1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Диннинг қуёши бўлган Шамсиддин (биринчи мақола)

11:00 / 28.10.2021 2493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

20 аср бошларида Наманган шаҳри, Авлиё домла маҳалласи (ҳозирги Жийдакапа кўчаси)да истиқомат қилувчи Охунд Дада махдум (1890-1972) хонадонида бир гўдак дунёга келди. Уни дунёга келиши оиласига қувонч, илм, нур ва барокотни олиб келди. Унга Шамсиддин, яъни диннинг қуёши бўлсин, деб исм қўйишди. Шамсиддин қори Охунд Дада махдум ўғли 1914 йили оддий ҳунарманд косиб хонадонида туғилди. У ўткир зеҳнли, илмга чанқоқ, тақводор ва шижоатли бола бўлиб улғайди. Отаси Охунд Дада махдум фарзандининг тарбияси ва таълим олишига қаттиқ аҳамият берди. У дастлабки билимни отасидан ва она томондан бобоси Умарали эшон (1830-1923)дан олди.

Умарали эшон Қўқон хони Худоёрхон даври (1845-1875)да Нақшбандия тариқатининг пири муршиди, каромат соҳиби, валиюллоҳлар зумрасидан бўлиб танилган ва хоннинг эътиборини қозонган киши эди.

Шамсиддин қори Қуръони Каримни Муҳаммад кори Букайбийда ёд олиб, ўспирин давридаёқ бобоси Умарали эшонга ўхшаб, мураттаб ҳофизи Қуръон бўлиб етишди.

Кунларнинг бирида, Умарали эшон олдиларига қизлари Зиёдахон ойим (Шамсиддин қорининг онаси) Намангандан Қўқонга келибдилар. Ўзи билан Умарали эшон бобонинг суюкли набиралари Шамсиддин ҳам келибди. Шамсиддин ёш бўлса-да истеъдодли, илмга чанқоқ ва серғайрат бола эди. Эшон Ҳазратларининг уйлари масжид ва хонақоҳларининг ёнида жойлашган эди. Шамсиддин ўйнаб юриб Эшон бобо хонақоҳларига кириб қолади ва толиби илмларга дарс бераётган боболарини кўриб, дарров уларнинг сафларига келиб қўшилади. Шу пайт Ҳазрат бошларидаги саллаларини ечиб, суюкли набираларининг бошларига кийдириб, хаққига дуо қилиб, шундай дедилар:

«Бу киши менинг набирам Шамсиддинхон. Худо хоҳласа, Наманганнинг кўзга кўринган олими фузалоси, қорию мураттаби бўлиб етишади».

Чиндан ҳам Аллоҳнинг изни билан, сўнгра эса боболарининг дуолари сабаб Шамсиддинхон қори домла Наманганнинг кўзга кўринган илм аҳлларидан бўлиб етишди.

Кейинчалик у ўз даврининг машҳур уламолари Сулаймон Ҳожа эшон (1880-1974), Кароматхон эшон (1894-1984), Мулла Бува Охунд ва Ориф Хожа эшонларда таълимни давом эттиради.

Шамсиддин қори домла ёшлигидан илмга муҳаббат қўйди. Бу қизиқиш уни катта илмий давра суҳбатларига етаклади. Бир куни қўшниси ва устози Сулаймон ҳожа эшон хонадонларида бутун Фарғона водийсидан келган олим ва фузалоларнинг илмий-баҳс ва мунозараларга бой бўлган давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Бу илмий суҳбатда у ҳам оддий толиби илм сифатида қатнашди. Ушбу суҳбатда ечими мушкул бўлган масалалар Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсга асосланган ечимлар ва унга фатво берилар эди. Шамсиддин қори бундай  илмий сухбатлардан ўзига кўплаб фойдалар оларди.

