҳим алайҳиссаломга қайтиб:

“Сизга маълум бўлсинки, Аллоҳ кофирни расво қилиб, бир қизни менга хизматчи қилди” дедилар” (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда Сора онамиз шундай деганлар:

قَالَتْ رَدَّ اللَّهُ كَيْدَ الْكَافِرِ أَوْ الْفَاجِرِ فِي نَحْرِهِ وَأَخْدَمَ هَاجَرَ.

У (Сора онамиз):

“Аллоҳ кофир ёки фожирнинг макрини гарданига қайтариб Ҳожарни хизматга берди” дедилар (Бухорий ривояти).

 

БИР ШУБҲАНИ КЕТКАЗИШ

Ҳадисда валийда сўзи келганлиги учун баъзилар Ҳожар розияллоҳу анҳо чўри бўлган деб тушинадилар. Бу тўғри эмас. Чунки, валийда дегани янги туғилган қизча деганидир. Унинг саҳиҳ мафҳуми, ёш қизни хизматга берди деганидир. У қизалоқ катта бўлиб, балоғатга етгач, Сора онамиз ўзларини бепушт деб билиб, уни Иброҳим алайҳиссалом никоҳига тақдим қилдилар ва Иброҳим алайҳиссалом уни ўзларига никоҳ қилиб олдилар.

Ва яна баъзилар иккинчи ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзидан Ҳожар розияллоҳу анҳони чўри бўлган деб тушунишади. Ўзларига далил қилиб, хизматчи ким бўлиши мумкин, албатта чўрида дейдилар. Дарҳақиқат, Имом Бухорий ушбу ҳадисга биноан ихтилофга бир мавзу ясаганлар. Аслида эса, у кишилар тушунган каби эмас, балки ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзи Ҳожар онамизни Сора онамизга мулк қилиб эмас, хизматини қилиш учун берди деган маънони англатади.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МАККАИ МУКАРРАМАГА КЕЛИШЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга уйланганларидан кейин, у иккалаларидан Исмоил алайҳиссалом дунёга келди ва Сора онамизда Ҳожар онамизга нисбатан жуда катта рашк пайдо бўлди. Чунки, Сора онамиз Иброҳим алайҳиссалом билан эллик-олтмиш йилни бирга ўтказиб, фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳожар онамиздан эса, жуда чиройли фарзанд туғилган эди. Шу сабабли Иброҳим алайҳиссаломнинг икки аёли ўртасида можаро пайдо бўлиб қолди. Шу пайт Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга ҳеч вақо ўсмайдиган Маккаи мукаррамани обод қилиш учун аёли Ҳожар онамиз билан янги туғилган фарзанди Исмоил алайҳиссаломни Маккаи мукаррамага олиб келиш ҳукми бўлди. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом катта аёлини Қуддусда қолдириб, кичик аёли Ҳожар онамиз билан ўғли Исмоил алайҳиссаломни олиб Маккага келдилар[3].

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ОРТГА ҚАЙТИШЛАРИДА ҲАЙРАТЛАНАРЛИ БИР ВОҚЕА

Бухорий шарифда бир ярим бетча муфассал ҳадис бўлиб, унинг қисқача хулосасини бу ерда тақдим қиламиз. Шояд, ундан баъзилар фойда олсалар.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳукмига биноан аёли Ҳожар онамиз ва фарзанди Исмоил алайҳиссаломни олиб, Маккаи мукаррамага равона бўлдилар. Ўша пайтда Маккаи мукаррама ғароиб бир ҳолатда эди. Унинг барча тарафи тоғ билан ўралган ва яқин атрофда бирор инсонни яшаш тарзидан ном-нишон йўқ эди. Нуҳ тўфони сабабли Малоика ва Одам алайҳиссаломлар томонидан қурилган Каъбатуллоҳ биносининг асари ҳам қолмаган эди.

Имом Азроқий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Ахбори Макка” номли китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни нақл қилиб келтирадилар: “Нуҳ кемасида саксон киши аҳли-аёли билан бирга эди. Улар унда бир юз эллик кун қолиб кетдилар. Ўша давр оралигида Аллоҳ таоло Нуҳ кемасини Каъбатуллоҳ томонга бурди. Каъбатуллоҳ тўфон остига ғарқ бўлган эди. Ўша ҳолатда Нуҳ кемаси Каъбатуллоҳнинг тўрт томонини қириқ кун айланди. Ундан сўнг Аллоҳ таолонинг амри ила Нуҳ кемаси Ироқ томонга юзланди ва Жудий тоғи чўққисига келиб тўхтади”[4].

Иброҳим алайҳиссалом Маккага келганларида Каъба бир дўмлик шаклда эди. Уни олдида бир дарахт бор эди. Иброҳим алайҳиссалом аёли Ҳожар онамиз билан фарзанди Исмоил алайҳиссаломни ўша дарахт остида қолдирдилар. Иброҳим алайҳиссалом бир халта бироз хурмо билан бир меш сувни Ҳожар онамизга бериб, Шомга равона бўлдилар.

Каъбатуллоҳнинг ён-атрофида ҳам, узоқ-узоқларда ҳам ичиш учун на сув, ейиш учун на егулик ва на кўкаламзор кўринар эди. Чунки, у ерларда фақат тоғлар кўринар эди холос. Шунинг учун Аллоҳ таоло у ерни экин-тикинсиз водий, яъни бирор нарса ўсмайдиган тоғлар орасида жойлашган бир водий деб номлаган.

Иброҳим алайҳиссалом аёли Ҳожар онамиз билан эмизикли фарзандини сувсиз, егувликсиз бир тоғ орасидаги водийга қолдириб кетаётганларида, аёли Ҳожар онамиз дардли овоз билан: “Қандай қилиб, бизни шундай бир кимсасиз жойда қолдириб кетасиз ёки бу Аллоҳнинг ҳукмими?” дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа, бу Аллоҳнинг ҳукми. Аллоҳ сизларни ҳаргиз ташлаб қўймайди” деб жавоб бердилар. Шунда Ҳожар онамиз бироз жим туриб: “Агар бу Аллоҳнинг амри бўлса, бизни Аллоҳ зоя қилмайди” дедилар[5].

Ҳожар онамизнинг бу гаплари қандай бир ибратли гап-а! Нима деб ўйлайсиз! Ҳозир ҳам Аллоҳ таолонинг номи ва ҳукми учун Иброҳим алайҳиссалом каби аёли ва фарзандини хавф-хатар қурбони қилиб юборадиганлар борми?

