1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Азон ва иқомат ҳақида

05:00 / 04.01.2017 74131 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда «такбир айтиш» деб одатланиб қолган, намозхонларни сафга туришга чорлаш учун айтиладиган махсус нарса «иқома», дейилади.


Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар, қачонки, Жума куни намозга нидо қилинса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Ана шундоқ қилмоғингиз, сиз учун яхшидир, агар билсангиз», деган (Жума: 9).

Ва яна: «Қачонки намозга нидо қилсангиз, уни масхара ва ўйин қилиб олурлар», деган (Моида: 58).

Шарҳ: Ушбу икки оятдаги «нидо»дан мурод азон экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Демак, азон Қуръонда зикр қилинган нарса экан.

«Азон» луғатда, билдириш маъносини англатади. Шариатда эса: «Фарз намознинг вақтини махсус қавл ила билдиришга азон дейилади».

Азон Қуръонда зикр қилинганини юқорида билдик, ҳадисларда қандоқ зикр қилинганидан намуналарни Аллоҳ хоҳласа, энди ўрганамиз.

Азон айтиш, биринчи ҳижрий санадан бошланган. Аввалбошда мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса намоз ўқир эдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, насороларнинг зангига ўхшаш занг чалишни ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш дуд чалишни маслаҳат қилинган ҳоллар ҳам бўлган.

Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримийлар келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:

«Эй, Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми», дедим.

«Бу билан нима қиласан?» деди у.

«У билан намозга чақирамиз», дедим.

«Бундан яхшироқ, нарсани сенга айтиб берайми?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Аллоҳу Акбар» дейсан, деб охиригача айтиб берди. Шунингдек, иқоматни ҳам айтиб берди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. У зот:

«Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур, у азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.

Мен Билол билан туриб айтиб бердим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб югуриб чиқди ва:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедилар.

Имом ал-Баззор қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга азонни Исро кечасида кўрсатилгани ва етти осмоннинг устидан эшитганлари ҳақида сўз боради.

Бу ривоятлардаги ҳодисалардан минг тўрт юз йил ўтиб ойга қадам босган америкалик фазогир ҳам ойда туриб, азонни эшитди. Бу овозни овоз ёзиш асбоблари ёзиб олди. Йиллар ўтиб, фазогир Мисрга келиб азонни эшитганда, кўпчилик иштирок этаётган йиғилишда, бу овозни ойда эшитган эдим, деб тан олди.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон намозга азон айтилса, Шайтон азонни эшитмаслик учун орқасидан ҳаво чиқариб ортга қочади. Азон айтиб бўлинса, яна келади. Қачон иқомат айтилса, яна ортига кетади. Иқомат айтиб бўлинса, одамнинг дилига васваса солиш учун қайтиб келади. У олдин эсламай юрган нарсаларни айтиб, уни эсла. Буни эсла, дейди. Ҳаттоки, одам қанча намоз ўқиганини ҳам билмай қолади», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Муслим қилган ривоятда: «Қачонки, Шайтон намозга азон айтилганини эшитса, Равҳоогача бўлган масофага қочади», деганлар».

Шарҳ: «Равҳоо» Мадинаи Мунавварадан ўттиз-қирқ мил чамаси узоқликдаги жойнинг исми.

Ушбу ҳадисда азон ва иқоматнинг қанчалик фазилатли нарса экани ҳақида сўз бормоқда. Дунёдаги барча ёмонлик, куфр, исён ва васвасанинг рамзи бўлган шайтонни шунчалар қўрқитган нарсалар фазилатли бўлмай, нима фазилатли бўлар эди.

Азон айтилганда қаттиқ қочганлигидан Шайтоннинг орқасидан ел чиқиб кетишидан, унга Аллоҳнинг улуғлаш билан кўтарилган овоз нақадар қаттиқ таъсир қилишини кўрсатиб турибди.

Шунингдек ўттиз ёки қирқ мил узоқликка қочиши ҳам осон иш эмас. Бу дегани Аллоҳнинг улуғлигини юксакларга кўтариб азон айтилган жойда шайтон бўлмайди, деганидир. Иқомат айтилган жойда шайтон бўлмайди, деганидир.

Шунингдек, азон ва иқомат айтувчи муаззинларнинг ҳам фазли борлигини билиб оламиз.

