
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(1927-1997)
Яҳёхон тўра 1927 йили Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ Турпоқ олар маҳалласида[1] дунёга келди. Падари бузруквори Маҳмудхон (ваф.1962) эшон — маърифатга ташна, олимлар мажлисига талпинган киши бўлган. У ўспирин даврида араб диёрида таълим олиб, араблар ичида Маҳмудхон Афанди куняси билан танилган. Волидаи муҳтарамаси Барирахон (ваф.1977) ая Собитхон тўра қизларидир. Ая ҳам ўз даврининг илмли ва фозила аёли сифатида машҳур.
Уламо Яҳёхон — тўралар авлодидан бўлганлиги боис омма халқ унинг исмига тўра насабини қўшиб айтган. Айтишларича, тўра ҳазратлари пайшанба куни дунёга келган эканлар. Ўша давр анъанасига кўра, шу куни туғилган чақалоққа азизларимиз томонидан чиройли исм қўйилиб, Аллоҳдан келажакда юрт ва дин корига ярайдиган киши бўлишлигини сўраб дуолар қилинар экан. Урфга мувофиқ, бобоси Собитхон тўра Яҳёхон тўрани ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, танглайини эса ширинлик билан кўтарган эканлар.
Зиёли хонадоннинг тўнғич фарзанди Яҳёхон тўра дастлабки таълимни оила муҳитида олади. У болалигидан мумтоз адабиётга иштиёқманд бўлиб, Ҳазрат Хожа Ҳофиз, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Бобораҳим Машраб ва Сўфи Оллоҳёр каби улуғ салафларимиз ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганади.
Машъум қатағон йиллари отаси Маҳмудхон Афанди оиласи билан Тожикистоннинг Ҳисор туманига ҳижрат қилади. У ерда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб кун кўради. Ўша пайтлар Яҳёхон тўра 10 ёш бола бўлган экан.
Яҳёхон тўра балоғат ёшига етгач, Хайрихон (1933-2004) ойим мулла Абдушукур (Шаҳрихонлик) қизи билан никоҳ қуради. Ундан тўрт қиз, тўрт ўғил фарзанд кўради. 1961 йили Яҳёхон тўра оиласи билан она юрти Наманганга қайтади ва Сардоба даҳаси Дамбоғ мавзесидан ҳовли-жой қилиб ўрнашади.
Бу ерда ҳам касбдан ажралмаган ҳолда Абдусамад (1888-1972) қори, Кароматхон (1894-1984) эшон ҳамда мулла Аҳмадали (1906-1994) домлаларда таълимни давом эттиради. У устозларидан Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ ва ақоид каби илмлардан таҳсил олади.
Маълумотларга кўра, Яҳёхон тўра домла узоқ йиллар 3-пахта тозалаш заводида қоровул, қолаверса, Жамғарма банкнинг Ҳамза мавзеси шаҳобчасидаги Омонат кассасида кассир бўлиб ҳам меҳнат қилганлар. 1986 йили ҳозирги янги Наманган тумани «Бунёдкор» мавзесидан уч гектар ер олиб, турли хил мевали дарахтлар экиб боғ барпо қилганлар. Диний фаолиятларини 1989 йилдан то вафотларигача «Боқи полвон» ва «Махдум эшон» масжидларида имом-хатиб бўлганлар.
Мустабид тузум даврида Сардоба даҳасидаги кўҳна масжидлардан бири бўлган «Боқи полвон» масжидини бузилмай қолишига сабабчи бўлганлардан бири Маҳмудхон ота Муҳиддинов (1926-1999) бўлсалар, кейинги сабабчиси Яҳёхон тўра домла бўлганлар. Ҳазрат тўра домла форс-тожик тилларини жуда яхши билганлар. Масжидда ёки издиҳомда ваъз қилсалар албатта, ҳикматли форсий шеър ва ғазаллардан ўқиб, уни шарҳлаб берганлар. Дуони ҳам асосан араб, форс-тожикча қилганлар. Шунга бўлса керак, халқ у зотни форсий домла деб билган. Ҳатто, ўша даврнинг вилоят ҳокими Бургутали Рапиғалиев (1935-2008) тўра домла билан ҳазиллашиб: «Сиз Шайх Саъдийсиз», дер экан.
Яҳёхон тўра домланинг маҳалладош шогирдларидан: «Раҳматли тўра домла мени эътиқодда ва ибодатда мустаҳкам бўлишимда ҳиссалари беқиёс. Маҳалламиз ёшлари бўш пайтларимизда кўча бошида тўпланиб ўтирардик. Тўра домла масжидга бораётиб ҳаммамиздан олдин: «Ассалому алайкум ўғилларим, мен намозга кетяпман», деб, ўтиб кетардилар. Ҳар сафар, қайси намозга борсалар, албатта бизга салом бериб, намозни эслатардилар. Бу воқеа анча вақтгача давом этди. Бир куни хаёлан нега? «Тўра домла ҳар доим бизга намозга кетаётганлари ҳақида огоҳлантирадилар-у лекин намозга юринглар», дея айтмайдилар», дедим. Бироздан кейин ўзимга ўзим тўхтаб тур, дея айтдим ва Ҳазрат тўрамдан бунинг боисини сўрайчи дедим-да, масжидга у зотнинг ҳузурларига ошиқдим. Кирсам, тўра домла ҳужраларида ўтирган эканлар. Олдиларига салом бериб кирдим.
Келинг ўғлим дедилар.
Мен минг ҳаяжон билан: «Тўрам, сизда бир саволим бор эди», дедим.
Хўш, гапиринг ўғлим, дедилар тўра ҳазрат.
Нега доим намозга бораётганингизда огоҳлантирасиз-у аммо бизни унга чорламайсиз», дея сўрадим.
Тўра домла ҳозиржавоблик ва ним табассум билан: «Ўғлим, сизлар нима сабабдан у ерда турганингизни билмайман-да. Балки, уйингиздаги беморга тез ёрдам машинасини кутиб турган бўлишингиз ёки кимдир билан олди-берди тайин қилган жойингиз бўлиши мумкин. Сизларни бекорчи деб ёмон гумонга бориб, намозга тарғиб қилсам, ўзим гуноҳкор бўламан. Шу сабаб, сизларга намоз вақти кирганини огоҳлантираман», дедилар. Бундан тўра домланинг тутган йўллари ўзига хос эканлигини англадим ва қилган ишларига қойил қолиб, тасаннолар айтдим. Аллоҳ ҳидоят бериб ўша ерда тўпланадиган барча дўстлар ибодатга киришдик», дея эслаб ҳаққиларига дуо қилди Муҳаммад Алихон[2] ака.
Хуллас, Яҳёхон тўра Маҳмудхон Афанди ўғли 1997 йил ойларнинг султони Рамазон ойида вафот этдилар. У зоти шарифни эски «От бозори» қабристони ҳозирги «Мангулик» мозорига дафн қилинди.[3]
Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов
[1] Ҳозирги Сардоба даҳасидаги Маданият ва санъат мактаби ўрнидаги эски ҳудуд номи.
[2] Дала материаллари: Муҳаммад Али Нуриддинов (1953) Наманган шаҳри Қўқон кўчасида туғилган. Узоқ йиллар вилоят тиббий тез ёрдамда меҳнат қилган. Ҳозир нафақада бўлиб, Наманган шаҳри Сардоба даҳаси Низомий кўчаси № 94 хонадонда истиқомат қилмоқда.
[3] Ушбу маълумотлар Яҳёхон тўра домланинг авлодлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.