1446 йил 20 зулҳижжа | 2025 йил 16 июнь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Уммат қабул қилган нарса ҳақдир

13:16 / 10 июнь 530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги мавзуимиз   шофеъий мазҳабига боғлиқ. Бу мазҳаб қандай пайдо бўлгани, унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган йўналиши қандай эканлиги ҳақида гаплашамиз.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ қайси йўналишга таянганлар? Албатта, ҳадис нақл қилиш йўлига. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 150 йилда, яъни Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ вафот этган йили туғилиб, 204 йилда вафот этганлар. Демак, имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ кейинроқ яшаган уламолардандир. Уламолар имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг туғилган йилларини 50-йил, 60-йил, 70-йил ёки 80-йил, деб айтишади. Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари билан Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг туғилишлари орасида атиги 50-60 йил фарқ бор, яъни бу жуда яқин замондир. Айни пайтда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ кичик тобеъинлардан саналадилар. У зот ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўрганларига ҳамма иттифоқ қилган. Қолган саҳобаларни кўрганликлари борасида уламолар турлича фикр айтишган. Аммо у зотнинг кичик тобеъинлардан эканларида ихтилоф йўқ. Имом Шофеъий эса кейинроқ яшаганлар.

Хўш, мадрасавий нақл йўли қандай қилиб якун топди? Бунга қандай қилиб якун ясалди? Мадрасавий нақл йўли узоқ муддат давом этмасдан, якунига етди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларига яқин яшаган эдилар. Шу боис у зот мадрасавий нақл йўлига таяна олганлар. Бу йўл эса муҳаддисларнинг йўлидан кучлидир. Бизнинг эътиқодимиз ана шундай.

Аммо бу мадраса узоқ муддат давом эта олмади. Айни шу ҳолат кейинчалик муҳаддисларда ҳам содир бўлди. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ҳадис нақл қилиш йўлига таянганлар, шунинг учун у зотнинг усуллари Китоб ва Суннат, сўнг бу иккисига қиёс қилишдир. Имом Шофеъий Китоб ва Суннатдан ҳукм олганлар. У зотнинг санадларида ўртада беш ёки олти киши бўлган. У зот шу санад орқали ё ҳадисни қабул қилганлар, ёки тарк қилганлар ва мана шундай йўналишга таянганлар.

Биз буни нимага асосланиб айтяпмиз?

Яҳё ибн Саъид ал-Қаттондан қуйидагича бир ибора ривоят қилинган: «Мен тўрт йилдан бери имом Шофеъийнинг ҳаққига дуо қилиб келаман, чунки у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ амалларни кўрсатиб берганлар». Демак, имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳдан илгари ҳам муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган, лекин ҳеч ким бу ҳадислардан мазҳаб тузмаган эди, фатволар ҳар томонга сочилган, тарқоқ эди. Фиқҳий мазҳаб ўзининг усули билан далилларни жамлаб, ундан қоидалар ишлаб чиқиб, мукаммал бир мазҳаб пайдо қилади. Муҳаддислар йўли орқали энг биринчи фиқҳий мазҳаб тузишга қодир бўлган зот – имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳдир. У зотдан кейин бу ишга имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ қўл урганлар. Шу боис аҳли ҳадислар бу зотларни ниҳоятда улуғлашади, чунки Абу Ҳанифа ва имом Моликдан фарқли ўлароқ, улар ҳадис ривоят қилишар эди. Бироқ уларнинг йўналишлари кучли бўлгани учун аҳли ҳадислар бу ҳолатни у қадар яхши кўришмаган, чунки улар жуда қаттиқ ҳаракат қилиб, ҳадис ривоят қилишар эди. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ўз фиқҳий мазҳабларини муҳаддислик йўли орқали тузганлар ва аҳли ҳадис буни ўзларига йўл қилиб олишган. Шунинг учун ҳам улар имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳни қаттиқ яхши кўриб, улуғлайдилар.