Шайтон инсонни намозда қандоқ қилиб васваса қилиши ушбу ҳадиси шарифда ажойиб услуб ила баён қилиб берилмоқда. Демак, намоз ўқиган пайтимизда ўша васвасадан узоқ бўлиш йўлларини ахтаришимиз керак бўлади.


Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У кишига Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу: «Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки, қўйинг ичида, чўлингда бўлсанг-у намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деган экан. Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа Мозиний ал-Ансорий, ишончли ҳадис тўпловчи тобеъинлардан бўлганлар. Оталари улуғ саҳобалардан эдилар.

У киши ҳадисларни оталаридан, Абу Саид ал-Худрий, Ато ибн Ясар, Умар ибн Абдулазиз, Соиб ибн Ҳаммодлардан ривоят қилдилар.

Бу зот Абу Жаъфарни халифалик даврларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда азоннинг ва азон айтувчи кишининг фазли яна ҳам оширилмоқда. Шу билан бирга азонни иложи борича узоққа етадиган қилиб айтишга тарғиб қилинмоқда.

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари атрофидаги энг баланд уй, Бани Нажжор қабиласидан бўлган бир аёлнинг уйи тепасига чиқиб айтар эдилар.

Бу ҳадисдан ёлғиз одам чўлда бўлса ҳам азон айтиб намоз ўқиши яхши эканлиги чиқмоқда.


Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар», дедилар». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисда муаззинларнинг фазли қиёмат куни олий даражада бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Улар ҳамманинг ичида алоҳида фазл билан ажралиб турар эканлар. Арабларда аслзода, улуғ кишиларни, бўйни узун, деб васф қилиш одати бор.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом зоминдир, муаззин омонат эгасидир. Эй, бор Худоё! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар». Абу Довуд, Шофеъий ва Термизийлар ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан имом ва муаззинларнинг масъулиятлари баён қилинмоқда. Имом ўз қавмининг намози учун зоминдир. У намозини баркамол қилса, қавмнинг намози ҳам баркамол бўлади. Агар имомнинг намози ўртача бўлса, бутун қавмнинг намози ҳам ўртача бўлади. Имом ўзини пок тутиб, намозни аъло даражада ўқиб турса, ўзи ҳам, қавми ҳам ажру савоб ва олий мартабаларга эришадилар. Аммо бетавфиқлик қилиб нуқсонга йўл қўйса, гуноҳи ўзига бўлади.

Шунингдек, муаззин ҳам ўз қавмининг омонат эгасидир. Унинг бўйнига бутун бошли бир қавмнинг намози вақтида ўқилиши, рўзасини вақтида тутилиб, вақтида очилиши юклатилгандир. Агар муаззин тақводор бўлиб, ўзига юклатилган омонатни шараф билан адо этса, улкан мартабаларга эришади. Лекин омонатга хиёнат қилса, иши расво бўлади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига дуо қилиб:

«Эй, бор Худоё! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар».


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муаззин овози етган жойгача мағфират қилинади ва унга барча ҳўлу қуруқ гувоҳлик беради», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Насаийнинг ўз ривоятида: «Унга у билан намоз ўқиганларнинг ажрича ажр берилади», деган иборани зиёда қилган.

Шарҳ: Азон айтиш ўта масъулиятли иш бўлиши билан бирга, ўта шарафли иш ҳамдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Муаззин овози етган жойгача мағфират қилинади», деганлари жуда ҳам улуғ гапдир.

Бу унинг гуноҳлари мужассам қилиниб, ҳамма томонга ёйилса, унинг азон айтганда овози қаерга етса, ўша ергача бўлган гуноҳлари мағфират қилинади, деганидир.

Бунинг устига қиёмат куни унга азони етган жойлардаги барча ҳўлу қуруқ нарсаларнинг яхшилик ила гувоҳлик бериши жуда ҳам олий даражадир.

Энг ажойиби, муаззиннинг азонини эшитиб, жамоат намозига келган барча намозхонларга қанча ажру савоб бўлса, муаззиннинг бир ўзига ҳам шунча ажру савоб бўлишидир.


АЗОН ВА ИҚОМАТНИНГ БАЁНИ


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Билол розияллоҳу анҳуга азонни жуфт айтмоқ, иқомани, қод қоматис салотдан бошқасини тоқ айтмоқ амр қилинди». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар шу ҳадисга амал қилиб, иқомани тоқ айтадилар.

