1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ал-Ваҳҳоб

12:21 / 20 май 1765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ал-Ваҳҳоб исми неъматларни беҳисоб берувчи Зот деган маънони англатади.

«Ваҳҳоб» сўзининг луғавий маъноси ҳибаси, илтифоти, атоси кўп демакдир. Араб тилидаги «фаъъал» сийғаси муболаға учун қўлланади.

Аллоҳ таоло Ваҳҳобдир. Бандаларига Ўзининг буюк фазлидан ато қилади, уларга неъматларни кетма-кет беради, тортиқларни мўл-кўл қилади. Зеро, ҳар бир нарсанинг хазинаси, осмону ер малакутлари, бутун ишларнинг жилови Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳ таоло Ўз мулкида хоҳлаганидек тасарруф қилади.

Инсон ақл ва қалбдан иборат. У ақли билан Аллоҳни танийди, қалби билан У Зотни севади. Ваҳҳоб исми ана шу муҳаббатга тааллуқлидир.

Ал-Ваҳҳоб исмининг луғавий ва истилоҳий маъноларини шарҳлашдан олдин бир ҳаётий мисол келтирайлик.

Бир камбағал, жуда ночор ҳаёт кечирадиган йигитни фараз қилинг. Агар бир бадавлат инсон ўзининг тарбия олган, ўқиган, мўмина, итоаткор қизига шу камбағал йигитни танлаб, унга уй-жой, дўкон ва улов ҳадя қилса, йигитнинг қалби ўша инсонга нисбатан қай даражада муҳаббатга тўлишини, унга нисбатан қанчалар ташаккур айтишини бир ўйлаб кўринг! Бу бир бандани бандага қилган эҳсони. Агар эҳсон бандалар Робби томонидан қилинса, қандай бўлади?!

Аллоҳнинг ал-Ваҳҳоб исмини ўрганишдан мақсад Аллоҳ таолони севишдир, чунки муҳаббати йўқ кишининг иймони йўқдир. Ислом биз билишимиз керак бўлган ҳақиқатларнинг ўзи билангина чекланиб қолмай, ҳис-туйғуларни ҳам ўз ичига олади. Инсоннинг ақли Аллоҳнинг борлигини, азаматини ва гўзал исмларини билса, унинг қалби Аллоҳнинг муҳаббати ила йўғрилган бўлиши лозим. Инсонни ақлдан кўра кўпроқ муҳаббат ҳаракатга келтиради. Инсон муҳаббат туйғуси билан ўзининг энг қимматбаҳо, энг нафис нарсаларини улашади. Ақл билан эса қаноат ҳосил қилади, эътиқод қилади, ишонади, лекин ҳаракатга келмайди. Шунинг учун Аллоҳ йўлига даъват қилувчи одам бир вақтнинг ўзида ҳам ақл, ҳам қалбга қарата хитоб қилиши керак. Агар ақл бу даъватга қаноат қилса, демак, у ярим ютуққа эришибди. Агар ақл қаноатига қўшимча равишда дилга муҳаббат ҳам жойланса, унда тўла ютуққа эришибди. Инсон ақлини коинотни тафаккур қилишга ишлатса, Аллоҳни танийди. Агар унга илоҳий неъматлар билдирилса, У Зотни қалбидан севиб қолади. Агар Аллоҳни севиб қолса, энг тўғри йўлни танлаган бўлади. Инсон қалбида муҳаббат бор бўлсагина ҳақиқий инсон бўлади. Қалби тош қотган одамни инсон деб аташ мумкин эмас.

Шундай одамлар борки, улар эшигини хоҳлаган одамига очиб, хоҳламаганига очмайди. Аммо Аллоҳ таолонинг эшиги барча учун бирдек очиқдир. Гуноҳкор банда Аллоҳга қайтса, еру осмонда бир нидо қилувчи: «Фалончини кутиб олинглар, у Аллоҳ билан ўзининг орасини ислоҳ қилди», деб нидо қилади.

Агар биз Аллоҳнинг ал-Ваҳҳоб исми ҳақида фитратимиздан келиб чиқиб фикр юритсак, қалбимиз Аллоҳнинг муҳаббати билан лиммо-лим тўлади. Қалбимиз Аллоҳнинг муҳаббатига тўлса, Аллоҳнинг бизга гўзал муомаласини, қалбларимизда эса Унинг тажаллийсини кўра оламиз, бизга берган тавфиқи, тўғри йўлга бошлаб қўйгани ва шу каби тилимиз ожиз қоладиган нарсаларни шоҳиди бўламиз.