 

ЗАМЗАМ ҚУДУҒИ ВОҚЕАСИ

Иброҳим алайҳиссалом ортларига қайтганларидан кейин Ҳожар онамиз қорни очганларида хурмо солинган халтадан хурмо ер, чанқасалар сув бор мешдан сув ичар эдилар. Аллоҳ таолонинг қудрати билан Ҳожар онамиз сув ичсалар сутлари кўпайиб, Исмоил алайҳиссаломни қорнларини тўйдирар эдилар. Лекин, бир неча кундан кейин мешдаги сув тугаб, сут ҳам тўхтаб қолди. Чақалоқни қорни очиб, йиғлай бошлади. Шунда Ҳожар онамиз хавотирланиб уёнг-буёнгга қарадилар ва ҳозир замзам қаерда бўлса, ўша жойга эмизикли Исмоил алайҳиссаломни ташлаб, Сафо тепалигига кўтарилиб, уёнг-буёнгга қарар ва: “Албатта бирор сувнинг асари кўринади” деб ишонч билан айтар эдилар. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом кетаётганларида: “Аллоҳ таоло сизларни зоя қилмас” деган эдилар. Ҳожар онамиз бирор даранда болага зарар етказиб қўймасин деб, тез-тез фарзанди томонга қараб-қараб турар эдилар. Сафо тоғидан кейин Аллоҳ таолодан умид қилиб Марва тоғига юрдилар ва ҳозирда қўйилган яшил чироқ турган жойга етиб келганларида югура бошладилар ва то иккинчи яшил чироқгача югурдилар. Ушбу икки яшил чироқ оралигида югуришни сабаби шуки, у ерлар пастлик бўлгани боис у ердан Ҳожар онамизга фарзанди кўринмас эди. Шу сабабли тезда югуриб у ердан ўтиб кетар эдилар. Марва томондан фарзанди кўринадиган тепаликка етиб келгач, югурушни тўхтатар эдилар ва Марва тепалигидан уёнг-буёнгга қарар ва Аллоҳ таолога дуо қилиб, сўнг Марвадан Сафо тепалигига қараб юрар эдилар. Шу ҳолат етти маротаба такрорланди. Еттинчисида Марва тепалигига келиб турганларида бир овоз эшитилди, қарасалар фарзанди тепасида қушлар учиб юрибди. Шунда бу ерда бирор гап бор деб, фарзанди олдига борган эдилар бир улуғ фаришта, яъни Жаброил алайҳиссалом ташриф буюрган эканлар. Жаброил алайҳиссалом замзам булоғи чиққан жойни товонлари билан бир тепган эдилар, замзам отиллиб чиқди. Шунда Ҳожар онамиз уни атрофида “замзам, замзам, яъни тўхта, тўхта” деб айлана бошладилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Агар Ҳожар розияллоҳу анҳо сувни тўхта-тўхта демаганларида, оқиб турган сувдан бир анҳор пайдо бўлган бўлар эди” дедилар. Аллоҳ таоло замзам сувини ҳам озуқа, ҳам чанқоқ бости қилди. Шунинг учун Ҳожар онамиз билан Исмоил алайҳиссалом иккалалари қорнлари очганда ҳам, чанқаганларида ҳам замзамдан ичишар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳожар розияллоҳу анҳони сув қидириб Сафо ва Марва тепалигида югиришлари Аллоҳ таолога ёққанидан мусулмон умматга ҳаж ва умра каби ошиқона ибодатда у иккиси орасида югуришни вожиб қилиб қўйди” дедилар[6].

 

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЗАБҲ ҚИЛИНИШЛАРИДАГИ ИБРАТЛИ ВОҚЕА

Исмоил алайҳиссалом ёқимли ва жуда чиройли бола эдилар. У зот ота-оналарини кўз қувончи эдилар. Шундай бир паллада Аллоҳ таоло томонидан қийин ва машаққатли имтиҳонга ҳукм бўлди. Набийларнинг туши ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳий ҳисобланади. Иброҳим алайҳиссалом Шомдан Маккага келганларида жигарбанди ва кўзининг нури бўлган фарзанди билан суҳбатлашиб, бир неча кун Маккада қолиб кетдилар ва шу аснода кетма-кет уч кун туш кўрдилар. Тушларида якка-ю ягона жигарбанди Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга ҳукм бўлди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом фарзанди билан гаплашиб, Аллоҳ таоло томонидан сизни қурбонлик қилишга ҳукм бўлди деган эдилар, итоатгўй фарзанд: “Отажон, бу Аллоҳ таолонинг ҳукми бўлса, мен билан маслаҳатлашишни зарурати йўқ. Нимага ҳукм бўлса, ўшани қилинг! Иншааллоҳ мени сабр қилувчилардан топасиз” дедилар. Баъзи тарих ва тафсир китобларининг ривоятларидан маълум бўлишича, малъун шайтон уч маротаба Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, йўлдан урушга ҳаракат қилди. Ҳар бор Иброҳим алайҳиссалом шайтонга етти марта тош отдилар. Бугунгача Мино тепалигидаги уч жамаротга тош отиш Иброҳим алайҳиссалом амалларидан ёдгорлик бўлиб қолган[7].

Ота-бола бу ажойиб ибодатни бажариш учун қурбонлик қилинадиган жойга етиб келганларида, Исмоил алайҳиссалом оталарига:

“Отажон мени маҳкам боғланг-ки, токи ҳаракатланиб сизга озор етказиб қўймай, кийимларингизни мендан йироқ қилинг-ки, кийимларингизга қон сачраб савобимни камайтирмасин ҳамда онам кийимдаги қонни юваётганларида ғам-андухга тушмасинлар, пичоқни ўткир қилинг-ки, ҳалқумимни тез кесиб, осон жоним чиқсин, юзимни ерга қаратиб ёткизинг-ки, сизда менга нисбатан оталик меҳри уйғониб қолмасин ва онамнинг олдига борганингизда мени саломимни у кишига етказинг” дедилар. Яккаю ёлғиз фарзандидан бу гапларни эшитган ота қалбидан нималар ўтиши мумкин? Ҳар ота бундан ўзига андоза олаверсин! Иброҳим алайҳиссаломга юзлаб қурбонликлар бўлсин-ки, сабрда тоғдай бўлиб, ўғилларига: “Ўғлим Аллоҳ таолонинг ҳукмини тўлиқ тарзда бажариш учун сиз менга қанчалар яхши ёрдамчи бўлдингиз-а” деб фарзандларини пешонасидан ўпиб, кўз ёш билан фарзандларини боғладилар ва ундан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари бўғзига пичоқ тортдилар. Шу пайт осмондан: “Эй, Иброҳим сиз тушингизни тўғри тарзда кўрсатдингиз” деган нидо бўлиб, осмондан бир қўчқор нозил бўлди. Ушбу қўчқорни Исмоил алайҳиссалом ўрнига сўйиш Аллоҳ таолонинг ҳукми эди. Қаранг, ота-бола Аллоҳ таолонинг ҳукмини амалга оширишда қандай сабр кўрсатдилар. Албатта, бу иш ҳар қандай ақлни шошириб қўяди[8].