Шамсиддин қори устози Ориф Ҳожа эшонни шундай хотиралайди: «Бир куни мен устозим Ориф Хожа эшонга шундай дедим: «Устоз, қанийди тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсам, деб айтдим». Ҳазрат устозим табассум билан қисқагина қилиб «кўриб қоларсиз» деб жавоб бердилар. Орадан маълум вақт ўтиб, бир куни туш кўрдим. Тушимда, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир катта бино ичида ўтирибдилар. Бино атрофида жуда кўп оломон тўпланиб, бино дарчаларидан у кишини кўришга ошиқмоқдалар. Мен ҳам бориб ўша дарчалардан ичкарига қарашга ҳаракат қилдим. Не кўз билан қарайки, ичкарида Ҳазрат Муҳаммадхон тўра домла устозимдек инсон ҳам ўтирибдилар. Айни пайтда мен таажжубга тушиб, беҳад хурсанд бўлиб турганимда, мана шу муборак инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деган овоз келди. Бир пайт қараб турган дарчамдан оёғим сурилиб пастга йиқилиб тушиб кетдим. Шу пайт сесканиб уйғониб кетдим. Бироздан сўнг Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрганимни эсладим. Ўрнимдан хурсанд бўлиб туриб, таҳорат олдим. Буни қарангки, бир вақт  туннинг ярмида дарвоза эшиги овоз қилди. Бориб очсам, Ҳазрат Ориф хожа эшон жуда ҳам хурсанд бўлиб, табассум билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганингиз муборак бўлсин, деб қутлагани келиб турибдилар. Бу воқеадан кейин устозим Ориф Ҳожа эшон етук олим, тариқат ва каромат соҳиби ҳамда валий киши эканлар, деб билдим».

Шамсиддин қори халқ орасида «қори домла», «қори почча», «қори бува» номлари билан шуҳрат топди. У замонасининг олими, фозили, мураттаб ҳофизи Қуръони ва мударриси сифатида танилди.

Қорининг устози, Сулаймон ҳожа ўғли Маҳмудхон эшон, у зотни шундай хотиралайди: «Мулла Шамсиддин домла камтар, ҳамма инсонларни бир кўрадиган, илмли ва тақволи киши эдилар. Маҳаллада ҳам ёшу қарини бир хил ҳурмат қиладиган, қўни-қўшничилик хаққини ўрнида адо этадиган ўта камтар инсон бўлганлар. Ҳамон ёдимда, маҳалламизда Адолатхон исмли бир қари кекса аёл бор эди. Ундан фарзандлари ва қариндош уруғлари хабар олмасди. Ёш қори домла кекса аёлнинг ҳолидан хабар олиб турар, унинг таъминотини қилиб, дуоларини оларди. Бир куни Адолатхон момо оғир бемор бўлиб ётиб қолди. Шунда қори домла кампирнинг кийим-бошини ювиб, овқатини бериб, ҳовли жойини тозалаб юрдилар. Аллоҳдан соғайиб кетишлигини сўраб дуо қилдилар. Шу тариқа қўшничилик хаққини бажарар эканлар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин».

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи,

Чиноз тумани Олмазор қўрғони.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 26 март куни .Hilolnashr, матбаа нашриётининг мажлислар залида ҳассос адиб, жонкуяр устоз, ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун роҳимаҳуллоҳга бағишланган .Рафиқларнинг давоми...

1714 22:34 / 26.03.2022
.Майда одам тоғда турганида ҳам майда кўринади, буюк одам чуқурда ҳам буюк кўринади, деган экан аҳли донишдан бири. Аксари олимларда бўлгани каби Шайх давоми...

1057 11:13 / 22 июль
23 ёшида ўз мактабини очган, мардикор ўқувчини катта шоирга айлантирган, СССРда қоралансада, Европада эътироф этилган жадид ndash Мунаввар қорининг қисқагина умр давоми...

3559 11:41 / 07 январь
Буюк ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳимаҳуллоҳ илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилда таваллуд топганлар. Имом Бухорийнинг давоми...

10597 18:02 / 07.07.2017
Аудиолар

137650 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021