Бир тасаввур қилиб кўрайлик. Сиз автобусга чиқдингиз. Ёнингиздаги ҳамроҳингиз сиз учун ҳам чипта ҳақини тўлаб юборди. Сиз бу марҳамат учун унга ташаккур айтиб, миннатдорчилик билдирасиз, бироз ўнғайсизланасиз, автобусдан ундан аввал тушишга хижолат бўласиз, тушгач эса уйга таклиф қиласиз. Нима учун? Чунки у сиз учун бир неча тангалик йўлкира ҳақини тўлаб юборди! Бир инсон сизга бироз ҳадя улашса, унинг олдида хижолатдан эриб кетай дейсиз. Чунки у сизга ҳадя улашди. Инсонинг нафси ана шундай.

«Эй Довуд! Бандаларимга улашган неъматларимни эслат, чунки нафс яхшилик қилганни севишга, ёмонлик қилганни ёмон кўришга йўғрилгандир».

Бир ўйлаб кўрайлик! Бир киши овқат тайёрлаб, сизни ҳам чақирди. Сиз ўша овқатдан тановул қилиб бўлгач, унга миннатдорчилик билдириб, унинг ҳаққига ҳам, хизмат қилганларнинг ҳаққига ҳам барака тилаб дуо қиласиз. «Сиз бизни ҳурмат қилибсиз, Аллоҳ сизни икром қилсин», дейсиз. Нима учун бир инсон бизга неъмат берса, хижолат тортиб, унга миннатдорчилик билдирамиз-у, аммо Аллоҳ таоло битмас-туганмас неъматларга ғарқ қилса ҳам, буни қадрламаймиз?

«Ахир Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!» (Балад сураси, 8–9-оятлар).

Аллоҳнинг ал-Ваҳҳоб исми ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ ҳиба қилиб, ато этган неъматлар шууримизда инъикос этиб, муҳаббатга, муҳаббат эса тоат-ибодатга айланмоғи керак.

Аллоҳ таолонинг ал-Ваҳҳоб исми қуйидаги оятларда зикр қилинган:

«(Улар айтурлар) «Роббимиз! Бизни ҳидоят қилганингдан кейин дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин! Албатта, сен Ваҳҳобсан (барча яхшиликларни ҳадя этгувчисан) (Оли Имрон сураси, 8-оят).

«Осмонлар ва ерлар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур, Ўзи хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур» (Шуро сураси, 49-оят).

«Мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Энди менга Ўз даргоҳингдан бир валий – ортдан қолгувчи ато эт!» (Марям сураси, 5-оят).

Аллоҳ бизга нима ато қилди? Аввало бизга борликни ато қилди, яъни бизни соғ-омон дунёга келтирди. Тан-жонингиз омон, озиқ-овқатингиз бор, аёлингиз, фарзандларингиз бор, яшаш учун уй-жойингиз бор, ишингиз, касб-корингиз бор, жамият ичида ўзига яраша обрўйингиз бор, демак, Аллоҳ сизга барча нарсани ато қилган.

Сувнинг на ранги, на таъми ва на ҳиди бўлади. Агар сувнинг ранги гулникидек қип-қизил бўлса, инсон танг аҳволда қолар эди. Агар сув ширин бўлса, таомлар ҳам, бошқа егуликлар ҳам ширин бўлиб кетар эди. Агар сув ёпишқоқ бўлса, инсон ўзининг аъзои баданини, либосини, уй-жойини қандай пок тутар эди? Сувга бу хусусиятни ким ато қилди? Йил, ой, ҳафта, кунларни билиш учун, вақт ҳисобини қилиш учун ким бизга осмондаги ойни тақвим қилиб берди? Ҳаво бузилиб, ҳаммаёқни ғубор қоплаганда ёмон ҳидларни ҳайдаш учун бизга ким шамол юборди?

«Албатта сенгина Ваҳҳобсан (барча яхшиликларни ҳадя этгувчисан) (Оли Имрон сураси, 8-оят).

Ал-Ваҳҳоб, яъни «ҳиба қилувчи» сўзининг маъносини янада соддароқ тушунтириб кўрайлик.