 

АЛЛОҲ ТАОЛО ЎЗ КАЛОМИДА ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЗАБҲ ҚИЛИНИШ ВОҚЕАСИНИ ЧИРОЙЛИ ТАРЗДА БАЁН ҚИЛГАН

رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ (100) فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ (101) فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ (102) فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ (103) وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ (104) قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ (105) إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ (106) وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ (107).

Роббим, менга солиҳлардан ато эт, деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан? деди. У: Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан, деди. Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз, деб. Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир. Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидя қилдик (Соффот 100-107 оятлари).

 

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЙЛАНИШЛАРИ

Қурбонлик ҳодисасидан кейин Иброҳим алайҳиссалом Шомга қайтиб кетдилар. Шу аснода журҳум қавмидан бўлган баъзи кишилар ўз хонодони билан жойлашиш учун сувли жой қидириб айланиб юришиб, тасодифан чиройли аёл билан чиройли суратдаги бир болага кўзлари тушди ва уларни олдида замзам суви оқиб турар эди. У сувда ҳам озиқа, ҳам чанқоқни қондириш хусусияти бор эди. Журҳум қабиласи вакиллари Ҳожар онамиз олдиларига келиб, замзамга яқинроқ жойда истиқомат қилишга рухсат сўрадилар. Шунда Ҳожар онамиз замзамга эгалик қилиш ҳуқуқи ўзларида қолиш шарти билан рухсат бердилар. Улар Ҳожар онамизнинг шартларини қабул қилишиб, ўз қабиладошларини у ерга жойлаштирдилар. Уларнинг ҳаёт кечириш тарзи шу эдики, тоғларга бориб ов қилиб келишар ва овланган ҳайвон гўштидан еб, замзам сувидан ичиб кун кўрар эдилар. Чунки, у ерда на ғалла, на дон-дун ва на мевалар ўсар эди. Исмоил алайҳиссалом уйланиш ёшига етганларида Журҳум қабиласи ўзларининг қизларидан бирини никоҳланишга тақдим қилдилар ва Исмоил алайҳиссалом унга уйландилар. Ундан кейин Ҳожар онамиз вафот этдилар. Иброҳим алайҳиссалом аёли вафот этганига бир неча кун бўлгач Маккага ташриф буюрдилар. Лекин, Исмоил алайҳиссалом ов қилгани тоққа чиқиб кетган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом келини билан суҳбатлашиб, қандай истиқомат қилаётганлари ҳақида сўрадилар. Шунда Исмоил алайҳиссаломнинг аёллари жуда ночор, танг ҳолатда ҳаёт кечираётганлари ҳақида Иброҳим алайҳиссаломга ҳаётидан нолиб гапириб берди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом келинига: “Эринг келса, унга мени саломимни етказ ва унга айтки, уйини остонасини янгилаб қўйсин” дедиларда, Шомга қайтиб кетдилар. Исмоил алайҳиссалом овдан қайтиб келгач, аёлидан ким келганлиги ҳақида сўрадилар. У: “Шу, шу сифатга эга бир мўйсафид келиб, сизга салом айтишимни ва уйингизни остонасини янгилаб қўйишингизни айтдилар” деди.

Исмоил алайҳиссалом аёлига: “У мени отам, сизга талоқ қўйишимни айтибдилар. Уй остонасидан мурод бу сиздир. Шунинг учун сизга талоқ қўйдим. Боринг отангизникига кетаверинг” дедилар. Исмоил алайҳиссалом шундан кейин журҳум қабиласидан бошқа бир аёлга уйландилар. Бир неча кунлардан кейин яна Иброҳим алайҳиссалом келдилар. Исмоил алайҳиссалом у вақтда тоққа ов қилгани кетган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом келинларидан яшаш ҳолатларини сўраган эдилар. Келинлари хайр-баракада ва яхши яшашётганлиги ҳақида Иброҳим алайҳиссаломга хабар бериб, Аллоҳ таолога ҳамд ва сано айтди. Иброҳим алайҳиссалом келинларидан нима еб, нима ичаётганликлари ҳақида сўрадилар. Келинлари: “Гўшт еб, замзам ичаяпмиз” деди. Шунда иброҳим алайҳиссалом: “Аллоҳумма борик лаҳум фил лаҳми вал мааи (маъноси: Эй, Аллоҳим! Уларни гўшига ва сувига барака бергин)” деб дуо қилиб, келинларига: “Эрингиз келса, мени саломимни унга етказинг ва уйини остонасини ўзгартирмай ўз ҳолича қолдирасиз экан деб айтинг” дедилар. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом орқаларига қайтиб кетдилар. Исмоил алайҳиссалом овдан қайтганларидан сўнг аёллари: “Бир чиройли шайх келиб, сиз ҳақингизда ва қандай истиқомат қилаётганимиз ҳақида сўрадилар. Кетар вақтларида эса, сизга салом айтиб, уйимиз остонасини ўзгартирмаслигингизни тайинладилар” деди.

Шунда, Исмоил алайҳиссалом: “У мени отам, сизни ўз никоҳимда олиб қолишимни айтибдилар. Чунки, уй остонасидан мурод, бу сизсиз” дедилар. Бу воқеа Бухорий шарифдаги узун ҳадиснинг хулосасидир[9].

 

БИРИНЧИ АЁЛНИ ТАЛОҚ ҚИЛИБ, ИККИНЧИ АЁЛНИ НИКОҲДА ҚОЛДИРИШ ҲИКМАТИ

Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлини талоғини беришга, иккинчи аёлини эса, никоҳда қолдиришга ҳукм қилдилар. Унинг ҳикмати ва сири нима? У ишнинг ичидаги Аллоҳ таолонинг бир муҳим ҳикмати ва сири шуки, Исмоил алайҳиссалом авлодидан икки олам сарвари, пайғамбарларнинг хатмкунандаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чиқариш бўлган. Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни фитрий тарзда ахлоқли, сабрли, шокир ва садоқатли бўлишлари жуда зарур эди. Бу эса, экинзорни танлашга боғлиқ эди. Иброҳим алайҳиссалом тавсияларига биноан Исмоил алайҳиссалом иккинчи аёллари билан қолдилар. Натижада, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларидан кейин кўплаб машаққатларга бардош бериб, хавфли ўринларда тоғ каби собит қадам туриб, сабр билан иш тутдилар. Дунё тарихи уни эсдан чиқармайди.

Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлларида на шукур ва на саб бор эди. У Иброҳим алайҳиссаломга яшашларидан шикоят қилиб, биз танглик ва қийинчиликда истиқомат қилмоқдамиз деди. Иккинчи аёллари аввалгисини акси бўлиб, тоғ каби сабр-бардошли эди. Шунинг учун ҳам қийналишларига қарамай Иброҳим алайҳиссаломга хайр-барака ва кенгликда истиқомат қилмоқдамиз деб, Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар айтди. Аслида эса, танглик ва машаққатларга сабр-бардош қилиб яшашётган эдилар. Уни Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёллари ҳаргиз ошкор қилмай ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ томонидан берилган неъматга шукур айтдилар. Аллоҳ таоло уларни қандай ҳолатга ташласа, ўша ҳолат хайр ва барака деб тушундилар. Бундан маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг икки аёлларидан аввалгиси сабр ва шукур мақомидан бирортасини эгалламаган эди. Шунинг учун унинг наслидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келишини хоҳламади. Шу сабабли Ўзининг халили Иброҳим алайҳиссалом қалбига ўғли Исмоилга: “Аёлингни талоқ қил” деб ҳукм қилишни солди. Исмоил алайҳиссалом уйланган иккинчи аёл сабр ва шокир бўлганлиги боис, Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни у билан яшашга ҳукм қилдилар. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни у аёл наслидан пайдо бўлиши Аллоҳ таолога манзур бўлган эди. Шу ҳикматга биноан Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилга биринчи аёлинг билан ажраш ва иккинчи аёлинг билан яша деб ҳукм қилдилар.

Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёлларидан нубувват офтоби ва рушди ҳидоятни ичиб икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар ва сабр, шукр ва ҳидоят борасида оламга бемисол муаллимга айландилар. Исмоил алайҳиссаломнинг иккала аёлга уйланишлари ҳам Бухори шарифда зикр қилинган[10].

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ИККИ АЁЛЛАРИ ЎРТАСИДА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АДОЛАТ ҚИЛГАНЛАР

Шу ўринда, Иброҳим алайҳиссалом иккинчи аёллари Ҳожар онамизни сувсиз, унумсиз водийга, яъни Маккаи мукаррамага қолдириб, ўзлари Шомга жўнаб кетдилар. У зот икки аёллари ўртасида қандай қилиб адолат қилганлар деган шубҳа пайдо бўлади. Бу борада ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Фатҳул борий” китобларида бир неча ривоятларни нақл қилиб, Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга Буроқ берилганлигини исбот қилган. У зот тонгда унга миниб йўлга чиқсалар пешиндан илгари Маккага етиб келар эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ҳар ой Маккага келиб турар эдилар[11].

وَكَانَ ابراهيم يزور هَاجر كل شهر على الْبراق يَغْدُو غدْوَة فَيَأْتِي مَكَّة ثمَّ يرجع فيقيل فِي منزله بِالشَّام.

“Иброҳим алайҳиссалом ҳар ой Ҳожар онамизни Буроқда зиёрат қилар эдилар. Тонгда сафар қилиб, Маккага етиб келиб, сўнг ортга қайтиб Шомдаги уйларида қайлула қилардилар”[12].

Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамиз билан ўғли Исмоил алайҳиссаломни Маккага ташлаб келишлари ҳикматдан холи эмас эди. Балки, бу Аллоҳ таолонинг муқаддас заминни обод қилиш ҳукми эди. Икки аёл ўртасидаги адолат борасида ўша вақтда Аллоҳ таолонинг ҳукми қандай бўлса, ўшанга мувофиқ иш юритар эдилар. Баъзи ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Буроққа миниб икки муқаддас замин ўртасида сафар қилар эдилар. Аллоҳ таолонинг ҳукми билан икки муқаддас замин Қуддус ва Маккаи мукаррамада Иброҳим алайҳиссаломнинг икки аёллари Сора ва Ҳожар розияллоҳу анҳумолар наслларидан пайғамбарлар силсиласи давом этди. Қуддусда Сора онамиз наслларидан минглаб пайғамбарлар чиқдилар. Улар Исҳоқ алайҳиссаломдан бошланиб то Исо алайҳиссаломгача давом этди.

Ҳожар онамиз наслларидан Исмоил алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. Ушбу икки шаҳар дунёдаги энг шарафли шаҳарларга айланди. Бошқа бирорта шаҳар бу иккиси кабий шарафли эмас. Кейинчалик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинага ҳижрат қилганликлари сабабли Мадинаи мунаввара ҳам у иккиси каби шарафли шаҳарга айланиб, иззат, азамат ва шарафда у иккисига тенг бўлди. Бугун дунёда истиқомат қиладиган барча мусулмонлар у ерларга боришни ўзлари учун шараф ва иззат деб биладилар.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЭЪЛОНЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом Каъбатуллоҳни қайта қурганларидан кейин, Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: “Эй, Аллоҳим! Каъбатуллоҳни таъмийр қилиш Сени ҳукминг эди. Мана таъмийр ишлари тугади” дедилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга инсонларга Байтуллоҳни ҳаж қилишни эълон қилиш ҳукми бўлди. Шу пайт Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: “Бу яқин ўртада ва узо-узоқларгача бу ерда одам яшамайди. Инсонлар яшайдиган жой бу ердан юз миллаб узоқликда жойлашган. Мени овозим уларга қандай қилиб етиб боради” дедилар. Аллоҳ таоло томонидан: “Эй, Иброҳим уларга мени овозим қандай етиб боради деб ўйлаш сизнинг ишингиз эмас. Сизнинг ишингиз эълон қилиш, барча инсониятга сизнинг овозингизни етказиш Бизнинг ишимиз” деган жавоб бўлди. Аллоҳ таоло томонидан ушбу нидо бўлгач Иброҳим алайҳиссалом ҳотиржам бўлиб, Сафо тоғига уланган узун, кенг, баланд Абу Қубайс тоғи чўққисига чиқдилар ва бармоқлари билан икки қулоқларини беркитиб, баланд овоз билан “يَا أَيُّهَا النَّاسُ إنَّ اللَّهَ كَتَبَ عَلَيْكُمْ الْحَجَّ فَحُجُّوا(Эй, инсонлар Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинглар)” деб эълон қилдилар. Баъзи ривоятларда мақоми Иброҳимда туриб эълон қилганликларини зикри ҳам келган. Аслида, Иброҳим алайҳиссалом Абу Қубайс тоғида ҳам, Мақоми Иброҳимда ҳам ва бир неча жойларда ҳам тик туриб ҳаж қилишни эълон қилганлар.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳукмига мувофиқ ҳаж қилишни эълон қилган эдилар. У зотнинг овозлари барча инсониятга ва уларнинг наслларига етиб борди. Ҳатто, эркакларнинг пушти камаридагилар ва пушти камардагиларнинг пушти камардагиларгача ва аёлларнинг раҳмларида парвариш бўлувчи барча-барчага бу эълон етиб борди.