Демак, мадрасавий нақл услубини қўллаган мазҳабларимиз иккита экан: ҳанафий ва моликий мазҳаблари. Шунингдек, ҳадис нақл қилиш услубини қўллаган мазҳабларимиз ҳам иккита экан: шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари. «Сиҳоҳ» китобларининг аксари шофеъий мазҳабини қўллаб-қувватлайди. Нима учун? Чунки имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабларини мана шу ҳадислар атрофида тузганлар. У зот ўз йўналиш ва услубларини шу услуб билан танлаганлар. Агар имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳам имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг даврида яшаганларида, имом Шофеъий тутган услубни тутган бўлар эдилар. Аммо имом Шофеъий ҳам имом Абу Ҳанифа яшаган даврда яшаганларида, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг услубларини – мадрасавий нақлни тутган бўлар эдилар.

Мазкур икки мазҳаб мадрасавий нақлга таянишган ва биз уларга ишонамиз. Кейинги икки мазҳаб эса ҳадис нақл қилишга таянишган ва биз уларга ҳам ишонамиз. Худди шунингдек, Аҳли суннага оид мазкур тўрт мазҳабнинг ҳар бири ўз борасида тўғридир. Улардан биттасига эргашишимиз мумкин ва жоиздир, чунки уларнинг ҳар бири ўзи борасида мўътабардир. Сиз ўз мазҳабингизни бошқаларидан кўра хоҳлаганингизча устун кўришингиз мумкин.

Хўш, фалон мазҳаб ўзи борасида мўътабарми ёки мўътабар эмасми? Албатта, мўътабар.

Фалон мазҳабга эргашиш, у билан хужжатлашиш ва унга таяниш мумкинми ёки мумкин эмасми? Албатта, мумкин.

Биз аниқ ишонамизки, Аҳли сунна мазҳабларининг ҳар бири, бу мазҳаблардаги ҳар бир масала фақат далил устига барпо қилинган. Бу мазҳаблардаги барча масалалар далиллар устига бино қилинган, уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб борадиган йўллари бор, уларнинг далилларга ҳукм қиладиган хос усул-қоидалари бор. Ҳар бир мазҳаб ўз борасида унга эргашувчилар учун рожиҳ, устундир, бошқалар учун эса маржуҳ, яъни устун эмасдир.

Бизнинг бошқа мазҳабларга ҳам ишонишимизнинг кўриниши шундаки, агар биз бирор масала бўйича қийинчиликка тушиб қоладиган бўлсак, шофеъий мазҳабининг катта уламоларига мурожаат қилиб, улардан фойда олишимиз мумкин. Аммо бу умуман эмас, балки зарурат ва эҳтиёж талаб қилган ҳолларга хосдир. Биз уларга ишонганимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боришда уларнинг хос йўллари борлигини билганимиз учун улардан шубҳасиз фойда оламиз.

Биз баъзилар томонидан айтилган «Аҳли раъйга ҳадис етиб келмаган, аҳли ҳадисда эса раъй бўлмаган» каби даъволарни даф қилиш учун иккала мавзуни ҳам айтиб ўтдик. Биз бу мазҳаблар азиз бўлиши учун ҳаракат қилишни хоҳлаймиз. Аслида уларни азиз қилиш йўлида бизнинг ҳаракат қилишимизга ҳожат йўқ, чунки уларни бутун уммат қабул қилган, амалда қўллаган ва шунинг устида бирлашган. Шак-шубҳа йўқки, уммат қабул қилган, амалда қўллаган ва унинг устида бирлашган нарса ҳақдир!

Қайси нарса уммат бирлашган нарсага хилоф ва зид бўлар экан, тарихдан маълумки, унинг ҳеч қандай қиймати ва эътибори йўқдир, ботил нарсадир!

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙММуқаддимаБизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Аллоҳга қуллик энг буюк мақом эканини давоми...

8355 09:50 / 29.03.2017
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, давоми...

5858 20:45 / 24.04.2018
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз давоми...

1185 14:10 / 05.11.2024
Бугунги кунда учраётган муаммоларимиз нималардан иборат эканига эътибор берайлик. Ислом инсонларнинг турмуш тарзига, ҳаётига, риоя қилиб яшайдиган дастурига давоми...

1107 11:55 / 06 февраль