Аммо Ҳанафий мазҳаби бошқа ҳадисни ҳужжат қилиб олган. Аллоҳ хоҳласа, уни бироздан кейин ўрганамиз. Ҳозир эса азоннинг қайси кайфиятда айтилишини ўрганайлик.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ривоятда, у киши тушида кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган азон ҳозир ҳамма ёқда айтилаётган азондир;


«Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,

Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,

Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,

Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,

Ҳайя алас Солат, Ҳайя алас Солат,

Ҳайя алал Фалаҳ, Ҳайя алал Фалаҳ,

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,

Лаа Илаҳа Иллаллоҳ».


Ушбу калималарнинг маънолари қуйидагича:

«Аллоҳу Акбар»

Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ ҳар бир нарсадан буюкдир. У зот ўзига нисбат берилган номуносиб нарсалардан улуғдир.

«Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ»

Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ, деб гувоҳлик бераман.

«Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ»

Муҳаммад, Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бераман.

«Ҳайя алас Солаҳ»

Намозга келинглар, шошилинглар.

«Ҳайя алал Фалаҳ»

Ютуқ, яъни, нажотга келинглар, шошилинглар.

Қолган калималарни маънолари иншааллоҳ, ҳаммамизга маълум.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуга ва Абу Маҳзурага:

«Қачонки, Бомдод азони бўлса «ас-солату хойрун минаннавм»ни айтасан, деб ўргатганларига биноан икки марта айтилади.

Дора Қутний, Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилишган.

Иқомат Ҳанафий мазҳаби бўйича худди азоннинг лафзлари билан айтилади. Фақат «ҳайя алал-Фалаҳ»дан кейин икки марта «Қод қоматис Салот»ни қўшилади («Намоз қоим бўлди» дегани).

Иқома масжидга ёки жамоат намозига йиғилиб турганларга фарз намоз ўқиш бошланаётганини билдириш вазифасини ўтайди. Ёлғиз ўқиётган киши иқома айтса ҳам яхши.

Барча ҳолатларда иқома айтиш суннати муаккададир. Азонни чўзиб, иқомани тезлаб айтиш ҳаммага маълум.

Азон айтиш ҳам суннати муаккада ҳисобланади. Қайси бир жамоа, қишлоқ ёки шаҳар келишиб, азон айтишни тарк қилсалар ислом ҳукумати уларга қарши уруш эълон қилади. Чунки улар Исломнинг шиори бўлган энг муҳим нарсалардан бирини инкор қилган бўладилар.


АЗОННИНГ МУСТАҲАБИ


Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг», деди. У зот:

«Сен уларга имомдирсан. Сен уларнинг энг заифига эргаш ва ажр (иш ҳаққи) олмайдиган муаззин ол», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввал ушбу ҳадис ровийси Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Усмон ибн Абул Осс ибн Бишр ибн Абдуллоҳ ибн Дуҳмон, кунялари Абу Абдуллоҳ.

Бу улуғ саҳоба Сақиф қабиласидан элчи бўлиб келиб, Исломни қабул қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қавмларига бошлиқ қилдилар.

Бу зот Исломда фақиҳ бўлишга, Қуръонни ўрганишга жуда ҳам қизиқар эдилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Тоифда бошлиқ бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Тоиф аҳли муртад бўлишни ихтиёр этишганда, бу зот уларни ваъз-насиҳат ва ҳикматлар айтиб, қайтариб қолишга муяссар бўладилар.

«Эй, Тоиф аҳли! Исломга киришда шошилмай, охири кирган эдингиз, энди Исломдан қайтишда шошилиб, биринчилардан бўлиб қайтасизларми?» деганларида, халқ у кишининг сўзларига қулоқ солиб, Исломда қолишади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳолатни кўргач, Усмон ибн Абул Оссни яна Тоифга бошлиқ қилиб тайинладилар.

Бу киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларининг иккинчи йилигача Тоифда бошлиқ бўлади.

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу у кишини Уммон ва Баҳрайнга бошлиқ қиладилар. Бу ерни фатҳ этишда иштирок этиб, Шоҳриқ подшоҳни ўлдирадилар. Бундан ташқари Форс ва Ҳинд ерларини фатҳ этишда катта ҳисса қўшдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисда:

«Уларнинг энг заифига эргаш» деганлари намозни ўшанинг ҳолига қараб енгиллаштириб ўқи деганлари.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбардан қавмга имом қилиб қўйишни сўраш жоизлиги.

2. Раҳбар томонидан қавмга имом тайинланиши.

3. Имом қавм ичидаги заиф кишиларни эътиборга олиб намозни енгиллатиш кераклиги.