Сунани куброда келган ривоятга кўра, осмонда ва ерда қанча махлуқ бўлса, у хоҳ инсон бўлсин, жин бўлсин, фаришта бўлсин уларнинг барчасига Иброҳим алайҳиссаломнинг овозлари етиб борди. Ўша вақтда ким Иброҳим алайҳиссаломнинг овозига “лаббайка” деб жавоб берган бўлса, унга Байтуллоҳни ҳаж қилиш насиб бўлади.

Иброҳим алайҳиссалом овозига биринчи бўлиб, яманликлар “лаббайка” деб жавоб бердилар. Ундан кейин дунёнинг турли жойларидан “лаббайка” деган жавоб кела бошлади[13].

Баъзи ривоятларда, ҳаж Иброҳим алайҳиссалом эълонига “лаббайка” деб жавоб берганларгагина насиб бўлади дейилган. Кимдаки, Иброҳим алайҳиссаломга “лаббайка” деб жавоб бермаган бўлса, унга ҳаж қилиш насиб бўлмайди. Кимки Иброҳим алайҳиссалом эълонларига неча маротаба “лаббайка” деган бўлса, ўшанча марта ҳаж қилиш унга насиб этади. Агар киши ўн маротаба “лаббайка” деган бўлса, ўн маротаба, эллик маротаба “лаббайка” деган бўлса, эллик маротаба ҳаж қилиш насиб бўлади. Бу мазмунга тегишли бир неча ҳадислар келгуси сатрларда мустақил сарлавҳа остида баён қилинади.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ОВОЗИГА ДАРАХТ, ТОШ ВА ТОҒЛАРНИ “ЛАББАЙКА” ДЕБ ЖАВОБ БЕРИШИ

Баъзи ривоятларда келишича, дунёдаги барча нарсалар Иброҳим алайҳиссалом чақириғига “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб берган. Ҳатто, тош, дарахт, тоғ ва тупроқлардан ҳам “лаббайка” овози эшитилган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُما قَالَ: " لَمَّا بَنَى إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ الْبَيْتَ أَوْحَى اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى إِلَيْهِ أَنْ أَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ، قَالَ: فَقَالَ إِبْرَاهِيمُ: أَلَا إِنَّ رَبَّكُمْ قَدِ اتَّخَذَ بَيْتًا وَأَمَرَكُمْ أَنْ تَحُجُّوهُ، فَاسْتَجَابَ لَهُ مَا سَمِعَهُ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ أَكَمَةٍ أَوْ تُرَابٍ: لَبَّيْكَ اللهُمَّ لَبَّيْكَ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом Байтни қуриб бўлгач, Аллоҳ таоло томонидан инсонлар орасида ҳажни эълон қилгин деган ваҳий нозил бўлди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Огоҳ бўлинглар! Роббиларингиз бир уйни тутди ва сизларга уни ҳаж қилишларингизга амр қилди” дедилар. Уни эшитган тош, дарахт, тепалик ва тупроқлардан (ҳар бир) нарса: “лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб ижобат қилди” (Шуъаби иймон).

Байҳақийнинг “Сунани кубро” асарида юқоридаги ҳадисни кенгроқ ёритиб берувчи қуйидаги ҳадис келтирилган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ فِى قَوْلِهِ (وَأَذِّنْ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ) قَالَ : لَمَّا أَمَرَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِبْرَاهِيمُ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّ يُؤَذِّنَ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ قَالَ : يَا أُيَّهَا النَّاسُ إِنَّ رَبَّكُمُ اتَّخَذَ بَيْتًا وَأَمَرَكُمْ أَنْ تَحُجُّوهُ فَاسْتَجَابَ لَهُ مَا سَمِعَهُ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ أَكَمَةٍ أَوْ تُرَابٍ أَوْ شَىْءٍ فَقَالُوا : لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Аллоҳ таолонинг “Одамларни ҳажга чақир” (Ҳаж 27 оят) деган қавли борасида у (ибн Аббос): “Аллоҳ азза важалла Иброҳим алайҳиссаломга “Одамларни ҳажга чақир” деб амр қилганида, у (Иброҳи алайҳиссалом): “Эй, инсонлар роббиларингиз бир уйни тутди ва сизларга уни ҳаж қилишларингизга амр қилди” дедилар. Уни эшитган тош, дарахт, тепалик, тупроқ ва нарсалардан ҳар бирлари: “лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб бердилар” деди. (Байҳақий ривояти).

“Мустадраки Ҳоким”, “Сунани кубро” каби асарларда ушбу воқеа атрофлича баён қилинган. Уларда шундай дейилади: “Иброҳим алайҳиссалом овозини еру осмондаги барча махлуқотлар эшитди ва Иброҳим алайҳиссалом чақириғига “лаббайка” деб жавоб беришга ҳукм бўлди. Шунинг учун ҳаж ва умрага эҳром ўраётган пайтда талбия айтиш шарт қилиб қўйилди. Бу жараён қиёматгача давом этади. Ким қаердан эҳром ўрамасин ўша жойдан унга талбия айтиш вожиб бўлади. Умра қилувчиларга эҳром ўраганларидан бошлаб то тавоф қилишга киришгунларича талбия айтишларига ҳукм қилинди. Ҳаж қилувчиларга эса, эҳром ўраганларидан бошлаб биринчи ақаба тошларини отгунларича “лаббайка, лаббайка” айтишларига ҳукм қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ : لَمَّا فَرَغَ إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ مِنْ بِنَاءِ الْبَيْتِ قَالَ : رَبِّ قَدْ فَرَغْتُ فَقَالَ : أَذِّنْ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ قَالَ : رَبِّ وَمَا يَبْلُغُ صَوْتِى قَالَ أَذِّنْ وَعَلَىَّ الْبَلاَغُ قَالَ : رَبِّ كَيْفَ أَقُولُ قَالَ : يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْحَجُّ حَجُّ الْبَيْتِ الْعَتِيقِ فَسَمِعَهُ مَنْ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ أَلاَ تَرَى أَنَّهُمْ يَجِيئُونَ مِنْ أَقْصَى الأَرْضِ يُلَبُّونَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом байтни қуришдан фориғ бўлгач: “Эй, Роббим фориғ бўлдим” дедилар. Шунда, (Аллоҳ таоло): “Одамларни ҳажга чақирдеди. У (Иброҳим алайҳиссалом): “Эй, Роббим! Овозим етиб бормайди” дедилар. (Аллоҳ таоло): “(одамларни ҳажга) Чақир, етказиш Мени зиммамга” деди. У (Иброҳим алайҳиссалом): “Эй. Роббим! Нима дейман?” дедилар. (Аллоҳ таоло): “Эй, инсонлар атиқ байтни ҳаж қилиш сизларга фарз қилинди” деди. У(Иброҳим алайҳиссалом овози)ни еру осмон орасидаги нарса(махлуқ)лар эшитди. Кўрмайсизми, улар ернинг турли тарафларидан талбия айтиб келмоқдалар” (Ҳоким ривояти).

