1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Умар розияллоҳу анҳунинг вақфи

09:41 / 06.06.2025 2120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг у ҳақда маслаҳат қилиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

Эй Аллоҳнинг Расули, мен Хайбардан ерга эга бўлдим. Мен ҳеч қачон ундан нафисроқ молга эга бўлмаганман. Уни нима қилишга амр қиласиз?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар хоҳласанг, аслини тутиб қолиб, (фойдасини) садақа қиласан», дедилар.

Бас, Умар уни сотилмаслиги, сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилди.

Умар уни фақирларга, қариндошларига, қулларга, Аллоҳнинг йўлига, ибн сабийлга, меҳмонга садақа қилди. Ким унга валий (нозир) бўлса, маъруф йўли билан ундан еса ёки дўстига егизса, гуноҳ эмас. Уни ўзига мулк қилиб олмаса бўлди».

Хайбар ери мусулмонларга бўлиб берилганида Умар розияллоҳу анҳуга ҳам ундан маълум миқдор теккан.

Имом Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Муаъйқиб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу – Аллоҳнинг бандаси Умар, яъни амирал мўмининнинг васият қилган нарсасидир. Агар унга бир нарса бўлса, Ҳафса умрининг охиригача Самғ, Сорма ибн Акваъ ва ундаги қул ҳамда Хайбардаги юз улуш, ундаги рафиқи ила ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юзларга, яъни васаққа (бир васақ – 130,560 кг) қарайди. Сўнгра унинг аҳлидан фикр эгаси бўлгани қарайди. Сотилмайди, сотиб олинмайди, ўз билганича соилга, маҳрумга, қариндошларга нафақа қилади. Унга васий (нозир) бўлгани учун агар ўзи еса, бировга егизса ёки қул сотиб олса танглик йўқ».

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Хайбардан ўзларига теккан ерларни вақф қилган эдилар.

Кейинчалик эса ўша ерларни ва ушбу ривоятда зикр қилинган мулкларни вақф қилиб, ёздириб қўйган эканлар. Бу ишни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларидаги котиблари Муъайқиб розияллоҳу анҳу амалга оширганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Арқам розияллоҳу анҳу эса бунга гувоҳ бўлганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вақф ҳужжатида ёздириб қўйган нарсаларнинг баъзиларини шарҳ қилиб ўтишга тўғри келади.

«Агар унга бир нарса бўлса» жумласи «у вафот этса» маъносини англатади.

«Самғ ва Сорма ибн Акваъ» – Умар розияллоҳу анҳунинг Мадинаи Мунавварадаги икки кўчмас мулкларининг номи.

«Хайбардаги юз улуш», яъни Хайбарнинг ерлари мусулмонларга бўлиб берилганида ҳазрати Умарга ўлжа сифатида теккан улуш.

Аввалги ривоятда зикри келган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан вақф қилинган ер худди шу ердир. Ўша пайтда вақф қилинган бўлса ҳам, ҳужжатга кейин киритилган.

«Водий»дан мурод, Мадина билан Шом орасидаги Мадинага қарашли қишлоқ жой.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз васақ», яъни мазкур водийдан чиқадиган маҳсулни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдор мусулмонларга бўлиб берганларида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳар йили юз васақ миқдорида берилишини тайин қилганларини англатади.

«Ҳафса… умрининг охиригача қарайди» жумласи «Хафса унга нозир (бошқарувчи) бўлади» деган маънода ёзилган.

Мусулмонлар Ислом таълимотларига амал қилган пайтларида Ислом оламининг турли нуқталарида бева-бечора, камбағал, йўловчи, толиби илм, ҳожи, қариндош-уруғ ва бошқалар фойдасига қилинган вақфлар жуда ҳам кўп бўлган. Ана шу вақфлар мазкур соҳалар учун доимий даромад манбаи бўлиб хизмат қилган. Ҳатто адашиб қолган, соғлиги йўқолган ҳайвонлар, ит-мушукларга аталган вақфлар ҳам бўлган. Шунинг учун мазкур тоифаларга қарашли молиявий муаммолар доимий равишда муваффақият билан ҳал қилиб келинган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди. 

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менинг саҳобаларимдан ким бир ерда вафот қилса, албатта, у қиёмат давоми...

1297 14:41 / 27.07.2025
Насаб илми олимлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар У киши Усмон ибн Аффон ибн Абул Осс ибн Умайя давоми...

1086 16:37 / 16.10.2025
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири .Эй давоми...

3375 13:01 / 26.12.2024
бешинчи мақола Уҳуд урушидан кўп ўтмай, ўша вақтдаги ҳамма Ислом душманлари жамланиб, мусулмонларга қарши уруш эълон қилдилар ва катта аскар билан Мадинаи давоми...

1437 19:30 / 17.07.2023
Аудиолар

230207 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148785 14:35 / 11.08.2021