4. Қавмнинг имоми бўлганидек, муаззини ҳам бўлиши кераклиги.

5. Муаззинни имом танлаши.

6. Муаззин ажр - иш ҳаққи олмай муаззинлик қилиши яхши эканлиги.

Мана шуниси афзал ва комил. Лекин шароитга қараб, ажр олишга рухсат берганлар ҳам бор.


Зиёд ибн ал-Ҳорис ас-Судоъий розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Бомдод намозига азон айтишимни амр қилдилар. Бас, мен азон айтдим. Сўнг Билол иқома айтмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, азонни судоълик айтди. Бас, ким азон айтса, ўша иқома айтур», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Зиёд ибн ал-Ҳорис ас-Судоъиий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Зиёд ибн ал-Ҳорис ас-Судоъиий розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган улуғ саҳобийлардандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишининг қавмларига, аскар жўнатмоқчи бўлганларида, Зиёд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қавмларини яна бир бор Исломга чақиришни сўрайдилар. Зиёд қавмларига бориб, уларни Исломга даъват қиладилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига, уларнинг Исломини башоратини бериб келадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қавминг гапингни қайтармас экан», деб Зиёдни уларга бошлиқ қилиб тайинлайдилар.

Зиёд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилдилар.

Бу зотдан ўғиллари Рофеъ, Зиёд ибн Наъийм ал-Ҳазрамий, Абдулғаффор ибн Майсара ва бошқалар ривоят қилишган.

Бу ҳадисни ҳамма уламолар ҳужжат қилиб олганлар ва ким азон айтса, ўша иқома айтади, деганлар. Баъзи бир ҳолатларда бошқа одам айтса ҳам бўлади. Лекин муаззин ўзи айтгани афзал.


Бани Нажжорлик бир аёл розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Менинг уйим масжид атрофидаги энг баланд уй эди. Билол Бомдоднинг азонини унинг устига чиқиб айтар эди». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан азонни иложи борича узоққа етказиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги билинади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар доимо бунга яраша чоралар кўриб келишган. Мусулмон оламидаги сон-саноқсиз баланд миноралар, мезаналар шу мақсадда барпо этилган. Ҳозирги замонавий қулайликлардан ҳам унумли фойдаланишмоқда. Чин мусулмон одам азоннинг овозидан баҳра олади. У қанча баланд бўлса, узоққа етса, шунча хурсанд бўлади.


Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ошланган теридан қилинган капада эдилар. Бас, Билол у зотнинг олдиларига асони кўтариб чиқиб, яланглик жойга санчди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб намоз ўқидилар. Олдиларидан ит, эшак ўтиб турар эди. У зотнинг устларида қизил кийим бор эди. Мен У зотнинг икки болдирларини кўриб турар эдим».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳайя алас салот, Ҳайя алал Фалаҳ»га етганида бўйнини ўнгга, чапга бурди, айланмади», дейилган. Бешовларидан ривоят қилинган. Лафз Термизийники.

Шарҳ: Ровийнинг «Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим» дегани, бир жойдан иккинчи жойга кўчиб деганидир. Чунки азон қиблага қараб айтилади, орқага айланиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Азонни кўпчилик эшитиш учун бир жойдан, иккинчи жойга ўтиб юриб айтиш мумкинлиги.

2. Шу мақсадда муаззин оғзини у ёқ, бу ёққа буриши мумкинлиги.

3. Муаззин овози яхши чиқиши учун бармоғини қулоғига тиқиб олса яхши бўлиши.

4. Ошланган теридан қилинган капада ўтириш мумкинлиги.

5. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг фазллари.

6. Яланглик жойда намоз ўқиганда имомнинг қаршисига асо ёки шунга ўхшаш нарсани тўсиқ қилиб қўйиш кераклиги.

7. Олдида тўсиқ бор намозхоннинг қаршисидан ўтган нарса унинг намозини бузмаслиги.

8. Қизил ранг кийим кийиш мумкинлиги.

9. Намозда болдирлар очиқ бўлиши мумкинлиги.

10. Муаззин «Ҳайя алас-Салот»га етганда бўйнини ўнг томонга, «Ҳайя алал Фалаҳ»га етганда, чап томонга буриши.

11. Муаззин азон пайтида танасини айлантирмаслиги.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:

«Эй, Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», деганлар». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Азонни шошилмай, сўзларни дона-дона аниқ қилиб ва чўзиб айтиш кераклиги.