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ЧАҚИРИҒИГА БИРИНЧИ БЎЛИБ ЛАББАЙКА ДЕГАНЛАР

“Руҳул маъоний”, “Тафсири ибн Касир” каби китобларда ибн Жарир ат-Табарий, ибн Абу Ҳотим санади билан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ:"لما أمر الله إبراهيم أن ينادي في الناس بالحج صعد أبا قبيس فوضع أصبعيه في أذنيه، ثُمَّ نادى: إِنَّ الله كتب عليكم الحج فأجيبوا ربكم، فأجابوه بالتلبية في أصلاب الرجل وأرحام النساء وأول مِنَ اجابه أَهْل اليمن، فيلس حاج يحج مِنْ يومئذ إِلَى أن تقوم الساعة إلا مِنْ كَانَ أجاب إبراهيم يومئذ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга инсонларни ҳаж қилишга чақиришга буюрган эди, Абу Қубайс тепалигига кўтарилиб, икки бармоғини икки қулоғига солиб: “Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди. Бас, Роббиларингизга ижобат қилинглар” деб нидо қилдилар. Бас, унга кишилар сулби ва аёллар раҳмидагилар талбия билан жавоб бердилар. Жавоб бергувчиларнинг биринчиси Яман аҳли бўлди. Ўша вақтдан қиёматгача ўша кунда Иброҳим алайҳиссаломга жавоб берганлар ҳаж қиладилар”[14].

 

НИМА УЧУН ҲАММАДАН ОЛДИН ЯМАНЛИКЛАР ЛАББАЙКА ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАНЛАР?

Бу ерда энг аҳамиятли гап шуки, яманликлар Иброҳим алайҳиссалом эълонига “лаббайка” деб биринчилардан бўлиб жавоб бердилар. Чунки, дунёда яманликларга фитрий тарзда дин борасида биринчилардан бўлиш ёзилгандир. Мадиналик авс ва хазраж қабилаларининг ота-боболари ҳам яманликдир. Улар Ямандан Мадинага ҳижрат қилиб келиб, у ерга жойлашиб қолганлар. Икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн уч йил Маккада турли хил азиятларни бошдан ўтказдилар. Шу муддат давомида  жуда оз сонли заъиф, фақир одамлар исломни қабул қилдилар. Лекин, барча сардорлар исломга тиш-тирноқлари билан қарши туришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳаммадан биринчи бўлиб, келиб чиқиши яманлик бўлган авс ва хазраж қабилаларининг сардорлари исломни қабу қилдилар.

Ўн уч йил давомида Маккада қанча одамлар исломни қабул қилган бўлса, Мадинага келганларидан кейин ўн уч кун ичида ундан кўп одамлар исломни қабул қилишди. Чунки, мадиналиклар аслида яманликлардир. Шу боис ҳам Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчилардан бўлиб “лаббайка” деб жавоб берганлар яманликлар бўлишган.

 

ҲАРАМИ ШАРИФГА БОРИШ ФАҚАТ ЛАББАЙКА ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАЛАРГА НАСИБ ЭТАДИ

Каъбатуллоҳга бориш Иброҳим алайҳиссалом чақириғига лаббайка деб жавоб берган кишиларгагина насиб этади. Кимки неча маротаба чақириққа лаббайка айтган бўлса, ўшанча маротаба Байтуллоҳага боради.

عَنْ مُجَاهِدٍ، قَالَ: " لَمَّا فَرَغَ إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ أُمِرَ أَنْ يُؤَذِّنَ فِي النَّاسِ، فَقَامَ عَلَى الْمَقَامِ، فَقَالَ: يَا عِبَادَ اللهِ أَجِيبُوا، فَأَجَابُوهُ لَبَّيْكَ اللهُمَّ لَبَّيْكَ، فَمَنْ حَجَّ فَهُوَ مِمَّنْ أَجَابَ دَعْوَةَ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ ".

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом (Байтни қуришдан) фориғ бўлгач, инсонларга (ҳаж қилиш Аллоҳ томонидан фарз бўлганини) эълон қилишга амр қилиндилар. Шунда мақомда туриб: “Эй, Аллоҳнинг бандалари ижобат қилинглар” дедилар. Улар унга “лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб бердилар. Бас, ким ҳаж қилса, Иброҳим алайҳиссалом чақириғига жавоб берган кишилардан бўлади” (Шуъаби иймон).

 

КАЪБАТУЛЛОҲ БИЛАН МАСЖИДИ АҚСО ҚУРИЛИШИ ЎРТАСИДА ҚАНЧА МУДДАТ БОР

Бу мавзу юзасидан Бухорий шарифда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан бир ҳадис икки жойда кетирилган.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيُّ مَسْجِدٍ وُضِعَ أَوَّلا قَالَ الْمَسْجِدُ الْحَرَامُ قُلْتُ ثُمَّ أَيٌّ قَالَ ثُمَّ الْمَسْجِدُ الْأَقْصَى قُلْتُ كَمْ كَانَ بَيْنَهُمَا قَالَ أَرْبَعُونَ ثُمَّ قَالَ حَيْثُمَا أَدْرَكَتْكَ الصَّلَاةُ فَصَلِّ وَالْأَرْضُ لَكَ مَسْجِدٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Эй, Аллоҳнинг расули! Қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?” дедим. У зот:

“Масжиди ҳаром” дедилар. “Кейин қайсиниси?” дедим. У зот:

“Масжиди Ақсо” дедилар. “Иккиси ўртасида қанча муддат бор” дедим. У зот:

“Қириқ” дедилар. Сўнг: “Қаерда сени намоз топса, бас намоз ўқигин. Ер сен учун масжиддир” дедилар” (Саҳиҳи Бухорий).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда дунёда ибодат учун қурилган биринчи уй, Маккадаги Каъбатуллоҳдир деган. Аллоҳ таоло у уйни ниҳоятда баракали ва бутун инсоният учун ҳидоят сабабчиси қилган. Ояти каримада бу ҳақда шундай дейилади:

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ

Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир” (Оли Имрон 96 оят).