Бир киши бошқа кишига: «Сенга шу китобни 100 дирҳамга сотдим», деса, шариатда буни олди-сотди келишуви дейилади. У «Мен сенга шуни 100 дирҳамга ҳиба қилдим», деса, бу ҳам олди-сотди келишуви бўлади. Аммо «Шу китобни ҳеч қандай пулсиз сенга сотдим», деса, ана шу ҳиба бўлади. Демак ҳиба – эвазсиз эга қилишдир.

Бир олим киши ижара уйда яшарди. Бир куни уйнинг қонуний эгаси уни чиқариб юбориш учун маҳкамага даъво қилиб чиқди. Олим кишининг бошқа уйи йўқ эди. Ўша шаҳардаги бадавлат кишилардан бири тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Фалончига уй сотиб олиб бергин», дедилар. Ҳалиги бадавлат киши олим одамни қидириб, топди-да, у кишига уй сотиб олиб берди.

Инсон кимгадир бирон нарса ҳадя қилса, бу ишни унинг қалбига Аллоҳ солган бўлади. Бир инсон сизга кўмаклашса, билингки, Аллоҳ таоло унинг қалбига сизга ёрдам беришни солган бўлади, унинг қалбига меҳр-мурувват сингдириб, сизга ёрдам беришга рағбат қилдирган бўлади. Аммо бу ўша одамга қилган яхшилиги учун миннатдорчилик билдирмаса ҳам бўлаверади, дегани эмас. Миннатдорчилик билдирмаслик неъматга нонкўрлик бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмайди», деганлар. Демак, ҳар қандай неъмат учун аввало Аллоҳ таолога шукр қилиш керак, чунки У Зот ўша одамнинг қалбига сизга нисбатан рағбат жойлаган. Қолаверса, Аллоҳ ушбу неъматига сабабчи қилган ўша инсонга ҳам миннатдорчилик билдириш керак, чунки у ўз ихтиёри билан сизга ёрдам берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса, унга паноҳ беринглар. Ким Аллоҳ номи билан бирон нарса сўраса, унга беринглар. Ким Аллоҳ номи билан омонлик сўраса, унга омонлик беринглар. Ким сизларга яхшилик қилса, уни мукофотланглар. Мукофотлайдиган нарса топа олмасангиз, уни мукофотлаганингизни билгунларигача ҳаққига дуо қилинглар», деганлар.

Бир киши сизга бирор хизмат қилиб берса-ю, сиз унинг қилган хизматини унутсангиз, бу жиноятдир.

Имом Шиблий Абу Алий Сақофийнинг бир шогирдидан: «Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан қайси бирини кўп зикр қиласиз?» деб сўрабди. У киши: «Ал-Ваҳҳоб исми, чунки Аллоҳнинг сенга энг биринчи атоси – сенинг борлигинг», деб айтди.

Ушбу исмдан ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ўзига ато қилган нарсалардан бошқаларга ҳам улашиши кераклиги ҳам тушунилади. Демак, Аллоҳ таоло бизга ўргатган илмдан, ато этган куч-қувватдан, насиб қилган бошқа неъматлардан бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш йўлида фойдаланишимиз лозим экан.

Аллоҳ таоло барчамизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзимиз кутгандан, ўзимиз сўрагандан зиёда неъматларни ҳиба қилсин!

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

«Аллоҳнинг гўзал исмлари» китобидан.

Анвар Аҳмад таржимаси.

«Ҳилол» журнали 7(64)-сон.

Ушбу журнал Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 5 декабрдаги 03-07/7163-сонли рухсати асосида чоп этилди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикмати буюк Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини доимо хавфу ражо қўрқинч ва умид билан тарбиялаб келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ҳар бир нарсада давоми...

5069 16:24 / 09.01.2018
Ғийбат сабабли дунёда, динда жуда кўп зарарлар юзага келади. Ғийбат қилувчига Қуръони Каримдаги.Дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берди, Ҳаж сураси, 11оят давоми...

3288 14:00 / 28.03.2022
Инсофли бўлиш ndash ихтилоф одобларининг энг таянчларидандир. Яъни, ихтилофли баҳсларда муқобил томонга нисбатан инсофли бўлиш баҳснинг асосий одобидандир.Шайх, давоми...

2448 14:00 / 16.03.2022
Тақво mdash мухлис бандаликнинг асосий белгиси. Биз тақво йўлини тутар эканмиз, ўзимизнинг чин бандалик даражамизни намоён этган, шайтон ва нафс алдовларидан давоми...

1418 11:56 / 27 сентябрь
Аудиолар

210816 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130081 14:35 / 11.08.2021