2. Иқомани тезлаб айтиш кераклиги.

3. Азон билан иқома ўртасида азонни эшитган одам зарур ҳожатини битириб, таҳорат қилиб етиб келгунча вақт бўлиши зарурлиги.

Магар Шом намозида бевосита азондан кейин иқома айтиш жорий бўлган.


МАСЖИДДА ИККИТА МУАЗЗИН БЎЛИШИ


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита муаззинлари бор эди: Билол ва аъмо Ибн Умми Мактум». Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ибн Умму Мактум кўзи ожиз саҳобий бўлганлар. Асл исмлари Абдуллоҳ ибн Қайс. Оналарининг исми Отика ал-Махзумия.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билол кечасида азон айтади, Ибн Умму Мактум азон айтгунча еб-ичаверинглар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Бухорий: «У кўзи ожиз киши бўлиб, қачон унга субҳ бўлди, субҳ бўлди, дейилсагина азон айтар эди» деган жумлани зиёда қилган.

Шарҳ: Бу Рамазон учун одамларни саҳарликка уйғотиш ва уларга саҳарлик вақтини билдириш мақсадида икки марта азонни йўлга қўйилгани ҳақида айтилган гап. Ҳазрати Билол кечаси одамларни уйғотиш учун азон айтар эдилар. Ўша азондан кейин саҳарликни давом эттириш мумкин эди.

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу эса Бомдод намози учун, тонг отганда азон айтар эдилар. Албатта, бу вақтда саҳарлик қилиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Одамларни уйғотиш ва шунга ўхшаш мақсадда тонгдан олдин ҳам азон айтиш жоизлиги.

2. Бомдод азонидан кейин саҳарликни тўхтатиш кераклиги.

3. Вақтни айтиб берадиган одам бўлса, кўзи ожиз киши ҳам азон айтиши мумкинлиги.

Ушбу ҳадисларни далил қилиб кўпчилик имомлар бир масжидга иккита муаззин бўлиши керак, деганлар. Ҳанафийлар эса эҳтиёжига қараб бўлади. Битта бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам бўлаверади, дейишган.


АЗОН ЭШИТУВЧИГА МУСТАҲАБ НАРСАЛАР


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, азонни эшитсангиз муаззин айтаётган нарсани айтинглар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Бухорий: «Сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки, ким менга бир саловот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Кейин, менга васийлани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Азонни эшитувчи муаззин қайси лафзни айтса, ўшани такрорлаб айтиб туриши лозимлиги.

2. Азондан кейин Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш лозимлиги. Қайси сийға билан бўлса ҳам бўлаверади. Фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом маъноси бўлиши зарур.

3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир саловот айтса, Аллоҳ унга, албатта, ўн саловот айтиши. Аллоҳнинг бандага саловот айтиши, раҳмат юборишидир.

4. Азондан ва саловотдан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга васийлани сўраш кераклиги. Уни қандоқ қилиб сўраш кейинги ривоятда келади.

5. «Васийла» жаннатдаги бир манзила-мақом эканлиги.

6. Аллоҳ томонидан «Васийла»ни фақат бир бандага берилиши.

7. «Васийла»га эришувчи энг яқин зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлари.

8. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Васийла»ни сўраса, у зотнинг шафоатларига мушарраф бўлиши.

Демак, азонни эшитганимизда муаззин нима деса, шуни қайтариб туришимиз лозим. «Ҳайя алас-Салот» ва «Ҳайя алал Фалаҳ»да нима айтилиши кейин баён қилинади.

Азон тамом бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоғимиз керак. Ҳамда Аллоҳ таолодан У зотга «Васийла»ни сўрашимиз лозим.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким азонни эшитгандан кейин «Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит та’ммати вас солатил қоимати а’ти Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳму’дан аллазий ваъадтаҳ» деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлур», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича «Эй, бор Худоё! Эй, ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Васийлани ва фазилатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг унга ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».

«Васийла» жаннатдаги олий мақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.

«Мақоми Маҳмуд» мақталган Мақом эса Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса», ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган Мақоми Маҳмуд буюк шафоат мақомидир.

Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз керак бўлади.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким муаззинни эшитганда, «Ашҳаду алла’ илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла’ шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббав ва би Муҳаммадир Расулан ва бил Ислами дина» деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса-ю, магар «Ҳайя ала»ларда «Ла’ ҳавла ва ла’ қуввата» деса жаннатга киради», деганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шариф ровийси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий ал-Қураший, кунялари Абу Исҳоқ.