 

КАЪБА ҚУРИЛАЁТГАНДА ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЁШЛАРИ

Аллоҳ таоло томонидан Каъбани қуришга Иброҳим алайҳиссаломга амр қилинганида, у зот юз ёшда эдилар. Исмоил алайҳиссалом эса, ўттиз ёшда эдилар. Бундан қириқ йил кейин, яъни Иброҳим алайҳиссалом бир юз қириқ ёшга кирганларида, у зот томонидан Масжиди Ақсо қурилган. Шунда Исмоил алайҳиссаломнинг ёшлари етмиш ёшда эди. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний Фокиҳийдан бу мавзу борасида Абу Жаҳм нақл қилган қуйидаги ҳадиси шарифни келтирган:

ووقع في حديث أبي جهم عند الفاكهي أن عمر إبراهيم كان يومئذ مائة سنة وعمر إسماعيل ثلاثين سنة.

“Имом Фокиҳий наздидаги Абу Жаҳм ҳадисида, Иброҳим алайҳиссаломнинг умри ўша пайтда юз ёш, Исмоил алайҳиссаломнинг умри эса, ўттиз ёшда бўлган деган ривоят собитдир” (Фатҳул борий).

 

БАЙТУЛЛОҲНИ БАЙТУЛ АТИЙҚ ДЕБ АТАЛИШИ

Каъбатуллоҳнинг яна бир номи байтул атийқдир. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилинган. Атийқ дегани озод қилинган деганидир. Аллоҳ таоло ҳар золим ва қонхўрлардан байтуллоҳни озод қилгани учун ҳам уни байтул атийқ деб номлаган. Иншааллоҳ бирор золим Байтуллоҳ устидан ғалаба қозанмас ва ўз мулки қилиб ололмас. Ҳоким Шаҳийд Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ Ҳокимнинг “Мустадракидан у мазмунга тегишли бир ҳадисни нақл қилиб келтирган. У ҳадис Бухорий шартларига мувофиқдир:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "إِنَّمَا سَمَّى اللهُ الْبَيْتَ الْعَتِيقَ لِأَنَّهُ أَعْتَقَهُ مِنَ الْجَبَابِرَةِ وَلَمْ يَظْهَرْ عَلَيْهِ جُبَارٌ قَطُّ ".

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло байтни золимлардан озод қилгани учун уни атийқ деб номлади. Шунинг учун бирор золим уни устиданҳаргиз эгадор бўлмас” дедилар” (Ҳоким ривояти).

 

БАЙТУЛ МАЪМУР КАЪБАТУЛЛОҲ УСТИДА

Ер юзида инсонлар ибодат қилиши учун Каъбатуллоҳ қибла ва ибодатгоҳ бўлгани каби еттинчи осмондаги байтул маъмур фаришталарнинг қибласи ва ибодат қиладиган жойларидир. Кунига у ерда етмиш минг фаришта ибодат қилади. Фаришталарнинг адади жуда кўп бўлгани боис бир маротаба навбати келиб, у ерда ибодат қилган фариштага иккинчи маротаба навбати келишидан илгари қиёмат қоим бўлиб қолади.

Еттинчи осмондаги Байтул маъмур Каъбатуллоҳнинг шу даржада рўбарўсидаки, агар у ердан бирор нарса ташланса албатта Каъбатуллоҳнинг томига тушади. Юқори томондан Аршнинг остидадир. Ерда Каъбатуллоҳнинг азамати ва ҳурмати қанчалар бўлса, осмонда Байтул маъмурнинг ҳурмати шунчадир. Аллоҳ таоло осмонда Байтул маъмурга, ерда Каъбатуллоҳга шунчалар ҳурмат ва азамат ато этганки, еру осмондан бирор иморат у иккиси каби ҳурмат ёки азаматга эга эмас. Дунёдаги юзлаб иморатлар ҳам уларнинг улуғлигини ўзларида акс эттира олмайди.

Бугун Байтуллоҳни зиёрат ва тавоф қилиш учун мўмин кишилар турли томонлардан келимоқдалар. Бундай инсонлар қандай яхши насибали инсонлар-а! Аллоҳ таоло бизларнинг барчамизга у ерни бориб зиёрат қилишни қайта-қайта насиб этсин! Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " الْبَيْتُ  الْمَعْمُورُ فِي السَّمَاءِ السَّابِعَةِ يَدْخُلُهُ كُلَّ يَوْمٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ ثُمَّ لَا يَعُودُونَ إِلَيْهِ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ ".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Байтул маъмур еттинчи осмондадир. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта киради, сўнг улар қиёмат қоим бўлгунича унга қайтмайдилар” дедилар” (Шуъаби иймон).

Бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан юқоридаги ҳадисга нисбатан равшанроқ лафзлар билан ривоят қилинади:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: " الْبَيْتُ الْمَعْمُورُ بَيْتٌ فِي  السَّمَاءِ بِحِيَالِ الْكَعْبَةِ لَوْ سَقَطَ سَقَطَ عَلَيْهَا، يُصَلِّي فِيهِ كُلَّ يَوْمٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، وَالْحَرَمُ حَرَمٌ بِحِيَالِهِ إِلَى الْعَرْشِ، وَمَا مِنَ السَّمَاءِ مَوْضِعُ إِهَابٍ إِلَّا وَعَلَيْهِ مَلَكٌ سَاجِدٌ أَوْ قَائِمٌ ".

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Байтул маъмур Каъбанинг рўбарўсидаги осмондаги уйдир. Агар у тушиб кетса, у(Каъбатуллоҳ)ни устига тушади. Ҳар куни унда етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Ҳарамнинг чегараси Аршгача ҳарамдир. Осмонда бир тери миқдорича жой бўлса, унинг устида сажда қилгувчи ёки қоим тургувчи фаришта бордир” (Шуъаби иймон).

 

АБДУЛЛОҲ ИБН АББОС РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУДАН ҚИЛИНГАН БОШҚА БИР РИВОЯТДА БАЙТУЛ МАЪМУРНИ БОШҚА НОМ БИЛАН “АЗ-ЗАРОҲ” ДЕБ АЙТИЛАДИ

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: " إِنَّ فِي السَّمَاءِ بَيْتًا يُقَالُ لَهُ الضَّرَّاحُ، وَهُوَ فَوْقَ الْبَيْتِ الْعَتِيقِ مِنْ حِيَالِهِ حُرْمَتُهُ فِي السَّمَاءِ كَحُرْمَةِ هَذَا فِي الْأَرْضِ يَلِجُهُ كُلَّ لَيْلَةٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ يُصَلُّونَ فِيهِ، لَا يَعُودُونَ إِلَيْهِ أَبَدًا غَيْرَ تِلْكَ اللَّيْلَةِ ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Осмонда Зароҳ деб аталадиган уй бор. У Байтул атийқнинг тўғрисида устидадир. Осмонда унинг ҳурмати ердаги бу(Каъбатуллоҳ)ни ҳурмати кабидир. Ҳар куни унга етмиш минг фаришта келиб, унда намоз ўқийдилар. Улар ўша кечадан кейин абадий унга қайтмаслар” (Шуъаби иймон).

 

МАЛОИКАЛАРНИНГ ҲАЖИ

Ҳадиси покда келишича, инсонлар ер юзига жойлашишларидан икки минг йил аввал фаришталар Байтуллоҳни ҳаж қилар эдилар. Бундан Аллоҳ таоло Каъбатуллони инсонлардан аввал фаришталарга қибла қилиб бергани маълум бўлади. Инсонлар ерга жойлашганларидан кейин Байтул маъмурни фаришталар учун алоҳида қибла қилиб берилди ва инсонлар учун эса, Байтуллоҳ қибла қилинди. Иброҳим алайҳиссаломдан бошлаб қайсидир қавмлар ҳар вақт Байтуллоҳни ҳаж қилганлар. Улар ҳақида қуйида батафсил сўз юритилади:

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ كَعْبٍ الْقُرَظِىِّ أَوْ غَيْرِهِ قَالَ : حَجَّ آدَمُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ فَلَقِيَتْهُ الْمَلاَئِكَةُ فَقَالُوا : بُرَّ نُسُكُكَ آدَمُ لَقَدْ حَجَجْنَا قَبْلَكَ بِأَلْفَىْ عَامٍ.

Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ёки бошқалардан ривоят қилинади:

“Одам алайҳиссалом ҳаж қилаётганида фаришталар уни учратиб қолишиб: “Эй, Одам алайҳиссалом ҳажингиз мабрур бўлсин. Сиздан икки минг йил илгари биз ҳаж қилган эдик” дедилар” (Байҳақий ривояти).

 

ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЖЛАРИ

Ҳозирги кунда биз кўриб турган Байтуллоҳ Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга билдирган пойдевор устига қад рослагандир. Одам алайҳиссалом ва фаришталар замонасида Каъбанинг биноси пастқам эди. Байҳақийда келган бир ривоятга кўра, Одам алайҳиссалом замоналарида Байтуллоҳнинг аломати ердан бир қарич ёки ундан зиёдароқ баландликда эди. Сўнг Аллоҳнинг амри билан уни қуриш силсиласи бошланди. Одам алайҳиссаломдан аввал Байтуллоҳни фаришталар ҳаж қилганлар. У зот ерга тушганларидан кейин Аллоҳ таоло томонидан Байтуллоҳни қайта-қайта ҳаж қилиш амри бўлди. Бир сафар фаришталар Одам алайҳиссаломни учратишиб: “Қаердан келяпсиз?” дейишди. Одам алайҳиссалом Байтуллоҳни ҳаж қилиб келаяпман дедилар. Шунда фаришталар: “Сиздан олдин Байтуллоҳни фаришталар ҳаж қилганлар” дедилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَس بْن مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« كَانَ  مَوْضِعُ الْبَيْتِ فِى زَمَنِ آدَمَ شِبْرًا أَوْ أَكْثَرَ عَلَمًا فَكَانَتِ الْمَلاَئِكَةُ تَحُجُّهُ قَبْلَ آدَمَ ثُمَّ حَجَّ آدَمُ فَاسْتَقْبَلَتْهُ الْمَلاَئِكَةُ فَقَالُوا : يَا آدَمُ مِنْ أَيْنَ جِئْتَ؟ قَالَ : حَجَجْتُ الْبَيْتَ فَقَالُوا : قَدْ حَجَّتْهُ الْمَلاَئِكَةُ قَبْلَكَ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Одам алайҳиссалом замонасида Байтнинг жойи бир белги жиҳатидан бир қарич ёки ундан каттароқ эди. Малоикалар одам алайҳиссаломдан илгари уни ҳақж қилар эдилар. Сўнг Одам алайҳиссалом ҳаж қилди. Шунда фаришталар унга юзланишиб: “Эй, Одам алайҳиссалом қаердан келдинг?” дейигди. У зот: “Байтни ҳаж қилдим” дедилар. Улар: “Сендан олдин уни фаришталар ҳаж қилган эдилар” дедилар” (Байҳақий ривояти).

Ибн Хузайма раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Саҳиҳи ибн Хузайма” асарларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бир ривоятни нақл қилганлар. У ҳадисни Имом Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ат-Тарғийб ват тарҳийб” асарларида: “Одам алайҳиссалом Ҳиндистондан бир минг маротаба пиёда сафар қилиб Байтуллоҳга борганлар” деган ривоятни ибн Хузайма санади билан нақл қилиб келтирганлар[15].

Имом Мунзирий раҳматуллоҳи Абул Қосим Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Анас розияллоҳу анҳудан бир ривоят нақл қилган. Унда юқорида келган ҳадисни равшанроқ тарзда баён қилинган. Ривоят қилинишича, Одам алайҳиссалом Ҳиндистондан сафарга отланиб, йўл давомида қаерда тўхтаган бўлсалар ёки овқатланган бўлсалар, ўша жойларни барчасини Аллоҳ таоло инсонлар учун обод жой қилиб қўйди[16]. Лекин, шуни ёдда тутингки, бу ривоят заъийф ривоятдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ташқи жабҳаларда олиб борилган ишлар жуда ҳам кўп. Фатҳлар ҳақидаги китобларда улар хусусидаги маълумотлар тўлиб давоми...

1466 15:02 / 28 сентябрь
Абдулмутталибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди.Абу Толиб давоми...

3089 09:05 / 25.09.2019
Фиръавнлар тамаддуниМиср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос давоми...

3177 17:10 / 10.05.2019
Яҳё алайҳиссалом Закариё алайҳиссаломнинг ўғиллари эканини юқорида айтиб ўтдик. Бу икки зот Бану Исроилнинг охирги набийларидан бўлганлар. Улар ўз қавмларидан давоми...

6371 14:40 / 26.04.2019
Аудиолар

137670 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57729 14:35 / 11.08.2021