Тўртинчи бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлларида Исломга кирдилар, ана шу вақтда 17 ёшда эдилар. Исломда биринчи бўлиб камондан ўқ отган шахс шу киши бўладилар.

Жаннатга киришликка башорат берилган ўнта саҳобаларнинг бири ҳам шу киши бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида рози бўлган олтита саҳобаларнинг бири ҳам шу киши бўладилар.

Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб, бир мушрикни қатл этиб, қонини оқизган, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бундан бошқа ҳамма маъракаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иштирок этган, Исломдаги паҳлавон саҳобалардан эдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳб Зуҳриянинг қабиласидан бўлганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини тоғам деб атар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг дуолари қабул қилинишини сўраганларида, Аллоҳ дуоларини қабул қилган. Шунинг учун одамлар Саъд ибн Абу Ваққосни дуоларидан қўрқишар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосдан ташқари бирор кишига ота-онам фидо бўлсин, деб айтмаганлар.

Бу зот Умар ибн Хаттобнинг халифалик даврларида Форслар билан бўладиган уруш учун тайёрланган аскарлар устидан қўмондон бўлдилар. Ҳижратнинг 15 санасида Қодисияни, ҳижратнинг 16 йили Жалулони, ҳижратнинг 17 йили Куфани фатҳ этдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу кишини Ироққа волий қилиб тайинладилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам шу амалда бўлдилар.

Қачонки ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилиб, фитна замони келгандан кейин, бу ишларни ҳаммасидан четланиб, Мадинага қайтиб келдилар.

Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 270 та ҳадис ривоят қилдилар.

Бу ҳадисларни Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Хавла бинти Ҳакимлардан ривоят қилдилар.

Бу зотдан Соиб ибн Язид, Мужоҳид, Алқама ибн Қайс, Жобир ибн Самура, қизлари Оиша, Омирнинг болалари, Мусъаб ибн Умайр, Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Қайс ибн Аби Ҳозим ва бошқалар ривоят қилишган.

Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Бу зот ҳаётларининг охирида кўзлари кўр бўлиб қолди ва ҳижратнинг 55 санасида Мадинадан етти мил узоқликдаги «Ақиқ» деган жойда вафот этдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос жаннатга киришликка башорат берилиб, охирги вафот этган саҳобалардан эдилар.

Ушбу ривоятда қилинган дуонинг маъноси:

«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У ёлғиз Ўзидир. Унинг шериги йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик берурман. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин, деб рози бўлдим».

Ким азондан кейин ушбу дуони ўқиса, гуноҳи мағфират қилиниши ваъда қилинмоқда.

Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан эса, муаззин нима деса, шуни қайтариб туриш, фақат икки «Ҳайя ала»ларни айтганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» дейиш таълим берилмоқда. Ким бу нарсаларни чин қалбдан айтса, жаннатга кириш ваъда қилинмоқда.

Инсоф қилиб айтганда бу жуда ҳам осон ишлар. Савоб ишлаш, гуноҳни ювиш ва жаннатга кириш эҳтимолини ошириш учун ғанимат нарсалар. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бу нарсаларга эътибор бермаймиз. Уларга амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз, ҳатто, бу нарсаларни лозим даражада билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилишга ўтайлик.


Билол иқома айтишни бошлаб:

«Қод қоматис Солаҳ» деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ақомаҳаллоҳу ва ада’маҳа», дедилар.

Иқоманинг бошқа (лафзлари)да азонга ўхшатдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳу иқома айтаётганларида азондаги каби лафзларни айтиб турганлар, фақат Билол розияллоҳу анҳу:

«Батаҳқиқ, намоз қоим бўлди»ни айтганида, у зот:

«Аллоҳ уни қоим қилсин ва давомли қилсин», деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб биз ҳам шундоқ қилмоғимиз керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва давоми...

79801 05:00 / 09.01.2017
.Бир дўстимнинг зиёратига борган эдим. У солиҳ, мураббий шайхлардан эди. Мажлисимизда унинг ўғлининг икки ажойиб, гўзал дўстлари ҳам бор эди. Шомга азон айтилди. давоми...

5703 09:00 / 02.01.2022
Намозда қироат, зикр, муножот ва амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб давоми...

4675 05:00 / 04.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг. давоми...

4466 17:00 / 02.02.2022
Аудиолар

135114 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55392 14:35 / 11.08.2021